– Ҳалиям қоронғуми? Осмон оқаришмадими? – оғир – оғир нафас олганича сўради қария. Қанақа узун йиллар бўлди бу йиллар… Вақт қанчалар узоқ чўзилдия… ҳаёлидан ўтказди қария. Чол ҳаётининг интиҳоси яқинлашаётганини сезар ва мангу сафарга тайёрланар эди. Ҳар ҳолда у ўз бурчини уддалади. Энг муҳими у ёлғиз эмас… – Қарачи, ҳалиям қоронғими? Зулмат тарқалмаяптими? – сўради яна қария.
– Ҳозирча йўқ. Лекин бирор соатдан кейин тонг отиб қолса керак – жавоб берди унинг шериги деразадан қуюқ зулматга боқиб – Агар қоронғулик сизга ёқмаётган бўлса чироқни ўчиришим мумкин.
– Йўқ, керак эмас, Дзиро. Мен тонг ёруғини ўз кўзим билан кўрмоқчиман – деди чол. – Бу ерда кечалар жуда узоқ – деди Дзиро – Сизга янада узоқ туюляпти. Чунки сиз тунни ёқтирмайсиз. – Йўқ, Дзиро. Бу кеча мен учун ўзгача ахамиятли. Мен туғилган ўлкаларда бу кечани янги йил кечаси дейишади. Мен янги йил тонгини кутаяпман – деди оқсоқол.
– Янги йил? Нима у ? – сўради хирилдоқ овозда Дзиро. – Ҳа, Дзиро, янги йил. Биламан, сен буни тушунмайсан. Менимча бунинг унча аҳамияти ҳам йўқ. Лекин хозир мен айтмоқчи бўлган гапларга яхшилаб қулоқ солишингни хохлардим… Биласанми, бизда хар йили одам бир ёшга улғаяди. Йиллар айланиб келаверади. То қариб оламдан ўтгунимизгача… Қария шундай деб бир зум жимиб қолди. Сўнг яна давом этди: – Қачонлардир мен ҳам ёшгина йигитча бўлганман ва ҳар йил бир ёшга улғайганимдан хурсанд бўлардим. Ўша чоғлар мен бир гузал қизни севар эдим. У қиз ҳам мени севар эди. Эҳҳе, неча йиллар бўлди бунга… Ҳа, биз жуда ёш бўлганмиз у пайтлар. Деярли бола эдик… Эшитяпсанми, Дзиро?
– Ҳа эшитяпман. Лекин унчалик тушунмаяпман – деди Дзиро.
– Бунинг аҳамияти йўқ. Сен фақат эшит. Шундай қилиб десанг, биз деярли болалар эдик ва биз бирга яшай олмасдик. Шунинг учун ҳам тезроқ улғайишни ҳохлардик. Эски йил тугаб янги йил бошланса роса хурсанд бўлардик. Ҳар йили янги йил арафасида биз яширинча уйдан чиқиб боғда учрашардик. Сўнг шу боғда янги йил тонги ёришишини бирга кузатардик…
– Янги йил тонги ёришишини? – хайрон бўлиб чолнинг гапини бўлди Дзиро. Чол гапида давом этди: – Дзиро, бечора, сен бунақа нарсаларни тушунмайсан. Лекин айтаяпманку, сен учун бу нарсалар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Сен фақат эшит, эшит, Дзиро… Биласанми, янги йил тонгининг ёришиши қанақа бўлади? Аввалига тун осмони сиёхдай қаро, юлдузлар эса йирик – йирик, ёрқин. Кейин у юлдузлар оқара бошлайди. Сўнг шарқда , осмон билан туташган жойда ингичка ёруғлик чизиғи пайдо бўларди. Осмон аста – секин пуштиранг шуълаларга қоришиб бу илохий манзарани кузатаётган одам юраги ёришиб кетарди, Дзиро. Биз ана ўша тонги ёғдуни жимгина кузатар эдик. Хурсанд бўлиб бир – биримизга мамнун жилмайиб қўярдик. Кейин уй – уйимизга кетардик. У қиз бир куни менга: – Яна бир янги йил тонгини қаршиласак балоғат ёшига етамиз. Ундан кейин ҳар доим, ҳар доим бирга бўламиз – деганди. Эшитяпсанми, Дзиро?
– Ҳа – жавоб берди Дзиро.
Шу маҳал чолнинг овози узилиб қолди. Кейин Дзиро қандайдир ғаройиб товушни эшитди. Афтидан қария йиғлар эди. – Дзиро, сен ҳеч качон бу нарсаларни тушунмайсан. Ҳеч қачон… Ўша қиз кўп ўтмай ўлиб қолди. Эшитяпсанми?.. Дзиро жим эди.
– Бу жуда қайғули ўтмиш. Оламдаги энг қайғули ўтмиш… Ахир севган ёрингнинг ўлимиданда қайғулироқ қайғу бўладими? Барибир сен бу гапларга тушунмайсан… Шунинг учун ҳам мен бу ёқларга келиб қолганман. Чидаб бўлмас қайғудан қочиб келганман, Дзиро. Тунлари 50 соатга чўзилгувчи шу сайёрага келиб қолганман…
Кутилмаганда Дзиро: – А-а… – деди. Сўнг давом этиб: – Назаримда тонг отяпти – деб қўйди. Бу гапни эшитиб қария ўрнидан туриш учун тараддудланди. Лекин азобли йўталиб ўринга қайта йиқилди.
– Дзиро, ўрнимдан туролмаяпман, ёрдамлашвор – деди у. Дзиро қарияга ёрдамлашди. – Раҳмат, Дзиро. Сен менга узоқ вақт садоқат билан хизмат қилдинг. Раҳмат. Назаримда осмон аста секин оқаришаётгандай. Лекин менинг кўзларим қандайдир туманли. Дзиро, тузукроқ қарачи, зулмат тарқаляптими?
– Ҳа – деди Дзиро.
– Булутлар чети шаффоф пуштиранг тус оляптими? – сўради яна қария. – Ҳа, атроф пуштиранг бўлиб кетди – жавоб берди – Дзиро. Қария қониқиш билан бош ирғаб қўйди: – Миннатдорман, Дзиро. Энди менинг устимни ўраб қўй. Негадир совқотяпман… Дзиро чолнинг устини ўраб қўйди. Қария кўзларини юмиб ётар, қуёш чиққанини ҳам сўрамас, қимирламасди. Унинг юзларида сокинлик ва ҳаловат қотиб қолгандай эди. Дзиро қарияга бир зум қараб турдида, қўлига челакни олиб ташқарига чиқди. Бу маҳал Янги йил тонги ўнқир – чўнқир сайёра узра ёйилиб ётар, пуштиранг тонг ёғдулари тошлардан қурилган пастак кулба томи узра жилваланарди. Дзиронинг метал кўкси тонги қуёш нурларида ярақлар, электрон мийя ато қилган мархум хужайини, коинот рицарига садоқат билан хизмат қилган, янги йил, муҳаббат, ўлим нималигини билмагувчи бу темир одам қўлида челак “Ғийт – ғийт” деган товуш чиқарарди. Ҳа, айни пайтда Дзиро хотиржам ва беғам эди. У ўзи ҳар доим сув олиб келадиган ҳавза тамон кетиб борар, лекин энди сувнинг ҳеч кимга кераги йўқ эди.
Холдор Вулқон таржимаси.