Петер Назарет. Қойилмақом Фернс (ҳикоя)

Гоаликлар Хорас Фернандесни ғалати одам деб ўйлашарди. Бунга унинг бошқалар билан дўстона муносабатга кириша олмаслиги сабаб бўлолмасди – аксинча, у ким билан учрашмасин, осонлик билан чиқишиб кетарди. Аммо, ҳамма гап шунда эди-ки, у ўзи яшаб турган жамият қонун-қоидаларига беписандлик билан қарарди. У ёзилмаган қонунларга биноан одамларни зиёрат қилмасди, Гоа оқсоқолларига, яъни давлат хизматидаги мансабдорларга нисбатан ҳурмат-эътибор ҳам кўрсатмасди.
Ҳаммасидан ҳам ўтиб тушадигани – унда Худодан қўрқув ҳисси йўқ эди, шу боис черковга тез-тез бормасди. Айтишларича, якшанба кунлари у уйида кечгача ухлар, лекин баъзи одамларнинг эътироф этишларича, уни баъзан черков орқасида ўз-ўзига гапириб ўтирганини учратиш мумкин бўларди. У айнан гўшт ейиш гуноҳи кабира ҳисобланган жума кунида гўшт ерди. Агар уни бирон киши ўз нафсининг гапига кириб, жазоси ўлим бўлган гуноҳ ишни қилганликда айбласа, у «Қадимги Рим католик черкови жума куни гўшт ейишни гуноҳ деб эълон қилганлигининг сабаби фақатгина битта бўлган, у ҳам бўлса ўша вақтда Рим бозорларида балиқ маҳсулотлари тиқилиб кетган ва жума куни гўшт ейишни тақиқлаш орқалигина балиқ савдосининг юришишига эришишган» дея жавоб берарди. «Фернандес» умум томонидан қабул этилган оддий исм бўлса-да, унинг ўзи ғайриоддий киши эди. Ҳамма бу одамнинг ғайритабиий эканлигини гапирарди ва шунинг учун ҳам у «Гъалати Фернс» номини олганди.
Яқинда ёмон бир иш содир бўлди. Ҳамма ёқда унинг қандайдир сирли диний гуруҳларга қўшилганлиги ҳақида гап тарқала бошлади. Нима қилиш керак экан-а? Гоалик бир неча художўй аёллар уни бу гап-сўзлардан қутқариб қолишни зиммаларига оладиган бўлишди.
Одат бўйича, муқаддас Биби Марямнинг ҳайкали черков мадҳиясини куйлаб борувчи бир гуруҳ одамлар кузатувида уйдан-уйга олиб ўтилар, меҳмонхонадаги у ўрнатилган жой шарафли ер ҳисобланар ва уйдаги оила аъзолари Биби Марям олдида ухламасдан навбат билан ибодат қилишар ва қутига пул ташлашарди. Гъалати Фернс эса ҳайкални уйига олиб кетишни ҳар сафар рад этарди. Ҳозир эса бу аёлларда ажойиб ғоя туғилганди. Улар қўшнилари дам олгани кетаётган бир пайтда ҳайкални Фернснинг қўшнисиникига олиб келишни режалаштиришди. Кейин эса Фернснинг уйига келишди ва қўшниларининг дам олгани кетишганини ва бу ерда бошқа яқинроқ қўшни йўқлигини айтиб, қўшнилардан бири қайтиб келгунича бир кунга ҳайкални уйида сақлаб туришини илтимос қилишди. Фернс бутларга сиғинмаганлиги учун ҳам ҳайкални олиб қололмаслигини айтиб, узрини билдирди. Улар эса Биби Марямга бўлган ишончларига кўра, ҳайкал бир кун унинг уйида турса, Биби Марям ўзи уни паноҳида асрашини айтиб, фикрларида қаттиқ туриб олишди. Ниҳоят Фернс уларга ёрдам беришга рози бўлди, аммо ҳеч қандай черков мадҳияларисиз ва ибодатсиз уйига олиб кирилишига рухсат беришини, ҳайкални уйига ўрнатиш ўрнига омборхонага қулфлаб қўйишини айтди. Аёллар рози бўлишди; улар ўзларича Биби Марям дуоларимизни ижобат қила бошлади, деб ўйлашарди. Аммо, афсуски, Фернс ўзи нима деган бўлса ўшани қилди – у ҳайкални олиб кетиш учун қўшнисиникига бориб, уни бир мато билан урди, хеч кимга билинтирмасдан уйига келтирди ва уни қайтариб олиб кетилгунга қадар омборхонага қулфлаб қўйди.
Аммо аёллар барибир бўш келишмади. Улар Фернснинг уйига киришга ва уни ўзларига оғдириб, попугини пасайтириб қўйиш учун яна бир бор ҳаракат қилишга қарор қилишди. Хорас Фернандес уларни эшик олдида жуда илиқ кутиб олди, меҳмонхонага бошлади ва қаҳва тайёрлаб берди. У аёлларнинг Худо олдида мутавозе бўлишга, Худонинг инсониятга бахш этган неъматлари учун шукур қилишга чорловчи сўзларини сабр билан тинглади. Аёллардан бири бурчакда жим ўтирар, бармоқлари билан тасбеҳ ўгирарди. Ниҳоят, Фернс аёлларга деди:
“Менга кўрсатаётган бу қадар ғамхўрлигингиз учун сизларга раҳмат. Мен ҳақимда бунчалик ташвишланаётганингиздан кўп таъсирландим, албатте мен сизнинг эътиқодингизни ҳурмат қиламан. Бироқ, нега энди сизнинг ўзингиз ишонишни хоҳлаган нарсага ишонишингизни ва менинг ўзим ишонишни хоҳлаган нарсага ишонишимни қабул қилмаслигимиз керак?”
“Қанақасига сен айтгандай бўлади?” аёллардан бири бақириб юборди. “Ахир фақатгина битта Худо бор холос-ку!” Кейин эса у Инжилдан “бу хоин яҳудийлар” жумласи билан боғлик оятларни келтирди. Хорас Фернандеснинг сабр косаси тўлиб борарди.
“Яҳудийлар нега бундай ҳукм қилинганлар?” деди у. “Исо Пайғамбар ҳам насроний эмас, балки яҳудий бўлган-ку. У аввалги динни чиқариб ташлаш учун келмаган. Нима бўлганда ҳам, бошқа ҳар қандай яхши яҳудийлар каби у ҳам суннат қилинган.”
Атрофга шу кадар жимлик чўкди-ки, уни фақатгина тасбеҳ ўгириб ўтирган қари художўй аёлнинг тасбеҳидан чиқаётган овозгина бузиб турарди. Ниҳоят, улардан журъатлироғи гап бошлади: “Хўп, шундай ҳам дейлик! Унда боши очиқ аёллар билан жинсий муносабатда бўладиган Худо бехабар кишининг аҳволи нима бўлади? Поп…”
“Попнинг нима дегани билан неча пуллик ишим бор” деди Фернс. “Ўн бешинчи асрда бу ерларда Поп Александр яшаган экан. Унинг никоҳсиз туғилган қизлари бўлиб, у шу қизлардан бири билан жинсий муносабатда бўлар экан.”
Тасбеҳли аёл ўрнидан турди. Фернсни художўй аёлларнинг унинг гапидан бунчалик довдираб қолишгани таажублантирди. Бунинг устига, Инжилда ўз қизларидан фарзандлари бўлган бирор ким ёзилмаганми?
Аёллар унинг саволларига жавоб тополмай қолишди чоғи, қочиб қутулишди. Шундан кейин улар Фернснинг уйига йўламай қўйишди, аммо уни кучлироқ даъват қилишга қарор килишди. Черковда бўлиб ўтган ўзгаришларни сақлаган ҳолда, ҳудуд роҳиби якшанба кунги маърузаларни ўқиш учун қўшни ҳудудлардаги роҳибларни ҳам таклиф этиш жадвали билан таништирди. Доимий роҳиб ўз маърузасини айтади, кейин эса Инжилдан ўқилади, ташриф этувчилар келиб, ваъз ўқийдилар.
Якшанба кунги Қойилмақом Фернс учун уюштирилган даъватнинг учинчи куни, ташриф этажак роҳиб ўз вақтида етиб келолмади. Одамлар эса олазарак ҳолда маъруза ўқимоқчи бўлиб турган роҳибдан хавотирланиб, адашиб кетмасмикан, тайёрланмагани учун мавзудан ташкари ваъз айтиб юбормасмикин ишқилиб, дея сабрсизлик билан кутишарди.
Оҳ, ана у! Ўша кутилган роҳиб. У минбарга кўтарилди.
“Менинг азиз биродарларим” дея гап бошлади у. “Бошқаларнинг ўзингизга кандай муомалада бўлишларини хоҳласангиз, ўзингиз ҳам бошқаларга шундай муомалада бўлинг. Бугунги маърузамиз ана шу ҳақда! Биз бирон марта бўлса ҳам Исо пайғамбарнинг мазкур доно сўзлари нима маъно бериши устида тафаккур қилиб кўрганмизми? Ҳозир, Исо пайғамбар осмонга кўтарилганлигининг 50 кунлигига бағишланган муҳим бир маросимда у пайғамбарнинг ушбу сўзлари нимани англатишини тафаккур қилишга яна бир бор ўзимизни бағишлайлик.
“Азиз биродарлар, биз ушбу йиғиннинг моҳиятини тўлақонли тушуниб етишимиз зарур. Бизнинг меҳрибон Худоимиз бизга қандай неъматларни инъом қилганини тафаккур қилиб кўринг. Ушбу маросимнинг ажойиб қурбонисиз биз ўзимизни илоҳий Ўзликка, бизнинг Яратувчимизга боғлиқлигимизни қандай қилиб ҳис қилган бўлардик? Ўзимизни ҳафтада лоақал бир кун Худога бағишламасак, қандай қилиб ўзлигимизни таниймиз? Биз бир гуноҳкор банда ўлароқ, Худо бизга берган буюк неъматларни тушуниб ҳам етмаймиз.”
Одамлар уз ўйларига ғарқ бўлиб ўтиришар, баъзиларни эса мудроқ босганди.
“Эҳ!” деди воиз. “Тафаккур килинг. Сиз ҳар якшанба черковга ўзингизнинг энг яхши кийимларингизда келасиз, ва бу ерда нималар бўлаётганига зарра қадар эътибор ҳам бермайсиз. Сиз учун Худо гўёки бир бизнес ҳамкордир, агарда У ҳафтада лоақал бир марта хушнуд этилмаса, ўзи киритган сармояни қайтариб олган бўларди. Сизлар эса худди автоматлаштирилган машиналар каби жонсиз, буруҳсизлар, юриб туриб ухлайсизлар! Боядан бери мен бутунлай узуқ-юлуқ сўзларни гапиряпман, сизлар эса буни ҳатто пайқамадингиз ҳам!
“Роҳиб дўстларимнинг кўплари ўзи ваъз айтадиган қурилмага эга эканликларини биласизларми, аҳли жамоат? Ҳар бир қурилма жумла ва гаплар ёзилган карточкаларни ўз ичига олган. Менинг маслакдошларим эса сизларнинг улар нима деяётганларига аҳамият ҳам бермаслигингизни жуда яхши билишади, шунинг учун ҳам улар ҳар бир ваъздан олдин қурилмага бир неча карточкани қўйишади, кейин роҳиблик кийимларини кийишади, қарабсизки, маъруза тайёр!”
Бу пайтга келиб жамоат ҳушёр тортиб қолганди. Ҳатто ваъз айтаётган роҳиб хам ғалати кўринаётганди.
“Келинг, Исо пайғамбар ҳақиқатдан ҳам нима деганлиги ҳақида бир ўйлаб кўрайлик,” деди ваъзхон. «Сизга бошқалар қандай муомала қилишларини хоҳласангиз, сиз ҳам уларга шундай муомалада бўлинг» – бу ҳозирги Инжилнинг сўзлари эмас, балки айнан Исо пайғамбарнинг хитоби бу! Эътибор қилинг – Исо пайғамбар «Сизга қандай муомалада бўлишган бўлса, сиз ҳам насронийларга нисбатан шундай муомалада бўлинг» демаган – у «бошқаларга ҳам», деган. Бу эса барча кишиларга инсонийлик нуқтаи назаридан муомалада бўлишимиз кераклигини англатади, ҳатто улар черковга ишонишмаса ҳам! Масалан, ҳатто салобатли черков ва соборлар қуриш учун эҳсон қутисига пул ташлаш ўрнига, уни фақирларга қоринларини тўйғазишлари учун беришимиз керак. Унинг ўрнига, фақирларга бошпана қуришларида, иш топишларида ёрдам берсак, ҳолларидан хабар олиб турсак янада яхшироқ бўларди. Барча кишилар ҳам фахрланишга ва ўзларини ҳурмат қилишга ҳақлидирлар».
“Нега биз черков ва санамларга бу қадар кўп эҳтиёж сезамиз? Исо пайғамбар бутун вақтини черков ва ибодатхоналарда ўтказганмиди? У черковни безаш учун биронта бутга майл кўрсатганмиди? У ибодат қилувчилар учун алоҳида кунларни ва алоҳида кийимни белгилаб қўйганми эди, бунга амал қилмаганларни жазога муҳкум қилганмиди? Хушахлоқ самариялик киши ҳақидаги ривоят бизга фақатгина насронийлар яхши одамлар деб ўргатганми? Сафсата! Бу гапларнинг орқасида Исо пайғамбар турган дейиш умуман ёлғон гап!”
Жамоат кўзлари ола-кула бўлиб, бақрайиб ўтирарди. Айни шу лаҳзада бошқа бир роҳиб кириб келди.
Бир киши узини тутиб туролмади: “Қойилмақом Фернс! Бу ўша-ку! Бу одам роҳиб эмас!” дея бақирди у.
Ҳа, роҳиб қиёфасидаги киши Хорас Фернандеснинг айнан ўзи эди. Роҳиб ва жамоатнинг оқсоқоллари бақир-чақир қилиб, минбарга томон яқинлашишди. Фернс илк маротаба ўз-ўзини йўқотиб қўйгандек кўринарди.
“Исо пайғамбар гувоҳлик беради!” бақирди у. “Бу черков сизники эмас! Сизнинг номингиз билан португалиялик империалистлар Гоани мустамлакада ушлаб туришган ва аждодларимизни қийноққа солишган, ўлдиришган. Қолган-қутганлари эса Ҳиндистоннинг насронийлик ҳақида умуман ҳеч нарса эшитмаган ҳақиқий насронийлар яшайдиган бошқа штатларига қочиб қутулишган!”
Бу пайтга келиб бир неча одам Қойилмақом Фернсни пастга тушириш учун минбарга тирмашганди. Минбар эса устига тўдалашиб чиқиб олиш учун эмас, балки диний биродарликни тарғиб қилиш учун қурилганди, шу сабабли у синиб кетди. Оқибатда бир тўда одам ерга учиб тушди. Ушбу ғала-ғовурдан фойдаланиб қолган Қойилмақом Фернс қочиб қолишга улгурди. Одамларнинг қадр-қиммати ерга урилгани қолди холос.
Ташрифи кутилаётган роҳибнинг машинаси йўлда бузилиб қолишини ва унинг черковга ўз вақтида етиб келолмаслигини Қойилмақом Фернс қаэрдан била қолди экан? У қандай қилиб черков қоровулига сездирмасдан роҳиб кийимини олиб чиқиб кийиб олдийкин? Ё…балки..Биби Марямнинг Фернснинг уйида бўлганлиги уни кўринмас бўлишини таъминладимикан..?
Шу шу художуй кампирлар Қойилмақом Фернсга даъват қилишни тўхташди. Шайтонни чув тушириш осон иш эмасга ўхшайди ёв.

* Гоа – Угандадаги кичик бир шаҳарча.

Инглиз тилидан Муҳаммаджон Собиров таржимаси