Бир ишчи ғалати воқеани бошидан кечирди. Бу шунақа ғалати воқеаки, ундан хабар топганнинг ярми, ҳойнаҳой, ичишни ташлаб юборсалар керак.
Лекин бўш келма, ҳурматли ўқувчи! Ичишни ташлаш – бу унчалик қўрқинчли эмас. Ўз вақтида керосиндан бошқа ҳамма нарсани ичган муаллиф ҳам, масалан, бу зарарли одатни ташлади. Энди қалай, дейсанми? Яшаса бўлади.
Бу ғалати воқеани эса Петроград фабрикаларидан бирининг ишчиси айтиб берган эди. У фамилиясини келтирмаслигимизни илтимос қилганди. Уяламан, дейди. Начора, фамилиясини келтирмаймиз, шунчаки Федя Жуков деб атаймиз.
– Энди мен пиво ичмаяпман, – деди Федя Жуков. – Кўнгил тортмайди. Гарчи ўқимишли профессорлар гўёки пиво организм учун жуда фойдали ва гўё у сабабли организм семиради, дейишса-да, мен буни тан олмайман.
Албатта, ўқимишли профессор бир стакангина пивони тушликка ва ярим стакангинасини кечки овқатга симиради – унга фойдали, унинг организми семираверади ҳам. Стаканларга қаноат қилмайдиганлар-чи, улар учун пиводан ёмони йўқ.
Мен эса, масалан, пиводан ҳушимни йўқотаман. Ва мурдадан фарқим қолмайди. Ҳатто нафас олишим ҳам тўхтайди.
Шанба кунларидан бирида йигитлар ичишга отланишди. Мен ҳам эргашдим.
Роса ичибмиз, ўзиям. Фақат бир пайт, бешинчисидан кейин, кайфим ошиб қолди ва стулда оқарган кўйи ўтирибман, денг, зерикяпман.
Йигитлар, албатта, тинчлик беришмайди:
– Федя, Федя…
Федяси тушмагур эса оғзини очганича лом-мим демайди.
Йигитлар тананинг заифлиги учун халойиқдан узр сўрашди, қўлтиғимдан олишди ва уйга обориб ташлашди.
Уйда калавотга ётқизишди, калавотда эса ўзимни янада ёмонроқҳис этдим.
Хотиним жуда қўрқиб кетди, баданимни ҳўл сочиқ билан ишқалай бошлади, буям кор қилмагач, врачга югурди.
Коммунал врач келди. Мени кўздан кечирди ва деди:
– Унинг организмида пивонинг таъсирида алланима ўрнидан кўчиб кетганга ўхшайди. Ичаги буралиб қолгандир, балки. Касалхонага олиб боринглар. Ўша ерда текшириб кўришади.
Мени касалхонага олиб боришди, денг.
Кейин нима бўлганини эслай олмайман. Олдимда темир девор пайдо бўлгандек эди гўё.
Фақат совуқ ва очликдан ўзимга кела бошладим.
Уйғондим. Атроф зим-зиё.
Нимага қоронғи экан-а? Ҳаммаёқ зулмат. Бу нима майнавозчилик? Ўзи мен қаердаман?
Ўтириб олдим. Қарасам, тахтанинг устида қип-яланғоч ўтирибман. Атрофимда касаллар тахланиб ётибдими-ей, ёки бошқа нарсаларми, ё бўлмаса марҳумлармикин, билмадим.
Шу қадар ҳушимни йўқотаёздимки, шу қадар қўрқиб кетдимки! Қаерда эканман-а? Ё ўлганмикинман-а? Ёки бўлмаса пиводан ҳушимдан кетганман-у, мени ўлдига чиқаришдимикан?..
Эҳ, ҳа! Ана холос!
Гугурт чақиб, атрофни кўздан кечирмоқчи бўлдим. Киссамга қўл югуртирдим. Киссам йўқ – фақат қип-яланғоч оёқ. Гимнастёркамга қўл чўздим – қип-яланғоч қорин.
Жуда жасур одамларданман, албатта, ҳатто ўт-оловман, шу тобда эса, тан оламан, қўрқиб кетдим.
Бир пайт эшик ёнида йўлакда кимнингдир оёқ товушини эшитдим. Кейин у тутқични ушлаб, эшикни оча бошлади.
Эҳ, нима қилсам экан-а? Қоровул келаётган бўлса-чи? Уни қўрқитиб юбормасам эди. Қоронғида ўрнингдан туриб ёки қичқириб юборсанг борми – нақ юраги ёрилиб ўлади. Эҳ, нима қилсам экан?
Шу пайт эса эшик очилди ва қоровул кириб келди. Қоронғу бўлса-да, унинг мош-гуруч соқолли, бошига картуз кийиб олган қария эканини илғадим.
Эҳ, нима қилсам экан-а? Қимирлаб бўлмайди, овоз чиқариб бўлмайди, фақат лабларим орасидан “тсс” деган овоз чиқараяпман.
Бир пайт қоровул “тсс”ни эшитиб қолди-ю, ғалати оҳангда чийиллаб юборди-да, йиқилиб тушди, кейин жон ваҳмида эмаклаб эшик томон ошиқди.
Ана холос! Қўрқитиб юбордим-ку. Энди фарқи йўқ.
— Тўхта, укатой! Қўрқма! Бу мен — Федяман! — деб бақирдим.
Қоровулнинг ортидан югуриб чиқдим, югуряпману, оёғимдаги тахтача, рақам ёзилган бўлса керак, шалоплайди. Қоровул эса ортига ўгирилиб қаради-ю, шаталоқ отиб қочиб қолди.
Йўлак бўйлаб югуряпмиз денг, учраган одам борки, ҳар томонга сочилади. Менинг эса ҳеч нима билан ишим йўқ.
Қандайдир хонагача югуриб бордим. Қуладим.
– Биродарлар, бу мен – Федя Жуковман! Тирикман…
Мени калавотга ётқизишди, вино тутишди. Мен бақирдим:
– Йўқ, етар, ичмайман! Ичмайман!.. Ҳеч қачон оғзимга олмайман!
Шундай қилиб, ичишни ташлаб юбордим.
Қоровул эса соғайиб кетди. Ҳатто мени кўргани кирди. Биз у билан дўстлашиб ҳам қолдик ва бир бутилкадан портер ичдик.
Абдувоҳид Умр таржимаси