Сопи исмли бошпанасиз дайди Нью-Йоркдаги Медисон майдонида ўтириб осмонга боқди. Қўлига хазон бўлган япроқ келиб тушди. Қиш ҳам яқинлашиб қолди. Сопи режа тузиб олиши керак. У эриниб жойидан қўзғалди. Сопи ана шу уч ой қишни иссиққина қамоқда, текин овқат ва яхши дўстлар билан ўтказишни ният қилди. Одатда у доим шунақа қилади. Ҳозир қамоққа жўнашнинг айни вақти чунки тунда майдонда ётса совуқ қотиб чиқади. Шу сабабли Сопи қамалиш режасини амалга оширишга киришди. Бу жуда осон. У қиммат бир ресторанда овқатланади. Кейин эса тўлашга пули йўқлигини айтади ва ресторан ходимлари полицияни чақиришади. Тамом-вассалом.
Сопи ўрнидан туриб секинлик билан кўча бўйлаб кета бошлади. Бироз ўтиб у Бродвейдаги хашаматли ресторанга етиб келди.Аммо Сопи ичкарига кириши билан офицант унинг кир бўлиб кетган, эски уст-боши ва оёқ кийимини кўриб уни кўчага улоқтирди. Сопи энди бошқа режа тузиб йўлида давом этди. Бродвейдан озгина юрганидан сўнг олтинчи Авенюга етиб келди. У бир дўконнинг деразаси олдига келиб тўхтади. Унинг миясига бир фикр келди. Қўлига катта тошни олиб уни дўкон деразасига қараб отди. Дераза синиб чил-парчин бўлди. Одамлар вахимага тушиб тўрт томонга қочишди. Сопи эса пинагини бузмай ўтираверди. “Ана энди полиция келиб мени қамоққа олади” деб ичида севинди. Унинг олдига бир полициячи келди.
– Буни ким қилди? деб сўради у.
– Эҳтимол мен қилгандирман деди Сопи тиржайиб. Бироқ полициячи бирор айб қилган одам хеч қачон тўхтаб ўтирмай қочиб қолишини яхши биларди. Шу сабабли у Сопига ишонмади. Аксинча автобусга миниш учун югириб кетаётган бир кимсани кўриб қолди ва ўшанинг орқасидан югириб кетди.
– Эх! Яна омадим келмади! деди Сопи жахл билан ва яна йўлини давом эттирди. Бир жойга бориб йўл четидаги кичик қаҳвахонага кўзи тушди. “Мана буниси соз бўлди” деб ўйлади ва қаҳвахонага борди. Бу ерда унинг жулдур уст-бошига хеч ким этибор бермади. Сопи маза қилиб овқатланди.Кейин офитцантга қараб тиржайди ва – афсуски сизга тўлашга пулим йўқ, қани полицияни чақиринг, тезроқ бўлинг мен жуда чарчадим деди.
– Полицияни овора қилишнинг кераги йўқ! деди офицант.
– Хей! Жо! деб шеригини чақирди. Иккаласи Сопини кўчага улоқтиришди. Сопи жаҳл билан ерга ётиб олди. Иссиқққина қамоқ хақидаги ҳаёллари бир зумда пучга чиқди. Кейин ўрнидан туриб тез тез юриб кетди. Сопи узоқ йўл юриб холдан тойди. Бир жойда тўхтаб атрофга аланглади. Бир дўконнинг олдида бир ёшгина аёл турарди. Унинг яқинида полициячи хам бор эди. Сопи аёлга яқинроқ борди. У полициячи уни кузатиб турганини кўрди.
– Мен билан кетмайсанми, жонгинам? деб аёлга атайлаб хиралик қила бошлади. Аёл ундан озгина узоқлашиб дўкон деразасига қаради. Сопи полициячига қаради. У хануз уларни кузатиб турганди. Сопи эса яна аёлга гап отди.
– Майли деди аёл кутилмаганда.
– Фақат Полиция бизни кўриб қолмасидан бу ердан тезроқ кетайлик деди у. Бечора Сопи аёлнинг қўлидан тутиб бир чеккага чиқди-да уни силтаб ташлаб орқасига қарамай қочди. – Хеч қачон қамоққа тушмасам керак деб ўйлади у. Кўплаб театрлари бор кўчадан секинлик билан кетаётиб Сопи башанг кийинган бой одамларни кўриб қолди. У қамалиш учун барибир нимадир қилиши керак. Медисон майдонида тунни совуқ қотиб ўтказишни истамайди. У яқин атрофда юрган полициячини кўрди ва бақириб қўшиқ куйлаб шовқин сола бошлади. Энди уни хибсга олишлари аниқ. Бироқ полициячи ёнидаги бир эркакка – бу кимса бугун кўп ичиб юборибди лекин у хавфли эмас шунинг учун унга тегмайман деди.
– Бугун полициячиларга нима бўлган ўзи? деб додлаб юбораёзди Сопи.
– Қамоққа тушишим учун яна нима қилишим керак? Энди кетмоқчи бўлиб турганида дўкон ичида қиммат соябон ушлаб олган бир одамни кўриб қолди. У киши соябонини эшик яқинига қўйиб сигаретасини чиқарди. Сопи дўконга кириб соябонни олди ва секинлик билан юра бошлади. Соябоннинг эгаси тезлик билан унинг ортидан борди.
– Бу менинг соябоним деди у.
– Э, шундайми? деди Сопи.
– Нега унда полицияни чақирмаяпсиз? Қани полицияни чақиринг! Ана биттаси тўғримизда ўтирибди. Соябоннинг эгаси бирдан хомуш тортиб қолди.
– Майли. Мен адашдим шекилли. Мен соябонни бугун эрталаб бир ресторандан топиб олгандим. Агар у сизники бўлса мени кечиринг…
– Албатта бу менинг соябоним деди Сопи.
Соябоннинг эгаси жўнаб кетди. Сопи йиғлашини хам кулишини хам билмай қолди. Жаҳл билан соябонни отиб юборди ва полициячиларни роса хақорат қилди. Чунки у чиндан хам қамалишни истаганди. Полициячилар эса уни қамашмади.У ноилож яна Медисон майдонига қайтиб бормоқчи бўлди. Йўлда кетаётиб Сопи бир бурчакда бирдан тўхтаб қолди. Бу ерда яни шахар марказида гўзал бир эски черков бор эди. Черковнинг ярим очиқ деразаларидан ёрқин нур чиқиб турар ичкаридан эса ёқимли мусиқа эшитиларди. Бу черков бахтли кунларини Сопининг ёдига солиб юборди. У онасини, дўстларини ва хаётидаги бошқа гўзал кунларини эслади. Кейин хозирги мақсадсиз, рутубатли хаёти хақида ўйлаб қолди. Сопи хаётини ўзгартиришга ва янги инсон бўлишга қарор қилди.
– Эртага деди у ўзига ўзи.
– Шахардан бирор бир иш топаман. Ҳаётимни яхши томонга ўзгартираман. Жамиятга фойдаси тегадиган одамга айланаман. Энди ҳамма нарса ўзгаради. Мен… Сопи елкасига кимдир қўлини қўйганини сезди. У ўрнидан сакраб турди ва олдида турган полициячини кўрди.
– Бу ерда нима қиляпсан? деб сўради полициячи.
– Ҳеч нарса деб жавоб қилди Сопи.
– Мен билан кетасан деди полициячи.Шу тариқа улар полиция махкамасига йўл олишди.
– Уч ойлик қамоқ жазоси! – дейишди Сопига полициядагилар кейинги куни.
Инглиз тилидан Феруз Зиёдуллаев таржимаси
“7×7” газетаси 2015-йил, 21-май сони