Ўлимидан икки йил олдин отам менга қўлёзмалари, қайднома ва дафтарлари билан тўла кичик бир жомадон берди. Ҳар доимгидек ҳазиломуз ва бироз истеҳзо аралаш буларни ўзи ўтгандан сўнг, яъни қазосидан кейин ўқишимни айтди. “Бир кўз ташларсан, – деди ийманиброқ. – Орасида ярайдиганлари бўлса, эҳтимол, мендан кейин танлаб нашр қилдирарсан.”
Ўшанда биз менинг китобга тўла ижодхонамда эдик. Отам елкасидаги оғир юкдан қутулишни истаган кишидек жомадонини қаерга қўйишини билмай, бироз у ёқ бу ёққа аланглаб турди-да, бир четга секингина қўйди. Иккаламизни ҳам хижолатга солган бу оний лаҳза ўтиши билан ҳар доимги ролларимизга қайтдик, яъни ҳазилкаш, истеҳзоли шахсларга айланиб, бироз енгил тортдик. Одатдагидек, сув, ҳаво, ҳаёт, Туркиянинг битмас-туганмас сиёсий дардларию отамнинг кўпинча омадсиз якунланадиган ишлари ҳақида гурунглашдик.
Отам кетгач, жомадонга қўл уролмай, бир неча кун ёнига нари-бери бориб келганимни эслайман. Қора теридан ясалган кичик жомадоннинг қулфи, доира шаклидаги бурчаклари болалигимдаёқ кўзимга сингиб қолганди. Отам уни қисқа муддатли саёҳатларга чиққанда ва баъзан уйдан ишхонасига нарса ташиганда қўлга оларди. Болалигимда бу кичик жомадонни очиб, саёҳатдан қайтган отамнинг нарсаларини титар, ичидан чиққан атир солинган идишни – чет эл ҳидини ёқтирардим. Жомадон мен учун ўтмишдан ва болалик чоғларим билан боғлиқ жуда кўп нарса хотираларни “ташиган” таниш ва жозибали буюм эди, бироқ ҳозир унга қўл тегизолмасдим. Нега? Табиийки, жомадоннинг ичидаги нарсаларнинг оғир юки бунга монелик қиларди.
Энди бу оғирлик, яъни юкнинг моҳияти ҳақида гапирсам… Бу аслида бир хонага бекиниб олиб, столга энгашиб қоғоз ва қалам билан ўзни излаётган инсон заҳматининг, яъни адабиётнинг моҳиятидир.
Отамнинг жомадонига анча вақт қўл тегизолмай юрдим, лекин ичидаги дафтарларнинг баъзилари менга таниш эди. Илгарилари отам уларга нималарнидир қоралаётганида кўзим тушганди…
Отамнинг каттагина кутубхонаси бор эди. У ёшлигида, 1940- йиллари Истанбулда шоир бўлиб танилишни истаганди. Ҳатто Валерининг шеърларини турк тилига таржима қилганди. Лекин ўқувчиси кам, йўқсил бир ўлкада шеър ёзиб, адабий ҳаётнинг қийинчиликларини бошдан кечиришни хоҳламасди. Бобом – бой тижоратчи эди. Отамнинг болалик ва ёшлик даври роҳат-фароғатда ўтган, шу сабабли адабиёт, ижод туфайли қийинчилик чекишни хоҳламасди. У ҳаётни барча гўзалликлари билан севарди.
Мени отамнинг жомадонидаги нарсаларга яқинлашишдан тутиб турадиган туйғу – ўқиганларим ёқмай қоладими, деган ҳадик эди. Отам ҳам буни биларди, шекилли, жомадондаги ёзувларга жиддий аҳамият бермасди. Унинг йигирма беш йиллик ёзувчилик фаолиятини эътироф эта олмаслигим мени ранжитарди. Аммо адабиётга етарлича жиддий қарамагани учун ҳам отамдан хафа бўлмасдим. Аслида билишни истамаганим – отамнинг яхши ёзувчи эканидан умидворлик туйғуси эди. Жомадонни ҳам ана шу умид ва ҳадик боис очолмаётган эдим. Чунки отамнинг жомадонидан чиндан ҳам улкан бир асар чиқса, унинг ботинан бутунлай бошқа бир инсон эканини қабул қилишим лозим бўларди. Зеро, мен тобора улғайган, илдамлаган ёшда отамнинг фақат отам бўлиб қолишини истардим, ёзувчи бўлишини эмас.
Менинг назаримда ёзувчи бўлиш инсон ботинидаги иккинчи бир шахсни ҳамда шу шахсни яратган оламни йиллар давомида сабр билан кашф этишдир: ёзув деганда, кўз олдимда, аввало, роман, шеър, адабиёт намунаси эмас, балки хонада ёлғиз қолиб, ўз ботинига сайр қилаётган ва бунинг соясида сўзлар билан янги олам яратаётган шахс намоён бўлади. Эҳтимол, у эркак ёки аёлдир, ёзув машинкасида ёза олар, компютернинг қулайликларидан фойдалана билар ва ёхуд мендек ўттиз йилдан бери сиёҳли ручка билан қоғоз қоралар. Ёзган сари қаҳва, чой ичар, тамаки тутатар балки. Баъзан ўрнидан туриб, деразадан ташқарига, кўчада ўйнаётган болаларга, шунингдек, бирор-бир манзара, дейлик, қоронғу деворга боқар. Шеър, драма ёхуд мендек роман ёзар, эҳтимол. Бундай тафовутлар асл фаолиятдан, ўз ботинига сайр қилишдан юзага келади. Ижод ботинга йўналтирилган нигоҳни сўзларга кўчириш, инсоннинг ўз кўнглида яралган янги оламни сабр, журъат ва мамнуният билан тадқиқ этишдир. Мен столдаги тоза қоғозга аста-секин янги сўзларни битарканман, кунлар, ойлар, йиллар ўтган сари ўзим учун янги олам яратаётганимни, ботинимдаги бошқа бир инсонни тошма-тош кўприк ёки қубба тиклаган кимсадек ўртага чиқарганимни ҳис қилардим. Биз ёзувчиларнинг терадиган тошлари шу сўзлардир. Уларга қўл узатиб, ўзаро боғлиқликларини ҳис қилиб, йиллар давомида журъат, сабр ва умид билан янги дунёлар яратамиз.
Менингча, ёзувчиликнинг сири илҳомда эмас, сабр ва журъатдадир. Турк тилидаги “игна билан қудуқ қазиш” деган гўзал ибора ёзувчилар учун айтилгандек. Эртаклардаги севгилиси учун тоғларни талқон қилган Фарҳоднинг сабрини ёқтираман. “Менинг исмим қирмизи” романимда йиллар давомида чиза-чиза уста бўлиб кетган, ҳатто кўзини юмиб от расмини жуда нафис чиза олган эронлик эски наққошлар ҳақида сўз юритганимда ҳам ёзувчилик касби, ўз ҳаётим ҳақида сўз очганимни биламан. Аслида ёзувчи ўз ҳаётини бошқаларнинг ҳаёти ҳақидаги ҳикоядек акс эттираркан, яъни умрини бадиий адабиётга бағишларкан, бу билан у некбинликка эришмоғи лозим.
Кимларнидир сийлаган илҳом париси бу ишонч ва некбинликни хуш кўради. Ёзувчи ўзини ёлғиз ҳис қилган, саъй-ҳаракатлари, хаёллари ва ёзганларининг қимматидан шубҳага борган пайтда, яъни ҳикоясини фақат ўзининг ҳикояси деб билган дамда унга қалбидан тўкилган дунё билан яратмоқчи бўлган оламини уйғунлаштирган ҳикоялар, расмлар, ўй- хаёллар туҳфа этилади. Бутун ҳаётимни бағишлаган ёзувчилик фаолиятимда мени хушнуд этган нарса туйғу ва жозибали жумлаларни менга бошқа бир ташқи куч жўмардларча тақдим этади, деган ўйдир.
Отамнинг жомадонини очиб дафтарларини ўқишдан чўчирдим. Чунки мен зиммамга олган қийинчиликларга унинг асло қўл урмаслигини, у ёлғизликни эмас, дўстларни, жамоани, давраларни, ҳазил-мутойибаю издиҳомга қўшилишни яхши кўришини билардим. Лекин кейинчалик бошқача фикрга келдим: ушбу тушунчалар, ёлғизлик ва сабр менинг ҳаёт ва ёзувчилик тажрибамдан келиб чиққан ўз хулосаларим бўлиши мумкин. Жамоанинг, оила ҳаётининг қайноқ бағрида, бундай шодон гурунглардан ажралмай ижод қилган жуда кўп етук ёзувчилар ҳам бор. Қолаверса, отам болалигимизда оила ҳаётининг одатий тарзидан зерикиб, бизни ташлаб Парижга кетган ва меҳмонхоналарда туриб бошқа ёзувчилар сингари дафтарларни қоралаганди. Ўша дафтарларнинг бир қисми жомадондалигини билардим, чунки жомадонни менинг хонамда қолдирмасидан олдин отам ҳаётининг ўша даврлари ҳақида менга гапириб берганди. Болалигимда ҳам гапириб берарди, бироқ у пайтлар ўзининг аламзадалиги, шоир-ёзувчи бўлиш истаги борлиги, меҳмонхоналарда кечирган қийинчиликларидан сўз очмасди. Париж кўчаларида бир неча бор Сартрни учратганини айтар, ўқиган китоблари ва кўрган кинолари ҳақида жуда муҳим маълумотларни тўлқинланиб гапириб берарди.
Ёзувчи бўлишимда пошо – бош вазир ёкидин пешволаридан кўрауйда, кўпинча, дунё ёзувчиларидан гап очган отамнинг ҳиссаси борлигини асло унутиб бўлмайди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам унинг дафтарини ўқишим лозим эди. Отам биз билан бирга яшаркан, унинг худди мендек бир хонада ёлғиз қолиб китобу ўй-хаёлларга ғарқ бўлишига ёхуд ёзганларининг бадиий жиҳатига эътибор бермай, қадрлашим лозим эди. Аммо, не ажабки, бунинг уддасидан чиқолмаётгандим. Отам баъзан қўлидаги китобни ёки журнални стол устига қўйиб, диванга чўзилар ва узундан-узоқ хаёлларга толарди. Юзида ҳазил-мутойиба, хархаша ва майда ташвишлар ўз домига тортган оила ҳаёти асносида кўрганимдан бутунлай бошқа бир ифода – ботинга йўналтирилган нигоҳ намоён бўларди. Бундай пайтларда, айниқса, болалик ва илк ёшлик йилларимда отамнинг безовта бўлганини эслаб, чуқур ўйга толардим. Энди анча йиллар ўтиб бу безовталик оддий одамни ёзувчига айлантирган асосий турткилардан бири бўлганини англаяпман. Ёзувчи бўлиш учун сабр ва ёлғизликдан ташқари ботинимизда оммадан, жамоадан, кундалик одатий ҳаётдан, барча ўткинчи нарсалардан қочиб, бир хонага бекиниш лозим. Аслида, ёзиш, ажойиб бир дунё яратиш учун сабрли ва умидли бўлишни истаймиз. Аммо бир хонага, китоблар билан тўла бир хонага бекиниб олиш истаги бизни ҳаракатга келтирган дастлабки омиллардандир.
Китобларни хоҳишига кўра ўқиган, фақат қалбига қулоқ тутиб, бошқаларнинг фикрлари билан баҳслашган, китоблар билан тиллаша-тиллаша ўз тушунчаларию оламини яратган ҳур ёзувчининг илк улкан намунаси модерн адабиётнинг етакчиси Montaigne ҳисобланади. У отам асарларини қайта-қайта ўқиган ва менга ҳам бир неча бор ўқишни тавсия қилган буюк адибдир. Дунёнинг қаерида, хоҳ Шарқда, хоҳ Ғарбда бўлмасин ўзини адабиётга бағишлаб ижод қилган ёзувчилар анъанасининг давомчиси сифатида кўришни истайман ўзимни. Менингча, адабиётнинг ҳақиқий фидойиси ижодхонага “бекиниб олган” одамдир.
Бекиниб олган ижодхонамизда, кўпчилик ўйлаганидек, ёлғиз эмасмиз. Бизга, аввало, бошқаларнинг сўзи, ҳикоялари, китоблари, яъни адабиёт намуналари ҳамроҳлик қилади. Зеро, адабиёт инсоният ўзини англаш учун яратган энг қадрли бойлик эканига ишончим комил. Жамиятлар, миллатлар ўз адабиётларига эътиборли бўлиб, ёзувчиларига қулоқ тутганда заковатга, маънавий юксакликка эришади. Барчамиз билганимиздек, китоб ёқиш, ёзувчиларни камситиш зулмат ва онгсизлик даври белгиларидир. Бироқ адабиёт биргина миллий мавзудан иборат эмас. Китоб тўла хонасига бекиниб, аввало, ўз ботинига сайр қилган ёзувчи йиллар давомида яхши адабиётнинг муҳим қоидасини кашф этажакдир: адабиёт ўз ҳикоямизда бошқаларнинг ҳикоясидагидек ва бошқаларнинг ҳикояларида ўз ҳикоямиздагидек баҳс юрита олиш ҳунаридир. Буни амалга ошириш учун бошқаларнинг ҳикояларидан ва китобларидан андоза оламиз.
Отамнинг бир ёзувчига етиб ортадиган даражада бир минг беш юз китобдан иборат яхшигина кутубхонаси бор эди. Йигирма икки ёшимда, эҳтимол, бу кутубхонадаги китобларнинг ҳаммасини ўқимагандирман, аммо улар менга яхши таниш: қайси бири муҳим, қайси бири классик, қайсиси миллий тарихнинг унутилажак ва кўнгилхуш намунаси, қайси бири эса отам жуда ёқтирган фаранг ёзувчисининг китоби эканини билардим. Баъзан китобларга узоқ қараб туриб, ўзимнинг ҳам алоҳида кутубхонам бўлишини, китоблардан ўзимга дунё яратишни ўйлардим.
Узоқдан боққанимда отамнинг кутубхонаси баъзан менга бутун оламнинг мўъжаз сувратидек туюларди. Аммо бу уйимизнинг бир чеккасидан, Истанбулдан туриб қаралган дунё эди. Отам бу кутубхонани чет эл саёҳатларидан, айниқса, Парижда, Америкада сотиб олган китоблар ҳамда ёшлигида Истанбулда 1940-1950 йилларда чоп этилган миллий ва чет тилидаги китоблар билан тўлдирганди. Менинг бу дунём миллий олам билан Ғарб дунёсининг қоришиғидир. 1970 йиллардан бошлаб мен ҳам жиддий тарзда кутубхона ташкил этишга киришдим. Ўшанда ёзувчи бўлишга ҳали қатъий қарор қилмагандим. “Истанбул, хотиралар ва шаҳар” номли китобимда маълум қилганимдек, у дамлар рассом бўла олмаслигимни пайқагандим, аммо ҳаётимни қандай йўлга қўйишни аниқ билмасдим. Юрагим, бир томондан, ҳамма нарсага чексиз қизиқиш ва ниҳоятда некбин ўрганиш чанқоқлиги билан урар, бошқа томондан эса, ҳаётим қай жиҳатдандир “бири кам” бўлишини, бошқалардек яшай олмаслигимни ҳис қилардим. Бу туйғумнинг маълум қисми, худди отамнинг кутубхонасига боққанимда ҳис қилганимдек, шаҳар ташқарисида яшаётганимиз туйғуси билан боғлиқ эди. “Бир кам” ҳаёт қайғуси, табиийки, хоҳ мусаввир бўлсин, хоҳ адабиётчи бўлсин ижодкорига эътибор бермаган, ҳатто уларда умид уйғотмаган ўлкада яшаётганимни чуқур ҳис қилишим туфайли ўртага чиқмоқда эди. 1970 йилларда гўё бу камчиликларни бартараф қилишни истагандек кучли ҳавас билан Истанбулнинг эски китобфурушларидан отам берган пулга эски, чанг босган китобларни сотиб оларканман китоб дўконларининг четларида, жомъе масжиди ҳовлиларида, қулаган деворлар атрофида китоб сотиб ўтирган йўқсул, юпун ва ҳатто кишида умидсизлик уйғотадиган даражада паришон ҳолдаги одамларни кўриш менга ўқийдиган китобларимдек таъсир қиларди.
Дунёдаги ўрним масаласида гапирадиган бўлсам, адабиётда ҳам “марказда бўлмаслик”, яъни барчанинг кўз ўнгида бўлмаслик асл истагитм эди.
Зеро, дунёмарказида биздагидан кўра янада бой ва жозибали ҳаёт бор эди. Мен барча истанбулликлар, қолаверса, бутун Туркия билан бирга ундан ташқарида эдим. Бугун бу туйғуни дунёдаги жуда кўп инсонлар билан бўлишганимни биламан.
Худди шунингдек, бу оламда жаҳон адабиёти ва унинг мендан жуда узоқдаги маркази бор эди. Аслида ўйлаганим дунё адабиёти эмас, Ғарб адабиёти эди ва биз турклар бундан ҳам ташқарида эдик. Отамнинг кутубхонаси ҳам буни тасдиқларди: бир томонда, бизнинг – ўзим жуда яхши кўрганим, воз кеча олмаганим – миллий дунёмиз, Истанбул китоблари ва адабиёти бор эди. Иккинчи томонда, бунга ҳеч ўхшамаган, ўхшаши бизда ҳам оғриқ, ҳам умид уйғотган Ғарб дунёси китоблари бор эди. Ёзиш, ўқиш гўёки бир дунёдан чиқиб бошқасининг ўзгача, ғалати ва ажойиб жиҳатларидан таскин топиш эди. Отамнинг ҳам баъзан, худди мен кейинчалик киришганимдек, ўзи яшаб турган ҳаётдан Ғарбга қочиш учун роман ўқиганини ҳис қилардим. Мен учун у пайтлар китоблар маданий камбағаллик ҳиссидан халос бўлиш учун мурожаат қилинадиган нарсалардек туюларди. Фақат ўқиш эмас, ёзиш ҳам Истанбулдаги ҳаётимиздан чиқиб Ғарбга бориб келишдек бир ҳол эди.
Отам жомадонини дафтарларга тўлдириш учун Парижга кетар, у ердаги меҳмонхоналарга бекиниб олиб ёзар, сўнгра эса Туркияга қайтарди. Булар мени чуқур ўйга толдирарди. Яъни, отамнинг жомадонига боқарканман, Туркияда йигирма беш йил ёзувчи сифатида шаклланиш учун ўзни бир хонага “қамаб” чин кўнгилдан ёзиш жамиятдан, халқдан сир тутиладиган иш эканлиги боис, қалбимда норозилик туйғулари жўш урарди. Қолаверса, ёзувчиликни мен каби бўйнига жиддий олмагани учун отамдан хафа бўлардим. Бошқача айтганда, отам мендек яшамагани, бирор қадрият учун кичик бир тўқнашувни ҳам назарига илмай, дўстлари ва яқинлари билан ўйнаб-кулиб бахтиёр яшагани учун ундан хафа бўлардим. Аммо “хафа бўлардим” ўрнига “қизғанардим” десам, балки тўғрироқ бўлар, деган ўйга ҳам борардим. Шунда ўйчан, ғамгин овозда ўз-ўзимга: “Бахт нима?”, дея савол берардим. Хонада ёлғиз қолиб, оғир ҳаётни бошдан кечиришми бахт? Ёки барчадек бир хил нарсаларга ишониб ёки ўзни ишонгандек кўрсатиб роҳатда яшашми? Ҳамма қатори тартибли яшагандек кўриниб, аслида узлатда ёзув ёзиш бахтиёрликми ёки бахтсизликми? Булар хийла ғамгин саволлар эди. Айтганча, бахтли ҳаёт мезони фаровонлик эканини қаердан била қолдим? Газеталар, инсонлар ҳаётнинг энг муҳим мезони гўё бахтиёр яшашда эканини таъкидлайди. Бироқ вазият бунинг акси тўғри эканини тасдиқламаяптимикан?
Қолаверса, биздан, оиладан қочган отамни қанчалик тушунардим, унинг беҳаловатлиги сабабини тушунармидим?
Отамнинг жомадонини очишимга ана шу турткилар сабаб бўлди.
Унинг ҳаётида рўй берган, аммо мен билмаган омадсизликлар фақат қоғозга тўкиб таскин топилган сирмиди?
Жомадонни очишим биланоқ чет эл ҳидини туйдим. Ичидаги баъзи дафтарларни отам менга анча йиллар бурун кўрсатганди. Уларнинг аксарияти отам бизни ташлаб Парижга кетган навқирон йилларида тутилган.
Чунончи, ўзим яхши кўрган ёзувчиларнинг таржимаи ҳолини қизиқиб ўқиганимдек, ўшанда отам менинг ёшимда нималар ёзганини, нималарни ўйлаганини билишни истардим. Қисқа вақт мобайнида бунга эришиб бўлмаслигини ҳам билардим. Қолаверса, отамнинг дафтарларида акс этган “ёзувчи овози”дан хавотирланардим. Чунки бу “овоз” унга тааллуқли эмас эди. Шу сабабли отам ёзувчи бўлса, демак, менга ота бўлолмайди, деган хавотирли ўй мени безовта қиларди. Яъни унинг бошқа ёзувчилар таъсирида қолганини кўриш менга ғалати туюларди. Роман ёзишга киришган дастлабки йилларда бу хавотирни янада чуқур ҳис қилардим, худди расм чизишдан воз кечганимдек, бир кун омадсизликка учраб роман ёзишни ҳам ташлаб юборишдан чўчирдим.
Энди ушбу жомадон қисқа фурсатда менда уйғотган икки турли туйғу: шаҳар ташқарисида, яъни марказдан йироқда бўлиш ҳамда реалист бўлиш туйғулари ҳақида сўз очсам. Мени ўйга толдирган ушбу туйғуларни илк бор бошдан кечирмаётгандим, албатта.
Бу туйғуларнинг маҳобатию турли-туман ранг-тусларини йиллар давомида ўқиб, ёзиб, изланиб кашф қилган ва таъриф-тавсифлагандим. Албатта, бу каби туйғуларни баъзан ҳаётдан ва китоблардан юққан паришонхотирлик тарзида, айниқса, ёшлигимда бир неча бор бошимдан кечиргандим. Аммо шаҳардан четда ҳамда реалист бўлиш туйғуларини улар ҳақида романлар, китоблар ёзиб (масалан шаҳар четида яшаган кимса учун “Қор”, “Истанбул”; реалист бўлиш учун “Менинг исмим қирмизи” ёки “Қора китоб”) тўла-тўкис туя олгандим. Мен учун ёзувчи бўлиш қалбда кечган дардли ўй-фикрларни сабр билан қоғозга тушуриш, шунингдек, уларни онгли равишда ёзувимиз ва шахсиятимизнинг бир бўлагидек тасвирлашдир.
Ёзувчилик одамлар билганини билмаганлари орқали билдиришдир. Буни амалда янада кучайтириб кўрсатиш ўқувчига ҳайрат ва завқ бағишлайди. Ижодхонага бекиниб, йиллар давомида ғаройиб олам яратишга интилган ёзувчи ўзи билган ёки билмаган ҳолда инсониятга чуқур хайрихоҳлигини намоён этади. Бошқаларнинг ҳам шу каби дардлари борлиги қаламга олинган воқеа-ҳодисаларнинг тушунилишига, инсонларнинг тақдири бир-бирига ўхшашлигига бўлган ишончни юзага келтиради. Зеро, чинакам бадиий асарлар инсонлар бир-бирига жуда ўхшаш жиҳатларга эга, деган некбин қарашга таянади. Ёлғизликда йиллар давомида қалам тебратган ижодкор мана шундай эзгуликка ва марказлаштирилмаган дунёга ўз сўзини айтмоқчибўлади. Аммо отамнинг жомадонидан ва, табиийки, Истанбулдаги ҳаётимизнинг файзсиз муҳитидан аён бўлганидек, биздан узоқда дунёнинг маркази мавжуд. Бу асл ҳақиқатни бошдан кечиришга ундаган чеховча “шаҳар ташқариси” туйғуси ҳамда “ҳақиқийлик” хавотири ҳақида асарларимда кўп ёзгандим. Ўзимдан келиб чиқиб айтсам, дунё аҳлининг аксарияти мен каби шу туйғулар билан яшаганини, ҳатто янада оғири – эзилиш, ўзига ишончсизлик ва камситилиш таҳликаси билан яшаганини яхши биламан. Ҳа, ҳамон инсониятнинг дарди-ташвиши мулксизлик, очлик, бошпанасизликдир. Телевизор, газеталар бизга буларни адабиётдан кўра тезроқ ва осонроқ тушунтиради. Бироқ бугун адабиёт тушунтириши ва тадқиқ этиши лозим бўлган долзарб мавзулар: эътибордан четда қолиш ва ўзини эътиборсиз ҳис қилиш қўрқуви; буларга боғлиқ беқадрлик, оломон қаторида ғурурнинг топталишини бошдан кечириш, задалик ва камситилиш оқибатидаги ўй-хаёллари ва миллий мақтанчоқлик, беҳуда ҳаволанишлардир. Кўпинча ғайришуурий ва ғоят эҳтиросли бир тарзда тилга олинган ушбу туйғу-тушунчаларни ботинимдаги бўшлиққа ҳар гал назар солганимда янада теран англай бошлайман.
Ғарб давлатларига тегишли бўлмаган баъзи кўпсонли миллат ва халқларнинг камситилиш хавотири остида ҳамда жиззакиликлари туфайли баъзан қўрқувга тушганларига гувоҳ бўламиз. Буни ўзим мансуб бўлган Ғарб дунёсида ҳам – Уйғониш, илмда янгиликлар кашф этиш ва бойликка ҳаддан зиёд ружу қўйиш баробарида айрим халқларнинг, давлатларнинг вақт-вақти билан ўринсиз манманликка берилганларида кўрамиз.
Демак, фақат отам эмас, барчамиз “дунёнинг маркази” тушунчасига ниҳоятда катта аҳамият берамиз. Ҳолбуки, ижод қилиш учун бизни йиллар давомида хонага қамаб қўйган нарса бунинг бутунлай акси, яъни бир кун келиб битганларимизнинг ўқиб тушунилишига бўлган ишончдир. Бироқ бу ўзимнинг ва отамнинг ёзганларидан билганимдек четда бўлишнинг, ташқарида қолишнинг алами қоришган некбинликдир. Достоевский бутун умри давомида Ғарбга нисбатан қалбида ҳис этган севги ва нафрат туйғуларини мен ҳам кўп бора кўнглимдан кечирдим. Лекин ундан ўрганганим асл некбинлик манбаи – буюк ёзувчининг Ғарбга бўлган севги ва нафрати таъсирида яратган асарларим бутунлай бошқа бир дунё бўлди.
хххххИжодга ҳаётини бағишлаган ёзувчилар бир ҳақиқатни яхши билишади: йиллар давомида умид билан ёзиб-яратган асарларимиз охир-оқибат бутунлай бошқа жойларда эътибор топади. Заҳмат чекиб ижод қилганларимиз хонамиздан узоққа – бутунлай бошқа минтақаларга етиб боради. Отам ҳам шундай бир жойларга етишганмиди? Узоқ денгиз саёҳатидан сўнгра биз етиб борган олам гўё туман ортда қолгач, бутун ранглари билан кўз ўнгимизда аста-секин намоён бўлган оролдек кўнглимизда мўъжиза туйғусини уйғотади. Ёки ғарблик сайёҳлар кемада жануб тарафдан яқинлашганларида Истанбулни тонгги туман пардасида кўриб тасаввур қилганга ўхшайди бу. Умид ҳамда қизиқиш билан босиб ўтилган узундан-узоқ саёҳатнинг якунида бу шаҳар масжидлари, миноралари, уйлари, кўчалари, кўприклари, тепаликлари – бутун бир олам сифатида намоён бўлади. Маърифатли китобхон гўё китоб саҳифаларига сингиб кетганидек, киши ўзи дуч келган бу янги оламнинг ичига кириб ғойиб бўлгиси келади. Шаҳарнинг бир четидаги ёлғизлигимиз, аслида, чеккан дард ва аламларни унуттирадиган севинч – янги бир олам кашф этганимиздир.
Болалигимда, ёшлигимда ҳис қилганларимнинг бутунлай акси ўлароқ мен учун энди дунёнинг маркази Истанбул эди. Бундай дейишимнинг сабаби умримни шу шаҳарда кечирганим учунгина эмас, балки ўттиз уч йилдан бери барча кўча-кўйларини, кўприкларини, инсонларини, кўппакларини, уйларини, масжидларини, чашмаларини, ғалати қаҳрамонларини, дўконларини, таниш кишиларини, қоронғу нуқталарини, кечаларини ва кундузларини қалбимга яқин олиб қоғозга туширганим туфайлидир. Маълум бир вақт ўтиб тасаввур қилганим ушбу дунё хаёлан ўзим яшаган шаҳардан айрича қиёфа касб этади. Шунда барча инсонлар, кўчалар, нарсалар ва бинолар хаёлимда ёки китобларимда эмас, балки ўз-ўзларича яшай бошлайди. Нина билан қудуқ қазгандек сабр-бардош билан яратганим ушбу олам менга у пайт барча бор нарсалардан-да ҳақиқийдек кўринади.
Отам ҳам, эҳтимол, умрини ижодга бағишлаган ёзувчиларнинг бу каби бахтиёрлигини кашф қилгандир. Мени доим эркин қўйиб, ниҳоятда ҳурмат кўрсатгани учун ундан миннатдор эдим. Болалик ва ёшликдаги кўплаб дўстларимдан фарқли ўлароқ, ота тазйиқи нималигини билмай ўсиб-улғайгандим. Қолаверса, отам ёшлигида ёзувчи бўлишни истагани учун ёзувчи бўла олганим ҳақида ҳам кўп ўйлайман. Шу боисдан ҳам унинг ёзганларини мамнун бўлиб ўқишим, меҳмонхоналарда ижод қилганини тушунишим лозим эди.
Отам қолдирган жойда неча кунлардан бери турган жомадонни шу некбин ўйлар билан очдим, баъзи дафтар ва саҳифаларни кучимни йиғиб ўқишга киришдим.
Хўш, отам нималар ҳақида ёзганди? Париж меҳмонхоналари, манзаралари ҳақида ёзганларини, шунингдек, айрим бир шеърлар, парадокслар, турли қайд ва фикрларни эслайман. Буларни эсларканман, худди автоҳалокатга учраб кўрган-билганларин қийналиб хотирлайдиган, айни дамда бундан ортиғини эслашга қурби етмаётган кишига ўхшайман. Болалигимда ота-онам жанжаллашиб шовқин солишар, сўнгра уйга сув қуйгандек жимлик чўкканда отам кайфиятни ўзгартириш учун дарҳол радиони қўярди. Чунки қўшиқ рўй берган нохушликларни тез унуттирарди.
Мен ҳам шундай йўл тутиб қўшиқдек хуш кайфият улашадиган, кўнгилларга ёқадиган бир-икки сўз билан мавзуни ўзгартирсам. “Нега ёзасиз?” Билганингиздек, биз ёзувчиларга энг кўп бериладиган савол шу. Қалб амр этгани учун ёзаман! Ҳамма қатори бошқа бир иш қила олмаганим учун ёзаман. Мен ёзгандек китоблар ёзилсин, ўқий, деб ёзаман. Ҳаммадан қаттиқ аразлаганим учун ёзаман. Хонада ёлғиз қолиб, кун бўйи ёзишни жуда хоҳлаганим учун ёзаман.
Мен, бошқалар – барчамиз Истанбулда, Туркияда қандай ҳаёт кечирганимизни, кечираётганимизни бутун дунё билсин, деб ёзаман. Қоғоз, қалам, сиёҳ ҳидини яхши кўрганим учун ёзаман. Адабиётга, роман санъатига ҳамма нарсадан ортиқ ишонганим учун ёзаман. Бу ишга кўникканим ва ружу қўйганим учун ёзаман. Унутилишдан қўрққаним учун ёзаман. Эришган шуҳрат ва эътибордан мамнунлигим учун ёзаман. Ёлғиз қолиш учун ёзаман. Ёзганларимнинг ўқилишини ёқтирганим учун ёзаман. Бошлаб қўйган романни, мақолани ва саҳифани тугатиб қўяқолай, деб ёзаман. Ҳамма мендан шуни кутаяпти, деб ёзаман. Кутубхоналарнинг ёпилиб кетмаслигига, китобларимнинг жовонларда терилиб туришига болаларча ишонганим учун ёзаман. Ҳаёт, дунё, барчаси ғоятда гўзал ва ҳайратланарли бўлгани учун ёзаман. Ҳаётнинг бор гўзаллиги ва бойлигини сўзларга кўчириш завқли бўлгани учун ёзаман. Ҳикоя баён қилиш учун эмас, яратиш учун ёзаман. Доимо борадиган жой бўла туриб, у ер рўёдек – ҳеч боролмайман, деган туйғудан халос бўлиш учун ёзаман. Ҳеч ҳам бахтли бўла олмаганим учун ёзаман. Бахтли бўлиш учун ёзаман.
Ёзувхонамда жомадонини қолдирганидан бир ҳафта ўтиб отам ҳар доимгидек қўлида бир қути шоколад билан (қирқ саккиз ёшимдалигимни эсидан чиқаргандир, эҳтимол) мени кўришга келди. Тағин ҳаёт, сиёсат ва оила ташвишларидан гапириб кулишдик. Бир пайт отамнинг кўзи хонанинг жомадонни қолдирган бурчагига тушди ва жомадонни у ердан олганимни билди. Кўзларимиз тўқнашди. Орага ноқулай жимлик чўкди. Унга жомадоннинг ичидагиларни ўқиётганимни айтмадим, кўзимни олиб қочдим. Лекин у тушунди. Мен ҳам унинг тушунганини пайқадим.
Отам ўзига ишонган, эркин ва бахтиёр инсон эди: ҳар галгидек кулиб қўйди ва хонадан чиқиб кетаркан менга ҳар доимгидек таскин ҳамда жасорат бағишлайдиган сўзларни айтди. Отамнинг бахтиёрлиги, ғамсиз, ташвишсиз ҳолатига ҳавас қилиб ортидан қараб қолдим. Эсимда, ўша кун қалбим андишага қоришган бахтиёрлик ҳисларига тўлганди. Эҳтимол, отамдек хотиржам эмасдим. У каби ташвишсиз, бахтли яшаш менга насиб этгани йўқ. Аммо ёзишни уддалай билдим, деган фикрда эканимни англагандирсиз.
Бу туйғуни отамга нисбатан туяётганимдан ийманаётгандим. Ҳолбуки, отам ҳеч қачон менга зуғум ўтказмаган, мени эркин қўйганди. Буларнинг барчаси ижод, адабиёт билан тубдан боғлиқ эканини эслатиб ўтишим лозим. Бироқ ушбу ҳикоямнинг менга янада кўпроқ айбдорлик ҳиссини юклаган бошқа жиҳати ҳам бор эди. Отам жомадонини менга қолдирганидан йигирма уч йил олдин, яъни йигирма икки ёшимда ҳамма нарсага қўл силтаб, ёзувчи бўлишга қарор қилиб бир хонага бекинган, тўрт йил ўтиб илк романим “Жавдат Бей ва ўғиллари”ни ёзиб тугатиб, ҳали нашр қилинмаган асарнинг қўлёзма нусхасини қўлларим титраб отамга бергандим. Йўқ, фақат дидига, заковатига ишонганим учун эмас, аксинча, онамдан фарқли ўлароқ, отам ёзувчи бўлишимга қарши чиқмагани учун унинг эътирофини эшитиш мен учун жуда муҳим эди. Бу пайт отам биз билан бирга яшамасди. Қайтишини сабрсизлик билан кутдим. Икки ҳафта ўтиб келгач, югуриб бориб эшикни очдим.
Отам ҳеч нима демади, аммо мени шундай қучдики, асарим унга маъқул бўлганини англадим. Ҳаяжонланганимиздан бироз сукутга толдик. Сўнгра, ўзимизга келиб олгач, отам менга илк асаримга ишончини ниҳоятда ҳаяжонланиб, ошириб-тошириб тушунтира кетди ва бир кун келиб, бугун бениҳоя бахтиёрлик билан қабул қилганим, ушбу мукофотни олишимни айтиб қолди.
Отам бу гапни ўғлига ишонганидан ёхуд мазкур мукофотни мақсад сифатида кўрсатишдан-да зиёда бир мақсадда – зурриёдини дастаклаш, унга далда бериш учун “Бир кун пошо бўласан!”, деган турк отасидек айтганди. Йиллар давомида отам мени ҳар кўрганида жасоратлантириш учун ҳам бу сўзни такрорлаб турди.
Отам 2002 йил декабр ойида вафот этди.
Швеция Академиясининг менга бу буюк мукофотни, бу шарафни тақдим қилган қадрли аъзолари, қадрли меҳмонлар, мен бугун орамизда отам ҳам бўлишини жуда истардим.
2006 йил
Турк тилидан Шермурод Субҳон таржимаси