Рабиндранат Тагор. Ўликми, тирик? (ҳикоя)

I

Ранигхат заминдори Шародашонкорнинг уйида яшовчи тул хотин Кадоминининг қариндошлари йўқ эди. Ҳаммаси бирин-кетин вафот этган. Қайин оғаси Шародашонкорнинг кичик ўғли унинг ягона овунчоғи, қувончи эди. Бу гўдак туғилгандан сўнг онаси узоқ касал бўлиб, болани Кадомини боқиб ўстирди. Хотин киши бировнинг боласини тарбия қилдими, гарчи унга муҳаббатдан бошқа ҳеч қандай ҳуқуқи бўлмаса ҳам, меҳру муҳаббати тобора ортиб бораверади. Муҳаббат эса ўз ҳуқуқини ҳеч қандай ҳужжат билан исбот қилолмайди. Зотан, муҳаббат бунга муҳтож ҳам эмас, у ўзининг ишончсиз санамига кун сайин зўрроқ эҳтирос билан хизмат эта беради.
Кадомини болага бўлган меҳрини сарф этиб бўлгач, бир куни кечаси қўққисдан ўлиб қолди. Бу бахтсиз ҳодиса срабон ойида юз берди. Унинг юраги бирдан уришдан тўхтади. Дунёда ҳамма иш ўз навбатида давом этарди, фақат меҳр билан тўла шу нозик юракдаги давр соати мангу тўхтади. Политсиянинг хархашасидан қутулиш учун заминдорнинг тўрт брахмани жасадни тезроқ куйдиришга қарор қилдилар.
Дафн гулхани ёқиладиган қабристон қишлоқдан анча узоқда эди. Бу ерда, кўл бўйида бир кулба бўлиб, ёнида баланд банян дарахти ўсарди. Қачонлардир бу ердан дарё ўтгану ҳозир қуриган. Унинг ўзанида дафн маросимлари ўтказиш учун кўл қазилган эди. Атроф-теваракдаги аҳоли бу кўлни қадимги муқаддас дарёнинг бир қисми деб, унга зўр ихлос қўйган эди.
Хизматчилар жасадни кулбанинг ўртасига келтириб қўйиб, дафн гулхани учун ўтин кутиб ўтирдилар.
Вақт шундай секин ўтардики, хизматчилардан Нитай билан Гуручороннинг тоқати тоқ бўлиб, нега ўтин келтиришмади, деб билгани кетдилар. Бидху билан Бонмали эса, жасадни пойлаб қолди.
Зим-зиё кеча эди. Қалин булутлар билан қопланган осмонда бирорта юлдуз кўринмасди. Икки киши хонада хомуш ўтирибди. Бирининг шам ва гугурти бор эди, лекин гугурт нам тортиб қолгани учун, ҳар қанча уринса ҳам ёндиролмади, чироқлари эса ўчиб қолди.
Узоқ жимликдан сўнг уларнинг бири:
—    Ҳозир тамаки билан трубка бўлса хўп соз бўларди-да, — деди.
—    Мен чопиб бориб, бирпасда ҳаммасини олиб келишим мумкин, — деди Бонмали.
Бонмалининг муддаосини пайқаган Бидху қичқириб юборди:
—    Нима, бу ерда мен ёлғиз қоламанми?
Яна жимлик чўкди. Ҳар дақиқа бир соат бўлиб туюларди.
Улар ўтинга кетганларни ич-ичларидан лаънатлардилар. Ҳатто, улар бир жойда ўтириб чилим чекаётгандир, деб гумонсирай ҳам бошладилар.
Атрофда сукунат ҳукмрон эди, фақат тинмагур бақаларнинг вақиллаши, тунги чигирткаларнинг чириллаши жимликни бузарди. Брахманларга тобутдаги жасад қимирлагандай, гўё аёл бошқа ёнбошига ағдарилгандай туюлди. Бидху билан Бонмалини ваҳм босиб «Рам! Рам!» деб қичқириб юбордилар.
Кутилмаганда, кулбада оғир хўрсиниш эшитилди. Хизматкорлар бир лаҳза кулбадан чиқиб қишлоққа қараб қочдилар. Уч мил чамаси чопиб боргач, қайтиб келаётган шерикларини кўриб қолдилар. Улар чиндан ҳам чилим чекиб, ҳеч нарса билмай қайтаётган эдилар, аммо, дарахт кесилган, ҳадемай ўтин келтирилади, деб хабар қилдилар. Бидху билан Бонмали кулбада рўй берган ҳодисани сўзлаб беришди. Нитай билан Гуручорон бунга ишонмасдан, уларни қўрқоқликда айбладилар. Тўртовлон қабристондаги кулбага қайтиб келишди. Тобутни бўш кўриб ҳанг-манг бўлиб қолдилар. Ҳаммаси ҳайратда эди, бир-бирларига қарадилар. Жасадни қашқирлар олиб кетдимикан десалар, атрофда бирор парча латта кўринмасди. Хизматкорлар ташқарига чиқиб, кулба ёнида, лойда зоифона оёқ изини кўриб қолишди.
Шародашонкор аҳмоқ эмасди, агар бўлган ҳақиқатни унга сўзлаганларида ҳам, унинг бунга ишониши даргумон. Узоқ муҳокамадан сўнг, ўлик куйдирилди, деб хабар қилишга аҳд этдилар.
Тонг отарда, одамлар ўтин олиб келиши билан, кулбада озроқ ўтин бор экан, жасад куйдирилди, деб айтдилар. Бу гапнинг тўғрилигига ҳеч ким шак-шубҳа қилмади. Ростдан ҳам кулбада жасад йўқ эди, жасад эса унақа бойлик эмаски, биров ўғирлаб кетса.

II

Ҳаммага аёнки, одам баъзан ўлгандай туюлса ҳам, жон унинг баданини илитиб туради. Худди шундай Кадомини ҳам ўлмаган, фақат ўликка ўхшаб қолган эди.
Ўзига келиб, қараса — атрофи қоп-қоронғи. У гўё ўз жойида ётар эди.
—    Синглим, — деб чақирди у. Ҳеч ким жавоб бермади. Қаттиқ қўрққан Кадомини тобутда ётганини бирдан пайқади. Оғриб нафаси бўғилганини эслади. Бу вақтда овсини боласи учун ўчоқда сут илитиб турган эди. Кадоминининг мажоли қуриб, ўзини кўрпага ташлади.
—    Синглим, болани олиб кел, мен оламан, — деди у узуқ-юлуқ овоз билан ҳушдан кетаёзиб.
Шундан сўнг, гўё сиёҳ қуйилгандек ҳамма нарса бирдан қорайди. Кадоминининг хираланган тушунчасида олам китобининг ҳамма ҳарфлари бир онда бир-бирига қўшилиб кетди. Бола охирги марта уни чақирдими-йўқми, буни эслолмайди. Бу таниш оламдан ўлимнинг ниҳоясиз, номаълум йўлига равона бўлганда, боланинг меҳр билан видолашиш армуғонини олдими, йўқми, буни ҳам эслолмайди.
Бу кимсасиз зулматни у дастлаб, ҳеч нарса кўринмайдиган, ҳеч бир садо эшитилмайдиган, меҳнатсиз, абадий тетиклик талаб этадиган макон — ўлим тангриси Яманинг макони деб ўйлади. Очиқ эшикдан рутубат аралаш шамол эсиб, бақаларнинг вақиллаши эшитилгач, Кадомини жуда ёшлигидан бошлаб азоб-уқубатлар билан тўлган қисқа ҳаёт йўлини ўйлаб, ўзининг ҳали бу дунёда эканини сезди. Бирдан чақмоқ чақиб кўлни, банян дарахтини, кенг далаларни ва узоқда қорайиб турган қатор дарахтларни ёритди. Аёл, ой ўн беш кунлик бўлган кезларда бу кўлда чўмилганини, дам гулхани устида ётган ўликлами кўриб қўрққанларини эслади.
У дастлаб уйга қайтмоқчи бўлди. Кейин ўйлаб қолди: «Ахир мен ўлганман! Қандай қилиб улар мени уйга киритади. Мен уларнинг бадбахтлигига сабаб бўлмайманми. Мен тириклар салтанатидан қувилганман. Мен энди арвоҳман, холос. Агар шундай бўлмаса, мен Шародашонкорнинг яхши ҳимоя қилинадиган ичкари уйидан не йўсинда бу узоқ қабристонга тушиб қолдим? Жасадим куйдирилмаган. Мени куйдириши лозим бўлган одамлар қаёққа кетишди?» Аёл Шародашонкорнинг чароғон уйини эслади, сўнгра ўзини узоқ қоронғи қабристонда танҳо, ташландиқ ҳолда ётганини ўйлаб, энди кишилик жамиятининг аъзоси эмаслигини пайқади. У фақат қўрқинчли туш, ваҳмали кўланка ёхуд арвоҳ эди!
Кадомини, шуларни хаёлдан кечирган ҳамоно, ердаги қонунлар занжиридан халос бўлгандай, ўзида фавқулодда куч ва чексиз эркинлик ҳис этди. Энди у хоҳлаганини қила олар ва истаган томонига кета оларди. Бу янги фикрдан девонавор ҳолга келган Кадомини кулбадан чиқиб қабристонда намоён бўлди. Унинг юрагида на ийманиш ва на қўрқувнинг сояси бор эди.
Лекин у андак юриб, бутун вужудида ҳорғинлик сезди. Чор-атроф, баъзи жойлари шолипоялар билан қопланган кўз илғамас текисликдан иборат эди. Гоҳо Кадомини тизза бўйи сувда турганини пайқаб қоларди. Тонг ёришиб, уйлар атрофидаги дарахтларда қушлар нағмаси эшитилганда, боёқиш жувонни қўрқув босди. У эндиликда бу олам ва тирик одамлар билан қандай алоқада бўлишини тасаввур этолмасди. Кадомини зим-зиё кечада қабристонда экан, ўзини озод ва ўз жойида ҳис этганди. Аммо тонг ёришиб, уйлар ва одамларни кўргач, у даҳшатда қолди. Одамлар арвоҳлардан, арвоҳлар эса одамлардан қўрқади, уларни ўлим дарёси бир-биридан ажратиб туради.

III

Кадоминининг кийимлари ифлос, ўзи ваҳимали хаёллар туфайли ақлдан озиб телбага ўхшаб қолган эди. Шу алфозда уни одамлар кўрса қўрқар, болалар кўрса ё тош отар, ёхуд қўрқиб яширинар эдилар. Хайрият, уни бу аҳволда биринчи марта учратган киши ёлғиз бир йўловчи бўлди.
—    Хоним, сиз мўтабар аёлга ўхшайсиз, — деди йўловчи унга яқин келиб, — бу аҳволда қаёққа бормоқчисиз?
Кадомини нима деб жавоб беришини билмай, хомушлик билан унга термилиб қолди. У ҳали ҳам тирик эканига ва мўтабар аёлга ўхшашига, у билан гаплашишлари мумкинлигига ишонмас эди.
—    Юринг! Мен сизни уйингизга элтиб қўяман. Айтинг, уйингиз қаерда? — деди йўловчи.
Кадомини ўйлаб қолди. У қайнағасининг уйига қайтишни хотирига ҳам келтирмасди. Бироқ, бошқа бошпанаси йўқ. Шунда ёшликдаги дугонаси Жогомая ёдига тушди. Дугонаси эрга теккандан бери у билан кўришмаган, аммо ора-сира бир-бирларига хат ёзишиб турардилар. Улар гоҳо бир-бирларидан ўпкалаб қўярдилар, сабаби маълум, албатта: Кадомини Жогомаяни жуда яхши кўрганини исбот қилишга тиришар, Жогомая эса, сенинг муҳаббатинг меникичалик эмас, деб ўпкалар эди. Лекин ҳар иккаласи, мабодо яна учрашгудай бўлсак, ортиқ гина қилишмай, тотув яшаймиз деб аҳд қилган эдилар.
—    Мен Нишиндапурга, Патичорон жанобларининг уйларига бораман, — деди Кадомини.
Йўловчи Калкуттага бораётган эди. Нишиндапур гарчи узоқроқ бўлса ҳам ҳар ҳолда унинг йўли устида. У Кадоминини дугонасининг уйига бошлаб борди. Бошда Кадомини билан Жогомая бир-бирларини танимай турдилар. Таниганларидан сўнг:
—    Вой, кела қол, ўртоқжон, марҳамат! Қадамларингга ҳасанот, — деди Жогомая гул-гул очилиб, — мен сени қайтиб кўрарман деб хотиримга ҳам келтирмаган эдим. Хўш, азизим, қандай шамол учирди? Наҳотки қайнағанг келишингга рози бўлган бўлса?
Кадомини хомуш турарди.
—    Опажон, — деди у ёлворган оҳангда, — қайнағам тўғрисида суриштириб ўтирма, яхшиси уйингдан бошпана бер, сенга чўри бўлай. Сен нима десанг барини бажо келтираман.
—    Нималар деяпсан ўзинг? — хитоб этди Жогомая.— Менга чўри бўлармиш! Ахир сен менинг энг яқин, жонажон ўртоғимсан-ку!
Шу палла хонага Патичорон кириб келди. Кадомини бир лаҳза унга назар солиб, сўнг оҳиста хонадан чиқиб кетди. У бошига сорийсининг учини ҳам ёпмади, уй хўжасига иззат-икром ҳам кўрсатмади. Бу қилиқ эрига хуш келмаслигидан қўрқиб, Жогомая воқеани батафсил тушунтиришга киришди. Патичорон ҳамиша Жогомаяга ён берса-да, бу гал сўзларига эътибор қилмай, хотинини ўнғайсиз вазиятда қолдириб чиқиб кетди.
Кадомини дугонасининг уйида тура бошлади, лекин улар орасида илгариги ишонч йўқ эди. Ўлим уларни бир-биридан айириб турарди. Жувон бошқалар билан иноқ бўлолмас, унинг барҳаётлиги ҳали ўзига ҳам жумбоқдай туюларди. Кадомини Жогомаяга қараб, унинг эри, уй-жойи бор, у мендан узоқ бир оламда яшайди, дугонам бебақо дунёнинг тирик одами, шу оламнинг бурчини адо этиб, унинг ҳузур-ҳаловатидан баҳраманд бўлади, мен эса, фақат бир сояман, деб ўйларди. Жогомая фоний — ўткинчи дунёда яшайди, Кадомини эса абадийликда.
Жогомаянинг ҳам кўнгли қандайдир ғаш эди, лекин бунинг сабабини ўзи билмайди. Хотин киши сирни ёқтирмайди, чунки сир майда оилавий ташвишларни эмас, шеърият, қаҳрамонлик ва олимликнинг йўлдошидир. Шунинг учун, агар хотин киши бирор нарсани тушунмаса ё бу нарсадан алоқани бутунлай узади, ёхуд уни ўзи тушунадиган қилишга тиришади. Бордию бу иккиси ҳам муяссар бўлмаса, жаҳли чиқади. Кадомини паришонроқ кўринган сари, унинг юрагидаги дардини билолмай, Жогомаянинг тобора жаҳли чиқаверди. Кадомини ўзидан-ўзи қўрқар, лекин ўзидан қочиб қутулишнинг иложини тополмасди. Ажинадан қўрққан одамлар орқаларига қайрилиб қарашга ҳайиқадилар: уларга ҳамма ер мудҳиш туюлади. Аммо Кадомини ҳаммадан кўпроқ ўзидан қўрқарди, зотан унинг атрофини ўраган кишилардан қўрқадиган жойи қолмаган. Тунда ёлғиз хонада ётиб ваҳимага тушар, оқшомлари чироқ шуъласида ўз соясини кўриб ларзага келар эди. Унинг ваҳимачилиги бу уйда яшовчи бошқа одамларни ҳам ўз соясидан қўрқадиган қилиб қўйди. Хизматчилар ва Жогомаяга чор-атрофда арвоҳлар кўринадиган бўлиб қолди.
Кунлардан бир кун Кадомини ярим кечада Жогомаянинг эшиги олдига чопиб келиб:
—    Синглим, синглим, сендан ёлвориб сўрайман, мени ёлғиз қолдирма! — деб фарёд қилди.
Жогомая қўрқиб, яна жаҳли чиқди. У Кадоминини шу заҳотиёқ уйдан қувмоқчи бўлди. Раҳмдил Патичорон меҳмонни аранг юпатиб, қўшни хонада ётишга кўндирди. Эртасига, кутилмаганда, хотини уни ўз хонасига чақириб дағдаға қила бошлади:
—    Сиз қанақа одамсиз. Бегона бир хотин қайнағасининг уйини ташлаб сизникига келиб олган бўлса. Мана салкам бир ой бўлиб қолди, сиз бўлсангиз, унга, бу уйда туришинг мумкин эмас, деб лоақал шама ҳам қилиб қўймадингиз. Заррача норозилигингизни ҳам кўрмадим. Сиз эркаклар ҳаммангиз шунақасиз.
Аёллар эркакларни ғайриихтиёрий равишда доим хотин жинсига мойилликда айблайдилар. Гарчи Патичорон, кимсасиз, лекин сулув Кадоминига муҳаббатим одоб доирасидан чиқмайди, деб қасамёд қилишга тайёр бўлса ҳам, у ўз хатти-ҳаракати билан буни исбот этолмади. Унинг фикрича, қайнаға уйида сабабсиз хўрланган Кадомини бошқа илож топмай, тоқатсизликдан қочган ва унинг уйига бошпана қидириб келган. Бас, шундай экан, қандай қилиб у, бу ота-онасиз жувонни ўз уйидан кеткиза олади. Патичорон Кадомини билан савол-жавоб қилиб, унинг ярасини янгилашни истамай, юқоридаги мулоҳазаларини хотинига сўзлаб, шу билан бу гапга хотима бермоқчи бўлди. Бундан ҳеч иш чиқмагач, Жогомая эринчоқ эрига таъсир қилишнинг бошқа воситаларини қидира кетди. Ниҳоят, эри ҳам оилада осойишталик барқарор бўлмоғи учун, Кадоминининг қайнағасига хабар қилиш лозимлигини пайқади. У мактубдан натижа чиқмайди деб, Ранигхатга ўзи бормоқчи бўлди. Эри жўнаши билан Жогомая Кадоминини чақириб:
—    Ўртоқжон, сен бундан сўнг бизникида туришинг ақлдан эмас. Ўзинг биласан: эл оғзига элак тутиб бўлмайди, — деди.
Кадомини бўлса дугонасига ғамгин нигоҳ ташлаб:
—    Одамлар нима деса дер, менга нима? — деб жавоб берди.
Жогомая бундай жавобдан таажжубланди:
—    Агар сен одамларнинг гап-сўзига бепарво бўлсанг, биз бепарво қарай олмаймиз! — деб бақирди у.— Бошқа жойдан келган бир жувоннинг бунча вақт уйимизда туриб қолишини биз одамларга не тил билан тушунтирамиз?
—    Менинг уйим борми, ахир?
«Ана холос, — деб ўйлади. Жогомая, — нималар деб жавраяпти бу бахти қора хотин?»
—    Мен сизлар учун кимман? — деб оҳиста давом этди Кадомини. — Айтинг-чи, мен ерда юрибманми? Сизлар куласизлар, йиғлайсизлар, ҳар қайсингиз ўз ишингиз билан бандсиз. Мен-чи, мен фақат мушоҳада қилиб тураман. Сизлар — одамсизлар, мен бўлсам, фақат бир сояман. Ўйлаб ўйимга етмайман, нега парвардигори олам мени сизнинг дунёнгизда қолдирди? Сизлар мендан ҳаётимизга рахна солади, турмушимизни аччиқ қилади оиламизга бадбахтлик келтиради, деб қўрқяпсизлар. Мени сизларга боғлаб турган нарса нима? Модомики тангри менга ҳеч қандай ўрин қолдирмаган экан, мен бу занжирни узиб сизлардан ҳам кетаман.
Шу аснода, унинг нигоҳи ғалати, сўзлари шундав ғайритабиий эдики, Жогомая ниманидир пайқагандав бўлди-ю, бу сирни охиригача англай олмади. Ортиқча савол-жавоб қилишга юраги дов бермай, оғир хаёлга чўмиб, аста чиқиб кетди.

VI

Патичорон Ранигхатдан қайтиб келганда кеч соат ўнга яқинлашган эди. Ёмғирдан ҳар жой, ҳар жойда кўлмак сув, гўё кечанинг ҳам, ёмғирнинг ниҳояси йўқдай туюларди.
—    Хўш, нима гап? — деб сўради Жогомая.
—    Гап кўп, андак сабр қил, — деди эри. Патичорон ҳўл кийимларини ечиб, қайта кийинди, кечки овқатни еб, каравотга чўзилиб ётди-да, папирос чека бошлади. Унинг кўзларида ташвиш бор эди.
Жогомая кунжиковлигини бир оз босиб тургач, охири эрининг олдига келиб:
—    Гапира қолсангиз-чи, нималарни билиб келдингиз? — деб сўради.
—    Сен янглишибсан, — деди Патичорон.
Бу гапни эридан эшитар-ешитмас Жогомянинг жиғибийрони чиқди. Хотинлар сира янглишмайди, бордию шундай ҳол рўй бергудай бўлса ҳам ақлли эркак ўзини билмасликка солиши, ёхуд шу айбни ўз бўйнига олиши керак.
—    Хўш, нимани билиб келдингиз? — жаҳл билан яна сўради хотини.
—    Сен уйимиздан бошпана берган жувон Кадомини эмас!
Ўз эридан бундай беҳуда гапни эшитган хотиннинг жинни боииши ҳам ҳеч гап эмас.
—    Нима, мен ўз дугонамни танимайманми? — деб бақирди Жогомая, — буни ҳам сиздан сўрашим керакмиди? Сизнинг эс-ҳушингиз жойидами ўзи?
Патичорон бу ҳақда мунозара қилишнинг бефойда эканини пайқади. У ўзи ҳақ эканини исбот этади. Жогомаянинг дугонаси Кадомини оиган, бунда ҳеч қандай шубҳа йўқ.
—    Сиз ҳамма нарсани чатоқ қилиб келган кўринасиз,— деди Жогомая. — Ё борадиган жойга бормагансиз, ёхуд айтган гапларини тушунмагансиз. У ерда сизга кимнинг кўзи учиб турувди. Бундан кўра хат юборган яхши эмасмиди?
Хотинининг гапга ишонмаганидан Патичороннинг кўнгли озор топиб, ўз фикрини исботлаш учун далиллар келтира бошлади, лекин хотинини ишонтира олмади. Аммо шу баҳс пайтида эру хотин бир фикрга келдилар: нима бўлса ҳам Кадоминини уйдан кетказиш керак. Бу борада ҳар икковининг ҳам асослари бор эди. Патичорон: бу жувон, дугонангман деб хотинини алдагани учун, Жогомая эса: бу жувонни енгилтак аёл деб ўйлагани учун. Қаттиқ мунозарада ҳар икки томон ҳам бўш келмади. Эру хотин қўшни хонада Кадомини ухлаётганини унутиб, борган сари жазавалари тутиб, бақириб тортишар эдилар.
—    Олдимизда хавф-хатар бор! Мен бу сўзларнинг барини ўз қулоғим билан эшитиб келдим, — деди эр.
—    Бу гапнинг тагида нима борлигини ўзим кўриб туриб, нега энди сизнинг гапларингизга қулоқ солар эканман, — деб жавоб берди хотини.
Ниҳоят, Жогомая:
—    Яхши, айтинг-чи Кадомини қачон ўлибди? — деб сўради. Бу сўроқдан мурод Кадомининг ўлими билан сўнгги мактуби орасида қанча вақт ўтганини аниқлаб, эрининг хатосини исботлаш эди. Эри Кадоминининг ўлими тарихини сўзлаб берди. Ҳисоблаб қарашса, Кадоминининг ўлими унинг бу даргоҳда пайдо бўлишидан сал илгари экан. Шунда Жогомаянинг содда кўнгли даҳшатдан қалтираб кетди. Патичорон ҳам ваҳимага тушгандай бўлди. Шу аснода эшик очилиб совуқ шабада чироқни ўчирди. Хона зулматга чулғаниб, Кадомини кириб келди. Кечаси соат бирлар чамаси эди. Ташқарида ёмғир шиббалаб қуярди.
—    Жогомая, мен дугонанг Кадоминиман, аммо мен тирик эмасман. Мен ўлганман, — деди аёл.
Жогомая даҳшатдан қичқириб юборди. Эрининг эса ваҳимадан тили калимага келмасди.
—    Мен ўлганман, холос. Ахир бундан бўлак сизларга бирор зарар-заҳмат етказмадим-ку! — давом этди аёл. — Менга на тириклар, на ўликлар орасида ўрин бор. Шўрим қурсин, мен қаёққа бош урай энди? — изтиробдан гўё ухлаган тангрини уйғотмоқчи бўлгандай, у яна такрорлади. — Қаёққа бош урай? — шу аҳволда хушсиз ётган дугонасини қолдириб, Кадомини югурганча уйдан чиқиб кетди.

V

Кадоминининг қандай қилиб Ранигхатга етиб келганини айтиш қийин. Дастлаб у ҳеч кимга кўринмади. Боёқиш аёл туз тотмай, бутун кунини хароба бир ибодатхонада ўтказди.
Ёмғир кучайиб, қош қорайиб, момақалдироқдан қўрққан одамлар ошғич уйга жўнаганда, Кадомини йўлга чиқди. У ўз қайнағасининг эшигига яқинлашгач, юраги зўр бериб тепа бошлади. Аёл бошига рўмолини ташлаб ҳовлига кирди. Эшикдаги посбон уни оқсочлардандир деб ўйлаб, йўлини тўсмади.
Ёмғир қуяр, бўрон шиддат билан ҳайқирарди. Уй бекаси, Шародашонкорнинг хотини, ўзининг тул синглиси билан карта ўйнаб ўтирарди. Хизматчи аёл ошхонада. Ётоқдаги каравотда безгакдан азоб чеккан касал бола ётибди. Кадоминининг ётоққа кирганини ҳеч ким пайқамай қолди. Бу аёлни қайнағасининг уйига келишга нима мажбур этганини мен билмайман, бунинг сабабини у шўрликнинг ўзи ҳам билмасди, унинг биргина орзуси шу гўдакка яна бир назар солиш эди. Кадомини қаёққа боришини, сўнг нима қилишини ўйламаганди. У чироқ ёруғида жажжи қўлларини мушт қилиб, иситмада ёниб турган боланинг юзларини кўрди. Аламдан юраги эзилиб кетди. Қани энди бу гўдаккинани олиб бағрига боса олса… «Менсиз бунинг ҳолидан ким хабар олади? — деб ўйлади Кадомини. — Унинг онаси ўйин-кулгини, лақиллашни, картабозликни яхши кўради. Гўдак менинг қўлимда чоғида, у бола тарбияси ҳақида ўйлаб ҳам кўрмас, тамом озод эди, энди бу гўдакка ким ғамхўрлик қилади?»
Шу пайт бола иккинчи ёнбошига ағдарилиб, уйқусираб қичқирди:
—    Холажон, сув беринг!
Бола ҳануз ғамхўр холасини унутмаганди. Кадомини дарҳол кўзадан озгина сув қуйиб, болани қўлига олиб ичирди. Бола уйқу орасида ҳам ўзига таниш қўлдан сув ичганига таажжубланмаса бўлади. Кадомини ўзини тутолмай, болани ўпиб, уни қўлида тебрата бошлагач, бола ҳам уйғониб холасини қучоқлаб сўради:
—    Холажон, сиз ўлганмисиз?
—    Шундоқ, қўзим.
—    Энди яна қайтиб келдингизми? Бошқа ўлманг! Аёл жавоб беришга улгурмай, овоз эшитилди: хизматчи хотинлардан бири ликобчада саго олиб кирди, Кадоминини кўриши билан қўлидан ликобча тушиб кетди-да, қичқирганча полга йиқилди. Бу овозни эшитиб, уй бекаси ҳам картани ташлаб, чопиб хонага кирди; кирди-ю, донг қотиб қолди, на сўзлашга, на юришга мажоли бор эди. Бола бу аҳволни кўриб ваҳимадан йиғлаб қичқирди:
—    Холажон, кетинг! Холажон, кетинг!
Ана шунда, шунча кундан кейингина, Кадомини ўзининг ўлмаганлигини англади. Таниш хона, бундаги жиҳозлар, кичик жияни, ўзининг унга бўлган муҳаббати — мана шуларнинг ҳаммаси билан алоқаси борлигини пайқади. Бу синашта олам билан унинг орасида ҳеч нарса йўқ экан. Дугонасининг уйида бўлса, Кадомини ўзини ростдан ҳам ўлгандай сезарди.
—    Синглим, нега мендан қўрқяпсан? — ҳаяжон ичида сўради боёқиш жувон. — Қарагин, мен илгари қандай бўлсам, ҳозир ҳам шундайман-ку!
Унинг овозини эшитиб, бека беҳуш бўлиб йиқилди.
Бу ҳодисани синглисидан эшитиб Шародашонкор кириб келди. У қўлларини қовуштириб, ёлворган ҳолда Кадоминига қараб сўзлади:
—    Кичкина келин, шу иш сизга муносибми? Шотиш — менинг биттаю битта ўғлим, нега унга азоб берасиз? Бегона эмасмиз-ку! Сиз кетгандан буён бола фақир ичикиб, озиб-тўзимоқда. Касалдан чиқмайди. Кечаю кундуз: «Холажон! Холажон!» деб чақиргани чақирган. Сиз бу дунё билан видолашгансиз. Келинг бу муносабатларни ҳам узинг. Биз сизнинг арвоҳингизни ноумид қилмаймиз.
Кадоминининг тоқати тоқ бўлиб, қичқириб юборди:
—    Ахир мен тирикман, ўлган эмасман! Ўлик эмаслигимни не йўсинда сизга исбот қилсам экан!
Шундан сўнг аёл полда турган хурмачани кўтариб ўз пешонасига урди. Бир зумда пешонасидан қон тирқираб чиқди.
—    Қаранглар, мен тирикман! — деб такрорлади аёл.
Шародашонкор қимир этмай турар, бола қўрқиб қичқирар, уй бекаси билан хизматчи аёл полда ҳушсиз ётарди.
«Мен тирикман! Мен тирикман!» деб фарёд қилганча аёл хонадан қочиб чиқди ва зинапоялардан чопиб, тўғри ҳовлидаги кўл бўйига бориб ўзини сувга ташлади. Шародашонкор сувнинг чайқалганини эшитди, холос.
Кечаси ва эртасига кунбўйи ёмғир ёғди. Кадомини ўзининг тирик эканини ўлими билан исбот қилди.
1892

Тўхтасин Жалолов таржимаси