Менинг чиройли, янгигина қўл соатим ўн саккиз ой давомида на олдга чопиб, на ортда қолиб ишлайди. Бирон марта тўхтаб қолгани йўқ. Гўё, унинг механизми абадий.
Ниҳоят, соатим тўхтаб қолди. Айбдор ўзим. Бу қандайдир катта бахтсизликдан далолат дея куйина бошладим. Энг яхши устахона томон йўл олдим. Уста менинг соатимни олиб, тузатишга киришиб кетди.
“Соатингиз тўрт дақиқага ортда қолмоқда, унинг мурватини бироз тезлатиш керак”, – деди у бироздан сўнг.
Мен ўзимча қаршилик кўрсатдим. Миллар вақтни аниқ кўрсатиб турганига устани ишонтиришга тиришдим. Аммо нодон уста ўз билганидан қолмади.Оқибатда соатим тез юрадиган бўлиб қолди. Назаримда, у кун сайин тезлашиб борарди.
Икки ойдан сўнг шаҳар соатлари меникидан анча ортда қолиб кетди. Менинг соатим ўн уч кун олдинга ўтиб кетган экан! Қўл соатим ҳали эндигина кеч куз барглари тўкилаётган бир пайтда декабр қорларидан баҳра олаётган эди. У менга ҳамма майда-чуйда тўловларни, алалхусус, ижара ҳақини тўлашни ҳам тавсия қилаётганди. Бунга ортиқ чидай олмадим. Яна уни таъмирлашга отландим. Соатсоз матоҳимни аввал ҳам тузатишга берган-бермаганлигимни сўради. Мен эса уни ҳали уста кўрмаган, деб жавоб бердим.
Шундан сўнг уста бетоқатларча соатимни очди ва кўзига заррабинини тутиб, унинг механизмини диққат билан кузата бошлади. Сўнгра менга бир ҳафтадан сўнг келишимни айтди.
Мен айтилган вақтда келдим.
Афсус, шунча машаққатли меҳнатдан сўнг менинг бахтсиз соатим энди ортда қола бошлади. У гўё маъюс ва ҳорғин дафн қўнғироқларининг зарби каби секинлашиб борарди. Мен поездларга кечика бошладим, белгиланган учрашувларимни ўтказиб юбордим. Ҳаттоки тушлик қилишни унутиб қўйдим. Соатим аввалига уч кун, кейин дабдурустдан тўрт кунга ортда қола бошлади. Алам ва ғазабимнинг чеки йўқ. Мен кечаги, ундан аввалги кун билан яшай бошладим. Хуллас, яна устага боришга тўғри келди. У ҳаш-паш дегунча соатимни бўлакларга бўлиб ташлади ва кейин уч кун ичида тузатиб беришини айтди.
Шундан сўнг қўл соатим яхши ишлаб кетди. Аммо кун ярмидан сўнг шўхлик қила бошлайди: гоҳ йўталга, гоҳ ҳансирашга, баъзан пишқириққа ўхшаш саслар чиқаради. Бориб-бориб мен ўз овозимни эшитолмай қолдим.
Хуллас бу ярамасни учинчи бор устага кўрсатиш мажбурияти пайдо бўлди.
У соатимнинг стержени синганини айтди. Бу қусур назаримда унчалик жиддий эмасдек туюлди. Қувондим. Очиғи, ўша стержен деганлари аслида нелигини ҳам билмайман. Аммо билмаслигимни биров билиб қолишини ҳам истамайман.
Ниҳоят стержен ҳам тузалди. Лекин хурсандчилигим узоққа чўзилмади. Соатим ишлаб туриб, бирданига тўхтаб қоларди. Кейин бироз вақт ўтиб яна ишлаб кетарди. У қачон ишлаш ва қачон ишламасликни ўзи ҳал қиладиган бўлиб қолди. Ҳар доим ишлашидан аввал ўқ овозидек қарсиллаган товуш чиқаради.
Ҳаттоки бир неча кун кўкрагим устига юмшоқ нарса қўйиб ётишимга тўғри келди. Охир-оқибат соатимни яна устахонага олиб бордим. Яна ҳар доимгидек соатим бир неча бўлакларга бўлиб ташланди. Соатсоз уларни бирма-бир кўздан кечириб чиққач, соатимнинг қил пружинаси лат еганини айтди. Сўнг уни тузатиб, механизмни ишга туширди.
Соатим яхши ишлай бошлади. Фақат ҳар ўн дақиқада иккита соат миллари бир-бирига ёпишиб, бирга айланишини айтмаганда, албатта. Дунёда ҳеч бир донишманд менинг қимматбаҳо соатим қайси вақтни кўрсатаётганини айтиб беролмас эди. Ва мен яна таъмирлашга отландим.
Бу сафар энди соатимнинг кичик биллур парчаси бироз қийшайгани, ҳаракатлантирувчи пружинаси ҳам қайрилиб қолганини айтишди.
Ҳаммаси таъмирланиб, созланди. Соатим яхши ишлай бошлади. Лекин соатим бор-йўғи саккиз соат яхши ишлагач, механизм ишдан чиқди ва арига ўхшаб ғизиллай бошларди. Соат миллари эса шунчалик тез айланарди-ки, тез орада уларни кўриб бўлмай қоларди. Гўё, циферблат ўргимчак тўри билан қоплангандек эди. Беш-олти дақиқада бир сутка ўтиб кетар эди. Ва ниҳоят, соатим “шақир-шуқир” қилиб тўхтади. Қалбимда алам билан яна навбатдаги устахона сари йўл олдим.
Бироз вақт устанинг ишини кузатиб турдим. Соатим яна турли бўлакларга бўлинди. Бу сафар энди мен устани қаттиққўллик билан имтиҳон қилдим. Чунки иш борган сари жиддийлашиб бораётган эди. Ўзи соатимни икки юз долларга сотиб олганман, уни созлаш учун эса икки-уч минг доллар атрофида пул сарфлабман. Устанинг ишни тугатишини кутиб туриб, унинг бир вақтлар пароход механикиги бўлган эски танишим эканлигини эсладим. Унинг яхши соатсоз эмаслигини ҳам жуда яхши билардим.
У механизмнинг ҳамма бўлакларини олдинги усталар каби эҳтиёткорона текшириб чиқди ва ишончли овоз билан: “Пар ҳаддан зиёд кўпайиб кетган, сақловчи клапанга яна битта гайка қўшиш керак”, – деди. Мен соатимни олиб майда-майда қилиб ташладим. Дафн маросими ҳам ўз ҳисобимдан.
Инглиз тилидан Чаросхон Самадова таржимаси.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 8-сон