Муродбой Низанов. Юлдузлар ёлғон сўзламайди (ҳикоя)

Тўғрисини айтсам, ҳафталик газеталарда чоп этиладиган “Юлдузлар башорати”ни ўқишни хуш кўраман. Чунки кўпинча само ёритқичларининг кароматлари тўппа-тўғри чиқади. Баъзи башоратлар оз-моз ҳақиқатга чамалашса, қолганини ўзим тўғрилаб юборавераман.
Кечаги якшанба куни газет дўконининг олдидан тўхтамай ўтиб кетмоқчи эдим, лекин ойнага қистириб қўйилган ҳафталик газетага кўзим тушиб, беихтиёр ортимга бурилганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Олиб кўрай-чи, юлдузлар башоратида хотиним билан аразлашиб юрганим ҳақида ёзилганмикин?
Садағаси кетай, синчков юлдузлар шундан ҳам бехабар қолишмабди!
«…Умр йўлдошингиз билан орангиздаги гина-кудурат сешанба куни барҳам топади. Албатта, бунинг учун ўзингиз ҳам ҳаракат қилишингиз керак. Чоршанба куни мўмай даромадга эга бўласиз. Шанба-якшанба кунлари эса сизни мароқли саёҳат кутиб турибди…»
Юлдузларнинг ёқимли башоратидан кайфиятим чоғ бўлиб уйга қайтдим. Кела солиб, хотинимнинг қош-қовоғига қарадим. Йўқ, ҳали арази тарқамабди. Қайтанга қошлари баттар чимирилган. Майли, ҳозирча ноз-фироқ қилаверинг, хоним, сешанба келса кўрамиз аҳволингизни, дедим ўзимча.
Эрталаб дастурхон бошида хотиним кунчиқарга, мен қиблага қараб чой ичдик, афтидан унга унча-мунча юлдузнинг кучи етмайдиганга ўхшайди. Шу пайт бирдан башоратдаги маслаҳат ёдимга тушиб қолди. Ахир, унда “умр йўлдошингиз билан муросага келиш учун ўзингиз ҳам ҳаракат қилишингиз керак”, дейилган эди-ку!
Нима қилсам экан-а? Қандай гап айтсам бунинг қовоғи очилади? Уйланмасдан бурунгидай “жоним-асалим” деб хушомад қилишга болалардан уяламан. Таваккал, дея газетанинг охирги саҳифасида босилган “Фойдали маслаҳатлар”дан гап очдим.
— Одам эрталаб чой ўрнига бир коса сут ичса, кун бўйи ичагига ёпишган заҳарли моддаларни ювиб юбораркан.
— Мен сизга ўхшаб кунда кунора “заҳар” ичиб юрганим йўқ! — дея хотиним қўлидаги косани столга дўқ этиб қўйиб, ўрнидан туриб кетди.
Ана холос! Қош қўяман, деб кўз чиқардим, шекилли. Бу дейман, осмондаги юлдузлар ҳам ердаги фолбинларга ўхшаб ёлғонга уста бўлиб кетган, шекилли.
Ниҳоят, орзиқиб кутилган сешанба ҳам етиб келди. Умр йўлдошимнинг дийдаси юмшайдиган кун! Тушлик пайти уйга гўё қанот боғлаб учиб келдим. Хотиним ғамхўр юлдузларнинг хайрли таъсирига тушиб, каминани гул-гул яшнаб кутиб олишига ишончим комил эди. Аммо у остонада менга кўзи тушиши билан лабини буриб ичкарига кириб кетди. Тушлик ҳам унча татимади. Чунки мен овқатланиб бўлгунимча хотинбой дастурхонга яқин йўламади. Чиқмаган жондан умид дея кеч тушишини кутдим.
Оқшом тим-тирс ўтириб гуртик* едик. Хонада фақатгина лабларимизнинг шапиллаган товуши эшитилади, холос. Эр-хотин тумшайиб ўтирганимиз учун болалар ҳам бир нарса дейишга ботинолмайди. Ортиқ чидолмадим. Муросанинг йўлини топишим керак, ахир.
— Худо хоҳласа, эртага мўмайгина даромаднинг иси келиб турибди, — дедим илжайиб. — Бозорда тузукроқ мато бўлса, ўзингга икки кўйлаклик олиб, -тиктирсанг-чи?
— Биров сизга кўйлак олиб беринг, дедими? Худога шукр, яланғоч ўтирганим йўқ. Кафан керак бўлса, қизларим ҳам олиб беради, — деб хотиним қўлини сочиққа артиб, ўрнидан туриб кетди.
Бу замоннинг юлдузлари “халтуралашиб” кетибди, дедим ичимда ғижиниб. Хотин билан муросамиз келишмаган бўлса-да, эртанги мўмай даромад ҳақидаги ширин орзулар билан тўшакка ётдим. Туни билан қўлимга қанча пул тушиши мумкинлигию уни нималарга сарфлаш ҳақида бош қотирдим. Лекин ғойибдан келажак ақчанинг аниқ миқдорини билмагандан кейин уни қаерга сарфлашни чамалаш ҳам қийин экан. Нима бўлганда ҳам ўша пулнинг каттагина қисмини хотинга бахшида этишга қарор қилдим. Эгнига палто, оёғига этик, бошига яхши бир рўмол олиб бераман. Боя икки кўйлаклик матони эшитиб бекорга аччиқланмади. Ўзим ҳам жуда бахил бўлиб кетибман, шекилли.
Эртаси куни ишхонада тушга довур эшикка умид билан кўз тикиб ўтирдим. Лекин ҳеч ким ҳеч нарса келтириб бермади. Аслида, мўмай даромад қаердан келишини ўзим ҳам билмайман. Биронтасига бериб қўйган омонатим ҳам, бирон ердан келадиган пулнинг дараги ҳам йўқ. Шундай бўлса-да, мўмай даромаддан кўнгил узганим йўқ. “Юлдузлар ёлғон сўзламайди. Кутилмаган бир жойдан мўл-кўл фойда келиб қолса ҳам ҳеч гап эмас”, деган яхши ниятда кун бўйи идорадан ташқарига чиқмадим. Лекин бефойда. Кеч тушганда ҳафсалам пир бўлиб кўчага чиқдим.
Машинада уйга қайтаётиб жаҳл устида газни қаттиқроқ босибман шекилли, қаршимдаги теракнинг панасида пойлаб турган йўл ҳаракати нозири югуриб -чиқиб, ола таёғини кўтарди.
— Тинчликми иним, биздан нима хатолик ўтди? — дедим ҳужжатларни узата туриб.
— Тезликни оширдингиз, — деди у пинагини бузмай.
— Сезмай қолибман.
— Баённома ёзамиз, кейинги гал эҳтиёт бўласиз.
— Иним, бир мартагина…
— Иложим йўқ, хизматчилик!
Баённома тузилди. Каттагина жарима тўлайдиган бўлдим. Мана, сенга “мумай даромад”! Хотинга янги палто оламан эмиш! Кийиб юрган палтосини эски бозорга чиқариб сотмасам ҳам катта гап ҳали.
Пайшанба, жума кунлари одатдагидай тинч ўтди. Юлдузлар башоратида бу кунлар ҳақида ҳеч нарса ёзилмагани учун алағда бўлмадим.
Безовталик шанба куни бошланди. Башоратдаги гаплар рост бўлса, бугун кўнгилли саёҳатга чиқишим керак. Ҳайронман. Саёҳатга чиқиш учун самолётга ҳам, поездга ҳам чипта олганим йўқ эди.
Ўйлаб-ўйлаб, “Ёр-биродарларнинг биронтаси уйига меҳмонга чорласа керак”, деган тўхтамга келдим. Изласа тополмай юрмасин, деб кечқурун телефонни бошимга қўйиб ётдим. Ҳар куни эрмакка жиринглаб ётадиган телефон ҳам жўртага қилгандай шу куни “гунг-соқов” бўлиб олди.
Дам олиш кунлари жудаям сокин ўтди. Мен ўнгга, хотин сўлга қараб овқат едик. Уй жим-жит бўлганидан ҳар бир ютган луқмам томоғимдан қандай ўтаётгани баралла эшитилиб турарди.
Бир амаллаб тонг оттирдим. Душанба куни эрталаб ғазаб отига миниб таҳририятга йўл олдим. Котиба қизнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай, муҳаррирнинг хонасига бостириб кирдим. Куйиб-пишиб, ора-сира столга мушт тушириб, бўлган воқеани унга айтиб бердим. Муҳаррир гапларимни эшитиб бўлгач мийиғида кулди.
— Мен ҳам сизга ўхшаб юлдузлар башоратига ишонаман, — деди у пинагини бузмай. — Лекин шу гал башоратнинг янгисини тополмай, бултурги газетадан кўчириб босган эдик.
__________
Гуртик* – қорақалпоқ миллий таоми.

Қорақалпоқ тилидан Ғафур Шермуҳаммад таржимаси.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 43-сонидан олинди.