Таржимондан
Ўғуз Атай нафақат турк адабиётининг, балки жаҳон адабиётининг таниқли ёзувчисидир. Ўзбек китобхони учун Атай ҳали очилмаган қўриқ, юрилмаган сўқмоқ кабидир. Бу эса янгиликка ошуфта, кашфиётларга тайёр китобхон учун айни муддаодир. Ўғуз Атайни илк марта ўзбек тилида ўқиётган китобхон учун таржимада етакчилик қилган инверсия ҳолати (гап бўлакларининг ноодатий тартиби) бироз ўнғайсиз туюлиши мумкин. Лекин бу ҳикоя Атай ижодида айни шу ноодатий услуби билан ўзига хос ўринга эга. Шу сабабдан ҳам таржимада инверсияни сақлаб қолишга ҳаракат қилдик, чунки айнан инверсия юзага чиқараётган гап урғулари бор. Муаллифнинг бошқа асарлари, жумладан, романлари ўзбек тилига ўгирилса, гувоҳи бўласизки, бу ҳикоя Атай дунёсида мутлақо ўзга ҳодисадир: ҳам структура жиҳатидан, ҳам услуб жиҳатидан, ҳам гап қурилиши жиҳатидан. Ҳикоянинг ғояси эса алоҳида бир мавзу. Сиз азиз китобхонларга, завқли мутолаа тилайман.

ОҚ ПАЛЬТОЛИ ОДАМ
Гавжум бир оломон орасида эди. Чўнтагида ҳемири ҳам йўқ омадсиз эди. Масжиднинг олдида тиланчилик қилаётганди. Катта бир масжид эди бу. Миноралари, гумбазлари, пештоқлари ва панжарали деразалари – бари-бари мукаммал эди. Аммо тиланчилар учун масжиднинг энг муҳим ери кенг саҳнли ҳовлиси эди. У бир чеккада турарди. Бирор бир қилиқ кўрсатмаганиданми ёки раҳм-шафқат уйғотувчи ғариб қиёфаси йўқлигиданми ва ёки ўзини бутун борлиқдан айирган кўйи саноқсиз муваффақиятсизликларини қайғуга арзитиб тузук-қуруқ ўйлолмаганиданми – ҳатто тиланчилик қилаётиб ҳам омадсиз эди. Кичкина идишларда бодроқ сотмагани учун болалар ва қушларга ўзгалар номидан яхшилик ҳам қилолмасди; бунинг устига, у на – эгнида қирмизи жуббаси бор, фолбин сиёқли қария сингари тушлик вақтида олд томонини тушириб қўйса, ростмана дўкон эшиги каби соҳибини кўздан яширувчи ошланган қўй териси билан ўралган ғилдиракли бошпанада яшарди ва на – бесўнақай семиз, ногирон баққол сингари тасбеҳ-у кўзмунчоқларини, чақмоқтошларини бошқа сота олмаслигига кўзи етган заҳоти рулга ўтирганча мотосиклига бириктирилган растаси билан истаган ерига кета оларди. На сармояси ва на кўзга ташланарли бир қусури бор эди. Балки, йўлдан ўтаётган бир нотанишни тўхтатиб, касалхонадан эндигина чиққанини, қурилишдаги ишбоши ҳамқишлоғининг ёнига бориш учун пули йўқлигини айтиб, қишлоқлик бечора ролини ўйнаса бўларди; аммо гапирмагани учун бу борада ҳам бир муваффақиятга эришиши ғоят қийин эди. Масжид деворига суяниб туришдан бошқа диққатга арзигулик ҳеч қандай ҳаракат қилмасди. Ҳаттоки кафтини очишга ҳам уриниб кўрмасди. Шундай бўлса ҳам, кабутарлар ва бодроқ идишлари, масжиднинг бўртиб чиққан қия деворига терилган шаҳвоний ва диний китоблар, халқни баъзи ижтимоий иллатлардан огоҳлантириш мақсадида кўзга кўриниб турсин деб дарахт поясига ўралган газеталар ва тилхат эвазига хайрли ишлар қилаётган кишилар сони кўпайган бир пайтда, уни ногирон деб ўйлади, шекилли, ҳижоб ўраган чўпдай озғин бир аёл бу истаксиз тиланчининг кафтини ўгириб, озроқ пул қўйди. Эҳтимол, ўша пайтда тик кўтарилган қуёш сабаб кўзлари пирпираб, пулга қарамади; эҳтимол, масжиднинг ички ҳовлисида ўйнаётган болаларга астойдил тикилиб қолганидан кафтини ёпишни унутди. Буларнинг бари куннинг илк хайрсевари бироз узоқлашгандан кейин содир бўлди. Аёл унинг юзига қараб тураркан, атайинми ёки билмасданми, кўз қорачиқларини ҳеч қимирлатмаганди. Шунинг учун илк ҳомийси у ҳақида кўр бўлса керак, деган хулосага келган эди. Кафтига тушган яна бир танганинг овозидан ўзига келгандек бўлди: бошини кўтаргач, худди ўзига ўхшаш, кийимлари йиртиқ, узун соқолли одамни кўрди. Кейин…Кейин эса эски гиламдан тикилган қўпол бозор халтасини асабий титкилаганча тангалар учун мўлжалланган ҳамёнини қидираётган ёш қиз кўринди қаршисида; каттагина танга кафтидаги бошқа тангалардан қийматлироқ эди, қўли оғирлашди.
Бир аёл қўлидаги йўргакланган чақалоқни бағрига босганча шундоққина чўккалади ёнига. Бир муддат уйғунсиз икки соя мисол деворга суяниб турдилар. Сўнг нотаниш кўланкани ёлғиз қолдирган кўйи масжид ҳовлисининг ўртасига қараб юрди. Шунда қирмизи жуббали чолнинг ғилдиракли тери “кулба”сидан ҳасса узанди оёқларига; сал қолса йиқилиб тушарди. “Мени сояга олиб бор, йигит”, — деди чол қўрслик билан. Ғилдираклар тўғрига қараб итарилгач, “У ёққа эмас”, — дея тепинди қизил жуббали фолбин ва тери ёпинчиқли “кулба”сидан ташқарига чиқди; ғилдираклар чол истаган томонга бурилди. Қария тери “кулба”сининг очиқ қолган томонини жаҳл билан ёпди; бошқа бир томонидан деразага ўхшатиб кичикроқ тешик очди. Ва шу тешикдан ўзигагина аён гина билан қаради ҳовлига.
Сояда қолдирди қарияни; сўнг кетди ва яна деворга суянганча пулларига кўз югуртирди. “Соппа-соғлом одамсан, уялмайсанми гадойлик қилишга?” – норози бир овоз эшитилди ёнбошидан, бошини кўтарди. Семиз бир киши турарди: “Сендақа текинхўрлар иш буюрилса ҳам қилмайди”. Унинг ерда турган чамадонига қаради, икки қўли билан маҳкам тутиб, юкни кўтаришга уриниб кўрди; эплолмади. Шу пайт узоқроқдаги эпчил бир ҳаммолга кўзи тушди. Унга тақлидан ҳаракат қилиб кўрди: чўккалаганча орқасини чамадонга тиради, дастасидан ушлади, силтаб орқасига ортмоқчи бўлди; йўқ, ўхшамади. Ниҳоят оғир юкни семиз одамнинг кўмаги билан аранг ортмоқлади.
Йўлда юк эгаси гавдасига номутаносиб ингичка овоз билан: “Икки ярим лирадан кўп бермайман”, деди. Улар ёнма-ён юришди. Бандаргоҳга етиб келгач, орқасидаги юк билан бирга ерга ташлади ўзини. Чамадон эгаси тўхтади ва бир муддат тараддудланди; кейин эса пулни узатди – аҳволига ачинганга ўхшарди. Паромга ҳам алоҳида тўлов эвазига кириши мумкин эди; бироқ ҳаммоллар тўдасининг мустаҳкам деворини бузиб ўтолмади. Сўнг бандаргоҳ назоратхонаси девори тагида бир муддат тиланчилик қилди. Қайтадан юк ташиш эҳтимоли сезила бошлагач эса ҳалиги тўда томонидан тўғри катта кўчага қараб итқитилди. Уст-боши тўзғигани етмагандай секин чайқаларди турган жойида. Уни куннинг шу пайтида маст-аласт юрганликда айблаганлар ҳам бўлди; шундай бўлса ҳам, яхшигина ишлади. Кейин эса яна чамадон, сандиқ ва ҳоказо (бандаргоҳга қадар). Уни тўрт мучаси соғ деб ўйлаганлар билан ногирон ҳисоблаганлар орасида бориб келди. Яна ишласа бўларди шу тарзда. Фақат пўрим кийинган бир жаноб унга пул бериш учун қўлини чўнтагига суққан пайтда ёнларидан ўтиб кетаётган аёлнинг қучоғидаги болакай бу жулдур кийимли одамга қараб йиғлай бошлади; шундан сўнг у пулнинг чўнтакдан чиқишини кутмасдан юрди ва дарҳол қарши тарафдаги йўлакка ўтди.
Масжид ҳовлисига қайтиб келгач, пештоқ сояси тушиб турган нимқоронғу ва зах девор остида пулларини бир-бир санади; кейин рўпарадаги девор тагида савдо қилаётган симитчига[1] бериб, йирик қилиб олди; барибир озроқ майда тангалар қолди. Юрди, гавжум бир кўчага чиқди; яна қайтиб инсонлар орасига қўшилди. Ҳорғин ва терлаган икки ҳаммолнинг ўртасида турган ўйма нақшларига зарҳал ишлов берилган катта тошойнада ўзини томоша қилди: костюми йўқ эди, кўйлаги йиртиқ-юлуқ эди. Икки дайдининг муштлашувига беихтиёр аралашиб, уларга орачилик қилганида йиртилган кўйлагининг узилмай қолган парчаларини бирлаштирмоқчи бўлди ойнага қараган кўйи; шимини ушлаб турган боғични ечди, қайтадан қаттиқроқ тугунлади. Кейин ойнани олиб кетишди; йиртиқ шимини, пайпоқсиз оёқларига кийган резина бошмоқларни томоша қилолмади. Имиллаб юрди, тор ва гавжум кўчалардан гавжум ва тор кўчаларга ўтди. Ўтиб қайтаётган инсонларнинг шовқинига кўча савдогарларининг овозлари қўшилди. Кейин бу савдогарлар йўлаклардаги аниқ белгиланган жойларини эгаллай бошлашди: аввал калта оёқли расталар кўринди, расталар кўтарила бошлади , сўнгида ёғоч устун ва без ёпинчиқлар билан рисоладагидек кўриниш олди. Қуёш баланд бинолар ортига ўтгач, куннинг ҳовури пасая бошлади. Кўчаларда қадам ташлашга жой қолмади. У қаерга осилгани номаълум кўйлаклар-у матолар орасида эсанкираб қолди; тўхташга мажбур бўлди. Шу пайт шамол сабабми ёки одамлар эпкиниданми, оппоқ бир пальто суркалди юзига. Узун клёш этакли, йирик-йирик тугмали, орзудаги каби хушбичим, кенг ёқали, баҳаловат – хуллас, ажойиб пальто.
Енгил бир шамол эсиб, йирик жуссали, қорамағиз, кўринишидан қишлоқлик сотувчининг илиб қўйган кийимларини билинар-билинмас тебратди. Қалин ва хийла оғир газламадан тикилган бўлса керак, фақат оқ пальтогина қимирламади. Беихтиёр бир муддат пальто рўпарасида туриб қолди. Уни кузатиб турган сотувчи ниҳоят сукунатни бузди:
— Хўш, қании нима экан бу? Сотиб олмоқчимисиз буни?
У жавоб бермади. Сотувчи мийиғида кулганча ерга тупурди; юзида ярим айёрлик, ярим бефарқлик аралаш бир ифода бор эди. У олдин сотувчига, кейин яна пальтога қаради-да, қўлини чўнтагига солди.
— Ҳой, шошмасангиз-чи, аввал бир кийиб кўринг уни.
Сотувчи атрофига қаради ва охири жуда қизиқ, деб тахмин қилаётган бу ўйинига қўшиладиган одам қидирди. Шундоққина уларнинг рўпарасида, йўлак четида жойлашган кичик майхонадаги бир киши уларни кузатиб турарди: қўлида пиво, тирсакларини пештахтага таяганча кулишга шай турарди. Ён-атрофдаги бошқа одамлар қизиқмади бу ўйин билан.
Пальто айни унинг ўлчамида эди. Сотувчи чаққонлик билан бир-икки тугмани қадади-да, уни гир айлантирди; пальтонинг этаклари айланган сари кенг очилди. Майхонадаги одам бунчалик бўлади деб, кутмаган эди: тўсатдан кулишга мажбур бўлганидан ҳали ютишга улгурмаган пивони оғзидан сачратиб юборди. Сотувчи ўзи бошлаб қўйган ўйинни тезроқ тугатиш ниятида:
– Аёллар пальтоси бу, оғайни, эркак кишига тўғри келмайди, – деди. Ҳовлиққанча пальтони ечмоқчи бўлди харидорнинг устидан. У сотувчининг қўлини итарди; кейин шоша-пиша пальтонинг ичидан шимининг чўнтагини қидира бошлади.
– Ахир бу жуда қиммат, сотиб ололмайсан, – деди сотувчи бўғриққанча. – Бир юз эллик лира бу. Бунинг устига аёллар пальтоси. Тентакмисан нима бало!
Сотувчи энди сенсирашга ўтганди. У сотувчининг гапига қулоқ солмасди. Барча пулларини кафтига тўплади ва сотувчига узатди. Сотувчи беихтиёр унинг ҳовучини очди; аввал ичидаги тангаларни саралади, сўнг қоғоз пулларни санаб чиқди.
– Қирқ беш лира! – деди у мазах оҳанги қоришиқ овозда. – Ҳеч ҳам тўғри келмайди, чиқар пальтони!
Ечмади пальтони.
– Бўладиган нархи бир юз йигирма беш лира. Ундан камига беролмайман, – деди сотувчи. Аммо у сотувчига мутлақо эътибор бермасдан тўпиқларига тегай-тегай деб турган пальто этакларига завқланиб қараётган эди.
– Ҳаммага кулги бўласан, – жавранди сотувчи. – Юз лирага бердим, дейлик ана. Қани, пулни чўз.
Майхонадаги одам ўзига келганди, бояги кутилмаган кулги сабаб пайдо бўлган кўксидаги санчиқ ҳам тўхтаганди. Энди яна бемалол кулса бўларди, лекин томошанинг кулгили саҳнаси ўтиб бўлганди. Шундай бўлса ҳам, сотувчига хайрхоҳ нигоҳларини қадаганча жиддийлаша бошлаган воқеа ривожини кузатарди. Сотувчининг нашъаси қочганди, фақатгина жиловланмаган ўжарлик қолганди ўртада.
– Ҳеч бўлмаса яна ўттиз лира қўш, аммо билиб қўй, оқибатига жавоб бермайман, нимаики бўлса, ўзинг айбдор бўласан.
Оқ пальтосида моҳир раққос каби товонларига таяниб, яна бир марта айланди; илк марта жилмайди атрофига қараганча. Кейин…Кейин гўёки энди ҳеч қачон жилмаймасликка аҳд қилгандай ғамгин бўлиб қолди бирданига.
Воқеанинг майхонадаги ягона гувоҳи тескари ўгирилди; сотувчи ёлғиз қолганди ўйини билан.
– Аллоҳ жазонгни берсин, ол шу занг босган тангаларингни ҳам, – деди. У пальто чўнтагидан қўлини чиқарди ва тангаларни қайтадан бирма-бир солди чўнтагига.
– Балки энди ишонмассан, лекин шу бугун эрталаб бир кампир олиб келганди; Худо ҳаққи, нақ ўттиз беш лира бердим бу пальтога. Кўриб турибсан, аёллар кийими бу; кошки осон сотилса бундай буюмлар, – гинали бир овозда ғудранди сотувчи.
У оқ пальтосида оломон оралаб кетди. Кўча бозорнинг без ёпқилари тугаган жойда осмонга қаради. Оёғи остидаги бир кўлмакда қуёш билан ёнма-ён аксланди. Сўнгра бу кўлмак ҳам гавжумлашди: тиниқ юзаси қора-қура кўланкалар билан тўлиб тошди. Пальтосини яхшироқ томоша қилиш учун эгилган эди ҳамки, қандай муоамала қилиш кераклигини билолмай ўзига ҳайрон тикилиб турган кўзларни кўрди сув ичида. Этакларини лой қилиб қўймаслик учун кўлмакни чеккалаб ўтди. Ундан кўзларини узмай қадам-бақадам таъқиб қилаётган текин томоша ишқибозлари кўлмакдан тўғри ўтишга уриниб, устларига сачраган лойқа сув билан андармон бўлганча ярим йўлда қолдилар.
Орқасига ҳеч қарамасди. Қадамларини тезлаштирди. Ҳеч ким бир-бири билан гаплашмаса ҳам, томошабинлар жамоасига қўшилаётганлар борган сари кўпаяётгани сабаб енгил бир шовқин эшитиларди орқасидан. Баланд деворлар билан ўралган кичик бир масжид ҳовлисидан ўтдилар. Баъзилар шу ўртадаги қаҳвахона соясида салқинлаш учун қолган бўлса-да, уларнинг ўрнини чойини аллақачон ичиб бўлиб, нима қилишни билмай ўтирган бекорчилар эгаллашди. Жамоани жуда кўпчилик деб ҳам бўлмасди, лекин шундай бўлса ҳам, масжиднинг равоқли дарвозасидан чиқаётганда енгилгина жанжал чиқди. Кутилмаганда қаршиларидан чиққан зинапоядан тушиш асносида қари бир чол икки боланинг устига йиқилди. Натижада кичик бир тартибсизлик юз берди. Баъзилар бир муддат деворлардаги ишчи қидириб берилган эълонлар билан овора бўлди. Орадан бир пиёла чой ичгулик вақт ўтди, чунки икки девор ўртасидаги тор зиналардан қутулиб кенг саҳнга чиққанларида бироз енгиллик ҳис қилишди, ўпкалари тўлиб нафас олишди. Лекин энди пальтоли одамни тополмадилар. У кетганди. Дарров сабаб қидирганлар пайдо бўлди: кимдир айбни эълонлардан иш қидирганларга тўнкаса, кимдир ҳалиям йиқилган жойидан туришга кучи етмаётган қарияга тўнкарди. Бу тортишувлардан бир натижа чиқмагани учун оломон тарқалди охири.
Қуёш куйдираман дерди. Гарчи секин одимлаётган бўлса ҳам, пешонасидан қуйилаётган тер соқолидан томчиларди. Катта кўприкнинг устида панжарага суянган ҳолича ўзини бир тароқ сотувчисининг соясига олди. Ўтиб-қайтаётган йўловчиларнинг ўзига антиқа пальтосию ўсиқ соқоллари аралаш бошдан оёқ тикилиб қарашлари билан сотувчига яхшигина фойдаси тегди: атрофда ўралашган бекорчилар ичидан уни томоша қилиш учун тўхтаганлар бўлди; оғир юк кўтарганлар эса худди шу ерда дам олишни маъқул кўрдилар. Ва бир нечта тароқ сотилди бу орада. Аввалига, вужуди ҳаракатсиз, юзи ифодасиз бир шаклда тургани учун ёнига яқинлаша олмадилар. Бу ерларда кўп гапириладиган хорижий тиллардаги бир-икки жумлани ёдлаб олганлар билганларини унда синаб кўрмоқчи бўлишди. “Бу одам сайёҳга ўхшамаяпти”, – деди кимдир, – шунчаки, ўзини кўрсатмоқчи бўляпти”. Яна бири эса унга чет тилида сўкиниб кўрди. Бўлмади, жавоб йўқ. Чўнтагидан америкача урфдаги тамаки кўриниб турган бинго сотувчиси: “Йўқ, ахир бу қип-қизил инглиз-ку”, – деди. Бу тилда ҳам сўкинилди. Кейин унга тегиб кўришди, пальтосининг этакларини тортқилашди; шундагина ичида жони борлиги билинди: у жойидан қўзғалди ва бу ердан узоқлашди.
Кўприк узун эди, бироз муддат бошқа сотувчиларнинг ёнида ҳам турди. Ҳатто уларнинг бири – фильтрли тамаки сотаётган шапкали бир йигит – ҳожатга кетаётиб уни ўрнига қўйиб кетди. Шу қисқа вақт ичида беш қути тамаки, уч қути гугурт сотилди. Сотувчи йигит қайтиб келгач, икковлари биттадан фильтрли тамаки туташтиришди; панжарага суяниб, балиқ овлаётган одамларни томоша қилишди жимгина. У пальтосининг юқоридаги икки тугмасини ечди, аммо барибир салқинламади. Қошлари устига тўпланган терларни пальтосининг кенг ёқаси билан сидирди. Кўприкнинг охирига тикди кўзларини: қоронғу кўчалар бор эди у ерда. Тугмаларини қайтадан қадади, қўли билан ноаниқ бир ишора қилди сотувчига ва кетди.
Баланд-баланд бинолар билан иҳоталанган торгина бир кўчадаги дўконнинг шиша пештахтаси олдида туриб қолди. Ўзини томоша қилди. Дўконлари газлама, кийим-кечак ва савдогарлар билан тўлиб-тошган кўчада эди у. Харидорларнинг бемалол юриши қийин эди бу ерда. Бироздан сўнг пештахта ортидан кимдир уни кузатаётганини сезиб қолди. Семиз дўкондор кичкина ўйчан кўзлари билан унга қараб турарди. Сўнг бирдан қулоқларига қадар узанган айёрона жилмайиш ёйилди думалоқ юзига; кўзлари юмилиб қолди.
– Ҳой, бу ёққа бир қарасанг-чи! – деб чақирди семиз гавдаси билан эшикни тўсганча. – Қаердан топдинг бу пальтони?
У қаради-ю, аммо жавоб бермади. Ёнига бошқа биров яқинлашди худди шу пайтда, қўлидан тутди ва: “Ҳей мистер!” – деди. У тушунмайдиган бир тилда яна алланималар деб гапирди. Бўлмади. Сўзларни қўл ишоралари билан аниқроқ тушунтиришга уриниб кўрди. Бўлмади. Ерда турган чамадонини очди, ялтироқ пакетларга ўроғлиқ эркаклар кўйлакларидан бирини олиб, пальтоли одамнинг қўлига тутқазди. Кўрсаткич бармоғини пальтонинг йирик тугмаларидан бирига ниқтаганча:
– Сен сайёҳ. Сен келтириш кўйлак Франция, Германия. Пул йўқ. Сен сотмоқ, – деди.
Аммо билиб турарди қаршисидаги бу одам ҳеч нарса тушунмаганини. Уни пештахтанинг олдида чамадон билан бирга қолдириб, кўчанинг кўздан пана бурчагига қараб кетди. Бақалоқ савдогар эса ҳалиям дўкон эшиги ёнида воқеалар ривожини кузатиб турарди. Бироздан кейин қизил шим кийган, кўксидаги жунлар тугмалари қадалмаган гулли кўйлагининг ёқасидан сершох қора бута каби тошиб чиққан бир йигит тўхтади олдида, кўйлакларга қаради ва: “How much”, – деди. Пальтоли одам йигитнинг юзига шунчаки қараб қўйди. Панада ўтирган ҳақиқий сотувчи асабийлашган кўйи ер депиниб: “Аҳмоқ ароқхўр”, – дея ғудранди. Кейин бу харидорни қочирмаслик учун шоша-пиша ёнига яқинлашди ва:
– У кар, – деди ҳовлиққанча, – юз лирага беради буни.
– Қиммат-ку, – деди қизил шимли йигит. Сотувчи пальтоли одамнинг юзига гўё норози қиёфада қаради, бир зум нима қилишини билмай турди-да, кейин бирдан қулоғини унинг оғзига яқинлаштирди худди ниманидир эшитмоқчидай.
– Саксон лирага тушди, – деди ҳовлиқиб, – оғзини қимирлатишидан тушунаман мен буни.
Пальтоли одам олғир савдогар воситачилигида жимгина савдолашди. Ва ниҳоят кўйлак олтмиш лирага сотилди. Бир соатдан камроқ вақт ичида тугади чамадондаги кўйлаклар. Пальтосининг чўнтагига ўн лира қўйилди ва “Goodbyе”, – дейилди узатилмаган қўллари сиқилганча.
– Жуда ажойиб! – деди қичқиргудек бўлиб семиз дўкондор. – Ҳой, беш дақиқага ичкари кирсанг-чи.
Фойдаси бўлмади. “Чинданам кар, шекилли, ҳеч нарса тушунмаяпти”, – деди ўзига ўзи маъқуллаганча. Бироз ўйлангач, чамадонли сотувчининг усулини синаб кўришга қарор қилди:
– Сен бориш дўкон бу ерда.
Ва натижани кутиб ҳам ўтирмасдан қўлидан тутганча ичкарига тортди уни. Дўкондор ҳамда ҳайратини яширолмаётган сотувчи бир муддат унинг атрофида айланганча, бу нусхадан қандай фойдаланиш мумкинлиги ҳақида ўйлашди.
– Худди манекендай тўхташини қара ўртада. Қўлига газлама тўпини бериб соттиролмайман-ку! – тўнғиллади дўкондор. Тағин бироз айланишди атрофида. Бошқа сўз тополмаганидан яна “Манекен”, – деб қўйди семиз дўкондор. Кейин сотувчи билан бирга гўё бир-бирини эшитишмаётган каби минғирлай бошлашди “Манекен, манекен” дея ва анчадан кейин эса ундан манекен сифатида фойдаланиш фикри келди каллаларига. “Тирик манекен”, – дея бақиришди севинишиб. Сўнг уни айни ўша ерда туриши учун итардилар пештахта томонга (негаки унга бошқача тарзда гап тушунтириб бўлмасди). Пештахтага чиқиш учун яна бир қадам ташлатмоқчи бўлганларида сотувчи:
– Оёқлари жуда ифлос, шими ундан ҳам баттар, – деб хўжайинни огоҳлантирди. Уни тўхтатишди. Шим почаларининг пасти билан қўшиб резина ботинкаларини ҳам оқ сурп билан ўрашди. Лекин пальто бу ғалати ўрамларни тўлиқ беркитолмасди, айни шу сабаб ҳам у худди музейдаги мўмиёга ўхшаш суратга кирди. Қўлларидан тутиб пештахтага чиқардилар.
– Тош ҳайкалга ўхшаб турмасин бундай, – деди сотувчи, – чиройлироқ ҳолат ўйлаб топиш керак.
Ўйлай бошлашди.
– Қўлларини икки томонга ёямизми? – деди дўкон эгаси. – Пештахтани тўлдириб туради.
– Бўлмайди, қўллари чарчайди, кейин қимирлатади, – билағонлик қилди сотувчи. Ниҳоят нейлон иплар билан шифтга осиб қўйишга қарор қилишди қўлларни. Бир қўлни олдинга узатдилар, боғладилар ва ипни пештахтанинг устидаги бир михга маҳкам ўраб тугунладилар. Иккинчи қўлни эса девордаги бўшатилган токчага жойлаштиришди. Бир неча киши уларни томоша қила бошлашди. Сўнгра пештахта олдига йиғилганлар сони ортди. “Жонсиз қўғирчоқ-ку бу”, деганлар ҳам бўлди. Сотувчи эшик олдида бор овозда бақирарди:
– Жонли манекен дўконимизга марҳамат қилинг! Роҳатбахш матоларимизни томоша қилинг, мана қаранг, катта қийинчиликлар билан Шимолий қутбдан олиб келган тирик швед манекенимиз ҳам бу жазирамага фақат енгилгина матоларимизга ўраниб чидаяпти. Қаранг, ҳатто қалин пальто ҳам уни терлатолмаяпти. Матоларимиз билан қуш каби ҳавода учганча айнан сизлар учун энг жонли ва энг ҳақиқий рекламани намойиш қиляпти. Сизга мос матолар фақат бизнинг дўконимизда. Маҳсулотларимиз ва манекенларимизни қалбаки нусхалардан фарқлаб олинг! Фақат ва фақат бизни танланг!
Аввалига уни яқиндан кўришни хоҳловчилар ичкари киришди. Бир хотин йиғлаётган боласини елкасига чиқарганча оломонни ёриб ўтиш учун ҳаракат қиларди. Кейин матоларга ҳам кўз югуртирдилар. Баъзи ёш хонимлар чиндан шу дўкондаги матоларданми, йўқми билиб олиш учун унинг пальтосини ҳам тутиб кўришди. Пальтонинг этаклари очилди, шимнинг йиртиқ тиззалари кўринди. Сотувчи мижозлар кам бўлган қулай бир пайтни пойлаб, унинг икки оёғига яна мато ўради. Хўжайин ҳам пальтонинг клёш этакларини очиб туриб ёрдамлашган бўлди. Этакларнинг бу кўриниши иккаласига ҳам ёқиб тушди ва шу заҳоти елпиғич каби ёйилиб турган этак учларини игна билан у ер-бу ерга тўғнаб қўйишди. Пальтоли одам бутун пештахтани эгаллаганди. Ундан бўлак ҳеч нарса кўринмасди. Шунчаси етмагандай елкалари-ю қўлларидан ҳам мато қийқимларини осилтириб қўйишди.
Ўша куни тушликка қадар яхши савдо бўлди. Овқатланиш учун ўтириб, раста устидаги тушлик қутиларини очган пайтлари “Унга ҳам бирон нима бериш керак. Кейин яна қайтиб боғлаймиз”, – деди дўкондор. Пештахтага бориб, уни ечди, озод қилди. Раста олдига келгач, ўтириши учун бир курси тортдилар унга. Идишнинг қопқоғига озроқ ловия ва макарон қўйиб беришди; иккита кичкина нон бўлагидан санчқи ўрнида фойдаланиб овқатини еди. Дўконнинг бурчагида турган сувчаноқ жўмрагига ҳовучини тутганча сув ичди. Растага орқасини суяб, полга чўкди. Унга тамаки узатишди. Озгина бўлса ҳам ҳурмат уйғотганидан бўлса керак, хўжайин олов тутди. Кейин елкасига қоқиб қўйди-да, сотувчи томонга бурилиб: “Яхшигина фойда берди, тўғрими?” – деб кулди. “Чарчадингми?” – ундан сўради сотувчи ва хўжайинга бир қараб қўйди. Жавоб бермагани учун у билан гаплашиш жуда қийин эди. Сигаретини чекиб бўлиб ҳам, яна бирпас ўтирди. Кейин эса ўрнидан секин турди-да, эшик томон юрди.
– Қаёққа кетяпсан? – қичқирди бошлиқ. – Нимаси ёмон буни, пул ишлаяпсан ахир?!
Тўхтамади. Орқасидан югургилаб, чўнтагига бирмунча пул тиқиштирдилар. Пальтосидаги дўкондор олишни унутган қадоқли игналар, қўлларидан осилиб ётган иплар ва оқ безга ўралган бошмоқларини судраган кўйи кетди-борди. Елкасидаги мато қийқими эса кўчанинг муюлишидан бурилган пайтда ерга тушиб қолди.
Йўлнинг тик баландлаб кетган жойида тўхтади. Йўлак четига ўтирди. Кафтининг орқа томони билан пешонасидаги терларни сидирди. Атрофига қаради: олдинроқдаги чироқ устунига ўрнатилган автобус бекати белгисига кўзи тушди. Ўрнидан туриб, бир-икки қадам ташлади, кейин яна тўхтади. Сотувчи оёғига ўраган мато очила бошлаганди. Камар вазифасини бажараётган қалин ипни шимидан тортиб чиқарди ва ерга қўйди. Четда турган тошни ишқалай-ишқалай ипни ўртасидан узди ва матоларни қайта боғлаб қўйди оёғига. Бекатга қараб юраркан, пальтосининг устидан тинмай шимини тортарди. Бир қатиқ сотувчи ўтди ёнидан; бекат орқасидаги эски бир уй дарвозасидан кираётганида унга урилиб кетди. Пальтоли одам гандираклади, дарвоза томон қаради: аммо қатиқфуруш нимқоронғу ҳовлида кўздан ғойиб бўлганди. Шу пайт йўлак ўртасидан қора кўзойнакли, сийрак қора сочлари ёғдан бир-бирига ёпишиб қолган қорамағиз бир калла чиқа бошлади. Пальтоли одам яхшироқ қаради: бир неча зиналар билан еростига тушиладиган ўйиқни кўрди. Кўзойнакли калла катталашди, бўй чўзди ва рисоладагидек одам бўлди: қўлида бир қанча камар кўтариб олган қаримсиқ одам эди бу. Тўқ рангли камарга қўлини узатди. Пальтосининг тугмаларини ечди, лекин камарни ўтказиш учун жой тополмади шимининг белида. Бироз юқорироқ кўтармоқчи бўлди шимни; пастига ўралган мато бўлаклари, иплар халал берди. Умидсиз нигоҳлари билан камарчига қаради; кейин эса биргаликда камарга қарашди. Камарчи ҳозиргина чиққан сирли жойига қайтиб кирди ва бир муддат ғойиб бўлди. Сўнгра катта-катта тўғноғичлар ўтказилган занжирни ушлаганча қаршисида яна пайдо бўлди. Шимнинг бел қисми пальтонинг астарига тўғноғичлар ёрдамида маҳкамланди. “Устидан тақасан энди, – деди у кулиб, – чиройлиям кўринади”. Шундай қилишди. Пальтосининг чўнтагидан чиқарган қоғоз пуллардан бирини узатди. Камар сотувчи пулга қаради, кейин олди ва ёнларидаги озиқ-овқат дўкони томон юрди. Пулнинг қайтимига қўшиб, бир шиша арзон вино ва бир қутича помидор қайласи билан қайтиб келди. Қайтимни берди, вино ва қайлани сирли ертўла ёнига қўйди; бир неча қултум ичгач, пальтоли одамга узатди шишани. Унинг қўл узатмаганини кўргандан сўнг яна такрор ер тагига кириб кетди. Бу сафар ичганда оғизни тилиб юбормаслиги учун қиёқлари пастга қайирилган бўш бир консерва қути билан чиқди. Идиш вино билан тўлдирилди пальтоли одам учун. Ертўлага тушадиган зинапоянинг устида оёқларини осилтириб ўтирдилар. Бирга ичдилар. Бу вақт ичида бир автобус ўтиб кетди, иккинчи автобус келмасидан эса вино тугади. Автобусга бирга чиқдилар. Йўл ҳақини камар сотувчи берди ва йўлнинг энг тикка қисмида, пальтоли одамдан икки бекат олдинда тушиб қолди.
Автобуснинг орқасида ёлғиз қолгачгина олдинроққа юрди. Ҳайдовчининг ёнига етар-етмас тормоз сабаб қалқиб кетди-ю, беихтиёр олд ўриндиқларнинг бирига ўтирди. Қарши ўриндиқдаги киши жилмаярди. Аввалига эътибор бермади жилмаяётган одамга. Аммо унинг табассуми битмасди. Ноқулай бир аҳволда камарини тузатди. Ҳалиги одам ҳамон жилмаярди. Ёқасига, кенг этакларига, пайпоқ ўрнига ўралган матога боғлиқ ипларга қаради: йўқ, ечилиб кетмаганди. Кўринишида ножоиз нарса йўқ деб топгач, бироз енгил тортди. Ҳалиям жилмайиб турган кишига меҳрли нигоҳ билан қаради. Қаради-ю, одам унга қарамасдан табассум қилаётганини тушунди ниҳоят: бу сертабассум кишининг чап қулоғида қулоқчин бор эди. Чўнтагидаги кичкина радиодан тинглаётган, автобусда ўзидан бошқа ҳеч кимса эшитмаётган бир мусиқага жилмаярди бу одам.
Катта бир майдонда автобусдан тушди. Бўйи паст бир бола поябзал бўяш учун керакли анжомлар солинган тахта қутини ёнига қўйди ва: “Чангини тозалаб берайми, ака?”, – деди. У қути устига ғоят эҳтиёткорлик билан қўйди оёғини; ўровлар орасидаги кирлар оқ чўтка билан астойдил тозаланди. Кейин кабутарлар учун бодроқ сотиб олди-да, қўлларини икки ёнга ёйганча қушларга сепди ҳаммасини. Боғга кираверишдаги пастак девор устида ўтирган кепкали йигит шеригига қараб: “Унга қара, худди бутга ўхшайди-я”, – деди. “Хочга десанг-чи”, – тузатди шериги. Кулишди. Чиқиш дарвозаси яқинида “ўттиз икки тишга ноғора чалдирадиган” бир шиша муздай газли сув ичди. Соядаги ўриндиқлардан бирига ўтирди. Бир қариянинг, тишлари йўқлиги сабаб, зўрға тушуниладиган ҳасратларини тинглади. Ораста-ю башанг одамлар дам олиш учун бошқа жойларга кетганларидан бўлса керак, унинг қиёфаси ҳеч кимга ғалати кўринмади. Ҳеч кимнинг диққатини ҳам тортмади. Ва ниҳоят, қарияни илтимосига кўра бекатгача қўлтиқлаб олиб борди. Пальтоли одам боғдан чиқаётганида яна орқасидан эргашишди. Айниқса болалар. Бекатга етиб келгунга қадар уни кузатиб келаётганлар издиҳомга айланиб улгуришди.
– Аллоҳ жазоласин бу ифлос келгиндиларни! Текин яшашади-да бу юртда, – деди кўйлагини шимининг устига чиқариб қўйган, узун мўйловлари орасида қора юзи зўрға кўринаётган одам.
Машинасининг эшигига суяниб, мижоз кутганча кўринишидан ёғда пишган, ичига қийма солинган бир нималар еяётган ҳайдовчи ҳам бу фикрни дастаклади:
– Пулимизнинг қадри ҳам ана шу учун тушяпти-да, биродар.
Қария пальтоли одамнинг қўлидан тортди ва секингина: “Мени йўлнинг у бетига ўтказиб қўйинг”, – деди. Гарчи ҳали жойларидан қимирламаган бўлишса-да, ёнларидан ўтган бир такси уларни енгилгина туртиб кетди. Ўгирилиб қарашди. “Нимага қарайсан?”– деди бошини машина деразасидан чиқарган бир нусха. Орқага тисарилиб, уларни кузатиб турган оломонга урилишди; қария эса пальтони тинмай тортқиларди. Катта тезликда ўтаётган машиналар туфайли йўлни кесиб ўтиш бирмунча қийин бўлди. Бир қанча уринишлардан кейингина нариги тарафга ўтиб олдилар.
– Ҳаммаси бир гўр бу ароқхўрларнинг! Босиб кетсанг, бошингга бало! Ҳайдовчи билан мўйловли одам биттадан тамаки тутатди.
– Анави одамга қаранг, болалар қоғоздан дум тақишибди орқасига. –деди бир аёл эрига. Қараб кулишди. У болалар ва машиналар ўртасида қисилиб қолганди; қарияни эса йўқотиб қўйди. Издиҳом қалинлашди.
“Оёқлари ўралганми?”
“Мохов эмасмикан?”
Бир-бирларини итарганча тисарила бошлашди. Ҳеч нарсадан тап тортмайдиган болалар эса, демакки, тўпланган болаларнинг ҳаммаси (ахир бола зоти ҳеч нарсадан тап тортмайди) пальто этакларидан ушлаганча айлантирдилар уни.
“Қорнига тўғноғич тақиб олган”.
“Қўлларига эса ип боғланган”.
“Жиннихонадан қочган бўлмасин тағин”.
“Аниқ жинни бу, пальтосининг устидан тақиб олган камарга қаранг”.
“Пальтоми бу?”.
“Аёл кишими?”
“Қанақа аёл? Томи кетган тентак-ку бу”.
“Полиция чақиринглар”. Унга тикилган нигоҳлардан қутулиш учун тепага қаради: олдинроқда, кўприкнинг шундоқ устида, бир одам уни видеога олаётганди. “Булар фильм олишяптими дейман, ака”. Барча кўзлар кўприк томон тикилди. Шу қисқа фурсатдан фойдаланиб қолди, кўприкка орқасини буриб, қадамларини тезлаштирди. Бироздан сўнг югура бошлади. Узоқдан елиб ўтаётган поездга қараб югурди; девордан ошаётиб йиқилиб тушди, симтўр қўлини қонатди. Темир йўлга етишди ниҳоят. Темир излар бўйлаб олдинга юрди, вокзалга етиб келганида нафаси нафасига етмай, жиққа тер ичида ерга йиқилди. Ўрнидан турмоқчи бўлди, лекин кенг этаги оёғига чувалашди-да, яна йиқилиб тушди. Сўнгра эса тислана-тислана узоқлашди у ердан. Аёллар ҳожатхонасининг деворига суянди. Бир-иккита поезд ўтди бу орада; темир йўл вокзали ҳувиллаб қолди. Шунда у касса томон юрди. Кассадаги ходим унинг юзига қараб турди-да, бу ғалати нусха, бунинг устига безабон одамга иккинчи даражали билет берди. Поездда, сарғиш тахталар устида, худди ўзидай кир-чир, ўзи каби ҳорғин, ўзи сингари атрофига бефарқ одамлар ҳамроҳ бўлди унга. Тақиқ белгисига қарамасдан улар билан бирга тамаки чекди. Вагон деразасидан денгиз кўриниб турган бир бекатда поезддан тушиб қолди.
Тепасига “Оммавий пляж” деб ёзилган дарвозадан кирди. Қум устида бир муддат айланиб юргач, жун ипдан нималардир тўқиётган кампир бўш қолдирган курсига ўтирди. Энг аввал, қумда тўп ўйнаётган ёшлар қизиқсиниб қарашди унга. Бир-бирларини туртиб у томонга ишора қила бошлашди. Кейин бошини мўлжаллаб тўп отдилар. Коптокдан қочишга уриниб, курсиси билан бирга ерга йиқилди. Атрофини ўраб олишди. Бир-бирига тегиб турган яланг оёқлар ҳосил қилган девордан чўчиб, кўзларини юмиб олди. “Тутқаноғи бор, шекилли”, – деди олдиндаги йигитлардан бири. “Қара, оёқлари ҳам боғлоқли. Ёмон касал бўлса керак”, – дея ўзини орқага олди пучуқбурун бир қиз. Оломон борган сари ортар, орқа қатордагилар уни кўриш учун олдиндагиларни итариб суришарди; атрофидаги доира торая бошлади. Пальтоли одам ўрнидан турмади, тўғрироғи, истамади. Учинчи қатордаги узун мўйловли йигит оломонни ёриб ўтди: “Нимага қисиб келяпсизлар касал одамни”, – деганча олд қатордагиларни нари сурди. Лекин уларнинг ўрнини дарҳол бошқалари эгаллаб олди. Бу издиҳом гўё ерга михлаб қўйилгандай сира қимирламасди. Ҳеч ким гапирмасди, шунчаки томоша қилишарди уни. “Оёқларини тепага қилиб кўтариш керак. Ютган суви чиқади шунда”, – дея бақирди орқадан бири. Бу гапни эшитган қирғоқ ходими вазиятни қўлга олишнинг пайти келганини англаб, чўккан одам учун қилинадиган зарурий ёрдамни амалга ошириш ниятида олдинга чиқди. Қизиган қум, пальто, камар ва оёғидаги мато ўрами ерда ётган одамни ёндираётган эди; оломон эса тўйиб нафас олишига тўсқинлик қилаётганди; ҳатто юзидаги терни артишга ҳам мадори қолмаганди унинг. Унинг бу ҳолатини пайқаган ходим: “Бу кийимда пляжда юролмайсиз”, – деб огоҳлантирди пальтодаги одамни. “Пальтосини ечсин!” – деб бақирди сертук танаси қум билан шувалган бири. “Эҳтимол, пальтонинг ичида ҳеч нима йўқдир, – деди ғамгин қиёфали бир йигит ёнидагига, – мен шунга ўхшаш нимадир ўқигандим яқинда”. “Бу ерни дарҳол тарк этинг, – деди кескин овозда ходим, – жамоат тинчлигини бузишга ҳаққингиз йўқ”. Ҳалиги узун мўйловли йигит уни ҳимоя қилди: “Кийими билан ўтириши мумкин. Бунга ҳеч қандай тақиқ йўқ”. “Аёллар пальтоси-ку!” “Ҳезалак!”, – деб бақирди кимлардир. “Қани, тез ташқарига!” – дея ердаги одамнинг қўлидан тутганча турғазмоқчи бўлди ходим. “Ўзи кетади, қўйвор қўлини!” – деди мўйловли йигит. Оқ пальтоли одам ўрнидан туриб, оломон томон юрди; издиҳом ҳалқасида у ўта оладиган бир йўлак пайдо бўлди. Кўзлари тердан ёнарди; юзи қизариб кетганди. Юраркан оёғидаги матолар ечилиб судраларди ортидан. “Фақат денгизга эмас!” – деб бақирган кўйи орқасидан югурди ходим, аммо мўйловли йигит йўлини тўсди. Сўнг иккаласиям орқадан югуриб келаётган оломон ичида кўринмай қолди.
Сув тўпиқларидан ошгач, пальтосининг этагини йиғиштириб олди. Бир бало қилиб оломондан қутулган ходим эгнидаги кийим билан узоққа боролмай қирғоқда қолди. Пальтонинг этаклари аввал сув устида ёйилди, кейин эса оғирлашиб ботди. “Тўхтаааа!” – деб қичқирди узун мўйловли йигит. “Қўявер, оғайни, узоққа кетмайди барибир”, – дейишди. Денгиз саёз эди; пальто сув ичида бутунлай ғойиб бўлганида қирғоқдан анча узоқлашган эди. Узоққа кетганди барибир. Янглишган эдилар. Мўйловли йигит ҳам жуда кеч қолганди. Оқ пальтоли одамнинг бўйи баробар чуқурликка қадар кетишини хаёлига келтирмаганди. Кўрди-ю, эндигина ўтирган жойидан сакраб туриб, ўзини сувга отди, аммо улгурмади. Илгари бундай ҳодисага ҳеч дуч келмаган эди. Кейин бошқа кўнгиллилар ҳам чиқди. Қидирувлар ҳеч қандай натижа бермади. Узун мўйловли йигит қирғоққа қайтиб келгач, ҳансираганча қумга ўтирди. Қўли билан оғзини пана қилиб тупурди-да, “Мана сизга ҳикоя”, – деди.
Турк тилидан Моҳинур Фармонова таржимаси
–––––––––––––––––
[1] Симитчи – симит (устига кунжут сепиб пишириладиган турк миллий нони) сотувчи.

