Мелис Абакиров. Қатағонда ўтган болалик (ҳужжатли қисса)

Болқор ёзувчиси Алим Теппеевга бағишланади.
Муаллиф

«ШУМҚАДАМ»

Тетапоя бўлгандан бери Алининг эш тутгани-ю, бор дунёси — бу унинг улуғотаси — бобоси. Улуғотасининг мадори ҳам, бу дунёдаги овунчоғи ҳам, олти яшар набираси Али. Унинг ёшидагилар эртадан кечгача ошиқ отиб, чиллак ўйнаб кўча чангитишади. Алининг эса тарбияси бошқача. Овунчоғи ҳам, ўйини ҳам улуғотаси. Бобосининг этагига ёпишганча ёнидан жилмайди, қилган юмушидан, босган-турганидан кўз узмасдан ул-бул нарсасини ушлашиб, ёнида юргани-юрган. Авайлаб-асраган онаси, пешанасидан силаб эркалатган отаси бўлганми ё йўқми — эслай олмайди. Фаҳмлагани бувисини эс-эс билади ва унинг ҳам бошқалардақа отаси ҳам, онаси ҳам бор. Буни бир марта ўзларининг уйи ёнига ўйин истаб келиб қолган ундан ёши каттароқ бир гала болалар қуршаб олиб, сўроққа тутишганда билиб олган.
— Исминг Алими? — деди салобатлироғи.
— Ҳа, мен Алиман.
— Сен афанди билан яшайсанми?
— Афанди-мафандингни билмайман. Мен улуғотам билан яшайман.
— Тентак, билсанг ўша улуғотанг — афанди. У ёт унсур, — деди салобатлироғи катта ёшдаги фаоллардан эшитган сўзини такрорлаб.
— Онанг қаерда эканлигини биласанми? — деди яна бири.
— Билмайман.
— Билмасанг, билиб ол, у — қочоқ, қорачойларга қочиб кетган.
— Отанг қайда эканлигини биласанми?
— Билмайман, — деди Али.
— Билиб ол, у ҳам қочоқ, қочиб кетган сванларга, — деди тентак бола катталардан эшитган сўзларини айтиб масхаралагандек.
— Йўқол бу ердан, — деди Али ердан муштдек тошни шахт билан олиб, шиддатли важоҳати билан. — Йўқол, бошингни ёраман. Йўқол бу ердан!
— Бу ёмонлик олиб келган шумқадам бола. Ёнига борманглар, касофати уради. Шумқадамдан қочинг. Кеттик, — деди тентак дастёр бола.
“Шумқадам”, бу сўзга тушунмади Али. Бобосига келиб болалардан эшитган сўзни сўради.
— Улуғ ота, болалар мени шумқадам дейишди. Шумқадам қанақа бола?
— Ким айтди уни? Қайси тумшуғи билан сув ичган ҳайвоннинг боласи айтди?! — деб хижолат тортди улуғотаси.
— Мен унинг ким эканлигини билмайман, — деди Али.
— Ким айтса ҳам унинг онаси — эчки, отаси — ҳайвон.
— Улуғ ота, сизни афанди дейишди, масхаралашди.
— Бекорларни бештасини айтибди ўшалар. Афанди дегани яхши сўз. Болаларга билим берувчи ўқимишли одам. Ҳозирги муаллим деган сўзни билдиради, яхши бола, Али. Яна нималар дейишди, ўша онаси — эчки, отаси — ҳайвоннинг болалари?
— Яна, онанг — қочоқ, қорачойларга қочган дейишди. Яна отанг ҳам қочоқ дейишди. Сванлар орасига кириб кетган, дейишди.
Бобосининг ҳоли қуриди. Набирасига айтилмаган сир эди бу ҳали. Айтмайман, эс-ҳушини йиғиб, йигит бўлгунга қадар, деб юрар эди. Мана энди, эл оғзига элак тутиб бўлмас, деганларидек, сир ошкор бўлди-қўйди.
Ўғли Билол — Алининг отаси, овулнинг кўрки бўлган келишган йигит эди. Отга учиб минган, от ёлига ёпишган ҳолда чопиб бораётиб отнинг тагидан айланиб ўтиб, яна эгарга ўтириб, ҳунар кўрсатган ҳақиқий тоғ йигити эди. Йигитлар билан баҳслашиб қолса, иккала қўлида тик турганча юз қадам жойга қўли билан юриб, бориб келар эди.
Ёт тўйларда ғижжак овозига қўшилиб, лезгин рақсларига ўхшаш “Тўғри босиш” ва “Исламей” рақсларига оёғи-оёғига тегмасдан чир айланиб тушганида, бошқалар четга чиқиб: “Қарс, Қарс!” деб қичқирганча, қарсак чалишиб, ўртага олишар эди. Мана шу ўғли овулдаги бадавлат—авлоди тоғ бийи бўлиб юрган Қулибекнинг қизи Зулихатни олиб қочганча, ғойиб бўлди. Ўшанда қандайгина жанжаллар бўлмади дейсиз. Қайнотаси Қулибек ҳам, қудалашиб гаплашиб юрган оқсуяк йигити Заурбек ҳам йигитларни тўплаб, ортидан қувиб топиша олмади. Билол бўлса, Минг-Тоғнинг фақат овчилар бора оладиган бир дарасида, ғорда беркиниб яшаб, келин ҳомиладор бўлиб қолган пайтда қайтиб келди. Қанча марталаб: “Бўлар иш бўлди, ўлдирсангиз мана ўғлим, йўқ, набирани омон асраб олайлик десаларингиз, келин бизники бўлсин” — деб совға-саломлар бериб юриб, адоватни зўрға бости-бости қилишган. Али туғилгандан кейин олти ой ўтмасдан келинчак, зўрликка одам кўнармиди, фарзандига ҳам қарамасдан, уни — Алини бешикка белаган бўйича ташлаб, қоронғу тунда Заурбек билан Қизил-Ер — қорачойларга қочиб кетишди. Олти ойлик Алининг бувиси, у пайтлар тирик эди. Соният эчки сути билан катта қилди. Номусидан куйиб кул бўлган Билол овулга ҳам, Болқорга ҳам сиғмасдан, Сванетияга бош олиб кетиб, у ердан нари уч йилдан кейин уруш бошлангач, Қизил Армия сафига кирганини маълум қилган. Ўша бўйича дараги йўқ. Қабарда билан Болқорни фашистлар босиб олишганда Заурбек Нальчикда немисларга хизмат қилиб юрибди, Зулихат эса зобитнинг хотини бўлиб гердайиб, одамни менсимайди, деб шаҳарга қатнаган айрим одамлар гап қилиб юришди. Темир йўлдан олисдаги дара ичидаги овулга фашистлар келгани ҳам йўқ. Уларнинг зўравонликлари ҳақида эшитиб, калима келтиришиб, Оллоҳ ўзинг сақлагин, деб паноҳ тилаб юришди овулдагилар. Тирикчилик эса уруш-пуруши билан чатоғи йўқ, ўз маромида ўта берди. Куни битганлар ўқсиз ҳам бу дунё билан видолашаверди. Алининг бувиси ҳам Али тўрт ёшга чиққанда, насибаси битган экан, набирасини бобосига ёлғиз ташлаб кета берди. Овулдаги оғзи бўшларнинг Алини “шумқадам бола чиқди” деган висир-висир гапларини ёш-яланг эшитмайди, деб ким айтади. Энди бу гап набирасининг қулоғига етганидан бобо хомуш тортди.
— Яхши, болам, — деди улуғотаси унга, — сен ўйнаб сувга сиядиган ёмон, аҳмоқ болалар билан ўйнама. Улар қаёқдаги бўлмағур сўзларни болаларча айтаверишади. Сен эса ақлли боласан. Ҳаммасини тушунасан. Эсингда бўлсин, у қулоғингдан кириб, бу қулоғингдан чиқиб кетмасин тағин! Сен қадами қутлуғ боласан. Чунки сени бизга Оллоҳ бизнинг авлодимизни — Ўразбойнинг наслини давом эттирсин, деб атайлаб юборган. Сени Минг Тоғнинг чўққисида яралишингнинг ўзида бир хислат бор. Сен севгидан эмас, юлдузларнинг шуъласидан яралгансан. Сен бир ҳовуч молқор халқини биттага кўпайтирган қадами қутлуғ боласан. Буни ҳеч қачон унутмагин. Унутмайсанми, ўғлим!
— Унутмайман, улуғота.

УЛУҒОТАНИНГ ТАЪЛИМИ

Тоғ орасидаги дара тўрида кичкинагина қишлоқнинг бошланишида қояли тошларга қадаб солинган, таги тош билан бир хилда кўтарилган, айвони нақшинкор устунлар билан безатилган улкан ёғоч уйда Али эсини таниганидан буён улуғотаси — бобосининг айтганларини чала-чулпа тушуниб, ўзининг кўрганларини болаларча соддалик билан англай бошлабдики, фақат иккисигина бирга яшайди. Уй ичини супуриб-сидирган ҳам, кир-чирларни ювган ҳам, ҳаттоки сигир соғиб, эрталабки сутини кувда пишиб, пишлоқ ясаган, кечки сутни пишириб, айрон ивитган, товада хичин, қозонда шўрва пиширган ҳам — бобоси. Ақлини танигандан буён ғаройиб эртак ва афсоналарни, халқ ўланларини ўргатиб, оз-оздан бўлса ҳам қалбинга жо қил дегандек боланинг хотирасига қуйди.
Улуғотаси Маҳмуд оддий киши эмаслигини Али фаҳмлайди. Гоҳо қўли ишдан бўшаб қолганда ёки набирасини ухлатгандан кейин токчада турган иккита йигирматалик, муқовалари эскирган, қоғозлари сарғая бошлаган, айримлари араб ҳарфлари билан ёзилган китобларининг бирини олиб ўқиб қолар эди. Али бобосининг таржимаи ҳолини ҳозирча билмайди, уни улуғотасининг ўзи ҳам айтганича йўқ ҳали.
Бобоси Маҳмудни Али угина эмас, унинг отаси Билол бу ёруғ дунёга келмасдан ярим аср бурун, буваси: “Барча Ўразбой авлоди болта-теша билангина кун кўрадими, тоғ бийларининг болаларидек кўзи очилиб, қоғоз-қалам ушлаб, катта жамоага аралашсин” деган истак билан мадрасага бериб, билимли қилганини, бобоси ҳудудда танҳо бўлган мусулмон мактабида мударрис — муаллим бўлиб ишлаганини, шўро ҳукумати ўрнатилгандан кейин ликбезда катта ёшдаги одамларнинг саводини чиқарганини, овулларда ёппасига очилган қизил мактабларда болаларга дарс берганини, диний мактабда билим олган мударрис сифатида қизил мактабдан ҳайдалганини, Ўразбой наслининг тақдирига битилганми, ҳарқалай яна ота-боболаридек ёғочсоз бўлиб колхозда ишлаганини, немислар босиб олганида колхози ҳам тарқалиб, якка хўжалик бўлиб вақт ўтказиб юрганини норасида бола қаёқдан билсин.
Бобосининг таълими соддагина, доимо набирасига сўзлаб беришни ёқтиради. Али ҳам қулоқ солиб эшитаверади. Бирини тушунади, бирини тахмин қилади, бироқ болага ўхшаб, у нима деб сўрамайди, сўраса анқов демасин, дегандек. Одамни одам қилиб ҳайвонлардан фарқлаган нарса меҳнат, ундан сўнг эса ҳунар, дейди бобоси. Меҳнат қилмаган жонзотнинг ўзи йўқ, ғимирлаган чумоли ҳам эрта тонгдан то кечгача ишлайди, ишламаса ҳаёт тамом бўлади. Одамнинг улардан фарқи —меҳнат билан ҳунарни уйғунлаштирганида. Ҳунар билим билан келади. Билим эса кўп ўқигандагина пайдо бўлади. Шунинг учун инсон барча мавжудотдан юқори, уларга хўжайин. Меҳнат билан ҳунар одамнинг тақдири билан бирга яралган, унинг пешанасига ёзилган. Али улуғотасининг айтганларини қалбида сақлашга ҳаракат қилади.
Меҳнат билан ҳунар, билим улуғотанинг такрорлаган сўзлари. Бажарган ишлари ҳам айтганларининг исботи мисол. Овулдаги уйларнинг ҳовлисидаги супаларнинг безакли ёғочлари, эшик-деразалари, ўймакор дарвозалар, ёғочдан ясалган уй жиҳозлари: пастак хонтахталар билан ўтирғичлар, сирли косалар билан ёғоч қошиқ-чўмичлар, ёғоч кувлар, равон тебранган бешиклар, чиғириқли дуклар улуғотасининг қўли билан яратилган эди. Овулдагиларгина эмас, қўшни овулдагилар ҳам ўрикдан ясалган буюмларга совға-саломлар бериб, ҳаққини тўлашиб, харидор бўлишар эди. “Устоз — афанди ўғил кўрган эдим, дуоингиз тегсин, сиз ясаган бешикда чақалоқ мириқиб ухлаб, тез улғаяди дейишади, битта бешик ясаб берсангиз” деб қанчалари келишмади. Бунақа пайтда ҳеч ҳам йўқ демайди.”Болқорлар яна биттага кўпайибди, йигит бўлиб улғайсин”, — дейди. Улуғотаси бундай буюмларни етти ўлчаб, бир кесиб дегандек, такрор-такрор кўз билан чамалаб, ўйиб-йўниб, ошиқмасдан қиёмига етказар эди.
Ҳув ёшлигидан, мадрасада ўқиган пайтидан одат бўлиб қолганлиги боисидан эмас, шахсий эътиқодида покизаликнинг, тани-сиҳатликнинг, тўғри фикрлашнинг ва ўйлашнинг энг содда, оддийгина йўли деб тушунган устоз-афанди, обдастасидан сув аритмасдан, таҳорат олиб, беш вақт намоз ўқир эди. Гард юқтирмасдан покиза юрган, бошқалардек бўлиб соқол-мўйловини ўстирмасдан, дамба-дам текислаб, мўйлов билан соқолни одамнинг кўрки деб ҳисоблаган бу тақводор, сипо юрган, оғзидан бирор марта ҳақорат сўз чиқмаган, овози ҳам ҳаводек ёқимли, гапирса булоқ сувидек шилдираб турган бу уста-афандини обрўли қариялар ёшлари катта бўлишларига қарамасдан қадрлаганларини билдириб, эгилиб салом беришса, қишлоқ фаоллари, комсомоллар мулла, кўпчиликдан бўлинган ёт унсур дегандек муомала қилишиб, гаплашиш эмас, ҳатто, саломлашишдан қочган пайтлар ҳам бўлган.
“Ҳар бир даврнинг, ҳар бир ҳокимиятнинг ўз хусусияти бор. Яхшилиги билан ёмонлиги бор. Одамгарчилик ҳаммасидан устун туради. Уни йўқотган одам тумшуғи билан сув ичган ҳайвондан фарқи йўқ”, — деб қўярди ҳар замонда.
Баъзан кайфияти чоғ, ясаган буюми бежирим чиқиб, ўзига ҳам ёқиб қолганда, ҳордиқ чиқариб ўтириб, шеър китоблардан, кўпинча ўзи кўчириб олган, ё эшитганини ёзиб қўйган қалин муқовали қора дафтарини очиб, араб ҳарфлари билан садафдек тизилиб, чиройли ёзилган шеърларни ўқиб берар эди набираси Алига.
Бу шеър болқор деб туғилиб, болқор деб яшаган, элим деб куйиб-ёнган, болқор элининг фахри Қиязим Мичевнинг шеъри. Тингла:

“Мақтанманг, тоғ бийлари ва бойлари,
Сизлар ҳам биз каби Худо бандаси.
Абадий бу дунёда яшамас ҳеч ким,
Бу — ҳақиқат, биласиз-у тонасиз.

Қолмас бойлик, қолган эмас мансаб ҳам,
Қанчалик уринманг, асло қолмагай!
Қолса қолади, ортингдан якка-ю ёлғиз
Қилган яхшилигинг — элимга деган”.

Алининг, олти яшар набирасининг, иякларига икки кафтини тираб олиб тинглаётганига Маҳмуднинг кўнгли тоғдек кўтариларди, худди Али унинг бутун фикрини тушуниб тургандек.
— Дуруст айтган-а? — Набирасидан сўраб қўяди. Боши билан тасдиқлайди набираси.
— Дурустгина эмас, энг зўр айтган. Бироқ, мана бу шеърни ким айтганини билмайман.
Лекин буни ҳам Қиязимдек болқор деб куйиб-ёнган болқор ёзган. Тингла, йўқ тинглабгина қолма, мияга ўрнаб қолсин. Ухласанг ҳам унутма. Дилингда такрорла.

Жафода элинг қолганда,
Тилингни кесиб олганда,
Сўнгги бора айта кет,
Молқорли тилда — Болқорда.
Кўҳиқофда юртинг қолганда,
Кўзингни ўйиб олганда,
Қорачиқда кетсин хат бўлиб,
Минг-Тоғнинг таги — Болқорда.

Бу шеърни дафтардан ўқимайди улуғотаси. Уни негадир ёддан айтади. Овози ҳам бошқача, товуши ҳам қалтираб кетади. Бошқа қанча-қанча шеърларни китоблардан ўқигандан кейин ҳам такрорлайди бу шеърни. Гоҳида улуғотасининг кўзларида ёш йилтиллаганини фаҳмлайди Али. Ичида эса Қиязимдек болқор деб куйиб-ёнган болқор ким экан?! Балким у улуғотасининг ўзи бўлмасин деб ҳам шубҳаланар эди Али. Сўрамоқчи ҳам бўлади, лекин ким ёзганини билмайман, деб айтмабмиди, деб тортинади ҳам.
— Улуғота, болқорлар жуда ҳам кўпми? Ким ёзгани номаълум бўлса?
— Болқорларми? Кўп ҳам, оз ҳам.
— Қандай қилиб, — деб сўрайди Али.
— Кўп эканлиги, Одам Ато билан Момо Ҳаводан бери яшаб келаётганлиги. Жуда ҳам кўп. Жуда ҳам озлиги, биз қабардалардан бир неча марта озмиз, аварлардан ҳийла озмиз, сванлардан ҳисобсиз озмиз, чеченлардан чексиз озмиз. Жуда ҳам озмиз.
— Унда қанча?
— Бешта ўн минг — эллик минг…
— Ўҳ-ў, жуда ҳам кўп эканмиз-ку.
— Кўпмиз, тўкилиб-сочилмасак, кўпмиз, яхши ўғлим, кўпмиз..
— Ҳаммасидан кўп ким!
— Ҳаммасиданми? Ҳаммасидан кўп юлдузлар, ўғлим, юлдузлар…
Уйқу олдидан баъзан ўйга ботади Али: “Ўҳ-хў, биз болқорлар қанчалик кўпмиз; санасанг адоғига етолмайсан. Қачон мен шунча болқорни кўриб чиқа оламан, санагунча ўзи қанча кунлар ўтади? Қанча кун кетар экан-а?..”
— Улуғота, уйқу келмаяпти.
— Келмаса чақир, ўғлим, довон ошиб кетмасин тағин.
— Қичқирсам овозим етмай-ку.
— Сен қичқирма, ўғлим, оҳистагина шивирла. Ундан илтимос қил.

Уйқу, уйқужон, ширинсан мунча,
Ширинсан сен болдан ҳам.
Эрта ётиб, тураман эрта.

Кулги бўлмай дўстларга, — деб сўра. — Сўнгра ичингда иккита йигирмагача сана. Уйқу қайтиб келиб, сени тебратади. “Эрта турган кишининг ўйноқи оти қулун эргаштириб келади”. Кун чиққунга қадар ухласанг, ризқингдан қуруқ қоласан. Ухла, ширин болам, ухла.
Али дарров ухлай олмайди. У улуғотаси айтган ҳаммасидан кўп юлдузлар нечта экан, деб тубсиз ўйга чўмади.

СТУДЕБЕКЕРЛАР

Танклар! Танклар!
Кўчанинг чеккасидан, туман марказига қараб кетган йўл томондан, жилға кенгайиб, шудгор бошланган водийдан қишлоққа томон жилиб келаётган шарпаларни кўриб қолган болалар қичқиришмоқда эди.
Раис Рамазон-партизаннинг таклифи бўйича 8-Март — Халқаро хотин-қизлар байрамини нишонлаш учун йиғилганларнинг кайфлари бошидан учди. Бироқ, тезда ҳушларига келишиб, ўзларини ўнглаб олишди. Ахир, фашистларни ўтган йилнинг кузидаёқ, октябр ойида Қабарда Болқордан бутунлай қувиб чиқиб, ҳатто, ҳозир уларни қаҳрамон Қизил Армия ўз уясида янчаётганини райондаги радиодан эшитганлар айтиб келишаяпти-ку. Фашистлар болқорларни икки йилга яқин қамалда ушлашганда ҳам бу қишлоққа танклар келмаганини ҳамма яхши билади. Фақат қарияларигина қолган қирқ-элликта оиладан иборат, партизанлари йўқ бу қишлоққа босқинчилар ҳам икки йилга яқин келган эмас. На ҳарбий, на стратегик аҳамиятга эга бўлмаган қишлоқ сифатида унга тегишмаган. Энди яна бошқатдан колхоз деб аталган, эски чаласавод фаол Рамазон-партизан раис бўлиб тирикчилик қила бошлаганларига ярим йил бўлмасдан, баҳорги шудгорлашга тайёргарлик кўришаётган бир пайт қаёқдаги “танклар” деб ҳайрон бўлишди катта ёшдагилар ҳам.
— Ҳа, булар — судабекерлар, яъни машиналар экан-ку. Дўст сифатида Американинг СССРга берган ёрдами, — деди Рамазон-партизан раис. — Уруғлик дон олиб келаяпти бизга, — деб қўшимчалаб ҳам қўйди.
— Олдингисида тўла милтиқли аскарлар ўтирганга ўхшаяпти, — деди биров.
— Дон олиб келаётган бўлгандан кейин, қўриқлаб олиб келади-да, — деди Рамазон фаол. — Қаршилаб кутиб олинглар, болалар, “ураа”лаб, — деб қўшимчалаб қўйди.
Болалар ғиззиллаганча чопиб кетишди “ураа”лаб, қаршилагани.
— Ураа! Ураа! Бизнинг Қизил Армия!
— Яшасин, Қизил Армия!
— Яшасин, судабекерлар! Судабекерлар яшасин!
— Тумшуғи танкка ўхшар экан-а!
— Йўқ, тумшуғи зотдор буқадай экан!
— Вуй, ғилдираги ўн иккита экан!
Болалар пойчаларигача лойга ботишиб, баҳорги ботқоқ йўлда гуриллаганча лой сачратиб келаётган автомашиналарни қаршилаб чопиб кетишди. Қишлоқнинг чеккасига тўхтаган “Студебекерлар” тўртта экан. Олдингисида, борти баланд автомашинада, болалар баъзан райондан қишлоққа миниб келиб қолишганда кўриб юришган полуторка — “зис”га нисбатан бузоқнинг ёнидаги буқадай кўринган “Студебекер”да сафланиб тизилиб ўтиришган, карабинларининг найзаларини чиқариб олишган йигирматача аскарни кўришди. Кабинадан калта оқ тунли зобит чиқа солиб, болаларга русчалаб қичқирди:
— Орқага! Отаман, орқага! — деб камаридаги ғилофдан тўп-пончасини олиб, осмонга қаратиб, “тарс” дегизиб отиб юборди.
“Ураа”лаб қичқириб борган болалар возиллаганча ортга бурилиб, лой сачратишганча, сайғоқ чаққан бузоқдан ҳам баттар чопағон бўлишиб, йўл ўртасида туришган катталардан мадад кутишгандек, уларнинг орасига кириб кетишди. Тўртта аскарни йўлнинг охирида қолдириб, қолганларини сафга тизиб олиб командир тўпланишганча қўрқиб-пусиб турган катталарнинг ёнига келди.
— Кто старший?! (Катталаринг ким?!) — деди рус командир.
— Я, ест председател колхоз, — деди ғўлдираган Рамазон-партизан,
— Приказ! От имени Верховного главнокомандующего, великого Сталина! (Буйруқ! Олий Бош қўмондон, улуғ Сталин номидан!) — Ва русчалаб давом этди: — Бугундан эътиборан, шу соатдан бошлаб, ҳамма болқорлар депортация қилинади. Бирорта одам, бола ҳам қишлоқдан чиқарилмайди. Қочишга ҳаракат қилсангиз, менга берилган буйруққа биноан оттириб юбораман: катта сифатида сиз ҳаммага тушунтиринг. Икки соатга енгил-елпи буюмларингизни ҳамда ҳужжатларингизни олиб чиқишга рухсат бераман, икки соатдан кейин бирорта одам қолмасдан, ҳамма машинага ўтиради. Бу депортация дегани, тушундиларингизми?! — деди командир.
“Депортация” нима эканлигини Рамазон-партизан раисдан тортиб ҳеч ким тушунгани йўқ. У командирга:
— Я не понимаю, что есть допортация, — деди.
— Депортация — это приказ! — деди командир.
— Рамазон-партизан раис ҳам, унинг ёнида турганлар ҳам тушунишгани йўқ бу сўзни. Кўпчиликнинг йиғилганини кўриб, қишлоқнинг четидан ҳалигина набираси Алини етаклиб келган Маҳмуд — афандига мўлтираб тикилганча, Рамазон-партизан раис унга мурожаат қилди:
— Муҳтарам афанди, бу улуғ сўзни сиз тушунтириб берсангиз, биз эшитмаган эканмиз.
— Бу улуғ сўз эмас, Рамазон-партизан раис, бу катта қиёмат деган сўз. Қатағон сургун, ўз еридан бадарға қилинмоқ деган сўз, халойиқ.
Чувиллаб юборди кўпчилик.
— Прекратить агитацию, старик! (Тўхтат ташвиқотингни, ҳой чол!) — деди командир Маҳмуд афандига тикилиб.
— Извините, я только перевёл на родной язык слова “депортация” (мен она тилимда депортация деган сўзнинг таржимасини айтдим), — деди рус тилида дона-дона қилиб Маҳмуд афанди.
— Роппа-роса икки соатдан кейин ҳаммангиз йўлга керакли буюмларингиз билан шу ернинг ўзида тўпланасиз. Эслатиб қўяй, ҳамма уйни тинтиб чиқамиз! Яшириниб оламан ёки қочиб кетаман, деб хаёлингизга ҳам келтирманг. Агарда бирорта одам яширинса ё қочса, сен, колхознинг раиси жавоб берасан, отиласан. Икки соатдан кейин ҳамманинг шу ерда бўлишини таъминлайсан, — деди командир Рамазон-партизан раисга. Кейин аскарларни ажратиб йўлнинг бошига, ташқи томонларга соқчи қўйди.
Мол-ҳол, уй-жойлар нима бўлади, деган ўй-хаёлларга келмасдан, ҳар ким зарур буюмларини тўплаб, қопга солиб, матоларга тугиб, чамадонларга тиққанча шошарди. Икки соатдан кейин бола-чақадан тортиб, ҳар бири елкаларида ўтин кўтаргандек буюмлари солинган боғламларни, қопларни кўтариб, қўлларида чамадонлари ва хуржунларини ушлаганча, “Студебекерлар”га тиқилиб чиқа бошлашди, гўё қолиб кетса отиб ташлашадигандек. Тўла тиқиштириб юк юклагандек тўртта “Студебекер” — ортиқча юкланган оғир юкни тортишга қийналиб, гўё қишлоқ билан хайрлашаётгандек, увиллаб, гуриллаб йўлга тушди.
— Алвидо, алвидо, киндик қоним тўкилган замин, аждодларим қабрлари. Қайтиб келамизми, келмаймизми, ҳокимиз қўйиладими, қўйилмайдими, яхши қолинглар, яхши қолинглар, — деди Маҳмуд афанди имом азон айтаётгандек овозини чўзиб ва мунгли оҳангда.
Бу нидодан хотин-халаж ва бола-чақа уввос солиб йиғлаб юборди. Уларнинг унига “Студебекер”ларнинг увиллаган овози жўр бўлиб, адоғи йўқ темир йўлга томон олиб кетарди.

ЮК ВАГОНИ БИЛАН

Маҳмуд афандининг: “Алвидо, алвидо, киндик қоним тўкилган она замин. Қайтиб келамизми, келамаймизми аждодларимиз мозорларига, биргина Оллоҳга аёндир”, — деб айтган сўзларига қариялар бир уввос солиб олишгандан кейин ҳар ким ўзи ҳақида қайғуриб, ўз тугунларини эҳтиётлаб, атрофига жамлаб, ўзига қарашли одамга яқинлашиб, автомашина кузови полига ўтириб олгач, ҳар қандай шароитда ҳам яшаш зарурлиги ҳақида ўйлаб, маъюс тортишди. Энди уларни қўриқлаб бораётган аскарлар уларга ҳам буйруқ бериб юрган командир айтган томонга юриб, айтганини бажаришга мажбур эканликларини ҳис қила бошлашди.
Али ҳам ҳурпайиб қўрққани билан, қишлоқдан бир қадам бир ёққа чиқмагани учунми ёки ёшлигидан ҳар нарсани билишга қизиқувчанлигиданми, “Студебекер”га чиққандан буён бошқа номаълум нарсаларни кўраман, деган қизиқиши унга тинчлик бермасди. Улуғотасининг қўлтиғидан бошини чиқариб, ёғоч борт тирқишидан атрофни томоша қилиб борар эди. Қояли тоғ, дара, кейин пастлаганда у ер-бу ерида қор ётган адирларгина кўринади. Кўп вақт ўтмасдан оқшом тушиб, баҳорнинг майин ели юз-бетларни чимчилай бошлади. Бир зумда атроф қоп-қоронғи бўлиб, машина чироқларининг ёруғи дам баланд, дам паст бўлиб борар эди. Баҳор ҳавоси эканлигиданми, осмонда юлдузлар ҳам бедарак.
— Нальчикка келдик шекилли, — деди бир пайт улуғотаси ҳар-ҳар ерда электр чироқлари ёниб турган икки қаватли бинолари бор кўчадан ўтаётганда. “Студебекер”лар тўхтаган пайтда, чор атрофни қараб, ҳамма билсин дегандек: — Темир йўл вокзалига келдик. Вагонларга чиқаради шекилли, — деди.
Бир пас жим қолишди. Аскарлар ҳеч кимни ерга тушгани қўймади. Кабинадан тушган командир вокзал ичига кириб кетганча узоқ вақт кўринмади.
— Улуғота, қовиғим тўлиб кетди, — деди Али улуғотасига шивирлаб.
— Чида, эсли болам, чида, — деди улуғотаси. Сўнг ҳамма эшитсин дегандек овозини баландроқ кўтариб қўшимча қилдик: Ҳаммасига чидашга ўрганинг! Биз энди ўзимизга ўзимиз хўжайин эмасмиз. Эркимиз қўлимизда эмас. Биз қатағон қилинган, сургунга ҳайдал-ганларданмиз. Бошга не тушса, чидашга мажбурмиз, биродарлар.
Командир келиб олдидаги машинага ўтириши билан “Студебекер”лар перрон билан ёнма-ён кетган темир йўлда тўхтатиб қўйилган юк ташувчи вагонлар уланиб турган ерга келиб тўхтади.
— Ҳамма тушсин, — деди кабинадан чиқиб командир. — Соқчилар, ўн қадам нари бориб постга туринг! Ҳеч ким ҳеч қаёққа жилмайди! Сизлар бўлса, бўшаниб олинглар, ҳожатхона йўқ бу ерда. Очиқ ерга-очиқчасига ўтира беринглар. Вагонларда ҳам йўқ. Эртага саҳарлаб далада тўхтагунга қадар биратўла бўшаниб олинглар, вагонлар ичини ифлос қилмаслик учун. Беш дақиқа муҳлат, кимда ким ўн қадамдан нари борса, дезертир сифатида отилади.
Бу дастлабки шармандалик, мислсиз хўрлик эди. Чоллар, йигитлар билан ўспиринлар, кўпчилик хотин-қизлар билан кампирлар қандай қилиб беш-олти одим ерда, қоронғу бўлса ҳам, қандай қилиб ҳожатларини ёзади? Ҳеч ким ўрнидан жилмасдан, ҳамма тош қотиб турар эди.
— Биродарлар, — деди Маҳмуд афанди қондошларига йўл кўрсатгандек, — командир саҳаргача ҳожатхона йўқ ва бўлмайди ҳам деди. Шунинг учун, шариатнинг йўлини билган, мусулмонча ўқиган мударрис сифатида айтаманки, ҳадисларда ҳар бир мусулмон бандасига, эркакми у — аёл эканлигига қарамасдан, заҳар танг қилиб, иложи йўқ пайтларда таҳоратни бузишга изн берилади. Бу — катта гуноҳ эмас. Чорасизликдан мажбур бўлинди, деб талқин қилинади. Заифалар нарироқ, эркаклар эса бундайроқ жилиб бориб, катта ҳожатдан бўшаниб олинглар.
Бу сўзлар ҳаммани ҳушига келтиргандек бўлди. Аста-секин тўп-тўп бўлиб бўлиниб кетишди. Бу — ор-номус топталган илк кўргулик эди.
— Ҳар бир вагонга эллик кишидан — биринчи-иккинчи машинада ўтириб келганлар битта вагонга, учинчи-тўртинчи машинада олиб келинганлар битта вагонга чиқинглар, — деб командир фармойиш берар экан, вагонларнинг катта кишининг кўкраги сатҳидан дарвоза каби катта эшикларини аскарларга очдириб, ҳар бир вагондан михланган иккита тахтани зина сифатида туширтириб, суяб қўйдирди. — Cухой паёкларингни ҳамда қайноқ сувни эрталаб берамиз, — деб қўшиб қўйди командир.
Вагон ичига кирилгандан кейин эшик ташқаридан шарақ эттириб сурилиб ёпилди ва қулф солинаётгани ичкаридагиларга эшитилиб турди.
— Маҳмуд афанди, сиз кўзи очиқ, кўпни кўрган одамсиз, бизни қаёққа олиб боришади? — деб сўради катта ёшдагиларнинг энг қариси Қули қария.
— Жоним ёшулли, мен ҳам кўп нарсани била олмай қолдим. Мен ҳам кўзи сўқир, қалби зил бандаман, ҳозир, — деди Маҳмуд афанди.
— Ҳалигина сиз, афандим, қишлоқдан чиқар пайтда, командирнинг русча сўзини тушунтириб эдингиз-ку, — деди Қули қария такроран. У Маҳмуд афандидан аниқроқ маълумот олишни, илиқроқ гап эшитишни истаётган эди.
— Ёшулли, мен депортация сўзини молқорча айтиб бердим. Эшитдинглар. Бу дегани Ватанни ташлаб қатағон қилиниш, сургунга ҳайдалиш деган маънони англатади. Сургунга эса қаёққа ҳайдашларини сиз ҳам биласиз, ёшулли, — деди Маҳмуд афанди.
Билишга-ку биламиз, афандим. Оқ подшо даврида абираеглар, кейин қўзғолончилар Шиберга ҳайдалар эди. Замон ўзгарганми, афандим?! Шўро ҳукумати бутун халқни, ҳеч қандай гуноҳсиз халқни Шиберга ҳайдайдими? Ёки оқ подшо даври қайтиб келдими? Шуни билмоқчи эдимда, афандим.
Бу Маҳмуд афанди изоҳлай оладиган жавобини тўғри берадиган савол эмас эди. Аммо юпанч бўладиган сўз айтиши керак эди ёши улуғ Қули қарияга, қолганлари ҳам эшитсин буни.
— Ёшулли, бошимизга қоронғу кунлар тушган. Қонли уруш тўрт йилга чўзилиб кетди. Шунинг касофати бутун юртга урди. Бизга ҳам урди, ёшулли. Бу — урушнинг касофати.
— Тўғри, Маҳмуд афанди. Буни мендек оппоқ соқол чол эмас, тирранча ёшчиқ ҳам билади. Йигитларимиз жанг майдонида юришибди. Менинг ўғлим ҳам қизил командир. Қанчаси қурбон бўлди. Рост, немислар икки йилга яқин ҳукмронлик қилишди. Одамларимизнинг қанчаси тоғда Рамазондек партизан бўлишди. Немислар ҳайдаб чиқарилганига олти ой бўлди. Колхозлар яна ишлай бошлади. Халқда, бизда нима гуноҳ, шуни афандим, билмоқчиман, холос.
Оғир савол ташлади ёши улуғ Қули қария.
— Ёшулли, сиз ўша икки йил ичида, немислар ҳукмронлик қилган йилларда, бизнинг Заурбекга ўхшаганлар халқ ичидан чиқмади деб ўйлайсизми?
— Чиққани рост, афандим. Худди ўшаларни Шиберга ҳайдашмоқ ўрнига, халқ олдига олиб келиб, отиб ташласа, биз уни қутурган кўппак сингари жарга кўмиб ташлар эдик-ку. Халқда нима айб, афандим?
Йўқ, оқ кўнгил Қули қариянинг, қанча-қанча замонлар гувоҳининг сўзларига жавоб топа олган йўқ Маҳмуд афанди.
Йирик шаҳарларда тўхтамасдан, кичкина бўш станцияларда нафасни ростлаб, катта эшалонларга йўл бўшатиб Урал, Оқтепага етдик дейишганини бир билишди. Пиширилган озиқ-овқатлар, қотирилган пишлоқлар, ёпилган нонлар Саратовга етмаёқ тугаган. Кунига жон бошига берилган икки юз грамма қора нон билан қайнатилган сув ёш болаларни безгак касалига гирифтор қилди. Нальчикдан чиққандан буён овқат емаган оқ кўнгил Қули қария, Оқтепадан ўтгандан кейин бийдай далада вафот этиб, кичкинагина номаълум станциянинг ёнида чирқираган аза билан ерга топширилди. Яйдоқ ерда, бийдай далада болқорнинг битта салобатли қариясининг қабри қолди — дўппайиб оқ тепа бўлиб. Бу қатағон бошланишидаги болқорнинг илк қабри эди. Бундайлар яна қанча бўлади? Ўша ерда, бошқа вагонда келаётганлар орасида, яна битта қария, болқор халқининг ифтихори — тўқсон ёшни қоралаб қолган Қиязим хўжа олдинги поездда, икки кун фарқи билан кетиб бораяпти, ёнида қарайдиган шогирдлари йўқ, хотин-халажларнинг, қария ва болаларнинг орасида деган хабарни этишгандан бери, Маҳмуд афанди бу бевафо дунёнинг тенгсиз эканлигига биртўла ишонгандай карахт ҳолда юрди. Қиязимхўжанинг жасади яйдоқ далада, бепоён чўлда қоладими деган савол унинг ақлу ҳушини олди. Қандайдир шум хабарлар кутаётганига юраги эзилди. Бекорга сиқилмаган экан, ўша туғ тутган, болқор халқининг фахри ҳисобланган шоирнинг Қиязимхўжа Мечиевнинг жасади Қозоғистоннинг Толдиқўрғон далаларида қолишини сезгандими ё…
Совуқ вагонида кеча-ю кундуз йўл азобини тортиб, баҳорги изғириндан, бўлар-бўлмас озиқ-овқатдан совуқ еб, Алининг бадани қизиб, ҳолсизланиб, бемадор йиқилди. Улуғота карахт ҳолда юриб, набирасини яхшилаб боқа олмаганидан ўзини гуноҳкор сезиб, аскарларга кумуш камарини қинли ханжарни — дори, нон, чўчқа ёғига айирбошлаб олиб ҳеч кимга кўрсатмай, бекитиб, тенг бўлиб ейлик, тенг баҳам кўрайлик деган бурунги аҳдидан, қоидасидан бош тортиб, гуноҳга ботганини бўйнига олиб, Али билангина овора бўлиб, чопонига ўраб иситиб, унинг ёнидан бир қарич ҳам жилмай қўйди.
Икки кундан кейин Али бошини кўтарди. Юк вагонларини судраган поезд йирик станция — Чимкентга келганда Али болаларга аралаша бошлади. Улуғотаси Аллоҳга минг маротаба шукроналар айтиб, набирасига узоқ умр тилади. Худди ўша ерда Рамазон-партизан, Рамазон раис чиққан иккинчи вагонни бошқа поездга улашганини, улар бошқа тарафга кетишини эшитишди. Яна йиғи-сиғи, яна чирқираб олишди ҳолдан-кучдан тойганлар, йўл азобини — гўр азобини тортганлар. Чунки яқин қон-қариндошларни, яхши ҳамфикр қўшниларни ажратиб, бўлиб олиб кетишди. Кўришадими, йўқми ҳали, бу ёруғ дунёда?
Ҳов Уралдан бошлаб станцияларда учраган қозоқларга қимматбаҳо буюмларни озиқ-овқатга айирбошлаб ола бошлагандан тортиб, тили, дили, дини ўхшаш халққа дуч келишганига шукр қилиб келишаётир. Чимкентдагиларнинг кўпчилиги болқорчани тушуниб, суҳбатлашиб қолишса, айниқса, болалар: “Бизга ўхшаб гаплашар экен!” — деб бир томондан ҳайрон қолиб, бир томондан қизиқиш билан боқишарди. Алилар чиққан юк ташийдиган вагоннинг бир кун, бир тун ўтиб Қирғизистонга келганини эшитишди. Юк ўрнига одамларни ташиган вагон тонг отар пайт шаҳарнинг шарқ томонидан Тўқмоқ станциясига, бир қаватли вокзал ёнида тўхтади. Кузатиб келган командир, “Бу ер сўнгги станция эканлигини, худди шу ерда улар бўлинишини”, — эълон қилди. Бу — Наврўз куни эди. Ўн уч кун давомида йўл азоби — гўр азобини тортганлар — тугунчаларини ортмоқлаб, озиб-тўзиган болаларини етаклаб вагонлардан тушишди.
— Улуғота, юлдузлар! Биздақа, яп-яқин, — деди Али субҳи содиқдаги юлдузларни кўрсатиб. Кейин, темир йўлнинг шимолий ҳамда жанубий тарафларидаги оқ қорали залворли тоғлар келбатини кўриб, — Тоғлар, Минг-Тоғдай, тоғлар, улуғота! — деди кўпдан буён биринчи бора қувонганини билдириб.
— Ҳа, эсли болам, тоғлар. Юлдузлари яқин тоғлар, — деди Маҳмуд афанди, Маҳмуд ёғочсоз.

ЮЛДУЗИ ЯҚИН ҚИШЛОҚДА

Кичкинагина, йигирмата-ўттизта одам аранг сиққан темир йўл вокзалининг кутиш залида икки кун тунашди. Бир вагон — эллик чоғли одамни кузатиб келишган тўртта аскар депортантларни иккита милиционерга топшириб, келган куниёқ йўловчи ташийдиган поездга чиқиб жўнаб кетишган. Найзали карабин осган аскарларга нисбатан тўппончали милиционерлар уларга ўз одамларидек сезилди. Милиционерларнинг каттаси бўладан келган рус старшинаси уларни огоҳлантирди: “Вокзалдан узоққа кетманглар, сизларни бўлиб олиб кетишади. Қочиб ҳеч қаёққа кета олмайсизлар, барибир ҳужжатинглар йўқ. Патруллар, милиционерлар дарров ушлашади. Ман бу Тошматовнинг кузатувида вокзал ёнидаги бозорга бориб озиқ-овқат сотиб олишингиз мумкин”, — деди.
Тошматов деганлари болқорлардай гапирган ёш қирғиз йигити экан. НКВДга янги келганлиги учунми, буйруқ беришни, қўполликни ҳали билиб улгурмаган ёш йигит эди.
У раҳми келганини билдирганча: “Юринглар, озиқ-овқат сотиб олинглар, болалар жуда ҳориб толиб, очиқибди-ку, бечораларим”, — деб қўйди. Бу айтгани болқорларга унча ҳам ёқавермади. Ҳайдаб келинганлар энди эркин юришиб, қимматбаҳо буюмларини емишга айирбошлашиб, ҳийла ўнгланиб олишди.
Учинчи куни бошланди мушкул иш. Чунки энди уларни ажратиб, бошқа-бошқа ёқларга олиб кетишларига кўзлари етди. Етганда ҳам, худди ҳайвон бозоридаги каби танлаб олганларига орланишди, бири-биридан ажраганда ҳам кўз ёшларини ёмғир қилиб, чирқираб йиғлаб олишди. Ўшанда бир уввос солишди-ю, иложи йўқ эканлигига биратўла ишонч ҳосил қилишди.
— Йиғла, ғариб, йиғла, юрагинг минг пора бўлгунча йиғла, халқ ҳам тарқади, юрт ҳам тарқади, — деди Маҳмуд афанди.
Уларни разнарядка билан колхозларга ажратган райижрокўмнинг вакили — шоп мўйлови, шавро пальтоли, қайиш этик қоракўл телпак кийган элликлардан ўтиб қолган ходим раисларнинг: “Кўп бўлиб қўйибсизлар, сиғдира ҳам, боқа ҳам олмайсиз бунчани”, — деганларига: “Берилган разнарядкаларни бажарасизлар, бу ҳарбий буйруқ!” — деб далил гапиргани билан, раисларнинг: “Қўлингдан нима иш келади? Нима иш бажаргансан?” — деб танлаб олишларига иложи йўқ йўл берар эди.
Маҳмуд афандидан: “Касбинг нима?” — сўрашганида у: “Мударрис — муаллим” деб жавоб берар, ҳеч кимиси унга “Юр” демасди. Тушгача беш-олтидан кўп оилани бўлиштириб олиб кетишди ҳар хил қишлоқларга раислар. Олтита оила қолди. Тўртта қария, Маҳмуд афанди, учта кампир, иккита тул келин, эрлари фронтда бўлган иккита келин, ўн уч-ўн бешлардаги учта ўспирин, Алининг ёшидаги тўртта қиз ва икки-уч ёшли иккита бола — жами 21 жон одам энг сўнгида қолишди.
— Қолган ҳаммаларимиз энди бирга бўламиз. Бўлинмаймиз, бўлинмайлик. Қўлимиздан ҳамма иш келади, колхозда ишлаганмиз, деб айтинглар. Мен ҳам ёғочсизман, арава, чана, омочга керакли анжомларни ясайман, деб айтаман, бундай демасак бизни ҳеч ким олмайди, — деди Маҳмуд афанди. Сўнг райижроқўмнинг вакилига мурожаат қилиб, болқорча шундай деди:
— Сиз адолат юзасидан бизни ажратмангиз. Барчамиз колхозда ишлаганмиз. Кўпчилиги илғорлар. Мен эса ёғочсозман, деди.
— Хўп, яхши одам, — деди у ҳам қирғизчалаб Маҳмуд афандининг сўзи билан. У ҳалигача Маҳмуд афандининг “Йиғла, ғариб, йиғла юрагинг минг пора бўлгунича йиғла. Халқ ҳам тарқалди, юрт ҳам тарқалди”, — деган сўзларини эшитиб, ҳов Уркунда, Турпонда ўспиринлик кезида бошидан кечиган азоб-уқубатларни, очдан қирилган халқни, бир коса толқон учун уйғур савдогарига сотилган нав-ниҳол синглисини эслаб, юраклари ситилиб турган эди…
Унинг гаплари — эшитганларнинг қалбига таскин бериб, умид учқунларини жонлантирган эди.
Пешиндан кейин аравани ҳайдатиб, аскар шинелида, қўли чўлтоқ ёш раис келди тоғ этагидаги қишлоқдан.
— Малик ботир, — деди унга райижромқўмнинг вакили, — булар ғариблар, озиб-тўзганлар, биз Уркунда бошимиздан кечирган азоб-уқубатлар буларнинг бошига ҳам тушган. Ҳаммасини қишлоғингга сиғдир, ботир. “Ғарибдан — ошингни аяма!” деди ота-боболаримиз. Халқимизни уятга қўймасдан бағрингга олиб, буларни юрт қилиб ол. Тили бир, дили бир, дини бир халқ эканмиз. Эртагаёқ киришиб кетишади. Маъқулми, ботир?!
— Кўриб турибман-ку, Муқай оға. Бир тишлам нонни бўлишиб еб келганмиз, бўлишамиз, Муқай оға, — деди Малик раис.
Бу гапларни ҳаммасини эшитди Маҳмуд афанди, битта сўзини ҳам қолдирмасдан тушунди у. Райижроқўмнинг вакили — Муқай оға эканлигини, келган чўлтоқ уруш қатнашчиси раис Малик-ботир эканлигини билиб олди.
— Ёш қурби, яхши одам, Малик оға, жаноби раис Малик-ботир, бу айтганларингни авлоддан-авлодга ёддан чиқмас қилиб болқоримнинг қулоғига қуяман. Мен агар қуйиб етказа олмасам, набирам, Али етказади, — деди овозлари титраб Маҳмуд афанди. Чидай олмасдан, кўзларига ёш қалқди.
Тоғ томон қия йўлда, лой-ботқоққа ғилдираклар ботиб борар, отлар чарчаганда дамба-дам тўхтаб, яна йўлни давом эттиришарди. Улуғотасининг тўнига ўрганган Али, катталарнинг ҳали айтган сўзларига чала-чулпа, тушуниб-тушунмасдан, лекин қандайдир эзгуликнинг аломатларини ичдан ҳис қилганча, араванинг тебра-нишига маст бўлиб, неча кунлар чарчаб-ҳориган бола ухлаб қолган эди. Эрта баҳорнинг тип-тиниқ осмонида, тоғ қишлоғининг юлдузлари бир текис порлаб, қишлоқ четига аравалар яқинлашган пайт, вовуллаб ҳурган иккита-учта итнинг товушиданми, ағанаб чалқанча ётган Али уйғониб кетди. Йилтиллаган ҳисобсиз юлдузлар кўринди кўзига, худди ўз қишлоғидагидек — Минг-Тоғнинг этагида ёзнинг тиниқ осмонида кўриб юрган юлдузлар.
— Улуғота, юлдузлар яп-яқин, худди бизнинг қишлоқдагидек.
— Ҳа, яхши ўғлим. Аллоҳ ўзи қўллаб юлдузи яқин қишлоққа келдик шекилли, — деди Маҳмуд афанди.
Икки юзтача хонадони бор катта қишлоқ, бу катта колхозда битта ҳам бўш уй йўқ. Фронтдан қора хатлар келаётгани билан, неча-неча бева-туллар хўжайинсиз, неча-неча чолу-кампирлар ўғилларисиз қолгани билан ҳар бири хонадон чироғини ўчирмай, тирикчилик ғамида эди. Болқорларнинг олтита оиласи бошқа-бошқа кўчалардаги, оила аъзолари озларнинг хонадонларига киритилди.
Малик раис маккажўхоридан бир-икки пуддан қўшимча бўлиб бериб, биттадан улоғи бор эчкиларни соғиб ичиш учун тарқатди. Али улуғотаси Маҳмуд афанди билан бирга урушда иккита ўғли кетма-кет ҳалок бўлган, кўлида эса битта келини набираси билан қолган обрўли Бозорқулнинг хонадонига киргизилди. Ўзига тенгдош Маҳмуд афанди унинг набираси Алини ётинқирамай қабул қилиб, бош паноҳ берди Бозорқул қария. Ҳеч қанча ўтмасдан Маҳмуд афанди устахонада ёғочсоз бўлиб колхознинг керакли одамига айланди. Араваларни, омоч, хаскашларни, кетмон, куракларни, қизилча ўтоғич, асбоб-у, чалғу ўроқларни ясаб, қўли гул уста эканлигини кўрсатди.
Эрта-кечда Бозорқул қария билан суҳбатлашиб қолганда қирғизларнинг ўн олтинчи йилдаги Уркун тарихини тинглаб, айбсиз халқнинг азоб-укубатларини тасаввур қилиб, ичида худога шукрона келтириб юрди. Бу ердаги болқорларга бош-қош бўлиб, ёрдамини аямади. “Ўз ўчоғингда ўт ёнмаса, ўз уйинг деразасида чироқ порламаса — телпак кийганинг нимаси” — дейишади. “Бировнинг уйи — бир кунлик, ўз уйинг — бир умрлик” — эмасми. Ҳар биринг ёз бўйи ғишт қуй, сой тўла тош экан, пойдеворлаб уй тиклайлик деб ташаббус кўрсатиб, қишлоқ четига алоҳида кўча очириб, унга Болқор кўчаси деб ном берди. Меҳнаткаш халқ эмасми, ҳеч қанча вақт ўтмасдан тирикчиликлари ўнгланиб, эчки-улоқ дегандек, кейин бузоқ-танача сотиб олишиб, ҳийла тикланиб олишди. Хотин-қизлари лавлаги парваришлаб, ўспиринлари арава ҳайдаб, ҳарҳолда колхознинг ишчан азаматлари бўлиб қолишди.
Али ўзи тенгқур, бир-икки ёшга катта бўлган Қосимбек, Чўлпонбек, Бектурсун, Абиласлар билан ошиқ, тўп қочди, чиллак ўйин ўйнаб юриб, қирғизчани расмана ўрганиб олди. Ўша йилнинг кузида биринчи қирғиз синфига кириб, зукколигидан энг илғор ўқувчилардан бири бўлди. Бугун болқор мактабларида ўқиган ўспиринлар қирғиз синфларида таълим олишиб, бир зумда тенгдошлари қаторига кўшилишди. Еттинчи синфни битирганлари ШМКга киришиб, тракторчи, комбайнчи бўлишиб, жавлон уриб меҳнат қила бошлашди. Еттинчини битирган Али уларнинг изидан бормади. Улуғотаси: “Ўқигин, ўрта билим олгин, ундан кейин олий билимли бўласан — сенинг пешананга ёзилган тақдир бошқа. Оллоҳ сени шуълага ўраб яратган. Бу хосиятни билмасак, фарқламасак —гуноҳдир, яхши ўғлим!”-деб унинг ишончини мустаҳкамлади. Али еттинчи синфни имтиёзли гувоҳнома билан якунлаб, ўрта билим сари ошиқди.
Маҳмуд афанди ҳам тоғ этагидаги бу қишлоқда ўтказган умридан ўзи мамнун эди. Ёт ерда ўз юртининг битта кўчасини бунёд қилиб, бола-чақа ўстиришда ўз ватандошларига ёрдами тегаётганига қаноат ҳосил қилди. Яна бир шукроналик ери — иттифоқ-ризқли, бирдамлик урф бўлган, биттасининг ғам-андуҳини ҳамманинг ғам-ташвиши деб билган, тўю-маъракаларини ҳамжиҳатликда ўтказган халқнинг шарофати тегиб, етти йилдан бери, ана у қирдаги қишлоқ мозори ёнида бирорта болқорнинг қабри дўппаймаганини — ё қариган чол-кампир бўлсин, ё бирорта норасиданинг вафот этмаганини — Яратган эгамнинг раҳмдиллигига шукрлар бўлсинким — болқорни болқор бўйича сақлаб қоламан дегани, қолаверса бағри кенг халқнинг феъл-атворидан деган битимга келган.
Бир пайтлар “яхши ўғли” Али айтганидек “Юлдузи яқин мана шу қишлоқда” — набираси Алининг ўспиринлик чоғи келиб, мўйлов туклари белги бера бошлаганига, ақл йиғиб, фикрлари тиниқ-лашганига, дарсларини пухта бажариб, таълим олишдан қочмаганига бир қувонса, улуғотасидан яшириб битта қалин дафтарга қирғизча шеър битиб юрганини пайқаб, ҳатто ўзи йўғида варақлаб ўқиб кўриб, хўв Болқордалик пайтида ўзи айтган болқорча шеърларни қирғизчалатиб кўйганига Маҳмуд афанди ич-ичидан кувониб юрди.

“АКО”

Маҳмуд афанди уй тиклаганда, эри фронтда вафот этган Зоммай бевани ҳам ёддан чиқаргани йўқ. Феъли тунд, аёллар билан ҳам кўп суҳбатлашавермаган, бировнинг уйига сиғмайдиган қилиқларини ўйлаб икки хонали уй солиб берган ҳамқишлоқлари билан тўпланишиб, катта ўғли Ако бошқаргани одам йўқ, тентакроқ чиқиб, ўқишга ҳуши йўқ, синфдан-синфга қолавергач, охири мактабни ташлаб, колхознинг ҳар хил қора юмушларини бирини қўйиб, бирини бажариб юрди.
“Озғин хўрознинг — бўйни узун” дейилади халқ мақолида. Дароздек бўлиб, қўл-оёқлари ҳам узун, кийимнинг каттасини кияр эди. Ўзидан уч-тўрт ёш кичик болаларнинг жиғига тегиб, йиғлатгани-йиғлатган. Халқ ичида айтилганидек “Итлар талашган ерда юрган” жанжалкашлиги ҳам бор эди унинг. Шундай бўлса ҳам у негадир Алини ўзига яқин кўрар эди. Тўрт ёш катта бўлишига қарамасдан тенгдошидек кўрар эди.
Бир марта чўмилиб келамиз деб чақириб қолди. Дарёда катта сув оқади. Катта болалар, ҳатто катта ёшдаги одамлар ҳам ёзнинг чилласида айни туш пайти чўмилишар эди, роҳатланмоқ учун.
— Али, юр, чўмиламиз. Гугурт олиб ол, кабоб пишириб бераман,—деди.
Али хурсанд бўлганидан гугуртни олиб чиқди ва улар биргаликда соҳилга боришди. Аконинг баданим куйсин деб яланғоч борганини, кўйлагига эса бир нарсани ўраб кўтариб олганини кўрган эди.
Чўмилиб чиққач, Али деди:
— Қуриган шох-шаббалардан териб кела қол. Мен эса кабобни тайёрлаб тураман.
Али келса, ерга ёзилган кўйлагида патлари юлинган тўртта жиш палапон ётар эди. Ако уларнинг ҳар бирини қаттиқ чивиқ бўйнидан суқиб, ортидан чиқариб, тайёрлаб кўйибди.
— Товуқнинг палапоними –деб сўради Али.
— Йўқ, какликники, ҳўв анув қирнинг устида какликлар юрар эди-ку. Ўшалар жўжа очишибди. Эрталаб ушлаб олганман.
— Ие, какликнинг ўзидек катта-ку булар? — деди Али.
— Катта бўлади-да, палапон ҳам ўсади, билсанг — деди Ако.
Улар иккитадан кабобни тушириб, ҳийла чўмилишиб, уйларига келишса — Алининг темир қанот ўнта жўжасидан тўрттаси йўқ. Дарров Акодан шубҳа қилди. Айтай деса, ўзи бирга баҳам кўргани ёдига тушиб, улуғотасининг ҳар доим айтиб юрадиган мақолини эслади: “Тош отсанг, аввало унинг қаерга тушишини қараб ол, кейин от”.
Эртаси куни ҳам Ако Алини чўмилишга, кабоб еб келишга таклиф қилди. Али Акони “жазолашни”, уни уялтиришни ўйлаб кўйган эди.
— Какликнинг палапони яна ўзи келдими қўлингга — деб киноя билан сўради.
— Бу сафар овим бароридан келмади, бор-йўғи иккитагина уш-ладим. Лекин кечагилардан катта, — деди Ако.
Худди кечагидек бўйни узилган, оёқлари йўқ, йирикроқ палапон-лар экан. Ако иккаласини кабоб қилиб пиширди. Али эса ейишдан бош тортди.
— Сассиқ экан булар ҳам. Кеча еб олиб ўлгудек қусдим, менга ёқмайди ҳалоллаб сўйилмаса.
— Тентак, — деди Ако, — каклик ҳам ҳаром бўладими. У ҳам товуққа ўхшаш ҳалол-ку.
— Товуқ-бу товуқ, қўлда боқилади, у — ҳалол. Бу эса ҳаром — нима еб, нима ичишини ким билади.
Иккала палапонни ҳам еб олиб, Ако сувга чўмилгани кетди. Худди шу пайт Али Аконинг битта резина этигини олиб товонига катта қилиб “Ахо”деб ўйиб ёзиб қўйди. “К” ҳарфи ўрнига осонлиги учун “Х”ҳарфини ўйиб ёзди. Қумга босиб кўрган эди, изда “Ахо”деган ёзув чиқди.
Алиларнинг қўшниси Фатиматнинг иккита катта жўжаси “ҳаром ўлгур калхат” илиб кетганини унинг қарғаганидан эшитган.
Эртасига Ако Алини чўмилгани, кабоб еб келгани таклиф қилган эди, Али Акога шундай деди:
— Мен бугун бора олмайман. Палапонларга қарамасам бўлмайди. Ўтган сафар бизнинг тўртта палапонни, Фатиматларнинг иккита катта палапонларини ҳам ўлгур “Ахо” деган калхат илиб кетибди. Изи эса тупроқда қолибди.
— Обқоч-а, — деди Ако, — калхатнинг изи бўлар эканми.
— Бўлганда қандоқ, ишонмасанг ортингни, этигингнинг изини қараб кўр-чи, — деди Али.
Аконинг чап этигининг изида “Ахо”, “Ахо”, “Ахо” деган ҳарфлар ўнг этик изларини қувиб бормоқда эди. Ако қизарганча Алига деди:
— Дўст бўлайлик, ҳеч кимга айтма, мен бу изларни ўчириб, кесиб ташлайман. Энди ҳеч қачон бировнинг жўжасини ўғирламасликка ваъда бераман.
Ако ваъдасида турди.

КАВКАЗ ТОҒЛАРИ, ЭЛЬБРУС ЧЎҚҚИСИ

Алининг энг севган иккита фани бор эди. Адабиёт, кейин география.
Адабиётга бўлган қизиқиши, эсини таниганидан улуғотаси ўқиб берган ёки куйга солиб ай тган шеърларидан, уларнинг маъно-моҳиятини ақлга солиб, тушуниб етмасдан бурун, қалб тубидаги дил туйғуси шеърнинг сеҳрли оҳангини, сержило хусусиятларини илғай бошлаганидан бошланган. Мактаб остонасини ҳатлаб, китобни мустақил ўқиб, айниқса, шеърларни ёдлаб келишга вазифа берила бошлангандан тортиб, катта иштиёқ билан ёдлаб, кейин уни дарсларда шариллатиб айтиб, қирғиз оғзаки адабиётининг асрларни қаритиб, оғиздан-оғизга, авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтиб давр сувида оқа бериб, сайқалланган, ёдга бот тушган, тилда қоқинмасдан равон кетган, оҳанглари бири-бирига яқин, бўғин ўлчамлари бир хил сўзлардан иборат шеърлари, қолаверса, хаёлий тасаввурларини бойитиб, ажойиботлар олами сари етаклаган эртаклари тилсимлаб олганидан бери адабиётга бўлган ишқи баланд. Адабиёт дарслари унинг хаёлот оламини жунбишга келтирган сеҳрли куч эди.
Географияга бўлган қизиқиши илк бора тарвуздек ола чипор глобусни кўрганда, бутун ер юзини қўли билан ушлаб, айлантириб, хоҳлаган ерда тўхтатиб ё чир айлантириб қўйса бўлар экан-да, деган лол қолар даражадаги болаларча ҳам содда, ҳам табиий туйғунинг уйғонишидан бошланган. Қочиқ тўғрисидаги фикр юқори синфларда, география дарсини Олтимиш оғайи доскани бутун юзасини қоплаган дунёнинг физик харитасини илиб қўйиб, бошқа муаллимларга ўхшаб китобга қараб ё ўзи ёзиб келган дафтардан ўқиб бермасдан, ўша харитага қараб олиб, махсус бежирим ясалган бир қулоч, бармоқдек ингичка кўрсаткич таёқчасини ўнг елкасидан ошириб, қарамасдан туриб, айтган мамлакат ёки шаҳарни, денгизлар билан кўлларни, тоғлар билан текисликларни таёқчасининг учи билан кўрсатган оғайининг билимига тасанно ўқиганидан, ундан кейин Болқор билан Минг-Тоғ Кавказнинг қайси жойида эканлигини билишга бўлган ички талпинишидан, ўша ёққа қайси йўл ва қандай улов билан, неча кунда етиб борса бўлади, деган хуфиёна сирнинг ечимини излаш жараёнида туғилган бўлса ажаб эмас.
Европа билан Осиёни ажратиб турган чегаралар тўғрисидаги вазифани Али алоҳида ёдлаб олди. Шу дарсга қадар Олтимиш оғайи унинг географияга бўлган алоҳида қизиқишини “аълочи бўлмоқчи экан-да, шунинг учун ҳамма вазифаларни ёдлаб олади” деб ўйлаганди. Алининг бу галги қилиғи ўқитувчини лол қолдирди. Одатда у ўзини билмасликка олиб, бошқаларга ўхшаб “мен айтаман”, “мен доскага чиқаман” деб қўл кўтармас эди. Қачонки сўраб қолса, шариллатиб жавоб берар эди. Дарсликда ёзилганидан ташқари, ўқитувчиси қўшимча айтганларини ҳам ёдида сақлаб, жавоби мукаммал бўларди.
Бу гал Али ўрнидан тура солиб, овозини баландлатиб:
— Оғай, мен айтаман! Менга рухсат беринг, — деб қолди.
Унинг бу қилиғига ажабланганча, нима бўлиб кетди экан дегандек қилиб:
— Доскага чиқ? Мана таёқча, кўрсатиб айтавер! — деди Олтимиш оғайи.
— Ер шари олти қитъадан иборат. Қитъа деганимиз… — деб бошлади Али.
— Буларнинг ҳаммасини айтмоқчи бўлсанг, янги дарсни бошлай олмай қоламиз. Сен Европа билан Осиёни ажратиб турган қисмларнинг номларини айт, уларни харитадан кўрсат, — деди ўқитувчиси.
— Европа ва Осиё қитъаларини ажратиб турганлар: Урал тоғлари, Урал дарёси, Каспий денгизи, Кавказ тоғлари… — Худди шу ерга келганда Али кўрсаткич таёқчасининг учини Эльбруснинг чўққисига тираганича тўхтади. Кейин чегарларни ажратган географик номларни айтмасдан ўша ерга тўхталди:
— Дунёдаги энг баланд чўққи — Эльбрус — болқорларнинг Минг-Тоғи ажратиб туради..
— Али бир нафас индамай қолди. Ўқувчилар пиқиллаб кулиб юборишди, чунки дарсликда Минг-Тоғ деган ном йўқ эди. Олтимиш оғайи тушунди Алининг жавобини.
— Тўғри, Кавказ тоғларидаги энг баланд чўққи Эльбрус, у дунёдагина эмас, СССРда ҳам баланд чўққилардан бири. Унинг конуссимон иккита чўққиси бор. Ғарб томондаги чўққиси 5642 метр, Шарқ томондаги чўққисининг баландлиги 5621 метр. Аммо Эльбруснинг — Минг-Тоғ деб номланишини биринчи эшитишим. Дунёдаги энг баланд чўққи — Эверест, унинг баландиги 8848 метр, европаликлар Эверест деб номлашган. Маҳаллий халқ: непалликлар — Жамолунгма дейишса, ҳиндулар — Сагартматха дейишади. СССРдаги энг баланд чўққи 1943 йили Ғалаба чўққиси деб номланган. У бизнинг Тиён-Шанда, баландлиги эса 7439 метр. Қирғизлар қадимдан Хон-Тангри деб атаб келишган. Балки болқорлар Эльбрусни бурун Минг-Тоғ деб аташгандир. Биз бошқа мавзуга ўтиб кетдик.
— Европа билан Осиёнинг ажратилишини ким айтади? — деб савол ташлади ўқувчиларга Олтимиш оғай.
— Мен ўзим айтай, оғай — деди Али.
— Айтақол, Али, — деди Олтимиш оғайи меҳр билан.
— Урал тоғлари, Урал дарёси, Каспий денгизи, Кавказ тоғлари Эльбрус чўққиси..
Дув кулиб юборишди ўқувчилар. Али қизариб кетди. Дарров, яна бошлади:
— Урал тоғлари, Урал дарёси, Каспий денгизи, Кавказ тоғлари, Қора денгиз, Босфор қўлтиғи, Мармар денгизи, Дарданелл қўлтиғи, Эгей денгизи, Ўрта Ер денгизи, Сувайси канали, Қизил денгиз, Араб денгизи ва Ҳинд океанлари ажратиб туради. Мен буни жуда яхши биламан. Барибир Минг-Тоғ — мен учун ҳаммасидан баланд! — деди Али болаларга қараб.
— Аъло! Жуда яхши, Али. “Ҳар кимнинг ўзи ер — Миср”. Энг муқаддас, энг қадрли. Билиб олинглар, болалар, — деди Олтимиш оғайи. — Энди болалар янги мавзуга ўтамиз, билимдан ташқари, янги ерларга саёҳат қиламиз..

ЯНА ЮК ВАГОНИ БИЛАН

География — болаларга Олтимиш оғайи айтганидек: “Билимдан ташқари, янги ерларга саёҳат қилишнинг” дарси бўлса, Али учун кўзлаган мақсадини амалга оширишнинг дарси эди. У дарсликдаги кичкина хариталардан бошлаб, ўқитувчисининг ўқитувчилар хонасидан олиб келиб илган хариталарга қараб, ҳеч нима кўрсатмай яшириб юрган алоҳида дафтарга темир йўллар йўналишларини, шаҳарлар ўртасидаги масофаларни чизиб ҳамда ёзиб, ёдлаб олди.
Алининг темир йўл харитаси ҳам ажойиб эди. Ҳар бир станцияси 240 ҳисобланган. Ҳар куни 480 километрдан йўл юрса — Фрунзедан Пятигорскка ўн кунда етар экан. Унадан нари Нальчикка бир кунлик йўл. Ҳисоб-китобларнинг бундай чиқишига сабаб — у юк поездида юришни ҳисобга олган эди. Йўловчиларни ташувчи поезд билан кета олмасди, унга чипта олиш учун пули ҳам етмайди, етганда ҳам ҳужжат-паспорт йўқлигидан чипта беришмас эди, юк поездига ўғринча чиқиб олиб, биридан-бирига ўтиб, манзилига етиб олса бас. Озиқ-овқат томони уни ташвишга ҳам солгани йўқ. Садақа сўраб, танга тўплаб, нон еб — сув ичиб кетаверарди. Алининг харита тузиш пайтида ажаблангани, хариталардаги масофаларни масштаб бўйича олганда, ҳар бир станциянинг оралиғи бир хилда, яъни 60, 120, 240, 480 километрни ташкил қилгани эди. Бу энди шунчаки ҳисоб эмас эди. Нима учун? Бу саволни у Олтимиш оғайига ҳеч ким йўғида, мактабдан уйга ёлғиз қайтаётганида берди:
— Оғай, нима учун темир йўл станцияларининг оралиқлари бир хил?
— Қанақасига? — ҳайрон бўлиб сўради Олтимиш оғайи.
— Масалан, Тўқмоқдан Фрунзега олтмиш километр, Фрунзедан Луговойга юз йигирма километр, Луговойдан Жамбулга юз йигирма километр, Жамбулдан Чимкентга икки юз қирқ километр, Чимкентдан Қизил Ўрдага тўрт юз саксон километр, ундан Уралгача яна шунча, Уралдан Саратовга, ундан Сталинградга, ундан Ростовга, ундан Ставрополгача, ундан Грознийгача ҳам худди шунча. Нима учун?
Олтимиш оғайи ҳайрон қолди. Бунақа ҳисоблаш, таъбир жоиз бўлса, хаёлига ҳам келмаган экан. Бу каби маълумотлар айтилмаган, ёзилмаган ҳам.
— Мен, Али, ростини айтсам, билмас эканман. Бу ҳақда ўқиган ҳам эмасман. Шаҳарлар оралиғини солиштириб кўрай, аниқлаб сенга жавобини айтаман. Эртага, балки айтиб берарман, хўпми? — деди ўқитувчиси.
Алининг бу саволи Олтимиш оғайни ўйга толдирди. Хариталарни олиб, аҳоли манзиллари оралиқларини масштабга солиб, чизиғи билан ҳисоблаб ҳам кўрди.
Ҳақиқатда ҳам Қирғизистондаги аҳоли манзилларининг, темир йўллардаги кичкина станцияларнинг оралиғи 20 километрдан экан. Нима учун? Станциялар аҳоли яшаган пунктларда қурилган-ку. Бу манзиллар, шаҳарлар қачон бунёд этилган, уларга қачон асос солинган? Ўқитувчиси бу топишмоқнинг жавобини топгандек эди. Қирғизистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам қишлоқлар билан шаҳарлар Россия империяси ўзига қаратган пайтда пайдо бўлган эмасми. Ҳарҳолда у пайтлар машина, поезд дегани ҳали йўқ эди. Масофа аравалар карвони юриши асосида ҳисобланган. Ҳарбий топографлар шуни ҳисобга олишгани шубҳасиз. Ҳайрон қоларли жойи, Қирғизистондаги рус кўчманчилари асос солган қишлоқларнинг оралиғи тўппа-тўғри 20 верстадан эканлигини билиб олди. Демак, Қозоғистондаги қишлоқларнинг оралиғи ҳам шунақа масофада, темир йўл станциялари ҳам йирик аҳоли манзилларига қурилганлиги учун оралиқлар 20-40-60-120 километр бўлиши қонуният эканлигига кўзи етди.
Эртаси Алига ҳаммасини тушунтириб берди, лекин Алининг бу “каш-фиёти” маъносига, ундан кўзланган мақсад нима эканлигига аҳамият бермади, шунчаки зукко ўқувчининг қизиқиши деб ўйлади у.
Али ўз “режасини” амалга оширишни унча-мунча танга тўплашдан, уни сўмга айлантиришдан бошлади. Янги ўқув йили муносабати билан кийим-бош олиб кий деб улуғотаси берган пулни ҳамда олтита товуқни олиб, халққа қўшилиб, Тўқмоқ бозорига жўнади. Кетиш олдидан Акога учраб, бундай деди:
— Ако, сен менга ҳақиқий дўстмисан?
— Али, мен сени яхши кўраман, ҳаммамиздан ҳам яхши ўқийди, тентак эмас, зукко деб яхши кўрамиз, — деди Ако.
— Йўқ, Ако, сен ҳақиқий дўстмисан ёки йўқми?
— Нима десам экан, Али, агарда сен дўст қилсанг, сўзсиз дўст бўламан. Катталигимга қарамасдан.
— Унда ке, ҳақиқий дўст бўлайлик. Биримизни биримиз ҳеч қачон сотмайдиган, розимисан?
— Дўст ҳеч қачон сотмайди, бошидан жудо бўлса ҳам, — деди Ако.
— Ваъда берасанми? — деди Али.
— Ваъда бераман. Қасам ич десанг — қасам ичаман, — деди дадиллик билан Ако.
— Бўлмаса эшит. Мен Кавказга, Болқорга кетаман, қочиб кетаман.
— Болқоргами?! — ҳайрон бўлиб сўради Ако.
— Ҳа, лекин оғзингдан чиқмасин. Уч кунгача. Кечқурун улуғотамга айт: “товуқларни сотиб, Фрунзега бораман деганди. Ўша ёқдан кийим олиб, уч кундан кейин келаман деди”, дегин. Кейин уч кун ўтгач, Болқорга кетти деб айт. Хат ёзаман деди, дегин. Сўзсиз хат ёзаман улуғотамга, сенга ҳам. Оғзингдан чиқмайдими, Ако?!
— Мени ҳам бирга олиб кет, Али, агарда чин дўст бўлсанг. Мен ҳам соғиндим Болқорни. Обкет, Али, нима сўрасанг, ҳаммасини муҳайё қиламан. Айтганларингни ҳаммасини бажараман, худо урсин!
— Тентакмисан, иккаламизни ушлаб олишади-ку. Бўйингни қара, яширина ҳам олмайсан. Ушлаб олишади сени ҳам, мени ҳам. Қочиб кетаман деяпман-ку, ахир? Сени дўстим деб, кетмоқчилигимни айтдим. Сен эса ҳамма ишнинг пачавасини чиқармоқчисан. Яна айтганларингни ҳаммасини бажараман, худо урсин дейсан-а. Ваъда қани, Ако? Мен, албатта боргандан кейин сенга хат жўнатаман, қандай қилиб етиб боришни ёзиб юбораман. Хатимни кутасанми? Сен сўз бермасанг, унда мен сенга хат ёзмайман.. Бугун қочмайман. Барибир, ҳаммангни алдаб, охири қочиб кетаман. Ўшанда сен ҳаммасидан қуруқ қоласан, Ако.
Ако ўйланиб қолди. Али айтганини қилмай қўймайди. Али зукко, географияни беш қўлдай билади. Қайси поезд билан қандай қилиб боришни у аввал билсин, кейин ўзимга осон бўлади-ку, деб ҳам ўйлади.
— Бўпти, Али. Агарда хат ёзмасанг дўстликдан кечаман. Охиратда ҳам кечирмайман, эшитдингми, Али, — деди Ако.
— Эшитдим, сен ҳақиқий дўстсан, Ако, — деди Али.
Бозорда товуқларини сотгач, битта осма сумка сотиб олди-да, унга тандир нондан сиққанича тиқди, темир йўл станциясига бориб, юк поездлари қачон ғарбга томон йўл олишини суриштириб билиб, яшириниб ётди. Қарағай юклаб келган вагонларни судраб келган паровознинг қайтиб кетишини билиб, лип этиб бирининг устига чиқиб, беданадек пусиб ётиб олди. Бошини кўтариши билан ушлаб олишади гўё. Паровоз вишиллаганча Пишпек станциясига келиб тўхтади. У ердан қандайдир темир йўл тугунига обориб, вагонларни узиб қўйишди. Ярим кун ётди, кунга куйиб “Қўй, — деди ичида, — бошқасига чиқмасам бўлмайди”. Қоронғу тушгач, яна битта юк вагонга чиқиб, Луговой станциясига, ундан нари Жамбул станциясига етди. Худди ўша ерда, Пишпек станциясидагидек қум юкланган вагонларни темир йўл тугунига обориб, чиқариб қўйишди. Али ундан тушиб, Чимкентга борувчи поездни кутиб, кўмир юкланган поездга чиқаётганида темир йўл назоратчиси — форма кийган гавдали қозоқ йигит оёғидан ушлаб ерга туширди-да, елкасидан ушлаганча йўл назорат милициясига обориб топширди.
Қозоқ милиционерлари қирғизча гапирган болани Маймоқ тарафга кетаётган болалардан экан, деб ўйлашди. Лекин пўписалаб ҳамда алдаб сўраб ўтиришиб, уни Тўқмоқдан келганлигини, болқор боласи эканлигини билиб, бундай дейишди:
— Сен, болакай, турмага тушгинг келаяптими? Иззатингни борида ортингга қайт. Сургун муҳлатинглар битганича йўқ. Биздан бошқалар ушлаб олишса, аллақачон ахлоқ тузатиш лагерига жўнатворишарди сендек қочоқларни. У ерда эса турмадан ҳам ёмон. Бандит бўлиб чиқасан. Ё сен бандит бўлишни хоҳлайсанми?
— Йўқ, мен бандит бўлмайман. Мен сўзсиз шоир бўламан, — деди Али.
Қозоқ милиционерлар кулиб юборишди. “Сўзсиз шоир бўлар эмиш”. Нима қилганда ҳам оқинни ардоқлаган халқ эмасми, алдаб-сулдаб, ақл ўргатишиб, Алининг чўнтагида қолган пулига Фрунзегача чипта олиб беришиб, йўловчилар кузатувчисига қаттиқ тайинлашиб, қайтариб жўнатиб юборишди.
Ако уч кундан кейн Маҳмуд афандига Алининг Кавказга — Болқорга кетганини айтиб, ватандошларига уни азамат деб мақтаб, ғурур билан ўзи ҳам Алидан хат келиши билан ҳеч нарсага қарамасдан жўнаб кетишини эълон қилиб юрди.
Ҳеч қанча ўтмасдан, Аконинг “эълони” айтилиб битмасдан туриб, икки кундан кейин, бўш сумкасини елкасига илганча, тўзғиган, кайфияти синиқ Али, кундузи қишлоққа киришдан ийманиб, тун қоронғусида улуғотаси яшаган уйнинг остонасини ҳатлади.
— Али, яхши ўғлим, келдингми? Билганман қайтиб келишингни. Бобонгни ёлғиз ташламаслигингни билганман, — деб гапирганча Маҳмуд афанди Алини бағрига маҳкам босди.
Али бобоси учун қайтиб келмаганлигини у қайдан билсин. Алини мажбур қилишди қайтиб келишга. У барибир, бобосига ҳам қарамасдан, Кавказга — Болқорга бормай қўймайди. Озиб-тўзиган, истаги амалга ошмаган шўппайган боланинг кўксидаги жону-жаҳони Ота Ватанга талпинаётганини, эзгу мақсад сари етаклаётганини билган одам бормикин бу дунёда?!.

Русчадан Анвар Зулфиқоров таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 4-сон