Байрамга ҳисобчи Горюшкин уйида зиёфат уюштирди. Таклиф этилганлар кўп эмасди.
Мезбон қандайдир кўтаринки кайфиятда йўлакда меҳмонларга пешвоз чиқар ва пўстинларини ечишга ёрдамлашаркан, таклиф этилганларни ичкарига бошларди.
– Бу киши, – дерди у, меҳмонни рафиқасига таништираркан, – менинг энг яқин дўстим ва хизматдошим.
Кейин қўли билан ўғлини кўрсатиб, дерди:
– Бу эса, эътибор беринг, менинг тентаквойим… Лёшка. Учига чиққан шумтака, мен сизга айтсам.
Лёшка тилини чиқарди, меҳмон эса ўзини бир оз ноқулай сезиб, дастурхон атрофидан жой олди.
Ҳамма йиғилгач, мезбон бирмунча тантанали оҳангда дастурхонга таклиф қилди.
– Ўтиринглар, – дерди у кўтаринки кайфиятда. – Ўтиринглар. Дастурхонга марҳамат… Бағоят хурсандман… ош бўлсин…
Меҳмонлар қошиқларни баравар жаранг-журунг қила бошлашди.
– Ҳа-а, – деди бир оздан сўнг мезбон, – билсангиз агар, ҳамма нарса қимматлашиб кетди. Нимани олманг – нархи чақади. Нархлар осмонда.
– Э, нимасини айтасиз, – деди рафиқаси ғамгин қиёфада, шўрвани симираркан.
– Худо ҳаққи, – илиб кетди мезбон, – ҳақиқатан ҳам тўхтовсиз ошмоқда. Айтайлик, манави шўрвани олинг. Шуям гапми? Арзимас нарса. Сувдан бўлак ҳеч нима йўқдай. Қани, чамалаб кўринг-чи, шу суюқлик қанча туради?
– Ҳ-ҳа, – деб қўя қолишди меҳмонлар.
– Ҳақиқатан ҳам, – давом этди мезбон. – Бошқа нарса – тузни олинг. Арзимаган маҳсулот, аҳамиятсиз нарса, қани, яна чамалаб кўринг-чи, у қанча тураркин?
– Ҳа-а, – чўзди тентаквой Лёшка, афтини буруштираркан, – бирорта меҳмон тузлаб қолса борми…
Ҳозиргина шўрвасига туз сепган пенсне таққан ёшгина йигит қўрқа-писа туздонни нари итарди.
– Сепаверинг, сепаверинг, – деди уй бекаси, туздонни унинг ёнига сураркан.
Меҳмонлардан садо чиқмасди. Мезбон иштаҳа билан шўрва ичар ва меҳмонларга мулойим қараб-қараб қўярди.
– Иккинчи овқат ҳам келтирилди, – эълон қилди у кўтаринки кайфиятда. – Ёки бўлмаса, жаноблар, иккинчи таом – гўштини олайлик. Ижозатингиз билан сиздан сўрасам, шу гўшт қанча туради? Айтинг-чи, қани? Бу ерда неча фунт гўшт бор?
– Саккиздан тўрт-беш, – маъюс ахборот берди хотини.
– Ҳисобга тўғри бўлиши учун беш деб ҳисоблаймиз, – деди мезбон. – Олтин ҳисобида эллик тийиндан тўғри келяптими? Киши бошига шунчадан… Неча кишимиз?..
– Саккиз киши, – ҳисоблади Лёшка.
– Саккиз киши, – такрорлади мезбон. – Ярим фунтдан… Ҳар бир оғизга камида чорактадан.
– Ҳа-а, – деб қўйди хафа бўлган кўйи Лёшка, – баъзи меҳмонлар гўштни хантал қўшиб паққос туширади.
– Ҳа-я, – деди мезбон, мулойим жилмаяркан, – хаёлимдан кўтарилаёзибди – хантал… Қани, умумий ҳисобга хантални, уни-буни, анавини ҳам қўшиб хомчўт қилиб кўринг-чи. Киши бошига бир рублданга бориб қолади…
– Ҳа, бир рублдан, – деди Лёшка, – Пал Елисеевич тирсаги билан кўзгуни туртиб юборганида бир сўмданга тўғри келганди-ёв…
– Эҳ-ҳа! – қичқириб юборди мезбон. – Тасаввур қилинг, бир гал меҳмонлар уйимизга келганда улардан бири, албатта билмасдан кўзгуни туртиб юборса бўладими. Ўшанда тушлик роса қимматга тушганди. Биз атайин ҳисоблаб чиққандик.
Мезбон хотираларга чўмди.
– Сирасини айтганда, – деди у, – бу тушлик ҳам анча-мунчага айланади. Буни хомчўт қилиш қийин эмас.
У қалам олди ва ейилган таомларни битта қолдирмай ёзиб, харажатни ҳисоблай бошлади. Меҳмонлардан садо чиқмас, ҳеч ким қимирламасди, фақат шўрвасига эҳтиётсизлик билан туз сепган ёш йигитгина дақиқа сайин терлаган пенснесини ечар ва уни сочиқ билан артарди.
– Эҳ-ҳе, – деди ниҳоят мезбон, – беш рублдан кўпроққа тўғри келяпти…
– Электр қуввати-чи? – ғамгин қўшиб қўйди аёли. – Уйни иситиш-чи? Марияга тўланадиган хизмат ҳақи-чи?
Мезбон қўлини сермаб, пешанасига шапатилаб урди ва кулиб юборди.
– Ҳақиқатан ҳам, – деди у, – электр, иситиш, хизматкор ҳақи… Ижара пули-чи? Маъзур тутинг, жаноблар, рост-да, хонанинг ижара пули! Қани, саккиз киши, тўрт саржин квадрат… Ҳар саржинига тўқсон тийиндан… Бир кунга, демак, уч тийин… Ҳм… Буни қоғозда ҳисоблаш керак…
Пенсне таққан ёш йигит стулда ғимирлаб қолди ва бирдан йўлак томон йўналди.
– Қаёққа кетяпсиз? – қичқирди мезбон. – Қаёққа кетяпсиз, азизим, Иван Семёнович?
Меҳмон ҳеч нима демади ва бировнинг калишини кийиб, хайр-маъзурни насия қилганча чиқиб кетди. Унинг ортидан қолганлар ҳам тар-қала бошлашди.
Мезбон столда қўлида қалам тутганича яна узоқ вақт ўтирди, ке-йин деди:
– Ҳар бир кишига олтин ҳисобида бешдан бир миқдорида тийин.
Буни у хотини ва Лёшкага айтди – меҳмонлардан эса асар ҳам қолмаганди.
Русчадан Абдувоҳид Умр таржимаси