Бир неча йиллар аввал Ню-Йоркдаги Саламанка шаҳарчасига келдим. Бу ерда мен поездни алмаштиришим ва ухлаб кетиладиган вагонга чиқишим керак эди. Платформа одамлар билан гавжум, уларнинг бари аллақачон лиқ тўлиб бўлган узун вагонга чиқиб олишга уринишарди. Мен чипта сотиладиган кассада ўтирган кишидан: “Ётиб кетиш учун жой ололаманми, йўқми?” деб сўраган эдим, қатъий “Йўқ!” деган жавоб олдим. Нарироқ бориб бошқа бир маҳаллий ходимдан вагондан ҳеч бўлмаганда торгина бир бурчак топиб беришини илтимос қилдим. У эса ғазаб билан гапимни бўлди:
— Иложи йўқ! Ҳамма бурчаклар лиқ тўлган! Энди мени ортиқ безовта қилманг, — У ортига қарамай юриб кетди. Жуда дилим оғриди. Ҳамроҳимга:
— Агар бу одамлар кимлигимни билсалар эди… — дедим.
Бахтга қарши ҳамроҳим ҳам мени эшитишни истамади.
— Бўлмағур гапларни қўй. Бунга кўникишимиз керак, — деди у. — Нима, улар сенинг кимлигингни билишса, ҳеч қандай бўш жойи бўлмаган вагондан бирор бўш ўрин топиб берадилар, деб ўйлайсанми?
Бироқ унинг сўзлари заррача ҳам аҳволимни яхшиламади. Лекин шу пайт вагон кузатувчисининг менга қараб турганини сезиб қолдим. Бирдан унинг юзидаги ифода ўзгарди. Ёнидаги ҳамкасбига мени кўрсатиб нималардир деб шивирлади. Сездимки, улар мен ҳақимда сўзлашмоқдалар. Сўнг кузатувчи очиқ чеҳра билан биз томон юриб кела бошлади.
— Бирон хизматлари борми, сэр? — деди у хушмуомалалик билан. — Бўш ўрин керакми?
— Ҳа, — дедим мен, — топиб беролсангиз беҳад мамнун бўлар эдим. Бошқа ҳеч нарса керак эмас.
— Бизда оилага мўлжалланган купе қолди, холос. Унда икки кишилик ўрин ҳамда бир жуфт юмшоқ ўриндиқ бор. Купе буткул сизнинг ихтиёрингизда, сэр. Том, бу ёққа қараб юбор, мана бу жомадонларни вагонга олиб чиқ.
Биз платформа бўйлаб хуш кайфиятда юриб кетдик. Ҳамроҳимга бир нимани -айтишга шайландиму, лекин фикримдан қайтдим. Вагон кузатувчиси купеда бизга қулайликлар яратиб берди, тавозе ва табассум билан деди:
— Бошқа бирон нима истамайдиларми, сэр? Айтганингизни бажо келтирамиз.
— Иссиқ сув келтириб бера оласизми? — сўрадим мен.
— Албатта. Ҳозир келтираман.
— Яхши, кроват устидаги чироқ жуда ҳам юқори илинибди. Бошқа бир ёруғроқ чироқ топиб, бошимга яқинроқ қилиб ўрнатиб берсангиз…. Қулайроқ ўқишим учун…
— Албатта, жаноб. Сиз хоҳлаган чироқ қўшни хонага ўрнатилмоқда. Ҳозир уни олиб келиб, шу ерга ўрнатиб бераман, у бутун кеча ёниқ туради. Яна истаган нарсангизни сўрашингиз мумкин. Бутун йўл давомида нимага эҳтиёж сезсангиз, тортинмай айтаверинг, сэр.
Сўнг у чиқиб кетди. Мен ҳамроҳимга қараб жилмайдим:
— Хўш, энди нима дейсан? Кўрдингми, улар менинг Марк Твен эканимни билишгач муносабатларини ўзгартиришди.
Ҳамроҳим жим эди.
— Сенга шундай хизмат кўрсатилишини хоҳламасмидинг? Тағин чипта нархи бир хил бўлса, — қўшиб қўйдим мен.
Шу пайт йўлакда кулиб турган кузатувчининг чеҳраси кўринди:
— Сэр, мен сизни бир кўришдаёқ таниган эдим.
— Шундайми, бўталоғим? Хўш, ким эканман мен? — сўрадим унга яхшигина чойчақа бераётиб.
— Жаноб Маклеллан — Ню-Йорк мэри! — деди у.
Инглиз тилидан Мунира Норова таржимаси.
ҒАЛАТИ ЎХШАШЛИК
Анча йиллар илгари Ню-Йорк штатидаги Соломонка вокзалига келдим. Аслида, у ердан бошқа бир поездга ўтиб узоқ сафарга отланишим керак эди. Вокзалда одамлар карвони зич-зич бўлиб борар, англашимча уларнинг бари мен минмоқни истаётган поездга минмоқни истарди. Кассадан жуда шошилаётганимни, тезроқ менга билет топиб беришини сўрадим. У эса бош ирғиб “йўқ” деган жавоб қайтарди. Оломон орасидан оралаб зўрға вокзал ҳизматчисини топдим ва ундан мен учун оддийроқ бўлса ҳам биронта жой топиб беришини талаб қилдим. У гапимни ҳам эшитмай, жиддий юзини баттар бузганча “Мумкин эмас, вагоннинг ҳатто бурчаклари ҳам одам билан тўлган, бошқа мени безовта қилманг, илтимос!” деганча юз буриб кетиб қолди. Мен ўзимни таҳқирлангандай сезардим ва ёнимдаги ҳамроҳимга ўзимга ачинган ҳолда гапирдим:
– Қанийди, менинг кимлигимни билсайди булар…
Ҳамроҳим сўзимни чўрт кесди:
– Асабингни бузма, вазиятни тўғри тушунайлик, кел! – деди, – агар улар сенинг кимлигингни билган тақдирда ҳам, айтчи, нима ёрдам бера оларди ахир?!
Бу чорасиз вазиятга бирон-бир ечим топилиши мушкул, ҳа-ҳа, анчайин мушкул. Вокзалда, билет топиш деган хаёлимни тўсатдан бир вагон билетчисининг ҳайрат ва мехр билан боқиб турган нигоҳи бузиб юборди. У мендан сира кўзини узмасди. Мен ҳам унга қараганим заҳоти қиёфасидаги ҳол тушунарсиз даражада ўзгарди. У мени ёнидаги мундирли бир маъмурга бош буриб кўрсатар экан, унинг қулоғига ниманидир пичирларди, ўйлашимча улар мен ҳақимда сўз юритишмоқда. Бироздан кейин ўша билетчи юз-кўзларидан табассум ёғилиб мен томон яқинлаша бошлади.
– Сизга бирон-бир кўмак бера оламанми, жаноб? – дея ҳушмуомала оҳангда гапирарди, – Сизга бу поезддан жой керакми?
–Ҳа, – дедим, қувониб кетганимни базўр яшириб. – Агар менга биронта вагондан жой топиб берсангиз мамнун бўлардим жуда. Қандай шароитдаги жой бўлишининг фарқи йўқ, майли.
– Бизда катта оила купесидан бошқа жой қолмаган, – у янаям чиройли оҳангда давом этди, – Юмшоқ иккиётоқли, ичида иккита креслоси ҳам бор, купе тамомила сизнинг иҳтиёрингизда! Қани, Том, тезроқ бўл, жанобнинг чамадонларини вагонга орт, – ёнидаги вокзал хизматчисига буюрди.
Сўнгра шляпасини ечиб мулозамат кўрсатди ва йўлдошим билан мени купега кузатиб қўйди. Ҳамроҳимга бу вазият ҳақида мақтаниб бир-икки сўз айтиш учун ҳаракат қилардим, лекин вагонга чиққан пайтимизда фикрим буткул ўзгарди. Билетчи бизни купега жойлаштирди ва таъзим қилганча мийиғида кулиб сўради:
– Ҳурматли жаноб, яна нимадир хоҳлайсизми? Айтган нарсангизни муҳайё қилишга тайёрман!
– Озгина қайнаган сув топишнинг иложи борми?
– Албатта, сиз учун дарров топиб келаман!
– Хўп, раҳмат! Лампа жуда тепага осилган экан. Мумкин бўлса, шу лампани ётоғимга яқинроқ жойга ўрнатишингизни истардим, оқшомда китоб ўқишни хуш кўраман, майлими, иложи бўлса?
– Нега мумкинмас экан, албатта мумкин, жаноб! Сиз истаган нарсани топиб келиш бизнинг вазифамиз. Лампа сиз айтган жойга ўрнатилади, бутун кеча давомида ўчмайди, бемалол китоб ўқишингиз мумкин. Жаноб, нима лозим бўлса айтинг, шаҳсан мен буни чин дилдан адо этаман! Керак бўлса, бутун вагонни остин-устун қилиб бўлса-да истакларингизни бажараман! – деганича купедан чиқиб кетди.
Ёнимдаги ҳамроҳимга қараб истеҳзоли жилмайдим:
– Ана, энди гапир, сен сўзимга шубҳа қилгандинг, кўрдингми, улар менинг Марк Твен эканимни билгач муносабатлари қанчалик ўзгарди, натижа эса кўз олдингда, шундай эмасми?
Ҳамроҳим энди ўзини бироз эркин тута бошлади. Мен эса гапимга кўшиб қўйдим:
– Сенга кўрсатилган хизматдан норозилигинг борми, нима истайсан ошна. Тортинма, айтавер! Буларнинг ҳаммасига алоҳида пул талаб қилинмайди, ҳаммаси ёлғиз билет пули эвазига.
Мен шундай деб мақтаниб турганимда эшик олдида яна ўша мийиғида жилмайган юз, сермулозамат оҳангда гапирувчи меҳрибон правадник пайдо бўлди ва сўзимни тасдиқлаб гапира кетди:
– Ҳа жаноб, мен вокзалда пайтим сизни бир кўришдаёқ танидим, ҳа, бир кўришдаёқ, ишонинг. Бошлиққа ҳам сизни ўзим кўрсатдим!
– Шундайми, миннатдорман азизим?! – дея унга чой пули узатдим, – Мен кимман?
– Мистер Мак Каллен – Ню-Йоркнинг мери!
Бу гапдан кейин ҳамроҳим менга, мен унга анқайиб қараб қолдик…
Раҳмат Бобожон таржимаси