Яқинда менга телефондан қўнғироқ қилишди.
Кимдир мулойим, юмшоқ овозда сўради:
– Ўртоқ Зошченкомисиз?
– Ҳа.
– Гап шундаки, биз кучайтиргич устида тажриба ўтказяпмиз. Бирорта ҳикоянгиздан уч-тўрт сатр ўқиб беришингизни ўтиниб сўраймиз.
Кечиктириб бўлмайдиган муҳим юмушим бор эди. Уни тўхтатишни ҳечам хоҳламасдим. Лекин мен кўнгилчан одамман. Камина, бундан таш-қари, ҳар хил янги ихтироларни ҳурмат қиламан.
Телефон гўшагига бир неча сатрни ўқиб бердим.
– Жуда соз, – деди мулойим овоз. – Миннатдорман. Жарангдорлик аъло даражада. Энди эшиттиришимизни тинглаб кўришингизни илтимос қиламиз. Марҳамат, хонанинг бурчагига бориб туринг. Ва қулоқ тутинг.
Гўшакни стол устига қўйдим-да, ўн қадамча юриб тўхтадим. Икки дақиқалар чамаси тентакдай ғўдайиб турдим. Кейин қайтиб келдим.
– Қалай?
– Ҳеч нарса эшитмадим.
– Унда беш қадамча юринг ва шу тахлит ўтирингки, қулоғингиз гўшак билан бир cатҳда бўлсин.
Узоқлашдим ва ўтириб олдим.
– Қалай?
– Худо ҳаққи, ҳеч нимани эшитмаяпман! – дедим жаҳл билан.
– Унда, – деди ҳамсуҳбатим кула-кула, – гўшакни қўйинг ва ётиб ухланг.
Ҳалиги одам яйраб, мириқиб, энтикиб хохолаб куларди.
Нимасини айтасиз, чиндан ҳам жуда хунобим чиқди. Гўшакни узиб олишимга сал қолди. Қаранг-а, аллақандай ярамас мени ўн дақиқача лақиллатса-я. Ҳатто ўтиришга ҳам мажбурлади.
Кейин ўзимни босиб олдим. Ҳатто тиржайиб қўйдим. Нима бўпти? Ҳаммаси жойида. Сюжет тайёр, ёзса бўлади. Долзарб мавзу – телефон безорилари ҳақида мўъжазгина ҳажвий ҳикоя қоралаш ҳам мумкин. Мана шу бўлмағур ишда йигирма рублни ҳалол ишлаб олдим.
Ҳар бир бемаънигарчиликнинг тагида ҳикмат бор, деб шуни айтсалар керак-да.
Русчадан Абдувоҳид Умр таржимаси