“Кўйлагинг ўзингга лойиқ келдими, Сэм?”- деб сўради Уэббер хоним эман дарахти остидаги ўзининг жонажон тебратма креслосида китоб ўқиб ўтираркан.
“Ҳа, энди соз бўлибди, Марти”, — деб жавоб берди Сэм бироз ўзидан кетиб. “Аввалига мен ўзим тугмаларни жой-жойига қўйиб, қадай олмаётгандирман, деб ўйлаган эканман, кейин билсам, тешикларининг ўзи тугмалар учун хиёл катталик қиларкан”.
“Ҳа, бўпти-да. Энди кўнглинг тўлган бўлса бўпти”, — деб қўйди хотини унга бепарво кўз ташлаб. “Бўйинбоғингни ҳам танғиб ол. У кўйлагингни янаям очади”.
Сэм Уэббернинг қўй ранчоси Нуесес билан Фрио ўртасидаги энг хилват ерга жойлашган эди. Икки қаватли бу бино кимсасиз чакалакзор ўртасида дўппайиб турган яйдоқ тепалик ўртасига жойлашганди. Ранчонинг олдида чоғроққина майдон бўлиб, у жойда отар ўтлаб юрар, яна шу ён-атрофда қўйларнинг юнгини оладиган юнгхона ҳам бор эди. Ранчонинг шундоққина орқасидан эса тиканли чакалакзор бошланиб кетарди.
Сэм арзанда қўйлари учун тузукроқ майин юнг сотиб олиш учун қўшни Чепмен ранчосига бориб келмоқчи бўлиб юрганди. Бироқ бу сафар учун алоҳида эътибор қаратмаса бўлмасди, негаки Чепмен ранчоси ўзининг аҳолиси ҳамда ҳажми жиҳатидан деярли шаҳарчадай бўлиб қолган бинойидек жой эди. Шунинг учун ҳам Сэм бу сафарига мувофиқ равишда “ясан-тусан”қилиб олишга қарор қилганди. У ўзидан мутлақо янги, ўзгача қиёфа яратишни хаёл қилиб, ўнгу тусини чиройлироқ қилиш ҳаракатида эди. Зарбдор мускуллари билан офтоб олган бўйнини қўполлик билан қисган оппоқ бўйинбоғ унинг афтига ноодатий ифодани бағишлаб турарди. Яхшилаб ўнгланмаган майкаси устидан тугмалари чала ярим солинган кўйлаги нотекис ҳилвирар эди. Сэмнинг бақувват адл қоматини тузуккина яшириб турган “тайёр қўлдан олинган” кулранг костюм бу қўйсевар чўпоннинг ҳар доимгидай алпон-талпон қилиб юришига анча монелик қиларди. Балки энгил-бошидаги шунча ноқулайликни дебми, Сэмнинг қорайган юзларида худди қамоқда бегуноҳ жабр тортиб ётган маҳбусникидай қайғули манзара қотиб қолганди. Уйдан чиқар экан, Сэм ҳовлида ўйнаб юрган уч ёшли ўғли Рендининг бошидан силаб ўтди-да, дарвоза олдида унинг чиқишини кутиб турган оти – Мехико томон шошилди.
Тебранма креслосида бамайлихотир ўтирган Марта қўлидаги китобининг ўқиётган саҳифасига бармоғини белги қилиб қўйди-да, эрининг “пардоз-андози”дан кейин ортида қолган ивир-сивирларга мулойим жилмайиб қаради:
“Бу тароватингда, Сэм”, — деди угап оҳангини атайлаб чўзиб, “Техаснинг манаман деган чўпонидан кўра кўпроқ ўша ранчойингда ўсиб ётган ўт-алафга ўхшаб кўриняпсан”.
Сэм бесўнақайлик билан эгар устига жойлашиб олди.
“Шу гапни ҳамма гапирса ҳам, сен айтмасанг яхши бўларди. Хотиним эмиш яна”, — деди у кесатиб. “Эрингнинг кийим-кечагига қараб қўйиш ўрнига қачон қараса, ялпайиб ўтирволиб, қаёқдаги бўлмағур китобларни варақлаганинг-варақлаган!”
“Яхши бўпти! Кетақол энди, йўлингдан қолма”, — деди хотини унга жавобан. Миссис Уэббер креслосининг тутқичларига енгилгина уриб қўйди. “Ҳар доим мутолаамнинг белига тепасан. Ўқийдиган бир дунё китобларим бор. Бунинг устига мен истаган пайтимда хоҳлаганимча мутолаа қила оламан. Бу ҳавойи ва ташландиқ қишлоғингда на гаплашгулик ва на эшитгулик бир қизиқ одаминг бўлмаса, бошқа яна қандай вақтичоғлик бўлсин? Ҳатто сен билан ҳам беғалва гаплашиб бўлмаса, қачон қараса, нолиганинг-нолиган, нолиганинг-нолиган-а! Вой, тезроқ кета қолгин, Сэм, бор, мени ўз ҳолимга қўй!”
Сэм тиззаларини отининг биқинларига маҳкам тираб олди-да, қадрдон ҳамроҳини аста туртди. Улар бироздан сўнг эски, асосий қишлоқ йўли устига чиқиб олишди. Вақт ҳали эрта, соат эндигина саккиз бўлган, бироқ кун ҳалитдан қиздиришни бошлаганди. Бундан уч соат олдинроқ йўлга чиқсам бўларди экан, деб ичида жиндек афсусланиб қўйди Сэм. Аслида Чэпмен ранчоси атига ўн саккиз миль нарида жойлашган эди, лекин йўл жуда нотекис, айниқса мана шу асосий йўлнинг ўзи уч миль масофа узунликда эди. У худди бу йўллардан аввал ҳам бир марта юрган, шунинг учун кетаётган йўли аниқ эсида қолганди.
Сэм қишлоқнинг асосий йўлидан бурилиб, Квинтенилладаги кичикроқ сой ёқалаб йўлида давом этди.
Айни шу ерда йўл торгина сўқмоқчага айланиб кетар, сўқмоқча ям-яшил, барра майсалар билан қопланиб ётар, Мехико эса бу йўлдан сатанг юриш қилиб, нозандай йўрғалаб борарди. Яна қаршисидан Ёввойи Дик сув дамбаси чиқиб қолганида Сэм ортига ўгирилиб, тиканак қоплаб ётган кичкина тепалик тарафга кўз ташлади. Шу ердан бошлаб у ортида қолдириб кетаётган йўлларининг яхлит қиёфасини ёдда тутиб тағин олдинлади. Сэм тиканли йирик бутазор олдидан ўтаётиб ниҳоятда қийналиб кетди, бу чакалакзор қурғур ҳам ўзи нақ йигирма ярддан кам бўлмаган ҳудуд экан, Сэм то дарахтлар шарпаси соя солиб турган кенгроқ жойга чиқиб олгунча юраги ҳалак бўлиб кетди. У Квинтенилла билан Педра ўртасида қад ростлаган қия тепаликнинг нишаблигидан аста одимлаб ўта бошлади.
Орадан икки соатча вақт ўтгандан кейин Сэм бирдан йўлдан адашганини сезиб қолди. Сэм алғов-далғов йўллар устидан босиб ўтиб, ўзининг аниқ йўналишини йўқотиб қўйганди. Садоқатли чўпон ўша заҳоти қаттиқ саросимага тушиб қолди, у нима қилишини билмай, атрофга олазарак қарайверди. Мехико бўлса эгасининг нотинчлигидан ҳаловати бузилиб, бошини у ёқдан-бу ёққа буриб, ҳар ёққа аланглай бошлади. Сэмда кечаётган чигал ўйлар айни дамда Мехиконинг ҳам хаёлини пармалар эди.
У ҳам олдиндан манзилни башорат қилувчи бирон-бир белги тополмас, бутун теварак-атрофда Чэпмен ранчосидан дарак бергувчи қилдек нишона юз кўрсатмасди. Улар аланглай-аланглай, ниҳоят қисқагина, аммо ҳатто қуён ҳам ёриб киролмайдиган даражада зич бўлган бутазор рўпарасидан чиқдилар. Чинданам, одам боласи қадам қўйгудек ер эмас экан.
Кўпни кўрган чорвадор ёки чўпон учун-ку бир кечалик ёки бир кунлик адашиб қолиш ҳеч гап эмасди. Уларда бундай ҳолатлар тез-тез бўлиб туради. Бир кечалик овқатдан қолиб, шундоққина эгарининг устидаги юмшоқ адёлни майин майсазорлар устига тўшаб мароқ билан ухлаб ётиш – тажрибали қўйчивонлар учун арзимас ҳодиса. Лекин Сэмнинг вазияти мутлақо бўлакча эди. У умрида ҳеч қачон қоқ ярим тунда ўз ранчосидан бир мил ҳам узоққа кетиб қолмаган эди. Мартанинг чакалакзордаги илонларга, заҳарли ҳашаротларга, ҳатто селкиллама қора қўйларга ҳам юраги йўқ эди. Шунинг учун ҳам Сэмбир ўзини ҳеч қачон ташлаб кетмасди.
Адашиб қолганидан кейин тахминан тўрт соатча изиллаб, тентираб қолган Сэм бирдан ҳушёр тортди. Унинг виждони қийналаётган эди. Ўзи бир аҳволда, шалвираган, бутун ясан-тусан қилган кийимлари кир, шалаббо бўлган, буларнинг бари ҳоригандан кўра Сэмдаги адоғсиз безовталик нишоналари эди. Бу пайтга келиб у аллақачон Фриодаги поезд йўлини шартта кесиб ўтиб, тўппа-тўғри Чепмен ранчосига кириб бораман, деб умид қилаётганди. Агарда у йўлдан чалкашиб кетмаганда эди, аллақачон ўз манзилига етиб, баҳузур кўзлаган ишини ҳам тамомлаб олган бўларди. Сэм ҳозир ўз уйидан эллик мил нарига кетиб қолгандай, ўзини ниҳоятда ёлғиз ҳис этди. Башарти у янги от билан йўлни сўроқлаб-сўроқлаб ортга қайтган тақдирдаям севикли Марта билан ширинтой ўғлининг ёнига қайтиш учун бутун тун йўл босишига тўғри келарди.
“Мана, ўзимдан кетганимнинг жазоси!” Сэмни чексиз пушаймонлик туйғуси қуршаб олди. Унинг томоғига ёнғоқдек нарса тиқилиб қолганди. Китобсевар аёлига айтажак сўзлари хаёлидан ўтаркан, содиқ чўпоннинг кўзларида ёш ҳалқаланди. Тўғрисиям, Сэмнинг тутуриқсиз ҳақоратларига дош бериб, гадойтопмас, ваҳимали ўша ранчода яшаш хотинига ҳам осон эмасди. Сэм шунча вақтдан бери мутолаага майли бор хотинининг устидан кулиб, у ўқиётган семиз-семиз романларни менсимасдан, қилган қилиқларини эслаб, жуда уялиб кетди, ўзини-ўзи аёвсиз лаънатлади.
“Унинг бор овунчоғи ана ўша романлари бўлса, бечора нима қилсин чинданам”, деб хўрсинди Сэм. Мехиконинг қулоқларига бўлса унинг бу оҳанги негадир ғайритабиий, ўта бошқача бўлиб эшитилиб кетди. “Менга ўхшаган каллаварам скунс* билан яшаш унгаям оғир бўлса керак. Фақат пишир-куйдир, кир юв, овқат қил, қўйларнинг калла-почасини тозала, яна устига-устак эрининг маънисиз хўрлашларига чидаб яшаш! Ростданам, ундан кўра бир бет китоб ўқиш завқлироқ-да!”
У хаёлида Мартани илк дафъа учратгандаги қиёфасида жонлантириб кўрди: дуркун, дилдор ва ғурурли гўзал! Қора меҳнат ва йиллар тим жигар тусга бўяшидан аввал Мартанинг ёноқлари ним пушти рангда жилоланиб турарди. Доимий сукунат чўмган қуюқ чакалакзорлар орасида осмонўпар орзу-хаёлларга бурканиб яшаган хаёлпараст ва соддадил қиз!
“Агар мен шунақа дағал муомалам ва қўрс гапларим билан ичимдаги севги изҳоримни тилимга кўчирганимда бормиди, мени ҳатто ёввойи мушук ҳам тилка-пора қилиб юборган бўларди”.
Сэм ўзидан-ўзи норози бўлиб, ана шундай ғурбатли ўйлари билан қайси йўлдан бораётганини ҳам аниқ идрок қилолмасдан қаергадир кетиб борарди. У фақат ўзининг нечоғлик инсофсизлигини, Мартага қилган қилгуликлари тўғрисидагина ўйлар ва эзилар эди. У энди нима қилишини билди. Сэм нима қилиб бўлса ҳам Мартани хурсанд қилгиси келарди. У юнг олиб-сотадиган оғайнилари Гарция билан Жонс ва Сан Антониога ҳам бирваракайига хат ёзади. Сэмнинг калласида бундан бошқа яна янги-янги режалар туғила бошлади. У ўзининг бир хонасида ялтираб турган кичкинагина қоп-қора пианинони кўз олдига келтирди. Бутун оила кечки овқатдан сўнг пианино атрофига жам бўлиб олганча ўғилчаси Риндо чалаётган ажойиб куйни тинглаб ўтирганлари Сэмнинг кўз олдида яққол намоён бўлди.
Аммо шунча тузган ғаройиб режалари ҳамда уларни амалга ошириш истаги Сэмнинг Марта билан ўғли Ренди ўтказадиган ваҳимали тун қайғуси юкини енгиллатиб қўёлмасди. Уззукун нуқул ади-бади айтишиб, ғалва-ғишава қўзғаганлари билан Марта барибир ҳар тун Сэмнинг кучли қўллари устига аста бошини қўяр, бор қўрқувини яширганча, Сэмнинг юрак уришини тинглаб ётар, бутун вужудини мамнунлик ва шукроналик ҳисси қамраб оларди. Аслида-чи, Мартанинг қўрқувлари чинданам асоссизмиди? Сэм элма-эл кезиб, босқинчилик қилиб юрган безори мексикаликларни хаёлига келтирди. Ранчоларга пусиб борадиган тунги ёввойи мушуклар, тили узун силлиқ илонлар, мингоёқлар ва яна бир олам хавф-хатарлар чўпоннинг юрагини ғаш қилди. Эҳтимол Марта ҳозир қўрққанидан , жазавага тушиб ўтиргандир. Ўғли Ренди бўлса йиғлаб, дадасининг тезроқ келишини ялиниб сўраётгандир балки.
Кетма-кет чўзилиб, бир-бирига уланиб кетган бутазорлару ўсимликларнинг ҳеч адоғи кўринай демасди. Ўйдим-чуқур ерлар, нишаблик кетидан тағин бошланиб кетадиган нишабликлар, жарликларнинг ҳаммаси бир-бирига фарқланмас даражада ўхшаб кетарди, боз устига улар фақат такрорланиб бораверарди, сира-сира ўзгармас ва ё тугамас эди. Худойим-ей, қанийди, тезроқ бирор таниш ердан чиқа қолсайди!
Ҳаёт жуда қизиқ-да ёки табиатнинг ўзи ўйин қилишни хуш кўради. Оддий одамнинг ҳаёти ақлли дипломатникидан кўра қизиқарлироқ кечиши ҳам мумкин ҳатто. Қорларда йўқолиб қолган кишилар то ҳушдан адашганича баъзан битта доира ичида айланиб юрганларини англай олмайдилар. Ёхуд фалсафалари бой саёҳатчилар ёки бўлмаса турли ақлий жараёнларда айланиб-айланиб кейин яна энг бошланғич нуқтасига қайтиб келишларини тушунмайдилар.
Ўзига ишонч билан ҳамон жадал йўртиб бораётган Мехиконинг қулоқлари остига ҳорғин, афсусланган Сэмнинг чуқур-чуқур хўрсиниши кириб борарди. Улар яна тик қоя нишаблигидан ёнбағирлаб кетган ўн ёки йигирма фут баландликдаги қалин бутазор оралаб кетмоқда эдилар.
“Энди чидай олмайман, Мех”, — деб юборди Сэм отига илтижо билан қараб, “мана шу ерга келганда тамомила ҳолдан тойдим. Ахир сен ўзинг ҳам ўлгудек чарчаб кетдингку, оғайни. О, Художоним-ей, нима бало, бу ёруғ дунёйингда биронтаям кулба-капанг ҳам қолмаганми!” Сэм фарёд қилиб, товони билан барибир Мехиконинг биқинларига туртди.
От бунга жавобан норози оҳангда пишқириб қўяркан: “Яқин-атрофда ўша кулбанг бўлганда ҳам бизга нима фойдаси бор бўларди? Ахир уйга тезроқ етиб олишимиз керак-ку”, деб қўйгандек бўларди.
Лекин шунга қарамай Мехико юришини баттар тезлатди, ҳатто йўртиганча чопиб ҳам кетди. Улкан, қоп-қора чакалакзорни айланиб ўтаркан, Сэм бир нафасга тўхтади. У қўлидаги отининг тизгинларини ерга ташлади-да, кўзларига ишонмасдан ўтирган жойида ўтириб қолди. Сэм ўз уйидан жуда борса ўн ярд нарида турар эди.
Садоқатли Марти ювош ва беозоргина бўлиб, эшик олдида ўзининг қадрдон тебратма курсисида ҳамон китоб ўқиб ўтирар, болажон Ренди эса ерга ўтириб олганча кичкинагина ўйинчоқ машинасини ғизиллатиб юргизиш билан банд эди. У бир зум ўйинидан бошини кўтариб, сал нарида турган дадасига кўзи тушди-ю, лекин уни таний олмасдан яна ўйинига берилди. Марти эса бу пайт қандайдир шарпани сезгандек бўлиб орқасига эринчоқлик билан ўгирилиб қаради. У одатдагидек тиззасига қўйиб олган китобининг келган ерига бармоғини белги қилиб қўйиб турарди.
Ана шу вақтда Сэм бир сесканиб олди. Худди ёмон туш кўриб, бирдан уйғониб кетган одамдай ўзини ғалати сезди-ю секин эгардан тушди. Қаттиқ ҳаяжонланиб кетганидан Сэм нуқул лабларини яларди. Аммо у ўзидаги ноқулай ҳолатни билдирмаслик учун дарров хотинига ўшқира кетди:
“Буни қара, ҳалиям шу бўлмағур романларингни титкилаб ўтирибсанми?! Сендан бошқа ким ҳам ўқирди бу семиз китобларингни?! Қани, йиғиштир ҳаммасини тез! Сенга айтяпман!”
Мана, яна ўша Сэм. Техаснинг манаман деган бу чўпони сафари давомида адашиб қолиб, бир йўл айланиб келган, лекин қайтган заҳоти тағин ўша-ўша бақироқ Сэмга айланиб олганди
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси