— Жамол — скрипка!
— Янгули — мишиқи!
— Жамол — чўчқа!
— Янгули — ипирисқи грек!
— Жамол — сассиқтака!
— Чивинботир!
— Эшшак!
— Чувринди!
— Безори!
— Тбилисилик ландовур!
— Шени деда ватире, Янгули!
— Имана су ине простикаса инека, Жамол!
Янгули — сухумилик грек Христа Александридининг ўғли. Чўпдай озғин, елкалари туртиб чиққан, қиррабурун, кўзлари чаросдек қоп-қора, қўллари узунлигидан тиззасига тушиб турадиган ўн тўрт ёшли бу бола ён-атрофдаги тенгқурлари учун нақд азроилнинг ўзи эди. Муштлашишда ҳеч ким унга бас келолмасди. Ана-мана дегунча бирваракайига икки-уч болани ерга чалпак қилиб қўяверарди. Мушукдай чаққон, қайишдай чайир бола эди у. Қишин-ёзин олди очиқ қора сатин кўйлак кийиб юрарди.
Янгули отаси билан Венециан кўчасида, Чалбаш дарёсининг бўйида яшарди. Онасини эслолмайди — чақалоқлигидаёқ етим қолган. Ота-боланинг бор-йўқ давлати бир парча томорқа, биттагина сигир ва эшакдан иборат. Ошкўк, сут-қатиқ сотиб кун кўришади.
Янгули ҳеч қаерда ўқимасди. Отасининг юмушларига қарашар, аҳён-аҳён эшакда қўшниларга сут-қатиқ тарқатар эди. Ўзига ўзи инъом этган бор вақтини у кўчада ўтказарди. Темирйўл кесиб ўтиладиган жойда мактабдан қайтадиган болаларни пойлаб турар, биттама-битта уларнинг чўнтакларини тимирскилаб, тамакими, сариқ чақами, соат занжирими ёхуд рангли қаламми — нимаики бўлса, барини шип-шийдон қилиб олиб қўяр эди. Эртасига эса ўша нарсаларни яна ўша болаларнинг ўзига арзонроққа пуллар, сўнг тушган ақчага улар билан қимор ўйнаб, ношуд шерикларининг бор-будини обдон шиларди-да, чўнтакларини қаппайтириб уйига қайтарди.
Худонинг берган куни аҳвол шу эди…
Ўн тўрт ёшли бу золим Венециан кўчасида истиқомат қилувчи барча устидан, жумладан, холаваччам Кока устидан ҳам танҳо ҳукмронлик қиларди.
Хулласи калом, Янгули даҳанинг тан олинган сардори эди.
Бизнинг танишувимиз ўттиз саккизинчи йилнинг кузларида бошланган. Нина холам мени Тбилисидан олиб келган куннинг эртасигаёқ бутун Сухумига номи кетган мусиқа муаллими Елена Михайловна Навродскаянинг уйига бошлаб бориб, ўзини таппа унинг оёқлари остига ташлади:
— Етимчага раҳмингиз келсин! Онаси скрипкага олиб борарди… Оллонинг иродаси экан, бир кунда онасидан ҳам ажралди, скрипкасидан ҳам жудо бўлди… Шу болани тарбиянгизга олинг… Қанча сўрасангиз ҳам майли…
Навродская эшитиш қобилиятимни текширди, ҳар турли ноталарни ўқитиб кўрди, бармоқларимни кўздан кечирди, иягим остидаги қадоқни сийпалади. Сўнг бироз иккиланиб турди-да, нариги хонадан скрипка кўтариб чиқиб, уни созлашни буюрди. Холам типирчилаб қолди, аммо топшириқни туппа-тузук уддалаганимни кўриб сал хотиржам бўлди.
— Энди Бетховеннинг «Сурка»сини чал! — Елена Михайловна шундай дедию креслога ястанганча чалишимни кута бошлади.
Бетховеннинг номини эшитиб, холамнинг авзойи бузилди.
— Муҳтарам Елена Михайловна, балки бошқа, мундоғроқ композиторни танлаган маъқулмикин? — деди у рўмолчаси билан пешонасидаги терни артиб.
— Ие, «Сурка»ни чалолмайдими ҳали? — дея ҳайратдан Навродскаянинг қошлари чимирилди.
Ҳаётимдаги орзиқиб кутилган дақиқалар етиб келди. Олти ёшимдан буён мени эзиб-янчиб келаётган шафқатсиз мусиқа жабр-зулмидан биратўла ва бир умрга халос бўлиш имконияти туғилган эди. Шу тобда биргина «Йўқ!» деган афсунгар сўз оғзимдан чиқса, бутун азобларим барҳам топган бўларди. Аммо… холамнинг ёлворгандай мўлтираб қараб туришими, Навродскаянинг таажжубланганими ёхуд ўн уч яшар боланинг ғурурими — билмадим, ишқилиб, аллақандай сеҳрли куч мени камончани қўлга олишга мажбур қилдию… хона ичи «Сурка»нинг содда ва бемисл оҳангларига тўлиб кетди…
Ниҳоят, куйни чалиб бўлдим. Холамнинг кўзларида лиқ-лиқ ёш, Навродскаянинг чеҳраси эса ял-ял ёнарди.
Елена Михайловна рози бўлди…
Уйга қайтатуриб, темирйўл кесиб ўтиладиган жойда, кўприк устида ўтирган болага кўзимиз тушди. У бир парча ғишт билан зўр бериб ёнғоқ пўстини ишқаларди.
— Салом, Нина Ивановна! — деди у.
— Салом! — деди холам қуруққина қилиб.
— Кока қаерда?
— Мактабда-да, қаерда бўларди? Ҳамма сенга ўхшаган бекорчими?
— Ким бу бола?
— Ишинг бўлмасин! — деб жавоб берди холам елкамга ниқтаб.
Янгули чўзиб ҳуштак чалиб қўйди. Биз йўлга равона бўлдик.
— Ҳе-ей, скрипка!
Мен ўгирилиб қарадим.
Янгули тилини чиқазганча бир кўзини қисиб, худди скрипка чалаётгандай, ўнг қўлини чап билагига ишқади. Жон-поним чиқиб кетди.
— Маймун! — деб қичқирдим узоқдан мушт ўқталиб.
— Эртага бизникига кир, мушт ўқталишни ўргатиб қўяман! — деди у хахолаб.
— Қачон безорилигинг қолади, а? — Холам куйиниб бошини сарак-сарак қилди.
— Ким бу?
— Грек бола, Янгули. Отаси уйимизга сут опкеб туради… Унга яқинлаша кўрма! Безори у… Куну тун кўчага танда қўйган.
Мен яна бир бор ўгирилиб қарадим. Янгули ёнғоқ ишқалаганча масхараомуз тиржайиб турарди.
Холам мени жойлаштирган ўн учинчи мактаб темирйўл кўтармасининг нариги томонида бўлганидан деярли ҳар куни Янгулига дуч келишим муқаррар эди.
Қарийб бир ойгача у менга мутлақо эътибор бермади. Ўзининг одатий машғулоти — атрофига ўртоқларини йиғволиб, ошиқ ташлаш ёки қимор ўйнаш билан андармон бўлиб юраверди. Аммо ҳар гал мен яқинлашганимда Янгули болалардан бирортасига ташланиб қолар — гоҳ телпагини кўзига бостириб қўйса, гоҳ ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, юмшоқ жойига тепар эди. Шунда негадир нигоҳини мен томондан узмасди.
Айни пайтда, мен ҳам ўзимни на Янгули, на унинг ўртоқлари зиғирча ҳам қизиқтирмайдигандай тутардим. Аслида эса ҳозироқ болаларга қўшилиб кетгим келиб турар — уларга ўзимнинг нималарга қодирлигимни кўрсатиб қўйишни истардим. Бироқ маҳаллада янги одам эдим, ён атрофимда Кокадан бўлак ёр-дўстим йўқ эди, бинобарин, Янгулининг каллакесарларига яқинлашишга юрагим дов бермасди. Аммо ўртамиздаги бетараф майдон тобора қисқараётганини, вишиллаб ёнаётган пилик пистонга яқинлашиб қолганини, бир кунмас-бир кун портлаш юз беришини кўнглим сезиб турарди.
Орадан роппа-роса бир ой ўтгач, ана шу кун келди…
Елена Михайловна ичкарида бошқа бир шогирди билан машғулот ўтказар, мен даҳлизда навбат кутардим.
Доира стол устида аквариум турар, унинг ичида сув ўтлари, бири биридан чиройли чиғаноқ ва тошлар оралаб тилла балиқчалар сузиб юрар эди. Балиқлар оғзини кап-кап очиб, пуфакчалар чиқараверганидан негадир уларнинг қорни оч, деган хулосага келдим. Дарров чўнтагимдан қоғозга ўроғлиқ бир бўлак қора нон билан пишлоқни чиқардим-да, апил-тапил ушоқлаб, аквариумга сепдим. Балиқчалар аввалиға ҳуркиб кетиб, тошлар ортига беркинишди, кейин, гўё ниятим ёмонмаслигини сезгандай, бирин-кетин пана жойларидан чиқиб, емишга ташланишди.
Мен сув ичида кўтарилган олтин қуюнни завқ билан томоша қила бошладим. Аквариум бамисоли жажжи океандек жўш уриб, бурқирарди. Аста-секин тўлқин босилди. Нафси ором олган балиқчалар сув ичида яна у ёқдан-бу ёққа хотиржам суза бошлашди. Айримлари аквариумнинг шиша деворига яқин келишарди-да, худди менга миннатдорлик билдиргандай, думларини хиёл қимирлатиб, жилпанглаб қўйишарди. Тўсатдан балиқчалардан бири — энг каттаси — тўнкарилиб қолди. Кейин яна биттаси шундай бўлди. Ҳаял ўтмай аквариумдаги жамики балиқчалар қорнини осмонга қилиб, орқаси билан суза бошлади. Қўлимни сувга тиқиб, жониворларни ўнглаб қўйишга ҳарчанд уринмайин, улар яна лип этиб тўнкарилиб қолишарди. Шундагина ножўя иш қилиб қўйганимни англаб етдим. Ҳаш-паш дегунча аквариум ичидаги ҳаёт сўнди. Заҳарланган балиқчалар сув юзасига қалқиб чиқди… Даҳшатдан юрагим орқага тортиб кетди. Скрипка солинган ғилофимни кўтариб секин жуфтакни ростламоқчи бўлиб турувдим — э, воҳ! — ичкаридан шогирдини кузатиб Елена Михайловна чиқиб келди.
— Кир! — деб мурожаат қилди у менга. Қоққан қозиқдек туравердим.
— Кирақол! — деди у яна елкамдан эшик томон сал ниқтаб. Турган жойимдан жилмадим.
— Нима бало, дарсингни қилмадингми? — Елена Михайловнанинг овози ўзгарди. Миқ этмадим. У менга таажжубланиб қаради, сўнг нигоҳи нигоҳимга эргашиб, аквариум томон оғдию… фақат балиқшуносларгина тасаввур қила оладиган ҳодиса юз берди. Елена Михайловнанинг тиззалари қалтирай бошлади, бир зумда лаблари кўкариб кетди, аранг бориб креслога ўтирдию титроқ овоз билан менга сўз қотди:
— Сен… нима қилиб қўйдинг, ярамас!
— Билмабман, Елена Михайловна… Хаёлимда… Қора нон билан пишлоқ сепдим, холос…
— Заҳарлабсан! — деди у инграб. Кейин, худди биров арзанда боласини бўғизлаб қўйгандай, иккала кафтини юзига босиб ҳўнграб юборди.
Бир нималар деб ғудранганим, ўзимни оқлаганим, аламзада аёлни юпатишга уринганим эсимда. Қани энди нафи тегса. Аёл ўрнидан туриб, аквариум ёнига борди. Сувдан жонсиз балиқчаларни биттама-битта олиб, ҳар бирини алоҳида-алоҳида ўпиб, яна аквариумга ташларкан, йиғи аралаш нуқул:
— Азизларим, олтинларим, нуридийдаларим… Сизларни заҳарладилар, ўлдирдилар! —дея саннарди.
Кейин у менга юзланди. Қути ўчган, ияғи титрар, кўзларидан дув-дув ёш қуйилар эди. Қўққисдан Елена Михайловна юзимга тарсаки тортиб юборган эди, ағдарилиб тушишимга сал қолди.
— Жўна бу ердан, ваҳший! Иккинчи қадамингни босма!.. Йўқол!
Шапалоқ оғриғини ҳам, бўғзимга қадалиб турган алам ёшларини ҳам базўр ичимга ютиб, хонадан чиқдим.
Эсанкираган, шармандаю шармисор, чала ўлик бир аҳволда уйга қараб жўнадим. Темирйўл кесиб ўтиладиган жойда, одатдагидек, Янгулининг тўдаси уймаланарди. Беихтиёр бошим ўша томон оғди — ҳозир уйга боришдан нима фойда! Болаларга яқин қолганда қадамимни секинлатдим-да, атайин энгашиб, ботинкамнинг ипларини титкилай бошладим.
— Ҳе-ей, скрипка!
Янгулининг овозини дарров танидим.
— Нима дейсан?
— Бу ёққа кел!
— Ишинг бўлса — ўзинг кел!
Янгули ўзидан ҳам баттар таажжубланган ўртоқларига бир қараб қўйди-да, аста мен томонға юра бошлади.
— Кимлигимни билмайсанми ҳали? — деб сўради у кишининг ғашига тегадиган бир оҳангда.
— Биламан, — дедим кўзларига тик қараб.
— Бўлмаса, нега чақирганда келмайсан?
— Ким бўпсан мени чақирадиган? — дедим яна беписанддик билан, аммо, ҳар эҳтимолга қарши, скрипка солинган ғилофни ерга қўйдим.
Янгули ўйинни ҳам унутиб, бизни қуршаб олган болаларга яна бир-бир қараб чиқди.
— Янгули, кимлигингни бир кўрсатиб қўй! — деди болалардан бири.
— Сол, Янгули! — дея қўшимча қилди иккинчиси.
— Бир шапалоққина! — деб маслаҳат берди учинчи бола.
— Олдин зўрлигини бир кўрайлик-чи! Янгули шундай деб, юзимни бир сийпалаб қўйди.
— Қўлингни торт! — деб бақирдим унга.
— Ол-ла! — дея ҳайрон бўлди Янгули.
— Уни қаранглар-а!
— Папиросни чиқаз! — деди Янгули бирдан қўлини чўзиб.
— Чекмайман!
— Пулни ол!
— Пулим йўқ.
— Чўнтакларингни ағдар!
Болалар пичирлаша бошлашди. Янгули довдираб қолди, аммо дарров ўзини босиб, скрипкага қўл чўзди.
— Торт паншахангни! — деб бақирдим скрипка устига энгашиб. Лекин Янгули ўзғирлик қилди — ғилофни очиб, асбобни менга узатди.
— Қани, бирорта куй чалиб болаларни хурсанд қилгин-чи!
— Чалмайман!
— Нега бўлмаса бу даҳмазани кўтариб юрибсан? Эси йўқ эшакмисан?
— Бер скрипкани!
Янгули асбобни орқасига яшириб, бир қадам тисарилди.
— Петя, Фема, Курлик, Панчо, Тена! Умрларингизда скрипка овозини эшитганмисизлар, — деди у болаларга мурожаат қилиб. Улар бараварига чулдирашди.
— Радиодан эшитганман! — деди Петя.
— Бўлақол, Янгули, бир кўрсатиб қўй!
Скрипкамнинг овозини ҳаммадан олдин ўзим эшитдим: Янгули қулочкашлаб туриб скрипка билан бошимга туширди.
«Зи-и-нг… қарс…» этган товушдан сўнг асбоб иккига бўлинди. Унинг қорни, худди шартта чопиб ташланган қўлдай, нозик симларга осилганча лапанглаб турарди.
Болалар хахолаб, ерга думалашди.
Юрагим гўё тўхтаб қолгандай бўлди, миямга қон урилди, қулоқларим битиб қолди. Мен ҳеч нарсани эшитмас, сезмас эдим, фақат қорнини чангаллаб кулаётган болаларни, пачоқ бўлган скрипкани ва Янгулининг туртиб чиққан озғин иягини илгардим, холос. Бирдан бор кучим билан ана шу ияк остига мушт солдим.
Эс-ҳушимни йиғиб олганимда Янгули кўприк устида ўтирар, менга ҳайратомуз тикилганча ўнг қўли билан иягини ишқалар эди. Болалар чурқ этишмасди.
Шартта бурилиб, уйга жўнадим.
Ўша куни кечқуруноқ қўшнимиз ва Янгулининг ўнг қўли ҳисобланмиш Петя мажақланган скрипка билан ғилофни уйимизга олиб келиб, остонага ташлади-да, қуённи сурворди.
Фиғони фалакка чиққан холам аввал Петяни, сўнг Янгули Александридини, охирида ўзимни бисотида бор ёмон сўзлар билан қарғашга тушди:
— Ҳа-а, ер ютсин сени, Петя касофат!.. Илойим, бўйгинанг гўрда чирисин… Сен ҳам бир, кўкатфуруш отанг ҳам бир! Сенлар скрипкани қадрига етасанларми? Паганиними, Страдиварими, арракашми сенларга бари бир!.. Энг аввал сенинг гўштингни қиймалаш керак эди, Янгули Александриди! Ҳайф сенга мусиқа! Эшакнинг ҳанграшини эшитиб катга бўлган бола мусиқани тушунармиди! Ҳаммасига уйимдаги янги безори айбдор! Мана шуни оёғидан осиш керак! О, опажоним Анико! Ўзимнинг ташвишим етмаётувмидики, яна манови ғурбатни бошимга бало қилиб ташлаб кетдинг-а! Нима гуноҳ қилдим, эй парвардигор…
Ўша куни мусиқа оламидаги саргузаштларимга нуқта қўйилди. Ҳаётимда янги давр яшаш учун кураш даври бошланди…
Эртаси куни Янгули билан Петя бизни мактаб дарвозаси олдида қарши олишди. Юрагим шув этди, аммо, гўё кеча ҳеч нарса бўлмагандай, ёнидан бепарво ўтиб кетдим.
— Скрипка! — Петянинг овози эди бу.
Тўхтадим.
— Гаплашволишимиз керак! — деди Янгули ёнимга келиб.
— Нимани гаплашамиз?
— Бу ер ноқулай, — дея у мактабдан чиқиб келаётган ўқувчи ва муаллимларга ишора қилди.
— Қаерда бўлмаса? — деб сўрадим.
Темирйўлнинг нарёғида, кўприк остида.
— Ихтиёринг.
Янгули йўл бошлади, Кока иккаламиз унга эргашдик. Петя эса орқада келарди. («Кочиб кетмаслигимиз учун», деган ўй кечди кўнглимдан).
— Тамом бўлдик! — деди саросимага тушган Кока. У мендан икки ёш кичик, бунинг устига, Янгулининг тарсакилари ёдидан кўтарилмаган эди.
— Қўрқма! — дедим унга тасалли бериб, лекин ичимдан ўтганини ўзим билиб турардим.
Темирйўл кўтармасидан пастта тушаётганимизда Кока қочиб кетмоқчи бўлди, базўр билагидан ухплаб қолдим:
— Қаёққа?! Шарманда бўлгинг келяптими?
— Сен уни билмайсан! Иккаламизниям дабдала қилади! — деди Кока ялинчоқ овозда.
— Қилса қилар! Ўлдирмайди-ку ҳарқалай!
Кока худди қурбонликка аталган бузоқдай чор-ночор яна менга эргашди.
Янгули темирйўл кўприги остида тўхтаб, атрофга аланглади. Ҳеч ким йўқ эди.
— Мана, келдик. Хўш, нима демоқчисан? — дедим.
Янгули бир оз индамай турди, кейин аста сўз бошлади:
— Кеча мени болаларнинг олдида шарманда қилдинг… Қаттиқ урдинг, қўққисдан… Ўрнимдан туролмадим, шунинг учун ҳам сен насибангни олмадинг… Турмоқчи бўлдим-у, туролмадим.
Янгулининг бундай очиқ, самимий гапиришидан анграйиб қолдим.
— Мен раҳбарман. Маҳалланинг хўжайиниман, шундай бўлиб қоламан… — дея давом этди у.
— Бўлсанг бўлавер лекин мени тинч қўй, — дедим мен ҳам ўшандай самимийлик билан.
— Мендан катта бўлганингда майли эди! Лекин мендан ёшсан, шунга қарамай, қўл кўтардинг… Бунақаси кетмайди. Подада серка битта бўлиши керак — ё сен, ё мен!
— Айтдим-ку, менга ҳеч нарса керак эмас! — деб такрорладим мен.
— Йўқ, урғочи гап бу… Муштлашамиз!
— Майли, — дедим рози бўлиб.
— Фақат ҳалол муштлашамиз!
— Ҳалол деганинг нимаси?
— Петя билан Кока аралашмайди! Сўкишиш йўқ! Тош билан уриш йўқ! Йиқилганга тегилмайди!
— Бўпти!
— Агар бугун сени енгсам эртага кечаги болаларнинг олдида яна бир марта ураман. Шу билан тамом.
— Кўрамиз ҳали ким кимни енгади…
Янгули қора сатин кўйлагини ечди. Кенг, таранг кўкрагини кўриб, сесканиб кетдим. Бу ҳам майли, чап тўшининг устига кўкиш рангда нақшланган лотин ҳарфларидаги ёзув мени негадир буткул довдиратиб қўйди: «Hellados».
Янгули Петяга грекчалаб бир нималар деди. Петя миқ этмади.
Янгули яна такрорлади. Петя истамайгина иккала чўнтагидан иккита каттакон тошни чиқариб, бир четга улоқтирди. Янгули Кокага қаради. Кока шоша-пиша қоқ-қуруқ чўнтакларини ағдариб кўрсатди.
— Бошладик! — деди Янгули.
— Бошладик! — дедим мен ҳам.
Олишув икки-уч минутгина давом этди.
Мен муштларимни тугиб, Янгули эса беш панжаси билан урарди. Мен урганда овоз чиқмас, аммо Янгули ҳар туширганда атрофдан қарсиллаган акс садо келарди. Петя Янгулига грекчалаб далда берар, Кока эса менга грузинчалаб бидирлар эди:
— Калла қил, Жамол, калла қил!
Муштлашганда калла қилиш нималигини ўзим ҳам биламан, бироқ Янгулига яқинлашиб булмаётган эди: унинг чайир, терлаган гавдаси ҳар гал сирғалиб қўлимдан чиқиб кетаверарди.
Яна бир қарсиллаган товуш эшитилдию бурнимдан тизиллаб қон отилди. Қонни артгунимча Янгули тағин бир марта туширди; натижаси шу бўлдики, кеча худди Янгули ағдарилгандай гуп этиб ерга қуладим, фақат битта фарқи бор: ҳозир мен турадиган ҳолдаман, аммо Янгули кеча ўрнидан туролмаган эди.
Нима бўлганда ҳам бугунги олишувнинг якуни маълум: мен ютқаздим. Янгули бир оз кутиб турди, муштлашишни давом эттириш ниятим йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, шошмасдан кўйлагини кия бошлади. Нигоҳим яна кўксидаги ғалати сўзга тушди: «Hellados».
— Эртагача! — деди Янгули. Устки лаби шишиб кетганини, чап қоши ёрилганини шундагина пайқадим.
Янгули билан Петя тепага кўтарилиб, темирйўл ёқалаб кетишди, Кока иккаламиз пастда қолдик.
— Ҳечқиси йўқ, у ҳам оладиганини олди! — дея Кока менга тасалли берган бўлди.
— Эртага барибир уни енгаман! — дедим.
— Олдин бир ойнага қараволсанг бўларди! — деди хўрсиниб Кока.
— Юзим ёмон шишибдими?
— Кўпчиган хамирнинг ўзгинаси! — деди Кока четга қараб.
— Ў-ў, ярамас!
Бу гал холам индамади. Юзимга авайлаб ҳўл латта босди. Эртасига эрталаб худди ўшандай хотиржамлик билан қатиқ тўла ҳурмачани Христо Александридининг бошига уриб синдирди, баайни Янгули скрипкани менинг бошимга уриб синдиргандай. Кейин, совет пионерини ваҳшийларча калтаклагани учун безори ўғлингни қамоқда чиритаман, дея унга обдон пўписа қилди.
Эртасига мактабга бормадим — юзимдаги шиш ва мўматалоқларни даволадим. Учинчи куни темирйўл кесиб ўтиладиган жойда Янгулидан бошқа деярли бутун маҳалланинг болалари тўпланиб турганини кўрдик. Улар бизни ҳуштак ва таҳқирлар билан кутиб олишди.
— Қалай, Скрипка, тавбангга таяндингми?
— Энди уни тинч қўярсан? Ё ўлгинг келяптими?
— Бу ер сенга Тбилиси эмас!
Бутун тўда ўтган кунги мағлубиятимни эшитиб бўлган эди.
Уларнинг гап-сўзларига эътибор бермай сумкамни аста ерга қўйдим, ўзим ҳам ўтириб, Янгулини кута бошладим.
— Келяпти! — деб қичқирди кимдир бирдан.
— Ҳозир кўрамиз томошани! — деди яна биров,
— Салом! — Янгули ҳамма билан сўрашди, кейин менга кўзи тушдию бақа бўлиб қолди.
— Мана, Янгули, лаҳм гўшт ўз оёғи билан келди. Тезроқ еяқол! — деди Петя уни гижгижлаб.
— Шундоқ еяверасанми, икра ё сарёғ биланми?
Янгули амирона ишора билан ҳамманинг овозини ўчирди, сўнг бамисоли қабила оқсоқолидай ўз қавмига юзланиб, тарихий нутқ ирод этди:
— Болалар! Мен, Янгули Александриди, сизлар сайлаган сардор, сизларга, Венециан кўчасининг ҳур фарзандларига мурожаат қиламан! Рўпарангизда тбилисилик рангпар лақма билан унинг жияни — ватан ва қабила хоини, мишиқи Кока турибди. Мана бу рангпар келгинди бизнинг меҳмондўстлигимиз ва мурувватимиздан баҳраманд бўлиш ўрнига — худо сийлаган еримизни, денгизимизни, жамики дарёларимиз, олтин ва кумушларимиз, ўтлоқларимизни ўзиники қилиб олмоқчи…
— Бас қил майнавозчиликни! — дедим унинг гапини бўлиб. — Муштлашамиз!
Янгули менга тикилиб турди-да, сўзида давом этди:
— Ҳозир сизларга рангпар гўштдан қандай қилиб қовурдоқ тайёрлашни кўрсатиб қўяман.
— Олифтагарчилик қилма! Бошлаймиз!
— Ҳўй мишиқи! — Янгули Кокага мурожаат қилди. — Югур, «Тез ёрдам»га қўнғироқ қил, беш минутдан кейин келиб холаваччангни олиб кетсин. Унгача беҳуш бўлади.
Болалар ҳузур қилиб кулишди.
— «Тез ёрдам» бутун сени олиб кетади! — шундай деб, ўрнимдан турдим.
Томошабинлар давра олишди.
Янгули Петяга икки оғизгина пичирлади. У камарини еча бошлади. «Наҳотки, камар билан урса?» деган ўй ўтди кўнглимдан.
Петя камарни Янгулига узатиб, даврага қайтди. Янгули тўпланганларга виқор билан бир назар ташлаб чиққач, деди:
— Мен бу рангпар билан икки қўллаб муштлашмайман. Бунга битта қўл ҳам кифоя. Петя, чиқ бу ёққа, қўлимни боғла!
Атрофдан «Қойи-ил!» деган хитоблар эшитилди, менинг эса юрагим орқага тортиб кетди. Бу яна қанақа найранг!
Петя уртага чиқиб, Янгулининг чап қўлини гавдасига қўшиб боғлаб қўйди.
— Масхаравозликни бас қил! Чиқаз қўлингни! — дедим мен.
— Йўқ, сен билан икки қўллаб муштлашиш менга уят!
Болалар тағин завқланиб кулишди.
— Э-э, унақада муштлашмайман! — Мен сумкамга энгашдим.
— Қўрқяпсанми? — деб сўради Янгули.
— Йўқ, қўрқаётганим йўқ, хоҳламайман. Чиқаз қўлингни! Барибир бугун калтак ейсан!
— Бошла, кейин афсусланасан! — Янгулининг жаҳли чиқа бошлади.
— Солсанг-чи, нимани кутяпсан! — деб шивирлади менга Кока.
Бош чайқаб туравердим. Ахийри бўлмагач, Янгули яқин келиб, тарсаки тортиб юборди. Юзимдан олов чиқиб кетди, лекин қўлимни қимирлатмадим. Янгули яна урди, кейин яна. Сезиб турибманки, бор кучи билан урмаяпти. Унинг тарсакилари рақибига зарба беришдан кўра ўйинқароқ болага пўписа қилишга ўхшарди. Жавоб қайтармаётганимни кўриб Янгули қўлини туширди. Мен шартта бурилиб, бир оғиз ҳам гапирмай, жанг майдонини тарк этдим. Болалар индамай йўл бўшатишди.
— Ҳў Скрипка! — Бу Петянинг овози эди, шу заҳотиёқ чарсиллаган товуш ҳам эшитилди. Янгули Петянинг юзига тарсаки тортган эди.
Орқамга қарамадим — мен йиғлардим, болалар кўзёшларимни кўришларини истамасдим.
Йиғлардим-у, лекин бугунги олишувда ғолиб чиққанимни ич-ичимдан ҳис этардим.
Тонготар, ҳали ғира-шира пайтда мен Александридилар дарвозаси олдида турардим. Христо эшакка тўқим урар, Янгули эса унга ёрдамлашар эди. Мени кўриб ёнимга келди.
— Ҳа, арз қилгани келдингми? — деди у отаси томон бош ирғаб. Христо орқа ўтириб турганидан мени кўрмасди.
— Ким кепти? — деб бақирди у ишидан кўз узмай.
— Ўртоғим.
— Янгулининг вақти йўқ, бозорга боради! — Христо ўгирилиб мени кўрдию ҳайрон бўлди: — Ие, ярашдингларми?
— Ярашдик! — деб жавоб қилдим мен.
— Ҳа, мана бу бошқа гап! Икковинг ҳам зўр йигитсан-ку! — Христо суюниб кетди. — Кир бу ёққа!
— Раҳмат, шошиб турибман… Қачон қайтасан?
— Кечки пайт, — деб жавоб берди Янгули.
— Кўприк тагида кутаман!
Шундай дедиму изимга қайтдим.
У келди, индамай эшагини бир четга боғлади-да, кўйлагини ечиб тўқим устига ташлади, шунда яна кўксидаги афсунгар сўзга кўзим тушди: «Hellados».
Бугунги олишувимизга фақат эшак шоҳид бўлди. Муштлашиш узоқ давом этди. Ҳар қанча уринмайин Янгули ўзғирлик қилди — биринчи зарбани у берди. Мен йиқилмадим, фақат чайқалдим, холос. Иккинчи марта ҳамла қилганида чаққонлик билан гавдамни орқага ташладим, қўли бурним ёнидан шувиллаб ўтиб кетди. Аммо у шу қадар шиддат билан қулоч отган эдики, мувозанатини йўқотиб, мункайганча бир қадам олдинга ташлади. Шунда… Ҳў ўша биринчи бор муштлашганимизда бўлганидай, озгин ияги ўнгимга келиб қолди. Мен ҳам ўша ияк остига қаттиқ мушт солдим. Янгули йиқилди, бир муддат қимир этмади. Энди ўрнидан туролмайди, деб ўйлаган эдим. Аммо у бирдан сапчиб турдию яна менга ташланди. Унинг очиқ панжаси билан менинг муштим нишонга бир вақтда тегди. Кўзим тиниб, чўккалаб қолдим, беихтиёр кафтларимни юзимга босган эдим, бурнимдан тизиллаб қон оқаётганини сездим. Сал ўзимга келиб қарасам, Янгули ҳам чўккалаганча ёрилиб кетган лабларидаги қонни артяпти. Бир амаллаб қаддимни ростладим. Янгули ҳам ўрнидан турди.
Биз бир-биримизга узоқ тикилиб қолдик. Пишиллаб нафас олаётганимизни ҳар иккаламиз ҳам эшитиб турардик. Мен Янгулининг яна ҳамла қилишини кутардим, аммо, таажжубки, муштлашишга менда на хоҳиш, на кайфият қолган эди. Бироқ энди ҳеч қачон Янгули менга зўравонлик қилолмаслигини ҳам билиб турардим.
— Бас! — деди Янгули кутилмаганда.
— Бўпти! — Мен ҳам рози бўлдим. — Лекин эртага болаларнинг олдида муштлашамиз! — дея қўшиб қўйдим ҳар эҳтимолга қарши.
— Кераги йўқ. Зўр бола эканингни болаларга ўзим айтаман. Лекин, билиб қўй, биринчиликни сенга бермайман!
— Кераги ҳам йўқ!
— Хоҳласанг, иккинчи бўлақол.
— Менга ҳеч нарса керак эмас! Сенинг йўлинг бошқа, менинг йўлим бошқа! — Мен кетишга чоғландим.
— Тўхта! Бунақаси кетмайди. Ҳар куни муштлашавермаймиз-ку, ахир. Ке, келишволайлик: эртадан бошлаб фақат сўкишамиз. Ким қойиллатса — ўша ғолиб!
— Майли, розиман.
Мана, яна болалар қуршовидамиз. Бу гал ўртамизда даҳанаки жанг авжга чиққан.
— Жамол — эшакмия!
— Янгули — кўкатфуруш грек!
— Тбилисилик мишиқи!
— Эшакбоқар!
— Тўнғиз!
— Чириган бодринг!
— Тошбақа!
— Итбалиқ!
— Медуза!
— Овсар!
— Паганини!
Бисотимдаги ҳақоратбоп сўзлар тугади. Янгули кутиб турарди — навбат меники эди.
— Бўлақол, ютқазасан! — деб турткилади Кока.
— Менда бошқа йўқ!
— Онасига ўт!
— Йўқ, онани аралаштириб бўлмайди!
— Шени деда ватире, дегин! Уят жойи йўқ буни!
— Ўрисчасига нима дегани?
— Сен грузинчасига айтавер! У барибир тушунмайди! — Кока ҳол-жонимга қўймасди.
— Янгули, шени деда ватире! — грузинчалаб шундай дедиму жавобини жон ҳовучлаб кутиб турардим.
— Имана су ине простикаса инека, Жамол!
Сездимки, Янгули ҳам онамга тил теккизди, аммо бу сўзлар шу қадар хушоҳанг, шу қадар ёқимли эшитилдики, гўё у гўзал бир қўшиқни бошлагандай бўлди назаримда. Мен яна такрорладим:
— Шени деда ватире, Янгули!
— Имана су ине простикаса инека, Жамол!
Бу ҳол ярим йилча давом этди. Сўнг эҳтиросларимиз аста-секин сўнди. Иккаламизнинг ҳам ҳақорат репертуаримизда биттаю битта жумла қолди, ҳар учрашганимизда мен: «Шени деда ватире, Янгули!» дердим, у бўлса: «Имана су ине простикаса инека, Жамол!» дерди.
Офтоб чарақлаб турарди. Кока иккаламиз мактабдан қайтардик. Темирйўл кесиб ўтиладиган жойда, одатдагидек, Янгули ўртоқлари билан ивирсиб ўтирарди. Мени кўрдию шартга ўрнидан туриб, истиқболимга юра бошлади.
— Янгули, шени деда ватире! — дея ўзғирлик қилдим мен.
У тўхтаб, маъюс нигоҳ билан узоқ тикилиб турди.
— Шени деда ватире, Янгули! — деб такрорладим яна.
Янгули бошини эгди, кейин бурилиб, аста… уйи томон кета бошлади. Мен донг қотиб қолдим.
— Кўрдингми қуён бўлганини?! Энди хўжайинлик қилолмайди! — дедим Кокага.
— Йўқ, энди бошланди! — Кока мийигида кулиб қўйди.
— Қанақасига?
— Шунақасига-да. У сени енгди, Жамол!
— Нега сўкинмади бўлмаса!
— Кеча ойингни суриштирган эди: ким, қаерда… Мен нима дейин… Шунақа, шунақа… ҳалиги… Йўқ… ўлган, дедим. Шунинг учун ҳам сўкмади-да сени…
Ғалати бўлиб кетдим.
— Аҳмоқ, овсар! Нега кеча шуни менга айтмадинг?
— Қайдам…
— Янгули! — деб қичқирдим орқасидан. Аммо у анча узоқлашиб кетган, овозимни эшитмасди. Ё эшитса ҳам, эшитмаганга олдими…
Шу ондан бошлаб Янгули ўн баравар улгайгандай бўлди менинг назаримда. Орамизда ғанимлик булмаганидек, яқин дуст ҳам бўлолмадик у билан. Учрашиб қолганимизда бир-биримизга жилмайиб, қўл силкиб қуярдик, холос. Аҳён-аҳён, отасининг ўрнига уйимизга сут ёки қатиқ олиб келганида уч-тўрт оғиз гаплашардик. Шунда ҳам суҳбатимиз сут-қатиқнинг баҳосию эшакдан нарига ўтмасди.
Ўша куни Янгули сут опкелди. Ҳовлида унга кўзим тушдию… таниёлмай қолдим. Башараси мўматалоқ бўлиб кетган эди.
— Нима бўлди? — деб сўрадим ажабланиб.
Ақл бовар қилмасди — бу атрофда Янгулига ким қўл кўтариши мумкин?! Ёки бирорта каттароқ ёшдаги одамнинг ишимикан бу?
— Ҳеч нарса! — деди у четга қараб.
— Афтингга бир қарагин…
— Ҳечқиси йўқ! — дея жилмайди у.
— Янгули, ким урди? Агар кучинг етмаган бўлса, бирга борамиз!
Янгули бош чайқади.
— Эшагингни боғла, ҳозироқ борамиз! — деб сут солинган хурмачани зинага қўйдим.
— Кераги йўқ, унга барибир кучимиз етмайди! — деди Янгули синиқ кулимсираб.
— Нега етмас экан?! Иккаламизниям-а?
— Иккаламизниям, бутун Венециан кўчасиниям…
— Ким экан у муштумзўр?!
— Отам!
— Отанг?
— Отам.
— Нима гуноҳ қилувдинг? — дея унинг шишиб кетган чаккасига авайлаб қўлимни текказдим.
— Сабаби бор-да…
— Нима иш қилиб қўйдинг?
— Уч кундан кейин Сухумига Грециядан пароход келади. Бу ерлик греклар Элладага қайтишяпти. Отам ҳам…
— Хўш, нима қипти?
— Кетмоқчи эмасман… Отамнинг гапига қараганда, бизнинг ватанимиз, она тупроғимиз ўша ерда… Бизни аждодлар руҳи чақираётганмиш, бу нидога қулоқ солиш шарт эмиш…
— Нега бирга кетмоқчимассан? — деб сўрадим астойдил таажжубланиб.
Янгулидан анча вақтгача садо чиқмади. Нуқул эшагининг қулоғини силарди. Силаб турганида қулоқ кафтига ётар, аммо қўйиб юборди дегунча, худди суҳбатимизни эшитолмай қолишдан қўрққандай, дарров яна диккайиб олар эди.
— Қандоқ тушунтирсамикин… — дея гап бошлади у ниҳоят. — Онам йўқ, ҳатто эслолмайман ҳам. Отам уззукун томорқада ёки тирикчилик ташвишида… Мен кўчада, Венециан кўчасида катта бўлдим… Менинг ватаним, менинг Элладам бу — Сухуми, кўча, Чалбаш; бу — Кока, Петя, Курлика, Фема, Қора денгиз, кўприк… — У бир ютиниб олиб, давом этди: — Бу — Мида… қолаверса, сен…
Миданинг исмини менинг олдимда Янгули биринчи марта тилга олаётган эди. Аммо мен Мида — бир ахбаз кишига турмушга чиққан грек аёлининг қизи эканини, Сухумида ундан гўзал қиз йўқлигини, Янгули уни яхши кўришини билардим.
— Тушундингми энди?
Аъзойи баданим жимирлашиб кетди. Бунақа сўзларни умримда биринчи марта эшитаётган эдим.
— Бу нима бўлмаса? — Мен Янгулининг кўкрагини очиб, баланд овозда ўқидим: — Hellados.
— Бу — нақш, Жамол. Ватан — ичкарироқда, нақд юракнинг ўзида! — Янгули қўлини кўксига қўйди.
Ўпкам тўлиб, томоғимга аччиқ бир нарса қадалди, унга яна бир нималар демоқчи эдим-у, аммо Янгули эшагини нўхтасидан етаклаб, ҳовлидан чиқиб кетди.
Орадан уч кун ўтгач, эрта тонгда ҳовлимизга эшагини етаклаб Янгули яна кириб келди.
— Отам ҳамма нарсани сотди: сигирниям, уйниям, бошқа лаш-лушларниям. Эшакни ҳеч ким олмаяпти. Биламан, сизлар уйда эшак сақламайсизлар, урф-одатингларга тўғри келмайди. Лекин чакки қиласизлар. Бундан беозор жонивор йўқ дунёда — меҳнаткаш, беминнат дастёр… Нима қиламан буни энди? Грекларнинг ҳаммаси кетяпти… Кўчага ҳайдаворолмайман-ку… Қўрқма, бунга парваришнинг кераги йўқ. Бир тутам хашак бўлса кифоя… — Янгули тутилиб-тутилиб гапирар, тўхтовсиз эшакнинг бўйнини силар эди.
— Сен-чи? Сен ҳам кетяпсанми?
— Кетяпман… Эшакни опқоласанми?
— Бўпти!
— Лекин ҳайдаворма!
— Йўқ, йўқ!
— Нина Ивановнага ҳам айтиб қўй, ҳайдамасин!
— Албатта айтаман.
— Кока ёрдамлашади… Эшакка кўп нарса керак эмас. Бир тутам хашак…
— Ташвишланма, Янгули.
— Исми Аполлон.
— Биламан.
— Авайлайсанми?
— Хотиржам бўл.
— Майли, мен кетдим… Пароход кечқурун жўнайди…
— Борақол…
— Хайр, Жамол!
— Кечқурун портга чиқаман, Янгули!
Биз қучоқлашдик. Янгули анча вақтгача мени бағридан бўшатмади. Кеийин шартта бурилиб, гўё аллақандай мудҳиш ва ёвуз нарсадан қочгандай, чопиб чиқиб кетди…
Кечқурун портга бутун Сухуми кўчиб чиқди.
Ҳаммаёқ гулга кўмилган, оркестр жаранглар, одамлар қўшиқ айтиб, рақсга тушишар эди. Вағир-вуғур орасидан «раҳмат», «хайр», «омон бўлинглар» деган сўзлар қулоққа чалинар, аммо кўз бшлари ундан ҳам бисёр эди.
Сухумиликлар ўзлари билан эт-тирноқ бўлиб кетган қадрдонлари греклар билан хайрлашишарди. Греклар аллақачон нуқрадай оппоқ «Посейдон» кемасига чиқиб олишган, ўша ердан туриб қўл силкишар, грекча, русча, грузинча, арманча лафзда бир нималар деб қичқиришар эди.
Мен болаларга қўшилиб, соҳилдаги панжара деворга қапишганча, нигоҳим билан Янгулини излай бошладим. Ва уни топдим. Эгнида ўша ўзи ёқтирадиган олди очиқ қора сатин кўйлак.
— Янгули, Янгули! — дея қийқиришга тушдим қўл силкитиб. Янгули кузатувчиларга узоқ, жуда узоқ разм солди ва бирдан мени кўриб қолди. Иккала қўлини баланд кўтариб, нидо берди:
— Жамол, эго агапо имана су!
— Жамол, ойингни яхши кўраман!
У грекча нимадир деб бақирди-ю, аммо менга қўшиқ айтгандаи туюлди. Тағин шу нарсани сездимки, назаримда, кемадан қочиб кетмасин дебми отаси уни билагидан маҳкам ушлаб турарди. Яна унинг қўшиғини эшитишга, яна унга мўлтираб туришга бардошим етмади. Кемага терс ўгирилдим-да, йиғлаганча уйга жўнадим.
Орадан бир кун ўтиб, Келасури дарёсининг қуйилиш жойида денгиз тўлқинлари бир боланинг жасадини соҳилга чиқариб ташлабди. Тўғрироғи, уни кекса балиқчилар сувдан тортиб олиб, қумга ётқизишибди. Сўнг мурданинг кимлигини аниқлаш учун шу атрофда ўйнаб юрган болаларни чақиришибди.
Марҳумнинг башараси шу қадар дабдала бўлиб кетган эканки, уни ҳеч ким танимабди.
Уни мен танидим. Чап тўшининг устидаги «Hellados» деган сеҳрли ёзувни кўргандан кейин танидим.
Нафасимни ичимга ютганча соҳилдан, сўнг темирйўл бўйлаб, кейин Венециан кўчасидан тўхтовсиз югуриб, телбаларча уйга отилиб кирдим.
— Ҳа, нима бўлди?!! — Холамнинг капалаги учиб кетди.
— Нина хола… Янгули қайтиб келди…
Сўнг холамнинг олдида чўккалаб, оёқларини қучоқлаганча ҳўнграб йиғлаб юбордим…
Низом Комил таржимаси
“Тафаккур” журнали, 1995 йил, 3-4-сон