Хизматкор қиз астагина эшик қоқиб, мўралади-да: “Хонамга бораверсам майлими?” дея изн сўради. Томас китобдан кўз узиб беихтиёр бош ирғади-ю, яна мутолаага шўнғиб кетди. Аммо бир неча қатор ўқигандан сўнг хаёли тарқади. Уйдаги тинчликни бузаётган шовқинга қулоқ солди. Хизматкорнинг ванна эшигини очганини, бир лаҳзадан сўнг эса шилдираб сув қуйила бошлаганини эшитди. Кейин қиз хонасига кўтарилди. Ана, у бурчакда турган пардоз-андоз столига яқинлашди. Ҳозир сочини тараётган бўлса керак ё ўзини ойнага соляпти, дея ўйлади Томас. Балки кўзгу қаршисида ечиниб олиб ўзини томоша қилаётгандир. У қиз ички кийимларини ечганда сумбати қандай кўринишини тасаввур қилди. Бу хаёл уни ҳаяжонга солди, китобини ёпиб, сигарет тутатди-да, деразага яқинлашди. Оғир дарпардани озгина суриб очилган тирқишдан қоронғига боқди. Ёмғир ҳали тинмаган эди, уй олдидаги калта кузалган майсалар панжарага ўрнатилган чироқлар ёғдусида ялтирар, кўчадаги нам тортган асфальт ҳам хира йилтираб турарди. Унинг булутли хаёлини тарқатиб, кўчада машина пайдо бўлдию муюлишдан қайрилиб кетди. Машина ғилдираклари резинаси худди насос билан сув тортиб олаётгандек шувиллаган овоз чиқарар эди. Автомобилнинг икки фарасидан таралган шуъла гўё ёмғир деворини тешиб ўтган қуролнинг пўлат қўндоғига ўхшар эди. Шундан сўнг кўча тинчиб қолди ва яна имиллаган, беадоқ тун ҳукмронлиги бошланди. Томас қиз хона ўртасига келиб туфлисини ечганини эшитди. У дарпардани жойига суриб қўйди ва камин олдидаги ўриндиққа чўкди. Юқорида каравот ғичирлади.
Ҳозир у тўшакка ўтириб олади-да, этагини бўлиқ тиззасидан баланд кўтариб пайпоғини ечади, ўйлади Томас. У китобни очди, лекин ўқий олмади; кўзига ҳарфлар ўрнига қизнинг қора тунга монанд тафти баланд қорамағиз бўй-басти, бежирим оёқлари кўринар эди. Шу тобда у ҳам, Худо билади, нималарни ўйлаётган экан, юраги шиддат-ла уриб, қорнида асабий титроқ югура бошлади. Шу пайт яна каравот ғичирлади ва уй худди қабристон каби тинчиб қолди.
Уни онамнинг олдига қайтариб юбориш керак, акс ҳолда гўзал кунларнинг бирида нимадир юз беради, мен нафсимни ортиқ жиловлай олмайман, ўйлади Томас. У сигарет қолдиғини оловга отиб юборди, қадаҳга ичимлик қуйди ва уни кўтариб икки қултум ютди. Энди хонада ҳаммаси одатдагидек бўлиб қолди ва Томас мутолаада давом этди. Майдалаб ёғаётган ёмғирнинг сокин шилдираши, шохидан узилган баргларнинг шитирлаши, аҳён-аҳёнда уй яқинидан ўтиб қолган машиналар шинасининг ғичирлаши қулоққа чалиниб турган октябрь оқшоми. Каминда олов чирсиллаб, уйнинг захини кўтаради. Томас китобга берилиб дунёни унутди.
Тинчликни уйнинг қошидаги боғчадан бехос эшитилган қандайдир отнинг бемаъни ва даҳшатли кишнаши бузди. Қўрққанидан Томаснинг юраги тўхтаб қолаёзди. Дастлаб у қўлидаги китобни нима қилишни ҳам билмади, кейин уни эҳтиёткорлик билан қўйиб, ўриндиқдан турди. Юраги тез урар, қонининг югуриши қулоғига ноғора шовқинидек уриларди. Ташқари яна жимиб қолди, фақат майсалар устига учиб тушган хазонларни ёмғир савалар эди. Уйда ҳам осойишталик. Буни у ҳам эшитган бўлса керак, ҳуши бошидан учиб кетгандир боёқишнинг, ҳали ухлагани йўқ эди-ку. Томас дераза олдига шахдам бориб тўхтаб қолди. Агар дарпардани очса, ёришган дераза ортидан зулматда ким яшириниб тургани аниқ кўринади. У чироқни ўчириб, секин-аста пайпасланиб деразага яқинлаша бошлади. Қоронғилик худди кўрпадек қалин эди. Узатган қўли майин дарпардага тегди, уни бир оз суриб парда билан ром орасидан очилган тирқишдан ташқарига қаради. Ҳеч зоғ йўқ. Боғ тунги ёлғизликка чўмиб ётар, тунги чироқлар таратган нурдан майсалар ялтирар эди. Ёмғир тинган, фақат мажнунтол ва ҳовли бурчагидаги боғчадан томчилар томиб турар эди. У от эди, ўйлади Томас, анча вақтдан бери бу атрофда ҳеч ким от сақламаса ҳам, у шубҳасиз от эди. У пардани жойига суриб қўйди ва чироқни ёқди. Қизгина жуда қаттиқ қўрққан шекилли, миқ этмаяпти. Эшигига бориб сўраб кўрай-чи, аҳмоқона от кишнашини у ҳам эшитдимикан ўзи, дея хаёл қилди Томас. У юқорига кўтарилди ва бир оз тараддудланиб тургач, қизнинг хонаси эшигини қоқди. Аммо қиз жавоб қилмади. “Мария”, деб чақирди у паст овозда. Яна ҳеч қандай жавоб йўқ. “Мария, бу мен, Томасман, – деди у. – Сен отнинг кишнаганини эшитдингми?” У яна эшикни тақиллатди, аммо хонадан ҳеч қандай сас чиқмади. У тутқични тушириб эшикни очди. Хона зимистон эди, ҳатто тунги чироқ ҳам ёқилмаган. У пайпаслаб чироқ тугмасини топди ва чироқни ёқиб ноилож хонага кирди. Тўшакка қўл урилмаган, қизнинг кийимлари стул устида ётар, ёнидаги гиламчада туфлиси турарди. Ички кийимлари ва пайпоғи каравот ортига отиб юборилган эди.
Томас тўсатдан деразанинг ланг очиқ турганини кўриб, қўрққанидан донг қотиб қолди. Хонага кирмоқчи бўлиб, дераза рафига олдинги туёқлари билан осилиб олган отнинг боши, бўйни ва ўмрови кўриниб турар эди. У катта, отларга хос хира чақнаётган кўзлари билан Томасга қилт этмасдан бақрайиб турар, қорамтир бўйнидан қуйига қараб тизиллаб сув оқар эди. Томаснинг оёқларидан мадори қочди, у бир қўли билан дераза ромига ёпишди, иккинчи қўли билан эса орқасидаги девордан чироқ тугмасини тимирскилади. Шу онда каравот олдидаги Марияга кўзи тушиб қолди. Ширяланғоч қиз қўллари билан юзини ёпганча ғужанак бўлиб ўтирган эди. У яна деразага боқди – от ҳамон ундан кўз узмасдан қилт этмай турибди. Уни бу ерда қолдириб бўлмайди, тезда қочиб қолиш керак, ўйлади Томас. Бир қарорга келолмай яна бир неча лаҳза тургандан сўнг тиззалари қалтираб каравот томон ташланди ва Марияни қўлтиғидан кўтариб турғизди. Билаги унинг сийнасига тегиб турганини ҳис қилди, қиз эса ҳеч нарсани сезмагандек ҳамон юзини қўллари билан тўсиб турар эди. “Кетдик, – деди унинг қулоғига, – тезроқ”. От эса худди ҳайкалдек деразада қотиб турибди. У қизни хонадан олиб чиқди, қулф тешигидан калитни суғуриб олди, чироқни ўчирди ва эшикни ташқаридан ёпди. Пешонаси тердан ҳўл бўлиб кетди, вискига ружу қўйиш оқибати шу эканини ҳис қилди. Қиз қўлларини юзидан олиб, чўчиб унга қаради. “Кетдик”, қайтарди Томас. У қизни уйнинг ичкари қисмидаги ўзининг ётоғига етаклаб борди. Қизнинг қайноқ елкалари порлар эди. Ярамас айғир, балога йўлиққур ифлос махлуқ, ичида сўкинди Томас. Ўша иблиснинг ҳовлида нималар қилиши мумкинлиги энди уни қизиқтирмайди. Эшик маҳкам ёпилган, чироқлар ўчирилган. У деразани маҳкам ёпиб, оғир дарпардани тушириб қўйди. Ортига ўгирилганда яланғоч, уят ва қўрқувнинг зўридан ўзини йўқотган қиз ҳали ҳам хона ўртасида серрайиб турарди. Томас унга ўзининг халатини берди. Улар бирга каравотга ўтиришди. У бутун диққатини жамлаб тунга қулоқ тутар эди. Атрофга яна чуқур жимлик чўкди.
– У қандай қилиб сенинг хонангга бўйлади? – дея шивирлаб сўради Томас.
– Билмадим, – хириллаб жавоб берди қиз. – Чироқни ўчирганим заҳоти кимдир ташқаридан деразани итариб очиб юборди ва…
– Кимдир, – дея сўради Томас, – сен “кимдир” дедингми?
– Шу… шу айғир.
– Секин, – деди Томас. У яна вужудини қулоққа айлантирди, аммо ҳеч қандай овоз эшитилмади. Ҳойнаҳой, айғир жуда баҳайбат бўлса керак, ўйлади, ахир орқа оёқларида туриб, иккинчи қаватдаги дераза рафига осилиб олган эди.
– Қўрқадиган ҳеч нарса йўқ, – дея қизга далда берди у, – бунинг ҳаммаси арзимас нарсалар.
– Қайдан бу… бу ҳайвон қаёқдан пайдо бўлди? – деб сўради қиз.
У ҳали ҳам ўзига келолмаётган, тинчлана олмаётган эди.
– Билмадим, балки бирорта циркдан қочгандир, – дея жавоб берди Томас. Аммо бу тахминга ўзи ҳам унчалик ишонмади. Энди тун унга уйнинг атрофида сездирмасдан айланиб юрган аллақандай нотинч ва машъум кечадек туйила бошлади. Халатни бўйнигача маҳкам ўраб ўтирган қиз унга кўзларини катта-катта очганча тикилиб турибди. У бениҳоя ёқимтой ва хушбўй, ўйлади Томас, фақат анави дўзахий махлуқ бўлмаганида эди. Қўққисдан унинг хаёлига у энди хонасига қайта олмайди, тунни менинг тўшагимда ўтказишга мажбур. Агар менинг бирга ётишимни истамаса, чиқиб кетаман. Балки уни бундай вазиятда ёлғиз қолдириб бўлмас, деган гап келди.
– Энди нима қиласан? – деб сўради қиздан.
– Билмадим, – чўчинқираб жавоб қилди Мария.
Томас сустлашиб:
– Сен истасанг… – деб гап бошлади, аммо гапини тугата олмади.
Шу онда қўпол ва ваҳшатли нимадир шиддат билан деразани урди. Томаснинг томоғига бир нарса тиқилиб қолди, қиз эса чинқириб юборди. У йигитга ёпишиб, қўлларини маҳкам ушлаб олди. “Ўзингни бос, – шивирлади Томас, – қўрқадиган ҳеч нарса йўқ”. Аммо ўзининг аъзои-бадани қандай қилиб терга ботиб бораётганини ҳис қилди. Шу пайт дераза ойнаси худди тош теккандек парчаланиб ҳар тарафга сочилиб кетди. Пардалар шамолда силкина бошлади ва улар орасидан хонага мўралаган айғир тумшуғи кўринди. Унинг кўзлари қонга тўлган, кенг бурун тешигидан оппоқ кўпик пуркаётган эди. Қиз жон ҳалпида чийиллади. Томас уни каравотдан худди ёстиқни кўтаргандек қўлтиқлаб олиб хонадан учиб чиқди. Зинадан чопиб бораётганда айғирнинг баланд ва қаҳрли пишқириғи тарқалди. У меҳмонхонага тушиб, қизни кушеткага ўтқазди. Халатнинг олди очилиб кетган эди, қиз бечора шу қадар қаттиқ қўрққан эдики, бунга эътибор қиладиган даражада эмасди, қўллари бир жойда тўхтамай қалтирар, даҳшатдан каттариб кетган кўзларини деразадан узолмас эди. “Қўрқинчли ҳеч нарса йўқ, – қайтарди Томас, – қўрқма”. У бир қизга, бир деразага қаради ва пичирлаб сўкинди. Агар ана шу ярамас махлуқ бўлмаганида у…
Қиз халатга ўраниб кушетканинг бир бурчагига ўтириб олди. Айғир ҳозирча жим. Иккинчи қаватда ҳеч қандай ҳаёт нишонаси сезилмайди. У энди ғайритабиий равишда сокин бўлган тунга қулоқ тута бошлади. Ёмғир тинди, кўчадан бирорта машина ҳам ўтмади. Фақат узоқдан фабриканинг одатдаги шовқини эшитилиб турар эди. Ёрдам кутадиган жойнинг ўзи йўқ. Бирор чора топиш керак, бироқ у нима қилишни билмаётган эди.
– У энди кетади, – деди Томас қизни юпатмоқчи бўлиб.
– Кетмаса-чи? – деб сўради қиз.
– Агар кетмаса, унда… – тутилиб қолди у.
У ҳайвонни ҳайдаб юборишга уриниб кўриши мумкин эди, аммо бу махлуқ жуда баҳайбат, бақувват ва ўта маккор эди. Аслида Томас айғир яна пайдо бўлса, охири нима билан тугашини кузатиб бир чеккада пойлаб туриши ҳам мумкин эди. Лекин бу режаси жуда ҳам хатарли туйилди. Негаки, устунлик тажовузкор айғир томонида эди. Бир неча дақиқа улар қимир этмасдан жимликнинг бағридан ниманингдир отилиб чиқишини кутиб қўрқиб ўтиришди. Аммо ҳеч нарса бўлмади. “Эҳтимол, у энди кетгандир”, – деди Томас. У айғирнинг шу яқин орада экани, янги тажовузга тайёрланаётгани ва исталган вақтда янада қўрқинчлироқ тарзда уйга бостириб киришига ишончи комил бўлса-да, негадир шу гапидан бир озгина таскин топгандек бўлди.
– Эртага буларнинг барчасига бошқача кўз билан қараймиз, – деди у.
– Ҳозир-чи?.. – жавоб қайтарди қиз.
Анавини қаранг, ҳали у ҳаммасига мени айбдор деб топади, ўйлади Томас, уларнинг ҳаммаси шунақа.
– Хоҳласанг шу кушеткада ухлай қол, – деди у. – Эртага ҳаммасини обдон ўрганамиз.
– Мен ухлай олмайман, – деди қиз, – қўрқиб кетяпман.
– Мен шу ерда бўламан, – деди Томас. У камин яқинидаги ўриндиққа ўтирмоқчи бўлган эди, қиз унинг қўлларига ёпишиб олди ва яна кушеткага қайтишга мажбур бўлди. Агар тун бўйи у билан қоладиган бўлсам, ўзимни тута олмайман, бу ишим номардлик бўлади, ўйлади Томас. Анави айғир бўлмаганида-ку, йўриғи бошқа эди. Энди агар шу ишни қилсам, разиллик қилган бўламан.
– Мен хонадан чиқиб кетмайман, – деди Томас, – сен ҳечам қўрқма, хўпми!
Бироқ унинг яхши нияти дарҳол ғойиб бўлди ва кушеткада қиз билан қапишиб ўтирди. Шайтони лаъин у билан бирга, нима деб ўйласа ўйлайверсин, фақат анави махлуқ бизни тинч қўйса, бас. Балки у мен ўйлаётган даражада қаттиқ қўрқмагандир.
– Менга қара, – деди Томас, – агар айғир бошқа кўринмай кетса, шунда ҳам менинг қошимда ширяланғоч ўтираверасанми…
У бирорта бешарм гап ёки кишининг ғашига тегадиган сийқа жавоб кутган эди. Лекин қиз уялиб юзини яшириб олди-да:
– Мен кийимларимни олиш учун юқорига чиқа олмайман, – деди.
Қиз, афтидан, унинг қалбидаги қийноқларидан бехабар эди. У Мариянинг қўлларини енгилгина силади, аммо қизни ийманиш ва таҳлика янада қаттиқроқ исканжага олаётган эди.
– Айғир бошқа келмайдими? – сўради у.
– Билмадим, – жавоб берди Томас айғирнинг янги ҳужумга шайланаётганига ишончи комил бўлса ҳам. Бу баҳайбат махлуқни даф қилиш учун нимадир ўйлаб топиши керак. Бироқ у фақат ночорликни ҳис этар ва жонига теккан бу ишдан тезроқ қутулишни истар эди.
– Қандай мудҳиш кеча, – шивирлади қиз.
– Ҳа, – унинг гапини тасдиқлади Томас. У лаҳзаларга қулоқ тутди, бегона овоз йўқ. Кейин бир қўли билан қизнинг елкасидан қучиб, унинг қулоғига эҳтирос билан оҳиста-оҳиста бир нималарни шивирлай бошлади
– Томас, – деди қиз хириллаган овозда, – эшитяпсанми, Томас, ана у ёқда…
У бошини кўтарди. Кўча эшигига нимадир зарб билан урилди. Асабга ўйнайдиган ғижирлаган товуш тобора баландлаб келаверди ва қаттиқ гулдурашга айланди. Эшик ошиқ-мошиқларида ўйнаб, михлари кўча бошлади, кейин кимдир уни майдалаб ташламоқчи бўлиб катта болға билан ура бошлади. Эшик тахталари қарсиллаб синиб тушди, пайрахалари даҳлизнинг тўрига қадар учиб кетди. Қиз мурдадек оқариб, секингина инграй бошлади. У юзини яшириб олди, кўксида худди бир қушча типирчилаётганга ўхшар эди. “Тур, – пичирлади Томас, – тез бўл”. У қўзғалмасдан увиллашда давом этди. “Тура қол, Мария”, – қайтарди у. Аммо қиз фалаж бўлиб қолгандек қимирлай олмас эди. У қизни қучоқлаб, худди болага ўхшатиб кўтариб олди. У ҳарсиллаб қизни кўтариб зинадан кўтарилиб борар экан, ташқи эшикнинг шиддатли босимга тоб бера олмаганини пайқади. Эшикка берилган кучли зарб бутун уй бўйлаб даҳшатли акс садо тарқатар эди. Юқорида у бир лаҳза ўйланиб қолди. Кейин омборхонага кириб эшикни ичкаридан маҳкам ёпди. Омборда чироқ йўқ эди, қуюқ қоронғилик худди ноябрь кечасига ўхшар эди. Шу дамда ташқари эшик қўрқинчли қарсиллиб ошиқ-мошиғидан ажралиб қулади ва айғир туёқларини тақиллатиб даҳлизга бостириб кириб келди. Отнинг тақалари остида майдаланаётган юпқа кафеллар жаранглаб атрофга сочилиб кетар эди. Томас бўш қўли билан пайпасланиб эски-туски лаш-лушларга қоқиниб-суриниб, омбор тўридаги эски диванни топди ва қизни унга қўйди. Апил-тапил қочаётган вақтда қизнинг эгнидаги халат қайгадир ғойиб бўлган эди. У кафтида қизнинг яланг белининг тафтини ҳис қилди. Қиз бутун танаси титраб, энтикиб-энтикиб нафас олганча жим ётар эди. Томас лаблари қизнинг бўйнига теккунча қуйига энгашди. Айғир туёқларини тақирлатиб очиқ турган меҳмонхонага йўртиб кирди. Дастлаб металл тақалар жарангига полга тўшалган гиламлар тўсқинлик қилиб турди. Кейин меҳмонхонадан ағдариб ташланаётган стуллар тарақлагани ва бирлаштириб қўйилган оғир столларнинг туёқлар зарбидан худди бўшаган гугурт қутиси каби қарсиллаб синиб кетгани эшитилди. Айғир дарғазаб пишқирар, мебелларга туёғини зарб билан қадар экан, ғайритабиий равишда ирилар эди. Томас қанчадир вақт диққатини жамлаб бу тўс-тўполонга қулоқ тутиб турди, сўнг негадир пастда юз бераётган ҳодисалар унга арзимас ва аҳамиятсиз нарсадек туйилди, у яна қизнинг устига энгашди. Жаҳаннам зулматида унинг қўллари қизнинг юзини сийпалай бошлади. Бармоқларининг учи қизнинг пастки киприкларига текканда уни болалардек эркалашга қарор қилди. Қиз ҳаракатсиз ётар, фақат нотекис нафаси унинг кўкрагини гўё баҳор шабадасидек сийпалаб ўтар эди. “Мария, – шивирлади у аранг эшитиладиган овозда, – сен қўрқма, шундай бўлгани яхши ўзи. Бу илгарироқ юз бериши ҳам мумкин эди…” Айғир хунукдан-хунук хириллаб уйнинг ичини айланиб чопиб юрар эди, идиш-товоқларнинг жаранглаб сингани эшитилди, унинг ортидан нимадир жуда қаттиқ гумбурлаб тушди. Бу шифтга илинган оғир қандил эди. “Биз, ахир бу ҳақда кўпдан бери билардик, тўғрими, Мария?” – шивирлашда давом этди Томас. Қиз ташналик билан уни бағрига босди. У кўйлаги устидан қизнинг сийнасини ҳис қилди. Биринчи қаватда айғир қутуриб, тўполон қилиб ётибди, у ҳаммаёқни вайрон қилган, унинг кетма-кет кишнаши иблисона қаҳқаҳага айланиб борарди. Аммо бу ваҳшатли шовқинлар уларга жуда узоқлардан эшитилар ва ҳеч қандай эътибори йўқдек эди. Қизнинг намхуш лаблари эса тотли эди, у тинмасдан: “Томас, Томас”, дерди. Йигит қиздан бўса олар экан, гўёки бу сўз ўзининг оғзидан чиқаётгандек ҳис қилди. Шу вақт айғирнинг мудҳиш ва жирканч шаҳвоний кишнаши эшитилди, бу шовқин зарбидан уйнинг деворлари зириллаб кетди. Айғир зинадан кўтарила бошлади, унинг босқонга ўхшаган оғир туёқлари пиллапояларни янчиб борар эди.
Рус тилидан Дамин Жумақул таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 1-сон