Жим Смилей гаров ўйнашни жуда ёқтирарди. Ит уриштирса ҳам, хўроз уриштирса ҳам дарров гаров боғлайди. Деворда иккита қуш кўрса ҳам: «Қайси бири олдин учиб кетади?», деб гаровлашаверади.
Бир куни Жим Смилей қурбақа тутиб олди ва: «Мен уни қўлга ўргатаман», деди. Қурбақасига Даниел Вебстер деб от ҳам қўйди. У қурбақаси билан фахрланар, уни кичкина қутичада сақлар, гоҳо қўшни қишлоқларга қурбақа пойгаларига олиб борарди.
Даниел Вебстер уқувли чиқиб қолди. Смилей уни узунликка сакрашга ўргатди. Вебстер барча қурбақалардан узоққа сакрайдиган бўлди. Бироқ Жим Смилей жуда содда одам эди. Кунларнинг бирида бир ажнабий қутича ушлаган Смилейни йўлда учратиб:
— Қутичангизда нима бор?—деб сўради.
— Қурбақа,— деб жавоб қилди Смилей. Ажнабий Даниелни қўлига олди, уни айлантириб томоша қилди, сўнг оҳиста сўради:
— Айтинг-чи, у қандай каромат кўрсата олади?
—Ҳм,— деди Смилей,— ягона каромати шуки, у бу яқин-атрофдаги истаган қурбақангизни узунликка сакрашда ортда қолдиради. Гаровга қирқ доллар тикиб айтаманки, у сакраш бўйича чемпион бўлади.
— Мен бир мусофирман,—дея жавоб берди йигит,— кўриб турибсизки, қурбақам йўқ. Қурбақам бўлганида сиз билан гаров боғлашардим.
— Э, бу жуда осон,— деди Смилей хурсанд бўлиб.— Қутичамни ушлаб туринг, ҳозир мен сизга қурбақа тутиб келаман.
Ажнабий йигит қутичани олди, чўнтагидан қирқ дол-лар чиқариб, Смилейнинг долларига қўшди ва ўтириб кута бошлади. Смилей кўздан йўқолгач, Даниелни қу-тичадан олди-да, оғзини сочма ўққа тўлдириб, ерга қўйди. Бу орада Смилей қурбақа топиб келди.
— Қани,— деди ажнабийга,— қурбақангизни Да-ниелнинг олдига қўйинг-чи. Олди оёқлари манави чизиқда турсин. Ҳа, балли. Учгача санайман: бир, икки, уч. Олға!
Улар қурбақаларнинг орқасига туртишди. Янги тутилган қурбақа чиройли сакради. Даниел эса фақат елкасини учириб қўйди, холос. Ажнабий йигит пулни олиб жуфтакни ростлади. Смилей хайрон эди: «Нега қурбақам сакрамади-а?» У Даниелни бўйнидан ушлаб кўтардию қичқириб юборди:
— Уҳ, намунча оғир бўлмаса бу?..
Даниелнинг оёғини осмондан қилганди, оғзидан бир ҳовуч сочма ўқ тушди. Буни кўриб Смилей ҳамма гапга тушунди. Қурбақани итқитиб, йигитнинг кетидан чопди. Бироқ унинг қораси ҳам кўринмасди.
Инглиз тилидан Ўроқ Равшанов таржимаси
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 6-сон