Баъзи бировлар иш топиш осон деб ўйлашади. Аслида ундай эмас. Буни бошига тушган билади. Ишхонада ходим қолмаса ҳам бошлиқ иш сўраб келганларни қовоғини уюб қарши олади.
— Тўғри, бизга одам керак, аммо сиз тўғри келмайсиз, — дейди ёки:
— Афсуски, сиз олий маълумотли экансиз, бизга ўрта маълумотли ходим керак, — деган баҳонани айтади.
— Яхши, мен ўрта маълумотли мутахассис лавозимида ишлашга розиман, десангиз:
— Сиз ишлашингиз мумкин, аммо виждонимиз қийналади. Яхшиси, кейинроқ хабар оларсиз, — дейди-да гапга якун ясайди.
Яна бошқа бировлари меҳнат дафтарчангизни ҳижжалаб ўқиб:
— Ҳар ишдан бўшаганингизда “Аризасига биноан вазифасидан бўшатилди”, деб ёзишибди, — дейишади.
— Ўз аризамга биноан бўшаганимдан кейин шундай ёзишади-да, — дейсиз ҳайрон бўлиб.
— Шуниси чатоқ-да! Энг камида лоақал бир мартагина “Бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан деган буйруқ бўлганида яхши бўларди. Бундай ёзув сизнинг камёб мутахассис эканлигингиздан далолат берган бўларди, биродар.
Хуллас, қайси ишга кирмайин ё бошлиққа, ё унинг муовинига ёқмай қоламан-да, бир-икки ой ўтмасдан бўшаб кетаман. Ана ундан кейин яна иш ахтариб идорама-идора юраман. Борган жойимдагилар олгиси келмайди, синалмаган отнинг сиртидан ўтма, деганларидай, ҳадиксирашади.
Бир гал тоғамни ўртага қўйиб, улар ўринбосар бўлиб ишлаётган билим юртига муаллим бўлиб олдим. Ишим ҳам, маошим ҳам яхши, бўш вақтим етарли. Аммо уч ой ўтиб-ўтмай бу жойдан ҳам калишимни тўғрилаб қўйишди.
— Айбим нима? — десам, директор қовоғини уюб жавоб бермади.
Бошқа муаллимлардан:
— Мени нега бўшатади, сабабини тушунмадим, — деб сўрасам, улар:
— Сени бўшашингни… Ҳай майли, кейин айтамиз, директоримиз келяпти, — дейишади-да ўзларини чеккага уришади.
— Сен бола, тартибни билмас экансан. Бўлмаса тунов куни. Тиш… ановини қара, ярамас, бизни кузатиб турибди, директорга етказади. Қўй, мен кетдим.
Хуллас, жамоадагилар бошлиқдан қўрққанларидан мен билан сўзлашишмади. Ноилож тоғамнинг санаториядан қайтишини кутиб, уйда сарғайиб ётдим.
— Эшитдим, — деди тоғам дам олишдан келган куни уйига кўргани борганимда. — Сенга тушунтириб қўярман девдим, улгурмадим-да…
— Ахир мен директорга ҳеч нарса қилмадим-ку…
— Бирор нарса қилиш қўлингдан келмайдиям. Лекин унга ёқмайдиган бирор иш қилгансан.
— Дарвоқе, бир гал дарсга ўн беш минут кечикиб борувдим.
— У бундай майда-чуйда ишларга аралашмайди.
— Ҳа, эсладим, бир сафар танишининг боласини имтиҳондан йиқитиб юборувдим.
— Ўзи чақириб шунга ёрдамлаш, деб айтувдими?
— Йўқ.
— Айтмаган бўлса, имтиҳондан йиқитиш тугул деразадан отиб юборсанг ҳам индамайди.
— Айтмоқчи қайси куни, танаффус пайтида ҳамкасблар билан латифа айтишиб, хохолаб кулиб юборибман. Қарасам, директоримиз зинадан кўтарилиб келаётган экан.
— Директоримиз беғараз кулгини ёқтиради.
— Унда нима бўлиши мумкин?
— Айтмоқчи, яқин орада жамоада ўтириш ёки зиёфат бўлмадими?
— Бўлди. Жумағали оғанинг ўғли аскардан келганига зиёфат берди.
— Хўш?
— Бориб, битта ҳўкизни еб қайтдик.
— Директор бордими?
— Борди.
— Сенга мабодо сўз беришмадими?
— Беришди.
— Нима дединг?
— Одатдаги тилакни айтдим.
— Одатдагини қўйиб тур, тилагингни қайтарчи?
— Ҳм… Жумағали оғанинг ўғли йигитлик бурчини ўтаб келган экан, умри узоқ бўлсин, тезроқ ота-онасини келинлик қилсин, дедим.
— Ўша вақтда директор қандай ўтирди?
— Билмасам. Аммо “Манов бола…” деб Асқар оғанинг қулоғига бир нарса деди.
— Унда тамом! “Манов бола” дедими, бунинг давоси йўқ. Жумағалининг боласи келадими-келмайдими, неча пуллик ишинг бор, сенга деса ўша ёқда ичбуруғ бўлиб ўлмайдими!
— Бўлмаса нима дейишим керак эди?
— Бошқаларнинг нима дейишига қарамадингми?
— Эътибор бермадим.
— Эътибор бермасанг, юравер. Қадаҳни қўлга ушлашинг биланоқ “Ҳурматли Қосим Дўшимович, сиз билан бирга бундай мартабали даврада иштирок этаётганимдан ўта бахтлиман. Албатта, бунда доно бошчимиз, ҳурматли Қосим Дўшимовичнинг меҳнатлари беқиёс. Уларнинг шарофати билан Жумағали оғанинг ўғли аскарлик хизматини ўтаб, ота-онасининг қучоғига қайтди…” демайсанми.
— Жумағали оғанинг ўғли аскарлик хизматидан қайтганлигига директоримизнинг нима алоқаси бор?
— Алоқасини нима қилардинг? Алоқаси бўлмаса, сен бор қил!
— Бунисини билмабман. Бориб кечирим сўрайлик.
— Кечирмайди.
— Кечириб қолар.
— Кечирмайдими дедимми, кечирмайди. Ўғирлик қилсанг, кечиради, пора олсанг, кечиради, лекин тостга исмини қўшмадингми, тамом — ўлимтигингни узоққа ташлайвер! Энди эса, муҳтарам жиян, директорнинг яқинлари кўриб қолмасидан қорангни ўчир!
Қорақалпоқчадан Мансур Аҳмедов таржимаси