Рабиндранат Тагор. Скелет (ҳикоя)

Биз, уч бола ётиб юрган уйнинг ёнидаги хона деворига одам скелети осиб қўйилган эди.
Кечаси унинг суякларини шамол шиқиллатса, кундузи биз шиқиллатардик. У вақтда биз пандитимиз  билан «Мегхнаднинг ҳалокати»ни  ўқир эдик. Кенбел мактабининг бир студенти бўлса, бизга остеологиядан  дарс берарди. Мураббийимиз бизни қандай қилиб бўлса ҳам кўпроқ фанлардан хабардор қилишга интилар эди. Унинг орзуси нечоғлик рўёбга чиққанини бизни билган кишиларга ҳикоя қилиш ортиқча, бошқаларга эса, яхшиси, бу сир бўлиб қола қолсин.
Шундан бери кўп вақт ўтди. Скелет хонадан ғойиб бўлди, остеология ҳам хотирамиздан кўтарилиб кетган.
Лекин яқинда, қандайдир бир муносабат билан бир вақтлар биз ўша студентнинг дарсини тинглаган уйда меҳмонлар йиғилиб қолди-ю, менга қачонлардир скелет осиғлиқ турадиган хонада ухлашга тўғри келди. Мен хийла вақт-гача ухлолмай, бутхона минорасидаги катта соат милининг уришига қулоқ солиб, дам у ёнбошимга, дам бу ёнбошимга ағдарилиб узоқ ётдим.
Уйнинг бир бурчида чироқ ёниб турарди. Бирдан лип-лип этди-да, ўчиб қолди. Шуни ҳам айтиб қўяй, бизнинг уйимиз бунёдга келгандан бери унда бир қанча бахтсиз ҳодисалар рўй берган эди. Бинобарин, табиийки менинг ўчган чироқ ҳақидаги ўйларим шу топдаёқ инсон ҳаётининг бебақолиги хусусидаги тафаккурга ўтиб кетди. Мен беихтиёр ўйга толдим: ярим кечанинг чексиз зулматида мана бу чироқ шуъласининг бехосдан ғойиб бўлгани сингари, ҳаётда ҳам кечаю кундуз, киши жонининг майда-майда учқунлари ҳам вақти-бевақт сўниб туради.
Ўзим ҳам сезмай, бир вақтлар шу уйга осилган скелет ҳақидаги ўйларга ўтиб кетдим. Хаёлимда, у кимники эди экан, деб турганда, тўсатдан биров менинг чодирим олдида тимискиланиб, қоронғида қўли билан деворни сийпалаб, бир нарса ахтаргандай туюлди. Кимнингдир нафас олиши, оёқ шарпаси эшитилди. Буларнинг бари безовта, ҳаяжонланган ўйларим самараси эканини билардим, албатта. Шарпа эса, чакка томирларимнинг уришидан бошқа нарса эмас эди.
Шунга қарамай, мен даҳшатга тушдим. Бу сабабсиз қўрқувдан қутулиш учун:
—    Ким бу? — деб сўрадим.
Шарпа каравотимга яқинлашгач, қотиб қолди-да, овоз эшитилди:
—    Бу мен, менинг скелетим қаёққадир ғойиб бўлди, уни қидириб юрибман.
Ўз тасаввуримда бунёдга келган бу мавжудотдан қўрқишнинг ҳожати йўқ деб ўйладим, шунинг учун ўзимни босиб, бепарвороқ овоз билан, бироқ кўрпани устимга торта туриб, яна сўрадим:
—    Ҳа, ҳозир худди шундай ишнинг хонаси! У скелет сенга нима учун керак бўлиб қолди?
—    Бу қандай беҳуда савол? — Назаримда у чодиримнинг ёнгинасида туриб гапирар эди. — У суяклар менинг юрагимга қалқон эди, ахир! У чоғларда мен ёш ва соҳибжамол қиз эдим! Сен менинг скелетимга назар солишни хоҳлармидинг?
—    Ҳа, сенинг истагинг табиий, —жавоб бердим мен, — майли, сен қидир, мен бир оз мизғиб олишга уриниб кўрай.
—    Сен ёлғиз экансан назаримда, — деб давом этди шарпа. — Ундай бўлса, мен бир дақиқа ўтирай-да, иккимиз андак гаплашайлик. Дастлабки ўттиз беш йил давомида мен мана шундай ўтириб, одамлар билан тез-тез гаплашиб турардим. Сўнгги ўттиз беш йилда эса, қабристонда изғиган шамолдек фазоларда айланиб юраман. Ҳозир сенинг ёнингда бирпас ўтириб, яна инсон тилида бир оз гаплашай.
Аллакимнинг чодирим ёнига ўтирганини сездим. Ноилож бир аҳволга тушиб қолганимни англаб, бутун кучимни йиғдим-да, имкон борича бепарволик билан:
—    Жуда соз. Бирор қизиқ воқеа тўғрисида сўзлашайлик, бўлмаса, — дедим.
—    Агар сен энг ғаройиб бир ҳангомани эшитмоқчи бўлсанг, ҳаётим ҳақида ҳикоя қилиб берай.
Бутхона соати кечаси иккига занг урди.
—    Мен ёш ва тирик чоғимда, фақат бир кишидан, ўз эримдан ўлимдан қўрққандай қўрқардим. Ўзимни қармоққа илинган балиқдай ҳис этардим. Назаримда, тамом бегона бир одам мени болаликнинг осойишта ва шинам оламидан юлиб олгану унинг қўлидан қутулишнинг иложи йўқдай туюларди. Тўйдан сўнг икки ой ўтгач, эрим ўлди. Қариндош-уруғлар, ёр-дўстлар менинг шум тақдиримга қоп-қора қақшаб йиғладилар. Қайнотам юзимга узоқ тикилиб туриб, охири қайнонамга бундай деди: «Шастрларда мана шу қизимиз сингари бадбахтлик келтирувчи хотинлар ҳақида ривоятлар бор». Буларнинг барини мен яхши хотирлайман. Сен эшитяпсанми ўзи? Ҳикоям ёқяптими?
—    Жуда ёқяпти, — деб жавоб бердим. — Бошланиши ғоят қизиқ экан.
—    Ундай бўлса, қулоқ сол. Мен хурсанд бўлиб отамнинг уйига қайтиб келдим. Вақт ўтиб борарди. Гарчи одамлар мендан яширишга уринсалар ҳам, менга ўхшаш соҳибжамол қизни қидириб топиш амримаҳол эканини ўзим жуда яхши билардим. Сен нима деб ўйлайсан?
—    Шундай бўлиши мумкин, бироқ мен сени асло кўрган эмасман.
—    Кўрганинг йўқ! Менинг скелетимни-чи? Ҳа-ҳа-ҳа! Мен тегишяпман! Бир вақтлар бу кўз косаларида тимқора шаҳло кўзлар чақнаганини, лоларанг лабларда ўйнаган нозик табассумнинг ҳозирги бу яланғоч тишларнинг мудҳиш тиржайишига асло ўхшамаганини сенга не йўсинда исбот қилсам экан? Сенга нималарни тавсиф қилай: латофат  ва назокатними, ҳусну жамолимними, сарв қоматимними, келишган, нозик, миққи, хушбичим аъзойи баданимними? Ҳозир бу тавсифлар сенга ғайритабиий тую-лади, бу эса менинг ғазабимни келтиради. Ҳолбуки ўша замоннинг мана-ман деган докторлари ҳам менинг скелетим остеологияни ўрганиш учун бир восита бўлиб қолишини тасайвур этолмас эдилар. Бир докторнинг энг яқин дўсти билан суҳбатида мени, нозик ва хушбўй чечак, деб атагани ҳамон эсимда. Бошқача айтганда, ҳамма инсонлар остеология ва анатомияни ўрганиш учун восита бўлиши мумкин, фақат менгина латиф чечакка ўхшардим. Айтчи, чечакларнинг ҳам скелети бўладими?
Мен юрган чоғда гавдамнинг ҳар бир ҳаракатида гўзаллик нури порлоқ бриллиант сингари товланиб турганини сезардим. Мен қўлларимга тез-тез ва узоқ-узоқ тикилиб қолардим. Бу қўллар шу қадар нозик эдики, дунёда энг мағрур одамнинг ҳам қалбини ром қила оларди. Субҳадра ҳам қоматини мағрур кўтариб, ўзининг зафар дулдулида Аржуна  билан ёнма-ён ўтириб ҳайратда қолган уч олам узра парвоз этаркан, эҳтимол, унинг кафти лоларанг нафис, момиқ қоиларида нозик бармоқлари аланганинг тили каби ёниб тургандир.
Менинг беҳаё, яланғоч, кўҳна скелетим, балки сенда нотўғри тасаввур қолдиргандир, лекин афсуски, бу янглиш фикрни рад этиш учун менда ҳеч қандай далил йўқ. Шу сабабли менинг учун жаҳонда энг манфур нарса — сенсан. Кўз ўнгингда ўн олти яшар соҳибжамол танноз бир қиз боииб қад кўтарсаму сени узоқ вақтга уйқудан маҳрум қилсам! Яна истагим шуки, ҳар қандай остеологияни барбод этиб, сенинг бошингдан ҳам унинг асарини қўймай қувиб чиқарсам дейман.
— Агар латиф баданинг ҳозир ҳам бўлганда, унга қасамёд қилиб айтар эдимки, бошимда у фаннинг юқи ҳам қолмаган, — дедим мен. — Жозибали, баркамол ёшликдаги ҳусн-жамолинг эса кеча зулматида ҳам олмос каби порлаб турибди. Бу ҳақда ортиқ гапиришнинг ҳожати йўқ!
—    Менинг дугонам йўқ эди, — давом этди у, — акам уйланмасликка аҳд қилган, бинобарин, ичкарида ўзим танҳо яшардим. Ёлғизликда боғдаги бир дарахт соясида ўтириб, бутун олам менга ошиқи шайдо, юлдузлар ҳам фақат менга нигоҳ ташлайди, шамол ҳам менинг ҳасратимда нолиш қилади, сабзалар эса, агар ҳуши бўлганда, менинг оёғим тегиши билан ҳушини ҳам йўқотарди, деб ўйлар эдим. Кўкатларнинг поймол бўлиб ерга қапишган новдалари назаримда, оёғим остида сас-садосиз ётган бутун дунёнинг йигит-ялангларидай туюларди.
Акамнинг дўсти Шошишекхор медитсина колледжини битиргач, бизнинг уй доктори бўлиб қолди. Мен уни илгари ҳам дарпарда орқали тез-тез кўриб турардим. Акам жуда ғалати одам бўлиб, ҳаётга доимо чўчиброқ қарарди. Дунё унга жуда мураккаб туюлар ва у борган сари ундан узоқлашиб, оқибат гўшанишин бўлиб қолганди. Шошишекхор унинг ягона дўсти бўлиб, мен доим кўриб юрган йигит ҳам фақат шу эди. Оқшомлари боғда ўзимни шоҳ тахтида ўтиргандай ҳис этганимда, оёғим остида ётган бутун дунё йигитлари Шошишекхор сиймосида намоён бўла бошладилар. — Сен тинглаяпсанми? — деб менга мурожаат қилди шарпа. — Сен нима хаёл суриб қолдинг?
Мен оғир сўлиш олиб:
—    Мен Шошишекхор бўлиб туғилсам, эҳтимол яхшироқ бўларди, — деб жавоб бердим.
—    Аввал ҳикояни охиригача эшит. Бир ёмғирли кунда мени безгак тутди. Доктор кўргани келди. Биз биринчи дафъа бундай яқин туриб кўришдик.
Мен деразага қараб ётган эдим, шунинг учун кечки шафақ оқарган юзимга арғувон нурларини сепиб турарди. Доктор хонага кириб, менинг юзимга қарагач, фикран ўзимни докторнинг ўрнига қўйиб, ўзимга четдан назар солдим. Юзим кечки шафақ нурида сўлиб қолган кичкина нозик чечакка ўхшар, гажакларим пешонамга тушиб турар, ҳаё билан ярим юмилган шаҳло кўзларим дилбар юзга соя соларди…
Доктор хижолат ичида, оҳистагина акамга менинг томиримни кўриш кераклигини айтди.
Мен кўрпанинг тагидан момиқдай қўлларимни чиқардиму: «Қимматбаҳо билагузуклар тақсам қандай яхши бўларди», — деб ўйладим ичимда.
Докторнинг бемор қўлини бундай ўнғайсизлик билан ушлаганини мен ҳаргиз кўрган эмасдим. Бармоқлари томирни қидираркан, тинмай қалтирарди. У менда иситма борлигини сезди, мен эса, унинг юрак уришини сездим. Ишонмайсанми.
—    Ишонмаслик учун ҳеч қандай далилим йўқ, — дедим мен. — Бунинг устига, кишининг томири ҳамиша ҳар хил уриб туради.
—    Мен бир неча дафъа оғриб тузалгандан сўнг, пайқадимки, дунёда оқшомлари мени кутувчи ёшларнинг миқдори анча камайиб, оламим деярли бўм-бўш бўлиб қолган эди. Ниҳоят, унда доктор билан бемор қолди, холос.
Оқшомлари мен яширинча заъфарон либослар киярдим, сочларимнинг учига жасмин гулини тақиб, чиройли турмаклаб қўярдим, қўлимга кўзгу тутиб, боғда узоқ-узоқ ўтириб қолардим. Нега бундай қилардим? Ўз-ўзига бино қўйиш, ҳадеб ўз аксингга термилиш зериктирмайдими? Йўқ! Ҳуснимга тикилган мен ўзим эмас эдим, ахир. Мен ёлғиз ўтирардим-у, лекин биз икков эдик. Мен гоҳо доктор бўлиб олардим-да, ўзимга термилиб, мафтун бўлардим, ўзимни севиб эркалардим, бироқ гоҳо қалбимдан маъюс оқшом шамолининг туғёнидай бир «оҳ» узилиб чиқарди.
Шундан бери мен сира ёлғиз бўлган эмасман. Сайр этганимда, ерга қараб қадамларимни кузатаман, пан-жаларимнинг тушишига разм соламан, бу оёқ олишим докторга манзур бўлармикан, деб ўйлайман. Қиём пайтида, ташқарида жазирама иссиқ бўлиб, атрофда сукунат ҳукм сурганда, ҳавода парвоз этган калхат овози-ю, бизнинг ҳовли ёнидан ўтган ўйинчоқфурушнинг ўз матоларини таъриф қилиб қичқиргани эшитиларди. Ана шунда, мен кўкатлар устида рўйжа солиб ястаниб ётардим.
Яланғоч билаклар енгиллик билан юмшоқ ёстиқ устига ташаланар, назаримда кимдир бу билакларнинг латифлигига маҳлиё бўлиб, оҳиста кўтариб, оппоқ кафтларимдан ўпар, сўнгра сас-садосиз узоқлашарди. Агар мен ўз ҳикоямни шу билан тугатсам, сен нима дер эдинг?
—    Майли, — дедим мен, — лекин охири йўқ, туннинг қолганини сарф этиб, ҳикояни ўзим тугаллашим лозим бўлади.
—    У ҳолда, — деди шарпа, — бу, тишлари иржайиб турган скелет ҳақидаги қўрқинчли ҳикоя бўлмай қоларди. Давомини эшит! Бир оз тажриба ортдиргандан сўнг доктор бизнинг уйнинг пастки қаватида шифохона очди. Мен қувноқ суҳбат ва ҳазил-мутойибалар орасида ундан ҳар хил дори ва заҳарларнинг хусусияти, одамнинг нимадан тез ва енгилроқ ўлиши ҳақида сўраб қўярдим. Гап докторнинг севган мавзуларига бориб тақалганда, у сергап бўлиб кетарди. Шундай суҳбатлар мени ўлимдан қўрқмасликка, ўлимни қандайдир ўзимга яқин бир нарсадай тасаввур қилишга ўргатди. Оламда мен учун севги билан ўлимги-на мавжуддай туюларди. Менинг ҳикоям тамом боиа ёзди, озгина қолди.
—    Ҳадемай тонг ҳам ёришади, — дедим мен аста.
—    Орадан бирмунча вақт ўтгач, доктор бабунинг нимадандир ташвиш тортиб, ўз ҳаяжонларини мендан яширишга уринаётганини сезиб қолдим. Кунлардан бир кун қарасам, у жуда ҳафсала билан кийиниб акамдан извош олиб, кечаси қаёққадир жўнади.
Мен ортиқ тоқат қилолмай, акамнинг олдига бордим. Ҳар хил майда-чуйда гапни гапириб бўлгач: «Айтгандай, доктор бабу извошда қаёққа кетди?» — деб сўрадим. Акам қисқа қилиб жавоб берди:
—    Ўлгани.
—    Боимағур гапни гапирманг, — дедим мен.
—    Уйлангани кетди, — деб тушунтирди акам.
—    Наҳотки! — деб қичқириб юбордим-у, қаҳ-қаҳ уриб кула бошладим. Кейинча билсам, доктор бу никоҳ шарофети билан ўн икки минг рупия қалин оларкан. «Аммо бу янгиликни сир тутиб, нега у мени ҳақорат қилди? — деб ўйлардим. — Ахир, мен унинг оёқларига йиқилиб, мабодо шунга ўхшаш бирор воқеа рўй берган тақдирда ўзимни ҳалок этаман деб ҳеч қачон айтмаган эдим!». Йўқ, эркакларга ишониб бўлмайди. Мен бу дунёда фақат бир эркакни танирдим-у, лекин шунда ҳам ҳамма эркакларнинг нимадан иборат эканини тездан пайқаб олдим.
Кечга яқин, касалларни кўриб бўлгач, доктор уйга қайтиб келди. Мен хандон уриб, унга мурожаат қилдим: «Доктор жаноблари, тўйлар муборак?» Менинг қувноқ-лигимни кўриб, доктор эсанкираб қолди. Мен эса яна сўрадим. «Наҳотки ҳеч қандай музика бўлмаса?»
Шошишекхор оғир нафас олди:
—    Назарингизда тўй шунақа қувончли нарсами?
Унинг жавобини эшитиб, мен яна кулдим. Бунақасини сира эшитган эмасдим.
—    Йўқ, бу яхши эмас, мен нағма-навони, ёруғликни севаман, — дедим.
Охири акам урф-одатга мувофиқ ўйин-кулги, тантана қилиш ҳақида фармон бериб мендан қутулди.
Мен кунбўйи, уйга келин келса нима қиламан, деб хаёлга ботиб юрдим.
—    Доктор жаноблари, сиз яна беморларнинг томирини кўрасизми? — деб сўрадим. — Ҳа-ҳа! Қасамёд этаманки, одамларнинг, айниқса эркакларнинг юрагида нима борлигини сира билиб бўлмайди. — Менинг сўзларим докторнинг қалбини ўқдай тешиб ўтди.
Тўй ярим кечадан сўнг бўлиши керак эди. Кечқурун доктор акам билан томда ўтириб, одатдагидек майхўрлик қилишди. Ҳадемай ой қалқди.
Мен уларнинг ёнига келдим-у:
—    Доктор жаноблари, хотирингиздан кўтарилди, шекилли, сиз жўнашингиз керак, — дедим кулиб.
Бу ўринда яна бир нарсани эслатиб ўтиш керак.
Айвонга чиқишдан олдин мен яширинча аптекага кириб, жиндак порошок олдимда, унинг бир қисмини билинтирмай докторнинг стаканига солдим. Бу порошокни ичган одам ўлади, деб унинг ўзидан эшитган эдим. Доктор стакандаги майни бир кўтаришда сипқариб, ўрнидан турди ва менга хира назар ташлаб, қалтираган овоз билан секингина:
— Мен кетдим, — деди.
Мана найлардан ҳам садо чиқди. Мен банорас сорийси кийиб, бисотимдаги ҳамма қимматбаҳо либосларим билан ўзимга оро бердим. Фарқларимни қизил рангда бўяб, боғдаги азим бир дарахт остида ўзимга жой солдим.
Дилбар бир кеча. Тўлин ой оламни сутдек ёритган. Жануб шабадаси ухлаган оламнинг ҳорғинлигини тарқатиб, фазоларда парвоз этмоқда, боғда жасмин гулнинг хушбўй ҳиди анқиди, узоқда най садолари тиниб, ой нури хиралашганда, дарахтлар, осмон ва мен туғилиб ўсган уй зулмат денгизида сароб каби сузиб, эриб кетганда, кўзларимни юмиб, табассум қилдим. Мен лабларимда аранг сезилиб турган бу нафис табассумни одамлар келиб кўришларини истардим. Мен бу табассумни мангулик зулматдан иборат ўз никоҳ хонамга олиб кетмоқчи эдим. Ҳайҳот, қани бу никоҳ хонаси? Қани менинг келинлик зеб-зийнатларим?
Мен шақирлаган овозни эшитиб уйғонганимда, тепамда уч боланинг остеология ўқиётганини кўрдим. Бир вақтлар қувонч билан қайғу ҳислари қайнаган, ёшлик гулининг нафис япроқлари очилган жойни ҳозир муаллим таёқча билан кўрсатиб суякламинг номларини атамоқда эди.
Менинг лабларимда ғунчадай очилган сўнгги табассумнинг бирор изини пайқадингми? Хўш, ҳикоя сенга маъқулми?
— Жуда ажойиб ҳикоя экан, —жавоб бердим мен.
Шу маҳал қарғаларнинг биринчи қағиллаши эшитилди.
—Сен ҳануз шу ердамисан? — деб сўрадим.
Жавоб бўлмади. Тонгнинг илк нури деразадан кириб келмоқда эди.
1891

Тўхтасин Жалолов таржимаси