Тўғрисини айтсам, ҳафталик газеталарда чоп этиладиган “Юлдузлар башорати”ни ўқишни хуш кўраман. Фолбинга ишонгандай ишонаман-да бу башоратларга. Чунки кўпинча само ёритқичларининг кароматлари тўппа-тўғри чиқади. Унча-мунча чамалашмаса, ўзим тўғрилаб юборавераман.
Кечаги якшанба куни газет дўконининг олдидан тўхтамай ўтиб кетмоқчи эдим, лекин ойнага қистириб қўйилган ҳафталик газетага кўзим тушиб, беихтиёр ортимга бурилганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Олиб кўрай-чи, юлдузлар башоратида хотиним билан аразлашиб юрганим ҳақида ҳам ёзилганмикин?
Тахминим тўғри чиқди.
“…Умр йўлдошингиз билан орангиздаги гина-кудурат сешанба куни барҳам топади. Албатта, бунинг учун ўзингиз ҳам ҳаракат қилишингиз керак. Чоршанба куни мўмай даромадга эга бўласиз. Шанба-якшанба кунлари эса сизни мароқли саёҳат кутиб турибди…”
Юлдузларнинг ёқимли башоратидан кайфим чоғ бўлиб уйга қайтдим. Кела солиб, хотинимнинг қош-қовоғига назар солдим. Йўқ, ҳали арази тарқамабди. Қайтанга қошлари баттар чимирилган. Майли, ҳозирча ноз-фироқ қилаверинг, хоним, сешанба келса кўрамиз аҳволингизни, дедим ичимда.
Эрталаб дастурхон бошида хотиним орқага қараб, мен қиблага қараб чой ичдик. Афтидан унга унча-мунча юлдузнинг кучи етмайдиганга ўхшайди. Шу пайт бирдан башоратдаги маслаҳат ёдимга тушиб қолди. Ахир, унда “умр йўлдошингиз билан муросага келиш учун ўзингиз ҳам ҳаракат қилмоғингиз керак” дейилган эди-ку!
Нима қилсам экан-а? Қандай гап айтсам бунинг қовоғи очилади? Уйланмасдан бурунгидай “жоним-асалим” деб хушомад қилишга болалардан уяламан. Таваккал, дея газетанинг охирги саҳифасида босилган “Фойдали маслаҳатлар”дан гап очдим.
– Одам эрталаб чой ўрнига бир коса сут ичса, кун бўйи ичагига ёпишган заҳарли моддаларни ювиб юбораркан.
– Мен сизга ўхшаб кунда-кунора “заҳар” ичиб юрганим йўқ! – дея хотиним қўлидаги косани столга дўқ этиб қўйиб, ўрнидан туриб кетди.
Ана холос! Қош қўяман деб кўз чиқардим, шекилли. Бу дейман, осмондаги юлдузлар ҳам ердаги фолбинларга ўхшаб ёлғонга уста бўлиб кетган, шекилли.
Ниҳоят, орзиқиб кутилган сешанба ҳам етиб келди. Умр йўлдошимнинг дийдаси юмшайдиган кун!
Тушлик пайти уйга гўё қанот боғлаб учиб келдим. Хотиним ғамхўр юлдузларнинг хайрли таъсирига тушганига ишончим комил эди. Аммо хотиним менга кўзи тушиши билан лабини буриб ичкарига кириб кетди.
Тушлик ҳам унча татимади. Чунки мен овқатланиб бўлгунимча хотинбой дастурхонга яқин йўламади. Чиқмаган жондан умид дея сабрсизлик билан кеч тушишини кутдим.
Оқшом тим-тирс ўтириб гуртик едик. Хонада фақатгина оғизларимизнинг шапиллаган товуши эшитилади, холос. Эр-хотин тумшайиб ўтирганимиз учун болалар ҳам бир нарса дейишга ботинолмайди. Ортиқ чидолмадим. Муросанинг йўлини топишим керак, ахир.
– Худо хоҳласа, эртага мўмайгина даромаднинг иси келиб турибди, – дедим илжайиб. – Бозорда тузукроқ мато бўлса, ўзингга икки кўйлаклик олиб, тиктириб ол.
– Биров сизга кўйлак олиб беринг, дедими? Худога шукр, яланғоч ўтирганим йўқ. Кафан керак бўлса, қизларим ҳам олиб беради, – деб хотиним қўлини сочиққа артиб, ўрнидан туриб кетди.
Бу замоннинг юлдузлари “халтуралашиб” кетибди, дедим ичимда ғижиниб.
Хотин билан муросамиз келишмаган бўлса-да, эртанги мўмай даромад ҳақидаги ширин орзулар билан тўшакка ётдим. Туни билан қўлимга қанча пул тушиши мумкинлиги-ю уни нималарга сарфлаш ҳақида бош қотирдим. Лекин ғойибдан келажак ақчанинг аниқ миқдорини билмагандан кейин уни нимага сарфлашни чамалаш ҳам қийин экан. Нима бўлганда ҳам ўша пулнинг каттагина қисмини хотинга бахшида этишга қарор қилдим. Эгнига пальто, оёғига этик, бошига яхши бир рўмол олиб бераман. Боя икки кўйлаклик матони эшитиб бекорга аччиқланмади. Ўзим ҳам жуда хасислашиб кетибман, шекилли.
Эртаси куни ишхонада тушга довур эшикка умид билан кўз тикиб ўтирдим. Лекин ҳеч ким ҳеч нарса келтириб бермади. Аслида, мўмай даромад қаердан келишини ўзим ҳам билмайман. Бирортасига бериб қўйган омонатим ҳам, бирор ердан келадиган пулнинг дараги ҳам йўқ. Шундай бўлса-да, мўмай даромаддан кўнгил узганим йўқ. “Юлдузлар ёлғон сўзламайди. Кутилмаган бир жойдан мўл-кўл фойда келиб қолса ҳам ҳеч гап эмас”, деган яхши ниятда кечгача идорадан ташқарига чиқмадим. Лекин бефойда. Кеч тушганда ҳафсалам пир бўлиб кўчага чиқдим.
Машинада уйга қайтаётиб жаҳл устида газни қаттиқроқ босибман, шекилли, қаршимдаги теракнинг панасида пойлаб турган йўл ҳаракати нозири йўлга югуриб чиқиб, ола таёғини кўтарди.
– Тинчликми иним, биздан нима хатолик ўтди? – дедим унга ҳужжатларни узата туриб.
– Тезликни оширдингиз, – деди у пинагини бузмай.
– Сезмай қолибман.
– Баённома ёзамиз, кейинги гал эҳтиёт бўласиз.
– Иним, бир мартагина…
– Иложим йўқ, хизматчилик!
Баённома тузилди. Каттагина жарима тўлайдиган бўлдим. Мана сенга “мўмай даромад!” Хотинга янги пальто оламан эмиш! Кийиб юрган пальтосини эски бозорга чиқариб сотмасам ҳам катта гап ҳали!
Пайшанба-жума кунлари одатдагидай тинч ўтди. Юлдузлар башоратида бу кунлар ҳақида ҳеч нарса ёзилмагани учун алағда бўлмадим.
Безовталик шанба куни бошланди. Башоратдаги гаплар рост бўлса, бугун кўнгилли саёҳатга чиқишим керак. Ҳайронман. Саёҳатга чиқиш учун самолётга ҳам, поездга ҳам чипта олганим йўқ эди.
Ўйлаб-ўйлаб, “ёр-биродарларнинг бирортаси уйига меҳмонга айтса керак”, деган тўхтамга келдим. Изласа тополмай юрмасин деб кечқурун телефонни бошимга қўйиб ётдим. Ҳар куни эрмакка жиринглаб ётадиган телефон ҳам жўрттага қилгандай шу куни “гунг-соқов” бўлиб олди.
Дам олиш кунлари жудаям сокин ўтди. Хотин эрман қараб, мен берман қараб овқатландик. Уй жимжит бўлганидан ҳар бир ютган луқмам томоғимдан қандай ўтаётгани ҳаммага эшитилиб турарди.
Бир амаллаб тонг оттирдим. Душанба куни эрталаб ғазаб отига миниб таҳририятга йўл олдим. Котиба қизнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай муҳаррирнинг хонасига бостириб кирдим. Куйиб-пишиб, ора-сира столга мушт тушириб бўлган воқеани унга айтиб бердим. Муҳаррир гапларимни эшитиб бўлгач мийиғида кулди.
– Мен ҳам сизга ўхшаб юлдузлар башоратига ишонаман, – деди у пинагини бузмай. – Лекин шу гал башоратнинг янгисини тополмай, бултурги газетадан кўчириб босган эдик.
Қорақалпоқ тилидан Ғафур ШЕРМУҲАММАД таржимаси
“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 10-сон