Марина Цветаева. Қайлиқ (очерк)

У на меники, на Асяники бўла олди, чунки ҳеч биримизнинг кўнглимизга ўтирмади. Биздан катта опамиз аллақачон уйли-жойли. Боши очиқ бўлганда ҳам, унгаям ёқишга мутлақо ишонмайман. Қайлиқ ёш, келишган бўлмаса-да, истарали. (одобли, ахлоқли, беғараз, санаса анча фазилатлари бор-а! Аммо биз билан қовушиб кетолмади…) Айниқса, унга келажаги бор, деган гап чиппа ёпишади. Ҳамма гап-мана шу келажакда, буни яратиш биз-отамизнинг турмушга чиқмаган икки қизидан бирининг зиммасида эди. У бизга совчи қўйди, кўнглимизни олишга уриндигина эмас, остонамизда ётиб олди. Нимага ўхшатсам экан? Қассоб атрофида гирдикапалак мушукдай. Бу мушук тўқ эди, анчагина тўқ. Узун бўйли, басавлат бу йигитдан ғалати ёқимсиз ҳид келарди. Тери остида тўпланган ер ости сувлари билан боғлиқ нималардир бор эди.
Кўзлари тиниқ эди. Ғоят соф ҳалол эди. Бир жуфт бўм-бўш ифодасиз бўшлиқ сизга қараб турибди. Болаликда бундай кўзларни самовий дейишарди. Нима учун аёлларнинг бундай кўзлари сув парисиникига қиёсланади-ю, эркакларники ҳалолликка? Улар ҳалоллик кафолати деб талқин этилсалар-да, аслида энг доғули инсонларда учрайди. Улар худди шу кўзлари билан юқорилайдилар! Ўқувчилик, куёвлик, директорлик… Қўйсангиз-чи, одам бундай кўзлар билан ундай ишларга, дея эътироз билдирманг. Йўқ, айнан шундай беозоргина кўринган кўзлар сизга тик, киприк қоқмай қарайди, нигоҳингизни чиллак ўйинидагидай ўраб, чирмайди.
Лаблари бошқача, кўзлари бошқача сўзлайди. Мен барини биламан, деган суврат бор лабларида.
Қайлиқнинг сув билан яна бир уйғунлиги-Ока учрашув жойимиз. Дарё бўйидаги Таруса шаҳарчасида унинг ота-онасига тегишли дала ҳовли бор. Бу ерга илк қадам қўйишимиздаёқ қадамимизни гумонсираш, хавфсираш таъқиб қилган.
-Нимага шундай бўлаяпти-а?-баҳслашардик опа-сингил Тарусадан ўзимизнинг Қумсоҳил тўлқинларидай ястанган қирлардан чопқиллаб, чиқиб-тушарканмиз. –Биз ҳақиқий княгинялар, машҳур актрисалар эмасмиз-ку! Ажабо, ҳозирги ҳолатимизда нимамизга қизиқади?
-Эътибор бердингми, ҳар бир сўзимизни қўллаб-қувватлашгани етмагандай, завқланиб ҳи-ҳилашади ҳам?
-Айниқса, отаси.
-Айниқса, онаси.
-Толя, Толя-чи, тамшаниб, ютиниб ўтирди. Ася, онт ичаманки, бариси сени, сени деб!
-Бемаъни гапларингни қўй. Агарда у шундай қилган бўлса, фақат сен туфайли, чунки мен сендан ёшман. Турмушга чиқишимга эрта ҳали. Сенга эса атиги бир йил қолди.
Толянинг жони-дили ҳаммом эди. Тарусагами, Москвадаги меҳмондорчиликка чақиришса борсак, синглиси Нина бўсағадаёқ:
-Толя ҳали йўқ. Ҳаммомда Сизларга билдирмаслигимни ўтинди. Дўстлигимиз ҳаққи айтяпман буни, – дея шивирларди.
-Ҳаммом мужиги,-дерди Ася аччиқланиб. –Унга шеър ёзишдан кўра савдогарлар қашлагичи билан қашланиб ўтириш кўпроқ ярашади. Бу каби руҳонийни севиб турмушга чиққандан кўра, севмасанг-да подшога эрга теккан маъқул. Бу бечорага-ку севгиям ярашмайди.
Туғилган кун зиёфатлари! Катта зал, оппоқ, тўкин дастурхон, ҳашаматли стол атрофида хизмат қилаётган бизнинг уй ходимамиз-немис аёли, навқирон, қадрдон чеҳраларни оралаб-ўтиб, оқишроқ малла соқол-мўйловли Анатолий Ася икковимизнинг нигоҳимизни овлаш билан овора. Кўзлари гоҳ менга, гоҳ синглимга учиб қўнди.
-Марина! Сирли орзуларимиз учун! Ася!
-Нима-а-аа?!
-Худо ҳаққи, болагинам, бундай чинқирма!
-Ажойиб йигит-да, – ҳазиллашарди унинг ҳар бир ташрифидан сўнг бизнинг немка. –Босиқ, тавозели, яхши ҳулқли. Афсус, башараси сал… Гимнастика билан шуғулланса эди. Кўпроқ қора олхўрининг шарбатини ичиш керак.
Анатолийлар хонадонининг оқсочи-одмигина, жўнгина аёл эса Толяни жини суймасди.
-Асенка, ҳеч қачон, ҳеч қачон унга турмушга чиқманг! Қорни тўқ, ранги оқ. Кўзлари мовий бўлса-да, ишонманг у кўзларга! Бунақалар албатта калтаклашади. Ёки лўттивозлик қилиб, чимчилаб кўришади. Ҳеч бўлмаса, игналар билан санчиб-санчиб олишади. Чунки уларнинг юраги илонникидай совуқ, жуда совуқ.
Қайлиқ бир йил давомида бизнинг ўртамизда чайқалиб юрди. Ниҳоят, Асяга мойиллиги кўринди. Синглим ҳали жудаям ёш, кўркам, қувноқ. Улар ўртасида жонли девор Толяга паст кўринди. Мен билан унинг орасини муқаддас Еленанинг метин қоялари тўсиб туради.
Тўрт қаторли бағишлов шеърлари, кўзларни қайирмоққа уринган ўткир нигоҳлар, аммо Ася барини кескин рад этди.
-Ася, қачон ўзингизга номуносиб давраларни, аллақандай Гриша ва Мишаларни тарк этасиз? Қачон улғаясиз?
-Сиз учун улғайишга тоқатим йўқ.
-Қачон ақлингиз киради?
-Сиз учун ақлим киришини мутлақо хоҳламайман.
-Бунчалар ғўр, бунчалар ёшсиз!
-Сизга ёқмайдими? Ҳамиша шундай бўлиб қоламан.
Москвада Толянинг ишлари ёмонлашгандан ёмонлашди: Таруса қучоғида миш-мишлар сув бўлиб оқди. Оканинг ўзи уларни қайлиққа етказиб турди: кеча ким билан қайси тешик қайиқда унинг ўн уч ёшли қайлиғи сайр этди, ким билан қумда ўтириб олиб, тонгги соат учга қадар овози бўғилиб қолгунча Трансвал, Трансвал, менинг юртим,-деб қўшиқ айтди… Қизиғи шу эдики, танишувлар, учрашувлар ҳақида Асянинг ўзи биринчи бўлиб суюнчилар эди:
-Мен бир реалист билан танишиб қолдим. Толя, унинг кўзлари қоп-қора-Пушкинникидай.
-Пушкиннинг кўзлари мовий эди,-минғилларди Толя.
-Алдаяпсиз, Толя, мовий кўзлар фақат сизгагина тегишли. Унинг исми Паша, мен уни пошо дейман. Шундай дейишни яхши кўраман. Ахир Туркия ва Миср султонлари, ҳарбий саркардаларни шундай аташган-да.
-“Уруш ва тинчлик” даги Анатолийга ўхшасангиз ҳам майли эди. Аммо сиз Левинга ҳам ўхшамайсиз…
-Сизга бундай жиддий китобларни ўқишга ҳали эрта рухсат беришмоқда,-унинг сўзини бўларди Толя, ўзининг кимга ўхшашлигини тинглашга ортиқ тоқати қолмай.
-Сизга ўхшаган китобни-чи? Эрта эмасмикан? Яхшиси, сиздай китобларни ўқимаган маъқул.
Ўша кунларда дадам билан орамизда шундай суҳбат бўлиб ўтди:
-Дада, сизга Анатолий ёқадими?
-Янги қоровулимизми?
-Йўқ. Қоровулимиз-Антон, у эса-талаба, Тихонравов.
-А-а-аа… У узоққа боролмади, чоғи? Ундан ғалати ёқимсиз ҳид келади.
Йиллар ўтди. Бизга атаб экилган ёнғоқлар бўй кўрсатди, уларга қўшилиб ўзимиз ҳам ўсдик.
Биз сўнгги синфлардамиз, сўнгги босқичдамиз. Кутилмаганда Тарусадан Асяга хат ташувчи мактуб олиб келди. Толянинг ёзуви. Очамиз: жимжимадор ҳарфлар орасида янчилган семиз капалак қуртининг расми.
-Аҳмоқ,-деди Ася совуққонлик билан.
-Автопортрет,-аниқлик киритдим. Расмннг тагида ўзингизни ўзингиз ва мен учун асранг, деган ёзув.
-Сурбет. У менга шундай хат ёзишга ҳаққим бор деб, ўйлабди-да! Шу ернинг ўзида мактуб орқасига: Мулкингизни қайтармоқдаман, менда сизга аталган ҳеч нарса йўқ, бўлмайди ҳам, деб ёзиб қайтариб жўнатди.
-Эҳтиёт бўл, Ася, у ҳали бизга бу капалак қуртини эслатиб қўяди!
Капалак қурти маъшум бўлиб чиқди. У Анатолий билан Ася ўртасидаги иттифоқ бўлиши мумкинмаслигини таъкидловчи энг сўнгги қалин қора ўчмас чегара эди. Шу қишда Ася Борис исмли йигит билан танишиб, тез орада унга турмушга чиқди.
1921 йил, баҳор. Ася Феодосиядан яқиндагина қайтди. У 1917 йилдан буён ўша жойда яшаётган эди. Сўнгги йиллар ўтларни қайнатиб кун кўрдик. Синглим озғин, ҳаминқадар кийинган, аммо ўша-ўша тиниб-тинчимас.
-Марина! Музейга ишлашга бораман!
-Эсингни еб қўйибсан! У ерда ҳозир директор-Анатолий.
-Анатолий директорми? Ҳатто бизга уйланмай ҳам шу мартабага эришибди-да. Бахти кулибди йигитнинг!
-Рисоладагидай ойимқизга уйланган.
Рисоладагидай ойимқиз? Ҳозироқ Музейга бораман! (Сўз уларнинг отаси-И.В.Цветаев ташкилотчилигида қад кўтарган (1898-1912) Россиядаги илк тасвирий санъат музей ҳақида бормоқда. У 1913 йилда юрак хуружидан вафот этди).
Ася бориб келди.
-Кириб бордим. Отамнинг ўрнида ўтирибди, қилт этмади, турмади ҳам. –Келганингизга анча бўлдими?-Кеча. –Нима истайдилар?-Музейдан иш. Бўш ўринлар йўқ. –Шунда мен унга жуда қисқа, аммо чертиб:-Эҳтимол, мен учун топилиб қолар? Толя, барибир ўйлаб кўринг,-дедим. Ўйлаб кўраман. Бирон нарса топилганда ҳам сизга тўғри келармикин…-деди. Марина, шунда хотини кириб келди, тақиллатмасдан, бемалол, ўз уйига кириб келгандай. Ёшгина, хушрўйгина-чиндан ҳам кўзга яқин. Қўғирчоқ дейсан-тирноқлари, тирсакчалари, қўш этакли оқ кўйлакчалари. У бизларни таништирмади ҳам. Мени ўтиришга таклиф ҳам этмади. Суҳбат, воқеалардан карахтланиб, оёқда тик турдим.
Ася гапираётиб жилмайди.
Ҳафта ўтиб, директор имзоси билан билдириш хати келди. Ася кутубхонага штатдан ташқари ходим этиб тайинланган эди. Ойлиги эса… арзимас. Ася музейда ўн йил ишлади. Шундан тўққиз ярим йили Анатолий раҳбарлигида кечди. Номаълум сабабларга кўра, кунларнинг бирида ундан директор ўрнини бўшатиб қўйишни сўрашди. Бироқ у нима қилганда ҳам, отамнинг ўрнида ўтириб кетди.
Анатолий ҳозир-ёзувчи. Унинг китоблари энг яхши қоғозларда чоп этиларди. Муқовалари қалин, қизил матоли ҳошия чизиқлари бор. Хориж ҳаётидан ёзади. Шунақа, у бизга уйлана олмаган бўлса-да, ёзувчи бўла олди. Фақат-қандай ёзувчи?

Ойгул Суюндиқова таржимаси

Таржимондан: Машҳур рус шоираси М. Цветаева (1892-1943) ХХ аср қиёфасини бутун қувончлари, ранглари, зиддиятлари билан куйлай олди. Улуғ рус шоирлари А. Блок, А. Ахматова, Б. Пастернак, С. Есенин ва бошқалар билан бир даврда яшаб ижод қилди.
Эътиборингизга унинг шахсий ҳаётига оид “Қайлиқ” очеркини ҳавола этдик. Бу очерк “Сўнгги хабарлар” кундалик газетаси (Париж, 1933 йил 15 октиябр) да босилган. Унда ёзувчи А.К. Виноградов (1888-1946) ҳақида сўз кетади. У Цветаевлар оиласига таниш шахслардан бири, бадиий-автобиографик асарлар муаллифи. Гарчи битик очерк деб аталса-да, ундан Маринача эҳтирос, кескинлик суратлари кўриниб туради.