Мен сизга айтсам, ҳаммамиз “Европа” деган касалликка чалинганмиз! Мабодо Европада чиқарилган пайпоқ сотиб олсак, уни оёғимизга кийишга ҳам кўзимиз қиймайди. Ноёб хазинани қўлга киритгандай хурсандчиликдан теримизга сиғмай, бир-икки танишимизга мақтаниб оламиз:
– Қара, Европада ишлаб чиқарилган.
– Қойил! Қаердан олдинг?
– Ўғлим совға қилди!
Аммо бебаҳо пайпоқ бир ҳафта ўтмай тешилиб қолади. Лекин биз Европадан домангир бўлмаймиз.
– Ўзи оёғим ёмон! Товоним қатирмоч бўлиб қотиб кетган. Шунинг учун менга пайпоқ чидамайди.
Қўшнимизнинг бекорчихўжа ўғли бор. Омадини қаранг, шу бола кунларнинг бирида Европага жўнабди.
– Менинг ўғлим Европада ишлаяпти! – дея мақтанишни одат қилди қўшнимиз.
– Э, зўр иш бўпти-ку! Балки ўзинг ҳам бориб келарсан?
– Албатта! Ўғлим чақириб олмоқчи.
Кейин билсак, унинг ўғли Европанинг қайсидир пучмоғидаги кафеда идиш-товоқ юваркан…
Садағанг кетай, Европа!
Бир куни бозорда аллақандай свитерни деб гап талашаётган эр-хотинни учратдим. Аёл “оламан” деб туриб олган, эркак “йўқ” дейди…
– Бунинг нимасига учасан? – деди эр атрофида тўпланган томошаталаб одамлардан уялиб. – Қара, кўкрак қисми ёзув билан тўла.
– Ёзуви бўлса нима қипти? Ахир, бу Европада тикилган.
Шу пайт эркакнинг таниши келиб қолди.
– Сен чет тилини биласан, манави ёзувни ўқиб кўр-чи, – деди у свитерни тутқазиб.
Тилбилгич йигит кийимдаги ёзувни кўздан кечирди-да, яна ўзига қайтариб берди.
– Испанча ёзилган экан.
– Испанчани билмайсанми? – деди эркак умидсизланиб.
– Биламан.
– Билсанг айт!
Йигит кулди:
– Айтсам хафа бўласиз-да.
– Хафа бўлмайман!
– “Менга эр керак” деб ёзилган экан.
Эркак аввалига ҳеч нарсага тушунмагандай йигитга анграйиб қараб қолди. Сўнг ғолибона қиёфада хотинига юзланди.
– Ана! Эндиям оласанми?
– Оламан! – бўш келмади аёл ҳам. – Ёзувини бўяб ташлаб киявераман. Сиз Европада тикилган кийимнинг фарқига бормайсиз!
Бу аёлнинг “Европа касали” анча кучайиб кетган экан, даволашнинг иложи йўқ, шекилли. Ҳафсалам пир бўлиб, улардан узоқлашдим.
Дорихонада ҳам шунга ўхшаш манзарага дуч келдим. У ерга кирганимда эллик ёшлардан ошган киши сотувчи қиздан тумовга қарши дори сўраб турган экан.
– Мана, шамоллашга қарши икки хил кукундори бор, – деди дори сотувчи қиз. – Бири ўзимизники, иккинчиси Венгрияда тайёрланган…
– Демак, Европа!.. Шунисидан бер.
– Лекин ўзимизники яхшироқ, – деди қиз. – Биттасини юз грамм сувга аралаштириб ичсангиз, ярим соатда тумовдан қутуласиз. Нархиям арзон…
Тумовга чалинган киши барибир Европадан келтирилган дорини сотиб олди.
Уйда телевизорнинг пульти набиралардан ортмайди. Улар кичкиналигида эртадан-кечгача мультфильм кўришарди. Улғайиб, ақлини таниганидан бери оғзидан олов пуркайдиган аждаҳолар ва одамхўр махлуқлар ҳақидаги қўрқинчли фильмларни томоша қилишади.
Бундоқ қарасам, телевизорда сочи елкасига тушган йигитлар билан ярим яланғоч қизлар бир-бирига суйкалиб, девонага ўхшаб рақсга тушишаяпти.
– Йўқот манавиларни! – деб жеркиб бердим набираларни.
– Бобо, сиз тушунмайсиз, – дея кулди улар.
– Нимани тушунмас эканман?
– Европача рок-мусиқани!
Ё тавба! Бу Европанинг дастидан тинч ўтадиган кун бормикин? Ишда Европа, кўчада Евпропа, уйда Европа! Европа! Европа!
…Тушимда Европада юрган эмишман. Париждаги Эйфел минорасига мушукдай тирмашиб чиқиб бораяпман. Бир қарасам, Лондондаман! “Титаник”ни сув остидан чиқариб олишган экан, шу кемага чиқмоқчи бўлиб турган эмишман. Бир пайт аэропортда пайдо бўлиб қолдим. Кутилмаганда таниш овоз қулоғимга чалинди. Аэропорт сухандони нақ ўзимизнинг тилда гапиряпти! Юрагим ҳаприқиб кетди. Лекин у эълон қилган хабарни эшитиб, биров устимдан бир челак муздай сув қуйиб юборгандай бўлди: “Бугундан бошлаб Осиё давлатларига Европадан самолётлар учиши бекор қилинади!” Қўрқиб кетдим. “Нега бекор қилинади?! Мен овулга қайтишим керак-ку! Уйга кетаман! Керак эмас менга Европанг! Мени тинч қўй, Европа!”
Босинқираб уйғондим. Аъзойи баданим терга ботган. Бир муддат қаерда эканимни англолмай, гарангсиб ўтирдим. Аста бошимни кўтариб, атрофга қарадим. Худога шукр, уйда эканман.
Ёстиғимнинг ёнида эса винодан бўшаган иккита шиша идиш ётарди – Болгарияда ишлаб чиқарилган…