О’Генри. Афсунгарларнинг туҳфалари (ҳикоя)

Бир доллару саксон етти сент. Бор пули шу эди. Улардан олтмиш сенти бир сентли чақалардан иборат. Ана шу чақаларнинг ҳар бири учун баққол, резаворфуруш, қассоб билан шу қадар савдолашишга тўғри келдики, бу тариқа зиқналик туфайли туғилган сўзсиз норозиликдан қулоқларигача қизариб кетарди. Делла уч марта санаб кўрди. Бир доллару саксон етти сент. Эртага эса мелод байрами.
Бу важига келганда ўзини эски чорпояга таппа ташлаб, ўкраб йиғлашдан бошқа чораси йўқ эди. Делла худди ана шундай қилди. Бундан шундай фалсафий хулоса келиб чиқдики, ҳаёт йиғи-сиғи, оҳ-воҳ ва табассумлардан иборат, аммо оҳ-воҳ кўпроқ.
Уй бекаси ана шу пояларнинг барчасидан ўтиб бўлгунча, уйнинг ўзини кўздан кечирайлик. Ҳафтасига саккиз доллар ижара ҳақи тўлаб туриладиган жиҳозли квартира. Вазиятдан ўтакетган қашшоқлик эмас, тўғрироғи, айтмаса ҳам аён-ошкор кўриниб турган камбағаллик кўзга ташланади. Пастда кираверишдаги эшикка осиғлиқ хат ташланадиган қутининг тирқишидан биронта ҳам хат сиғмайди, электр қўнғироқнинг тугмасини битта-яримта одам босгудек бўлса, тиқ этган товуш эшитилмасди. Ана шуларга: «М-р Жеймс Диллингхем Юнг» деган ёзуви бор бир қоғоз ҳавола қилинган эди. Мазкур номнинг эгаси ҳафтасига ўттиз доллар олиб турадиган яқин вақтлардаги бадавлатлик кезларида «Диллингхем» қулочини ёзиб юборган эди. Эндиликка келиб, ана шу даромад йигирма долларга тушиб қолгач, «Диллингхем» сўзидаги ҳарфлар, тўпорию камтаргина «Д» ҳарфига қисқарсак бўлмасмикан, деб астойдил андиша қилгандек хира тортган эди. Аммо мистер Жеймс Диллингхем Юнг уйга қайтиб юқори қаватга чиқиб бораркан, биз ҳали сизга Делла номи билан таништирган миссис Жеймс Диллингхем Юнг уни албатта «Жим!», дея хитоб қилганча меҳр билан қучоқ очиб кутпб оларди. Бу эса, дарҳақиқат, дилни хушлайди.
Делла йиғини бас қилиб, ёноқларини упали момиқ билан артди. Ҳозир у дераза олдида турар ва кулранг ҳовли бўйлаб ўтган кулранг девор устида кезиб юрган кулранг мушукни маъюсгина кузатар эди. Эртага мелод байрами, унинг эса Жимга совға олгулик бир доллару саксон етти сентгина пули бор, холос! Узоқ ойлар давомида у ҳар бир сентни туфлаб тугиб келди. Жамғаргани эса мана шу бўлибди. Ҳафтасига йигирма доллар билан ошиб-тошиб кетмайсан. Сарф-харажатлар унинг мўлжалидагидан кўпроқ чиқиб қолди. Сарф-харажатлар доим шундай бўлади. Жимга совға олгулик бир доллару саксон етти сент пули бор! Жимгинасига совға олай деса!.. Мелод байрами муносабати билан унга нима совға қилишни режалай-режалай қанчадан-қанча соатларни хурсандчилик билан ўтказди. Биронта ғоят аломат, камёб, қимматбаҳо, Жимга мансубликдек юксак шарафга ақалли сал-пал муносиб келадиган қандайдир антиқа совға бўлиши керак.
Икки дераза оралиғида трюмо турарди. Сиз ҳеч қачон саккиз доллар тўлаб туриладиган жиҳозли квартирадаги трюмога қараб кўрганмисиз? Жуда озғин ва жуда серҳаракат одамгина унинг энсиз ойналарида кетма-кет ўзгараётган аксига қараб, ўзининг ташқи қиёфаси ҳақида анчагина аниқ тасаввур ҳосил қилиши мумкин. Ушоқ жуссали Делла бундай маҳоратни эгаллаб олган эди.
У дераза олдидан дафъатан ойна томон ўтди. Кўзлари чарақлар, аммо йигирма секунд мобайнида юзини қизиллик тарк этган эди. У чаққонлик билан тўғноғичларинғ суғуриб сочларини ёзиб юборди.
Сизларга айтиб қўйишим керакки, эр-хотин Жеймс Диллингхем Юнгларнинг фахру ифтихорлари бўлган иккита бебаҳо бойлиги бор эди. Бири — Жимнинг бобоси билан отасидан қолган тилла соати, иккинчиси Делланинг сочлари. Мабодо малика Билқис рўпараларидаги уйда яшаётган бўлса борми, Делла ҳазрати олияларининг барча ясан-тусан либосларию зеб-зийнатларини йўлда қолдириб кетиш учун бошини ювгач, ўрилмаган сочларини атайлаб дераза олдида қуритган бўларди. Борди-ю, Сулаймон подшо ана шу уйда эшик оғаси бўлиб хизмат қилаётган, бор давлатини ўша уйнинг ертўласида сақлаётган бўлса борми, Жим унинг ҳасаддан соқолини битталаб юлаётганини кўриш учуноқ олдидан ўта туриб жўрттага чўнтагидан соатини олиб қарайдиган бўларди.
Мана, Делланинг ажойиб сочлари худди каштанранг шалола тўлқинларидек жилваланганча, мавжланганча сочилиб кетди. Тиззасидан пастга солланиб тушган сочлари қадди-бастини ридо каби ўраб олди. У эса шу ондаёқ асабийлашганча ва ошиққанча, уларни йиғиштириб ола бошлади. Кейин худди тараддудлангандек, бир дақиқа қимир этмай қолди-да, эскирган қизил палосга икки ё уч томчи ёш думалаб тушди.
Нимдошгина жигарранг жакетини елкасига ташлаб, эскигина жигарранг шляпасини бошига қўндирди-да, кўзларида ялтираб турган ёш қуримаган ҳолда, юбкасини ҳилпиратган кўйи ғизиллаганча кўчага тушиб борди.
У қаршисига бориб тўхтаган лавҳага шу сўзлар ёзилган эди: «М-те Сопроҳиэ». Сочдан ясаладиган турли-туман маҳсулотлар». Делла иккинчи қаватга югуриб чиқди-да, нафаси тиқилиб ҳаллослаганча туриб қолди.
— Менинг сочимни сотиб олмайсизми?— деб сўради у хонимдан.
— Соч сотиб оламан,— деб жавоб берди хоним.— Шляпангизни ечинг, молни кўришим керак. Каштанранг шалола яна мавжланди.
— Йигирма доллар,— деди хоним, қалин сочни одатига кўра салмоқланиб кўраркан.
— Тезроқ бўлақолинг,— деди Делла.
Шундан кейинги икки соат вақти нимпушти қанотлар билан уча-уча ўтди — сийқаси чиққан истирам учун узр сўрайман. Делла Жим учун совға қидириб магазинма-магазин изғиди.
Ниҳоят, топди. Бу, шубҳасиз, Жим учун, фақат унга атаб яратилган эди. Бошқа магазинларда сира ҳам бунга ўхшаган нарса тополмаган, ўзи ҳам уларнинг ҳамма ёғини остин-устин қилиб юборган эди. Бу чўнтак соатига тақиладиган оддий ва сипо нусхали платина занжир эди, у намойишкорона ялтироқлиги билан эмас, чинакам қадри билан мафтун этарди — зотан барча яхши буюмлар шундай бўлиши керак. Уни ҳатто соатга муносиб деса дегулик эди. Делла уни кўриши биланоқ оқ занжир Жимга аталганлигини пайқади. У ҳам худди Жимнинг ўзгинаси эди. Камтарлик ва сиполик — икковларига хос фазилат эди. Кассага йигирма бир доллар тўлади-да, Делла чўнтагида саксон етти сент билан уйига ошиқди. Башарти шундай занжири бўлса, Жим ҳар қандай жамоат орасида ҳам тап тортмай соати неча бўлганини кўравериши мумкин. Соати нақадар ажойиб бўлишига қарамай аксар унга ўғринча қараб оларди, негаки, соати расво чарм тасмада осилиб турарди.
Уйда Делланинг ҳаяжони босилиб, бунинг ўрнини эҳтиёт ва тадбиркорлик эгаллади? У сочини жингалак қиладиган миқрози қисқични олди-да, газни ёқиб, муҳаббат омухталашган ҳиммат туфайли юзага келган вайронгарликни тузатишга киришди. Бу эса ҳамиша машаққатли иш, дўстларим, мардонавор иш.
Қирқ минутча ҳам ўтмаган эдики, бошини пишиқ ҳимарилган кокилчалар қоплади, шу туфайли у худди дарсдан қочган ўғил болага ўхшаб қолди. Ойнага диққат билан узоқ тикилганча ўзини танқидий назардан ўтказди.
«Хўп,— деди у ўзига-ўзи,— агар Жим кўзи тушиши биланоқ мени ўлдириб қўймаса, Кони-Айленддаги хорчи қизларга ўхшаб қолибди, дер. Қўлимдаги пулим бир доллару саксон етти сент бўлгандан кейин, ахир, иложим қанча эди, иложим қанча эди!»
Соат еттида каҳва дамлаб кўйилган, газ плитада қизиётган това қўй гўштидан килинган котлетларга маҳтал эди.
Жим ҳеч қачон кечикмасди. Делла платина занжирни кафтида сиқиб ушлаганча столнинг остонага яқинрок жойига бориб ўтирди. Тез орада эрининг зинапоядан чиқиб келаётганини эшитиб, бир лаҳзагина ранги қув ўчиб кетди. Тирикчилик икир-чикирлари важидан худога илтижо қиладиган одати бўлгани учун шоша-пиша шивирлади:
— Худоё худовандо, унинг мендан кўнгли қолмасин.
Эшик очилиб, остонада кўринган Жим уни ёпиб кирди.
Афти бир бурда бўлиб қолган, безовта кўринар эди. Йигирма икки ёшда оила ташвишини ортмоқлаб юриш осон эмас. У аллақачон палтосини янгилаши керак, қўлқопи бўлмагани учун қўллари совқотар эди.
Жим худди бедананинг ҳидини сезган сеттердек эшик олдида қимир этмай туриб қолди. Кўзлари Деллага шундай ифода билан тикилиб турардики, аёл буни нимага йўйишини билолмай, ваҳимага тушди. Бу ифода на қаҳр, на ҳайрат, на таъна, на даҳшат — тахмин қилиш мумкин бўлган ҳислардан биронтасига ҳам ўхшамас эди. Эри унга нигоҳини узмай тикилиб турар, юзидаги ғалати ифода ҳеч ўзгармас эди.
Делла столдан сакраб тушиб, унга отилди.
— Жим, жоним,— дея қичқириб юборди у.— Менга ундай қарама! Мен сочимни қирқиб, уни пулга сотдим, мелод байрамида сенга ҳеч нарса совға қилмасам, бунга ҳеч бир чидаёлмасдим. Сочларим яна ўсиб кетади. Мендан аччиғланаётганинг йўқдир-а, шундайми? Бундан бошқа иложим йўқ эди. Сочим жуда тез ўсади. Кел, мени мелод байрами билан табрикла, Жим, кел, байрамнинг гаштини сурайлик. Сенга шундай бир совға тайёрлаб кўйдимки, шундай ажойиб, шундай аломат совға тайёрлаб қўйдимки!
— Сен сочингни қирқтирдингми?— деб сўради Жим диққатини тўплаганча, зотан мияси кизғин ишлаб турган бўлса-да, бу нарса ҳали ҳушига етиб бормаётгандек эди.
— Ҳа, қирқтирдим ҳам, сотдим ҳам,— деди Делла.— Аммо сен мени бари бир севасан-ку? Сочим қисқа бўлгани билан мен бари бир ўша-ўшаман-ку.
Жим гарангсиб хонани кўздан кечирди.
— Хўш, шундай қилиб, энди сенинг сочинг йўқми? — деб сўради ўринсиз қатъият билан.
— Қидирмай қўяқол, бари бир тополмайсан,— деди Делла.— Ахир сенга айтдим-ку: мен сочимни сотдим — қирқтирдим-да, сотдим. Бугун арафа, Жим. Менга меҳрибонроқ муомала қил, чунки мен сен учун шундай қилдим. Эҳтимолки, бошимдаги сочларни санаб чиқиш мумкин бўлар-у,— деб сўзида давом қиларкан, мулойим овози бирдан жиддий янграй бошлади,— аммо ҳеч ким, ҳеч ким менинг сени нечоғли севишимни ўлчаб битиролмаса керак! Котлетларни ковураверайми, Жим?
Шунда Жим карахтлик оғушидан чиқди. У Делласини бағрига босди. Андиша қилайлик-да, бир неча лаҳза алаҳсиб, бирон ўзга нарсани томоша қилиш билан банд бўлайлик. Қайси бири кўп — ҳафтасига саккиз долларми ё йилига бир миллионми? Математик ёки донишманд сизга нотўғри жавоб берган бўларди. Афсунгарлар бебаҳо туҳфалар келтиришган, улар ичида бир тухфа йўқ эди. Нафсиламр, бу дудмал шамани кейинроқ тушунтириб берамиз.
Жим палтосининг чўнтагидан тургакланган нарса олиб, столга ташлади.
— Гапимга астойдил ишонавер, Делл,— деди у.— Ҳеч қандай кузалган, таралган соч қизалоққинамдан менинг меҳримни совутолмайди. Аммо мана бу тургакни очиб кўргин, дастлаб кириб келганимда нима учун гангиб қолганимни биласан.
Оппоққина эпчил бармоқлар канопни тортқилаб, қоғозни очди. Дарҳол шавқли хитоб янграб, ҳайҳот, шу ондаёқ аёл аҳлига хос шашқатор ёш билан оҳ-фарёд бошланиб кетдики, хонадон бошлиғи ўша заҳоти ихтиёрида мавжуд бўлган барча таскин берувчи воситаларни татбиқ этишга мажбур бўлди.
Негаки, стол устида Делла Бродвейдаги витринада кўрганида маҳлиё бўлиб қолган, иккита чаккага, битта орқага тўғналадиган ўша бир тўп тароқ ётарди. Четларига жилодор тошлар нақш этилган, каштанранг сочларининг тусига жуда мос, тошбақа пўстидан қилинган чинакам, ажойиб тароқлар эдн. Улар жуда қиммат, Делла буни билар, уларни орзу қилгани билан муяссар бўлмаслигига кўзи етганидан аллақачондан буён юраги орзиқиб, ачишиб юрар эди. Мана энди, ниҳоят улар қўлига келиб тегди-ю, аммо буларнинг орзиқтирган жилоси кўрк бахш этиши мумкин бўлган гўзал сочлар аллақачон барҳам топган эди.
Ҳар қалай, у тароқларни кўксига босди, ниқоят, журъат қилиб бошини кўтараркан, ёшли кўзлари билан жилмайганча шундай деди:
— Менинг сочим жуда тез ўсади, Жим!
Шу пайт у устидан доғ сув қуйиб юборилган мушук боладек сапчиб турди-да, хитоб қилди:
— Вой, ўлмасам!
Ахир Жим унинг ажойиб совғасини ҳали кўрмаган эди-да. У ошиққанча занжирни кафтига олиб Жимга узатди. Хира тусли нодир металл унинг самимий ва жўшқин қувончи шуълаларида товланиб кетгандек бўлди.
— Ҳавасингни келтирмайдими, Жим? Мен уни топгунимча, шаҳарда бормаган жойим қолмади. Энди соатингни кунига юз марта олиб қарашинг мумкин. Соатингни менга бер-чи. Иккалови бирга турганда қандай кўринишини кўргим келаётибди.
Аммо Жим унинг сўзларига итоат қилиш ўрнига, чорпояга чўзилди-да, қўлларини боши остига қўйиб, жилмайди.
— Делл, — деди у,— ҳозирча икковимиз ҳам совғаларимизни яшириб қўя туришимизга тўғри келаркан, бир оз ётатурсин. Улар ҳозир биз учун жуда ҳам сердабдаба экан. Мен сенга тароқ сотиб олиш учун соатимни сотдим.
Энди, котлетларингни пишираверсанг ҳам бўлар, деб ўйлайман.
Маълумки, охурда ётган гўдакка туҳфа олиб келган афсунгарлар донишманд, танг қоларли даражада донишманд кимсалар эканлар. Мелод кунларида совға тақдим этишни ҳам ўшалар таомилга киритган эканлар. Ўзлари донишманд бўлганлари учун берадиган туҳфалари ҳам, эҳтимолки, маъқул келмай қолган тақдирда айирбошлаб бериш писанда қилиб қўйилган донишмандвор туҳфа бўлса ажаб эмас. Мен бу ерда сизларга ўзларининг энг бебаҳо бойликларини бир-бирларига ақл-донишига мутлақо зид бўлган йўсинда фидо этган, саккиз долларли квартирада ижара турадиган икки тентак боланинг саргузаштини сўзлаб бердим. Аммо замонамиздаги донишмандларга ўгит тариқасида айтиб қўйишим керакки, барча туҳфа берувчилардан энг донишманди шулар эди. Барча туҳфа бахш этувчи ва олувчилар орасида мана шуларга ўхшаганлари чинакам донишмандлардир. Ҳамма ерда, ҳар қачон. Афсунгарлар ҳам ана ўшалар.