Нодар Думбадзе. Ношукур (ҳажвия)

Гудули Бережианининг юз йиллиги негадир сезилмасдан ўтиб кетди. Бир ҳисобдан бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Ахир қишлоқ қабристонида бир ярим асрни яшаб қўйган унинг қанча фамилиядошлари ётганидан кейин қўшнилар Гудулининг юз ёшга тўлганини эслашмаган ҳам бўлиши мумкин-да. Қўшнилар у ёқда турсин, Гудулининг ўзи ҳам туғилган кунини унутиб юборган.
…Ўша тонг Гудули хўрози Лонгиноз билан тенг уйғонди. Аввал қўшнининг кучугига танбеҳ берди:
— Бугун меникидан нечта тухум ўғирламоқчисан?.. Оёққа ўралашмай йўқол, очопат!
Сўнг қўноқдан эндигина тушган хўрозга пичинг қилди:
— Эрта саҳардан уйқумни бузгунча товуқларингга ҳушёр бўлсанг ўласанми! Ардалион Брокишвилининг хўрозидан панд еб, қақағлаб қолма тағин!
Хўрозига таъна қилиб бўлгач, Гудули болохонадан ҳовлига тушди-да, ошхонага кирди. Ўчоқ олдида тиз чўкиб, ундаги кулни титиб, кўмирларни бир жойга тўплади, устига қуруқ шох-шабба ташлаб, олов ёқди. Сўнг олов устига сув тўла мис кўзани қўйди. Сув исигач, уни сут соғадиган кўзага ағдариб, ўнг енгини шимарганича, оғилхонага юрди. Охурга боғланган сигир унга катта, ўйчан кўзларини тикиб, мўралаб қўйди.
— Салом, салом! — деди Гудули сигирнинг сағрисига шапатилаб. Сигир ковш қайтаришдан тўхтаб, ўрнидан оҳиста кўтарилди ва Гудулининг соғишини итоаткорлик билан кута бошлади. Гудули уч оёқли курсини сигир тагига суриб, унга жойлашиб ўтириб олди-да, шалвираган елинни торта-торта, соғишга тушди. Сут жуда оз чиқди.
— Шўринг қурғур, бутунлай шартинг кетиб, партинг қолибди-ку! — пичинг қилди Гудули сигирга.
— Нима ҳам қилардик, қаридик, отагинам! — ўзини оқламоқчи бўлди сигир.
Гудули дарвозани очиб, сигирни ҳосили йиғиб олинган маккажўхоризорга қўйиб юборди.
— Бор, ўтла!.. Сен сигир эмас қўтир эчкисан, бўрига ем бўгур!.. Бор!
…Сигир истамайгина қуруқ хашакни чимдий бошлади…
— Салом, Гудули!
Гудули болохона зинасида, сутли кўзани тиззалари ўртасига суққанича, тоғлар ортидан оҳиста кўтарилаётган қуёш гардишига тикилиб қотиб ўтирарди.
— Салом, Гудули!
Гудули овоз келган томонга қаради. Нок тагида гарданини қашиб Уча Меломонидзе турарди.
— Гудули эмас, Гудули бобо де! Буни сенга неча марта айтиш керак, мишиқи?
— Салом, Гудули бобо!
— Салом!
— Ойим айтди, менга мураббо берар экансиз.
— Балки сут берсин дегандир? — жилмайиб сўради Гудули.
— Йўқ, мураббо!
— Унда билиб қўй, сут ичмасанг мураббо бермайман!
— Кўрсатинг-чи…
Гудули унга кўзани чўзди.
— Ойим-чи, Гудулининг хом сутини ичсанг, бруцеллёз бўласан, дейди. Билдинг!
— Ойинг билиб-билмасдан гапираверади! Аёлнинг фаросати ҳақидаги мақолни эшитганмисан? Ана шунақа!.. Ҳм, хом сутмиш! Билсанг агар, мен бутун ҳаётим мобайнида фақат хом сут ичганман! Тушундингми!
— Майли, ичганим бўлсин…
Уча нафасини ростлади ва…
Боланинг қоринчаси қулқуллаб, сутга тўла боришига қараб, Гудули кулгидан ўзини зўрға тийиб ўтирарди. Ниҳоят, Уча кўзадан бошини кўтариб, пишқирди ва енги билан лабини артиб, кўзани Гудулига чўзиб ялинди:
— Илтимос, ёрдам беринг…
Гудули чурқ этмай, унинг қўлидан кўзани олди.
— Менга қара, Уча, бугун мактабга борасанми ўзи?
— Бугун якшанба-ку! — завқланиб илжайди бола.
— Бугун шанба! — қовоғини уйди Гудули.
— Йўғ-е, якшанба! — такрорлади Уча.
— Наҳот… Ё тавба-ей! Мен, мияси ачиган чол, қандай қилиб янглишиб қолдим-а! — Гудули асабийлашиб тиззасига шапатилади.
— Гудули бобо, шунгаям хафа бўласизми? Шанбами, якшанбами, сизга нима фарқи бор? Мактабга бормайсиз, ишга ҳам… — юпатди чолни Уча.
— Шошма! Бугун нечанчи число?
— Число 28, кун — якшанба, ой — ноябрь, 1970 йил! — дона-дона қилиб деди Уча.
— Эсим қурсин! — хитоб қилди Гудули ўрнидан турар экан. У саросимада қолган болага эътибор ҳам бермасдан хонага кириб, каравотнинг бош томонида илиғлик тақвимга тикилди. Анчагача у тақвимдан кўзини ололмай қараб турди, сўнг ўша бетини йиртиб, яна ташқарига чиқди.
— Нима бўлди, Гудули бобо? — сўради Уча унинг ёнига ўтириб, қўлини чолнинг тиззасига қўйганича ҳайрат билан унга тикилар экан. Гудули боланинг саволига эътибор ҳам бермай, ёнидан кўзойнагини олиб, тақди-да, тақвим варағидаги бирорта ҳам сўзни қолдирмай ўқий бошлади.
28 ноябрь.
Якшанба
Кун чиқади — 8.06
ботади — 17.32
Узунлиги — 9.26
24 ноябрда
ойнинг биринчи чораги
чиқади 10.55
ботади — 20.31
Сўнг у орқа томондаги ёзув билан ҳам танишиб чиқди:
Биласизми?
Одам бир кунда тахминан 20 минг қадам юради. Бир йилда тахминан 7 миллион, 70 йил мобайнида эса 5000 миллион қадам ташлайди. Бу эса ердан ойгача бўлган масофадир.
Гудули бошини кўтариб, қуёшга тикилди. Сўнг ғарбга ўгирилиб, ой ўроғини кўрди. Қуёш ва ой кўкда бир пайтда қалқиб турарди. Аммо шу тобда Гудулининг кўзига ой қуёшдан йироқдек туюлди. У ўқишда давом этди.
Ер билан ой ўртасидаги масофа 384 минг километр бўлиб, бу экватор чизиғидан 9 марта ошиқ. Бинобарин, 70 йил давомида одам экваторни 9 марта айланиб чиққан бўларди.
Гудулининг боши айланиб кетди…
— 70 йилда тўққиз марта… Унда, юз йилда-чи? Ўн, ўн бир, ўн икки марта…
У қоқ суяк, дармонсиз тиззаларига қаради-ю, гўё ҳозиргина экваторни ўн иккинчи марта айланиб чиққандай танасида ниҳоятда кучли чарчоқни ҳис этди.
— Буни қаранг, агарда қишлоқдан чиқиб, Озургетидан* ошиб ўтиб, Батуми, Москва, кейин Германия, ундан Америка, сўнг нариги томондан Япония билан яна Озургетидан ошиб, уйга қайтсак, юз йил ичида она ерни ўн икки марта айланиш мумкин экан. Ана кўрдингми?
У тиззаларини оҳиста силаб давом этди:
— Бундай қилмадик… Ерни айланмадик… Аммо, худо шоҳид, бир дақиқа ҳам ором нималигини билмадик… — Гудули жилмайди. — Бундан чиқди, жойимиздан силжимабмиз-да?.. Аксинча, биз ниҳоятда кўп юрдик! Эҳ-ҳе, босиб ўтган йўлимиз мисоли гўрга ўхшайди!.. Нолимайман! Сизлардан, мана шу юз йил давомида ҳеч толиқмай мени ҳовлима-ҳовли, қўшнима-қўшни, маҳаллама-маҳалла — бутун қишлоқ бўйлаб кўтариб юрганингиздан миннатдорман… Раҳмат, сизга катта раҳмат! — Гудули яна бир бор тиззаларини силаб қўйди.
28 ноябрь, 1970 йил, эрталаб соат 8 да Гудули Бережиани юзга тўлди. Чол буни ўйлаши билан юраги гўё қафасга тушган қушдай безовталаниб, типирчилай бошлади. Гудули қўрқиб кетди. Бундай ҳолатни у ёшлигида, мерганлар мусобақаси, ёки чавандозлар пойгаси олдидан арғумоққа сакраб минганида, ёки ҳамишага рақиблари, ака-ука эгизак Керкадзелар билан беллашиш олдидан доимий томошабин, уларнинг синглиси Таликонинг нигоҳини сезганида ҳис қиларди. Унинг навқирон, бақувват юраги айнан ҳозиргидек безовта типирчиларди. Энди бўлса, Гудули қўрқиб кетди. У юрагига кафтини босганича қотиб қолди… Мана шу бир минут ичида бутун ёшлиги кўз ўнгидан ўтди… Сўнг ҳаммаси ўз жойига қайтди. Юрак тинчланиб, бир маромдаги ўзининг оддий, кўзга кўринмас ишини давом эттирди. Гудули чуқур нафас олди ва ўпкаси муздай соф ҳавога тўлганини ҳис этди. У енгил тортиб, пешанасидаги майда тер томчиларини енги билан артди-да, яна бир бор чуқур нафас олиб, жилмайди.
— Сендан миннатдорман, сенга катта раҳмат! — деди у ва юрагини кафти билан силади.

Гудули ҳовлига тушиб, ёлғизоёқ йўлдан нок тагига судралиб борди ва унинг соясига чўкди. Уча ҳам унинг изидан борди.
— Нок азобланмайдими? — сўради Уча дарахт танасига санчилган болтани чиқариб олар экан.
“Бошланди, — хаёлидан ўтказди Гудули, — энди фақат унинг саволларига жавоб бериб улгурсанг бўлгани!..”
— Э, азизим, мабодо энди дарахтлар ҳам болтадан азобланадиган бўлса, унда тамом деявер: одам бир умр гуноҳини юволмайди!
Гудули яна совол кутган эди, Уча индамади. У эҳтиётлик билан бармоғини болтанинг ўткир дамидан юрғазиб ўзича ғўлдиради:
— Албатта, азобланади! Шундай азобланадики, асти сўраманг!
Гудули болани чақириб ёнига ўтқазди-да, кафтини унинг оловранг қизғиш бошига қўйганича:
— Уча, бугун Гудули бобонг юз ёшга тўлди, —деди.
Уча ишонқирамай унга тикилди-да, кулиб юборди.
— Нимага ҳиринглайсан, мишиқи?
— Ахир ўтган йили ҳам, бурноғи йил ҳам юзда эмасмидинг?
— Қандай қилиб бурноғи йил юзда бўлар эканман, итвачча?
— Бўлмаса нечада эдинг?
— Нечада? Ўтган йили тўқсон тўққизда, бурноғи йил тўқсон саккизда эдим! Бугун эса юзга тўлдим!
— Йўғ-е! Сиз ҳамиша мана шунақа эдингиз!
— Бефаҳм! Ҳамиша шунақа бўлиш отангга буюрсин!
— Ойим сизнинг ёшингизни кўпаймайдиям, озаймайдиям дейди… “Бу мияси ачиган чол вақтни жиловлаб олган,” — дейди.
Гудули боланинг кулиб турган кўзларига тикилиб, унда ўзининг узоқ ўтмишда қолиб кетган болалигини кўрди… У нигоҳини ундан олиб, бўғиқ оҳангда сўради:
— Онанг бу қари шайтонни ажал ҳам олмайди, демадими?
— Деди.
— Демак, мен вақтни жиловлаб олган эканман-да, шундайми? У шундай дедими?
— Шундай деди.
— Э, азизим, вақтни юз жуфт ҳўкиз билан ҳам жиловлаб, тўхтатиб бўлмайди.
— Бўлмаса ким уни тўхтата олади?
— Ҳеч ким. Бир кун келиб, балки, вақт ўзи тўхтар…
Уча ерга чалқанча ётиб олди.
— Осмонга қаранг, қуёш билан ой бир пайтда чиқибди! — хитоб қилди бола.
— Кўрдим, кўрдим, болам!
— Бу нимаси, нимага энди қуёш билан ой бир пайтда чиқади?
“Бу бекорчи ҳадемай мени жинни қилади”, — ўйлади Гудули.
— Хўш, айтинг-чи, нега унақа, а? — тиқилинч қиларди Уча.
— Бу шунданки, осмон худонинг кўзи, худо эса кунниям, тунниям ўзига сиғдира олади! — тушунтирди Гудули.
— Қандай қилиб худонинг кўзи бўларкан?
— Э, э, э, худо ҳаққи, мени тинч қўй! — Гудулининг аччиғи чиқди.
— Айтинг, қандай қилиб?!
Гудули терлаб кетди.
— Менга қара, сенда кўз борми?
— Бўлмаса-чи!
— Қани, кўзингни юм-чи! Тезда! Нимани кўраяпсан?
— Ҳеч нима. Қоронғу!
— Оч!.. Энди-чи?
— Энди ёруғ!
— Ана, кўрдингми! Худонинг кўзи ҳам бир пайтнинг ўзида ҳам тунни, ҳам кунни кўра олади.
— Ахир у худо-да, бу эса мен! — Уча ўрнидан туриб ўтирди. — Биз у билан тенгмизми?
— Албатта, болам, тенгмиз! Мана бутун олам сеники! — Гудули болани бўйнидан қучиб, бағрига босди. У яна нимадир сўрамоқчи бўлиб оғиз жуфлаган эди, Гудули кафти билан тезда унинг оғзини беркитди.
— Яна бир оғиз гапирсанг, сениям, ўзимниям ўлдираман!
Уча унинг қучоғидан юлқиниб чиқди-да, ялинган оҳангда:
— Фақат биттагина савол сўрайман! Охиргиси! — деди.
— Майли, сўрайқол!
— Эрталаб ойим, отанг аблаҳ, разил, ярамас, итвачча ва у биз учун ўлган, деди… Шу тўғрими?
Гудулининг томоғи қақраб кетди.
— Тўғри, болам, — деди-ю, хатосини тушуниб қолиб, қўшиб қўйди, — Аммо сен бу гапларга парво қилмаслигинг керак! Ким бўлгандаям у сенга ота!
— Нимаси тўғри?
— Нимаси? Сендай фарзандни ташлаб кетган ота разил бўлмай, нима бўларди!
Уча чурқ этмай, ўрнидан турди-да, дарвоза томон оҳиста юриб кетди.
“Бундай демаслигим керак эди, — ўзини койиди Гудули. — Бола учун ота фариштадек туюлса… Унинг қанчалик муттаҳамлигини гўдак қаёқдан ҳам билсин!”
— Уча! — чақирди Гудули.
Уча индамай кетаверди.
— Уча, болам, қайт!
Уча тўхтади.
— Менга қара, болакай! Отанг разил эмас, у Тариэл, Автандел ва Фаридундай1 баҳодир! Наҳотки ҳазилни билмасанг?
Уча ишонқирамай, қовоғини уйганича унга тикилди.
— Бери кел, бери кел, ўғлим! — деди у мулойимлик билан қўлини ирғаб.
Шу дам у беҳосдан қотиб қолди… Аввал шундай туюлаяпти деб ўйлади… Сўнг оёқлари орасидан илиқ нарса сезаяпганлигини аниқ сезгач, Гудули бир хотиманинг бошланиши эканлигини англади.
— Ё тангрим, шавқат қил! — илтижо қилди Гудули. Аммо тангри бешафқат эди. Илиқ нарса табора пастлаб борарди…
— Уча, ёрдам бер! — беихтиёр хириллади Гудули. Бола унга томон отилди. У етиб келгунига қадар қария чўкка тушиб, аламдан йиғлаб юборди.
Орадан бир соат ўтди. Гудули кўзларини очди.
— Энди уйингга борақол, ўғлим…
— Ойимни чақираман!
— Ҳожати йўқ, ўғлим. Уйингга бора қол!
— Ойимга айтаман!
— Йўқ, керак эмас!
— Бўлмаса нега йиғладингиз?
— Ўзим, шунчаки, сени лақиллатдим, Гудули бобонгни қанчалик яхши кўришингни билмоқчи бўлдим…
— Сизга бугун нима бўлди, куни бўйи мени лақиллатаяпсизми?
— Мияси ачиган чол ақлидан ажралган бўлса, начора… Бор, борақол, ўғлим, мени холи қўй… Энди мен дам олишим керак.
Уча оҳиста дарвоза томон юрди. Дарвоза олдида тўхтаб, чолга тикилди.
— Борақол, ўғлим, борақол! — деди Гудули хотиржам оҳангда.
Уча кетди.

Гудули дарахтга суянганича бир нуқтага маъносиз тикилиб туриб қолди. Мияда бирорта фикр йўқ, бўм-бўш… Атроф қабристондек сокин. Бутун қишлоқ, осмон, замин сукунат қаърига чўккандай. Гудули олдига тўкилиб, икки бўлиниб кетаётган нокларни кўрарди-ю, тапиллашини эшитмасди. Новдан оқиб тушаётган булоқ сувини кўрарди-ю, аммо шилдирашини эшитмасди. Қуруқ маккажўхори баргларининг шамолда тўзғиб учишини кўрарди-ю, лекин шитирлашини эшитмасди. Дарвоза олдига келиб, бўйнини чўзганича, ичкарига киритишни сўраб, оғзини очган сигирни, четан деворга қўниб, кучли қанотларини силкиб, кўзларини олайтирганича тумшуғини очаётган Лонгинозни кўриб турарди-ю, на сигирнинг мўълашини, на хўрознинг қичқиришини эшитарди…
Бутун атрофда сокинлик ҳукмрон. Фақатгина қандайдир даҳшатли туюлган мавҳум бир нарсани кутишдан ўзга чора қолмаган эди. Нокка суянганича тошдек қотиб турган Гудули шу топда болтали одамни интизорлик билан кутаётган кекса, қурт еган дарахтга ўхшарди… Шўринг қурсин, Гудули Бережиани, шўринг қурсин.
… Гудули шундай аянч қолда узоқ туриб қолди. Сўнг у аста-секин ўзига кела бошлади. Сал бўлмаса, тўхтаб қоладиган хаста юрагига умид шуъласи тегди-ю, у яна ишлаб кетди. Томирларга қон югура бошлади. Аввал Гудули юрагининг бир маромда уришини, сўнг қуруқшиқ маккажўхори баргларининг шитирлаши, сўнг сигирнинг мўълаши, сувнинг жилдираши, ниҳоят, хўрози Лонгинознинг қичқириғини эшитди. Гудулига жон кирди.
— Худога шукур… — пичирлади у ва болохона томон оҳиста юрди. — Шундай. Шошилма, Гудули! Ҳали ҳеч нарса бўлгани йўқ… Ваҳима қилишга арзимайди… Бу, балки тасодифан рўй бергандир… Эҳтимол, умуман ҳеч нарса бўлмагандир? Балки унга шундай туюлгандир?
Гудули қуёшга қаради, у ғарбга томон анча оғиб қолган эди. Сўнг у эҳтиётлик билан зинага оёқ қўйди. Биринчи зина… Иккинчи… Учинчи… Бешинчи… Ва яна олам остин-устун бўлиб кетди. Яна бутун борлиқ сукунатга чўмди. Яна Гудули ёқимсиз, даҳшатли, илиқ суюқликни ҳис этди. “Бу мияси ачиган чол вақтни жиловлаб олган!” — деган гап хаёлидан лип этиб ўтди ва буни ким айтганлигини ўйлаб улгурмасидан зинага қирқилган ниҳолдек ағдарилиб тушди.

— Салом, ҳурматли Гудули!
Гудули кўзларини очди.
— Ҳа! Тинчликми, Ксения? — сўради у норози оҳангда афтини буриштириб. Қария ҳеч қачон ҳозиргичалик танҳоликни истамаган эди.
— Ҳа, анови Уча, ҳовлиқиб чиқиб, Гудули бобонинг мазаси қочиб қолди, деди…
— Ҳечқиси йўқ, азизим! Юрагим салгина… ҳалиги… ўтиб кетди…
— Балки бирор нарса керакдир, ҳурматли Гудули? Ёки врач чақирайми?
— Йўқ, йўқ, Ксения! Ҳожати йўқ!
“Энди бошланади, врач, касалхона, дори-дармон… Э худойим-ей!..”
— Балки валерианка ичарсиз?
— Йўқ, йўқ!
“Мана сенга хотима… Бундай ҳаёт кимга керак? Валерианка!”
— Валидол-чи?
— Валидол ҳам керак эмас!
— Сизга қандай ёрдам берсам экан, ҳурматли Гудули? — ташвишланиб сўради аёл.
— Менга ҳеч нарса керак эмас, азизим! Уйингга боравер…
“Бу биринчи қалдирғоч… Ундан кейин бошқалари ҳам келишади… қўшниларнинг ачиниши… Ташвишлари, э худо!..”
— Афтидан ярамас бола ўлим ҳақида бир бало деган кўринади… Гўё мен айтганмишман… Аблаҳни ўлдираман!
— Нимага, Ксения, нимага?
“Э, худойим-ей, намунча бу эзмаланмаса! Аввал унинг бунақалигини сезмаган эдим!..”
— Шундай бўлмағур сўзни гапиришга кимнинг тили борибди? Шундай деган бўлсам, тилим танглайимга ёпишиб қолсин!
“Нега у ўзини қарғаяпти? Уча менга ёлғон гапирмайди!”
— Худо ҳаққи, тўхтат! Уйингга бор!
— Айтмоқчи, бугун сизнинг туғилган кунингиз экан, ҳурматли Гудули? Худодан сизга яна юз йил умр ва бардамлик тилаймиз!
— Раҳмат, Ксения, раҳмат!
— Наҳотки шаҳардагиларингиз келишмаса? Ахир нима бўлгандаям, юз ёш ҳазилакам воқеамиди…
— Келишади, албатта, келишади!

“Бир ой, икки, узоғи уч… Сўнг ҳамманинг жонига тегаман… Касал билан ўралашиш кимга ҳам ёқарди…”
— Фарзандларидан сизчалик фахрланадиган одам бўлмаса керак, ҳурматли Гудули! Бири — Батумида, иккинчиси — Потида, учинчиси — Кутаисида, тўртинчиси – Тбилисида. Ҳаммаси олим, ҳаммаси чиройли… Нечта неварангиз бор, ҳурматли Гудули?
— Авлодимизда ҳаммаси бўлиб йигирма учта, аммо фойдаси нима? Бирортаси ёнимда эмас.
— Ундай деманг, ҳурматли Гудули! Сиз бахтли одамсиз!
— Ҳа, албатта…
“Э худойим-ей, наҳотки бу жаврашдан тинмаса-я?!”
— Бўлмаса мен бориб, болани юборай.
— Безовта бўлма, Ксения. Озгина ётсам, яхши бўлиб қоламан.
— Агарда бирор нарса бўлса, худо ҳаққи, тортинманг!
— Раҳмат, азизим!
— Соғ бўлинг, ҳурматли Гудули!
— Соғ бўл, Ксения!
Аёл кетди. Гудули уни маъюс нигоҳ билан кузатиб қолди. Ана, ёш, бардам аёл кетяпти… Гудули бўлса, худойим, беқиёс парвардигор, бундай шармандаликни нима сабабдан бошга солдинг?! — ноябрь қуёшининг маъюс нурларида иштонини қуритиб ўтирса…
… Инсон табиати қанчалар ғалати тузилган!.. Ўзининг қарилиги ва беморлигидан, айниқса, ёш, соғлом одамни кўрганида кучлироқ ўксинади. Ва, аксинча, кимнингдир ўзига қараганда қарироқ ва ожизроқ эканлигидан кўнгли таскин топади, ўзига ишончи ортади. Бугун Гудули Учани бағрига босар экан: “Парвардигор, унинг ёшлигини менга ҳадя этгину, эвазига истаганингни ол!” деб эҳтимол, юз мартача ўйлагандир. Мана ҳозир ҳам, узоқлашиб бораётган Ксенияга тикилиб, ўзича “Қодир худо, мана шу аёлнинг ёшлигини менга ато қилу эвазига нимани истасанг ол!” деб пичирларди.
Ва, шу заҳотиёқ, у уятдан қизариб кетганлигини ҳис этди. Гудули Бережиани худо ато қилган юз ёшининг қадрига етмаганидан уялиб кетди…

Қуёш ботгунига қадар шафқатсиз ҳақиқат яна уч бора ўзлигини эслатиб ўтди… Шундан сўнггина Гудули Бережиани, ер юзида юз йил умр кўрган одам, қуёш томонга қараб тиз чўкди-да, таъзим ила бошини қуйи эгганича деди:
— Алвидо, қуёш, менинг беқиёс миннатдорчилигимни қабул эт!
— Менга нима учун миннатдорчилик билдираяпсан, ҳей инсон? — ҳайратланди қуёш.
— Яхшилигинг учун, қуёш, мана шу юз йил мабойнида, ҳар куни, тундан сўнг тонг қувончини бағишлаб келганинг учун!
— Соғ бўл, инсон! — деди қуёш ва уфқ ортига чўкиб кетди.
— Раҳмат сенга, қуёш!..

Гудули дарвоза ташқарисида мўълаб турган сигирни ҳовлига киритди. Сигир одат бўйича оғилхонага кириб, соғишларини кутди. Гудули сигирнинг сағрисидан силади, бошини қашиди, аммо уни соғмади.
— Бугунча дам ол, говмишгинам, хотиржам ётавер… Менинг чексиз миннатдорчилигимни қабул эт!
— Нима учун менга миннатдорчилик билдираяпсан? — ҳайрон бўлди сигир.
— Ҳар тонг менга бир стакандан бўлса-да, сут берганинг учун.
— Соғ бўлинг! — деди сигир ва оҳиста жойига чўкди.
— Раҳмат сенга, сигир!…
Гудули орқа ҳовлига ўтиб, қўндоқдаги товуқларни кўздан кечирар экан, товуқхона эшигини ёпишдан олдин хўрози Лонгинознинг қизил тожидан меҳр билан силаб:
— Эртага мени истаган пайтингда уйғот. Ҳозир эса, алвидо. Менинг чексиз миннатдорчилигимни қабул этгайсан, — деди.
— Нима учун менга миннатдорчилик билдираяпсан? — ҳайратланди хўроз.
— Ҳар тонг мени вақтида уйғотганинг учун-да!
— Соғ бўлинг! — деди Лонгиноз ва уйқуга кетди.
— Раҳмат сенга, Лонгиноз!..

У жинчироқни пвебро* ёнига қўйди ва эҳтиётлик билан қопқоқ атрофидаги сувоқни қирқиб, тиз чўкиб уни кўтарди. Ўттиз пудлик кўзадан шаробнинг ўткир ва хушбўй ҳиди Гудулининг димоғига урилди, Гудули маст қилувчи ҳидни тўйиб ҳидлади, қоп-қоронғи кўза ичига тикилди, сўнг пастга қовоқ чўмични оҳиста қиялатиб туширди. Чўмичга қулт-қулт этиб шароб тўлди. Гудули тортиб олган чўмичга лабларини салгина теккизиб, деди:
— Шарафлар бўлсин сенга, узумнинг муқаддас шарбати, шарафлар бўлсин сенга, узумнинг абадий навдаси! Бебаҳо менинг квебром, менинг чексиз миннатдорчилигимни қабул эт!
— Нима учун? — Квебродан гўё акс-садодек ҳайратланган товуш эшитилди.
— Мана шу юз йил мобайнидаги қувончли ва қайғули кунларимда менга содиқ дўст бўлганинг учун!
— Соғ бўл! — хўрсинди квебро.
— Раҳмат, сенга!..
Гудули пастак стул ортида ўтирибди. Унинг қўлида шароб тўла қадаҳ. Болохона устунига илиб қўйилган жинчироқнинг хира шуъласи чолнинг боши узра худди санам бошидаги ёғдудек жимирлайди. Кўзларидан оқаётган ёш, иягидан тушиб, стол устидаги зоғора нон ва янги пишлоққа томчилайди. Гудули Бережиани йиғларди…
Бундан бир соат муқаддам, у бутун ҳовлини айланиб чиқди. Сўғани ушлаб кўрди, у анча эскирибди. Болтани қўлга олди, у ҳам тиғи ейилиб, тугай дебди. Ўроқни ушлаб кўрди, у ҳам деярлик адо бўлибди. Белкуракни силкитиб кўрди, белкурак ҳам ярмигача чириб қолибди. Гудулининг қаршисида, стол устида ётган пичоқ ҳам илиниб турибди. Шафқатсиз вақтга маъдан, ҳатто метиндай маъдан бардош бера олмабди-ю, тағин одамга тўзим берсин экан-да?!
Гудули мана шу ажойиб шароб ҳаққи қасам ичадики, ҳаётига ачинмайди. Гудули биладики, у соғ. Фақатгина кўриб, ейилиб тамом бўлган, вассалом! Худди ўша сўқа, болта, ўроқ ва пичоқдек ейилиб, тугади.
Гудули ҳамма нарса билан, осмон ва ер, уй ва ҳовли, ит ва чўчқа, ҳаммаси билан видолашишга улгурди. Ҳаммасидан ҳам ўзининг тенгдоши нок билан узоқ видолашди.
— Алвидо, нок! — деди дарахтни қучиб Гудули — орамизда ҳаммадан чидамлиси сен экансан! Сенинг томирларинг ер қаърини чуқур қучган, шохларинг кўкка туташган!.. Сен менинг насабимнинг уч авлодига соя-салқин бердинг, яна ким билади қанчаларга яхшилик қиласан! Сенинг олижаноб шохларинг мана бир асрки, серҳосил. Сен ҳовлимнинг қувонч ва файзи, қишлоғимнинг жами паррандаю сайроқи қушларига маконсан. Менинг чексиз миннатдорчилигимни қабул эт, дарахт!
— Соғ бўл, инсон! — Ўзининг қадрини билган дарахт оддийгина жавоб қилди.
“Шарафлар бўлсин сенга, табиат, — ўйлади Гудули, — сенинг донолигингга шарафлар бўлсин! Сендан кейин дарахт, ер, осмон ва қуёш яшайверишини билиш қандай бахт!…”
Гудули сўнгги миннатдорчилигини юрагига, милкига, кўзларига, қулоғи ва идрокига изҳор қилди.
— Нима учун? — ҳайратланиб сўради юрак.
— Нима учун деганинг нимаси? — ҳайратланди Гудули. — Юз йил мобайнида сен бирор марта менга хиёнат қилмадинг, кўзларим, қулоқларим, қўлларим ва идроким юз йил менга содиқ хизмат қилди. Ахир, бу озми?!
— Соғ бўл, Гудули, соғ бўл! Энди эса мен дам оладиган вақт келди… Мен жуда ҳам толиқдим, Гудули! — деди юрак.
— Раҳмат сенга, юрак!

Мана энди бола ва унинг онаси билан видолашса бўлади. Аммо, бахтга қарши, чол уларнинг исмини унутиб қўйди. Э худо, уларнинг исмларини ёдимга сол! Онаси майли, боланинг исми нимайди? Э қодир худо, Гудулини хотирасидан айирма, унга боланинг исмини эслат!..
Аммо худо шафқат қилмади. Гудули на онанинг, на боланинг исмини эслолди…
Шундан сўнг Гудули болохона панжараси ёнига келиб, кўйлагининг ёқасини ечди-да, қичқирди:
— Э-эй, қўшни!
— Эшитаман, ҳурматли Гудули!
— Ким у?
— Мен, Ксенияман, ким бўларди! Нима бало, танимаяпсизми?
“Ксения… Ксения… Мана унинг исми нима… Ксения…”
— Бола уйдами?
— Учами?
“Уча! Худога шукр, ўша зумрашанинг исмини билиб олдим…”
— Ксения, ҳозир менинг уйимда шундай воқеа содир бўладики… Умуман, шундай қилки, бола хафа бўлмасин…
— Нималар деяпсиз, ҳурматли Гудули?!
— Сендан илтимос, қўшнилар келмагунича болани меникига киритма…
— Нималарни деяпсиз, ҳурматли Гудули?! Ҳазиллашаяпсизми, дейман?
— Алвидо, Ксения! Худо шоҳид, ҳаммангизни севганман ва сизлардан миннатдорман! Раҳмат!
— Ҳурматли Гудули, сизга нима бўлган ўзи?!
Гудули хонага қайтиб кириб, эшикни беркитди.
— Гудули?!
Бережианининг ҳовлисида милтиқ гумбурлади. Унинг товуши қаттиқ эди. Атроф уйларнинг деразалари шақиллаб кетди…

Гудули Бережианини дафн этишга жуда кўп одам тўпланди. Қариндош-уруғларнинг ўзи ҳам анчагина бўлиб, улар унчалик куйинишмади. Бунинг устига катта ўғил Дмитрий тобут ёнида бўлиш ўрнига ҳовлида, нок тагида, гўё Ватерлоодан кейинги Наполеондай, норози ҳолда, кўнгил сўраб келганларни кутиб оларди.
Дмитрийнинг олдига мен ҳам бордим:
— Сизнинг чексиз қайғунгизга самимий ҳамдардман!
— Эҳ, гапирманг, Нодар Владимирович! — хитоб қилди Дмитрий норози оҳангда. — У фарзандларини шарманда қилди! Одамларнинг кўзига қандай қарайман энди?
— Ҳа… бу шундай бир кутилмаганда содир бўлди…
— Э, кутилмаганда ҳам гапми! Бу ахир даҳшат! Дўстларимга, ўртоқларимга нима дейман?! Бу қилиқни қандай тушунмоқ керак?! Биз билан Тбилисида яшашни истамади, буни қарангки, хотинларининг қабридан ажрала олмасмиш!.. Ундан кейин сигир, қандайдир товуқлар… Арзисаям майли, ўлакса сигир билан, пати юлинган хўроз! Уй ҳам бир ҳол!.. Учасиз тура олмасмиш! Тушунаяпсизми, бу гапни менга ўз отам айтди!
— Уча ким бўлди?
— Мен қайдан билай? Қўшнининг ўғли, қандайдир бола! Ўз отаси ташлаб кетибди-ю, булар бўлса — марҳамат! Ҳомийни қаранг! Билсангиз, ўзимизда бундай болалардан кўпи йўқ!..
— Ҳа, қийин гап… — дедим ва кетишга чоғландим. Аммо Дмитрий ҳамон сўзидан тўхтамаётганди:
— Бирор нарсадан камчилиги бўлсаям майли эди!.. Ёзда хотиним Париждан иссиқ иштон олиб келувди!.. Хуллас!.. Дафн маросими-чи? Қишлоғимизда бунақа маросимни эслашармикан?! Э, нимасини айтай? Бутун умр у ношукур бўлган, мана, ҳаётини ҳам ношукурларча тугатди!..
— Сизни қандай юпатишга ҳам ҳайронман…
— Худо ҳаққи, бу гапингизни қўйинг! Миннатдорман!
— Соғ бўлинг!..
— Қаёққа?! Илтимос бу ёққа, айвонга, столга ўтинг! Марҳумга бўлган ҳурматингизни сўнгги бор бажо этсангиз. Эй, Митуша, меҳмонга қара!
Маросим радиолашгани ва репродуктордан Моцартнинг мотам куйи одатдагидан баландроқ янграётгани учун Дмитрий янада қаттиқроқ гапиришга мажбур эди.
Мен бир амаллаб ширакайф Митушадан кутулиб, сездирмасдан ҳовлидан чиқиб олдим. Дарвоза ёнида ерда ўтирган етти ёшлар чамасидаги болага кўзим тушди. У қизғиш бошини тиззаларига қўйганича йиғлаб ўтирарди.
— Отинг нима, болакай? — сўрадим унинг бошидан силаб.
— Уча Мелимонадзе, — деди у бошини салгина кўтариб йиғлаганича.
— Катта йигит бўл, болакай! — дедим бўғзимга тиқилган йиғини аранг босиб ва ҳовлидан чиқиб кетдим.
Орқага ўгирилиб, ҳамон гап сотаётган Дмитрийга кўзим тушди. Аммо маросим радиолаштирилгани ва репродуктордан Моцартнинг мотам куйи одатдагидан анча баланд янграётгани учун ҳам мен унинг сўзларини эшитмадим…

Русчадан Меҳмон Исломқулов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2006 йил, 12-сон

ИЗОҲЛАР:
* Тариэл, Автандил, Фаридун — Ш. Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” номли достон қаҳрамонлари.
* Пвебро — вино сақлаш учун ерга кўмилган катта кўза.