Ўн тўрт ёшимда биринчи марта дарахт билан суҳбатлашганим эсимда. У олма дарахти эди, худди бувим сингари аллақачон олтмишдан ошганди. Одамлар уни Хазарула деб аташарди.
Илгари бувим ҳар қишда Хазарула олмаларидан Тбилисига олиб келарди. Эрталабки биринчи поездда шаҳар вокзалига тушар, у ердан тўғри бизникига йўл оларди. Бувимдан қишлоқнинг хушбўй, ёқимли ҳиди уфуриб турар, мени кўксига маҳкам босиб қучоқлаб, кейин ётаржойимга муштдан каттароқ кўримсиз олмани ташларди:
– Ма, ол, нена1, ҳовлимиздаги Хазаруладан сенга совға, худди Дапинога ўхшаб буришиб кетган бўлса ҳам, бундан яхши олма йўқ. Е, болам, ҳа, дардингни олай-а, болажоним-а.
Олма чиндан ҳам жуда мазали эди.
Уруш бошланганидан сўнг мен қишлоққа – бувимникига кўчиб келдим ва бу ерда Хазарула билан шахсан танишдим. Дарахтнинг баъзи жойларини қурт еган, лекин ҳали бақувват ва кўркам бўлиб, серсоя шохларини кенг ёйиб турарди. Шохларига осилган чўмич, хумча ва кўза дарахтга ўзгача чирой бағишларди. Лекин, билишимча, Хазаруламиз энди гулламай қўйганди.
Қирқ иккинчи йил баҳорининг бошлари эди. Бир куни бувим мени эрта тонгда уйғотди. Унинг қўлида қиличдек ўткир, ялтироқ болта бор эди.
– Ҳа, буви, мени чопмоқчимисиз? – дедим жўрттага йиғламсираб ва кўрпанинг ичига беркиндим.
– Майнавозчилик қилма, тентак! – бақирди бувим жаҳли чиқиб. – Қулоғингдан тортиб судрамасимдан ўрингдан тур… Тур, ишингни бошла…
– Эрта тонгда қанақа иш? – аччиқландим мен. – Яна нима балони ўйлаб топдингиз?
– Мени писанд қилмаяпти, эркак кишининг қўлини ҳис қилиб кўрсин, – тўнғиллади бувим чимирилиб.
– Буви, ким ҳақида гапиряпсиз?
– Ҳаҳ, мутруки2, ҳазил-мазахдан бошқа нарсани биласанми? Тур, дедим!
– Мана, туряпман. Фақат ким ҳақида гапираётганингизни айтинг, – дедим мен ва кийина бошладим.
– Ким бўларди, Хазарула ҳақида гапиряпман-да. Ярамас, уяти ҳам, виждони ҳам йўқ. Шунақаям юзсизлик бўладими? Айни очарчилик пайтида-я?!
– Дарахт ҳақида… гапиряпсизми?.. – ҳайратдан тилим гапга келмай қолди.
– Ҳа, дарахт ҳақида, дарахт ҳақида.
– Олмани айтяпсизми? – ҳануз қулоқларимга ишонгим келмасди.
– Ахир, мевасиз дарахт ҳам дарахтми?
– Хўп, мен нима қилишим керак? Уни кесишим керакми?
– Йўғ-е, нега бирданига кесарканмиз. Олдин қўрқитиб кўрамиз, фойдаси бўлмаса, кейин кесиб ташлаймиз.
Бувим менга Хазарулани қандай қўрқитишим зарурлигини тушунтириб, болтани бош томонимга суяб қўйди ва эшик томон юрди.
– У мени эшитади деб ўйлайсизми? – тиржайдим мен.
– Агар зиғирча ақли қолган бўлса, эшитади.
– Ўзингиз қаерга кетяпсиз?
– Сизлар ёлғиз гаплашишларинг керак, – деди бувим ва ташқарига чиқиб кетди.
Ўрнимдан туриб, болтани елкамга қўйганча марани3нинг устига чиқдим ва Хазаруланинг рўпарасига келиб тўхтадим. Унинг тагидаги нам тортган ер чопишга тайёр бўлганди. “Қизиқ, дарахт хақиқатан ҳам одамни эшитармикан”, деб ўйладим ва кулиб қўйдим. Кейин болтани олдим-да, куч билан дарахт танасига тирадим.
– Кесайми, кесмайми? – деб сўрадим бир неча марта баланд овозда.
Ниҳоят узоқ ўйланишдан сўнг болтани пастга туширдим ва шундай баралла гапирдимки, мени Хазарула тугул, тошлар ва ерда кўмилиб ётган кўза ҳам эшитди.
– Майли, билганингни қилавер, – деб огоҳлантирдим сўнг, – яна бир йил кутаман, шундаям мева қилмасанг, ўзингдан кўр. Таг-тугинг билан кўчириб ташлайман.
Хуллас, бувимнинг топшириғини қойилмақом қилиб бажардим. Аммо Хазарула пинагини ҳам бузмас, хотиржам эди. У эндигина чиқаётган қуёш нурларида исинмоқчи бўлгандек, бутун танаси билан юқорига интилаётганга ўхшарди.
Бу сафар энди бувимнинг устидан эмас, ўзимнинг устимдан кулдим. Болтани ерда ётган тўнкага зарб билан санчдим-да, ортимга қайтдим.
– Қалай бўлди? – сўради бувим.
– Уни ўлгудек қўрқитдим. Кўрмаяпсизми, бечора ҳалиям қалтираяпти, – деб жавоб бердим ва бувимни дарахтга қарашга ундадим.
Шунда мен овоз чиқариб кулиб юбордим – Хазаруланинг танаси ростдан ҳам титраётган эди!..
Шарқ томондан шамол эсарди.
Тоғларга катта одимлар билан баҳор келди. Губазауз ўрмонидан бир назар ташлади-да, тўғри ҳовлимизга кирди. Худди қийиқ қизга ўхшаб этагини сал кўтарганча яшил ўтлоқларни босиб-босиб ўтди. Ҳамма-ҳаммани – мол-ҳол, қушлар, ўсимликларни ҳам ақлдан оздирди. Ҳаёт қайнай бошлади.
Бувим мени яна саҳарда уйғотиб, Хазарулага қарашимни сўради.
Оқ-пушти либосдаги салобатли Хазарула биз томонга истеҳзо билан қараб турарди.
– Сенга айтгандим-ку! – бувимнинг севинчи ичига сиғмасди.
– Наҳотки, ақлга сиғмайди-я! – деб ажабландим мен.
Хазарула чаман бўлиб гуллаган эди. Унга ҳар ёқдан асаларилар келиб қўнарди. Вақт ўтиши билан шохлар сон-саноқсиз мева тугди. Олмалар аста-секин тўлишиб, пиша бошлади. Хазарула йил бўйи бизни ва қўшниларимизни олма билан таъминлаб турди. Олма чайнайвериб ҳатто молларнинг ҳам тиши қамашиб кетди. Бир куни сават тўла олмани Теофан Дугладзенинг сигирига олиб борганим ёдимда.
– Бўлди, бас қил, сигирни тинч қўй! – ҳаддан ташқари ғамхўрлигимдан Теофаннинг жаҳли чиқди. – Бу кетишда ҳадемай сут ўрнига олма шарбат соғиб оламиз.
– Қандай қилиб бутун қишлоқни лол қолдирдинг, Хазарула? – сўрадим қиш арафаси дарахтнинг учидаги қуш чўқиган олмани олаётиб.
– Мевали дарахт бўлсанг, бунинг устига, олма бўлсанг, шундай қилишинг керак! – деди у қариган бўғимларини ғичирлатиб.
Бу йил узоқ вақтгача ёдимизда қолди: Хазарула қайтиб мева бермади. Уни қанчалик қўрқитмай, қанчалик дўқ урмай, ҳатто ялиниб ҳам кўрдим – фойдаси бўлмади. Хазаруланинг хазарулалиги йўқолди.
Икки йилдан кейин, хумдан мусаллас олаётганимизда бувим тўсатдан осмонга, сўнгра Хазарулага қаради ва бош чайқаб, менга худди бегонага гапираётгандек деди:
– Бугун қор ёғади, ўтинимиз эса тугаган. – Унинг овози титрар эди. – Совуқдан тамом бўламиз, Хазарулани кесиш керак.
– Яна бир йил кутайлик, бувижон, кейин кесармиз, – ялиндим мен. – Уни яна қўрқитиб кўраман…
– Унинг куни битган, нена, ҳеч нарса билан қўрқитолмайсан.
– Йўқ, – дедим мен, – уни кеса олмайман.
– Нега?! – бувимнинг жаҳли чиқди. – Менинг гапим сенга бир пулми?
– Йўқ, буви, ундай эмас… Барибир уни кесолмайман.
– Вой, нега? – ажабланди бувим.
– Ахир, ўзингиз айтмаганмисиз, дарахт ҳамма нарсани эшитади деб?!
– Одам қариганда нималар деб алжирамайди. Яхшилаб қулоқ сол. Баъзан бир дарахтни деб одам одамни эшитмайди… Фронтда эса одамлар бир-бирини ўлдириб ётишибди. Мен ўшанда ҳазиллашган эдим, уни эсингдан чиқар.
– Йўқ, – қаттиқ туриб олдим мен. – Бундай қилолмайман. Менимча, дарахт эшитишдан ташқари кўриши ҳам мумкин. Қаранг, у бизга терс ўгириляпти.
– Ё тавбангдан кетай! Нималар дейди-я бу бола?! Бунақа гапларни эшитгандан кўра кар бўлганим яхши эди, – йиғлади бувим ва жаҳл билан пешанасига шапатилади. – Э-э, бор-е, сендан фойда йўқ. Сен хомкаллани боплаб лақиллатгандим. Ўзи бир адабингни бериб қўйиш керак. Ҳой қўшнилар! Ҳой яхшилар! Бу бола эсидан оғиб қопти! Занжирга боғлаш керак буни! Адойи тамом бўпти! – У энди бор овози билан ҳай-ҳайлашга тушганди.
– Эй Каландадзенинг беваси! Боладан нима истайсан? – қичқирди унинг дод-войига жавобан четан деворлар орасидан кетиб бораётган Анания Салуквадзе ва ҳовлимиз томонга бурилди.
– Эҳ, Анания, ўзинг ўйлаб кўр, аввалги йили набирамни мева бермайдиган Хазарулани қўрқитиб қўйишга кўндиргандим. Энди эса уни кесиб ташлашини сўраб ялинсам ҳам, унамаяпти. Биласанми, нимага? Дарахт ҳамма нарсани кўриб, эшитиб турармиш… Ҳе, ўргилдим! – деди бувим аччиқланиб ва меҳмонга бир стакан вино узатди.
– Салом алайкум. Худо қувват берсин, – бувимни дуо қилди Анания Салуквадзе ва мусалласни шундай завқ билан ичдики, кўриб оғзимнинг суви келди.
– Кўради… Эшитади, дегин? – такрорлади Анания товланиб турган сарғиш соқолини силаб.
– Шунинг ўзигина эмас, бу аҳмоқ дарахт гапириши мумкинлигига ҳалиям ишонади, – нолиди бувим. – Лекин унинг айби йўқ, мен ўзим унинг миясини айнитганман. Энди, мана, шу аҳволга тушиб ўтирибман.
– Набиранг мабодо эрталабда вино-пинодан татиб кўргани йўқми?
– Ҳа, бир-икки стакан ичвоганга ўхшайди, – жавоб қилди бувим: унда тўсатдан умид учқунлари пайдо бўлди.
– Ундай бўлса, мусалласингдан менга яна битта қуй-чи, Дарежан, – жилмайди Анания. – Болани сен ёки вино ақлдан оздирганини аниқ айтиб бераман.
Бувим стаканни тўлдирди. Анания уни бир кўтаришда бўшатди.
– Менимча, Дарежан, – деб гап бошлади у узоқ тўхтамдан сўнг, – иккалангиз ҳам уни ақлдан оздиргансиз: сен ҳам, вино ҳам. Лекин охирги қароримни айтишим учун яна бир стакан қуй.
Бувим яна мусаллас қуйди, аммо ўша пайтда Ананияга шундай кўз билан қарадики, агар унинг ўрнида бўлганимда, идишга лаб теккизгани ҳам қўрққан бўлардим. Лекин Анания ҳеч нарса бўлмагандек учинчи стаканни ҳам ичиб битирди. Бу сафар у ўз ҳукмини дарҳол айтди.
– Боланинг нима учун ақлдан озгани менга ҳозироқ равшан бўлди, – деди у мусалласни кўрсатиб. – Дарахт ҳамма нарсани кўриб туришига ишонасан-а, тўғрими?..
– Ҳа! – тасдиқладим мен.
– Тош-чи?
– Тош ҳам.
– Дарё-чи?
– У ҳам…
Анания менинг ҳаққимга дуо қилди, сўнг бувим томонга ўгирилди:
– Ҳа, ана, ҳаммаси тушунарли, Дарежан. Айтайлик, сен дарахтсан… Айтайлик, ана шу Хазаруласан. Агар сен, неваранг айтганидек, кўрсанг, эшитсанг… менга ўхшаган, болта кўтарган кишини дарров пайқамаслигинг мумкин эмас. Одам сенга яқинлашади ва чопмоқчи бўлади. Тушуняпсанми? Чопмоқчи бўлади. Ҳаммасини кўриб, билиб турасан-у, лекин қочиб кетолмайсан. Бундай пайтда ақлдан озиш ҳеч гапмас-ку, тўғрими? – деди Анания ва бўш стаканни узатди, аммо бувим бу сафар негадир шошмади. – Қуйсанг-чи, тезроқ! – деб қичқирди Анания. – Сенга айтишим керак бўлган нарсаларнинг кўпи ҳали олдинда.
Бувим стаканни тўлатди.
– Сен-чи, болакай, шаҳарлик бўлсанг ҳам, – деб менга юзланди Анания, – бизнинг қишлоқча ҳикматларимизни ўрганиб олишинг керак. Деҳқон учта нарсани қўл остида сақлаб турмаслиги зарур: насл қолдирмайдиган ҳайвонни, мева бермайдиган дарахтни ва фарзанд кўрмайдиган… – шу ерга келганда у бувимга тикилганича иккиланиб қолди.
– Менга бақрайиб қарама, Анания, – кулди бувим. – Гапингни охиригача айт, уялма. Ўғлим бўлмаганда қаердан невара кўрардим?
– Гапинг тўғри… Хуллас, учинчиси – фарзанд кўрмайдиган хотинни… Бувинг Дарежаннинг етти фарзанди бўлган. Ҳа, шунақа…
– Мендан нима истайсиз, Анания тоға? – сўрадим ундан.
– Нега дарахтни кесмаяпсан? – саволга савол билан жавоб берди у.
– Унга раҳмим келяпти.
– Демак, болакай, дарахтга ачиняпсан. Сен тенгқур болалар фронтда танклар тагида ётибди, сен бўлсанг…
– Ҳа, давлатимизга оғир. Бунақа оғзидан она сути кетмаган гўдаклар билан Ҳитлерни енгиб бўлармиди?
– Йўқ, бунақа гапларни гапирма, Дарежан, – Ананиянинг бирдан жаҳли чиқди.
– Гапирмай бўладими? Ўлар ҳолатда бўлмайсанми, бу бола товуқ тугул, ҳатто жўжаям сўйиб бермайди. Ана, дарахтни кесмай ўтирибди, раҳми келаётганмиш. Кези келганда айтай, икки йил олдинги Янги йилда бир жонлиқнинг бўғзига пичоқ тортганди. Бечора жониворни бу йили Интабуетида топишибди. Бўйнида пичоқ лўкиллаб турганмиш. Шуям ишми энди? Э-э… – деб зорланди бувим.
– Бувинг рост гапиряптими, жиян? – деб сўради Анания.
– Ҳа, рост, Анания тоға. Фақат менга беҳуда насиҳатгўйлик қилманг, барибир Хазарулани кесмайман.
– Раҳминг келяптими, болакай?
– Нима, раҳмим келмасинми?
– Билганингни қил, раҳмдил! Яна бир стакан қуй, Дарежан. Эртага эрталаб Хазарула ерга ағнаб ётган бўлади. Ўзим эртагаёқ кесиб ташлайман: бугунча қўлим тегмайди.
Анания бувим қуйган мусалласни ичди.
– Дарежан, сенда мабодо газак топилмайдими? – йўл-йўлакай сўради у.
– Газакка таёқ ейишни хоҳламайсанми? – деди бувим кесатиб.
Анания индамай ҳовлидан чиқди ва қишлоқ йўли бўйлаб секин юқорига кета бошлади.
– Эй, Анания, у ёқда нима қиласан? – қичқирди бувим. – Пастга кетаётган эдинг, шекилли.
– Ҳа, пастда ишим бориди, Дарежан, – деб тан олди Анания. – Лекин раисимизнинг дарахтлари роса гуллабди. Боғбончиликка эса, биласан, мен керак бўламан.
У қўл силтади.
– Ундай бўлса, қадрли Анания, Шакроианинг қўрасига суянақол, – деди бувим унинг қадам ташлашидан хавотирланиб. – Меники ўзи зўрға турибди.
У бир ҳатлаб қишлоқ йўлига ўтди ва Шакроиа Микаберидзенинг панжарасига суяниб олди. Яна йўлга тушди-ю, бирдан тўхтаб, менга қаради:
– Эй жиян, – деб чақирди мени. – Демак, сенинг Хазаруланг кўрар экан-да?.. Сен ўзи… Хазарулангни ҳозироқ, – қиқирлаб кулди у. – Э, кўзим ҳеч балони кўрмаяпти-ю.
Анания гандираклаганча оҳиста қадам ташлаб олислади.
Мен ҳақ эдим. Чурқ этмай турган баргсиз дарахт ҳаммасини кўрган ва эшитганди. Хазарула ярим тунгача ўйлади. Ярим тунда юрагини қаттиқ сиқимлади, илдизларини тортди. Илдизлар қуршовида қолган хум ларзага келди. Хазарула буни сезди ва илдизларини янада қаттиқроқ қисди… лойдан ясалган хумнинг ёнбоши эзилди, лекин синмади. Хазарула илдизларини олдингидан ҳам маҳкамроқ қисди, кўзада биринчи ёриқ пайдо бўлди. Ундан қизил суюқлик сизиб чиқиб, дарахтнинг узун томирларини суғора бошлади. Хазаруланинг бутун танасини даҳшатли титроқ босди. Лекин аста-секин бу титроқ тушуниб бўлмайдиган ёқимли қалтироққа айланди. Ҳалокати муқаррар ва ташна дарахт кўзага маҳкам ёпишди, қизил суюқлик унинг томирлари бўйлаб оқа бошлади. У яқин етмиш йилдан бери илдизлари орасида сақлаб келаётган мўъжизавий суюқликни шимий бошлади: ўтган шунча йилдан бери ҳеч нарсадан хабарсиз дарахт уни ҳаётбахш ерости шохлари ичида ардоқлаб келганди… Уни қанчалар ҳимоя қилиб, асраб келганди-я!.. Қизил суюқлик кўзанинг ёриғидан тинимсиз шариллаб оқарди. Хазарула кўзани янада қаттиқроқ сиқди, ажойиб суюқликни тўйиб-тўйиб ичди. Унинг ғалати, ёқимли титроқдан қалтираётган танаси иссиқлик ва қувончга тўлди. Хазарула дунёдаги жамики нарсани унутиб, қайта-қайта ичди… Охири сархуш ҳолга келди, дунё кўзига гўзал кўрина бошлади!
Мўъжиза юз берди!.. Кун ёришгунча кўза бўшади, Хазарула охирги томчини ичди, шунда унга одамнинг ва ғалати суюқликнинг сири маълум бўлди. Йўқ, у энди нега одамлар бир-бирини қучоқлашига, қўлида коса тутганча йиғлашига, бир-бирини қувлаб, жанжаллашишига, кулишишига, қўшиқ куйлашига умуман ажабланмайди. Одамлар бир-бирининг қўлини тутиб унинг атрофида рақс тушиши, кўзани яхшилаб ювиши ва эъзозлаб яна ажойиб суюқлик билан тўлдириши ҳам энди уни ҳайратлантирмайди. Хазарула барчасини тушунди, шунда унинг ўзи ҳам ўлгунича куйлашни, йиғлашни, югуришни, рақс тушишни хоҳлади… Лекин буларни қандай қилиб бажариши мумкин? Бечора Хазарула, ахир у одам эмас, дарахтлигича қолди-ку. Шунда у қўлидан келган ҳамма нарсани қилди – эрталабгача у ёқ-бу ёққа силкиниб, гувиллаб турди.
Тонгда эса… Тонгда ёнбошига тегаётган овозсиз зарбани ҳис қилди. У сира оғриқ сезмади, шунинг учун зарбага эътибор бермади… Кейин нариги ёнбошида ҳам худди шунақа зарбани ҳис қилди, лекин бунга ҳам парво қилмади… Унинг танасига кетма-кет зарбалар келиб тушди. Орадан бир соатдан ошиқ вақт ўтди. Ниҳоят, аллақандай куч уни ўнгга, чапга оғдираётганини англади. Босим янада кучайди, чўзиқ ва кучли ғирчиллаган овоз эшитилди… Хазарула дастлаб секинлик билан эгилди, кейин тўсатдан бўшашганича ўзини ерга ташлади. Энди у фақатгина қўллари, елкаларининг ғичирлашини, бўғимлари ва суякларининг синган товушинигина эшитди… Лекин у заррача оғриқ туймади, кўзларини юмиб, чуқур ва ширин уйқуга кетди.
– Тур, тур ўрнингдан, тойчоғим! – уйғотди бувим. – Анания тонг қоронғисида Хазарулани кесиб йиқитди. Болтани олиб, ҳеч қурса шохларини бута, – деди-да, ошхонага чиқиб кетди.
Бувимнинг сезгирлик қобилияти панд бермади. Кечаси ростанам қор ёғибди. Қишлоқ худди оппоқ кўйлакдаги келинчакка ўхшаб қолганди. Фақат бизнинг ҳовли мотам тутаётгандек эди гўё: маранида новдалари синган, яқинда кесилган улкан Хазарула ётарди. Бу манзарани кўриб кўнглим маъюс тортди. Маранига кўтарилдим ва шохларни буташдан олдин дарахтнинг кесилган жойига келиб ўтирдим. Ўтириб, синчиклаб қарадим ва донг қотиб қолдим: кесик томирлардан қондек қип-қизил суюқлик томчилаб турарди.
– Буви! – қичқирдим мен.
– Нима дейсан? – деразадан бош чиқариб қаради у.
– Бир дақиқага бу ёққа келинг.
– Нима бўлди?
– Келинг, ўзингиз кўрасиз.
– Нима бу? – сўради бувим ҳайрон бўлиб.
– Менимча, дарахтнинг қони бўлса керак, – жавоб қилдим титроқ овозда.
– Бўлиши мумкинмас, ҳозир январ-ку, ҳамма дарахт уйқуда бўлади. Фақат февралдан кейин дарахт танасига шира келади, – деди бувим.
У суюқликка бармоғини теккизди-да, ҳидлаб кўрди. Тўсатдан ранги оқариб менга қаради.
– Хумни оч! – буюрди менга.
Мен дарҳол ерга кўмилган хумнинг устидаги тош ва қопқоқни олиб ташладим. Бувим иккаламиз шошиб унинг ичига қарадик. Хум бўм-бўш эди!..
– Эй Худо, ўзинг раҳм қил, бизни ақлдан оздирма! – илтижо қилди бувим. Унинг овози титрар эди. Қўлларини юқорига чўзганча, ерга тиззалади.
Совуқдан дир-дир қалтираётган Хазарула кўзларини очди. Унга дунё остин-устин бўлиб кетганга ўхшаб туюлди. У ажабланди. Дастлаб ҳаммасига ғалати қизил суюқлик айбдор деб ўйлади. Лекин шу пайт болтага тирсаги билан суянганича, бошини эгиб ўтирган ғамгин ўспиринни, сал нарироқда, оғзи очиқ хумнинг рўпарасида, оппоқ қорда тиз чўкиб, қўлларини осмонга кўтариб ўтирган кампирни кўрди-ю, ўзининг жонсиз Хазарула эканини тушунди ва кўзларини юмди.
Хазарула мангу уйқуга кетди.
Рус тилидан Миржалол Мадвалиев таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 9-сон