Серҳаракат, олифтанамо ва анчагина вайсаҳи йигитча мен таклиф этган стулга ўтириб, «Кундалик момақалдироқ»дан келганини айтиб қўшимча қилди:
— Сиздан интервью олиш учун келганимга эътироз билдирмасангиз керак?
— Нимага келдим, дедингиз?
— Интервью олиш учун.
— Аҳа, тушунарли. Ҳа-ҳа. Ҳм! Ҳа-ҳа.
Ўша куни эрталаб ўзимни нохуш сезаётгандим. Нимагадир ҳечам каллам ишламасди. Шундай бўлса ҳам бари бир китоб жовони ёнига келиб олти-етти минутча у-бу нарсаларни титкилаган бўлдиму кейин бари бир йигитчага мурожаат қилишга тўғри келди.
— Ўша сўз қандай ёзиларди?— сўрадим ундан.
— Қанақа сўз?
— Интервью сўзи.
— Э худойим-ей! Буни сизга нима кераги бор?
— Луғатга қараб маъносини билмоқчи эдим.
— Ҳм! Бу ажойиб, жуда ғаройиб нарса! Унинг қандай ёзилишини айтишим мумкин, агар сиз… агар сиз…
— Марҳамат, айтаверинг. Беҳад миннатдор бўламан.
— И-н, ин, т-е-р, тер, интер…
— Сизнингча, бу сўз «и» билан бошланадими?
— Албатта-да!
— Э-э, луғатни роса тит-пит қилганимнинг сабаби шу ерда экан-да!
— Хўш, ҳурматли зот, бу сўзни қанақа ёзиш керак эди?
— Мен… ростини айтсам, билмайман. Луғатнинг охирини варақлаб уни расмлар орасидан роса излабман-а. Лекин қўлимдагиси луғатнинг анчагина эски нашри экан.
— Эй, дўстим-эй, бунақа расмнинг бўлиши мумкин эмас. Ҳатто энг янги нашрида ҳам топилмайди… Мени авф этинг, сизни ранжитишни истамайман-у, аммо мен тасаввур қилгандек маърифатли киши эмас экансиз. Мени кечиришингизни ўтиниб сўрайман, сизни хафа қилмоқчи эмасдим.
— Кечирим сўрашнинг ҳожати йўқ. Менга хушомад қилмайдиган ва хушомад қилишнинг ҳожати бўлмаган одамлардан нодонлигимнинг чегараси йўқлигини неча марталаб эшитганман. Ҳа, ҳа, менинг нодонлигим уларни завқлантиради.
— Ўзимам шунақа деб ўйловдим! Лекин, интервью масаласига қайтайлик. Биласизми, машҳур кишилардан интервью олиш одат тусига кириб қолган.
— Йўғ-е?! Буни энди эшитишим. Жуда ажойиб бўлса керак. Хўш, интервьюни қанақа қилиб оласиз?
— Биласизми… жуда қизиқ бўлади! Бир хил пайтларда қўлингга чўқмор олишга ҳам тўғри келарди-ю, аммо одатда интервьючи савол беради, у жавоб қайтаради. Ҳозир шунақаси модага кирган. Жамоатчилик фаолиятингиз ва шахсий ҳаётингиздаги муҳим томонларни аниқлаб олиш учун сизга бир неча савол беришга ижозат этасизми?
— Марҳамат, бемалол! Хотирам жуда ёмон, албатта бунинг учун мени авф этасиз, деб ўйлайман. Хотирам жуда ғалати, аллақандай тизгинсиз, демоқчиман. Дам югургилаб кетади, дам тошбақадек судралиб қолади. Шуниси мени анча хафа қиляпти.
— Зарари йўқ, бари бир бирон нарсани эслашга уриниб кўринг.
— Уриниб кўраман. Ҳаракат қиламан.
— Ташаккур. Тайёрмисиз? Бошлаш мумкинми?
— Ҳа, тайёрман.
— Ёшингиз нечада?
— Июнь ойида ўн тўққизга тўламан.
— Қойил! Менга қолса ўттиз беш-ўттиз олтига киргансиз, деган бўлардим. Қаерда туғилгансиз?
— Миссурида.
— Ёзишни қачон бошлагансиз?
— Бир минг саккиз юз ўттиз олтинчи йилда.
— Бўлмаган гап, ахир сиз энди ўн тўққиз ёшдасиз-ку!
— Билмадим. Дарҳақиқат, аллақандай ғалати бўляпти.
— Ҳа, шунақа бўляпти. Сиз шу пайтгача мулоқатда бўлган одамлардан қай бирини энг ажойиб шахс, деб ҳисоблайсиз?
— Аарон Баррани[1].
— Мумкин эмас, ёшингиз ўн тўққизда-ку!
— Агар мен ҳақимда ўзимдан кўра кўпроқ билсангиз, нега мендан суриштиряпсиз?
— Мен шунчаки таҳмин қилгандим. Барра билан қандай танишган эдингиз?
— Уни дафн этиш маросимида тасодифан танишиб қолгандим. Барра мендан шовқин қилмасликни илтимос қилди ва…
— ё қудратингдан! Агар дафн маросимида қатнашган бўлсангиз, демак у қазо қилган экан-да, агар ўлган бўлса, шовқин қиласизми, йўқми, унга бари бир эмасми?
— Билмадим. Барра шунақа одам эди.
— Бари бир ҳеч нимага тушунолмадим. Демак, сиз билан гаплашган-да, кейин ўлган…
— Мен ўлди, деганим йўқ.
— Лекин унинг ўлгани ростми?
— Бир хил одамлар ўлди дейишди, бошқалари ўлмади, дейишди.
— Ўзингиз нима деб ўйлайсиз?
— Мени нима ишим бор? Ахир, мени дафн этишмади-ку!
— Сиз эса… Ҳа, майли, бу масалани ҳечам ҳал қилолмаймиз. Сиздан бошқа нарсани сўрашга ижозат бергайсиз. Қачон туғилгансиз?
— Бир минг олти юз тўқсон учинчи йилнинг ўттиз биринчи октябрида, душанба куни.
— Нима? Нималар деяпсиз? Агар шунақа бўлса бир юз саксон ёшда экансиз-да! Буни тушунтириб бероласизми?
— Ҳечам тушунтиролмайман.
— Ўзингиз боя ўн тўққиз ёшдаман дегандингиз, энди эса бир юз саксон деяпсиз. Бир-бирига зид гап-ку!
— Э, буни пайқаб қолдингизми? Ўзимга ҳам кўпинча шунақа бўлиб туюларди-ку, лекин аҳамият бермасдим, Сиз бўлсангиз дарров пайқабсиз-а!
— Мулозаматингиз учун ташаккур. Ака-ука ва опа-сингилларингиз бўлганми?
— Э-э… менимча бўлганди… яна билмадим, эслолмаяпман.
— Бунақа ғалати гапни биринчи марта эшитиб турибман.
— Наҳотки?
— Албатта-да! Сиз нима деб ўйловдингиз? Менга айтинг-чи, девордаги кимнинг портрети? Акангиз эмасми?
— Ҳа-да! Яхшиям эсга солдингиз, дарҳақиқат у менинг акам! Исми Вильям бўлса ҳам, биз уни Билл деб чақирардик.
— Нима?! Демак, у ўлган экан-да?
— Ҳа, ўлганди. Шубҳасиз ўлганди, дейиш ҳам қийин. Шу нарса аниқланмай қолди.
— Ачинарли воқеа. Менимча, дом-дараксиз йўқолган экан-да?
— Ҳа, умуман олганда, шундай десак ҳам бўлаверади. Биз уни дафн этганмиз.
— Дафн этганмиз?! Ўлик-тириклигини билмай туриб дафн этаверибсизлар-да?
— Йўғ-е! Гап бунда эмас. Ўлишга-ку, ўлган эди-я…
— Ростини айтсам, ҳеч нимага тушунолмаяпман! Агар уни дафн этган бўлсаларинг, демак, ўлганини билган экансиз-да…
— Йўқ, йўқ! Биз фақат ўлган экан, деб ўйладик.
— Ҳа, тушундим! У яна тирилибди-да!
— Ҳечам!
— Умрим бино бўлиб ҳеч бунақасини эшитмагандим. Одам ўлди. Одамни дафн этишди. Ҳеч нарсага тушуниб бўлмайди-я?
— Менам шуни айтяпман-да! Гап шунда. Биласизми, биз марҳум билан эгизак эканмиз. Туғилганимизга атиги икки ҳафта бўлганда бизни ваннада чўмилтиришибди-ю, иккаламиздан биримиз чўкиб кетибмиз. Аммо қай биримиз чўкканимизни билмасдик. Бир хил одамлар Биллни, бошқалари мени чўкиб кетди, деб ўйлашибди…
— Қойил! Сиз нима деб ўйлайсиз?
— Биргина тангри таолонинг ўзига маълум. Шуни аниқ билиш учун дунёдаги ҳамма нарсани берган бўлардим. Бу мудҳиш мавҳумлик бутун ҳаётимни заҳарлаяпти. Аммо, мен сизга шу пайтгача ҳеч кимга билдирмаган бир сирни айтиб бераман. Иккаламиздан биримизда алоҳида нишон — чап қўлимизда каттагина хол бўлган. Бу мен эдим. Худди ўша гўдак чўкиб кетганди.
— Қойил! Демак, ҳеч қанақа сир йўқ экан-да.
— Сир йўқ, деяпсизми? Менимча бор. Ҳар ҳолда, ота-онамнинг бунчалик саросимага тушиб ўша гўдакни дафн этишмаганига ҳайронман. Лекин ота-онам олдида бу ҳақда оғиз оча кўрманг. Худо шоҳид, бусиз ҳам ғам-ташвиши бошларидан ортиб ётибди.
— Хўш, менимча, етарли даражада материал олдим, илтифотингиз учун раҳмат. Бироқ, Аарон Барранинг дафн этилиши ҳаҳида берган маълумотингизга қизиқиб ҳолдим. Менга айтолмайсизми, нима сабабдан Баррани энг ажойиб киши деб ўйлайсиз?
— Айтишим мумкин. Умуман, бунга эллик кишидан биттаси эътибор қилган бўларди. Жаноза ўқилиб, марҳум ётқизилган тобут махсус аравага қўйилиб халойиқ энди қабристон томон йўл олаётганда, тўсатдан Барра кўзини очиб бу ёруғ дунёни сўнгги марта томоша қилмоқчи эканлигини айтди-ю, аравакаш ёнига ўтириб олди…
Интервьючи йигит эҳтиром билан хайрлашди. Бу ажойиб суҳбатдошим билан кўпроқ гаплаша олмаганимдан анча афсусландим.
Русчадан Абдуворис Абдумажидов таржимаси
[1] Аарон Барра (1756—1836) — Американинг давлат арбоби.