Рабиндранат Тагор. Таскин топган рашк (ҳикоя)

I

Романатх Шилга қарашли уч қаватли уйнинг энг юқорисида Гопинатх Шилнинг хотини Гирибала турар эди. Унинг ётоқхона эшиги олдида гулдонларда жасмин ва атиргуллар ўсарди. Томдаги майдончанинг атрофи баланд қилиб ўраб олинган, кўчага қараб туриш учун ҳар ер-ҳар еридан дарчалар очилган эди.
Ётоқхона деворида европалик хотинларнинг кийимда ва яланғоч бўлиб тушган суратлари осилиб турарди. Уй тўридаги катта ойнада ўн олти яшар уй бекасининг акси кўринганда, у ҳуснда суратлардаги гўзаллардан сираям қолишмас эди.
Гирибаланинг ҳусни-жамоли тўсатдан оламга кўз очиш, қўққисдан ялт этган шуъла ёки мўжизага ўхшаб кетар, бир зумда кишини мафтун этарди. Мен Гирибалани кўрганда пайқадимки, бундай учрашувга тайёрланмаган эканман. У, мен ўз атрофимда узоқ вақт кўриб юрган одамларнинг ҳеч бирига ўхшамасди.
Гирибала ўз гўзаллигидан ўзи ҳам ҳаяжонда эди. Ёшлик ва гўзаллик унинг бутун вужудини худди қадаҳдаги май сингари лиммо-лим гўлдириб турарди. Унинг бутун бармоғидан: либослари, зеб-зийнати, юришлари, қўл ҳаракатлари, сал эгик бўйни, шаҳдам қадамлари, оёқларидаги қўнғироқчалари, билагузуклари, хандон уриб кулишлари тўлиқиб сўзлашлари, оташин нигоҳи — ҳаммасидан ёшлик ва гўзаллик барқ урар эди.
Гирибала ёшлик туйғулари билан маст эди. У гўзал қоматини чиройли сорийга ўраб, ҳаяжонда тез-тез торн бўйлаб юрар; аъзойи бадани қандайдир сокин ва сўзсиз қўшиқ оҳангида рақсга тушгандай туюлар, турли вазиятда ўзига бино қўйиб туришлари эса, унга ҳузур бахш этгандай бўларди. Бу жувон ўз ҳуснидан гўё теваракка тўлқинлар таратиб, қизғин қонида бебош бир ғалаён ҳис этар эди. У кутилмаганда дарахтдан бир япроқни узиб, қўлларини юқорига кўтарди-да, уни шамолда учириб юборарди. Шунда билагузуклари жаранглаб, сорийсининг этаги ҳилпирар, қафасдан қутулган қуш поёнсиз осмоннинг булутлар салтанати томон парвоз этгандай, чиройли қўллари ҳавога талпинарди. Баъзан Гирибала гулдондан бир сиқим тупроқ олиб, сочиб юборар эди. Оёқ учида туриб дарчалардан кенг оламга ялт этиб бир назар соларди, сўнг ўгирилиб, сорийси билан юзини яшираркан, этагига боғланган калитлар жиринглаб кетарди. У тез-тез катта тошойна олдига келиб, ҳеч нимадан ҳеч нима йўқ, сочларини ёйиб тарарди. Садафдай оппоқ тишлари билан тасмани тишлаб туриб, қўлларини баланд кўтариб, сочларини орқасига турмаклаб қўярди. Сочларини тараб, ўраб бўлгач, қиладиган иши қолмасди. Шундан сўнг ёш жувон ой нури билан чизилган суратдай бўлиб юмшоқ каравотда ястаниб ётарди. Гирибаланинг болалари бўлмагани учун, бу бадавлат хонадонда ҳеч қандай ғам-ташвиши йўқ эди. У ҳар кун ёлғиз, ўзи билан ўзи қолиб, ахийри бу тан-ҳолик жонига теккан эди.
Гирибаланинг эри бор. Лекин у хотинини сира ўйламас, ҳатто унинг балоғатга етганини ҳам пайқамас эди .
Болалик чоғларидаёқ эри мураббийларнинг кўзларини шамғалат қилиб, кичкина хотинига муҳаббат изҳор қилиш учун кимсасиз чоштгоҳ вақтларида мактабдан уйга қочиб келарди. Гарчи улар бир уйда яшасалар ҳам, чиройли почта қоғозида бир-бирларига муҳаббат мактублари ёзишарди. Йигитча бу мактубларни ўзига яқин мактабдошларига кўрсатиб фахрланарди. Улар орасида ҳеч қачон уриш жанжал бўлган эмас.
Бироқ тез орада Гопинатхнинг отаси ўлиб, унинг ўзи уй хўжаси бўлиб қолди. Ёш дарахтни дарров қурт ейди. Гопинатх ёшлигидан мустақил ҳаётга қадам қўйгач, атрофида жуда кўп турли-туман одамлар пайдо бўла бош-лади ва бора-бора у ичкари ҳовлига камдан-кам кирадиган бўлиб кетди.
Одамлар бошлиқ бўлишга тиришадилар, уларни ўзгалар устидан хокимлик қилиш истаги маст қилиб қўяди. Наполеонда беҳисоб кишиларга ва жаҳон тарихига ўз таъсирини ўтказиш иштиёқи жуда кучли бўлган экан. Шундай иштиёқ кичкина меҳмонхонанинг кичик хўжайинида ҳам бор эди. Шунақа одамлар бўладики, улар қарзга ботиб, хонавайрон бўлиб, шон-шарафларини барбод этиб бўлса ҳам, дўстлик баҳонаси билан, бир қанча пасткаш одамларни ўз атрофларига тўплаб, уларни «гаҳ» деса қўлга қўнадиган бир ҳолга келтириб, сўнг шуларнинг мақтовларини эшитиб ётишга кўникадилар, бу тоифа одамларнинг асосий мақсади мана шу!
Гопинатх жўравоши даражасига кўтарилиб, завқ-шавқ ичра кўкларда парвоз эта бошлади. Ёру биродарлари орасида ортиб бораётган обрўси туфайли, кун сайин ўзига бино қўйиб гердаяверди. Унинг танишлари: «Гопинатхнинг ўз дўстлари орасида зўр обрўси бор», деб гапирардилар. Бу бахтсиз йигит кибру ҳаво ва мақтовларга учиб, бошқа кўнгилли ва кўнгилсиз бурчларини ҳам тамомила унутди-ю, гирдобда айланиб қолди.
Бу орада Гирибала бўшаб қолган ётоқ тахтига чиқиб, уйнинг ичкари қисмини забт этган бўлса ҳам, у нуфузи йўқ малика эди. Билардики, парвардигор салтанат ҳассасини унинг қўлига бериб қўйган, у агар истаса, томдаги тўсиқ дарчасидан бир қиё боқиб, кенг оламни забт этади, аммо шунга қарамай, у бу оламдан бирор эркакни асир қилиш имкониятидан маҳрум эди.
Гирибаланинг чаққон бир чўриси бўлиб, унинг исми Шудха ёки Шудхамукхи эди. У ашула айтар, ўйинга тушар, тўсатдан шеър ўқир, бекасини таъриф тавсиф қилар, унинг ҳусни-жамолини мадҳ этар, шунча гўзалликнинг қадрига етадиган киши бўлмагани учун, бу нозанин жувоннинг умри зое кетмоқда, деб зорланар эди. Гирибала Шудхасиз бирор минут туролмасди. У ўзининг ҳусни-жамоли ва қадди-қомати хусусидаги таъриф-тавсифлараи хижолатда қолиб тингларди. Баъзан Шудханинг гапини бўлиб, ҳаяжон ичида уни, тилёғлама, алдамчи, деб уришиб берарди. Шунда чўри хотин юз хил қасам ичиб, сўзларининг самимийлигига далиллар келтирар, буни кўриб Гирибала ҳам унга ишона қоларди.
Шудха бекасига кўпинча «Нилуфарнинг гул баргидай изларингга содиқман» деган ашуласини  айтарди. Гирибала бу ашулада ўзининг хина қўйилган нафис оёқлари таърифини эшитар, унинг кўз ўнгида ҳамма нарсадан маҳрум этилган қуи сиймоси намоён бўларди. У томда айланиб юраркан, оёқларидаги қўнғироқчалар ҳам жиринглаб уни мадҳ этар, аммо бирорта иродаси бўш одам келиб унинг олдида муҳаббат изҳор этмас, оёқларига йиқилмас эди.
Гопинатхнинг ақлу ҳушини банд этган аёлнинг номи Лобонго эди. У актриса. Бу аёл саҳнада беҳуш бўлиб йиқилиш ҳолатини зўр маҳорат билан бажарарди. У қалтироқ овоз, сохта кўзёшлари билан аранг тилга келиб, димоғи билан: «Eй юрагимнинг султони!» деганида, залдаги томошабинлар: «Қойил. Раҳмат!» деб қичқирардилар.
Гирибала бу актрисанинг фавқулодда қобилияти ҳақида илгари эридан кўп таъриф-тавсифлар эшитган. У чоғларда эри Гирибаладан ҳали унчалик совимаган эди, у ҳам эрига ёқ-май қолганини пайқаганича йўқ эди. Аммо юрагида рашк пайдо бўлди. У бошқа бирор аёлда унда йўқ фазилатларнинг бўлишига сира тоқат қилолмасди. Гирибала бир неча бор театрга бориш ниятида эканини айтди-ю, бироқ эркаклар қила оладиган бу иш унга ман этилган эди.
Ниҳоят, у Шудхага пул бериб театрга юборди. Шудха қайтиб келгач, бурнини жийириб, пешонасини тириштирдида, энг аввал актрисалар оламига қадам босгани учун гуноҳига маъфират тилаб. Рамага  тавба-тазарру қилди. Сўнгра уларнинг беўхшов афт башараларини, эркаклами илинтириш учун қиладиган ғайритабиий нозу истиғноларини гапириб берди. Буни эшитиб Гирибала тамом хотиржам бўлди.
Бироқ, эри унга бутунлай қарамай қўйгандан сўнг, унда яна шубҳа пайдо бўлди. Гирибала чўрисининг сўзларига ишонмаганини айтганда, у бекасининг оёқларига йиқилиб, актрисалар чала ёндирилиб латтага ўраб қўйилган ғўлага ўхшайди, юзлари жудаям беўхшов, деб қайта-қайта такрорлади. Гири театрнинг жозиба кучига қарши ҳеч нарса ўйлаб тополмади, ғурури пой-мол этилди.
Ниҳоят, бир оқшом у Шудха билан театрга борди. Ман этилган нарсанинг жозибаси ҳамиша кучли бўлади! Жувон ҳайратда қолди, одамлар, музика, безатилган саҳна ва чароғон зал унга икки чандон фусункор кўринди. Ўзининг кимсасиз, қувончсиз, кар қулоқ деворлар билан ўраб олинган ичкари ҳовлисидан бу ерга бу қувноқ гўзал оламга келиб қолгани унга худди тушдай туюлди.
Ўша куни «Таскин топган рашк» операси қўйилмоқда эди. Музика бир лаҳзада тўхтади. Ҳаяжонланган одамлар жим бўлишди. Олдиндаги чироқлар равшанроқ ёнди, парда кўтарилди. Бир тўда чиройли кийинган аёллар қўшиқ айтиб рақсга тушар, шу тариқа тангри Кришна ёшлигида яшаган хаёлий Браж мамлакатини гавдалантирардилар. Театр залини вақт-вақти билан маъқуллаган овоз ва қарсаклар қоплаб турарди. Гирибаланинг баданида ёшлик қони туғёнга келди. Музика садолари, чироқ нурлари, қимматбаҳо, нафис буюмлар ва гўзаллик мадҳидаги хорни эшитиб, у ҳамма нарсани унутиб юборди. У гўёки кишансиз, лекин гўзаллик билан тўла эркин бир оламга киргандай бўлди. Шудха бир неча бор унинг олдига келиб, хавотирда қулоғига шивирлади:
— Хоним, кетадиган вақт бўлди, агар хўжайин билса балога қоламиз.
Гирибала унинг сўзларига қулоқ солмади. Ҳозир у ҳеч нарсадан қўрқмасди.
Томоша энг қизиган пайт. Радха ранжиган, Кришна бу рашк денгизининг тагига сира етолмасди. Шунча итоат-корлик илтижолар, кўзёшлари ҳеч кор қилмади! Гирибаланинг юраги ғурур билан тўлиб-тошди. У гўё ўзи Радхага айланиб, Кришнанинг ялиниб-ёлворишларига қарамай, ўзининг оғишмас қатъиятидан завқланарди. Унга ҳеч ким ҳеч қачон бу қадар ялинмаган! Гири ташландиқ, эътибордан қолган бир хотин эди, бироқ у ўзига чексиз ишонч билан, мен ҳам шундай қатъий туриб зор-зор йиғлата оламан, деган фикрга келди. Ёш жувон гўзалликнинг қандай зўр кучи борлигини илгари ҳам пайқарди. Букун эса безатилган саҳнада, чироқларнинг равшан ёруғида, музика садолари остида Гирибала буни яна ҳам аниқ кўрди. Завқ-шавқдан боши айланди.
Мана парда тушиб, газ чироқлар ҳам хиралашиб қолди. Гирибала сеҳрлангандай жойида ўтирарди. У энди туриб уйга кетиш лозимлигини ҳам унутди. Унга томоша ҳали тугамагандай, парда яна кўтариладигандай, оламда Кришнанинг Радха оёқлари остида хўрланишидан бошқа ҳеч нарса йўқдай эди.
Шудханинг овози эшитилди:
— Хоним, сиз нима қиляпсиз? Туринг, ҳозир ҳамма чироқлар ўчади.
Кеча алламаҳал бўлганда Гирибала ўз ётоғига қайтиб келди. Бурчакда милтиллаб чироқ ёнарди. Хонада на бир жон, на сас-садо бор. Бўш каравот устидаги эски пашшахонани шамол сал тебратарди. Гирибалага кундалик ҳаёти ўта қашшоқ, қизиғи йўқ, аҳамиятсиз кўринди. У ном-нишонсиз, ташландиқ ва хўрланган хотинлар бўлмайдиган гўзал ва қувноқ ҳаётни қаердан топиши керак, у қаерда шуҳрат кўкларида парвоз этиб, диққат марказида бола олади? Шу кундан бошлаб у ҳафтада бир театрга борадиган бўлиб қолди. Аста-секин илк сархушлик ўтди. У актёрларнинг гримига қараб, уларнинг чиройли эмаслигини кўрди, саҳнадаги сохталикларни пайқади, лекин санъатга эътиқоди совимади. Парда кўтарилганда уруш овозасини эшитган жангчидай ҳаяжонга келарди. Барчани фатҳ этувчи гўзал малика учун дилбар суратлар билан безатилган, атрофи нурли гулчамбарлар билан ўраб олинган, шеърият ва қўшиқ сеҳри билан кишини лол этадиган, сон-саноқсиз томошабинлар йиғилг махфий можаролар тўлиб-тошган бу гўзал ва эркин оламдан кўра шаффоф бир тахт яна қаерда топилади?
Гирибала биринчи марта эрини театрда кўриб, қандайдир бир артистканинг пайдо бўлиши билан унинг оҳ-воҳ қилишини эшитгач, юраги нафратга тўлиб-тошди. У алам билан, эрим қаноти куйган парвонадай бўлиб, оёқларим остига йиқилгандагина, менинг фойдасиз чиройим, кераксиз ёшлигим маъно касб этади, унда мен нафрат нурини сочиб, виқор билан ундан узоқлашаман, деб ўйлади.
Бироқ, бу порлоқ кун қачон келади? Эндиликда Гопинатхни кўриш ҳам қийин эди. У ўз телбалиги шамолида учиб, бир стакан сувдаги кичик шамадай гир айланиб қолди, қандайдир бир тўгарак очиш учун қаёққадир жўнаб кетди, қаёққа экани номаълум.
Гирибала чойтро ойида , баҳорнинг ойдин оқшомида томга чиқиб ўтирган эди. Жануб шамоли унинг тўқ-сариқ сорийсини ҳилпиллатарди. Гарчи эри уйга келмаса ҳам, Гири ҳар кун яширин бир умид билан тақинчоқларини тақиб, ўзига оро берарди.
Садаф ва олмосдан ясалган тақинчоқлари жимирлаб товланар, атрофга нур сочиб жаранглар эди. У қўлларига билагузук, бўйнига олмос ва ёқут маржон тақди. Синчалоғида зумрад узук порларди. Шудха унинг олдида ўтириб, вақти-вақти билан унинг хина қўйилган чиройли оёқларини силаб, самимий хўрсиниб гапирарди:
—    Eҳ, хоним агар мен эркак бўлганимда бу оёқларни кўкрагимга босиб жон берардим.
—    Ўйлайманки, эркак бўлсанг менинг оёқларимни кўкрагингга босмаёқ ўлишга тўғри келарди, — мағрур кулги билан жавоб берди Гирибала. — Наҳотки мен бунга йўл қўйсам? Бас энди! Яхшиси, бир ашула айт.
Бўм-бўш томда, ойдин кечада қўшиқ янгради:
Нилуфар гулбаргидай изларингга содиқман,
Ҳамма дугоналаринг Бриндабанга  келсин.
Кеч соат ўн эди. Уйдагилар ҳаммаси ухлагани кетган. Ҳаммаёққа атир ҳидини буруқсатиб, бало-қазодай бирдан Гопинатх кириб келди. Шудха тилини тишлаб, бошига рўмолини ташлаб қочиб қолди.
Гирибала энди хонаси келди деб ўйлади. У Гопинатхдан юзини ўгирди. Худди Радхадай, ўта мағрурлик билан қимир этмай тураверди. Бироқ, саҳнадаги сингари парда кўтарилмади, Кришнанинг бошидаги товус парлари унинг оёқлари остига тушмади, ҳеч ким:
Ой юзингни яшириб, ойдин кечани хиралатма,
— деб қўшиқ ҳам куйламади.
Бунинг ўрнига Гопинатх қўпол ва бепарво овоз билан:
— Калитларни берчи, — деди.
Бир неча кунлик жудоликдан сўнг, баҳорда ойдин кечада унинг топган гапи шу бўлди! Шеърларда, драмаларда, романларда ёзилган ҳамма гаплар бошдан-охир ёлғон экан! Саҳнада севги қўшиқларини айтиб, оёқ остига йиқиладилар, буни кўриб томошабинларнинг кўнгли юмшайди, шу томошабинларнинг бири, ойдин кечада томда пайдо бўлиб, ўзининг ёш, гениал қайлиғига: «Калитларни берчи!»дан бошқа сўз тополмайди. На музика, на севги, на хушомад, на дилбарлик! Ўта эътиборсизликдан бошқа нарса йўқ!
Шу пайтда жануб шабадаси шитирлаб, барча хўрланганларнинг чуқур хўрсинишидек келиб юракка қадалди. Гулдонларда ўсган атиргуллар томга хушбўй ҳид таратди. Гирибаланинг паришон сочлари юзига ёйилиб, кўзларига тушди. Унинг хушбўй тўқ-сариқ сорийсини шамол ҳилпиллатар эди. Гирибала ғурурни унутди. У эрининг қўлидан ушлаб:
—    Калитларни бераман, аммо сиз уйга киринг, — деди.
Энди у йиғлаб, эрини ҳам йиғлатмоқчи эди. У танҳоликда юрагида сақлаб келган дардларини айтиб, илтижо қилиб, уни инсофга келтирмоқчи бўлди.
—    Мен узоқ туролмайман, — деди Гопинатх, — калитларни бер.
—    Мен калитларни бераман, аммо сиз бу кеча ҳеч ёққа бормайсиз.
—    Бўлмаган гап. Мен албатта кетишим керак.
—    Ундай бўлса, калитларни бермайман.
—    Бермайман? Ҳали шунақами? Кўрамиз, қандай қилиб бермас экансан.
Шу сўзларни айтиб, Гопинатх унинг сорийси этагига назар солди, калитлар йўқ эди. Уйга кириб пардоз столининг ғаладонини очиб қаради, у ерда ҳам калитларни топмади. Шунда у тароқлар турадиган қутичани синдириб боқди. Бироқ унда қош, киприк ва лабга суркайдиган бўёқлар билан тасмалардан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. У каравотни ағдар-тўнтар қилди, матрасларни кўтариб кўрди, шифон-ерни ағдар-тўнтар қилди — калитлар ҳеч ерда йўқ эди.
Гирибала эшик олдида тош ҳайкатдай қотиб қолди. Беҳуда уринишлардан сўнг Гопинатх ғазаб билан унга яқин келиб ўшқирди:
—    Калитларни бер, бўлмаса ёмон бўлади!
Гирибала ҳатто жавоб ҳам бермади. Шунда эри унинг
билагузук, маржон ва узукларини юлиб олиб, калтак билан савалаб кетди.
Уйда ҳеч ким уйғонмади, қўшнилардан ҳеч кирн ҳеч нарса сезмади, ойдин кеча илгаригидек жимжит эди. Агар бу кечанинг қулоғи бўлиб, уйдаги қичқириқни эшитганда, у қаттиқ фарёд қилиб, минг бўлакка бўлинар эди. Салобатли сукунатда эр боёқиш жувонни ит азобига солиб калтаклади.
Бу кеча ҳам ўтди. Гирибала бу шармандалик, бу ҳақоратни ҳатто Шудхага ҳам айтолмади. У хўрлангани учун қасос олиш ниятида ўзини ўлдирмоқчи, ўз қўли билан бебаҳо ёшлигини, мислсиз гўзаллигини барбод этмоқчи ҳам бўлди. Аммо шу заҳотиёқ, бу қасосни ҳеч ким сезмай қолади-ку, деб ўйлаб қолди. Бу дунёда бировнинг мусибати билан бировнинг иши йўқ. На ҳаётда — бахт, на ўлимда — осойишталик.
Гирибала отасининг уйига кетадиган бўлди. Отаси Калкуттадан анча йироқда яшарди, аммо жувон ҳам-манинг норозилигига қарамай, ўзи ёлғиз жўнади. Гопинатх бу вақтда уйда йўқ, улфатлари билан қайиққа тушиб бир неча кунга қаёққадир кетган эди.

II

Лобонго бош ролни ўйнайдиган «Монорома» номли музикали драма қўйилганда Гопинатх ҳамиша театрда ҳозиру нозир эди. У ўз улфатлари билан биринчи қаторда ўтириб: «Қойил!» деб қаттиқ қичқирар, саҳнага гулдасталар ташларди. Унинг доимий қичқириқлари аста-секин томошабинларнинг ғашига тега бошлади. Бироқ театр дирексияси унинг бу қилиғини ман этишга журъат этмасди.
Бир кун Гопинатх мастлик билан саҳна орқасига ўтиб, у ерда жанжал қўзғади. Қандайдир аҳамиятсиз бир нарса учун ўзини ҳақоратланган ҳисоблаб, бир раққосани тутиб урди. Қизнинг фарёди ва Гопинатхнинг ҳақоратларидан бутун театр саросимага келди.
Ўша куни театр директорининг тоқати тоқ бўлиб, политсия Гопинатхни чиқариб юборди.
Гопинатх ўч олишга қаттиқ аҳд қилди. Пуджа байрамидан бир ой илгари, «Монорама» спектакли қайта қўйилади, деган шов-шув бўлди. Бутун Калкутта эълон билан қопланди. Драма авторининг номи катта ҳарфлар билан ёзилган афишалар шундай кўп эдики, гўё шаҳар намавали  кийганга ўхшарди.
Гопинатх худди шу куни спектаклда бош ролни ўйнаши керак бўлган Лобонгони олиб қайиқда сайҳатга жўнади. Унинг қаёққа ғойиб бўлганини сира аниқлай олмадилар. Театр дирексияси ниҳоят тажанг бўлди. Лобонгони кўп кутишди, аммо охири Монорома ролини ўйнаш учун янги артистка чақиришга мажбур бўлдилар. Шу сабабли премера анча кечикди.
Хоҳлаганларнинг ҳаммаси ҳам театрга киролмади. Юзлаб одамлар ноумид бўлиб қайтди. Газеталар янги ижрочини мақташ учун сўз тополмасдилар.
Бу мақтовлар Гопинатхнинг қулоғига етди. У чидолмай, қизиқиш ва ҳасад билан спектаклни кўргани келди.
Песанинг мазмуни мана бундай эди: биринчи кўринишда гадолардай кийинган Монорома қайнотасининг уйида чўри ҳолида. Рўмолга офcралган, букилган, қунишган бир аҳволда иш билан овора. У лом-мим демайди, юзлари ҳам кўринмайди.
Охирги кўринишда Монороманинг эри уни отасининг уйига жўнатиб, бир миллионеминг ягона қизига уйланиш тараддудига тушади. Тўйдан кейин никоҳ хонасида куёв келинга қараса — у ўз хотини Монорома бўлиб чиқади. Аммо эндиликда у чўри кийимида эмас, маликалардай кийинган. Қимматбаҳо зийнат асбоблари билан безалган бу соҳибжамол жувоннинг чеҳрасидан нур ёғилиб туради. Монорома болалигида бой ота-оналари уйидан ўғирланиб қашшоқликда ўсган эди. Кўп йиллардан сўнг, яқиндагина, уни отаси топиб уйига олиб келди, янгидан зўр дабдаба билан илгариги эрига тўй қилиб берди. Шундан сўнг никоҳ хонасида ялиниб-ёлвориб, кечирим сўраш навбати эрга келди.
Бироқ шу пайтда томошабинлар орасида шовқин кўтарилди. Ҳозиргача Монорома рўмолга ўралиб, ифлос чўри кийимда турганда Гопинатх жим ўтирди. Аммо у қизил никоҳ кийимида, қимматбаҳо зеб-зийнатлари порлаб, бошидан рўмолини тушириб, гўзаллик нурларини сочиб, кўрилмаган бир виқор билан бошини тик кўтариб, юзидан пардани тушириб томошабинларга, айниқса, биринчи қаторда ўтирган Гопинатхга нописандлик билан яшиндай чақ-наган кўзларини тикканда, ҳаяжонланган томошабинларнинг гулдурос қарсакларидан театр ларзага келди, шунда Гопинатх: «Гирибала! Бу менинг Гирибалам!» — деб бақирганича чопиб саҳнага чиқишга уринди, аммо музикачилар уни ушлаб қолишди.
Томошабинлар унинг қилиғидан жуда дарғазаб бўлган эдилар. Инглиз ва бенгал тилида шовқин кўтарилди: «Уни олиб чиқиб кетинг! Уни ҳай даб юборинг!»
— Мен уни ўлдираман! Тирик қўмайман! — деб Гопинатх ҳам титроқ овоз билан бақирди.
Политсиячилар пай до бўлиб, Гопинатхни олиб чиқдилар.
Бутун Калкуттадан тўпланган томошабинлар нафас чиқармай Гирибаланинг чиройли ўйинини томоша қилдилар. Энди Гопинатх уларнинг орасида йўқ эди.
1885

Тўхтасин Жалолов таржимаси