Михаил Зошченко. Баённома (ҳажвия)

Навбатчи милиционер перони сиёҳдонга ботирди-да, деди:
– Жим-м, ўртоқлар… бир бошидан гапиринг… ким кимни туртди?
– Уни манави туртди, – деди бир кампир, одамлар оралаб стол ёнига келаркан. – Уни ўша туртди… Ҳу-у, шайтони лаъин, – деди.
Хола кўрсатган қоп орқалаган киши индамай турар ва тез-тез пишилларди. Унинг ёнида жабрланувчи ва бир нечта гувоҳлар туришарди.
Жабрланувчи елка қисганча хижолатли алфозда минғирларди:
– Мен нима қипман?.. Ҳеч нима… Гувоҳлар…
– Уни ўша туртди, – такрорлади хола. – Туртиб, кейин нима дейди, денг: ҳу-у, иблиснинг модаси деди. Мен трамвайда қарама-қарши ўтиргандим, денг. Смоленское қишлоғига, жиянимникига кетаётиб эдим.
– Жим-м… – деди навбатчи, – бирпас сабр қилинг, хола.
– Сабр қил, эмиш, – ранжиди хола. – Нега сабр қиларканман-а? Куппа-кундуз куни одамларни туртадиган вақтлар ўтиб кетган. Турта-турта туртилиб бўлдик.
– Бирпас жим турсангиз-чи, – деди навбатчи, перони яна сиёҳга ботираркан. – Кимсиз ўзи?
– Менми? – сўради хола. – Гувоҳлармиз биз… Жиянимникига кетаётган эдик… Кундуз куни турткилашларига чидаб бўларканми. Қўйиб берсанг, ўлгунича туртган бўлармиди…
– Сабр қилинг, хола, – деди милиционер, – сизни туртишмабди-ку… Сизга савол беришади. Ҳозирча бирпас жим турсангиз.
– Мени туртишмаган бўлсаям…
– Жим-м… Сизни туртишдими? – сўради милиционер жабрланувчидан.
– Мени… – деди жабрланувчи. – Хўш, нима қипти… Ҳеч нима. Хўп, туртишибди. Шунга шунчами. Трамвайда бўп туради-ку. Гувоҳларнинг талаби бу – милицияга ўзлари бошлаб келишди.
– Авф этинг, пардон, – деди гувоҳлардан бири. – Мен ҳам кўрдим… Бунга йўл қўйиб бўлмайди… Баённома тузиш керак…
– Айтяпман-ку, – яна бидирлай кетди хола, – баённома, албатта, баённома тузиш керак… Ўртоқ милиционер эса менга ўқраяди… Нақ марказгача бораман… Куппа-кундуз куни-я, бунга йўл қўйиб бўлмайди…
Милиционер учинчи маротаба перони сиёҳга ботирди-да, баённома ёзишга тутинди, фамилия… жинси… собиқ унвонларни сўраб олди. Нав-батчи милиционер узоқ вақт ёзди, ҳарфларни дона-дона қилиб қаторлаштирди. Кейин сўради:
– Қаерда бўлди бу воқеа? Қайси жойда?
– Трамвайда, – деди хола, – трамвайда. Айтяпман-ку, трамвайда, деб, ўргулай… Смоленск қишлоғига жиянимникига кетаётган эдим…
– Жойи, кўчанинг номини айтинг.
– Семёновск кўчасидан кетаётгандик…
– Уф-ф, – деди милиционер, перони қўяркан. – Семёновск, дедингизми? Бизнинг туман эмас бу. Бу, гражданлар, иккинчи туман. Ўша ёққа боринглар…
– Қанақасига? – савол бера кетишди гувоҳлар. – Ёзув-чизув қилиб бўлинган бўлса, нима фарқи бор…
– Иккинчи туманга боринглар, дедим-ку.
– Агар мени ўлдиришганида-чи?
– Қаерда ўлдиришган?
– Қаерда бўларди… Семёновск кўчасида-да…
– Иккинчи туманга боришингиз керак.
– Борамиз ҳам! – фиғони фалакка чиқди холанинг. – Борамиз ҳам. Буни шундай қолдириб бўлмайди… Жабрланувчи қани?
Жабрланувчи кўринмасди. У юз берган ғала-ғовурдан фойдаланиб, жуфтакни ростлаб қолганди. Шу вақтгача жим ўтирган қоп кўтарган киши норози оҳангда ғўнғиллади.
– Сен-чи, сен, – деди у, холага юзланаркан, – сен нега думингни ликиллатасан?
– Ким ликиллатяпти? – нағмасини бошлади хола, саватини яна стол устига қўяркан. – Ким ликиллатяпти, деяпман?
– Сен ликиллатяпсан. Шу ғалвани ўзинг бошладинг, иблиснинг модаси…
Холанинг важоҳати ўзгарди.
– Ўртоқлар, бу нимаси, – деди у, – ҳақорят қиляпти-ку, ахир.
– Мана энди мумкин, – деди милиционер, перони тўртинчи бор сиёҳдонга ботирар экан. – Воқеа бизнинг туманда рўй берди. Баённома ёзамизми?
– Маъзур тутасиз, – минғирлади хола, – баённома деганингиз нимаси? Ўртоқ милиционер, худо хайрингизни берсин… Нима учун… Биз тинчгина, жим суҳбатлашяпмиз…
Хола саватини олди-да, йўлак томон юрди. Гувоҳлар аста-секин тарқалишди. Қоп кўтарганнинг бир ўзи қолди. У зарурат бўлмаса-да, анча вақтгача милиционердан иккинчи туман қаерда эканлигини сўраб-суриштирди, сўнг қўлини силтаб, маъюс пишиллаганча чиқиб кетди.

Русчадан Абдувоҳид Умр таржимаси