Кеча, азизлар, бизнинг коммунал квартирамизда анчайин муҳим воқеа содир бўлди.
Шу десангиз, рафиқам билан эндигина кинодан қайтган эдик. Ўзимнинг хонамда ўтирибман. Калавотда. Пойабзалимни ечяпман.
Бир этигимни энди ечган ҳам эдимки,ташқаридан аянчли қичқириқ эшитилди.Айтиш мумкинки — чинқириқ.
Хотинимнинг ранг-рўйи оппоқ оқариб кетди ва шивирлаб деди:
— Худо ҳаққи, Степанидани тунашяпти! Бояқишнинг дўриллоқ овози… Босқинчилар…
Степанидани қутқариш учун йўлакка чиқмоқчи эдим, хотиним йўлимни тўсди.
— Эшикни тамбала. Жиноий ишга бош суқишга бало борми. Сен ҳар ҳолда оилали одамсан.
Мен эса:
— Рост, бировларнинг ишига суқулиб нима ҳам қилдим. Энг муҳими, пойабзалимни ечиб қўйдим — шамоллаб қолишим мумкин, — дедим.
Биз эшикни буюмлар ва кийим-кечак солинадиган жавон билан тамбалаб, оғирроқ бўлаверсин деб устига жимгина ўтириб олдик.
Бирдан йўлакда нимадир гурсиллаб кетди. Кейин жимлик чўкди.
Хотиним деди:
— Кетишди, чоғи.
Айни шу пайт бизнинг деразамиз синди ва каска кийган ўт ўчирувчи тақиллатиб ҳам ўтирмай хонамизга суқулиб кира бошлади.
— Квартирангизни аланга қуршаб олган, сизлар эса жавонда салқинлаб ўтирибсиз.
Қизиғи шундаки, нафақат бизни, балки ҳамма ижарачиларни деразадан чиқариб олишга тўғри келди. Степаниданинг чинқириғини эшитгач, ҳамма эшигини қулфлаб, буюмлар билан тамбалаб олган экан. Ва бирор кимса ҳам ўз хоҳиши билан чиқиб келмаган. Степанидани истисно этганда, албатта. Бу тентак аёл ўт кетишига сабаб бўлган, дод-вой солган ва ҳовлига югуриб чиққан экан. Зарар тўқсон рублни ташкил қилди.
Абдувоҳид Умр таржимаси