Осмонтой — Бўзатов билан Мўйноқ туманларининг ўртасида жойлашган тарихий маскан. Бу гўшада Бердақ, Ажиниёз, Кунхўжа каби мумтоз шоирлар бир пайтлар умргузаронлик қилишган. Чорва моллари учун ерлари кенг. Ҳавоси тоза. Ҳар хил қушлар ва ёввойи жониворларга макон бу. Нукусдан бир юз эллик чақирим узоқ масофада жойлашган бу манзилларни болалик чоғимда бир кўрган эдим. Ўшанда олган ажойиб таассуротлар мени ҳамон соғинтиради. Сочларимга оппоқ қиров қўнган ёшимда ўша гўзал ва бепоён ерларни яна бир бор кўришни қўмсадим. У томонларга кўпинча ўша маконда хеш-ақраболари яшаётганлар, қолаверса, ов деса, ўзини томдан ташлайдиган шоввозлар тез-тез қатнаб туришади. Шунақа йигитлардан бири, кўнгилга яқин иним Марат Далжоновни қидириб топдим.
— Иним, ўтган замонда ҳам, ҳозир ҳам ишқибоз йигитлар шикорга чиқиб туришаркан. Бир гал шикорга чиққанингизда мени ҳам эргаштириб олакетмайсизларми? — дея илтимос қилдим.
— Ҳа, жуда маъқул-да, — деди у қувониб. — Бир оз салқин тушсин. Ҳозир қирғовуллар жўжаларини учишга ўргатаётган маҳал. Кузда уларни бемалол овлаш мумкин.
— Йўқ. Мен умримда қўлимга қурол ушламаганман. “Қуённинг гўштига эмас, “вийқ” этган овозига ишқивозман” деганларидек, мен ҳам қирғовулни овлаш учун эмас, ёввойи табиатни томоша қилиш учун бормоқчиман.
Ваъдалашган вақт келди. Тонг қоронғусида йўлга тушдик.
— Дарёбойни олиб кетайлик, — деди у етмиш-саксон километрлар йўл юриб, Бўзатовга етганимизда. — “Ҳар ернинг тулкисини ўша ернинг тозиси билан овла”, деган нақл бор. Бу атрофларда мен ҳам кўп кезганман-у, бироқ Дарёбой бу бепоён тўқайзорларнинг ҳар бир қаричини мендан кўра яхшироқ билади-да. Бунинг устига сиз тўқайга илк бор келяпсиз. “Ана у нима?”, “Мана бу нима?” деган саволларингизнинг битта-яримтасига жавоб тополмай уялиб қолмайин дейман-да.
Икковга биров қўшилди. Учовлон яна йўлга тушдик. Текис асфальт кўчадан четга чиққанимиздан сўнг машинанинг орқасида алланарсалар шақур-шуқур қилиб, асабга тега бошлади.
— Орқада нима бор? — дедим.
Марат лабини жуфтлайман дегунча Дарёбой жавоб берди:
— Маканг овга чиқса, ярим хўжалигини кўчириб келади, — деди у кулиб. — Темир ўчоқ, қозон-товоқ, қора қумғон, челак, чойнак-пиёла, сабзи-пиёз ҳаммаси муҳайё. Борганингизданоқ дастурхонга ўтираверасиз.
— Лекин қозонга солинадиган масаллиқ тўқайнинг ҳисобидан бўлади, — деди Марат.
— Тўқай ният қилиб келган кишини ҳеч қачон қуруқ қайтармайди. Ҳеч бўлмаса, бир-икки қирғовул беради. Бироқ биз одамлар нафсимизни тия олмай, қоплаб олгимиз келади.
— Қирғовулни бу йил сўнгги марта овлаб қолар эканмиз, — деди Марат яна. — Келгуси йилдан бошлаб беш йилга қадар ов қилиш тақиқланар экан. Овчилар жамиятига борганимда эшитдим.
Дарёбой билан Маратнинг бу гурунгги мен учун унчалик қизиқарли эмасди. Энг қизиқарлиси тўқайзор ичидан париллаб учаётган қирғовулларни, дикирлаб югураётган қуёнларни томоша қилиш эди. Лекин бундай ғаройиб манзараларга қачон дуч келарканман деб ичим қизиб бораётгандим.
— Қирғовул кўринмаяпти-ку! — дедим иддао билан минғирлаб.
— Оға, сизга қирғовулларни йўл бўйига қўндириб қўйишган эмас, — деди Дарёбой менинг кўнглим нимани тусаётганини англаб. — Бунинг учун тўқайнинг қалин жойида машинани тўхтатиб, мана бу “шалпангқулоқ”ни қўйиб юбориш керак. У қирғовулларни паналаб ётган жойларидан учиради.
Ўгирилиб қарасам, орқа ўриндиқда, Дарёбойнинг ёнида қулоғи шалпайган ориққина този ит ётган экан. Нукусдан чиққанимиздан буён биз билан ҳамроҳ бўлиб келаётган тилсиз “йўловчи”ни пайқамабман-а.
Кенг ялангликлар. Чексиз ўрмондек ўсган юлғунзорлар орасида илон изидек эгри-бугри йўл…
— Вей, июл ойларида келганингизда борми? — деди Дарёбой юлғунзорни кўрсатиб. — Мана бу юлғунлар қирмизи-пушти рангда гуллайди, кўзингизни қамаштириб юборади. Бундан дарё ёқаларига чиқсангиз, ёнтоқларнинг гуллари. Оҳ-оҳ-ай, ер юзининг жаннати-ку бу Осмонтой.
— Бу ерларда қанча хўжалик ўтиради?
— Осмонтойда бир юз элликтача хўжалик бор.
— Улар нима билан шуғулланишади?
— Чорва боқишади, деҳқончилик қилишади.
— Деҳқончилик?! Сув келадими ўзи?
— Албатта. Амударёнинг қуйи ўзани мана шу овулни ёқалаб ўтади. Ҳозир “Ўлик дарё”нинг бўйида тўхтаймиз. Кейин яхшилаб тушунтириб бераман.
— Ўлик дарё?
— Ҳа. Бир маҳаллар Амударё шу жойдан “S” шаклида, яъни шифокорларнинг тимсоли бор-ку — қадаҳга ўралган илон кўриниши, худди шундай айланиб оққан. Кейин сув мўл бўлган пайтда дарё ўз ўзанини ўзгартирганда қисқа оралиқ “Ўлик дарё” бўлиб қолган. Лекин Амударё ҳар йили бу эски ўзаннинг ҳам тегишли улушини бериб туради.
Биз соҳилида қатор-қатор бақувват туронғиллар ўсган эски дарёнинг ўзанида — “Ўлик дарё”нинг бўйида тўхтадик. Марат машинадан қозон-товоғини тушириб, ўчоқни ўрнатишга уннади.
Шу орада туронғил тепасида бир хўроз қирғовул чақирди. Товушидан танидим. Танишимнинг сабаби, болалигим овулда ўтган. Ҳовлимизнинг этагидаги жийдазор орасида қирғовуллар эртаю кеч чақирар, ҳозир айтсам, ҳеч ким ишонмайди, кечки пайтлар товуқлар билан аралашиб, сепган дон-дунимизни бемалол еб кетар эди. Қўриқ ўзлаштириш сурони овул орасида кичикроқ бўлса ҳам тўқай қолдирмади. Қуёнлар, қирғовуллар одамлардан безиб, кетиб қолишди.
Қирғовулнинг товушини эшитган Марат чидаб туролмади. Дарҳол милтиғини қўлига олди-да ўзини дарахтлар ичига урди. Унинг орқасидан “шалпангқулоқ” ҳам эргашди. Бир маҳал осмонда париллаб учган учта қирғовул кўринди. Ўша заҳоти милтиқ ҳам “қарс” этди. Учта қирғовулдан биттаси секин ерга оғиб тушди. Кўнглим алланечук бўлиб бузилди. Нохуш кайфиятим авзойимдан билинган бўлса керак.
— Ҳой, сиз ёзувчиларни бундай ерга олиб келиб бўлмайди-я. Сал нарсага кўз ёши қиласиз, — деди Дарёбой менга қараб. – Ахир, бу табиатнинг қонуни-ку. Одам гўшт ейиши керак. Озор бермайман десангиз, молнинг ҳам жони бор, қўй-қўчқорнинг ҳам… Керак бўлса, ўсимликларнинг ҳам жони оғрийди-ку.
— Йигитлар, кўнглингизга келмасин, мен бу ерга қирғовул гўштини ейишга келмадим. Иложи бўлса, табиатни томоша қилдиринг, — дедим уларга.
— Ҳозир тўқайзор ичига кирамиз, — деди Дарёбой. — Табиатнинг атаганини кўраверасиз, бу ёғи омадингизга боғлиқ.
Учаламиз сой ёқалаб юрдик.
— Милтиқни менга бер, — деди Дарёбой бирдан Маратнинг қўлидаги милтиққа ёпишиб. — Ана, иккита хўроз қирғовулнинг ўтиришини қара.
Дарёбой милтиқни ўқлади.
— Йўқ, отманг! — дедим қўлидан тортиб.
— Ҳа, нега?
— Улар биздан ёмонлик кутаётгани йўқ. Бечора қушларнинг ишончини йўққа чиқармайлик, ахир!
Овчилар менинг китобий сўзларимнинг устидан роса мириқиб кулишди. Бироқ милтиқ отишмади. Қирғовуллар осмонга париллаб кўтарилди.
Биз сойдан чиқиб, кенг дала бўйлаб юрдик. Назаримда орқа тарафдан дусурлаган товуш эшитилди. Боқиб улгурмасимдан Марат менинг қўлимдан тортиб, чеккага чиқарди. Тўда-тўда йилқилар чопиб келишаётган экан. Чамаси икки юзтача бор-ов, деб мўлжалладим. Бошларини тикка кўтариб, бўйинларини юқорига чўзиб, ёлларини шамолда ҳилпиратиб чопар эди улар. Йилқиларнинг бундай катта тўдасини фақат кинолардагина кўрган эдим.
— Бу отларнинг йилқибони қаёқда? — дедим мен йилқилар анча олислаб кетганидан сўнг.
— Уларни ҳеч ким боқиб юргани йўқ, — деди Дарёбой.
— Унда нега чопиб боришаяпти?
— Бир ўтлоқдан иккинчи ўтлоққа кўчишганида ўзлари шундай елиб ўтишади. От чопиш учун яратилган жонивор-ку, ахир.
— Уларнинг эгалари бордир?
— Албатта, бор.
— Ҳалиги бир уюр йилқи бир кишиникими?
— Ҳозир ўтган йилқилар бир уюр эмас, камида беш-олти уюр бор.
— Бир уюрда қанча от бўлади?
— Бир уюрда йигирма беш-ўттизта байтал бўлади. Уларни бир айғир бошқаради. Бир уюрнинг орасида бошқа айғир бўлмайди.
— Уюрни отларнинг эгаси уюштирадими?
— Йўқ. Отларнинг ўзлари. Етти-саккиз ёшга тўлган айғир ўзи учун уюр тўплайди. Аввалдан уюрбоши бўлиб келган айғир билан курашиб, уни — Уҳ, ана қуён! — деди Дарёбой дарҳол тўхтаб. Рўпарамизда буталар устидан сакраб-сакраб ўтиб, сур қуён қочиб бораётган эди.
— Мен қуён ота олмайман, — деди Марат. — У мен нишонга оламан дегунча тўрт-беш марта сакрайди. Қирғовулдай осмонга учса экан…
— Қирғовул ўз умрида неча марта полопон очади? — деб сўрадим Дарёбойдан.
— Ўқдан, тузоқдан омон қолса, ўн олти-ўн етти йил умр кўради. Бу йил тухумдан чиққан жўжа келаси йил курк бўлаверади. Шунда ўз умри давомида ўн беш-ўн олти марта кўпаяди-да.
— Ҳар тухум босганида нечта жўжа очади?
— У макиёнига жуда меҳрибон, уруғи сероб. Учтадан ўн бештагача тухум қўяди.
— Нега унда қирғовуллар унчалик кўпаймаяпти? Ёки уларни ёввойи ҳайвонлар тинч қўймайдими?
— Йўқ, оға, ёввойи ҳайвонлар эмас, “сипойи ҳайвонлар” тинч қўймайди, — деб Марат ўзларини назарда тутиб кулди. — Ҳамма ҳам сиз билан биздек қозон қайнатишга етадигани билан кифояланса майлику-я, ноинсофлар эллик-олтмиштасини бирданига овлашади.
— Бўлмаса, қирғовулни ёввойи ҳайвонлар тутолмайди, — деди Дарёбой дўстининг фикрини маъқуллаб. — Дунёда қирғовулдай сергак қуш йўқ. Пирр этиб учиб кетганини сезмай ҳам қоласан.
Биз бораётган ёлғизоёқ сўқмоқда дўмпайиб кетаётган бир нарса кўринди. Бироз юрди-да, бутазорга кириб кетди.
— Воҳ, семизгина турай iэкан, — деди Марат тамшаниб. — Бу ердан отган билан ўқ етмайди.
— Ёввойи чўчқа ҳам бор эканда! — дедим ҳайратланиб.
— Осмонтойда нима йўқ, оға! — дея мағрурланди Дарёбой. — Тулки, шоқол, тўнғиз, бўрсиқ…
— Қашқир-чи?
— Бор. Лекин камроқ учрайди.
— Уни кўроламизми?
— Йўқ. У жуда зийрак жондор. Одамнинг исини уч чақиримдан билади. Июл-август ойларида келганимизда учратишимиз мумкин эди.
— У пайтда нима бўлади?
— Ўша вақтларда қашқирлар бўлтириқларини (болаларини) ов қилишга ўргатиб юришади. Бундай пайтларда унча-мунча хавф-хатарни писанд қилмайди улар.
— Улар нимани овлашади?
— Дуч келган ҳайвонни. Айниқса, Осмонтойнинг асов отларига ўч бўлишади.
— Йўғ-ей! Отни қандай олади?
— Албатта, тўғри бориб ололмайди. Орқасидан боришга ҳам қўрқади. Ҳалиги чопиб ўтган асов отлар бир тепганида қашқир тил тортмай ўлади. Шунинг учун отнинг ёнидан югуради. Югуриб бораётиб, йилқининг қорнига оғиз солади. Қашқирнинг тишлари жуда ўткир бўлади. Йилқининг қорни йиртилади. Кейин қашқир ўша йилқининг изидан тушиб, пойлаб юраверади. Орадан бир ярим-икки соат ўтганидан кейин от қонсираб йиқилади. Ана ўшанда қашқир ва унинг бўлтириқларига тайёр ўлжа бўлади.
— Ўша асов отларни эгалари қандай қилиб ушлайди?
— Эгалари минишга керак бўлганларини уч-тўрт ёшида қўрага қамаб, қўриқ ташлаб ушлаб олишади. Бир неча кунда асов отни минишга ўргатишади. Бошқа отлар эса далада эмин-эркин ўтлаб, ўзлари туғиб, кўпайиб, улғаяверади. Сўйиш керак бўлганларини қўриқ ташлаб ушлашади. Тирик ҳолида ҳеч ким уларни олиб кетолмайди.
— Осмонтойда ёввойи буқалар ҳам бор деб эшитаман.
— Бор. Улар туғилганидан буён бўйнига сира арқон боғланмаган, дала-тузда ўсган. Уларга ҳатто эгаси ҳам яқинлаша олмайди.
— Мол керак бўлса, эгаси нима қилади?
— Қўриқ ташлайди ёки отиб олади.
Мен кутилмаганда мавзуни ўзгартирдим. Билгим келган нарсалар жуда кўп эди. Лекин ҳадеб уларнинг бошини қотиришга тортиндим. Барибир қирғовул ҳақида сўрагим келаверди.
— Қирғовулларни тириклай ушлаб кўрдингизми ҳеч?
— Тузоқ билан ушлаб олсангиз бўлади. Аммо у қўлга ўрганмайди, тез ўлиб қолади, — деди Дарёбой.
— Мен бир хўроз, бир макиён қирғовулни қирқ кун қафасда сақладим, — деди Марат. — Қўлга ўргатмоқчи бўлдим. Уларга вақтида дон бердим, сув бердим. Лекин кундан кунга ориқлаб кетаверди. Бир куни иккаласи ҳам ўлиб қолди.
— Шунинг учун ота-боболаримиз “Учган қушга ҳам, югурган жонзотга ҳам озодлик керак”. “Озод юрт — обод юрт бўлади” деб бекорга айтишмаган-да.
— Тўғри айтдингиз! Унда биз ҳам буларни ўз ҳолига қўяйлик. Қайтайлик. Осмонтойнинг озод жониворлари эмин-эркин яшасин! — дедим мен чуқур нафас олиб.
Улар менинг таклифимни хоҳласин-хоҳламасин маъқуллашди.
Олтин гардишли қуёшнинг тенг ярми уфққа ботганида Нукусга қараб йўлга тушдик.
Қорақалпоқ тилидан Ю.Равшанов таржимаси
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 32-сон