Муҳаммад Али Жамолзода. Насиҳатгўй (ҳикоя)

Унинг одоб-ахлоқ борасидаги маърузаларини тинглаган кишилар унга “Насиҳатгўй” деган тахаллусни беришган. Жаноб Насиҳатгўй мамлакатдаги энг нуфузли эркаклардан бири бўлиб, уни ҳамма бирдек ҳурмат қилар ва ҳукумат доирасидаги киши деб биларди. Унга яхшигина мерос қолган ва у бу меросни тезда кўпайтириб олган (қандай кўпайтирганини фақат Оллоҳ билади, холос).
Ёрдам сўраб келувчиларга, ишбилармонларга ва бошқа меҳмонларга унинг эшиги доимо очиқ. Вазирларни мансабга тайинлаш, парламентга номзод кўрсатиш каби юзлаб муҳим масалалар фақат унинг уйида ва кўмагида ҳал бўлади. Жуда муҳим шартномалар, қарорлар ҳам худди вазирликдагидек унинг уйида қабул қилинади. Бу каби ишлар унга шон-шараф ва обрў-эътибор олиб келиш билан бирга бойлигига бойлик қўшади.
Албатта, уни бекорга Насиҳатгўй дейишмайди. У “одоб” сўзини бекорга тилга олмайди, қайси мавзуда суҳбат қурмасин, бу сўзни тилга олади ва бу сўзни таъкидлашдан чарчамайди, чунки кўпгина жамиятлар одоб-ахлоқ асосига қурилганини у жуда яхши билади. Ҳар бир диннинг мазмун-моҳиятини ҳам одоб-ахлоқ ташкил этади-да.
У бир неча мумтоз шоирларнинг одоб-ахлоққа бағишланган шеърларини ёдлаб олган ва мавзуга тўғри келадими-йўқми, шариллатиб айтаверади. Айниқса, Саъдийнинг: “Диёнат – халққа хизмат қилишдан бошқа нарса эмас”, деган гапини мудом такрорлаб туради. Намоз ўқиш ўрнига бир байт шеър айтишни афзал кўргани учун баъзи бир ҳазилкашлар унинг орқасидан кулиб юради.
Унинг дарвозаси пештоқига “Яшаш – яхшилик қилиш демакдир!” деган сўзлар босма ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Ичкаридаги эшик ва деворларга эса Қуръони карим суралари ва таниқли шоирларнинг ҳикматга айланган сатрлари чиройли чорчўпларга солиб, осиб қўйилган. Бу ёзувларнинг бари одоб-ахлоқ қонун-қоидаларига мос тушади:
“Инсонийлик ҳамма нарсадан устун туради”;
“Яхшилик қил ва уни тезда унут”;
“Чумолига ҳам озор берма”…
Яхши эслайман, жаноб Насиҳатгўйнинг уйига меҳмонга борганимда, унинг ўн-ўн бир ёшлардаги ўғилчаси биз ўтирган хонага кириб, хизматкор билан кинога бориб-келишини сўраганида, у меҳмонларни ҳам унутиб, чуқур ўйга ботганча:
– Кўрадиган фильмларинг одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келадими? – деб сўраган.
– Албатта, отажон, – деган ўғил, – айтишларича, фильм воқеалари бошдан-оёқ одоб-ахлоқ асосида яратилган экан.
Хизматкорларидан бири Насиҳатгўйнинг насиҳатларидан тўйиб, “Жаноб, мен бу ерга ишлагани келганман. Агар насиҳат эшитадиган бўлсам, тўғри мачитга борган бўлардим”, деган экан.
Унинг исфаҳонлик бир хизматкори бор эди. Мен қачон Насиҳатгўйникига борсам, у мени ўзига яқин олиб, хизматимни қилар, ботинкамни артар, ҳасса тутар, елкамга қоқиб қўяр, иссиқ-иссиқ чой тутарди. Ўттиз ёшлардаги келишган бу йигит ўта зийрак ва камтар эди. Унинг ҳуснини фақат қандайдир ярадан қолган чандиқ бузиб турарди, холос. (Назаримда, ўша чандиқ ҳам унга зеб бериб турарди). Исми Ғулом Али. Унга бошқа хизматкорлар кўп тегишар, исфаҳонлиги учун устидан кулишарди. У билан суҳбатлашиш менга ҳузур бағишларди.
Бир куни Насиҳатгўйнинг уйига таксида борибман-у, ҳамёнимни уйда унутиб қолдирибман. Шунда Ғулом Алидан қарз олишимга тўғри келди. У дарров чўнтагидан учта беш туманлик пул чиқариб бераркан:
– Олинг, қайтариш ҳақида ўйламанг, – деди. – Бизнинг шаҳарларга йўлингиз тушса – берарсиз…
– Эсимдан чиқиб кетса-чи? – дедим ҳазиллашиб.
– Ҳечқиси йўқ, – дея кулди у ҳам. – Бу гапиришга арзимайди. Сизга ёрдамим текканидан хурсандман.
Тўғриси, у мени шунчалар тўлқинлантириб юбордики, Насиҳат-гўйнинг уйи деворидаги байтларни ўқиб ҳам бунчалик завқ олмаганман.
Бу яқин орада жаноб Насиҳатгўйникига йўлим тушмай қолди. Аввалига қарзни бировдан бериб юбормоқчи эдим, кейин бу фикримдан қайтдим. Ўзим олиб бориб, унга раҳмат ҳам демоқчи бўлдим. Ва бир куни жаноб Насиҳатгўй саккизинчи имом мақбараси зиёратига бориб, тоби қочиб келганини эшитиб қолдим. Шунда уни кўргани бориб, бир йўла қарзни ҳам бериб қайтмоқчи бўлиб йўлга тушдим.
Бахтга қарши, эшикни бошқа хизматкор очди. Мен қабулхонада ўтирганимда, у менга чой берди, кетар чоғимда, ундан сўрадим:
– Ғулом Али кўринмайди?
Хизматкор қўрқув билан атрофга аланглади ва ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, секин шипшиди:
– Уни қамашди.
– Нима учун? – деб сўрадим ҳайратим ошиб.
– Ёлғиз Оллоҳ билади.
– Сен-чи?
– Сизга нима десам экан? – каловланди у.
– Эҳтимол, хўжайинга ёқмайдиган бирор иш қилгандир?
– Аниғини Оллоҳ билади.
– Қайси қамоқхонада у?
– “Қаср” қамоқхонасида бўлса керак, яна Оллоҳ билгувчидир.
Билдимки, у баҳор шабадасида титраётган япроқдек қалтирамоқда, зўрлаб ҳам ундан бошқа гап олиб бўлмайди.
Эртасига Ғулом Али ҳақида билиш учун тўғри қамоқхонага бордим. Барча расмиятчиликдан кейин у билан учрашувга рухсат беришди. Йигитнинг қай аҳволга тушиб қолганини айтиб ўтирмай. Гапирсам, юрак уришдан тўхтайди.
– Қайси айбинг учун бу ерга тушиб қолдинг? – деб сўрадим ундан.
– Насиҳатгўйнинг жазосини Худонинг ўзи берсин, – деди Ғулом Али йиғламсираб. – Ҳатто ваҳший ҳайвон ҳам бундай қилмайди. Мени бу ерга ким ташлади, энди ҳеч ким мендан хабар олмаяпти ҳам. Оллоҳ менинг тилимни кесиб олсин-ку, лекин қани унинг меҳрибонлиги, қани адолат?.. Тўғриси, бу дунёнинг хўжайини йўқ экан! Бировнинг биров билан иши ҳам йўқ экан!..
– Оллоҳ гувоҳ, – дея уни юпатдим, – бу ердалигингни бугун билдим. Билсам, сени бу кўйга ташлаб қўярмидим? Тушунтириб бер ахир, нима бўлди ўзи? Эҳтимол, бирор ёрдамим тегар?
– Оллоҳ умрингизни зиёда қилсин! Мен ким бўлибманки, сизнинг меҳрибончилигингизга арзисам. Э, худо, мен сизга арз-дод қилгандан кўра, ўлганим яхши эмасми!.. Йўқ… Йўқ…
Мен уни юпатгунимча у яна анча жавради ва кўз ёшларини қўли билан сидириб:
– Сиз унинг кимлигини билганингизда, уйига яқинлаш-масдингиз, – деди.
– Тинчлан, – дедим, – унинг кимлиги маълум. Унга ишим тушмаганида номини ҳам тилга олмасдим. Буни қўй, сен яхшиси, ораларингдан нима гап ўтганини гапир.
– Йўқ, жаноб, бу шаҳарда унинг кимлигини биладиган кам. У қўй терисини ёпинган бўри. Унинг юрагида на шафқат, на олийжаноблик бор. Бунақа аблаҳлар виждон нима, адолат нима – билишмайди. Бу ваҳшийнинг қалбига нигоҳ ташласангиз, даҳшатдан тош қотиб қоласиз!.. Мен уни билдим ва жирканч башарасини кўрмаслик учун ёмон бўлса ҳам бошқа жой изламоқчи эдим.
Вақт ўтиб борар, қарасам, назоратчи келяпти, демак, учрашув тугаяпти.
– Биродар, – дедим Ғулом Алига, – унга эътибор берма, тезроқ нима бўлганини айт.
– Яхши, – деди Ғулом Али, – эшитинг. Бундан ўн бир кун олдин у мени қизининг хонасига чақириб, суҳбатимизни ҳеч ким эшитмаслиги учун эшикни маҳкам ёпди ва паст овозда: “Ғулом Али, сен яхши биласан, мен одоб-ахлоқни ҳамма нарсадан устун қўяман…” деди. Мен индамадим. У кўзимга қараб олди ва йўталганча давом этди: “Ҳа, бу дунёнинг устуни одоб-ахлоқ, қолгани – қуруқ сафсата…” Мен яна ҳеч нарса демадим. “Нега жимсан?” – деб сўради у. “ Мен нима дейишим мумкин? – дедим. – Ўзингиз биласиз, арзимаган чой-чақа учун бу ерда эртадан-кечгача ишлайман. Ҳатто бу ердаги хизматкорлардан ҳам кам ҳақ оламан. Қорним тўйиб овқат емайман. Сизнинг дастурхонингизда қолган овқатлардан менга беришмайди. Мен бундан ҳеч нолимайман, нолисам, исфаҳонлик ношукр ва тили узун деб устимдан кулишади”.
“Ҳақсан, – деди хўжайин, – буни яхши биламан, лекин сени мендек ҳеч ким қадрламайди. Назаримда, нимадандир норозисан?” – “Сиз биласиз, саккиз ой-у ўн уч кундан бери уйингизда ишлайман. Мен тўрт ойдан бери ҳақ олмайман. Буни бир неча марта сизга айтмоқчи бўлдим, лекин…” – “Сени ўз ўғлимдай кўраман, – гапимни бўлди у, – сен бўлсанг аллақандай майда-чуйдалар ҳақида гапиряпсан”. – “Агар ҳамма гап менда бўлса эди! Оллоҳ гувоҳ, ўн етти ойдирки, акам Аминулло касал ётибди – янчиш машинаси остига тушиб, оёқ-қўли синган. Агар у менинг уйимда ётмаганида, мен буни сизга айтмаган ва сизни безовта қилмаган бўлардим…”
“Эшит, биродар, – деди хўжайин, – мен нимани ўйладим. Мен сени яхши кўраман ва сени бахтли, бекаму кўст ҳаёт кечиришингни хоҳлайман”. – “Давлатингиз зиёда бўлсин”, – деб алқадим ва ўзимча ўйладим: “Бу нега менга аридек ёпишиб олди?” – “Сен билсанг, – давом этди хўжайин, – бу дунёда мен яхшилик деб яшайман”, – кейин юзта қаср қуришдан кўра, ўзингдан яхши ном қолдиришни мадҳ этувчи бир байт айтди. Хуллас, у Гулсумга уйланишимни сўради.
– Қайси Гулсум? – сўрадим мен.
– Чўрига, ўн тўрт-ўн беш ёшли қишлоқ қизига. Унинг хўжайиндан ҳомиладор эканлигини ҳамма билади. У ўз гуноҳларини бўйнимга, қизни менга ёпиштирмоқчи.
– А-ҳа! Сен унга нима дединг? – қизиқсиниб сўрадим.
– Аввалига ҳайрон бўлдим, нима дейишимни билмадим. Кейин: “Албатта, жаноб, сиз нима десангиз – шу, лекин мен ўзимни зўрға боқаман, уйланишга йўл бўлсин”. – “Бу томонини ўйлама, – деди у. – Сенда ҳамма нарса бўлади: овқат, кийим, уй”. У мени кўндиришга уринди. Шунда жаҳлим чиқиб, бақириб юбордим: “Мени ўлдиришингиз мумкин, лекин сизнинг гуноҳингизни бўйнимга ололмайман!..” – дея хонадан чиқиб кетдим.
– Кейин нима бўлди? – қизиқишим янада ортди.
– Орадан икки соат ўтмай, эшигимни иккита миршаб тақиллатди ва ўзлари билан маҳкамага боришимни сўрашди. Маълум бўлишича, хўжайин таҳорат олаётганда ҳовуз бўйида тилла соатини қолдириб кетган экан-у, соат йўқолиб қолибди, шуни мендан кўришибди. Қанча ялинмай, худони ўртага қўйиб қасам ичмай, гапимга қулоқ солишмади. Улар айбни бўйнимга қўйиш учун роса калтаклашди. Қарасаларки, бўйнимга олмаяпман, сўнг мени бу ерга олиб келиб тиқишди. Энди умидим Оллоҳдан …
Ғулом Алини қанча тинчлантирмай, унга ҳеч қандай ёрдам беролмадим. Кўз ёшлари шашқатор оқиб, юзини юварди. Миршаб келиб, учрашув вақти тугаганини айтди. Мен зўрға:
– Ноумид бўлма! Сени бу ердан чиқариб олиш учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан, – деган гапни айтишга улгурдим.
Уйга келиб ўйга чўмдим: “Худо кўтарсин бу дунёни! Минг марта парчаланиб кетсин бу лаънати ер, шунда у яхши бўлар. Шунақа одамлар ҳам бўладими? Бу замин йиртқич ҳайвонлар ва одамхўрлар яшайдиган тўқайзорга айланган… Ҳатто бу виждонсиз Насиҳатгўй билан қандай тил топишишни билмайсан. У бой, ундан ҳамма қўрқади. У билан курашиш осон эмас, ҳатто хавфли ҳам; бошингни қайси деворга урма – бефойда”. Бир неча марта гувоҳи бўлганман, инсон адолатсизлик ва зўравонликка чидай олмайди.
Кечаси билан мижжа қоқмадим. Кўз олдимга кўз ёшлари шашқатор йигит, ноҳақ хўрланган инсон келаверди, мен азиз авлиёлардан унга мадад сўрадим.
Эртаси куни эрталаб тўғри маҳкамага бордим. Уларнинг мен билан гаплашгилари ҳам келмади. Тўғридан-тўғри: “Жаноб Насиҳатгўйнинг ёлғон гапирмаслиги ҳаммага маълум. Унинг одоб-ахлоқ масаласида инжиқлигини бутун шаҳар билади. У ҳатто чумолига ҳам озор бермайди”, дейишди.
Мен тўполон қилишга ҳаракат қилдим, лекин қулоқ солишмади, бари бефойда эканлигини айтишди. Бошқа эшикларни ҳам тақиллатдим – очилмади. Насиҳатгўйнинг исмини эшитган борки, кар ва соқовга айланаверди. “У билан юзма-юз гаплашсаммикан”, дедим ва шу заҳоти бу фикримдан қайтдим. Унга ялиниш – бўридан шафқат тилагандай гап. Ғулом Алига қиладиган ёрдамим – ундан хабар олиб туришим, кўнглини кўтариб, келажакка умид уйғотишим мумкин.
Ҳар куни бу мамлакатдаги зўрлик ва бойликка қарши курашдим, урсалар ҳам, сўксалар ҳам ўз мақсадимдан қайтмадим.
Орадан ойлар ўтди. Бир куни ишим ўнгидан келди. Қарасам, эшигим олдида Ғулом Али турибди. Кўриниши афтодаҳол, териси суягига ёпишган. Уни қучоқлаб уйга киритдим, эски кийимларимни кийдириб ҳаммомга олиб бордим.
Ҳаммомдан келгач, у ўз бошидан ўтказганларини сўзлаб берди.
Бир куни Гулсум жаноб Насиҳатгўйнинг ўрнини йиғиштираётиб, ёстиғи тагидан тилла соат топибди ва хурсанд бўлиб кетганидан уни бекага олиб бориб берибди. Уйдагилар ҳайрон. Буни, хўжайиннинг ўзи атайин яширгани маълум бўлади. Бундан хабар топган Насиҳатгўй ғазабланади, ҳаммани сўкади, хотинини шунақанги урадики, бечоранинг қўли синиб касалхонага тушади. Ўз-ўзидан маълумки, бу ғавғонинг барини Гулсумнинг бўйнига қўйишади. Хўжайин бундан фойдаланади. Аввал Гулсумнинг нарсаларини кўчага улоқтиради, кейин унинг қорнига тепиб, уйидан ҳайдаб чиқаради…
– Энди нима қилмоқчисан? – деб сўрадим мен.
– Мен у аблаҳнинг шундай таъзирини берайки…
– Биродар, – дедим мен, – кучингни бекорга сарфлама. Бу муттаҳам ўзининг одоб-ахлоқ ҳақидаги сафсаталари билан бутун шаҳарни ўзига қаратиб олган, уни ҳеч бир куч билан енгиб бўлмайди. Жонсиз деворга мушт уришдан нима фойда, фақат қўлингнинг сингани қолади, холос. Худога сол, жазосини ўзи берсин. Гулсумнинг соатни топгани, сенинг бегуноҳлигингни исботи эмасми?
– Ҳа, тўғри, – деди Ғулом Али. – Лекин, биринчидан, қасос оламан, иккинчидан, мен ундан ўз ҳақимни ундириб олишим керак. У миллионерга арзимас чақамни бериб қўймайман. Ўз ҳақимни ололмасам, отамнинг ўғли эмасман!
Эртаси куни Ғулом Али кийиниб, жаноб Насиҳатгўйникига йўл олди. Мен қизиқиш билан унинг қайтишини кутдим. Пешинда у қайтиб келди ва чўнтагидан бир даста пул чиқариб кўрсатди.
– Мен сизга айтмаганмидим, ўз ҳақимни бу муттаҳамдан оламан, деб! – деди Ғулом Али. – Энди Гулсумни топишим керак. Бечора қиз бу шаҳарда йўқолиб кетади. Унинг қариндошлари буғдой бозорида савдо қилади. Уларнинг олдига бориб сўрай-чи, Гулсум ҳақида бирор нарса билишар.
– Сен ҳали қувватга кирганинг йўқ. Бир неча кун сабр қилсанг бўлмайдими? Кучга кирсанг, ана ундан кейин уни қидириб топарсан.
– Сиз ҳақсиз, – рози бўлгандай бўлди Ғулом Али, – лекин инсон ўзидан кўра, ўз биродарлари ҳақида кўпроқ қайғуриши керак. Шундай экан, рухсат беринг, мен ҳозирдан у бахтсиз қизни қидириб топай.
– Майли, омадингни берсин! Бор, уни қидириб топ. Бу уйнинг эшиги сен учун доимо очиқ. Гулсумни топсанг, уни ҳам бу ерга бошлаб кел!
Ғулом Али мендан миннатдор бўлиб кетди ва тезда Гулсум билан қайтиб келди. Уни ўн тўрт ёшли қизча дейишган эди, лекин кўринишидан ўн-ўн бир ёшдаги қизчага ўхшарди. Мен Гулсумни ичкарига, аёллар хонасига киритдим.
– У ҳали бола-ку, – дедим мен. – Ҳомиладорликни қандай кўтаради? Эҳтимол, уни шифокорга кўрсатиш керакдир?
– Икки кун дамини олсин, қолгани кейин маълум бўлар, – деди Ғулом Али. – Ўзи бола, яна қўлида бола… уни қандай тақдир кутяпти, тасаввур қилолмаяпман…
– Оллоҳ марҳаматли! Тиш берибдими, ризқини ҳам беради!
Бир неча кундан кейин Ғулом Али ўзига иш ахтарди. Уйимиз яқинида бир дўконча бор эди. Оиламиз билан унга ёрдам бердик, у шу дўкончани ижарага олиб таъмирлади, тартибга келтирди ва сабзавот сота бошлади. Тез кунда иши юришиб кетди.
– Энди мен ўзимга хўжайинман! – деди хурсанд бўлиб. – Исфаҳондаги акамга пул жўната оламан.
Бир ҳафтадан кейин Гулсум ўзини яхши ҳис эта бошлади. Биз уни ишга жойлаштирмоқчи эдик, Ғулом Али қаршилик қилди.
– Жаноб, – деди у хижолат бўлиб, – агар ҳомиладор қизни яна бегонанинг қўлига берсак, бу ишимиз Оллоҳга хуш келмайди. Мен узоқ ўйладим: бу қизни тақдир қўлига ташлаб қўймайман. Унга уйланмоқчиман… Худо раҳмдил, амаллаб бир кунимизни кўрармиз. Мен ёшман, бир бурда нонимизни топарман. Дўкон чеккасида бир уйча бор, тўғри, у қоронғи ва дим, лекин озгина тартибга келтирилса, яшаса бўлади. Мен ҳозирча ўша ерда яшаб турарман. Агар сиз Гулсумни шу ерда яшаб туришига рухсат берсангиз, бу вақт ичида бирорта уйча топишга ҳаракат қиламан. У ерда тўй қиламиз. Ожиза аёлни кўчага ташлаб қўйиш инсофдан бўлмас.
– Эй, йигит, кел, сени бир бағримга босай! – дедим бағримни очиб. – Сен мени инсонларда ҳали ҳам инсоф-диёнат борлигига яна ишонтиряпсан. Худога шукр, бу мамлакатда ҳали меҳрибон ва виждонли одамлар бор экан! Сен кабилар кўпаяверсин! Менга суянишинг мумкин. Сенга ишонаман, ишинг юришиб, қаддингни тик тутиб оласан. Бир нарса мени ўйга толдиради, бола нима бўлади? Сен Гулсум кимдан ҳомиладор бўлганини биласан-ку!
– Биламан, ҳаммасини биламан, – деди Ғулом Али энсасини қашиб. – Биламан, у аблаҳдан ўз боласига ёрдам беришини сўрасанг, жанжал қилишдан ҳам тоймайди. Мен бахтсиз етимликдан қўрқаман. Бечора болада айб йўқ, ахир биз бир эътиқоддаги одамлармиз-ку! Мен уни ўз болам деб, унга исмимни берсам, ҳеч ким айб қилмас. Майли, у ноқонуний бўлсин, ахир у ҳам кимдандир меҳр-мурувват кўриши керак эмасми? Уни ўз урф-одатларимизга кўра тарбиялайман. Шундай қилиб, мен Гулсумга уйланиб, боласини тарбиялашга қарор қилдим.
– Ғулом Али, – хитоб қилдим мен, – агар сен ўша пайтда болани ўзимники деганингда, жаноб Насиҳатгўй сени зарга ўрарди-ку. Сен бўлсанг бунга рози бўлмай, қамоқни танладинг. Энди қанча сарсон ва азоблардан кейин нафақат болага оталик қилиш, балки унинг онасига ҳам уйланишга розилик билдираяпсан.
– Ўшанда, – деди у, – бунга куч билан мажбур қилишган эди, лекин тўғри одамни ҳеч нарса билан букиб бўлмайди…
Гулсум ўлик бола туғди ва ўзи ҳам туғиш вақтида вафот этди. Биз уйимизда аза очдик. Ғулом Али мулла ёллади, мулла кун бўйи Гулсумнинг қабри тепасида Қуръон тиловат қилди.
Жаноб Насиҳатгўй эса ҳаёт ва ҳеч нарса бўлмагандек, кундан-кунга семириб, нуфузи, бойлиги ошиб боряпти. Тўғрисини айтсам, бу дунёда адолат борлигига ишонмай қўйдим.

Рус тилидан Илҳом Зойир таржимаси