Ваниҳоят Соуфи ўз хонасида дам олиб ўтирар эди.
У ўлгудай толиққанди. Кун жуда оғир ўтган; худди кечаги кундай, худди кечадан олдинги кундай оғир ўтганди. Аслида-ку, ҳар бир кун шундай оғир тарзда ўтар ва бу кунлар Соуфининг ёшлигини ҳам аста-секинлик билан ундан узоқларга олиб кетмоқда эди. Яна икки йил ўтгач, Соуфи ҳам эллик ёшни уриб қўяди. У учун ҳар бир кун борган сари оғирлашиб борарди.
Пастдаги коридордан Бека билан хўжайиннинг ғўнғир-ғўнғири оқсочнинг қулоғига чалинди. Беканинг жаҳл отига мингани яққол сезилиб турарди. Эри билан гаплашганида унинг тепа сочи тикка бўлиши одатий ҳолга айланиб қолганди.
Қўнғироқ чалиниши билан Соуфи сакраб турди. У дик этиб ўрнидан турди-ю, коридор томон ҳаллослаганча югуриб кетди. Оббо, қўнғироқ тағин чалинди. Бека кутишни ёқтирмасди.
“О, Худойим-ей, Соуфи! Қорангни энди умрбод кўрмас эканманми, деб ўйлагандим!”
Соуфи миқ этмади. Нима ҳам десин? Бека эшиги очиқ гардероб олдида куймаланарди. У қўлига бир даста қилиб кўйлакларини илиб олган, яна аллақанчаси дивани устида ҳам ёйилиб, сочилиб ётарди.
“Эртага, Соуфи”, – деди Бека шошилаётганидан нафаси оғзига тиқилиб, “бизлар Римга жўнаб кетамиз. Эртага эрталаб. Демак, айни дақиқаданоқ тайёрланишимиз зарур”.
“У ёқда қанча вақт бўласизлар, Хоним?”
“Бунисини билмайман. Эҳтимол, икки ё уч ҳафта бўлармиз”.
“У ҳолда каттароқ жомадонни ростлаганимиз маъқул эмасмикан, Хоним, мен ҳозир бориб ўшани олиб келаман”.
“Кел, сенга қарашиб юбора қолай, Соуфи”, – деди Бека оқсочи зил-замбил жомадонни келтириши билан. Одатда Бека атрофида қари аёлнинг уймаланиб юришини жини суймасди. Аммо Соуфи ўз ишини кўнгилдагидек адо этарди.
Кекса оқсоч нарсаларни жойлаштириш билан банд экан, кўнгли негадир чўкиб борарди.
“Бутун кунни диванда -”, – дея ўй сурарди у, “айнан Хонимники сингари каттагина роҳатижон диван устида ўтказиш. Фақат ухлаш, дам олиш, яна Хоним тўғрисида ва унинг қайси топшириқларини бажариш ҳақида зиғирча ташвиш қилмаслик – шунақаси ҳам бўларканми?”
“Унинг сўнгги ўйинидан кейин , – Бека эри ҳақида сўзлаб кетди, – ўзининг айтишича, бир тийини ҳам қолмаган эмиш. “Бирор донаям янги кийим сотиб ололмайман”, – деди у”. Бека деразадан ташқарига бир қараб олди. “Боз устига”, – дея гапида давом этди у, “Эримнинг қари отаси ҳам пешонамга келиб қолган. “Шундай шоир эринг билан фахрланишинг керак”, дейди-я қария тушмагур. Юзига қараб хохолаб юборишдан ўзимни зўрға ушлаб қолдим”. Бека қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. “О, ўзимнинг Соуфигинам-ей, нечанчи осмонларда учиб юрибсан-а? Манави алмисоқдан қолган яшил кўйлакни жойлашингга бало борми?”
Соуфи индамасдан кўйлакни гардеробга олиб бориб қўйди.
“Нима учун бу айнан шу кеча қовоқ-тумшуғини осилтириб олибди?”- деб ўйларди Бека ичида. “Юзлариям сарғайиб, тишлари кўкариб кетибди. Бунчалик хунук бўлмаса. Яхшиси ухлагани жўнатиб юбора қолай. Аммо нима қилиб бўлса ҳам иш якунланиши керак-да. Нима қилсам экан-а?” Бека ўз-ўзига ачиниб кетди.
“Ҳаёт оғир-да”, – дея ўй сурганча Бека дивани устига чўкди. “Сарғайган юз ва кўкарган тишлар! Ростданам ўта ёқимсиз!” Соуфининг афти Бекани касал қилаёзди.
“Ҳаёт оғир-да”, – дея яна такрорлади Бека. У оқсочини хонасига кетказиб юборса ҳам бўларди. Бироқ лаш-лушларини ҳозирлашни бир ўзи эплолмасди. Устига устак, эртага саҳарлаб Римга кетишлари жуда муҳим эди. Бека эрига саёҳатга кета олишини айтганида, эри ишонқирамай мийиғида кулиб қўйганди.
“Соуфи, – деди хоним ниҳоят бир чора топгандай, – бориб, менинг пардоз столим устини бир қарагин-а. Ўша ерда пуштиранг бир упа турибди. Ўшандан ёноқларингга озгина суриб олгин. Яна ўша жойда қандайдир лаб бўёғи ҳам бор”.
Кекса Соуфи ўрнидан туриб, пардоз столига боргунича ва айтилган топшириқни адоғига етказгунича Бека кўзларини юмиб турди. Оббо, бу хотин мунча ивирсимаса… Ниҳоят, Соуфи имиллаганча жойига қайтиб келиб, нарсаларни жойлашда давом этди. Хоним кўзларини очди. Вой, шуниси яхшироқ бўлди, сал бўлса-да одамбашара бўлди-қолди.
“Раҳмат, Соуфи. Тузуккина одамга айландинг-қўйдинг”. Бека ўрнидан турди. “Қани энди, чаққон-чаққон қимирла, мана бу нарсаларни тез жойлаб олайлик”.
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси