Милорад Павич. Денгиз тўлқинлари рангидаги ёмғирпўш (ҳикоя)

Ҳар бир инсоннинг умри давомида қайта-қайта кўрадиган туши бўлади. Масалан, менинг тенгқурларим етуклик шаҳодатномаси олишга топширилаётган имтиҳон лаҳзаларини тез-тез туш кўрадилар. Мен бу ҳолга тушмаганман. Бу ёшим билан боғлиқ бўлса керак. Мени шу кунгача бир туш таъқиб қилади. Ота-онам 1872 йили мени – ўн уч яшар болани фаранг тилини мукаммал ўргансин деб Швецариядаги ёзги курсларга ўқишга жўнатишди. Қўлимизга савдо-сотиқ маълумотномаси, коллеж ҳаёти учун зарур бўлган буюмлар рўйхатини тутқазишди. Ўғил болаларга мўлжалланган рўйхат шундай бошланарди:
* байрам ва тантаналарда кийиш учун костюм – 1 дона.
* камзул, уни буклаганда белбоғ ҳолида ишлатишга ҳам яраши лозим – 1 дона.
* уйда кийиладиган халат – 1 дона.
* ёмғирпўш – 1 дона.
* ёмғирда кийишга мўлжалланган бош кийими – 1 дона.
* бир жуфт резина ботинка – 1 дона
* денгиз тўлқинлари рангидаги ёмғирпўш – 1 дона.
* бир жуфт алпинистлар киядиган тишли ботинка – 1 дона.
* оёқ кийимлари учун қоп – 1 дона.* шахсий гигиена буюмлари солинган сумка – 1 дона.
Кетиш соатлари яқинлашди, узун рўйхат бўйича менда бўлмаган нарсаларни харид қилишга киришдик. Ишнинг охири кўринмасди. Ҳар куни янги харидлар учун дўконга чиқардик: янги камзул, калта шим, ботинка…
Машғулотларнинг бошланиш санаси аниқ белгиланган, шу боис кўрсатилган буюмларнинг катта қисмини сотиб олмасданоқ йўлга тушдик. Ёшим ва бўй-бастим янги-янги мураккабликларни келтириб чиқарарди. Ҳали уйдалигимдаёқ, сафарга чиқишдан бир неча кун олдин, менга зарур ҳамда тўғри келадиган буюмларни ахтараётганимизни туш кўрибман. Йўлда ҳам Италия, Швецария бекатларида тўхтаганимизда рўйхатда кўрсатилган нарсаларни сотиб олишга уриндик. Бироқ хаёлимда менинг ўлчамимдаги кийимлар ҳеч қачон мавжуд бўлмагандек: ўн уч ёшли болага тўғри келадиган ингичка елка, узун енгли уй халатини топиш қийин эди. Менинг ёшимдаги ўспиринларга мос шляпа ва денгиз тўлқинлари рангидаги ёмғирпўшни ҳеч қаердан тополмадик: чўнтагига герб тасвири туширилган саноқсиз кўк ёмғирпўшларни кийиб кўрдим, бирортаси тўғри келмади. Ниҳоят, ҳориб-чарчаб ахтарганимиздан сўнг белгиланган куни Оллон қишлоғига етиб келдик. Зарур буюмларнинг аксарияти – халат, ёмғир учун шляпа, денгиз тўлқинлари рангидаги ёмғирпўш ҳам менда йўқ эди. Шундан буён то ҳозиргача пешонадаги ўжар ёзиғимиз – 1972 йилда Италия шаҳарчалари орқали Триест, Венеция, Милан, Стрес, Луганога ҳайдаб солганини, денгиз тўлқинлари рангидаги ёмғирпўшни, табиатда умуман бўлмаган ғаройиб нарсаларни Швейцариянинг немис шаҳарчаларидан излаганларимиз тез-тез тушимга киради.
Узоқ вақтгача бу тушларни маънисиз ва ҳатто ёқимсиз деб ўйлаб юрдим. Маънисиз нарсаларга кўп эътибор сарфлаш, ҳатто тушда бўлса ҳам вақт йўқотишнинг нима кераги бор? Кутилмаган мўъжиза боис бу йўсинда фикр юритишдан, ўз тушларимдан хижолат бўлишдан ва денгиз тўлқинлари тусидаги ёмғирпўшни ахтаришдан халос бўлдим. 1983 йили мен ҳарбий ҳужум чоғида Юнонистон яқинидаги “Иблис тер томчилари” қишлоғига бориб қолдим. Кунларнинг бирида қисмдаги аскардан, гарчи у машғулотлар давомида, ундан сўнг ҳам бир оғиз гапирмаган бўлса-да, билдирги ёзиб беришини талаб қилишимга тўғри келиб қолди. Аскар ҳар бир топшириқни ҳеч қандай эътирозсиз бажарарди. Ундан нега жим юришини сўраганимда, биз жойлашган ернинг номланишини билиш-билмаслигимизга қизиқди. Ажабландим. Қишлоқ номи қандай маъно англатишини сўрай туриб яна аскарнинг ўзи қўшиб қўйди: 1355 йил декабр ойида “Иблис тер томчилари” қишлоғида серб императори Душан вафот этган экан. Тақдир тақозоси билан бу жойга келиб қолган аскар кун давомида марҳум ҳарбий қўмондонни хотирлаб, бир оғиз гапирмасдан кунни тик оёқда ўтказишга аҳд қилибди. У шу йўл билан ўзининг ҳарбий қарзини адо этмоқчи бўлибди. Суҳбат давомида биз билдиргидан тортиб, “Иблис тер томчилари” мавзуси атрофида айландик.
— Тангри уч қават нур билан қоплангани каби инсон ҳам уч қават тер билан ўралган, – дея гап бошлади аскар. – Уч тер ўзида уч хил ўрамни ёки аниқроғи, қоплама ва астарни акс эттиради. Бу ўзида уч қаватли ёмғирпўшни ифодалайди, гўё. Биринчи тер ёки ёмғирпўш, моҳиятан, ҳамманинг чекига тушади, умумий аслиятимиздан андоза олган. Бу тер инсонлар вужудига урушлар ва бузғунчиликлар даврида қуйилган бўлиб, эгнимиздаги либосларимиз шундан бичим олган. Тер томчиларининг бу турини китоб мундарижасига ўхшатса бўлади, умуман, янги китоб муқоваси остида унга тамоман даҳлсиз бошқа бир китоб жойлашгандай. Иккинчи тер ёки ўрам – оила ва уруғнинг талабларидан келиб чиққан. У биринчи терга шу қадар мувофиқки, ҳар бир қоплама моҳиятига кўра ич кийим уст кийимга мос келганидай тўғри келиши лозим. Бу айни пайтдаги оила ва насл-насабга тааллуқли алоқаларнинг асли – ҳалоллик дарси ёки таҳликасидир. Сирли китобни ошкор қилиш керак, холос. Учинчи тер ёки ёмғирпўш астари шахсимизни ўзида гавдалантиради, вужудимизга қоришиб кетади. У умумий эмас, ҳар кимнинг ўз тери, ёмғирпўшнинг эски қаватидан назар ташланганда кўзга чалинмайди.
Учинчи тер илоҳий китоблардаги каби бизнинг эртанги кунимизни башорат қила олади. Одам — уч бора чоп этиладиган китоб, бироқ у нима сабабли терга ботганини ҳеч ким билмайди.
Суҳбатдошимнинг кутилмаган фикрларини тинглаб, ўзимни ўраб турган уч ўрам, ёмғирпўш астарининг сир-асрорларини излашга киришдим.

Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси