У: “Жуда ҳам ўзгариб кетибсан”, демоқчи бўлди-ю, лекин “Ҳеч ҳам ўзгармабсан”, деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Улар бир-бирларини кўпдан буён танир эдилар. Гўё улар ҳозир биринчи маротаба учрашиб қолгандай эдилар. Бу эркак ёшлигида қаршисидаги ана шу шаҳло кўзларга, майин сочларга, чўччайган лабларга тўйиб-тўйиб қарамагандай эди. Ҳозир қаршисидаги соҳибжамолнинг фироқида ёниб, кечаю кундуз у ҳақида ўйламагандек.
Оёқлари ҳали ҳам аввалгидек чиройли… туфлиси ҳам… у доимо худди шундай хипча туфли кийиб юрарди. Қани энди ҳозир ҳам ташқи кўриниши ўн икки йил аввал кўрганидай бўлса!..
Апрель ойининг охирлари, кунботар пайт. Сочлари оқарибди, юзига ажин тушибди. Қани энди, ҳозир бу аёлга йигирма ёшидаги ошиқи-беқарор бўлиб юрган пайтидагидек қаролса эди…
– Ҳеч ҳам ўзгармабсан, – деди эркак аёлнинг кўнглини кўтариб.
– Сен ўзгарибсан, – деди аёл эркакнинг кўзларига тик боқиб.
“Бу аёл ёшлигида ҳам чўрткесар, шарттаки эди. Ҳар бир сўзнинг оғир ботиш-ботмаслигини ўйламай, юзингга шартта айтарди-қўярди”. Лекин эркак эса мулоҳаза билан гапирарди, дилидаги гапни тилига чиқариб гапирмасди. Улар ёшликда учрашиб юрганларида йигит қизнинг юрагида нима борлигини билолмади. Ниҳоят, улар ажралиб кетдилар.
– Сен ҳамон ўша-ўшасан, – деди эркак аёлга жилмайиб.
– Ростданми?
– Билмайман, балки кўзимга шундай кўринаётгандирсан…
“Бекорчи гапларни қўйсанг-чи!..” демоқчи бўлди аёл. Улар бир-бирларига тикилиб турардилар.
– Балки ўтирармиз? – таклиф қилди эркак.
Кема қирғоқдан жўнаб кетди. Палуба осойишта эди. Ёқимли шабада эсмоқда.
Аёл юпун кийинганди.
– Совуқ эмасми? – сўради эркак аёлдан.
– Йўқ-йўқ, совуқ эмас! – жавоб қайтарди аёл.
“Менга ғамхўрлик қилаяпти, – ўйлади аёл. – Қизиқ, ҳали ҳам мени севармикин, а? Бўлмасам-чи, эсидан чиқармагани кўзидан кўриниб турибди. Ўн икки йил аввал қандай севган бўлса, ҳозир ҳам шундай севади”.
Аёл уни университетда ўқиб юрганларида қандайлигини эслашга ҳаракат қилди. Ҳарчанд уринмасин, барибир ўша дамдаги унинг қиёфасини сира эслай олмади.
Йўқ, аёл уни олдинги вақтидагидек ҳолатига ҳечам ўхшатолмади. Фақатгина унинг айрим сўзлари-ю, қилиқларинигина эслай олди, холос. Яна, бир куни худди шу бугунгидек денгиз қирғоғида ўтирганларини, сўнг мўъжазгина қаҳвахонага кирганларини эслади. Улар қаҳва ичдилар, қаҳва қуйқумидан фол очмоқчи бўлгандилар.
Йигит қизни чин юракдан севиб қолганди. Унинг назарида қиз ҳам йигитни севиб қолгандай эди. О, ёшлик… ўн саккиз яшар инсон ўзи ҳақида аввалдан нимани ҳам айта оларди. Ёшлик онлари ҳеч қачон тугамайдигандек: ўтиришларга, ўйингоҳларга, кино ва рақс кечаларига боришдан, ўйнаб-кулишдангина иборатга ўхшаб туюларди. Қаердадир йигит қизни ўзининг тонгдай мусаффо севгиси ила кутиб турарди. Қиз эса, худди ёш гўдак каби кўп ўйинчоқлар ёнига келаётгандек йигитнинг висолига ошиқарди. Қиз ҳаммавақт уни интизорлик билан кутишини истарди. Қачонки кўнгли тусаган пайтда қиз уларни қолдирган жойидан олишни хоҳларди. Қиз бу ўйинни инсонлар билан ўйнарди. Агар инсоннинг қалбини чил-чил синдирсанг, бу яра ҳеч қачон битмайди. Қиз эса, қанчадан-қанча ёш юракларни жароҳатлаб ўйнарди. Ўша пайтда бу йигит билан қаҳвахонада ўтирганидан тортиб, то ҳозирги кунгача босиб ўтган йўли унга ғоятда даҳшатли кўриниб кетди. У дабдурустдан сесканиб кетди-да, устки кийимининг ёқасини кўтариб қўйди.
– Совқотаяпсанми, юр, пастга туша қолайлик.
“Ҳар доим мени ўйлайди… Тавба, бўлиб ўтган ишларни билатуриб ҳам севади…”
– Йўқ, совқотмаяпман, – жавоб берди аёл. – Яхшиси, ўзинг ҳақингда гапир! Нима қилаяпсан? Қаерда ишлаяпсан?
Эркак унга сигарета тутди. Лекин аёл уни рад этди. Эркак аёлдан рухсат сўраб чека бошлади.
“У ҳар вақт сигаретани шундай ушларди, – ўйлади аёл. – Жаҳлим чиқиб, чекишни ҳам уддалай олмайсан, деб таъна қилганим-қилган эди. Ҳозир ҳам сигаретаси қўлидан тушиб кетай-тушиб кетай деб турибди”.
– Сенга нимани ҳам гапирай? – чуқур хўрсинди эркак. – Ишлаяпман. Чет элга ишлагани кетган эдим. Истамбулда бир неча йилдан бери бўлганим йўқ. Мана, келганимга энди икки ой бўлди. Яхши жойлашиб олдик, бирдан олдин, бирдан кейин яшаб юрибмиз.
Гапирадиган ҳеч гап йўқ! Уларнинг охирги учрашувларидан кейин қанчадан-қанча сувлар оқиб ўтди. У уйланиб, ота ҳам бўлди. Ҳар доим бирор нарсани эсламоқчи бўлсанг, кўз ўнгингда, хотирангда сақланиб қолган ёшлик кунларинг жонланади. Лекин қаршисидаги бу аёл бир вақтлари қалбининг тўридан жой олган бўлиб, унинг энг яқин, ҳеч вақт унутолмайдиган севгилиси бўлиб қолганди.
Эркак гапида давом этди:
– Ишлаяпман… Яшаш жойим ҳам ёмон эмас.
– Хотининг, болаларингнинг аҳволи қалай? – сўради аёл. Бироз сукутдан сўнг:
– Бахтлимисан? – деб қўшиб қўйди.
Бахт! У ўша ўтиб кетган қайғусиз кунларда, шу моҳипайкарнинг фироқида куйиб-ёниб, уни интизорлик билан кутган вақтларидагина бахтли бўлган эди. Энди-чи, бахт қаерда дейсиз, уни қанча қидирмай ҳеч қаердан топиб бўлмайди. Аҳён-аҳёнда насиб этадиган баъзи хурсандчиликларни айтмаса, умри кундалик ташвишлар билан ўтмоқда.
Эркак уйланаман, бола-чақа қиламан, хотинимни астойдил севаман деб орзу қилган кунларини аллақачон унутган эди. У уйланган аёл оддийгина. Унга тасодифан уйланди. Мабодо севганига уйланганида ҳам балки ҳаёти шундай кечармиди? Одатда кўпинча шундай бўлади-ку! Жаҳонда бахт борлиги тўғрисида бош қотириш бемаъни иш. Бахт йўқ. Бахт деб аталган нарса хомхаёл, ушалмайдиган орзу.
– Бахтлиман, албатта, – жавоб қайтарди эркак. – Ўзинг-чи?
– Мен ҳам бахтлиман, – деди-ю аёл мийиғида аста кулиб қўйди.
“Қаердаги беҳуда гапларни гапираяпман-а… – деб қўйди аёл ичида. – Иккимиз ҳам қаёқдаги бемаъни гапларни гапираяпмиз”.
Қизиқ, улар ҳозир бир-бирларини қандай қилиб таниб қолдилар! Қоронғида дабдурустдан кўзлари кўзларига тўқнашиб қолди. Ўша аввалги ўткан кунлари беихтиёр эсларига тушди. Аёл ҳўнграб юбормаслик учун юзини четга бурди.
Кўприк орқада қолди. Бойўғлининг қиёфаси худди улар кинода кўрганлари Манхеттен оролини эслатар эди. Эркак биринчи бўлиб: “Қара, сенинг Манхеттеннинг”, деб жимликни бузди. Улар ёнларидан тунеллар, меҳмонхоналар, кўрфазлар, уйлар, кемалар, қайиқлар, трамвайларнинг ўтишига асло парво қилмасдилар.
Очиғини айтганда, бунақа воқеалар бўлиб туради. Вақтнинг зудлик билан ўтиб бораётганини ҳеч ким сезмайди. Ҳа, вақт зумда ўтади-кетади. Асло уни тўхтатиб бўлмайди. Севги, ишонч – буларнинг бари ортда қолади…
Уларнинг бир-бирларини ҳаддан ортиқ севган кунлари ҳар ҳолда алоҳида ажралиб турмоғи лозим. Айтгандай, қиз йигитни бир лаҳза бўлса-да, севганмиди? Ҳа, ўша пайтда қиз: “Сени севаман”, деганди. Ўша ондаги ҳисларнинг ягона, ҳақиқий ҳис-туйғулар эканлигини у шу лаҳзадагина тушунди.
Эвоҳ, ўша дамдаги бахт қўлдан чиқди, ҳа, қўлдан чиқди! Ҳар бир истаган кишим мени севиб ардоқлайди, мен ҳам истаган кишимни сева оламан, деб ўйлаган эди.
Эркак қўлидаги сигаретани тўлқинланиб оқаётган денгизга улоқтириб юборди.
– Истамбулни роса соғиндим-да, ўзимам, – деди эркак.
– Нималарни эсладинг? – сўради аёл.
– Босфорни, кемаларни, Бойўғлидаги кўприкни, кинотеатрларни эсладим.
– Яна қаерларни?
– Яқин кишиларимни, албатта.
Гапиришга арзийдиган гапи бўлмаган одамларнинг суҳбати бемаъни бўлади. Қайтанга учрашмаганлари маъқул эди. Ҳеч бўлмаганда бу учрашув ҳақида юракни эзадиган ўйлар бўлмасмиди? Ана шунда бир-бирлари тўғрисидаги ўша эски хотиралар қалбларида умрбод сақланиб қолган бўлармиди! Лекин бу тасодифий учрашув уларнинг бир-бирларига бўлган меҳр-муҳаббатини маҳв этди.
Аёл: “Нега менга уйланмадинг?” деб сўрашга жазм эта олмади. Бу ҳақда қандай сўрай оларди ҳам. Ўзи уни менсимай кетди-ку. Ўйинчоқ каби ўйнади-ку! Улар чурқ этмай, бир-бирларига термулдилар. Бу оғир учрашув эди. Охири эркак нима дейишни билмай:
– Кўйлагинг жуда чиройли экан! Ҳар доимгидек гўзалсан, – деди.
– Қўйсанг-чи, азизим, ахир бу эски кўйлагим-ку!
– Жудаям чиройли экан, сени очиб юборибди.
Пастда кимдир бир қўшиқни хуштакда бетиним хиргойи қиларди. Бу хазон бўлган севги ҳақидаги қўшиқ эди:
Севишганларни ҳаёт,
Бир-биридан қилади жудо.
Изларини ювар денгиз,
Бўлгандан сўнг улар айро.
Бу қўшиқ сўзларини энди уларга нима қизиғи бор? Ўша вақтда айтиладиган қўшиқ бутунлай бошқача эди. Бу эса янгиси экан. Бошқа кишилар шу хазон бўлган севги ҳақидаги қўшиқни эшитиб, қачонлардир ўзларининг ўтиб кетган ёшликларини эслайдилар.
Узоқда чағалай чарх уриб, қанотларини кенг ёзиб учарди. Бироздан сўнг ҳаммаёқни қоронғулик чулғади.
– Уйингга кетаяпсанми? – сўради эркак.
– Йўқ, ўртоғимникига кириб ўтмоқчиман. Сен-чи?
– Менинг зарур ишим бор…
Ҳаммаси беҳуда гаплар, қалб сўзлари эмас!.. Бу сўзлар сохта, кўнгил учун айтилган гаплар. Бу сўзлар ўз маъносини йўқотган. Худди улар авваллари севишмагандек эди. Фақат бир-бирларини соғиниб, меҳр билан тикилишларидангина буни уқиб олиш мумкин эди, холос. Бу кўзларда сўнган ўтнинг учқунлари аста-секин ёлқинланарди.
“Учрашмаганимиз маъқул эди, – ўйлади эркак. – Жудаям ўзгариб кетибди. Бундай ўзгариб кетишини сира хаёлимга келтирмагандим. Қариб қолибди, озиб кетибди. Тавба, бу кўйга қандай тушди экан-а. Ҳаёт нақадар бешафқат!”
Вақт севган одамингнинг чеҳрасига ҳам рахна соларкан. Балки аёлнинг ҳам худди шу сўзлар хаёлидан ўтаётган бўлса ажаб эмас. Худди савдогарларга ўхшаш бу семиз эркак қаердан пайдо бўлди экан! Қани, унинг ёшликдаги кўркам, келишган қадди-қомати?
Иккисининг ҳам кўнгли бузилиб кетди. Улар зумраддек тўлқинланиб оқаётган мовий денгизга тикилиб ўтирардилар.
– Болангнинг ёши нечада? – сўраб қолди аёл тўсатдан.
– Каттаси тўртда, кичиги эса бир ярим яшар.
– Боланг иккитами? Қай бирини кўпроқ яхши кўрасан?
Аёл орадаги оғир жимликни бузиш учунгина ушбу саволни берганди. Эркак аёлнинг берган саволига жавоб бермай, мийиғида кулиб қўя қолди…
“Қаёқдаги бўлмағур гапларни гапираяпман-а, – ўйлади аёл. – Тезроқ бандаргоҳга ета қолсак эди! Бу суҳбатни давом эттиришнинг ҳожати йўқ. Ўтган ишларни эсламаслик керак, ундан қочмоқ лозим. Фақат яқин орада танишган кишингнигина севишинг мумкин. Эски муҳаббат, севиш-севилишлар фақат хотирадагина сақланиши керак”.
Истамбул оқшоми ўзгача эди. Қизғиш уфқ. Тимқора осмон. Чағалайлар. Кичик моторли қайиқлар. Ёқимли куй. Қувноқ хандалар. Илгари ҳам худди шундай бўлган эди. Узоқ йилларгача буларнинг барчаси ўз ўрнида қолади, лекин нимадир бир умрга қайтмас бўлиб ғойиб бўлади. Бу нима ўзи? Буни тушуниш қийин…
– Автобусга шошилаяпман, – деди аёл. – Эртароқ боришим керак.
Аёл ўрнидан турди. Эркак унинг кетаётганидан хурсанд бўлиб ўтирган жойида қолаверди. У хаёлидан: “Кетгани яхши. Унинг ёшлик пайтларини эслайман”, деган сўзларни ўтказди.
– Хайр, омон бўл. Сени учратганимдан ғоятда хурсандман, – деди эркак.
– Мен ҳам. Хайр, яхши қол!
Узоқдан аёлнинг енгил қадам ташлаб, сочининг оҳиста тебраниб бориши худди ёшликдаги юришини эслатиб юборди. Илк учрашув кунларида ҳам у худди шундай енгил қадам ташлаб унинг истиқболига келганди. Бир кўнгли уни чақирмоқчи бўлди, лекин тезда бу фикридан қайтди.
“Қаёқдаги бўлмағур гапларни вайсаб келдим-а! – ўйларди эркак. – Нималар ҳақида сўзлашни билмадим. Тузукроқ гап ҳам айтолганим йўқ”.
Уни уйда хотини, болалари кутишарди. Иссиқ овқат кутарди. Бу унинг кундалик ҳаёти. Айни ҳақиқат шу. Эрталаб ишга, кечқурун оиласига қайтади. Ишдан хориб-чарчаб қайтиб келгач, ухлайди. Севгисиз кунлар… Унинг ҳаёти шундан иборат. Агарда хотирасида ҳали ҳам илк севгиси сақланаётган бўлса, буларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан унутилиб кетиши муқаррар. Ушалмаган орзу ҳақида қайғуриш беҳуда нарса. Ўтиб кетган ёшлик ҳеч қачон қайтиб келмайди. Инсон ҳозирги кун билан яшамоғи лозим.
Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 12-сон