Лоуренс Блок. Аудиторнинг қасоси (ҳикоя)

Биринчи хат унга сешанба куни келди. Майрон Хеттингер дарров тушунди: қандайдир ишкаллик бор. Гап шундаки, у сешанба кунлари эрталаб умуман хат олмасди. Жума куни жўнатилган хатлар душанба куни етиб келарди. Душанбада жўнатилганлари чоршанба куни келар, камдан-кам ҳолларда сешанба куни иш вақти тугаётганда келарди. Бу хатни эса курер эрталаб олиб келди.
Хеттингер хатни қўлига олди, лекин очмади. Аввал хатжилдга назар солди. Унинг манзили ёзилган. Оддий ёзув машинкасида. Почта муҳри якшанба куни қўйилган. Хатжилдга почта бошқармаси Ўрта Фарбдаги машҳур коллежнинг юз эллик йиллигига атаб чиқарган тўрт тсентлик марка ёпиштирилган. Жўнатувчининг манзили эса ёзилмаган.
У хатжилдни очди. Унинг ичидан хат эмас, ярим яланғоч икки кишининг фотосурати чиқди. Ёши элликдан ўтган, тўладан келган, тепакал, бурни узун, лаби ингичка эркак ва унинг қизи тенги, соҳибжамол, жилмаяётган малласоч аёлнинг сурати. Суратдаги эркак Майрон Хеттингернинг ўзи, аёл эса Шейла Бикс эди.
Хеттингер фотосуратга узоқ тикилиб қолди. Сўнг уни столга ташлади, ўрнидан туриб хонаси эшигини қулфлади. Яна стол ёнига қайтиб ўтирди, хатжилдда суратдан бошқа нарса йўқлигига ишонч ҳосил қилди. Кейин эса суратни майда-майда қилиб йиртиб кулдонга ташлади, хатжилдни ҳам майдалаб кулдонга ташлади ва ёндиргични ёқиб оловни қоғоз парчаларига тутди.
Фотосурат таҳдид эмас, таҳдидга ишора, олов борлигини билдирувчи тутун, холос.
Хонага нохуш ҳид тарқалди. Кулдондаги олов ўчгач, Хеттингер кондитсионерни ёқди.

***

Иккинчи хатжилд орадан икки кун ўтиб, пайшанба куни эрталаб келди. Хеттингер бу хат келишини кутаётганди. У хатжилдни қалингина хатлар боғлами орасидан излаб топди. Худди биринчиси каби хатжилд. Худди ўша ёзув машинкасида ёзилган манзил, худди ўшандай марка. Фақат муҳр бошқа сананики.
Бу сафар фотосурат ўрнига машинкада ёзилган қисқагина мактуб бор эди:
«Қоғоз халтага ўн ва йигирма долларликлардан 1000 доллар жойланг ва «Таймс-сквер» стантсиясидаги юк сақлаш камерасидаги жавонлардан бирига қўйинг. Қути калитини хатжилдга солиб, хатжилдни «Слокам» меҳмонхонасининг қайдхонасидаги стол устига «жаноб Жордан учун» деб қўйинг. Бугуноқ айтганимни қилмасангиз, фотосурат хотинингизга жўнатилади. Полицияга мурожаат қилманг. Хусусий изқувар ёлламанг. Хуллас, аҳмоқлик қилманг».
Хат муаллифи сўнгги учта огоҳлантиришни ёзишининг ҳожати ҳам йўқ эди. Хеттингер полицияга мурожаат қилмоқчи ёки хусусий изқувар ёлламоқчи эмасди. Бирор аҳмоқликка қўл уриши-ку асло ақлга сиғмасди.
Хат кулдонда кулга айланиб, кондитсионер ҳавони тозалаб бўлгач, Хеттингер дераза олдида Шарқий 43-кўчага қараганча узоқ ўйланди. Хат уни суратга нисбатан кўпроқ ҳаяжонга солганди. Унда яққол таҳдид бор эди. Бу унинг осойишта ҳаётига бўлган таҳдид эди.
Майрон Хеттингер ўз муваффақиятларидан ҳақли равишда фахрланиши мумкин эди. Ажойиб иш: олий тоифали аудитор, ҳар хил жисмоний ва ҳуқуқий шахсларнинг солиқлари миқдорини камайтириб бериш ҳисобига яхшигина пул топарди. Ажойиб оила: ўзидан икки ёш кичик хотини Элеонор уйни саранжом-саришта тутар, пазанда аёл бўлиб, эрининг ишларига бурнини суқмасди. Ниҳоят, ажойиб маъшуқа. Ўша, фотосуратдаги аёл. Шейла Бикс. Бу аёл ўзини жудаям камтарона тутар, баъзида кийим-кечак учун каттароқ пул сўрашини айтмаса, талаб қиладигани уй ҳақи, майда-чуйда харажатлар учун пул сўраш эди. Энди эса манави шантажчи, жаноб Жордан Майрон учта тош устига қурган биллур қасрни вайрон қилмоқчи. Агар анави лаънати сурат Хеттингер хонимнинг қўлига тушса, у эри билан ажрашади. Бунга шубҳа йўқ. Агар бу ажрашиш жанжалли тус олса, бизнесига путур етади. Охир-оқибат эса Шейладан ҳам мосуво бўлади.
Хеттингер стол ёнига ўтириб кўзларини юмди, стол юзасини бармоқлари билан черта бошлади. У мижозларидан ҳам, хотинидан ҳам, маъшуқасидан ҳам айрилишни истамасди. Элеонор ва Шейла сингари ишини ҳам жуда яхши кўрарди. Нима қилмоқ керак?
Бу саволнинг жавоби эса жуда оддий эди. Туш пайти Хеттингер хонасидан чиқиб банкка борди, ҳисоб рақамидан минг доллар олди, пулни сигарадан бўшаган қутига жойлаб «Таймс-сквер» стантсиясидаги юк сақлаш камераларидан бирига қўйди. Сақлаш камераси калитини жаноб Жорданга аталган хатжилдга солиб, «Слокам» меҳмонхонасидаги қайдхона хизматчисига берди ва тушлик ҳам қилишга улгурмасдан ишга қайтди. Кечки пайт жаноб Жордан сабаблими ёки тушлик қилмагани учунми, Майрон Хеттингернинг ошқозони оғриб қолди.

***

Учинчи хат орадан бир ҳафта ўтгач келди. Кейин эса сурункасига тўрт ҳафта давомида ҳар пайшанба худди шундай хат келди. Хатларнинг мазмуни бир хил, сўралган пул миқдори ва уни бериш тартиби ҳам ўзгармаган, фақат жаноб Жордан калит солинган хатжилдни оладиган меҳмонхона номи ўзгарарди.
Майрон Хеттингер ўз вазифасини аниқ бажарарди: банкка борар, у ердан юк сақлаш камерасига, сўнг айтилган меҳмонхонага, ундан кейин ишига қайтарди. Ҳар сафар тушлик қилолмас, оқибатда кечки пайт ошқозони безовта қиларди.
Бу нарса унга одат бўлиб қолди.
Умуман олганда, Хеттингер одатга қарши эмасди. Одат қандайдир воқеалар ёки ҳаракатларнинг қатъий бир тартибини англатар, Майрон Хеттингер эса тартибни қадрларди. У ўзининг шахсий харажатлар китобида жаноб Жордан учун алоҳида саҳифа очган, ҳар пайшанба куни чиқим қилинган минг долларни қайд қилиб борарди. Бунга иккита сабаб бор эди. Биринчиси ва энг асосийси, Хеттингер кўзда тутилмаган чиқимларга йўл қўймасди. Унинг ҳисоб-китоб дафтарида чиқим ва кирим доимо қайд қилинарди. Иккинчидан, у жаноб Жорданга кетаётган харажатларни қоплаш йўлини топишига чин кўнгилдан умид қиларди.
Пайшанба кунги йўл юришларни ҳисобга олмаганда, Хеттингернинг ҳаёти ҳеч ўзгаришсиз давом этарди. Мижозларнинг буюртмалари ўз муддатида аниқ ва сифатли бажарилар, ҳафтанинг икки оқшомини Шейла билан, қолган бештасини хотини билан ўтказарди.
Хотинига у албатта шантажчи ҳақида лом-мим демади. Аҳмоқ ҳам бундай қилмасди. Шунингдек, Шейлага ҳам индамади. Майрон Хеттингер шахсий муаммоларини ҳеч кимга достон қилмасди.
Жаноб Жордандан пул талаб қилинган олтинчи мактуб келгач, Хеттингер эшикни ичидан қулфлаб олиб хатни ёқиб ташлади ва креслога ястанганча узоқ ўй сурди. Шу кўйи у бир соат ўтирди.
Уни ҳар ҳафта минг доллардан айрилиш асло қониқтирмасди. Майрон Хеттингернинг чамасида бу каттагина пул эди. Иш шу тарзда кетадиган бўлса, бир йилда эллик минг доллардан ортиқ пул ҳавога совурилишини ҳисоблаш учун аудиторлик дипломи шарт эмасди. Бу чиқимга чек қўйиш керак.
Хеттингер бу муаммони иккита йўл билан ҳал қилиши мумкин эди. Шантажчининг анави лаънати суратни Хеттингер хонимга жўнатишига йўл қўйиш ёки шантажга барҳам бериш. Биринчи йўл нохуш оқибатларга олиб келиши аниқ эди. Иккинчиси… лекин буни қандай амалга ошириш мумкин?
Хеттингер жаноб Жорданга хат жўнатиб уни инсофга чақириши ҳам мумкин эди. Аммо бундан ҳеч қандай наф чиқмаслигини жуда яхши англаб турарди. Тўғри-да, шантажчида инсоф бўладими?
У жаноб Жорданни ўлдириши керак.
Шантажчини тўхтатишнинг ягона йўли фақат шу эди. Фақат буни қандай амалга ошириш мумкин? Майрон Хеттингер меҳмонхонада жаноб Жорданнинг калит солинган хатжилдни олиб кетиш учун келишини кутиб ўтиролмасди: шантажчи уни танирди. Юк сақлаш камераси олдида туришдан ҳам фойда йўқ эди.
Умрингда кўрмаган одамингни қандай ўлдирса бўлади?
Шу пайт Хеттингернинг миясига бир фикр урилди. У жилмайиб қўйди. Ўта мураккаб вазиятдан чиқиш йўлини топган одамгина шундай жилмаяди.

***

Ўша куни Хеттингер туш пайти хонасидан чиқди. Банкка бормади. Бунинг ўрнига кимёвий моддалар сотиладиган дўконга борди, бир нечта дорихоналарга бош суқди.
У ҳожатхонага кириб бомба ясади. Сигара қутисига кимёвий моддаларни жойлади. Хеттингер бомбани қути очилиши билан ёки бўлмаса ерга тушиб кетганда портлайдиган қилиб тайёрлади.
Майрон тайёр бўлган бомбани қоғоз халтага солди ва «Таймс-сквер» стантсиясининг юк сақлаш камерасидаги жавонлардан бирига жойлади. Калит солинган хатжилдни «Блекмор» меҳмонхонасига қўйди. Хонасига қайтди.
Куннинг иккинчи ярмида унинг қўли ишга бормади. У жаноб Жордан учун мўлжалланган саҳифага бугунги харажатларни шошиб-пишиб ёзаркан, эртадан бошлаб бу саҳифа бутунлай ёпилишини ўйлаб илжайиб қўйди. У ўйлаб топган фикридан хурсанд эди.
Бомба унга панд бермаслиги аниқ эди. Хеттингер кимёвий моддани аямай солганди. Бу модда нафақат жаноб Жорданни, балки ўн метр масофадаги барча нарсани парча-парча қилиб ташлашга етарди. Албатта, бошқа одамлар ҳам ҳалок бўлиши мумкин. Бу эҳтимолдан холи эмас. Масалан, шантажчи қутини метрода очса ёки гавжум жойда қўлидан тушириб юборса.
Аммо Хеттингерни жаноб Жордан ўзи билан бирга яна неча кишини нариги дунёга олиб кетиши заррача ташвишлантирмасди. Бошқа эркаклар, аёллар, болаларнинг ҳалок бўлиши уни мутлақо қизиқтирмасди. У фақат битта нарсани биларди: жаноб Жорданнинг ўлими Майрон Хеттингернинг яшашини билдирарди. Қолган барча нарсалар эса унинг учун сариқ чақага ҳам арзимасди.
Соат бешларда Хеттингер ўрнидан турди. Хонадан чиқиб пастга тушди, йўлакда бир оз туриб қолди. Уйга боргиси келмаётганди. У ечими йўқ муаммони ҳал қилди. Бундай ғалабани нишонлаш керак.
Элеонор билан ўтадиган оқшом байрамга ўхшамайди. Бунақа байрамни Шейла билан нишонлаган маъқул. Аммо у ўрнатилган тартибни бузгиси келмасди. Одатда у Шейланинг уйига душанба ва жума кунлари борарди. Қолган кунлари уйига кетарди.
Тўғри, бугун у тартибни бир марта бузди: халтага пул ўрнига бомба солди. Бу ёғи бўлганича бўлар.
У хотинига қўнғироқ қилди:
-Мен шаҳарда бир неча соатга ушланиб қоламан. Жудаям муҳим иш чиқиб қолди.
Элеонор қандай ишлиги билан қизиқмади ҳам. Фақат уни севишини айтди. У ҳам хотинига шундай жавоб қайтарди.
Гўшакни қўйиб, такси тўхтатди ва ҳайдовчига Фарбий 73-кўчага элтиб қўйишни буюрди.
Шейла тўрт қаватли уйнинг учинчи қаватида турарди. Хеттингер зиналардан кўтарилиб, эшикни тақиллатди. Ҳеч қандай жавоб бўлмади.
Агар душанба ёки жума куни шундай бўлганида, Майрон Хеттингер хафа бўлган бўларди. Аммо у пайшанба куни, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз келди, шунинг учун Шейланинг уйда йўқлиги уни ташвишга солмади.
Табиийки, унда ҳам уйнинг калити бор эди. Хеттингер эшикни очди ва ичкарига кирди. Виски шишасини очиб стаканга қуйди. Душанба ва жума кунлари унга Шейла виски қуйиб берарди. Креслога яхшилаб жойлашиб олди ва Шейлани кута бошлади.
Хеттингер йигирмата кам олтида креслога ўтирганди. Соат еттидан йигирма дақиқа ўтганида ташқарида аввал қадам товушлари, сўнг эшикнинг очилгани эшитилди. У «Салом» дейиш учун оғиз жуфтлади, лекин сўнгги лаҳзада оғзини юмди. У Шейлани ҳайрон қолдирмоқчи эди.
Ичкарига Шейла Бикс кириб келди. Ўйноқи қадамлар билан, кўзлари чақнаган ҳолда. Қўллари эса икки ёнига узатилганди. Мувозанат сақлаш учун. Чунки унинг бошида қоғоз халта турарди.
Халтани таниш учун Хеттингерга сониянинг мингдан бир улуши кифоя қилди. Шейлага ҳам уни кўриш учун шунча вақт етарли бўлди. Иккаласи ҳам бирданига ҳаракат қилишди. Хеттингер ҳаммасини бирданига бажаришга уринди. Хонадан қочиб чиқмоқчи, шунинг баробарида халтани ерга тушмай туриб турган жойида, яъни Шейланинг бошида тутиб қолмоқчи бўлди. Шейла эса қўрқувдан ўзини орқага ташлади ва халта унинг бошидан тушиб кетди.
Хеттингер ғайритабиий тарзда ўзини олдинга отди. Ерга тушаётган сигара қутисини тутиб қолиш учун қўлларини узатди.
Портлаш товуши Майрон Хеттингер эшитган охирги овоз бўлди.

Русчадан Дилшодбек Асқаров таржимаси.