Отамурод чол чорбоғининг ичидаги офтобшувоқда ўтиравериб зерикиб кетди. Кунига неварасини орқалаган кўйи келаверадиган, беш-олти уй нарида яшайдиган тенгқури Санам кампирдан ҳам бугун нимагадир дом-дарак йўқ! Ётиб қолмадими экан? Куни кеча “Кўкрагимда санчиқ бор, гоҳида ҳаво етишмай, энтикиб қоламан” деб ҳасрат қилаётган эди. Буёғи вақт ҳам пешинга яқинлашиб қолибди. Оёғида юрганида шу пайтгача бирровгина бош суқиб кетган бўлар эди. Чўзилиб ётган бўлса керак. Шундай ўйда ҳассасига суяниб ўрнидан турди-да, ҳовли этагида ўйнаб ўтирган невараларига кўз ташлади. Бировини югуртириб олмоқчи бўлди-ю, бироқ уларнинг ўйинини бузгиси келмади. Қолаверса, “Хасталаниб ётган бўлса, барибир ўзим бориб кўришим керак-ку”, деб ўйлади-да, дарвозанинг ички илгичини туширди.
Ташқарига чиққач, “Дарвозани ичкаридан илиб қолинглар” деб айтишга чоғланди. Бироқ тағин невараларининг қизиқ ўйинларини бузгиси келмади. Қолаверса, “Икки ҳатлам жой, бир зумда бораман-у қайтаман-да” деб ўйлади.
Борса, ҳақиқатан ҳам, Санам қурдоши инқиллаб-синқиллаб ётган экан. Келини ишига бормай қараб ўтирибди. Ҳол-аҳвол сўрашди. Уёқ-буёқдан гаплашган бўлди. “Мен ўлиб қолсам сенга жуда қийин бўлади-да!” деди Санам кампир унинг юрагини қаттиқ шувиллатиб.
Бу гапдан тоқати тоқ бўлиб, ортига қайтишга шошилди.
Уйига эндигина етиб келганида икки дарозгина йигит дарвозанинг кичкина эшикчасини очиб ичкаридан чиқиб келди. Қўлларида ўралган гилам билан шолча. Эшик очган заҳоти чолга рўпара келамиз деб ўйлашмаганми, аввалига иккаласи ҳам алланечук довдираб, каловланиб қолишди. Бир-бирига қараб олишди. Салдан кейин ўзларига келиб, бири мулойимлик билан деди:
– Дарвоза очиқ турганига кира қолган эдик… Ичкарида ҳеч ким йўқ экан. Гилам сотиб юрган эдик. Хиванинг гилами, оласизми, отахон?..
Иккинчиси:
– Шолчамиз ҳам бор. – деди. – Олиб қолинг, арзонгина, тушиб берамиз. Янги мол олиб келгани кетишимиз керак эди. Шунинг учун уйма-уй юриб арзон-гаров сотиб юрган эдик.
– Чироқларим-ов, мен билмасам. Агар ўғлим билан келиним тушликка келган чоғи келмасангиз… Манови жазирамада терлаб-пишиб кетибсизлар-ку. Оғир юкни кўтариб юравериш ҳам осон эмас. Ишларингиз ўнгидан келсин, чироқларим. Озгина нафас ростлаб, чанқовбости қилиб олсаларингиз-чи?..
– Йўқ, раҳмат, отахон. Олмайдиган бўлсангиз йўлимиздан қолмайлик, – деб улар йўлга равона бўлишди.
Отамурод чол невараларидан хабар олди. Молларга ўт солиб, суғорди. Товуқларига дон сепиб, чумчуқлардан қўриган ҳолда уларнинг донни чўқилашларини томоша қилиб турди. Шу билан пешин ҳам бўлди.
Келини билан ўғли тушликка келишди.
Аёл зоти сергак бўлади. Ичкарига кириб кетган келиннинг овози баланд эшитилди. Зум ўтмай ўзи ҳам ташқарига отилиб чиқди:
– Ота, айвоннинг деворига илинган гилам билан ерига тўшалган янги шолча қани?! Ташқарига олиб чиқиб ёйдингизларми?.. – Сўрашга сўради-ю, бироқ қайнотасининг оғир гиламни ташқарига кўтариб чиққанига ақли бовар қилмай, бир шумликни сезган юраги шувиллади. Аёл бўлганидан кейин мол-дунёга бир баҳя яқинроқ. Нимага ҳам олиб чиқсин? Мабодо неваралари шолчани булғаб қўйишгани учун олиб чиққан бўлса, у ҳолда деворда осилиб турган гилам қаёққа кетди?!
– Мен тегинмадим, чироғим. Нима эди?.. Йўқми?.. Бўлиши мумкин эмас!
Чол алпон-талпон юриб ичкарига кирди-да, айвонга тўшалган шолча билан деворга илинган гиламнинг ўрни ростдан ҳам кафтдек очилиб қолганини кўрди.
– Ё тавба, жин-шайтон чалдими буларни? Уйдаёқ ўтирибман-ку!
– Уёқ-буёққа чиқмадингизми, ота? Уйга ҳеч ким келмадими?
– Йўқ, болам, йўқ!.. Айтгандай, гилам билан шолча сотиб юрган икки бола келувди, шу. “Оласизми?” деб сўради. Мен “Билмайман” дедим. Бошқа ҳеч ким келмади.
– Ҳа, бўпти-да. “Ҳеч ким келмади” дейсиз тағин. – Келин қаттиқ юлқинди. – Уёқда улар гилам билан шолча сотаман деган бўлса, буёқда бизнинг гилам-шолчамиз йўқолган бўлса, шулар олиб кетган бўлиб чиқади-да. Гўрга кетадими бўлмаса?! Эшикни ҳеч кимга очманг, уйга қараб ўтиринг деб зор қақшаб кетасан… – дея зарда билан тўнғиллаб, болаларини чақирди келин. – Қувонишшш, Марзияяя, тирикмисанлар, ё ўлиб қолдингларми, ергина ютгурлар. Қувониш деяпман. – Келин Қувонишнинг отини атайин қайта-қайта айтиб турибди. Йўқса бошқа пайт отини айтмай, “Оқйигит” дер эди. Чунки қорақалпоқ удумига кўра тўнғич бола чол-кампирники ҳисобланиб, онасига қайин сифатида бўлади. Бола “ойи” демайди, “кеннойи” дейди. Бу – уйга дурустроқ пойлоқчилик қилолмаган Отамурод чолга келин бераётган дакки-дашном. Чолнинг ўзига тўппа-тўғри овозини кўтариб сўзлаёлмайди. Бетгачопарлик қилса, ишлари бундан беш баттар чаппасига кетиб қолишидан қўрқади. Чунки икки-уч йилча аввал бунақасини ҳам яхшигина кўрган. Ўша можародан кейин қайнотасига қайтиб сўзламасликка ичида ҳам, сиртида ҳам онт ичган. Роса тавбасига таянган! Ўшанда меҳмон бўлиб ўтирган қайинбекаси билан езнаси келинни қайнотасига овозини салгина баландлатиб гапиргани учун қаттиқ уришиб ташлашди. “Боқмасанг боқувсиз қол. Ўзимиз гард юқтирмай қараймиз. Сенинг заҳар-олуд сўзларингни эшитган кўйи бол шимиб ўтирганидан бизнинг ширин сўзимизни тинглаб, қора нон чайнаб ўтиргани афзалроқ қариган чоғида!” деб олиб кетишди. Ўз уйини ташлаб кетаётганида чол баттар мунғайиб қолди. Ўзи заҳмат чекиб йўқдан бор қилган, шунча йиллик умри кечган уйига энди ўзи бегона бўлиб турибдими?!.
Ўша лаҳзадаёқ келин кечирим сўраб ялиниб-ёлворди. Сабаби болаларига қараб ўтирибди. Уйи ҳамиша очиқ – қулф-калит нималигини билмайди. Ҳаммаси шу чолнинг шарофати. Бунинг устига, мўмайгина нафақаси ҳам бор. Ўз вақтида роса меҳнат қилган, орден-медаллари ҳам талайгина. Бунинг устига, уруш қатнашчиси. Шунинг учун байрамларда ҳукумат томонидан совға-салом ҳам келиб туради.
Буниси ҳали ҳолва: чол бир жойга меҳмон бўлиб борса, мезбон чопон, кўйлак, пул бериб, оқ фотиҳасини олади. Тўй-маъракалардан ҳам қуруқ қайтмайди. Олгиси келмаса ҳам “Йўлингиз улуғ, йўли шу” дейишади. Ўламан-саттор олмайман деса, “Нима, озсиниб турибсизми?” деб куйдиришади. Уйига келган қариндош-уруғлар ҳам кўпни кўрган нуроний отахоннинг оқ фотиҳасини олиш учун қуруқ келишмайди, ёқали кийимларгача олиб келишади.
Мана шуларнинг ҳаммасидан маҳрум бўлиб қолиш келинга ёқмади. Шунинг учун ҳам ўшанда бекатга қадар ялиниб-ёлвориб борди. Агар шанғилигини қўймай, бетгачопарлик қилаверса, фақатгина “соғин сигир” қайнотасидан эмас, хушбичим, чаққон, эсли-хушли, обрўси жойида, энг муҳими – қўрли-қутли, уйли-жойли эридан ҳам ажраб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Қайинбекасини яхши билади, аччиғи чиқса ҳар нима қилиши мумкин. “Инимни бу алвастидан ажратиб олиб, бошқа бировга уйлантираман” дейишдан ҳам тоймайди.
Ўшандан кейин уйидан кетиб қолган қайнотасининг ортидан бир-икки марта борган эди, келмади. Аниқроғи, қайинбекаси кетгани қўймади. “Агар яна оғиз очиб, юзига тик қарасам, юз-кўзимга туянинг товони” дея қайта-қайта оқ тавба-кўк тавба қилганидан кейингина қайинбекаси чолни зўрға ўзига қайтарди.
Мана шундай можаролар бўлиб ўтганидан кейин у қайнотасига қанақасига ботиниб сўзлай олсин.
– Қувониш дейман. Марзия дейман. Бу ёққа келинглар тез.
Иккаласи югургилаб келишди.
– Нима дейсиз, ойи?
– Мен нима дейман?. Ўзларинг ўз бошларингча ўйнайвермай, боболарингга кўмакчи бўлмайсанларми? Агар боболаринг ташқарига чиққанида дарвозани ичкаридан илиб қолганларингда эди, шу кўргилик бўлмас эди.
– Ҳой келин, айланайин, қўй, болаларга бақирма-чи. Айб уларда эмас, менда. Улар менинг ташқарига чиққанимни билмай қолишди… Айвонда осилиб турган гиламнинг ўғирланганини билиб, сендан кам қийналмаяпманми мен ҳам, чироғим. Чунки у гилам, ўзингга ҳам айтганман, бир пайтлар меҳмонхона тўрида илиниб турган жойидан олиб, “Модадан қолди ҳам сал эскирди” деб даҳлизга тўшамоқчи бўлганингда “Айланайин чироғим, бу гилам модадан қолиб, эскирган бўлса ҳам мен учун, шу уй учун азиз. Чунки уйнинг баракасини бериб, ризқ-рўзини бутун қилиб, аҳиллигини сақлаб, хавф-хатардан асрагувчи хосиятли молимиз, дунёмизнинг боши, кампиримнинг кўзи-ку, чироғим.” деган эдим сенга. Начора, қулай пайт пойлаб қаттиқ туширишди анови ноинсофлар. Илоё бало-қазо шу гилам билан шолчага қўшилиб кетсин. Бош-кўзимиздан садаға бўлсин! Энди жонимиз омон бўлсин деб тилайлик, келинжон. Дунё – қўлнинг кири. Худо бераридан қисмаса ўрни тўлиб кетар. Шундай эмасми, Қувонишжон? – дея чол тўнғич неварасининг бошини силаб эркалади.
Ҳалидан бери можарога аралашмай турган ўғли Марат оғзини гапга жуфтлаган хотинига ўктам қараш қилди:
– Отам тўғри айтяпти. Бўлди энди, шу гап шу ерда қолсин. Таг-тугини сўраб-суриштириб қарасанг, гилам билан шолчадан бошлаб шу уйдаги жамики қўлга илингулик мол-мулк отам билан онамнинг топган-тутгани-ку. Ҳаттоки уй-жойни ўмариб кетганларида ҳам ғиринг дейишга ҳаққинг йўқ сенинг. Иккаламиз ҳам бу уйга ақалли битта ғишт қўйган эмасмиз.
– Қўй, бундай дема, болам, – деди Отамурод чол. – Мен бу дунёни гўримга олиб кетмайман-ку. Бу дунё, бу мол-мулк сизларники, сизлардан кейин Қувонишжонники бўлади. Шундай қилиб бир-бирига уланиб кетаверади-да. Келиннинг аччиғи чиққани ҳам бекорга эмас, болам. Аёл киши бўлганидан кейин, мол-дунё уларнинг қўлларида йиғилади. Йиғилган дунё сочилиб-тўкилмай, йўқ бўлмай сақланади. Бироқ сал-пал сабр қилиб, гилам нима сабабдан ўғирланганини сўраб-суриштириб, ана ўшандан кейин “Ҳечқиси йўқ, ота. Гилам-шолча тенгқурингиз Санам момонинг соғлигидан азизроқ эмас. Қийналмай қўя қолинг. Шу уйнинг табаррук гиламини олиб кетган ноинсофларга у буюрмасин. Энди буёғига пишиқроқ бўларсиз, ота”, деб ҳурматимни жойига қўйган ҳолда енгилроқ дакки бериб қўя қолганингда узукка кўз қўйгандек бўлар эди-я, Сабаби “Бир кун уруш-жанжал бўлган уйдан қирқ кунлик ризқ-насиба қирқилади”, деган гап бор, чироқларим, Қолаверса, “Яхши сўз – жон озиғи”.
Жўялигина гап ўз таъсирини кўрсатдими, келин:
– Агар гапларим сизга оғир ботган бўлса, мени кечиринг, ота. Мен манови қулоқсизларни уришдим-да, – дея ўзича уялган бўлди.
– Бу болаларга бақирганинг ҳам менга тегди-да. Чунки менинг кўрар кўзларим, мендан кейин қоладиган тирноқларим-ку булар, – дея Марзия билан Қувонишни бараварига бағрига босди чол.
– Бўлди энди, тезроқ чой қўйиб, енгилроқ овқат қилиб юбор. Нари борса янаги ойликдан бир гилам олиб берарман, – дея Марат юз-қўлини юва бошлади.
Аччиқ-аламлар тумандек тарқаб, бирга-бирга баҳузургина тушлик қилиб ўтирганларида дарвоза тақиллади. Кўп ўтмай бир милиционер кириб келди.
– Қай боласан? Омонликми? – сўради қария.
– Омонлик, ота, омонлик. Қайтанга сиздан суюнчи сўраб келяпман. Мен шу аймоқнинг милиционериман. Отамурод бобо, мабодо бугун гилам билан шолча ўғирлатмадингизми?
– Ҳа, шундай бўлиб қолувди. Нима гап?
– Уйларга кириб майда ўғирлик билан шуғулланадиган ёш йигитлар пайдо бўлиб қолган экан. Анчадан бери ушлатмай юришган эди. Шулар ҳалигина қўлга тушди. Гилам билан шолча кўтариб кетаётганларида тезкор гуруҳ қўлга олди. “Ўзимизники” деб нари-бери бўйин товлашган эди, тилларидан тутиб, далиллар келтириб, ахийри бўйинларига олишга мажбур қилдик. Охирида сизнинг уйингиздан олганини айтишди. Тушдан кейин бўлимга бориб олиб кетишингиз мумкин.
– Яша, чироғим, барака топ. Касби-корингдан топганингнинг баракасини берсин. Ҳалол мол-мулким бирор соат ўтиб-ўтмай ўзимга қайтиб келаётган экан, сенга яна бир марта раҳмат, иним. Илоё бола-чақангнинг роҳатини кўр, – дея ҳудудий милиционерни дуога кўмиб ташлади чол. – Энди суюнчига нима берсам экан-а? – дея кўзларидан оққан севинч ёшларини қийиқчаси билан сидириб, оппоқ соқолини силаган кўйи бир муддат ўйланиб туриб қолди.
– Йўғ-э, Отамурод бобо, мен ҳазиллашиб айтдим-қўйдим-да. Бизнинг ишимизда бунақа олди-бердилар бўлмайди.
– Сенларда бўлмасаям бизларда бўлади-да, иним! Қорақалпоқда бўлади-да “суюнчи” дегани. Қорақалпоқсанми ўзинг?
– Ҳовва, бобо.
– У ҳолда индама. Юрагимни ўртаб турган энг қадрли молим, кампиримнинг кўзи бўлган гиламим билан шолчамни топиб берасан-да, тағин суюнчисиз кетасанми. Буёғи биз ҳам замона зайлини сал-пал биламиз. Сабаби кичкинтойлигимиздан шаҳарлик бўлганмиз. Ҳозир Маратжонга пул бериб, дўкондан Нукуснинг “қирғовул”ини олдирайинми? Буёқда овқат ҳам пишяпти, икковларинг бир отамлашиб…
– Йўқ, бобо, мен ичмайман. Хизматдаги одаммиз. Бироқ, майли, ўтирай. Ош-овқатингиздан тотинмасам юбормассиз. Лекин шиша керак эмас.
– Ўзинг биласан, чироғим, зорим бор-у, зўрим йўқ. Лекин бир шишанинг пулини суюнчи ҳисобида олиб кетасан. Менинг берганим табаррук, болам. Ҳар куни Отамурод бобонг гилам ўғирлатиб, сен топиб олаётганинг йўқ-ку, – дея чол яйраб кулди.
– “Сўз жўясини топса, мол эгасини топади”, деганлар. Сизга ҳам раҳмат, отахон.
Шу билан суюнчи атрофидаги гаплар хотима топиб, Отамурод чолнинг оқкўнгиллигидан усталик билан фойдаланган ўғриларнинг ўз гиламини ўзига “Сотиб оласизми?” деб қарияни боплаб туширганларини айтишиб, ҳаммалари кулишиб олишди.
Ўғил келинга маъноли қаради-да, яйраб гурунг беришга тушди:
– Ҳалигина куйиб-пишаётган эдинг. Гиламинг билан шолчанг қайтиб келадиган бўлди. Бизнинг қарияларнинг кўнгли тоза-да. Оқкўнгиллигига қараб беради. Бериб ҳам келяпти. Бунга кўп маротаба гувоҳ бўлганман. Овқат пишгунича гурунглашиб ўтирайлик, масалан, бир куни отам бозорлаб қайтаётганида автобусда бозорлиги солинган тўрвасини унутиб қолдирибди. Шунда “Ҳа, энди, начора, бугун ёш гўштнинг шўрвасини ичиш буюрмаган экан-да” дея бўшашибгина қайтиб келаётса, ёнидаги сой томондан “Ёрдам беринг” деган болакай овози эшитилибди. Апил-тапил бориб қараса, бир болакай сойда оқиб кетаётган экан. Қўлини базўр кўтариб, сувга чўкиб кетяпти. “Ёрдам беринг” деб бақирган қирғоқдаги жўраси экан. Сувга чўкиб бораётган болакайнинг бақиришга ҳам ҳоли йўқ. Дарҳол белига қадар сувга тушиб бориб, нарёғига ҳассасини чўзибди. Шундай қилиб, ҳассаси билан саёзроқ жойга тортиб чиқариб, ютган сувларини қусдириб, болакайни бир ўлимдан олиб қолибди. Шундан кейин уйга келиб дам олиб ётган экан, нариги кўчадаги Туримбой қассоб қўлида каттакон сигирнинг улкан бир сонини кўтариб келибди:
– Ҳали сувга чўкиб кетаётганида сиз қутқариб қолган бола менинг ўғлим эди, оқсоқол. Барака топинг, иймонингиз саломат бўлсин, мановини пишириб енг. Энди сўйиб турган эдим, нима бўлганини эшитдим-у бу ёққа қараб югуравердим. Сигирнинг бир пайи ҳам сизники. Ҳали тайёр эмас эди. Тайёр бўлганида олиб келиб беришади…
– Йўғ-э, қўйинг, иним. Мен қўлимдан келган ишимни қилдим. Кўмакка муҳтож одамга ёрдам қўлини чўзиш мусулмончиликнинг қоидаси-да.
– Гапингиз тўғрику-я, оқсоқол. Ўзи сиздек табаррук ёшдаги одамни бир меҳмон қиламан деган ниятда юрган эдим. Худонинг буюргани шунақа экан-да! – деб қўярда-қўймай ташлаб кетди. Олиб кетмаганидан кейин ортидан улоқтирасанми? Турумбой оға кўп йиллардан бери қассоблик қилади. Ўзига тўқ яшайди. Шунинг учун ҳам берганнинг бетига қарамадик. Агар жўжабирдек жоннинг ризқини қийиб олиб келиб ўтирган ночоргина хўжалик эгаси бўлганида умуман олмай, қолдириб кетганда ҳам, кейинчалик бизларга обортириб ташлатар эди отам.
Кечқурун чекига тушган пай ҳам келди. Бунинг устига салгина ўтиб уч-тўрт кўча нарида яшайдиган бир аёл келиб турибди, отам унутиб қолдирган тўрвани кўтариб.
Мана шунақа, бизнинг чолнинг жамики мол-дунёси ҳалолдан йиғилгани, ўзи ҳам ҳалол-инсофли, ризқ-насибаси бутун бўлгани учун ҳар бир ишининг охири бахайр бўлиб қолаверади, – дея мақтана кетди Марат.
– Тўғри айтасиз, иним. Чол-кампири бор уйнинг ризқ-насибаси бутун бўлади. Бу ризқни ҳеч ким қиёлмайди ҳам. Бекорга “Қариси бор уйнинг париси бор” демайдилар, – деди назоратчи милиционер. – Мана мен тириклигида ота-онамнинг хизматини дурустроқ қилолмадим. Шунинг ҳиссасини чиқарай деб қабрлари устига ҳашаматлаб улкан гумбаз қурдирдим. Ҳар пайшанба бориб тураман. Уларнинг хотирасига чол-кампирларни уйимга чақириб, дастурхон ёзиб, хайр-эҳсон қилиб, руҳи покларига дуои фотиҳа қилдириб тураман. Бироқ, барибир, кўнглим тўлмайди. Таскин топавермайман. Ўлгандан кейин туя берганингдан тиригида игна берганинг афзалроқ экан! Бунга ақлим кечроқ етди-да, оқсоқол, – деб кўзига ёш олди милиционер.
Тушликдан кейин Марат гилам билан шолчани олиб келди.
Қорақалпоқ тилидан Отаули таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 5-сон.