Ўтган ёзда кунларнинг бирида туш кўрдим, унда мен гўё улкан, мутлақо нотаниш бир шаҳарга тушиб қолибман. Мен шаҳар кўчаларида юриб, унда сон-саноқсиз, бир-бирига ўхшамайдиган, турли тилларда сўзлашувчи одамларни учратибман. Назаримда, бутун ер юзи шу ерга жам бўлган ва бутун оламнинг у бошидан-бу бошигача менга кафтдек кўриниб тураркан. Мен гоҳ оҳиста, гоҳ илдам одимлаб, ҳали у ерга, ҳали бу ерга борар эдим, охири умримда бирон марта учратмаган муҳташам, ваҳимали, жуда улкан бир бино рўпарасидан чиқиб қолибман. Бино эшиги олдида тумонот одам бўлиб, барчаси қилич билан қуролланган, мағрур қадам ташлаётган жангчилар тинмай кириб-чиқиб туришарди. Бу ўзи қанақа бино бўлдию нима учун бу ерга бунча кўп одам тўпланганини суриштирдим ва тубандагиларни билиб олдим: бу ҳукмдорнинг қасри бўлиб, бугун жиноятчилар устидан ҳукм эълон қилинар экан.
Бир соат ўтар-ўтмай, жарчи суд маслаҳатчилари ўз ўринларини эгаллаганларини, иштирок этувчи фуқаролар эса энди танобийга киришлари мумкинлигини эълон қилди. Ҳамма ичкарига кирди, мен ҳам одамлар билан изма-из танобийга кирдим-да, барини дурустроқ кўриш учун ўрнашиб ўтириб олдим. Бамисоли ўз меҳварида мустаҳкам жойлашиб олган қуёшдек, танобийнинг қоқ ўртасида, олтин тахтда савлат тўкиб ўтирган ҳукмдорга кўзим тушди. Унинг ўнг тарафида хирқа кийган аллақандай кимса, чапида эса яшил ридода бошқаси ўтирарди. Ҳукмдорнинг ўнг тарафидагиси руҳоний, чапдагиси эса шу шаҳар ҳаками эканини сўраб билиб олдим.
Мана, ҳакам ўз олдидаги оппоқ қоғозлар томон энгашди-да, улардан бирини қўлига олиб: “Жиноятчилар олиб кирилсин”, – деди амрона оҳангда. Шу заҳоти танобийнинг чап тарафидаги турма эшиги шернинг бўкиришини ёдга солувчи товушда ваҳимали ғийтиллаб очилди. Эшикдан дармонсиз оёқларини аранг судраб босиб келаётган қари чолни етаклаб, турма назоратчилари кириб келишди. – “Унинг айби нима?” – сўради ҳукмдор. – “У роҳибларга тегишли бинога кириб, у ердан етим ва қашшоқларга аталган бир қоп унни ўғирлаган”, – деб жавоб берди руҳоний. Танобийга йиғилган иштирокчиларнинг бари ўша заҳоти: – “Ёвуз жиноятчининг ҳолига вой! – дея қаттиқ қичқиришди. – Худонинг даргоҳига ўғирликка тушишга қандай ҳаққи бор унинг?” Сўнг гувоҳларни чақиришди, роҳиблар ҳозир бўлишиб, улар ҳам бир овоздан қариянинг айбдор эканини тасдиқлашди. Ҳукмдор руҳонийга ниманидир шивирлади ва: – “Ўғри қатл майдонига олиб борилсин ва унинг аввал ўнг қўли, сўнг чап қўли, кейин оёқлари кесилсин, охирида боши олиниб, йиртқич қуш ва ҳайвонларга ем қилинсин”, – дея амр этди. Буни эшитган қария тиз чўкиб, ҳукмдорга нимжон ва қалтироқ қўлларини чўзиб, раҳм-шафқат сўраб ялиниб-ёлворди, бироқ турма назоратчилари унинг оғзига уриб, судраб олиб кетишди. Кейин улар ранг-қути ўчиб, ҳолдан тойган, қўрқувдан дағ-дағ титраб турган ўн саккиз ёшлик йигитчани олдиларига солиб олиб келишди-да, уни ҳукмдорнинг ёнига келтиришди. Шунда ҳукмдор: “У қандай гуноҳ иш қилган экан?” – деб сўради. Руҳоний: “У – қотил. Бир кун ҳокимнинг одамларидан бири ўз қишлоғига солиқ йиғиш учун келган. У мана шу йигитчадан солиқ тўлашни талаб қилган, бироқ йигитча, афтидан ҳар қандай уятни йиғиштириб қўйган, ёки буйруқни бажаришдан бош тортган. Ўлпон йиғувчи унга бақирган, ўспириннинг бундан жаҳли чиқиб, ханжарини қинидан суғурган-да, унга санчган ва шу билан ўлпон йиғувчининг умрига зомин бўлган”, – деб жавоб берди. Танобийда ўтирганлар: “Қандай даҳшат! Қандай ёвузлик! Ахир ҳукмдорнинг яқинларини ўлдириш, унинг ўзини ўлдириш билан баробар-ку!” – дея қичқиришди. Шунда марҳум ўлпон йиғувчининг ёрдамчиларини келтиришди, улар бўлган воқеани тасдиқлашди. Ҳукмдор бир он ерга боқиб турди-да, сўнг кўзини ердан узиб: “Жиноятчи қатл майдонига олиб борилсин ва барча қон томирлари ёриб ташланиб, танасида бир томчи ҳам қон қолмасин”, – деб амр этди. Буни эшитган йигитча даҳшат ичида қичқириб юборди, бироқ турма назоратчилари аралашиб, уни судраб олиб кетишди. Кўп ўтмай улар гўзал бир қизни олиб келишди. Пешонасига бу қора кунлар соя солганини айтмаганда, қиз кўкда ёнган юлдуздек мафтункор эди. Ҳукмдор: “У қандай жиноятга қўл урган?” – деб сўради. Ҳакам: “У – фоҳиша. Қариндошларидан бири ёнига келган экан, қизни аллақандай йигитча билан ёлғиз тургани устидан чиқиб қолибди”, – деди. Шунда ўтирганлар шовқин кўтариб: “Қатл қилинсин! Қатл қилинсин! Тошбўрон қилинсин! Уччига чиққан бузуқ, суюқоёқ!” – дея ғазаб билан қичқиришди. Ҳукмдор: “Унга қарши гувоҳлик берадиганлар борми?” – деди. Қизнинг қариндошларидан бири чиқди-да, уни фош қилиб, унга қарши гувоҳлик берди. Ҳакам ўша заҳоти ҳукмдорнинг қулоғига алланималарни шивирлади ва у: “Қизни қатл майдонига олиб боринглар ва ўша ерда қип-яланғоч қилиб, мушакларида бир бурда этини, суякларида эса бир парча мушагини қолдирмай тошбўрон қилинсин!” – деди. Бу амри фармонни эшитганларнинг барчаси ҳукмни қўллаб-қувватловчи ҳайқириқлар остида адолатли ҳукмдорга астойдил таҳсинлар ўқидилар. Улар ҳокимиятни ва ҳокимнинг куч-қудратини роса таъриф-тавсиф қилиб кўкларга кўтаришди-да, баланд овозда уни, руҳонийни ва ҳокимни узоқ олқишлашди. Сўнг ҳукмдор ўрнидан турди, одамлар ҳам шод ва мамнун ўринларидан қўзғалиб, тарқала бошлади. Мен, ўзини ҳимоя қилиш учун айбланувчи сўнгги сўздан маҳрум этилиб, гувоҳлик бериш имконига фақат унинг душманларигина эга бўлган ва жазо даражаси жиноятга мутлақо мувофиқ келмаган бу ғалати суд иши ҳақида ўйлаб, маъюс тортиб, мунгли ҳолда аста танобийдан чиқдим. Бу одамлар мени чуқур ҳайратга солганди, куч-қудратга эга зот олдида уларнинг қанчалик ожизлиги, итоаткорлиги, зўр бериб унга сажда қилишлари, уни улуғлаб, кўкларга кўтаришлари ақлимни шошириб қўйганди; у одилона ҳукм чиқарадими ёки йўқ, шафқатлими ёки шафқатсиз – бундан қатъи назар, яна унга хайрихоҳлик билдириб, мавжуд ҳокимиятни қўллаб-қувватлаган одамларга қандай баҳо бериш мумкин? Жазога ҳукм этилганларнинг айбсизлигини исботлай оладиган ёки уларга раҳм қиладиган ва бу жиноятни худди ўзининг бошига тушгандек қабул қилиб, ўзи шундай ҳакамларга рўпара келганда шу оломон ичидан уларни авф этишларини хоҳловчи биргина ўғри, ёки биргина қотил, ё биргина фоҳиша наҳотки топилмаса?
Бузуқ аёл, эҳтимол мутлақо бузуқ эмасдир, қотил деганлари балки ўз ор-номусини, ўз мулкини ҳимоя қилиш учун шу ишга қўл ургандир? Ўғри деганлари эҳтимол ўз яқинларини очликдан сақлаб қолиш учун шунга мажбур бўлгандир?
Ҳоким жиноятни тергов қилишда қотилга марҳамат кўрсатишни истамади, наҳот унинг ўзи умрида бирон марта бундай ишга дуч келмаган бўлса?
Роҳиб уйидан ўғирланган бир қоп ун учун руҳоний намунча куйиб-пишмаса, наҳотки унинг қўллари ҳаром йўллар билан топилган биронта динорни ушламаган бўлса? Ҳеч бўлмаганда ўз гуноҳини ювиш учун бир бечоранинг гуноҳидан ўтолмаса?
Суд бузуқ эркак ва аёлларни кўрганда нега ўз ғазабини тийишни истамайди, наҳотки ҳаётда бирон марта ўзининг пешонаси деворга урилмаган бўлса?
Фуқаронинг қалбини, унинг мол-мулкини ўз хоҳиши билан идора этиб, бахт ва бахтсизликни ҳушига келганча одамларга тақсимлаб берадиган бу одамлар кимлар ўзи? Улар гуноҳдан холи пайғамбар ёки фаришта эмаски, Худо ўз бандаларининг ишини муҳокама қилиб, уларнинг тақдирини бир ёқлик қилишни шундай одамларга топшириб қўйган бўлса? Суд ишини бу тахлитда олиб бориш учун уларга ким ҳуқуқ берган? Ҳокимиятни улар қайси қонуний кучга асосан қўлга киритганлару қандай қилиб ўзларини бу лавозимнинг ҳақиқий эгаси деб ҳисоблайдилар?
Бу қанақа ҳукмдор ўзи? Халқнинг юзига оёқ қўйиб, Куч ва Зўрлик билан тахтга эришган ўз юртининг золим ҳукмдори ёки уччига чиққан золим ҳукмдор авлоди шу эмасми? Мана бу руҳоний-чи? Ўз нафси йўлида ожиз кўнгиллару азобда қолган юраклардан фойдаланиб қоладиган энг туллак олғир мана шу эмасми?
Ҳакамнинг ўзи-чи? Ҳақиқатни ёлғон, ёлғонни ҳақиқат дея тақдим этишда барчадан устаси фаранги шу эмасми?
Золим ҳукмдорлар, босқинчилар ва зулму таадди усталари қачон художўйдек марҳаматли, диёнатли одамлардек оқкўнгил бўлишган ўзи?
Ўз номусини, қадр-қимматини ҳимоя қиламан деб жонҳолатда бошқа бир одамнинг умрига зомин бўлгани учун инсонни жиноятчи – қотилга чиқариб, уни қийнаб ўлдиришга маҳкум этган ҳукмдорни адолатли ҳукмдор деб улуғлашга қандай тиллари боради? Одам очликдан қийналиб ёки норасидаларни тўйдириш учун бир бурда нон ўғирласа, уни жиноятчига чиқариб лаънат ўқишади. Бироқ ҳакам ўша бечорани аввал майиб қилиб, сўнг ўлдиришга амр этса, буни адолатли ҳукм деб бўладими? Бўйнига азоб сиртмоғи тушиб, аёлни шайтон йўлдан оздирган бўлса, ахлоқсиз ва жирканч дея тамға босишади-да, айблашга тушишади. Қип-яланғоч қилиб боғланган ва ҳар томондан ёғилган тош ёмғири остида қолган аёлни кўрган одамлар бу манзарадан димоқларини чоғ қилиб, севиниб томоша қилишларига нима деса бўлади?
Оловни олов ўчиролмаганидек, шундайин, оғуга ружу қўйган одам ҳам уни иккинчи маротаба истеъмол қилгани билан соғайиб қолмайди; анавинга ўхшаб бировнинг ўнг қўлини, сўнг чап қўлини кесиб ташлаш билан унинг дардига даво топилмагандек, бу оламда ёвузликни ёвузлик билан, азоб-уқубатни азоб-уқубат билан енгиб бўлмайди.
Кеч киргунча тинмай ўзим билан ўзим гаплашдим. Зим-зиё, овлоқ бир жойдан юриб борар эканман, тепамдан қушлар галаси учиб ўтганини пайқадим. Одимларимни секинлатдим ва шунда мени ҳамон таъқиб қилиб келаётган даҳшатли манзарага кўзим тушди. Диққат билан қарасам, тупроққа қоришиб ётган ғўла аслида бошсиз, қўлсиз, оёқсиз одам танаси экан. Сўнг унинг ёнида худди бошяланг гирянда аёлдек ястланиб ётган қариянинг боши ва оёқ-қўлларини ҳам танидим. Мен яна қип-яланғоч қилиб дарахтга боғланган ва худди дарахт билан бирга ўсаётгандек унинг шохларига чирмашиб кетган йигитчага кўзим тушди. Унинг томирида бир томчи ҳам қон қолмаганди, жасад эса қўрқинчли кўланкага айланиб қолганди. Боши қайсию оёғи қайси – фарқлаб бўлмайдиган қип-қизил гувалача-гўшт қиз эканини ҳам танидим. У қонга бўялган бир уюм тошлар тагида қолиб кетганди. Сўнг бу жасадлар ёнида қон тўла ўрага кўзим тушди ва бу ўра мана шу бахти қароларнинг қони билан тўлганини фаҳмладим. Кўз олдимни қора булут қоплаб, атроф қоронғилашди. Турган жойимда ҳушимдан кетдим ва шу ётганимча тун ярмигача ўзимга келмадим. Ўзимга келганимда, бирдан қандайдир жусса мен томонга пусиб келаётганини сезиб қолдим. Ундан қўрқиб, дарахт орқасига беркиндим. У мен томонга яқинлашиб келди-да, шиша чироғини ёқди.
Шунда устида афтода кийим-бош, сочлари оппоқ оқарган кампирга кўзим тушди. Кампир аста-аста юриб жасадларга бирма-бир разм сола бошлади ва абжағи чиқиб кетган қария жасади ёнида тўхтади. Сўнг ўша ерда тиз чўкди-да, уввос солиб йиғлади. Кейин мурданинг оёқ-қўллари ва бошини бир жойга йиғиб, барини гавдага бирлаштирди. Сўнгра дарахт тагидан чуқур кавлаб, вайрон-толқон бўлиб кетган мурдани дафн этди-да, шундай деди: “Оҳ, менинг қийноқларда қолиб, ноҳақдан-ноҳақ у дунёга равона бўлган чолгинам! Сен Худодан қўрқиб, мен ва шўрпешона набираларингнинг дарду ғамида ўз жонингни ҳам аямадинг. Энди Парвардигорнинг ҳимояси ва кўмагида жонинг танангни тарк этиб, жисмингни қабр ўз бағрига олди. Сен меҳрибон эр, ғамхўр ота бўла олдинг, сен дили билан тили бир қалби пок инсон эдинг. Энди гуноҳингдан ўтишини сўраб, Эгамнинг ҳузурига бор ва бандаларига, ҳатто ўша сени қатл этган золим ҳукмдорларга ҳам Ўзидан инсоф сўра. Яна Худодан бизни тезроқ қовуштиришини илтимос қил. Сендан айрилганимдан бери менинг бирдан-бир қувончим сен билан дийдорлашув онларини кутиб яшаш бўлиб қолди”.
Кекса аёлнинг кўз ёшларига чидаб туролмадим, маъюс кўриниши эса юрагимни тилка-пора қилиб юборди. Аёлнинг сўзлари чин юракдан айтилаётган, эри эса суднинг навбатдаги қурбонига айланганди, назаримда. Чол-кампирнинг ҳаётига азбаройи қизиққанимдан беркиниб турган жойимдан отилиб чиқдим-да, кампирнинг ёнига бордим. Мени кўриб, у аввалига қўрқиб кетди, сўнг бошимга тушган мусибатлар олдида бу турмуш икир-чикирлари нима бўпти дегандек, хотиржам тортди. Мен шоша-пиша: “Қўрқманг, хоним, мен ўзи чет элликман, юртингиз урф-одатларини ҳам, бу ерда яшовчиларни ҳам билмайман. Мен дафн этилган одамнинг қабри тепасида туриб сизни унга аза тутаётганингизни кўрдим. Мен ҳам ўз ҳамдардлигимни изҳор этмоқчи эдим. Малол келмаса, бошингиздан ўтганларни менга сўзлаб берсангиз, дегандим, балки сизга бирон ёрдамим тегиб қолар”, дедим. Аёл кўзига ёш олиб, ҳикоя қила кетди: “Эрим ҳаётида бирон марта на ўғирликка ва на йўлтўсарликка қўл урган. Аксинча, у йигитлик пайтида ҳам, балоғат ёшида ҳам, ёлғиз ўғли ўсиб-улғайгунга қадар ҳам оиласини боқиш учун тер тўкиб ишлаган, меҳнатдан ҳеч қачон бўйин товламаган. Ўғлимиз ҳам вояга етиб оёққа тургач, отасининг йўлини тутди. Бироқ ҳали ўғлимизга ҳавас билан қараб, унинг ёрдамидан қувониб улгурмасимиздан, тўсатдан у бизни ташлаб кетди. Ажал унинг ҳаётига зомин бўлди, бизни эса муҳтожлик ботқоғига ботирди. Ўғлимдан бешта фарзанд қолди, тўнғич ўғлининг ёши ҳали ўнга ҳам тўлмаган. Уларнинг бобоси ёшини яшаб, ошини ошади, бир ёқдан кексалик азоби, бир ёқдан айрилиқ доғи ахири унинг бошига етди. У кучдан қолди. Аҳволимиз оғирлашди, қийинчилик ва айрилиқ бизни жар ёқасига олиб бориб қўйди. Бир куни биз тонгни очликда кутиб олдик, набираларни юпатиб, уларга бергулик увоғимиз ҳам йўқ эди. Ғирт аросатда қолгандик, агар Яратганнинг ўзи марҳамат кўрсатмаса, нобуд бўлишимиз турган гап эди. Мен қашшоқлар кирадиган кўчага киришга мажбур эканимни тушундим ва хайр-садақа топиш илинжида одамлар ҳузурига йўл олдим. Бироқ бир бурда нон ва бир қултум сув топиш у ёқда турсин, ҳеч ким менга ҳатто очдан ўлмаслик йўлини ҳам ўргатмади. Одамлар мени кўрса тескари қарарди, чунки эгнимда на жулдур кийимим ва на қўлимда качкулим бор эди. Дунё кўзимга тор бўлиб, уйимга қайтдим, кўнглимдан кечаётгани ёлғиз Ўзигагина аён эди. Уйга келдиму очлик уйқу бермай қийналиб ўтирган болаларга ва уларнинг орасида аламини ичига сиғдиролмай йиғлаб ўтирган қарияга кўзим тушди. У ушалмас умиддан нажот кутиб, дуога қўл очиб илтижо қиларди. Норасидаларнинг бундай кўйга тушганини кўрганимдан кўра, ажал билан рўпара бўлганимда ҳам ўзимни бунчалик бахтиқаро ҳис этмаган бўлардим. Болалар мени кўришлари билан ўзларини менга отиб, ўраб олишди ва ақалли бирон егулик олиб келмадимикан, дея яна жовдираб менга тикилишди. Бироқ мен ғам-ғуссага ботиб, иккала қўлимни бурнимга тиқиб уйга қайтгандим. Мен эримга: – “Одамлар орасида шундай миш-миш гаплар юрибди, гўё шаҳар ибодатхонасида етим-есир, ғариб-ғураболарга аталган озиқ-овқат қўри бор эмиш, уларнинг барини руҳоний бошқарармиш. Ўша руҳоний ҳузурига бориб, аҳволимизни тушунтирсангиз, озгина улуш сўрасангиз қалай бўларкин? Ахир биз хайр-эҳсонни ўзимизга эмас, норасида етимлар учун сўраймиз-ку”, – дедим.
Чолимнинг юзлари умиддан ёришиб кетди. Ўрнидан туриб, ҳассасини олди-да, унга суянганча тўғри ибодатхонага йўл олди. У ерга бориб, руҳонийга аҳволини айтиб, кўз ёш қилди. Диндорлар қашшоқларга рўпара бўлганда, уларни қандай димоғдорлик билан қарши олишса, руҳоний ҳам чолимни худди шундай қўрслик билан кутиб олди. “Ибодатхона, – деди у эримга, – уни ташлаб қўймай, вақт-бевақт хайр-саховат кўрсатганларга мурувват қўлини чўзади. Нима, сен тинч, соғ-омон кун кечирган дамларингда ибодатхонага бирон бир фойданг текканми? Йўқ! Шундай экан, бор, йўлингдан қолма! Шуни ёдда тутгинки, агар ризқ-рўз илинжида сен ўтиб келадиган дарвоза кенг очилган бўлса-ю, у сенга тордек кўринса, унда билиб қўй, жиноятга етакловчи бошқа бир дарвоза сенга кенг очилган бўлади.
Эрим руҳонийнинг ҳузуридан ўзини гўё овчининг тузоғига тушиб қолган қушдек ҳис этиб, ёруғ дунёси қоронғи бўлиб, шалвираб қайтиб келди. Ибодатхона ҳовлисидан ўтаётиб, унинг кўзи бурчакда турган қопга тушган ва нимадир ўша қопни олишга уни ундаган. Бу қашшоқлик балоси бўлмаганда, у шўрпешонанинг хаёлига бундай фикрлар қаёқдан ҳам келарди дейсиз. Уятдан ўзини қўярга жой тополмай қолган чолим қопга қарамасликка ҳаракат қилган, бироқ чорасизликда унга яқинлашиб бораверган ва қопнинг олдида қандай пайдо бўлиб қолганини ўзи ҳам билмаган. У қопнинг ёнида ўтириб олиб, ўзи билан ўзи гаплаша бошлаган: “Бу егулик ун – оч-наҳорларнинг ризқи. Худди ўша оч-наҳор деганлари мен бўламан. Мендақаси на шу шаҳарда ва на теварак-атрофда топилади. Агар қопдаги унни қўлга киритиш жиноят саналса-ю шу билан кимнингдир ҳаётини сақлаб қолинса, унда руҳоний бундай истакка изн берган бўларди”. У қопни елкасига ортмоқлаганча, оғир юкдан чайқала-чайқала юриб кетган. Бироқ ибодатхона остонасидан бир амаллаб чиқиб олгач, ҳаддан ташқари бу оғир юкни энди бу ёғига кўтариб кетолмаслигига кўзи етган. Қопни ташлаб юборай деганда, оч ўтирган болалари кўз олдига келган ва иложсиз гоҳ ҳассага, гоҳ деворга таяниб, базўр юриб келган.
Кўп ўтмай у кучдан қолиб, кўкрагида қаттиқ оғриқ турган ва кўз олди қоронғилашган. Оғзидан варақлаб қон кетиб, бутун эгни булғанган. Бечора чол ҳушдан кетиб йиқилган. Тун қоровулларининг кўзи тушмагунча ўшандай ҳушсиз ётаверган. Қоп жойида йўқлигини кўриб қолган соқчилар ундан шубҳаланишган. Бу орада ибодатхона ҳовлисида қопни қидир-қидирга тушишган, уни топишдан умидини узган роҳиблар дод сола бошлашган. Улар йўқолган қопни ибодатхона ташқарисидан қидираётган пайтда ерда чўзилиб ётган эримнинг тепасида қаққайиб турган соқчиларга дуч келишган. Бу одамлар қопларини дарров танишган. Бир соат ўтар-ўтмай унли қопни ибодатхонага етказишган, чолимни эса қамоққа тиқишган. Бечоранинг бошига тушган кулфатларни ўйлаб, юрак-бағрим қон бўлиб кетяпти… Шўрликнинг жони қийноқларда узилди. Шўрлик набираларимга, менга Худонинг ўзи раҳм қилсин!”
Шундан сўнг кекса аёл ўрнидан турди-да, кийимининг этагига кўз ёшларини артиб, қабрга узоқ тикилиб қолди ва: “Алвидо, ёшликдаги дўстим, кексаликдаги суянчиғим! Рафиқлар ичида энг олийжаноби, туғишганлар орасида энг вафодори, алвидо энди! Худонинг даргоҳида қовушгунча абадий хайр энди!” – дея турган еридан у аста узоқлашди.
Аёл қоронғилик қўйнига сингиб ҳам кетган эдики, яна кимдир оҳиста, пусиб мен томонга яқинлашаётганини кўриб қолдим, шартта дарахт панасига яшириндим ва нима бўлишини кута бошладим. Шу орада ерга илк нурларини таратиб, кўкда ой ҳам кўринди ва мен аччиқ алам билан йиғлаётган қизга кўзим тушди. У бироз вақт нигоҳлари билан нималарнидир излади ва, охири дарахтга чормих қилинган жасадга кўзи тушди. Қиз акасининг жасади ёнига борди ва таранг тортиб боғланган арғамчига қўлини чўзиб, ундаги тугунни ечди-да, гавдани арқондан бўшатди; кейин уни ерга ётқизди ва тепасида ҳайкалдек туриб қолди. Сўнг: “Жигарим, менинг акажоним!” дея уввос солиб йиғлай кетди, мурда томон энгашди-да, уни қучоқлаб ўпиб, сочларидан, пешонасидан силади. Юраги тилка-пора бўлган қиз хириллаб, зўрға нафас оларди. Охири қизнинг тинка-мадори қуриди ва чўрт кесилган поядек йигитчанинг ёнига гуппа йиқилди. Бу мени ташвишга солди, у ўлиб қолмасайди деган хавотирда эдим. Ёнига бориб, у томон энгашдим, қиз тирик эди. Шунда унинг ёнига ўтириб олдим-да, унга чин дилдан ачиниб, Худодан ўзига келишини ёлвориб сўрадим. Бироздан сўнг қиз чиндан ҳам ўзига келди ва мени кўриб хижолат бўлди. Кейин: “Сиз ким бўласиз ва нима учун йиғлаяпсиз?” – деди аста. “Сенга ва манави одамга кўз ёш тўкяпман”, – дея жавоб бердим мен. “Ҳа, – деди қиз, – чиндан ҳам унинг пешонаси шўр экан. Унинг дардида адои тамом бўлдим, жаноб. У белга қувват, юракка дармон эди, ундан таралган ҳид сенга жонга бағишларди, ҳали ўн гулидан бир гули ҳам очилмаганди. Уни ўлдирган одамлар қанчалик ёвуз эканларини намойиш этишди. Акам ҳеч қачон қотил ҳам, жиноятчи ҳам бўлмаган. Уни бадном қилишни режалаштирган ғанимлар ўз шон-шуҳратларини, қадр-қимматларини сақлаб қолиш учун улар томонга чўзилган қўлларни чопиб ташлаб, ўзлари учун қасос олдилар. Агар акамга адолат қилиб, унинг ёш жонига раҳм қилишганда эди, у бундай жиноят кўчасига кирмаган ва қўлини қонга ботирмаган бўларди”. Мен: “Хоним, акангизнинг бошидан ўтганларини менга сўзлаб беролмайсизми?” – деб илтимос қилдим. Қиз рози бўлди ва ҳикоя қила бошлади:
“Бутун шаҳарда итдай изғиб юрадиган ўлпончи бир вақтлар бизнинг қишлоқда ҳам бўлганди. У уйма-уй кириб чиқиб, ниҳоят бизнинг уйимизга келганида мен эшик тагида турардим. Ўлпончи менга еб қўйгудек тикилди-да, акамнинг қаерда эканини сўради ва мен унга айтдим. Бу одам акамдан зудлик билан солиқ тўлашни талаб қилди. Акам ҳосилини сотиб бўлиб тўлашини, унгача эса сабр қилиб туришини ўтинди. У, акам солиқни охиригача тўлаб бўлмагунча мени гаровга олиб кетишини айтиб, уни қўрқитди-да, тўлайсан деб оёқ тираб туриб олди. Ўлпончи ёрдамчиларига кўзини қисганди, улар шу заҳоти мени ўраб олишди. Мен, ҳукумат саройига гаров тариқасида олиб кетилган ва у ердан, бадном қилиниб, устига-устак ҳомиладор бўлиб чиққан қизларнинг аянчли тақдири ҳақида илгарилари ҳам эшитгандим. Шу боис қўрққанимдан акамга маҳкам ёпишиб олдим, у эса мен билан ўлпончи ўртасига туриб олди ва: “Бу қиз билан сенинг неча пуллик ишинг бор? Пуллар меники, уни мен топганман, бошқа одамнинг бунга алоқаси йўқ. Сенга гаровга одам керак бўлса, қўлингга пул келиб тушгунча, мана, мени олиб кета қол”, – деди. Ўлпончи: “Менга ҳозироқ ё пул топиб берасан, ё омонат, омонатни ҳам ўзим танлайман. Бу сенга маъқул бўлмаса, майли, ўз ҳаётингни тикмоқчи экансан, тика қол”, – деди эътироз билдириб. Буни эшитган акамнинг қони қайнаб, пешонасидан тер чиқиб кетди. Жигаримни бу қадар ғазаб отига минганини ҳеч кўрмагандим. – “Менинг ор-номусим учун яхшиси, сен ўз ҳаётингни тика қол”, – деди акам ғанимига қичқириб!” – Сўнг у қиличини яланғочлади-да, бир зарб билан ўлпончининг бошини чўрт узиб ташлади. Шундан сўнг то унинг қўлларини боғлаб, қамоққа олиб кетмагунларича қонга беланган кўйи жойидан қўзғалмай тураверди. Акамнинг қисмати мана шу тариқа ўз якунига етганди. Мен, ака-укаларим ичида энг раҳмдили ва марҳаматлиси, ўзига хос топилмас туйғу соҳиби, олийжаноб, тиришқоқлиги ва жасурлиги билан бошқаларга ўхшамайдиган, ёшлар ичида энг маъқули бўлган йигит учун куйиб-ёнаяпман”.
Қиз ҳикоясини тугатди ва мендан ёрдам сўради: “Тақсир, укамни ерга топшириб, ундан айрилишимдан аввал, уни дафн этишга ёрдамлашиб юборолмайсизми? Менинг дармоним қуриган, бир ўзим эплолмайман”.
Мен дарахт олдига бордим-да, қариянинг ёнидан, жасад турган ернинг тагидан чуқур қазидим ва йигитчани дафн этдим. Марҳумнинг синглиси сукут сақлаб, бошини эгганча қабр ёнига келди ва тиз чўкди. Қиз йиғлаяптими, ё йўқ, билиб бўлмасди, фақат у ўрнидан тургандан кейингина унинг кўз ёшларидан нам бўлган ерга кўзим тушди. Кейин қиз менга қўлини узатиб: “Тақсир, бу яхшилигингизни ўла-ўлгунимча унутмайман. Ёрдамга зор бўлиб турганингда, сени суяйдиган одам топишинг амри маҳол бўлган бир пайтда мендан марҳаматингизни аямадингиз”, – деди-да, ўз йўлига равона бўлди.
Мен либосининг сўнгги бурмаси кўздан йўқолгунча уни нигоҳларим билан кузатиб қўйдим ва яна ўз хаёлларимга ғарқ бўлдим. Мана, тошбўрон қилинган қизнинг мурдаси. У ҳали дафн этилмаган ва қўрқинчли бўлиб кетганидан қарашга юрагим дов бермасди. Мен: “Ҳашр куни Худодан уларга раҳм-шафқат кўрсатиб, ўз марҳаматини дариғ тутмаслигини сўрайман ва уни дафн этиш учун бор кучимни аямайман”, – дедим ўзимга. Мен қария ва йигитчанинг қабри яқинидан қизга чуқур кавладим ва ёпинчиғимни мурданинг устига ёпдим-да, уни ерга топширдим. Тиз чўкиб, қабр ёнида турувдим ҳамки, орқада кимдир борлигини сезиб қолдим. Ўгирилиб қарагандим, қоп-қора чакмонга бурканиб олганча, фақат икки кўзинигина очиб қўйган йигитчага кўзим тушди. У: “Сиз ҳозир ёнида тиз чўкиб турган қабр кимники эди, жаноб?” – деб шошиб сўради мендан. Мен: “Тошбўрон қилиниб, мурдаси мана шу ерга ташлаб кетилган қизники. Даҳшатли ўлим топган қизга раҳмим келиб, унинг жасадини сен кўриб турган мана шу қабрга дафн этдим”, – дедим мен. “Тақсир, – деди йигитча, – тупроқ бизни айиришдан олдин у билан видолашиб олишимга рухсат этсангиз?” “Майли, ихтиёринг”, – дедим-да, нари кетдим. Йигит қабрга яқин келиб тиз чўкди ва алланималарни шивирлади, шунда мен, унга кўкдаги юлдузлар ҳам ҳамдард бўлаётгани, шамол уни суйиб-эркалаётгани ва йигитча аста-секин дарддан фориғ бўлаётгани ҳақида ўйладим. Кейин у ўрнидан туриб, қабрга тупроқ ташлади ва мен томонга ўгирилди-да: “Худонинг ўзи сизга йўл кўрсатиб, бағри тилка-пора бўлган бу қиздан ёрдамингизни аямадингиз. Одамлар хазон қилганни сиз яширдингиз, хароб қилганни ҳимоянгизга олдингиз. Марҳумага қилган яхшиликларингиз Худодан қайтсин”, – деди. Йигит кетмоқчи бўлганди, мен уни тўхтатдим-да: “Наҳотки у чиндан ҳам адолатсизлик қурбони бўлган бўлса?” – деб сўрадим ундан. У аввал мийиғида кулди-да, сўнг хотиржам боқиб: “Ҳа, жаноб. Акс ҳолда менинг қабр чеккасида туриб кўз ёш тўкканимни кўрмаган бўлардингиз. Бахтиқаро қиз менинг касримга қолиб шу кўйга тушди. Худо ҳузурига борганимда айтмоқчи бўлган гапимни сизга ҳам айтмоқчиман: қизда гуноҳ йўқ. У шудринг томчисидек мусаффо, ёмғирда ювилган гулдан-да беғубор. У ҳали гўдаклик пайтлари мен унга кўнгил қўйганман. Эвазига ўзини қурбон қилиб, муҳаббатини изҳор этди. Биз ўсдик, севгимиз ҳам улғаяверди ва биз бир-биримизга содиқ қолишга онт ичдик. Шундан сўнг отасидан қизнинг қўлини сўрадим, отаси ҳам қувонч билан таклифимга рози бўлди. Бироқ тўйимизга саноқли кунлар қолганда, отаси тўсатдан вафот этди. Бизга, тўйни бир йилга кечиктириш кераклигини айтишди ва биз сабр билан кута бошладик. Бир йил ўтар-ўтмас қаллиғим мерос билан боғлиқ ишларни битириш учун шаҳар судига жўнаб кетди. У ерда қизга кўзи тушган ҳакамнинг феъли айниб, ўша заҳоти қизнинг васийси бўлган амакисига одам жўнатди. Бу тилёғлама ва очкўз нусха нариги қирғоқда ялтираб турган тилло тангага кўзи тушгудек бўлса, дарё-дарё қон кечиб бўлса ҳам у ерга ўтишдан тоймайдиганлар тоифасидан эди. Ҳакам қизнинг амакисига, жиянига уйланиш ниятида эканини айтганида, амакисининг оғзи қулоғига етиб, ўйлаб ҳам ўтирмай, рози бўлди ва бу хушхабарни дарров жиянига етказди. Қиз уни совуқдан-совуқ кутиб олди ва: “Мен бир вақтнинг ўзида икки эркакка қаллиқ бўлолмайман”, – деди шартта. Амакиси унинг сўзларига эътибор ҳам бермай: “Мен кимга теккин десам, ўшанга тегасан. Сендан ҳеч ким розилик сўраётгани йўқ. Куёв танлашни сенга ким қўйибди? Куёвни мен танлайман” – деди. Орадан бир неча кун ўтар-ўтмай, тўй тайёргарликлари ниҳояланиб, базми жамшид куни ҳам белгиланди. Қиз кун ботиши билан уст-боши ва зеб-зийнатларини йиғиштирди-да, тун қоронғисида уйдан бош олиб чиқиб кетди. Бундан хабар топган қизнинг амакиси, судни огоҳлантирганди суд ўз жосусу айғоқчиларини оёққа турғазди-да, барини қочоқ қизни излаб топишга сафарбар этди. Улардан кимдир қизни кўриб қолган ва унинг ёнига борган. Уларга кўзи тушган қизнинг ўтакаси ёрилиб, қўлидаги юкини ҳам ташлаб қочган.
Айнан ўша пайтда мен уйга қайтаётган бўлганман; мени кўрган қиз худди Хизирни кўргандек ҳовлиқиб: “Улар мени қувиб келишяпти! Агар ушлаб олишса, соғ қўйишмайди, мени кечир, сени Худонинг ўзи қўлласин!” – дея менга гап қотди.
Қизнинг тақдири мени хавотирга соларди, шу боис уни уйимга бошлаб келдим ва хоналардан бирига яшириб қўйдим. Бир соат ўтар-ўтмай амакиси ҳакамнинг айғоқчиларини олдига солиб кириб келди ва жиянини топиб беришимни сўради. Мен, қизни кўрмаганман, деб туравердим, бироқ улар гапимга ишонишмади ва жияни топилгунча қидиришни тўхтатишмади. “Мана, суюқоёқ бу ерда экан! – бақирди амакиси. – Мана буниси унинг ҳимоячи-ошнаси!” Мен, қизга қўйилаётган айбга унинг алоқаси йўқлигини қанча айтиб, одамнинг тили бормайдиган қасамларни ичмай, барибир амакиси гапимни эшитишни хоҳламади ва ҳакамнинг ёрдамчиларига қизни ушлашни буюрди. Мен энди аралашмоқчи ҳам бўлгандим, дафъатан бошимга келиб ушган зарбдан ўзимдан кетиб йиқилдим. Бир соатлардан кейин ўзимга келиб қарасам, бутун баданим ўт бўлиб ёняпти. Бир неча кун безгак тутиб ётдим. Ўша машъум кунда кўрганларимнинг бари бир кун кўз ўнгимда намоён бўлди ва баданим жимирлаб, яна ҳушдан кетиб йиқилдим.
Худонинг марҳамати билан ахири кеча ўзимга келдим ва бугун кечқурун уйдан чиқишга муяссар бўлдим. Рўшноликдан йироқ бу қизнинг қисмати қандай якун топгани ҳақида эшитдиму, кўриб турганингиздек, қизни дафн этиб, у билан видолашиш учун келдим. Мен ўла-ўлгунимча уни унутмайман ва у дунёда ёрим билан қовушмагунимча кўнглим таскин топмайди.
Йигит шундай деди-да, чексиз қийноқ ва аламда ўз ёрига тикилгандек қабрга узоқ тикилиб турди. Сўнг яна ўз йўлида давом этди.
Бироздан сўнг ботаётган ойга кўзим тушди. Кўп ўтмай ой кўздан ғойиб бўлди ва ҳамма ерни зулмат, юракни ўртовчи сукунат босди ва атроф овлоқ жойга айланди-қолди. Мен учта қабр дўппайиб турган тепалик ёнига бордим ва ерга ўтириб, тошга боққанча тилга кирдим:
“Наҳотки бу кенг дунё адолат ва меҳрдан холи бўлса? У мавжуд бўлган ер юзида бир парча ҳам жой йўқ экан, наҳот ундан осмону фалак ҳам мосуво бўлса?
Очлигини қондириши ва оиласини боқиши учун қария бечорага асқотиши мумкин бўлган атиги битта кумуш тангани руҳоний хасислик қилиб унга бермай жиноят қилди. Қарияни ўғирлик қилиб гуноҳга ботишига руҳоний мажбур этди ва ўғри жазосини олди, бироқ уни шу ишга ундаган бераҳм авлиё ота тошбағирлиги учун жазосини олмади. Агар руҳоний бу қадар золим бўлмаганда, ўғирлик ҳам юз бермасди.
Баридан ўз ор-номусини афзал билган қизни ўғирлаш учун ҳоким ўлпончини юборди. Синглисини ҳимоя қилиш учун акаси ўйлаб ҳам ўтирмай, одам ўлдириб гуноҳга ботди. Бунинг учун у жазо олди.
Уни севмаган қизни ўзига турмушга чиқишга мажбурлаб, ҳакам жиноят қилди. Бунга кўнмаган қиз ўлимга маҳкум этилди, золим ҳакам жазосиз қолаверди.
Шундай қилиб, ҳақиқий жиноятчи айбсизга, айбсиз бўлса жиноятчига айланди; яна ҳам аниқроғи, жиноятчи айби йўқнинг устидан ҳукм чиқарувчи бўлди, гуноҳкор эса унинг измига тушиб қолди.
Наҳотки шундан сўнг ҳам осмон узилиб, ерга тушмаса? Наҳотки ҳеч нима содир бўлмагандек яна бояги-бояги кўкда юлдузлар порлаб, ёмғир ёғаверса?”
Мен гуноҳсизлар қатл этилган ерга ўгирилиб қарадиму, жафокашларнинг қонидан ҳосил бўлган кўлни кўрдим. Разм солиб қарагандим, унинг сиртида кўкда чақнаб турган юлдузларнинг акси кўринди ва мен осмонга боқдим. Бу Миррих сайёраси эди, сайёра шу ерга дафн этилган қурбонларнинг юрагида ловуллаб ёниб турган бир парча қаҳр-ғазаб ўти эди гўё. Бирмунча вақт ундан кўз узолмадим ва ҳозирча у билан еримиз орасидаги масофа бир милдан ошмаса-да, уни жуда секинлик билан юксакликдан туша бошлаганини ва борган сари катталашиб бораётганини кўрдим. Миррих сайёраси дафъатан ларзага келди, тўсатдан жазоловчи фаришта қиёфасига кирди. Унинг кўзлари ва бурнидан ўт чақнади, қанотларини қоққанда барини емириб, бузиб ташлади. Малак борган сари ерга яқинлашиб келарди. Мана, ниҳоят у, бахти қаро қурбонларнинг қабрига ўз соясини солиб, пана қилиб турган дарахт учига келиб қўнди.У қанотларини шундай силкидики, ҳатто ларзага келган ер ҳам ёришиб кетди, сўнг кўкда худди момақалдироқ гумбурлагандек тилга кирди ва: “Мана, нимадан қутулган бўлса, яна ўшанга қайтган одам болалари! Мана, ёвузлик, фисқ-фужур тўлиб-тошган ўша замин! Ҳатто кўкдан тушган бирон соҳибга унда покиза жой топиш мушкул.
Мана, кучларига куч қўшилиб бораётган зўравонлар, манавилари эса кундан-кунга заифлашиб бораётган нимжонлар! Мана, бойлар қўлига тушиб қолган фақирларга тегишли гўшт. Бировлар уни оғзидан олдириб, бировларнинг бурнидан чиқаётгани.
Мана улар, хайр-саховат қўлини чўзувчи ҳомийларини учратолмай, очликдан тиррақдек қотиб жон бераётган ялангоёқлар. Мана, қайғу ва ғам-ғуссада нажотга муҳтож, қийноқдан нобуд бўлаётган бахти кемтик ўша одамлар.
Мана улар, гарчанд адо этишлари буюрилган бўлса-да, Худонинг амрига итоат этмай келаётган ҳукмдорлар. Адолат ўрнатиш учун Худо қўлларига тутқазган шамширни қинига жойлаб, бошқасида табиатга зид, қонунга хилоф иш тутиб юрганлар; нимага интилаётган бўлишса, ўшанга эришиш мақсадида ўз истак-хоҳишларига йўл очиб, ўз шамширларини қўлдан қўймай келаётирлар.
Мана улар, еб тўймас, ғаразгўй қозилар. Улар суд ишини адолатсиз тарзда ташкил этмоқдалар. Улар қалқоннинг нариги ёғидагиларга зарба бериш ниятида қонунни қалқон қилиб, унинг панасига беркинганлар. Қонуннинг бундай ҳимояси остида улар мағлубият, азоб-уқубат нималигини билмай, ўз мақсадларига эришиб келмоқдалар.
Мана улар, бу ёруғ оламга ҳукмрон руҳонийлар. Итоатгўй бандаларидан тортиб олинган моллар билан черковни тўлдириб, уни қароқчиларнинг ғорига айлантириб юборганлар. Бева-бечораларга хайр-садақа қилишга келганда ўлгудек хасислар.
Мана улар, ўзларига хуш ёқадиган кўнгилдаги ниятларини амалга ошириш учун ҳеч нимадан қайтмайдиган ҳукмдор шериклари; адолатсиз суд ишларига бош-қош, суд билан оғиз-бурун ўпишаётганлар; талончиликка хайрихоҳ руҳонийлар!
Ҳукмдоридан тортиб, фуқаросигача, хўжайинидан тортиб, унинг хизматкоригача – бари Худонинг ғазабига дучор бўлғай.
Майли, тахтлар ағдарилиб, черковлар қуласин, суд деганлари дом-дараксиз ғойиб бўлсин; дараю воҳалар вайрон бўлсин; эркагу аёл, кексаю ёш, гуноҳсизу гуноҳкор, эзгулик ва ёвузлик – барисини ер ютсин. Буларнинг бари Худонинг ғазаби эмас, одамлар ўз бошларига ўзлари сотиб олаётган бало-қазолар”.
У эндигина сўзини тугатган ҳам эдики, Худо Нуҳ пайғамбарга амру фармон юборган кун қандай авжга чиққан бўлса, азобда ўлдирилган қурбонларнинг қонидан ҳосил бўлган кўл ҳам худди шундай қайнаб чиққанини кўрдим. Сўнг бир юртдан иккинчисига ўтиб, қуйилиб келаётган кучли қон сели бутун ер юзини қоплади. Далаю мол-ҳол, сарою кулба, инсону ҳайвон, тили бору тили йўқ – бари, ер юзини қоплаган қизил денгизга ғарқ бўлдилар. Тўлқин секинлик билан кўтарила-кўтарила мен ўтирган тепаликнинг чўққисига келиб урилганини кўрдим. Мен қаттиқ қичқириб, уйғониб кетдим. Бу 1914 йилнинг 28 июль кунининг эрта тонги эди. Бирдан деразам тагида: “Уруш бошланди!” деган ҳайқириқни эшитдим.
Рус тилидан Дилдора Алиева таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2013 йил, 7-сон.