Нодар Думбадзе. Юрагимнинг бир парчаси (ҳикоя)

Жўка дарахтининг остида бошини қуйи солганча бузоқчаларининг арқонини ушлаб ялтирбош болакай ўтирибди. Ёшовсираган кўзларини лой-балчиқ қотиб қолган яланг оёқларига тикиб ўй суряпти: “Бу чол дадамнинг худди ўзи! Оппоқ сочлари… Қоп-қора қошлари… Кенг бурни… Чиройли кўзлари… Овозиям майин, ширали… Кўзимни юмиб турсам товушидан дадам деб ўйлайман!..”
Бола кўзларини юмди.
-Мен шунинг учун сизни безовта қилдим, азизим Кишварди… Ортиқ дармоним қолмади. Умуман қўлдан чиқиб кетди бу ярамас. Ҳамма болалар бир гўр – китобга яқин йўламайди, буям шу. Кечасию кундузи мана шу бузовлари билан бирга. Учинчи числода нима қилганини биласизми? Господзедаги маҳалла қудуғига хумдай тарвузни улоқтирибди! Мана, бир ҳафтадан бери иккита хонадон сув ўрнига шарбат ичиб ўтирибмиз!..
-Э худойим-ей! Шунақами, ўғлим?! Майли, сиқилманг, азизам Юлия. Мен уни Гурияга опкетаман, чинорнинг учига оёғидан осиб қўяман. Қўйдай ювош бўлиб қолади!
-Нимага уни осиб қўясиз билмадим-у, лекин бир гап хаёлимга келди: онасининг жуда бахти кулган экан – бу ярамасни кўрмай ўтиб кетди. Айтгандай, отасиниям бахти кулган…
-Нима деб ўйлайсиз, қадрдоним Юлия, уни эплай олармиканман?
-Билмайман, ҳеч балони билмайман… Ўзингиз ўйлаб кўринг: яқинда уни тегирмонга бергандим. Энг зўр, саралаб қўйилган маккажўхорини ўғирлаб гумдон қилган. Қўлида беш фунт, елкасида ун билан қайтиб келди. Қолган нарсаларни Валико Кукулашивлининг саёқ арзандаларига бўлиб берган, менимча. “Бола чақам кўп, оч-наҳор ўтирибди”, деб зорланарди бечора. Эҳ, тавба-ей!
-Э худойим-ей! Шунақами, ўғлим?!
-Бу ҳали ҳолваси! Аввалги куни Кукури Угулава деган бетайин ўртоғи билан ўзининг география ўқитувчиси Датико Цвераванинг боғига ўғирликка тушган. Ўйлаганиям қўрқиб кетасан одам!.. Шафтоли теришган-да обориб товуққа алмаштиришган! Эҳ, тавба-ей!
-Э худойим-ей! Шунақами, ўғлим?!
-Ҳа, бунча “шунақами”, “шунақами” деб такрорлаб қолдингиз! Мени алдаяпти деб ўйлаяпсизми?
-Нега энди, нега энди, азизам Юлия! Наҳотки, уни бу йўлдан қайтариб бўлмаса?! Наҳотки, дийдаси қотиб бўлган бўлса?!
-Йўқ, нима деяпсиз… Уни қутқариш мумкин, албатта. Аммо бунга менинг қурбим етмайди. Бунинг учун эркак кишининг қаттиқ қўли керак. Бундан ташқари, пешанамда яна иккитаси бор – Зураб билан Вахтанг, Колигинамнинг болалари, улар сал тузук.
-Ҳим… Нима десам экан сизга, азизам Юлия. Ота-онаси ҳаётлик пайти мени болага зиғирчаям яқинлаштирмасди. Мен унга бегонаман, тушуняпсизми, бегона!..
-Бундай деманг, азизим Кишварди. У нима қилсаям ўғил бола, эркак билан эркакнинг тил топишиши осонроқ… Бунинг устига у наслингиз давомчиси…
-Ҳа, албатта… Ўқишлари қанақа унинг, азизам Юлия?
-Ҳим!.. Ўз ўқитувчисининг боғига ўғирликка тушган, “Декамерон” деган уят китоб учун бувисининг кумуш қошиқларини сотиб юборган боланинг ўқиши ҳақида нима дейиш мумкин?! Бир ўйлаб кўринг-чи, азизим Кишварди!
-Шунақами, ўғлим?! Бўлди! Уни Гурияга опкетаман, чинорнинг учига оёғидан осиб қўяман!
-Буни қаранг, биз унинг ташвишини чекаётибмиз, пинагиниям бузмайди-я! Кимга гапиряпсан демайди!
Бола жўка дарахтининг остида кўзларини юмиб ўтирар ва ўйларди: “Бечора Юлия бувим чарчади. Олдин овози қанақанги ёқимлийди, ҳозир шанғиллайди. Ё менга шунақа туюляптимикан? Бобом бўлса шошмасдан, ҳовлиқмай гапиряпти… Ҳа, кўриниб турибди, бувим чарчаган. Агарда мени ҳозир бобом билан жўнатиб юбормаганда эди, ҳеч қачон уни қийнамаган бўлардим. Қанийди… Қанийди…”
-У етим, азизам Юлия… Фақат жазолаш ярамайди, меҳр ҳам керак.
-Етимдан етимнинг фарқи бор! Керагича меҳр кўрсатдим, қани билса! Меҳрмиш-а…
-Шунақами, ўғлим?! Мен уни Гурияга опкетаман, оёғини осмонга қилиб осиб қўяман… Қачон олиб кетишим керак, азизам Юлия?
-Ҳозироқ! Тайёрланишига ҳеч қанча вақт кетмайди.
-Шунақа денг… Ҳеч балоси йўқ-да, а?
-Ўтган йили Авчаладан қандай олиб келган бўлсам шундай юрибди, азизим Кишварди… Хоҳласангиз ўзингиз шоҳона сарпо олиб берарсиз…
-Бечора болам…
-Йўл олдидан овқатланиб олсаларинг бўларди, азизим Кишварди…
-Ҳа йўқ, ташвишланманг, азизам Юлия… Самтредиада тамадди қилиб оламиз, уёғига худо пошшо.
-Ихтиёрингиз… Оқ йўл сизга. Хизр йўлдошингиз бўлсин!..
-Худо қувват берсин, азизам Юлия!..
-Айтмоқчи, мана буларни ҳам оволинг.
-Нима бу?
-Унинг ҳар хил ҳужжатлари. Менимча, сентябрда мактабга олиб борасиз. Шунга керак бўлади. Тўртинчи синфга ўтди… Маълумотномада хато кетиб қолган: Ломжария Нодари ўрнига Ломжария Надири[1] деб ёзишибди. Менимча, бу хатояммас, аслида, тўғри ёзишган.
-Шунақами, ўғлим?! Мен уни Гурияга опкетаман, чинорнинг учига оёғидан илиб қўяман…
-Қаеридан илсангиз илинг, лекин ортиқ кўзимга кўринмаса бўлгани.
-Оёғидан иламан, оғидан…
-Худо қувват берсин.
-Уни шундай кўйга солайки, ҳолига маймунлар йиғласин.
-Хўп, хайр бўлмаса, азизим Кишварди.
-Яхши қолинг, азизам Юлия.
Мазкур олди-берди маросими 1938 йил август кунларининг бирида, туш пайти Хони қишлоғида Нодар Ломжариянинг бувиси, аниқроғи, онасининг онаси қадрли Юлия Микеладзе ва гуриялик бобоси, аниқроғи, отасининг отаси жаноб Кишварди Ломжария ўртасида бўлиб ўтди.
Бир соат ўтгач бола, аниқроғи, 1928 йилнинг 14 июлида Тбилиси шаҳрида хизматчи оиласида туғилган Нодар Ломжария тандирдай қизиган тупроқ йўл бўйлаб бобосининг ортидан ғамгин судралиб борарди…

***

Бобо билан невара Хонидан Кулашгача фойтунда, Кулашдан Самтредиага линейка[2]да етиб олишди. Кейин тамадди ҳам қилмасдан Чохатауридан ўтадиган чой фабрикасининг юк машинасига чиқишди. У ердан Интабуети қишлоғигача пиёда кетдилар.
Бобо олдинда, невара орқада. Бобо қексаларга хос хаста товушда йўталди, иҳради. Рўпарадан келаётган йўловчини кўриб жим қолди, тезда имо-ишора билан саломлашди-да, сўнг яна йўталди, иҳради. Гоҳида у болага жим тикилиб қолади. Бу худди сўнгги зурриёдини йўқотишдан қўрққан қари отнинг нигоҳига ўхшайди.
Бола қадам ташлар ва ўйларди: “Бечора чол нимжон, касалманд… У мени дарахтга оёғимдан осиб қўймоқчи… Бу чол – менинг бобом. Дадамнинг дадаси. Бобом! Унинг ортидан эргашиб юришга мени нима мажбур қиляпти? Худди қулга ўхшаб индамай, ҳўшшайиб кетяпман. Икки марта сакрасам – тамом! Нима мени ушлаб турибди? Чарчаб, очқаб, иссиғу чанқовдан ўлгидай бўлсам ҳам қочиб кетмайман. Нега? Бу кучнинг номи нима?”
-Нималар ҳақида ўйлаяпсан, ўғлим? – ўгирилиб тўсатдан савол берди чол.
-Ҳеч нарса ҳақида ўлаётганим йўқ! – деди довдираб қолган бола. У ҳамма нарсани кутганди, лекин бунақа саволни эмас.
Чол йўлнинг чеккасига бориб ўтирди. Йўталиб, нафасини ростлаб олгач болага тикилди, кейин бармоқларини букиб санашга тушди: 28, 29, 30, 31, 32, 33, 34, 35, 36, 37, 38.
-Йигирма саккизинчи йили туғилгандинг. Ҳозир ўттиз саккизинчи йил. Демак, ўн бирга кирибсан… Кап-катта йигит бўп қолдинг… Қандай қилиб ҳеч нарса ҳақида ўйламаслигинг мумкин? Ё ўз бобонгдан яширасанми?
-Йўқ, нега энди, ҳеч нарса ҳақида ўйлаганим йўқ эди.
-Ўйлайдиган вақтинг келган, ўғлим, вақтинг келган.
Чол йўталиб, инқиллаб турди-да йўлида давом этди. Бола бобосининг ортидан худди юки оғир аравадай бошини эгиб, қулоғини динг қилиб қадам ташларди…

***

Бола – офтобда қорайган, сочлари ҳурпайган – чинор тагида белкуракка суяниб турибди, кўзларини лой-балчиқ қотиб қолган яланг оёқларига тикканча ўй суряпти: “Бир йилнинг ичида буткул қариб, мункайиб қолибди. Юзида ажин тўла. Овози қанақадир бўғиқ. Лекин барибир у менинг аямга – ёш, чиройли, мулойим, қоракўз, меҳрибон аямга ўхшайди. Қадам ташлашиям, овозиям… … Кўзимни юмиб турсам товушидан аям деб ўйлайман!..”
Лекин бола кўзларини юммади. Қўрқиб кетди.
-Тинчимни йўқотдим, азизим Кишварди! Онасининг безовта нигоҳи ўнгимдаям, тушимдаям намоён бўляпти… Унинг овози ҳар қадамда мени таъқиб қилади… Уни олиб кетган кунингиздан бери юрагим суғуриб олингандай тентираб юраман… Болани менга қайтаринг, азизим Кишварди!..
-Ҳим… У, азизам, сиздан олган вақтимда бола эди. Ҳозир – кап-катта йигит, ҳамма нарсани ўзи ҳал қилади. Агар сиз билан кетишни истаса мен ҳеч қандай қаршилик билдирмайман.
-У мендан хафа… Уни мен билан қайтишга кўндира оладиган ягона одам сизсиз, азизим Кишварди…
-Ахир унга ўхшаганидан сизда яна иккита бор-ку, қадрдоним Юлия… Ҳеч бўлмаса биттасини менга қолдиринг!
-Наҳотки, гап сонда бўлса?! Ўнта бўлса ўрни, қирқта бўлса қилиғи бошқа. У менинг набирам, қадрдоним Кишварди!
-Шундайку-я… Лекин мен нима қилишим керак? Ахир ўлимимдан кейин авлодимизни давом эттирадиган ягона меросхўрим у…
-Мен унинг фамилиясини ўзгартирмайман! Майли, иккита Ломжария бўлақолсин, лекин уни менга қайтаринг.
-Демак, болани олиб кетгани келибсиз-да, азизам Юлия?!
-Нариги дунёга гуноҳ билан кетишимга йўл қўйманг! У ерда онасининг кўзига қандай қарайман?!
-Э, азизам Юлия, худо билар ким олдин кетар. Агарда мен сиздан олдинроқ ўлсам, онаси билан дадасининг кўзига қандай қарайман?
-Худо умрингизни узоқ қилсин, азизим Кишварди.
-Далам ҳам, узумзорим ҳам, тегирмоним ҳам, қабрим ҳам, хоким ҳам мана шу боланики… Йўқ, ўлсам ҳам уни сизга бермайман!
-Бўлмаса мен ўзимни ўлдираман. Ҳозироқ, кўзингизнинг олдида!
-Худо хайрингизни берсин, азизам Юлия, нималар деяпсиз!.. Бувинг билан кетасанми, ўғлим?
-Ростини айтармиди… У сиздан ийманяпти!
– Шунақами, ўғлим?!
-Унга онанинг меҳри керак, азизим Кишварди! Оқ ювиб, оқ тараш лозим. Сиз онасининг ўрини боса олармидингиз?..
-Нималар деяпсиз… Мен у билан шу пайтгача, худога шукр, ёмон яшамадим… Лоақал сизни ёрдамга ҳам чақирмадим-ку…
-Сиз ҳақсиз, сиз ҳақсиз, азизим Кишварди. Лекин барибир… Боланинг оёқларини уйқудан олдин ювиш, мактабга кузатиб қўйиш… Булар эркакларнинг иши эмас!..
-Бизнинг мактаб азобхона эмас… Унақа нарсалар сизларнинг мактабларингда эди, болани ёввойига чиқаришганди, эслашимча, сиз ҳам уларнинг фикрига қўшилган эдингиз…
-Нега ўшанда тилим узилиб тушмади экан, а!
-У менинг қўлимда фариштага айланиб қолмаган, шафтоли ўғирлашниям ташлагани йўқ…
-Қуйилиб қолар!
-Ё энди ун улашмай қўйди деб ўйлаяпсизми?
-Э, униям бошида қолсин! Ҳамма нарсам уники, менга деса хонумонимга ўт қўйиб юбормайдими – ғиринг демайман!
-Чекяптиям, ярамас!
– Шунақами, ўғлим?!
-Сиз, мана, мендан сўранг! Тамаки халтамниям, ҳамёнимниям шип-шийдам қилди!
-Майли, соғлик учун оз-моз чекиб турса ҳечқиси йўқ. Ахир ўзингиз айтдингиз-ку – у энди кап-катта йигит!
-Яна бир ой сабр қилинг. Пилла тутганим учун мукофот пули оламан, болани кийинтираман… Бунақа жулдурвоқи аҳволда сизникига кетмайди!
-Сиз фақат жавоб беринг. Кийим, пойабзал олиб бериш – менинг ишим! Ўзимникини ечиб бўлса ҳам унга кийдираман!
-Ҳим, сизнинг кийимларингиз унга роса лойиқ тушади!
-Албатта, сизга ҳазил, ўйин-кулги. Менинг эса юрагим қон бўлиб кетяпти!
-Ахир, айтдим-ку: у аллақачон кап-катта йигит бўлган. Ўзи ҳал қилсин!
-Сиз – унинг учун авлиё даражасидасиз, нима десангиз ишонади, нимани қил десангиз қилади… Айтинг унга, азизим Кишварди!..
-Худодан қўрқсангиз-чи, азизам Юлия. Ахир қандай қилиб ўз жигарбандимга, томирида қоним оқиб турган болага уйимдан кет деб айта оламан?!
-Нима, мен унга бегонаманми? Ахир у менинг ҳам жигарбандим, юрагимнинг бир парчаси. Худо билади, бир йил умрим қолдими-йўқми. Ўтинаман сиздан, ажалимдан беш кун бурун ўлдирманг, болани менга бахшида қилинг!
-Азизам Юлия!
-Олдингизда тиз чўкаман, тиз чўкаман!..
-Нималар қиляпсиз! Туринг ўрнингиздан! Худо хайрингизни берсин!..
-Э қодир худойим, унга бахту саодат инъом эт!
-Энди менинг ортиқ шодлигим ҳам, бахтим ҳам қолмади…
-Э бор худойим…
-Бувинг билан кет, ўғлим…
Мазкур суҳбат биз бошда ҳикоя қилган бобо-буви иштирокидаги воқеалардан роппа-роса бир йил кейин содир бўлди. Бу галги жараён олди-берди маросими эмасди. Бу икки қайноқ қоннинг тўқнашуви, икки оловли юракнинг воласи эди. Бу икки меҳр ўтининг кураши сабаб боланинг юраги шиддат билан тепа бошлади, томоғига алланарса тиқилгандай бўлди, танасини совуқ тер босди, титроқ бутун вужудини ловуллатиб юборди. Қандайдир кўринмас куч уни зарб билан бувиси томон тортарди, бироқ худди шундай шиддаткор оҳанрабо уни бобоси томон етакларди. Бола бир неча бор шундай оғриқни ҳис қилди – гўё унинг вужуди қайноқ сув ичида қолди. Чол билан кампир ўртасида кечган қизғин, шиддатли баҳс тугамагунча болани қандайдир қўрқув, аллақандай кўнгилсизликни кутиш азоби тарк этмади.
Буви ўрнидан туриб болага яқин келди, уни қучоғига олди.
-Болагинамдан ёдгорим, кўзларимнинг нури, юр мен билан, кемтик бағримни тўлдир, болажоним!..
Кампир йиғлади, унинг иссиқ кўз ёшлари боланинг бошига томчилади. Ўпкасини бўшатиб олгач, болани секингина бағрига тортди, бироқ у худди темир қозиқдай, томирлари ернинг қаър-қаърига сингиб кетган дарахт сингари жойидан жилмай, ҳаракатсиз турарди.
-Бувинг билан кет, ўғлим, бечора бувингни хафа қилма… Дийдорингга тўйиб олсин, кейин менинг олдимга яна қайтиб келасан… Мен унгача сени кутиб ўтираман, ғамга тўлиб ўтираман… Сен нима деб ўйлагандинг? Мана шунақа, невара бўлиш осонмас! Оғир, жуда оғир, айниқса мен билан бувингга ўхшаган дардибедаволарнинг невараси бўлиш қийин… Болтанг, белкурагинг, кетмонинг, тўқмоғинг, саватинг, сигиринг, араванг ҳеч қаёққа кетмайди, қайтишингни кутади…
Бола бобонинг сўзларини эшитиб ҳайрон қолди: болта, кетмон, белкурак, сават ҳовлининг бошқа-бошқа томонида ағанаб ётарди, сигир, арава, эчки бўлса умуман бошқа тарафда эди, лекин бобо уларга қарамай қўли билан турган жойларини аниқ кўрсатиб берарди.
Бобо сўзида давом этди:
-Мана сумканг, дарсликларинг – гурузин тили, тарих… Яна ниманг қолди? Ҳеч нима… Шиминг, кўйлагинг, шиппагинг – эгнингда. Самтредиагача ялангоёқ кетгин, бўлмаса шиппакларинг уйгача етиб бормайди. Бўпти… Бўл энди тезроқ!

***

Кишварди Ломжария невараси ҳозир темир қозиққа, томирлари ернинг қаър-қаъригача сингиб кетган дарахтга айланганини тушунди, жуда-жуда чуқур кетган бу томирларни оддий насиҳат билан суғуриб бўлмасди. Бошқача йўл тутиш керак эди. Лекин қанақа?
Кишварди Ломжария невараси гирдобнинг ўртасида чирпирак бўлаётганини, икки авлоднинг шиддаткор, жанговор қони уни икки томонга зарб билан тортаётганини ҳам англади. Уларни қайси бири устун келади? Қай бир қон ғалаба қозонади? Бу кураш нима билан тугашини кутиш фойдасиз… Уларнинг қайсидир бири қайноқ қонлар кўпираётган кураш дарёсини ёриб чиқиши, янги ўзанга қараб оқиб кетиши керак.
Ва ниҳоят… Кишварди Ломжария бувидан олдинроқ ҳаракат қилди:
-Ҳўш, яна нимани кутяпсан? Сен билан айтишишдан чарчадим!
Бола бобосига қўрқа-писа қаради.
-Жўна, орқангга қайрилиб қарама! Тушундингми?!
Боланинг қалбини бобосига бўлган қаттиқ ачиниш ва бувисига бўлган шафқат ҳислари бирваракайига забт этди. Ич-ичидан тўлиб келаётган ёшлар боланинг кўзини хира парда билан қоплади, боши ўз-ўзидан кўксига эгилиб қолди, бир оғиз сўз айтмасдан худди юки оғир аравадай Чохатаурнинг тупроқ йўлига бурилди. Қариб-мункиллаб қолган, бошдан-оёқ қора кийинган бувисининг ортидан эргашди…
Кишварди Ломжария тошнинг устига бориб ўтирди-да, мис идишдаги сувнинг қайнашини кута бошлади.
Кишварди Ломжария оловга тикилганча хаёл сурарди. Айни дамда нохуш ўйлардан қутилишга, улардан яширинишга уринарди. Лекин ўзингдан қайга қочиб беркинасан? Ахир одам ожиз банда-ку… “Болани бериб юбормаслик керак эди… Лекин кампирнинг андуҳига дош бера олмадим… Энди бўлса ўзим худди ўшандай ҳолатга тушиб ўтирибман. Кейинги ҳафта кампирникига бораман, болани қайтариб беришини сўрайман. Бермаса, куч билан оламан… “Айтаман, жигарбандимни, юрагимнинг бир парчасини, томиримдаги қонимни тортиб олишга қандай ҳаққинг бор?! Ахир сен худо эмассан!” Лекин… у ҳам менга худди шу сўзлар билан жавоб қайтариши мумкин-ку! Ахир мен ҳам ожиз бандаман… Ахир бола менга қандай ришталар билан боғланган бўлса унга ҳам шундай яқин-ку. Эҳ, одам бўлиш қийин, жудаям қийин. Аҳволим яратганга аён, бандангга ўзинг раҳм қил худойим… Кейинги ҳафта бораман-да, кампирнинг оёқларига йиқиламан. Йўқ, бир ҳафтагача сабр қилолмайман… Эртадан кейин бораман… Йўқ, эртагаёқ! Эртага азон пайти йўлга тушаман. Э худо, тезроқ тонг ота қолсайди…”
Кишварди Ломжария тошда ўтириб шундай ўйлар сурарди. Мис идишдаги сув қайнаган пайти дарвоза тўсатдан очилди, бўсағада боланинг эгилган боши ва елкасига бойланган шиппаклари кўринди.
-Э худо! Ўзингга шукур!
-Мен қайтдим, – пичирлади невара.
-Қайтишингни билардим, – деди бобо.
Сўнг мис тоғорага қозончадан иссиқ сув қуйди-да, неварасининг ҳорғин оёқларини узоқ ювди. Кейин унга деб сўрига жой солди, ўзи бўлса кичкинагина уйчасига ухлагани кириб кетди.
Чолни ярим кечаси боланинг овози безовта қилди:
-Бобо, сиз билан ётсам майлими?
-Кел, ўғлим.
Бола бобосини қучоқлаб олди.
“Бечора, ҳамма ёғи музлаб қолибди!” – ўйлади невара.
“Қанақа тафти бор, а!” – ўйлади бобо.
Бироз вақт ўтгандан кейин бобо сўради:
-Биласанми, сени нима қайтарди?
-Йўқ!
-Билиб ол, ўғлим, томирингда оқиб турган қон сени мен томон етаклади. Қон, юрак қони шунақанги катта куч, ўғлим!..
Кейин бутун тун давомида улар бир оғиз ҳам гапиришмади. Ҳеч нима ҳақида ўйламадилар, ҳеч нима ҳақида гапирмадилар.
Бобо ва невара ширин уйқуга кетди…
Икки танада оққан бир хил қон – меҳр қони ўйлади, гапирди. Лекин у нималар ҳақида ўйлади, нималар ҳақида гапирди – ёлғиз худогагина аён!..

Ориф Толиб таржимаси

_______________
[1] Сўз ўйини: Нодари – эркаклар исми, надири – ёввойи дегани.
[2] Линейка – кўп ўринли узун арава.