Чоғроққина, аммо жуда гўзал сурат чизган бир рассом уни ойнада акс этадиган тарзда осиб қўйишга қарор қилди.
— Суратни ойнада кўрсангиз,— деди рассом,— унда миқёси чуқурлашади, бўёқлари мулойимлашади. Менингча, сурат анчагина латифлашади.
Ўрмонда яшовчи ҳайвонларга буларнинг ҳаммаси тўғрисида хонаки мушук гапириб берди. У ўзининг билимдонлигию ҳассослиги, ғаройиб боодоблигию ўта маданиятлиги билан ҳамиша уларнинг ҳавасини келтирарди.
Мушук бошқа ҳайвонларнинг хаёлига ҳам келмаган нарсалар тўғрисида баҳс этиши мумкин эди. Бироқ улар: аксар унинг ҳикояларидан кейин ҳам гапларига тўла-тўкис ишонгилари келмасди.
Мушукдан бу янгиликни эшитгач, ўрмонда яшовчи ҳайвонлар жуда ҳаяжонланиб кетдилар. Унга саволлар ёғдириб бор гапни батафсил айтиб беришиии талаб қилдилар. Уларни, айниқса, сурат дегани нима эканлиги қизиқтирарди.
— Биласизларми,— деди мушук, — сурат дегани япасқи бир нарса. Шу қадар япасқики, завқ-шавқингизни ошириб юборади. Қолаверса, ўзи жуда гўзал!
Шундан кейин ҳайвонларнинг қизиқиши ниҳоятда кучайиб кетди, улар мушук сурат деб атаган нарсани кўриш учун борлиқларидан кечишга тайёр эканликларини айтдилар.
— Дарвоқе, уни бунчалик гўзал қилиб кўрсатадиган нарса нима?— деб сўради айиқ.
— Ҳайратомуз кўркамлиги,— деб жавоб берди мушук.
Бу уларнинг завқ-шавқини янада ошириб юборди, айни бир вақтда кўтилларида муайян гумон туғдирди. Ҳайвонларнинг қизиқишлари ҳад-ҳудудсиз эди.
— Ойна дегани нима?— деб қизиқсинди сигир.
— Девордаги бир туйнук,— деб тушунтирди мушук.— Унга қарасангиз — суратни кўрасиз. Бу суратда шу қадар нафосат, латофат, самовий шаффофлик акс этганки, у ўзининг ақл бовар қилмайдиган кўркамлиги билан сизни шу қадар илҳомлантириб юборадики, бошингиз айлана бошлайди. Ҳушингиздан кетиб қолаёзасиз.
Шу пайтгача чурқ этмай турган эшак дафъатан ҳамма ёр-биродарларини ўйга чўмдириб қўйди:
— Мушук лоф ураётган гўзалликка ўхшаган гўзаллик ҳеч қачон бўлган эмас,— дея ҳукм чиқарди у,— ажаб змаски, ҳозир ҳам бўлмаса. Қолаверса, мушукнинг ана шу гўзалликни таърифлаш учун — шу қадар узундан-узоқ ташбеҳларни қўллашга мажбур бўлаётганлиги шубҳа туғдиради.
Эшакнинг сўзлари ҳайвонларга маълум даражада таъсир қилганини пайқаш қийин эмасдики, дили-дилигача ғоятда озор етган мушук орадан чиқиб кетди. Бир неча кунгача ўрмонда бу борада гап очилмади-ю, аммо сўниб битмаган қизиқиш бора-бора янги куч билан алангаланиб кетди-да, ҳайвонлар ўринсиз шубҳа-гумонлари билан қувончларига раҳна солган эшакка таъна қила бошладилар. Бироқ, эшакка бас келиш маҳол эди. Эшак пинагини бузмай, у ҳақлими, мушук ҳақлими эканлигини ҳал қилиш учун биргина йўл борлигини айтди. Эшак рассомнинг уйига бориб, ўша туйнукка кўз ташлайди-да, қайтиб келгач, нима кўрганини айтиб беради. Шундан сўнг барча ҳайвонларнинг кўнгли жойига тушиб, эшакдан тезроқ рассомникига бориб келишни илтимос қила бошладилар. У йўлга тушди.
Лекин манзилга етиб келгач, эшак янглиш иш тутиб ойна билан сурат ўртасида туриб қолди-да, табиийки, сурат деган нарсани кўрмади. Ўрмонга қайтиб келгач, қатъият билан шундай деди:
— Мушук ёлғончи экан! Туйнукда аллақандай эшакдан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Япасқи буюмдан-ку асар ҳам йўқ. Мен кўрган эшак гарчанд, анчагина ёқимтой бўлса ҳам, лекин бари бир ўзимиз билган эшак-да.
— Сен синчиклаб қарадингми ўзи?— деб сўради фил.— Яқинроғига бордингми ишқилиб?
— О, ҳайвонларнинг ҳоқони Хатхи, мен ҳаммасини синчиклаб кўздан кечирдим, шу қадар яқин бордимки, тумшуғимни тумшуғига уриб олдим.
— Буларнинг барчаси ғалати,— деди фил.— Ҳаммамизга аёнки, шу пайтгача мушук ҳамиша рост гапириб келган эди. У ерга яна биронталарингиз бориб келинглар. Сен бора
қол, Балу, ўша туйнукка разм сол. Қайтиб келганингда у ерда нима кўрганингни айтиб берасан.
Айиқ йўлга тушди. У қайгиб келгач, ҳайвонлар шу гапларни эшитдилар:
— Мушук ҳам, эшак ҳам ёлғон айтишибди: ўша туйнукда аллақандай айиқ ётибди, холос.
Ҳайвонларнинг орасида астойдил тўс-тўполон кўтарилди. Улардан ҳар бири ким ҳақли эканлигига шахсан амин бўлгиси келарди.
Аммо фил уларни битта-битталаб жўнатди.
Аввал сигирни жўнатди. У туйнукда сигирдан бошқа ҳеч кимни кўролмай қайтиб келди.
Йўлбарс йўлбарсдан бошқа ҳеч кимни учратмади.
Арслон арслондан бошқа ҳеч кимни учратмади.
Қоплон қоплондан бошқа ҳеч кимни учратмади.
Туя эса туянигина кўриб қайтди.
Шундан сўнг дарғазаб бўлган Хатхи ўзи бориб ҳақиқатни ҳақ топтириб келишини айтди. У қайтиб келгач, бугундан эътиборан ўзининг барча талабларини ёлғончи деб ҳисоблажагини маълум қилди, мушукнинг нақадар паст кетганлигини ўйлай-ўйлай, анчагача ўзини босолмади.
— Туйнукда филдан бошқа кимса йўқлигини калтабин аҳмоқларгина пайқамаган бўлишлари мумкин,— деди Хатхи.
МУШУК ЧИҚАРГАН ҲИССА:
Агар санъат асари билан тасаввурингиз ойнаси ўртасида туриб қолсангиз — ўзингиз олиб кирган нарсанигина кўра оласиз. Унда қулоқларингизни кўрасизми-йўқми, аммо қулоқларингизнинг мавжуд бўлиши муқаррар, бунисидан кўнглингиз тўқ бўлаверсин.