Ли Мунёл. Олтин қанотли қуш (қисса)

Кo Жук юзида илиқ шуълани сезиб, кўзини очди.

Ҳозиргина уйи ёнидаги черковда тонгги қўнғироқ чалинди. Деразанинг қора панжаралари офтоб нурида янада бўртиб кўринди. Кo Жук хонани тутган қора сиёҳ исини туйди. Эҳтимол, қадимда олхўризорлар шундай ҳид таратгандир? Балки тепасида аждаҳо ва қақнус ўйноқлаган эртакнамо майсазорлар шу исга буркангандир?

Бу, кўп саёҳат қиладиган ва ўзини марҳум Сок Тамнинг шогирди деб ҳисобловчи табаррук ёшли Пак ўтган йил баҳорда Ко Жук учун харид қилган қора сиёҳ эди. Лекин ўшанда Ко Жук мўйқаламни қўлига олиш тугул ўрнидан қўзғатолмасди ҳам; шу сабаб бу совғадан ғамга ботиб қолганди. Хушбўй ис Чху Сунинг хонани эндигина тарк этганини анг­латарди.

“Мени уйғотиб юборган, деразага урилаётган ҳароратли ёғду қуёш шуълалари эканлиги аниқ”, – деган хаёлга борди Ко Жук ва қатъиятсизлик билан ўрнидан туришга уриниб кўрди. Эплолмади. Кимнидир ёрдамга чақириш ўйи миясидан лоп этиб ўтди-ю, бироқ бу фикрдан дарҳол воз кечиб, яна чўзилиб олди. Оила аъзоларининг мўъжиза кутгандай аҳволини сўрашлари, тоқатни тоқ қилиб юборувчи ғамхўрликлари билан эрталабки сокинликни, эндиликда азоб ҳам, оғриқ ҳам бермай қўйган маъюсликни бузишни хоҳламаётганди.

“Ҳа… – шифтдаги нақшларга термилиб мушоҳада қиларди у, – умрим бўйи бугунгидек тонглар кўп бўлди… Ҳаммаси ёлғизликда ўтди, ҳаммаси…”

Болаликнинг хира даврларида бундай уйғонишлар неча бор рўй берган. Ўшанда беш яшармиди, ё олти ёшга тўлганмиди?.. Каравотда ёлғиз ўзи ётар, тонгги қуёш шуълалари хонани ёритиб турарди. Дафъатан хонага оқ либосли, сочлари тўзғиган онаси кириб, уни бағрига босди ва ҳушидан кетиб йиқилди. Шундан кейин у узоқ вақт онасини кўрмади, кераксизлик ҳисси тобора эзаверди. Унинг тинимсиз ҳўнграб, дод солгиси келарди. Етти ёки саккиз ёшга кирганида бир куни ёлғиз уйғонди: шунгача ҳамма вақт онаси билан ухларди. Ўшанда хонага бувиси кириб, уни қўлига олган ва марҳумнинг руҳини чақираётган афсунгар кампирдек марсия айтиб, йиғлашга тушганди. Бундан сокин хона шу қадар даҳшатли тус олгандики, қочиб кетишни астойдил истаганди. “Оҳ, бўталоғим, энди сени нима қиламиз, сира ақлим етмаяпти. Оҳ, юзсиз хотин, мотам тугагунча ҳам чидамади-я…”

Сўнг амакисининг уйига келганида ҳам ёлғиз ўзи уйғонди. Амакисининг хотини доим бошқа хонада бетоб ётар, эри эса кўпинча тунагани келмасди. Ко Жук китоб ҳидига тўла хонада уйқуга кетар ва ҳар тонг танҳо уйғонарди.

Болалик хотиралари уйғониши билан амакиси уни, ўн яшар болани қўлидан ушлаганича мўътабар устоз Сок Тамнинг уйига етаклаб келгани кўз олдида гавдаланади. Ундан бери эллик йил ўтдими, ё олтмиш йил? Аниқ эсида йўқ.

Бу – э йўқ-бе йўқ аллақачонги, буткул унутилгандек туюлган хотираларнинг тўсатдан бунчалик аниқ жонланиши – ҳақиқатан ҳам қарилик белгиси. Ко Жукнинг ёши улғайгани сари биринчи устози Сок Тамнинг қиёфаси кўз олдидан кетмаяпти. Ўша пайтлар устоз Сок Там қирққа яқинлашиб қолган, лекин кўринишидан анча қартайган, бечора сонбисифат[1] одам эди.

– Ҳурматли Сок Там, болани қабул қилсанг. Йўқлигимда унинг ҳолидан хабар олувчи киши йўқ, – деганди амакиси. – Касал хотинимни қолдириб, чет элга кетаяпман, болани ҳам ташлаб кетсам, хотинимнинг оиласига ортиқча даҳмаза бўлади. Қадрдон дўстлигимиз ҳаққи, болани ол. У акамнинг ёлғиз ёдгори.

Устоз Сок Там амакисининг гапларини совуққина тинглаб, жавоб бериш ўрнига сўради:

– Сен нуқул “Шанхай-Шанхай” дейсан. У ерда нима бўлаётганидан сира хабаринг борми ўзи? Муваққат ҳукумат[2] деганлари – олифта гап, амалда бошпана учун ҳам чақалари йўқ. Тураржойдан қувиб чиқаришмасмикан, деб титрашадию, арзимаган нарсага юмдалашишади. Умуман, устоз Чхун Ган ҳали ҳам ўша ердалигига ким кафолат бера олади?

– Бу ернинг нимаси яхши? Болани оласанми-йўқми, ўзи?

– Уни боқиш, кийинтириш бир гап бўлар. Аммо болани тарбиялаш фақат бу билан бўлмайди.

– Раҳмат-эй, оғиримни енгил қилдинг. Таълим бериш тўғрисида ташвишланма. Бола катта бўлса, ким бўлишини худо билади, сен нимани ҳам ўқитардинг. Учта иероглифни, отини ёдда сақлаб қолса бўлгани. – Шундай деб, амакиси унга ўгирилди: – Қани, жанобингга таъзим қил-чи. У устоз Сок Там. Сени йўқлаб келмагунимча уни ота ўрнида кўрасан.

Аммо амакиси бошқа келмади. Тўғри, анча кейин, йигирма йиллар чамаси ўтгач, унинг ватанга Муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари билан қайтиб келганлиги ҳақида овоза тарқалди. Бироқ Ко Жук ўшандан бир йил кейингина пойтахтга боролди. Бу вақтда амакисини қидириб топишнинг иложи бўлмади.

Амакисининг синфдоши ва кўп йиллик қадрдон ошнаси устоз Сок Там Тхвегенинг[3] ўзидан сабоқ олган машҳур конфуцийчилардан[4] бўлган Ённаманинг издошларидан эди. Хаттотликда ақл бовар қилмайдиган қобилият ва бенуқсон услубга эга бўлган, сўнгги сулоладаги[5] энг машҳур конфуцийчи уч олимдан бири ҳисобланган Сок Там устози Чхун Ган таъзим қиладиган Чху Садан[6] ҳам кўпроқ китобий билимларга ёпишиб олган олим эди.

– Саводинг борми? – бу Сок Тамнинг унга берган биринчи саволи эди.

– “Болалар учун дастлабки қўлланма”ни ўзлаштирганман.

– Унда “Кичик таълимот”ни[7] ўқи. Уни уқиб олмагунингча, бирор нарсага эриша олмайсан.

Шу билан суҳбат ниҳоясига етди. У устознинг саноқли шогирдлари билан бирга “Кичик таълимот”ни қайта-қайта мутолаа қилар, бироқ Сок Там ўзини худди Ко Жукни пайқамаётгандек тутарди. Ўн уч ёшга кирганида эса, кутилмаганда устоз уни шу яқин орадаги бошланғич мактабга олиб борди.

– Ҳозир замон ўзгарган. Ҳали ҳаммаси олдинда, замонавий фанлар билан таниш.

Қисқагина танишувдан Сок Тамнинг Ко Жукни шогирдликка олиш нияти йўқлигини англаса бўларди.

Ко Жукнинг нигоҳи одатдагидек бир вақтлар Сок Тамнинг ўзи ёзган, деворга осиғлиқ турган ҳикматли сўзига қадалди. Бу битик аллақачонлар ёзилган ва узоқ вақтдан буён рамкага солинмай сақланарди, шу сабабли қоғознинг айрим жойлари йиртилган, устоз шахсий муҳрининг қизил бўёғи чаплашган, хира сариқ тус олганди. Шунга қарамай, гўё қоғоз устида сузаётгандек кўринадиган ҳарфлар юксак истеъдод билан битилгани сезилиб турарди.

 

Олтин қуш денгизни тешиб ўтмоқда.

Хушбўй иси анқиган фил дарё кечмоқда.

 

Бахтга қарши устознинг ёлғиз ўғли вабодан вафот этди, шогирдлари орасидан эса, Сок Тамнинг буддийча[8] таъбири билан айтганда, роҳиб кийими ва гуруч солинадиган япақи идишни мерос қилиб олишни хоҳлайдигани топилмади. Шунинг учун устознинг вафотидан сўнг уйини қўриқлаб қолган Ко Жукка унинг баъзи буюмлари ўтди. Бироқ унинг мамлакат бўйлаб узоқ вақт тентирашига тўғри келди; кейин яна уруш, алғов-далғов йиллар – ўша орада бу буюмларнинг кўпи йўқолиб кетди. У ҳар гал шу ҳақда ўйлаганида, ўзининг эҳтиётсизлиги ва масъулиятсизлигидан пушаймон бўлади. Биргина шу битикни сақлаб қололди. Бу ҳикмат устознинг энг севимли ўгитларидан бири эди. Худди ана шу ҳикмат Ко Жукка бир умр маломат бўлди: у доим бу иероглифлар олдида ҳаяжондан титрар, унинг маъносини англашга интиларди. Ҳатто Сок Там мўйқаламини қўлга олишга ҳоли бўлмаган сўнгги дамларида ҳам қаҳрли боқишини шу чизиқларга жойлаб кетганди.

Йигирма етти ёшда эди. У муваффақият қозонишга ташна, ўша кунни интиқиб кутарди ва устозига ҳеч нарса демай унинг уйини тарк этди. Бу иш баландпарвоз айтилса, ўзликни намоён қилиш, жўнроқ ифодаланганда, ўзини кўрсатишга имконият излаш эди.

Бироз вақт у зафар кетидан зафар қучди. Чокпхадаги адабиёт танловида ғолиб чиқди, қаерлардадир ҳали ҳам тароватини сақлаб қолган ва жамият сараларининг лаззатланиши учун тобора камёб бўлиб бораётган соданларда[9] ардоқли меҳмонга айланди; маҳаллий бойларнинг хонадонларида ҳам яшади. Уч ойдан сўнг аъло кайфиятда, ўзига совға қилинган кўплаб расму битиклар ва бир қоп гуруч билан устозидан олган қоғоз ҳамда мўйқаламлар қийматини қоплаш мақсадида қайтиб келди. Лекин устознинг муносабати кутилмаган бўлди.

– Мўйқаламларни қутидан олиб, қопнинг устига қўй.

Унга эътироз билдирилмасди. Ко Жук гап нимадалигини тушунмаса ҳам айтилганини бажарди. Устоз енгидан бир қути гугуртни чиқариб, мўйқалам қутиси билан бирга қопга ўт қўйди.

– Нима қиляпсиз, устоз?!

Сок Там қаҳрли овозда деди:

– Дўстимга сўз берганим учун уйимда яшашинг мумкин. Аммо бундан буён мени устоз деб атама. Сен эрталаб қўлингга мўйқалам ушлаб, кечқурун истеъдодинг билан мақтана бошладинг. Менинг бундай шогирдим бўлмаган, бўлмайди ҳам.

Ко Жук ғазаб отига минган устозига ўзини кечиришини сўраб икки йил ёлворди. Ўша йиллар илгари сира дуч келмаган ғоят оғир синов даври бўлди. Ко Жук ҳозир қараб турган битикни у ниҳоят кечирилган, худо марҳамат қилган кунда устознинг ўзи қоғозга туширганди.

Ҳикматнинг маъноси эса бундай эди:

 

Мовий денгизга отилиб, аждаҳони юлиб оладиган ва кўкка ўқдай отиладиган олтин қанотли қуш каби шижоатли бўл;

Хушбўй ҳид анқитиб, денгиздан шошмай кечиб ўтаётган филдек қатъий бўл.

Ко Жук учун машаққат ва тушкунликда ўтган бошланғич таълим даври аламли хотираларга тўла эди. Сок Там қандайдир сабабга кўра, аввалбошдан, Ко Жукни амакисидан олиб қолган кундан эътиборан, унга совуқ муомалада бўларди. Сок Тамнинг аждодлари авлоддан-авлодга Конфуций таълимотини ўтказиб келиши билан машҳур эди, бироқ Сок Тамнинг мол-мулки кўп эмас, ўзи йил сайин сони тобора камайиб бораётган шогирдлари баҳор ва кузда олиб келадиган гуруч ҳисобига кун кечирарди. Лекин бола Сок Тамга ортиқча юк эмасди. Бироз вақт ўтгач, Ко Жук улғайгач, ҳатто хўжаликни юритишни ўз зиммасига олганди. Шунга қарамай, устознинг совуққонлиги қолмаган, аксинча, йил сайин кучайиб борарди. Демак, бунинг бошқа жиддий сабаби бор эди.

Сок Там одатда бир-икки йилда ўзлаштириладиган “Кичик таълимот”ни Ко Жукка чўзи-иб, йиллар мобайнида ўқитгани, ўн уч ёшли болани машғулотларидан нари қилиш учун бирдагина тўртинчи синфга юборгани – буларнинг ҳаммаси унинг ўша ғалати муносабати билан боғлиқ эди. Боз устига, шогирднинг устозга муносабати ҳам нотабиий ва тушуниксиз эди. Сок Там ҳаётлигида бу ҳис чексиз ҳурмат ва аламзада нафратнинг қоришмаси ўлароқ намоён бўларди. Бундай чалкашлик ғалати, албатта, бироқ бу ҳолат ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Ко Жук бошланғич мактабни тугаллаган чоғи, яъни ўн олти ёшидан расман устознинг шогирдига айланган ўн саккиз ёшигача шаклланганди бу муносабат. Ўша вақтда Ко Жук амакисининг бундан буён ўқиш пулини тўлашидан воз кечган, янгича – европача услубда дарс бериладиган мактабдаги ўқишини ташлаган ва ўтмиш билан яшайдиган, китобий билимларга ёпишиб олган олим, рассом ва хаттот устозининг уй хўжалиги ташвишларини ўз зиммасига олишга қарор қилганди. Шогирдлар олиб келадиган гуруч етмай қолганди. Шу сабаб Ко Жукнинг кичикроқ ерни ижарага олиб ишлашига, бир боғлам ўтин учун йигирма-ўттиз ли[10] яёв йўл босишига тўғри келарди.

Бу одамларда ҳурмат уйғотди, аммо худди шу вақтдан бошлаб Ко Жукнинг қалбидан устозга нисбатан жазавали муҳаббат-нафрат ўрин олди. Устоз Сок Тамнинг ҳаёти гўё тоғ бағирлаб вазнсиз сирпанаётган баҳорги булут сояси каби, тентираган ёз шамолларининг изи қолган ҳовли сингари, овлоқ тоғ дарасидаги кузги ирмоқлар сувидек, қор ёғиб ўтгандан кейинги очиқ ва сарҳадсиз қишки осмондек тиниқ, беинтиқ, сокин, маъюс ва ёлғиз эди. Ана шу ҳаётнинг ўзи Ко Жук дилида кулфат ҳиссига айқаш-уйқаш бўлиб кетган чексиз ҳурмат уйғотарди. Устози лабида майин, сирли табассум билан қўлига китоб олганида, унинг қалби ўтмишнинг буюк инсонлари яшаган ва ўтмиш шон-шуҳрати хотиралари жонланадиган дунёга парвоз қилганида, устоз руҳланган нигоҳ, тўфондек жазава билан катта мўйқаламни қўлга олганида, бу дунёдан холи бўлган орқа ҳовлида атиргуллар соясида шошилмасдан орхидея[11] гулини узган ва цитра[12] оҳангларидан роҳатланаётганида – ана шу пайтларда тақводор турмуш тимсолига ўхшаб кетарди. Бироқ фақат Ко Жукнинг саъй-ҳаракатлари туфайлигина ҳозирча ҳеч ким очликдан ўлмаётганлиги, лекин агар у жон куйдирмаса, ярим йилдан кейин танг аҳволда қолишлари аниқлиги, бир-иккита шогирдни айтмаса, бошқа ҳеч ким қадам босмайдиган уй, хўжаликдаги юмушларни бажариб қайтаётган шогирдларни қарши оладиган устознинг ҳолсиз боқиши – буларнинг ҳаммаси лаънатлангандек ёқимсиз кўринарди.

Лекин пировардида Ко Жукнинг ҳаёти устозга таъзимни ва чексиз ҳурматни белгиларди. Ко Жук ўзида дунё васвасасини туяр экан, беихтиёр, лекин жўшқинлик билан устози Сок Тамга тақлид этарди. Устози дастхатининг турли намуналари: шогирдлари кетаётганларида ёддан чиқарганлари, устозининг ўзи ташлаб юборган ё дўстларига совға қилганларини сақлаб қўйганди. Уларнинг орасида Ко Жук ўғирлаб олганлари ҳам бор эди. Аввалига устозининг дастхатларини шунчаки тилга олишнинг ўзи Ко Жукнинг қалбида титроқли эҳтиромни пайдо қиларди. Ко Жук кичик иероглифларни хаттотлар машқ қилиши учун ясалган, қум ёки оқ бўёқ қопланган қўлбола тахтачаларга ёзиб ўрганарди. Катта иероглифларни эса итнинг думига ўхшаш катта мўйқаламларда қабртошларга ёзиб машқ қиларди, кейин ёзганларини ювиб юборарди. Ўзининг шахсий мўйқалам ва қоғози устозидан яширинча идора моллари дўконида кун бўйи оғир қопларни ташиб ҳаммоллик қилган куни пайдо бўлди. Ко Жук Сок Тамдан ўзини шогирдлари сафига қўшишни илтимос қилиш у ёқда турсин, ҳатто бу жўшқин хоҳишига бирор марта шама қилмаганлиги таажжубланарли эди. Бу нимани англатади? Ижодкорнинг нафсониятими? Ё буюкликдан ғурурланишми?

Бир куни устоз уйда Ко Жукнинг ёлғиз ўзини қолдириб, оила аъзолари билан қаергадир жўнаб кетди. Ко Жук устозининг хонасини йиғиштирар экан, дафъатан ғалати ички ҳисни туйди: устоз Сок Там шогирдларига нималарни ўқитишини билгиси келди.

Ко Жук ёзув столини сурди ва устозининг асл дуаньци тошидан ясалган сиёҳдонида қора сиёҳни аралаштира бошлади. Ўргатилганига бирма-бир амал қилган ҳолда сиёҳдонни қора сиёҳ билан бир томчисини ҳам томизмасдан тўлдирди, кейин мўйқаламни, расмлар ва битиклар учун мўлжалланган қимматбаҳо қоғозни олди. Биринчи бўлиб низом битиги билан “лайлак” “иккилама” иероглифининг ўқитувчи намунасини кўчирди.

Чху Са ҳаммасидан ҳам Оуян Сюнинг “Ибодатхона олдидаги мусаффо чашма” бандини ёқтирганидек, устоз Сок Там шогирдларига “иккилама лайлак”ни машқ қилдиришни хуш кўрарди. Афтидан, у қоғоз ва мўйқалам билан ишлаш ҳадисини олганди: иероглифнинг ҳамма чизиқлари худди ўқитувчи намунасидагидек чиқди. Кейин у Ян Жэн-цин[13] услубида “Одоб-ахлоқ қоидаларини эгаллашга тиришиш ёдгор тошлари” матнидан бир неча иероглифларни ёзди. Жуда берилиб ишлаётганлигидан атрофдаги ҳамма нарсани буткул унутганди. Тўсатдан ғазабли жеркиш уни воқеликка қайтарди. У энди “Орхидеялар ўртасидаги шийпонча” муқаддимасининг биринчи сатрини ниҳоясига етказаётганди: “Юн-хэ шиори остида ҳукмдорликнинг тўққизинчи йилида – буқа йилидаги Мангу Уйғунлик…”

– Шунақами! Қоғозни чаплаштириш етарли эмасми?

Ларзага тушган Ко Жукнинг нигоҳи ғира-шира хонада Сок Тамнинг қаҳрли ғўддайган гавдасига тушди. Бироқ устозининг юзида ғазабдан кўра маъюслик ва умидсизлик ифодаси кўпроқ эди. Ёнида етти санъатда: шеърият, наср, хаттотлик, рангтасвир, шашка ўйини, фол очиш ва тиббиётда мукаммал деб тан олинган мўътабар Чхве Ун Гок турарди. Эзилиб кетган Ко Жук шошилиб ўз шижоати маҳсулларини йиғиштиришга тушди. Сок Там чурқ этмас, фақат тунд қараб турарди. Ун Гок вазиятни юмшатди:

– Буларни қўйгин-да, борақол!

Ко Жук қоғозларни ғайриихтиёрий равишда тез жойига қўйди ва орқасига тисарилиб чиқиб кетди. Лекин қизиқиш ва ташвиш уни қўшни хонада бекиниб олиб, ичкарида нима бўлаётганига қулоқ тутишга мажбур қилди.

Аввалига фақат қоғознинг шитирлаши эшитилди, хонада чироқни ёқишга улгуришганди. Кейин Ун Гокнинг овози қулоққа чалинди.

– Сен уни ҳатто ўқитмаганга ҳам ўхшайсан.

– Билмадим, балки у шогирдларим билан валақлашгандир, улардан нималарнидир ўргангандир. Мен ҳеч нарсага ўқитмаганман, – устознинг овози паст ва маъюс эди.

– Жуда қизиқ! Ҳақиқатан ҳам Осмоннинг инъоми экан-да!

Устоз “ҳм”, деди.

– Барибир нега уни шогирдликка олишни хоҳламайсан?

– Сен Ван Си-жининг[14]: “Инсон эмасга таълим бермайман”, деганини унутдингми?

– Демак, сен уни инсон деб тан олмайсан, шундайми?

– У ўта иқтидорли… Уни ҳеч ким ўқитгани йўқ, лекин иероглифининг шакли ажойиб; хаттотликнинг ўн икки қоидасини билмайди, бироқ ҳарф оралиқлари, нисбатларини, мўйқаламни айлантириш услубларини ҳис қилади. У туғма уста, аммо қобилиятлари биқинидан тешиб чиқади. Азоб-уқубатсиз иқтидор қалбнинг Ҳақиқатни англашига тўсиқ бўлади.

– Сен, Сок Там, мўмин, самимий одамсан. Бунақа гаплар сенга ярашмайди. Нима учун ана шу англашга йўлни ўзинг очиб бермайсан?

– Айтишга осон… У ёзувнинг исини, китобийлик руҳини мутлақо ҳис қилмайди… Аммо ўша “орхидея” жуда соз!.. У “шамол”нинг шиддати ва “оқим”нинг оқувчанлигига нақадар мос!

– Агар у шогирдинг бўлганида ёзувнинг исини, китобийлик руҳини ҳис этмасмиди?

– У шогирдим эмас. Уни фақат кийинтираман ва боқаман… У замонавий илмларни эгаллаб, ўз келажагини ўзи танлашини истайман.

– Қўйсанг-чи! Агар кўчадан кимдир келиб, ўзини ўқитишни сўраса, уни қувиб юборасанми? Шундай экан, бу йигитчага нега бу қадар совуққонсан! Мана, неча йилдирки, сенинг еб-ичишинг ғамида эканлиги қулоғимга чалинади, наҳотки у совуқ муносабатга лойиқ бўлса?

Ун Гокнинг овозида ғижиниш сезилди.

– Айблашга шошилма. Ростини айтсам, ўзим ҳам нима учун Ко Жук мени бунчалик ташвишлантиришини билмайман. Лекин бу яхшиликка олиб бормайдигандек…

Устознинг овози хиёл титрарди.

– Ундай бўлса… Ҳақиқатан ҳам, иккиланаётган бўлсанг, йигитчани олдимга, ҳеч бўлмаса, уч кунда бир марта юбор, шу етади. Ундан умидни узиш кераклигига ишонмаяпман.

Хонага жимлик чўкди. Бироздан кейин Сок Тамнинг паст, лекин қатъий овози эшитилди:

– Сен ўзингни уринтирма. У билан ўзим шуғулланиб кўраман.

Сок Тамни нима безовта қилди экан? Ва нима охир-оқибат Ко Жукни шогирдликка олишга мажбурлади? Чунки эртаси кун Ко Жук расмий равишда устоз Сок Тамнинг шогирди деб эълон қилинди.

Аммо бу қандайдир тантанали маросим ўтказилди дегани эмас. Шунчаки устоз далага кетмоқчи бўлиб турган Ко Жукни ёнига чақирди ва шундай деди:

– Бугундан бошлаб ишлагани борма, – бу гаплар йўл-йўлакай айтилди, холос.

Ко Жук ўзини йўқотиб қўйди. Устоз унга кўз қирини ташлаб, бироз овозини баландлатиб шоширди:

– Ҳамма нарсани жойига қўй-да, уйга бор.

Шу тариқа улар устоз-шогирд бўлдилар, шу билан муносабатлари ҳам ойдинлашди.

Ко Жук кимдир эшикни очганини эшитди; ўтган кунлар булутида сузиб юрган фикрлари воқеликка қайтди. Паришонхотир хира нигоҳи билан эшикка қаради: хонага Мэ Хян кириб келаётганди. Ко Жукнинг умуртқаси бўйлаб ях суркалгандек бўлди, нигоҳи ойдинлашди. Ко Жук гўё тавба қилаётгандек яқинлашиб келаётган Мэ Хянга боқарди. Йўқ, у эмас экан.

–Уйғондингизми, отажон?

Бу Чху Су эди. У Ко Жукнинг юзига қараб, унинг аҳволини аниқлашга уриниб яқин келди. Ко Жук оддийгина ҳаракатлар кечагига қараганда анча кўп куч талаб қилганини сезди.

– Шарбат ичишни истайсизми, отажон?

Ко Жук жавоб бериш ўрнига қизининг юзига қараб, тўсатдан ожиз, синиқ овоз билан сўради:

– Сен… онангни эслайсанми?

Чху Су ҳайрон бўлганича унга қаради.

Уйда аёллар қолмаганидан бери етти, балки саккиз йил ўтган, Ко Жук қизини ўзи билан олиб қолганди. Қизи рўзғор ишлари билан банд, қартайган отасини парвариш қилар ва бирор марта бу каби саволни эшитмаганди.

– Йўқ, фақат суратлари орқали биламан.

Бечора… Она қизини ҳали жажжилигида қишлоқдаги қарин­до­шиникида қолдириб, яна ўз ҳунарини бошлади. Аммо икки йил ўтмасданоқ жонига қасд қилди.

– Нимани назарда тутяпсиз?

– Хонага сен эмас, онанг кирганга ўхшаб туюлди.

– …

– Пешонасига қариб-қартайиб ўлиш ёзилмаган бўлса ҳам қаёққа бунчалик шошилди…

Шундай деб, у яна ғамгин бўлиб қолди. Чху Су секингина унинг билагига туртди.

– Шарбат олиб келайми, ота?

Отаси эшитмагандек узоқ вақт жавоб бермади, кейин оҳистагина деди:

– Мен, яхшиси, чой ичсам бўларди.

Чху Су хонани шамоллатиш учун деразани қия қилиб, секингина чиқиб кетди.

“Ўшанда нима мени шунчалик кучли жазб этган экан?” – совиган чойни ҳўплаганча ўйларди Ко Жук, ўзи Мэ Хян билан учрашиб юрган пайтларни эсларкан. Уни устози Сок Там уйини иккинчи бор тарк этган ўттиз беш ёшида учратган эди; ўшанда у мамлакат бўйлаб изғиб, ўн йилини ўтказганди.

У вақтлар нотинч замонлар эди, лекин конфуцийчи олимлар ўзларининг соданлари билан ҳали сақланиб турар, вақти-вақти билан хаттотлик, шеърият бўйича мусобақалар уюштириларди… Ўша йиллардаги тушкунлик ва саросималик ичра Ко Жукнинг дарбадарлиги шукуҳли ўтди, дейиш мумкин. Бунга Ко Жукка шеърият, хаттотлик ва рангтасвирдаги истеъдоди учун “уч соҳада мукаммал устоз” деб улуғланадиган Сок Тамнинг фавқулодда қобилиятли шогирди деб қарашлари ё бўлмаса, унинг аввал ҳам Сок Тамнинг таъналарига учраган муваффақиятли чиқишлар қилганлиги сабаб бўлганми – буни биз билмаймиз. Ҳар ойда камида бир марта қаердадир албатта йиғилиш уюштирилар, Ко Жук унда фахрли ўринни эгалларди. Боз устига ўша пайтларда исталган вилоятда мойбўёқли расм ёки хаттотлик ўрами учун анчагина ҳақ тўлайдиган бойваччани ҳали учратиш мумкин эди.

Ўша дарбадарликда Ко Жук Чинжуга келиб қолганди. Навбатдаги хаттотлик мусобақаси баҳона ўн кун узлуксиз зиёфатлар билан ўтди. У меҳмондорчиликни яна давом эттириш ниятида эди, бироқ қаердандир пайдо бўлган рикша[15] мусобақа ўтказилаётган уй олдида тўхтаб, Ко Жукни чақириб беришларини сўради. Бу каби ҳолатлар авваллари ҳам бўларди: навбатдаги бойвучча қўшнисидан қолишмаслик учун машҳур меҳмонни уйига таклиф қилиб, файтон жўнатарди, лекин одатда Ко Жук бу таклифни рад этарди. Бу сафар у негадир рози бўлди ва ўзини маҳаллий конфуцийчи маориф идорасига элтган аравага ўтирди. Идорада шу қадар тўкин дастурхон ёзилган эдики, столнинг оёқлари букилиб қолганди. Дастурхон атрофида, қанчалик ажабланарли бўлмасин, Ко Жукни кутиб беш-олти япон ва икки-уч корейс ўтирарди. Улар хаттотлик ва рангтасвирнинг қадрига етадиган маҳаллий идора раҳбарлари эди. Мэ Хян меҳмонларнинг кўнглини хуш қилаётган кисэнлардан[16] бири эди. Зиёфат авжига чиққанда корейс амалдор, афтидан, меҳмондорчиликни уюштирган мезбон – кисэнга мурожаат қилар экан, тиржайиб деди:

– Хўш, қайси бирингиз кечқурун меҳмонимизнинг хизматида бўласиз?

Қизлар кулиб юборишди. Сўнг улардан бири майда қадамлар билан Ко Жукка яқинлашди ва қизил юбкасининг этагини кўтарди. Шунда рангтасвир учун ҳам, хаттотлик учун ҳам жуда боп, катта ҳажмли хитой қоғозига ўхшаш оқ шойидан тикилган ички юбка кўринди. Йигирма икки ёшли бу кисэн жуда гўзал бўлмаса ҳам, ўзини тутишида касбга айланган ишвагарлик сезилмаса ҳам, унда тушунтириш мушкул бўлган нозанинлик ва жозиба бор эди. Ко Жук сархуш қиёфада мўйқаламлар қутисини очди.

– Исминг нима?

– Мэ Хян.

Қиз деярли ғашни келтирадиган тарзда жавоб берди. Ко Жук илжайди:

– Мэ Хян дейсанми, “Олхўри ҳиди”ми? Хўп, қани, биз олхўри суратини чизиб кўрайлик-чи…

У ўзини хотиржам ва бамайлихотир кўрсатишга уринса ҳам, мўйқалам тутган қўли титрар, уни идора эта олмаётганди. Сурат ғалати чиқди. Сабабини аниқ айтиш қийин бўлса ҳам, устози олдидаги айбдорлик ҳисси таъсир қилган бўлиши мумкин. Ҳарҳолда мўйқаламни ички юбка узра юргизаётган Ко Жукнинг хаёлига келгани кисэн исмининг рамзи эмас, балки қачонлардир Сок Там томонидан ишланган олхўри – қуриган қийшиқ дарахт, ингичка синган шохлардаги икки-учта аянч­ли ғунча бўлди. Ва худди устози услубидагидек тагсўз: “Олхўри бутун умри бўйи совқотса ҳам, ҳидини сотмайди”.

Бир қарашда бу тасвирнинг Мэ Хян исми билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ эди. Ўз ҳидини сотгандан кўра музлашга тайёр олхўрининг сўлий бошлаган енгилтак аёл ички юбкасига қандай алоқаси бўлиши мумкин? Бироқ шундан сўнг дарҳол ҳозиргача эслашга уяладиган ишлар бошланди.

– Сизнинг олхўрингиз нега бунча дийдираган ва ёлғиз? – истеҳзо билан сўради кисэн.

У қизнинг этагига муҳрини босди ва секин, худди фақат Мэ Хян учунгина деди:

– Сен ҳеч қачон Жен Си-сяо орхидеяларининг илдизлари кўрин­маслиги ҳақида эшитганмисан?

Японларга гап фақат қишда музлайдиган олхўри дарахти тўғрисида кетаётганлигини тушунтирди, лекин Мэ Хян, афтидан, уни тўғри англаганга ўхшайди. Жен Си-сяо орхидеяларининг яланғоч илдизлари ҳалок бўлган мамлакатга мотам рамзидир…

Тунда Мэ Хян унга деди:

– Жаноб, шундай аёзли тунда ички юбкамни ҳўллаган экансиз, балки энди танамни иситарсиз?

У Мэ Хян билан тўрт ой бирга бўлди; Ко Жук маст эди. Унда мафтункор баҳор гулларига бурканган тоғ ўркачлари каби хотиралар бир умр сақланиб қолди. Аммо ошиб ўтилган ўркач ортда қолади. У ишларида ҳалок бўлган мамлакатни қўмсаб азобланадиган сонби, қиз эса Нон Гэ[17] каби бағрида душман саркардасини қучганча, ўзини дарёга отишга тайёр кисэн эмасди.

У атиги ноаниқ, бироқ қайноқ шижоат билан мамлакат бўйлаб изғиётган рассом, қиз эса бор-йўғи оиласини боқиш учун японларнинг кўнглини хушлаётган хонанда ва раққоса эди. Улар ғазаб-нафратсиз, қайғусиз ажралдилар. Мэ Хян кисэнлар гуруҳига қайтиб келди, Ко Жук эса синфдошларидан бири уюштираётган Чончжудаги кўргазмага йўл олди. Шундан кейин бошқа учрашмадилар.

Келгуси йилнинг кузида эса Ко Жукка Мэ Хян, ҳамманинг ўйлашича, ундан бўлган қиз кўрганини хабар қилишди. Ўша пайтда у Сорак тоғларидаги дарвешхоналарда эди. Узоқ ўйлаб ўтирмасдан чақалоққа Чху Су – “Кузак суви” исмини қўйди. Ўзининг шаффофлиги ва мусаффолиги билан юракни зирқиратадиган тоғ ирмоқларининг суви…. Бу, худо билади, қаердан пайдо бўлган, қизчанинг келажаги башорати эмасмиди?

Бир неча йил ўтгач, у Мэ Хян вафот этганидан хабар топди. Мэ Хян қайсидир бойнинг сурайёси бўлган, хўжайиннинг катта хотини зуғум қилавергач, чидай олмай заҳар ичиб, ёш умрини хазон қилган экан.

Эҳтимол, буни ҳиссиётсизлик ҳам дейиш мумкиндир, бироқ у ҳатто Мэ Хяннинг фожиали ўлимини эшитиб ҳам ортиқча қайғуриб ўтирмади. Фақат йўл-йўлакай Мэ Хян ундан қиз кўрганлиги ёдига тушиб, бир лаҳзагина кўнглида етимча қаерда экан, нима қилаётган экан каби ўйлар ўтди, холос. Бошқа ҳеч нарса.

У Чху Суни биринчи бор мактабга қатнай бошлаганида кўрди. Маълум бўлишича, Мэ Хян умрига зомин бўлган касби-коридан бироз пул тўплаб, укасига қолдирган экан. Шу сабаб укаси етим қолган жияни тўғрисида ғамхўрлик қилишни ўз бурчи деб ҳисоблаб, Чху Суни нуфузли мактабга берибди. Ко Жук баъзан қизини кўргани борарди.

Ко Жук бемаза гуруч қайнатмасини ичди ва ўзини мажбурлаб ўрнидан турди. Чху Су унинг идишини олиб, отасининг қўлтиғидан тутганча сўради:

– Бугун ҳам айланиб келасизми?

– Шундай қилишга тўғри келади.

– Ахир, кеча вақтингизни зое кетказдингиз! Бугун ҳам, афтидан, ўша Кимдан бошқа ҳеч ким бўлмайди.

– Барибир.

Ко Жук ўтган йил ёзда касалхонадан чиққанидан бери ҳар куни сурат галереяларига боришни одат қилди. Қаердадир ўзининг асарлари пайдо бўлиши билан, аввалига нега бундай қилаётганини тушунмаса ҳам, чиқимларга қарамасдан, уларни сотиб оларди. Аммо энди аста-секин бир қарорга келаётганди.

Бу ўлимни аниқроқ ҳис қилаётганлиги билан боғлиқ эди. Уни даволовчи врач, доктор Чон Ко Жукни соппа-соғлигига ишонтирган бўлса ҳам касалхона хулосасидан кўчирма сўнгги ҳукм эди. Бундан ўз ҳамдардлигини изҳор қилгани келаётганларнинг кети узилмаётганлиги ва отасининг орқасидан соядек эргашиб юрган Чху Сунинг кўзларидаги қайғу ҳам далолат берарди. Касалхонадаги каби қаттиқ оғриқлар бўлмаса ҳам танасининг ҳужайралари бирин-кетин ўлаётганини ҳис этарди.

– Чхо Хондан дарак бўлмадими? – Чхо Хон тахаллусидан ҳозиргина Чху Су тилга олган Ким фойдаланарди. У Ко Жукнинг ўзи тахаллус қўйиб берган шогирдларининг сўнггиси эди; йигитча уларнинг уйида овқатланарди.

– Ярим соатдан кейин келишини айтди. Аммо бугун сиз…

– Йўқ, барибир бир айланиб келиш керак. Бўл, отланайлик.

У ўзини тўхтатмоқчи бўлган Чху Суга ғазаб билан қаради ва юриб кўрмоқчи бўлди. Лекин бир неча қадам қўйишга ҳам улгурмасдан кўз олди қоронғилашиб кетди, гавдаси қулаётгандек туюлди. Чху Су бе­зовталаниб кузатиб турди ва отаси тўшагига ўтириши билан сездирмай хонадан чиқди. Ко Жукнинг кўз ўнгида яна ўтмиш манзаралари лип-лип ўта бошлади.

Уларнинг устоз билан учрашганлиги ҳақиқатан ҳам тақдирмикан? Ко Жук ҳатто Сок Там шогирдлари сафига кирганидан кейин ҳам уларнинг аломат муносабатларида ҳеч нарса ўзгармади. Ко Жук аллақачон улғайган, бироқ устози унга ҳамон қандайдир ички ёқтирмаслик ва ғижиниш билан муносабатда бўларди. Улар низом дастхатини ўрганишдан бошладилар. Ко Жук қўлига мўйқалам олишдан аввал устозининг буйруғи бўйича машҳур Чху Са томонидан тузилган “Хаттотлик маҳорати сирлари”ни ёд олди.

“Ёзув шаклида биринчи қоида қуйидагича: аввалига қалбингни барча безовталикдан халос қил, кейингина қўлингга мўйқалам ушла. Сенинг ҳаракатларинг фалакнинг айланиши каби бўлиши керак: самонинг ўртасида осмоннинг ўқи жойлашган ва унинг атрофида айланадиган жанубий қутб ва шимолий қутб бўлгани каби, мўйқаламнинг ҳаракати қўл панжалари билан, қўл панжалари ҳаракати бармоқлар билан, бармоқларнинг ҳаракати билак билан, билакнинг ҳаракати қўл билан, қўлнинг ҳаракати елка билан амалга оширилади – тана бутун ўнг ярмининг ҳаракати шу тарзда содир бўлади…”

Унча катта бўлмаган, тўрт юзтача иероглифдан иборат “Хаттотлик маҳорати сирлари” шу жумлалар билан бошланган. Уни бирор белгини тушириб қолдирмаган ҳолда гапириб бериш керак эди. Кейин Ко Жук устозидан яширин равишда бир неча марта кўчириб олишга улгурган Таннинг буюк хаттоти Янь Жен-циннинг ҳуснихатини ўзлаштириб олиш талаб этилди.

– Буни юз марта ёзиб чиқсанг, ҳуснихатинг бошқаларга намуна бўлади; минг марта ёзиб чиқсанг, мақтов эшитасан; ўн минг марта ёзиб чиқсанг, сени машҳур хаттот деб аташади.

Шу билан йўл-йўриқ тугади. Буларни ҳаётининг аввалги даври, Сок Тамга шогирд бўлгунча ўтган пайт билан таққослаб кўрилса, фарқи катта эмас: очиқ-ойдин машқ қилиш мумкин ва икки кун устоз Ун Гук олдига бориб, қадимги классиклар асарларини ўқийсан. Уч йил ўтгандан кейингина устоз яна сабоқ берди:

– Нафас олишингни ушлаб тур!

Бу пайтга келиб Ко Жук ҳуснихатларни камида уч минг марта қайта ёзиб чиққан, лекин ҳамон белгилар сафга текис тизилмасди. Ко Жук умидсизлана ва тақдиридан ўкина бошлади.

Рассомчиликда ҳам аҳвол шундай эди. Ко Жук қора сиёҳ билан тошлар орасидаги тўртта асл ўсимлик – олхўри, орхидея, хризантема ва ғаровни тасвирлашга ҳаракат қилганида, Сок Там унга машҳур тэвонгун[18] Хин Сон[19] ишлаган қимматбаҳо ўрамдан нусха кўчирилган расмлар тўпламини берди.

– Будда ҳолатида ўтириш Будда бўлишни англатмайди, бирор воситасиз аждаҳони тута олмайсан. Фақат кўп марта уринишлардан кейингина бирор нарсани эплай оласан.

Шу билан сабоқ тугади.

Устоз шогирди мўйқалами остида яралаётган орхидеяга Ко Жукнинг елкаси орқали қараб турган пайтлар ҳам бўлган, лекин ўшанда ҳам бир оғиз сўз айтмас, ҳеч нарсани тўғриламас, раҳмдиллик кўрсатиб, бирор нарса ўргатмасди. Фақатгина Ко Жукка расми орхидеяга ўхшай бошлагандек туюлганида устоз аввалги кўрсатмаларига биргина жумлани қўшди:

– Бошқатдан бошла. Тошни чизаётганингда эса мўйқалам чапдан ўнгга сурилади.

Умуман олганда, Сок Там шогирдининг муваффақиятларидан унчалик қувонмасди. Ко Жук шогирдликка қабул қилингандан кейин ўн йил чамаси ўтганида унинг қобилияти синфдошларининг самимий таҳсинларига сазовор бўлди. Бироқ устоз олқишларга совуққонлик билан барҳам берди:

– Ҳозирча у атиги намуналарга тақлид қилишни ўрганди.

Ко Жук йигирма етти ёшида устозининг уйини тарк этиши Сок Тамнинг совуққонлигига жавоби бўлганди. Аммо ажабланарлиси шундаки, уни бошқалар кўпроқ олқишлагани сари у устози оғзидан мақтов эшитишга янада ташна бўлаётганди. Бу уни яна қайтиб келишга ва кечирилишни ўтинишга, яна икки йилча сабот билан ҳақоратланиш ва жирканишларга тоқат қилишга мажбурлади.

Ўша йилларда у аввалгидек хизматкор ишини бажарарди: ер ҳайдар, экин экар, ҳосилни йиғиштириб олар, ўтин майдаларди. Сок Там эса ҳатто у билан тўқнаш келиб қолишдан ўзини олиб қочарди. Бир сафар сабри тугаб, Ко Жук мўйқаламни қўлга олишга жазм этди. У буни сир сақлаш ниятида бўлса ҳам устоз ҳаммасидан воқиф бўлди ва жирканиб деди:

– Бор, қўлларингни юв. Сиёҳингдан фоҳишанинг упаси ва бўёқ­ларидан ҳам қўлансароқ ис келяпти.

Кейинроқ устоз Ко Жукни кечирди ва яна машқ қилишига изн берди, бироқ шундан сўнг ҳам Сок Тамнинг шогирдига муносабати ўзгармади. Аксинча, Ко Жукнинг дастхати чархланиб, тобора нафис бўлиб боргани сари устозининг тунд нигоҳида тушунарсиз безовталик орта бошлади. Бироқ Ко Жук умидини узмади. У деярли ярим умр устозининг совуққонлиги ва бепарволигидан азият чекди ва шу давр ичида бунга кўникибгина қолмасдан, жўрттага, унда беҳаловатлик ва алам уйғотишни ўрганиб олди. Ҳатто устознинг ғазаби қайнаши ва хўрсинишларидан қандайдир мамнуният ҳосил қиладиган бўлди. Шунга қарамасдан, устоз ва шогирднинг бундай бахтсиз муносабатларига узил-кесил барҳам бериладиган кун келиши муқаррар эди. Сок Тамнинг ташвишланиши кучайиб борар, Ко Жукнинг эса ўзига ишончи ортаётганди.

Моҳият жиҳатидан, уларнинг ижодга қарашлари мос келмасди. Сок Тамнинг асарларида шижоатни қадрлаши акс этар, у асосий эътиборини буюмларнинг руҳи ва ички табиатига қаратарди. Ко Жук эса, аввало, гўзалликни севарди ва ўз ишларида ҳиссиёт ва моҳиятни ифода этишга интиларди. Сок Тамнинг назарида сурат руҳнинг ифодаси, Ко Жук учун буюмнинг тасвири эди.

Бошқа сафар улар санъат ва дао[20] тўғрисида гаплашдилар. Ко Жук:

– Санъатда асосийси нима: туғма қобилиятми, эгалланган кўникмами ёки даога амал қилишми? – деб сўради.

– Даога амал қилиш.

– Нима учун ёзиш қобилияти ва ёзиш кўникмаси тўғрисида гапиришади?

– Қобилият даонинг нурланиши, кўникма эса унинг пўстлоғидир. Агар даога амал қилинмаса, қобилият ўз ифодасини топмайди ва кўникма эгалланмайди.

– Айтишларича, агар қобилият такомиллаштирилса, даога эришиш мумкин. Шундай бўлса, эҳтимол, қобилият нурланиш эмас, балки даога элтувчи йўлдир?

– Косиблар шундай дейишади. Дао ҳамма нарсани қамраб олади.

– Шундай экан, шогирд, энг аввало, қалбини поклаши керакми?

– Ҳа. Шунинг учун ҳам Ван Си-чжи инсон эмасга таълим бермайман деган. Энди сен, балки, бунинг маъносини тушунгандирсан?

Сок Там шогирдининг юзига ташвиш билан боқарди. Лекин Ко Жук ҳечам унинг умидларини оқламоқчи эмас.

– Сиз аввал одам бўлиш керак деяпсиз, ундай бўлса, нега мишиқиларга мўйқалам тутқазиш ва уларни иероглиф белгиларини чизишга мажбурлаш керак? Агар, сиз айтганингиздек, даога амал қилиш ёзиш кўникмасини эгаллашдан аввал бошланиши керак бўлса, кўпчилик ҳаёти мобайнида қўлига мўйқалам ушлашга улгурадими?

– Қобилиятни такомиллаштириб ва кўникма ҳосил қилиб, қачон дао билан бирлашиб кета олишларини кутишади. Агар бутун умр машқ қилинса, маҳорат ва кўникмага эга бўласан ва шунда даога амал қилиб биргина қадам қўйсанг, ҳақиқий рассом бўласан. Дао билан бирлашиб ижод қилиш санъатда ўз йўлингни топишни англатади.

– Аммо бунда кўникма барибир даодан олдин пайдо бўлишини билдиради. Ахир, бу аравани отнинг олдига қўйиб эгарлаш билан баробар-ку.

Ко Жукда таълим олишга киришгандан бери кучайиб бораётган эътироз отилиб чиқди. Бироқ устознинг жавоби ҳам қатъий бўлди, зеро, унинг қалбида биринчи кундан жой олган ташвиш ниҳоят ўзини оқлаган эди.

– Сен, аҳмоқ, китобийлик руҳини ҳис этиш, битикларнинг муаттар ҳидини англаб етишни ўрганиш учун асло қайғурмайсан! Бунинг ўрнига валдираганинг-валдираган! Сен мумтоз қонунлар ва ҳикматлар моҳиятини тушунмайсан, ахир! Сен назм ва насрдан лаззатни туймайсан. Нақадар шармандалик! Қўлни машқ қилиб, аянчли тақлид қилишдан нарига ўта олмаслик. Ҳеч бўлмаганда уялишинг керак эди, йўқ, унинг ўрнига буюкларни муҳокама қилмоқчи бўласан.

Кўп ўтмай эса улар муносабатларида туб бурилиш юз берди. Ўшанда Ко Жук ўттиз олти ёшда эди.

Бу вақтга келиб унинг паймонаси тўлганди. Ко Жук яна Сок Там олдига қайтиб келгандан кейин ўтган саккиз йил давомида у жон куйдириб, лекин деярли руҳий тушкунликда таҳсил олди. Сабот ва қунт билан узоқ соатлар давомида жойидан қўзғалмасдан рангтасвир ва хаттотликда шундай берилиб машқ қилардики, ёзда кўп ўтиришдан қизариб кетадиган думбаси чидаб бўлмас даражада ачир, қишда эса совуққотган оёқлари ниҳоятда увушарди. Устозининг нафратланишидан асло таъсир­ланмас, рангтасвир ва хаттотликка боғлиқ бўлмаган нарсаларга эътибор бермасди. Бунга қадар ҳам ўн йил Сок Тамнинг шогирди сифатида кун кечирган бўлса-да, бевосита ана шу саккиз йил Ко Жук хотирасида ҳаётининг энг сермазмун даври сифатида сақланиб қолди. Ўша ўн йил устозга яқинлашиш учун кетди; ундан кетиш, халос бўлиш, эркинликка чиқиш учун саккиз йил талаб қилинди.

Бу даврда Ко Жукнинг рангтасвир ва хаттотликдаги маҳорати етук­лик даражасига етди, шунинг учун у аста-секин ном қозона бошлади. Тўғри, турлича фикрлар мавжуд, аммо кўпчилик ҳозирга қадар Ко Жукнинг бевосита ўша даврдаги истеъдод ва илҳом уфуриб турган ишларини унинг энг юксак ютуғи деб ҳисоблайдилар. Бироқ Ко Жукнинг ўзи бу ишларда қандайдир сохталикни ҳис қила бошлади: бу уйига ўт тушган одамнинг бошпанасизлик ва тушкунлик туйғусига ўхшаб кетарди.

Бундай ҳиснинг, афтидан, икки сабаби бор эди. Биринчидан, Ко Жукнинг ёшлик йиллари, ўз таърифича, қайсидир қора сиёҳ ва қоғозлар дунё­сига маънисиз оқиб кетганди. Ун Гок кейин унга иккита бола туғиб берган хотинни никоҳлаб берган бўлса ҳам, бу аёл унинг учун севги ва эҳтирос маҳбубаси эмас, балки худди жавон ёки ёзув столи каби зарур ашё бўлганди. Унинг ёшлиги, унинг орзулари, унинг муҳаббати, унинг интилишлари – ҳамма-ҳаммаси таълимга ва яна таълимга кетди… Энди эса унинг ҳаёти кеч кузда шамол ва ёмғир остида шохда ёлғиз аянчли титраб ва қалтираб турган сарғайган япроққа ўхшарди; ўзи кўзлаган, унинг учун ҳамма нарсани қурбон қилган мақсади эса тоғ чўққилари занжири узра кўприкдек эгилган камалак сингари олисда қолганди.

Иккинчидан, Ко Жук аста-секин йирик рассом ва хаттотга айлангани сари сохталик туйғуси олдида тобора кўпроқ кўндаланг бўлаётганди. Шу заминда эркак бўлиб туғилиб, бутун умр қора сиёҳни суриш ва мўйқалам билан овуниш… Бу вақтда эса кимдир ватанини озод қилиши учун жонини жабборга бермоқда; кимдир тинимсиз ташвишлар билан ватандошларига илм нурини тарқатмоқда; кимдир амалий билимларни эгаллаб, ўзини жамиятга хизмат қилишга бахшида этмоқда. Ко Жук умрининг ярми қандай ўтди? Ахир, у ҳар доим ўзи ҳақида ўйларди, тер тўкиб ишлаши фақат ночор ва зерикарли турмушдан қочиш бўлди. Бу меҳнат кимга керак эди?

Маъюс куз куни сўниб бораётганди… Жуда қартайиб қолган Сок Там қоғоз ва мўйқаламни қўлга олиш учун бордондан аранг кўтарилди. Катта мўйқалам, қирқилмаган, бутун варақ – ўша пайтда булардан деярли фойдаланишмасди. Бу вақтга келиб, бир неча ойдан бери ишга киришмаган Ко Жук устозининг ўжарлиги ўзида тушуниб бўлмайдиган ғижиниш уйғотишини ҳис этди ва қора сиёҳни аралаштириш керак­лигини айтиб, хонадан чиқди. Унга устози Сок Тамнинг хаттотликка ўтакетган даражада берилиши кўнглида кулги уйғотаётгандек туюлди. Бироқ у изтиробда ҳовлида сайр қилар экан, қалбида қизиқиш ғимирлаб қолди.

У хонага кирди ва устозининг мўйқалами сиёҳдон четида ётганлигини кўрди. Устознинг ўзи эса кўзини юмиб, аранг нафас оларди. Қоғозга “Сон-саноқсиз сочлар биргаликда – куч” ҳикматининг дастлабки уч иероглифи битиб бўлинганди. Сўнгги иероглиф – “куч” ёзилмаганди: устоз уларни ёзишга улгурмаганди.

– Айтишларича, Со Же етмиш саккиз ёшида кунжут донига тўрт иероглиф: “Осмон остидаги буюк дунё”ни битишга муваффақ бўлган. Мен ҳали етмишга тўлмасам ҳам бир уринишда тўрт иероглифни ёзиш учун қувватим етмай қолди.

Устознинг ожиз овози ҳозир нақадар мунгли эшитиларди! Лекин Ко Жук бу сўзларни эшитганида босиб турган ғазаби миясига урилди. Сок Тамнинг беҳоллиги Ко Жукда ҳамдардлик уйғотмади, аксинча, у ғайриодатий енгилликни ҳис этди.

– Агар сиз уларни бир ўтиришда бита олганингизда-чи? Агар Олтин қанотли қуш сизнинг столингиздан тўппа-тўғри осмонга парвоз қилган бўлса-чи, агар хонангизга тўсатдан хушбўй фил кириб келса-чи? Хўш, буларнинг сизга нима дахли бор?

Мутлақо кучдан қолган Сок Там аввалига шогирдининг гапларидан гангиб қолди. Лекин бир лаҳзадан сўнг бу сўзларнинг асл маъносини тушуниб, унга қаҳр билан боқди.

– Бундай дейишга қандай ҳаддинг сиғди? Ҳақиқий рассом руҳининг ана шундай юксак ҳолатга эришишини орзу қилади. Ҳеч бўлмаса бир марта!

– Майли, бунга эришдингиз ҳам дейлик, аммо у одамларга нима беради? – тилини тиймасди Ко Жук.

– Ҳали Тиёншон[21] тоғига чиқмасдан туриб Осмон остидаги ўлкада баландроқ тоғ йўқми деб ҳовлиқяпсанми? Сенингча, чўққини забт этганлар ва исмларини абадулабад шон-шуҳратга буркаганлар бефойда иш қилишганми?

– Улар ўзларини ва бошқаларни алдаб келганлар. Майли, даода қоғозни сиёҳ билан булғаш бўлақолсин, шунга нима бўпти? Бунда қандайдир сирлилик борми, бу жуда улкан воқеами! Ҳатто ўғрилар ва қассоблар ҳам ўз даоларига амал қилишади. Ҳатто кулоллар ва темирчилар ҳам ўз даоларига риоя қиладилар. Ўз исмингни мангуликка муҳрладинг, деб хоҳлаганча гапиравер, майли, мендан кейин иероглифлар битилган қоғозлар қолсин, авлодлар кўз ўнгида ўралашиб, жонга тегсин, бунинг қандай нафи бор? Ҳатто қабр тошларини ҳам шамол ва ёмғир емиради. Шундай экан қоғоз билан қора сиёҳ қанчага чидайди? Бундай мерос ҳеч кимнинг турмушини яхшиламайди, ҳеч кимни тўйдирмайди, иситмайди ҳам. Сиз эса бу маънисизликни бекитиш учун гўёки ўзингиз эришган руҳнинг қандайдир таърифлаб бўлмайдиган, ақл бовар қилмас даражаси ҳақида гапирасиз.

Кескин зарбдан Ко Жук пешонасини ушлаб, чалқанчасига йиқилди: ғазабланган устози унга сиёҳдоннинг тошдан ясалган қопқоғини отганди. Ко Жук қон босган кўзини артар, қулоғини эса қари ўқитувчисининг телбанома бақириши ёрай дерди.

– Аввалбошдан сенинг разилсуяклигингни сезардим! Йўқол! Сенинг жойинг бозорда, лавҳаларни чаплашдан бошқасига ярамайсан. Сен ўзингни рассом қилиб кўрсатмоқчи бўлиб, шунча йил қўлимда ўқидинг. Энди ҳар қандай бўёқ суркашингга, балки бир қопдан гуруч беришар!..

Улар бошқа кўришишмади. Ко Жук устозининг уйини тарк этганидан кейин бу ерга Сок Там тобутга тушгандан сўнггина келди.

У ўзининг ажинлар чуқур из қолдирган пешонасини ушлаб кўрди. Чандиқ деярли сезилмасди. Хотирасида устозининг чеҳраси гавдаланди: нафрат ҳам, қўрқув ҳам йўқ, фақат қайғу…

– Ота, Ким келди.

Чху Сунинг товуши уни яна хотираларнинг чексиз оламидан суғуриб олди. Эшикдан Чхо Хоннинг боши кўринди.

Ко Жук Чхо Хонга одатда кеч туғилган фарзандга нисбатан бўладиган алоҳида меҳрибонлик кўрсатарди. Бунинг сабаби шогирдининг юмшоқ, кўнгилчан феъли эдими? Ёки ўзининг самимий ғамхўрлигими? Лекин ҳаммаси, афтидан, Чхо Хоннинг дастхати билан боғлиқ эди. Бу шогирди ҳали мўйқаламни тўғри ушлай олмасдан туриб, ярим тез ёзувни эгаллаб олди. Кейин низом бўйича ёзувнинг уддасидан чиқмасдан тез ёзув ва ҳарфлари чирмашган усулда ёзишни ўрганди. Ҳозирги ёшлардан фарқли равишда, Чхо Хон ўз дастхатини яратишга роса уч йил сарфлади. Завқ-шавқ, ҳавас қилса бўладган сабот ва муқимлик билан етти йил давомида мумтоз китобларни ўрганди. Шу билан бирга у камтарин, ўзига талабчан эди, ҳовлиқмасди. Шу баҳорда Ко Жук шогирдлари ишларининг кўргазмасига тортиниб, фақат иккитагина хаттотлик ўрамини таклиф қилди. Чхо Хоннинг дастхати бироз нотекис, аммо қандайдир ғалати куч билан тўлиб тошганди. Бу дастхат Ко Жукка ўзи ёшлигида рад этган, лекин йиллар ўтиши билан тобора чуқур маъноли касб этаётган Сок Там ёзув услубини эслатарди.

– Бугун ҳам айланиб келишни хоҳлайсизми? Чху Су хонимдан эшитишимча, сизга ҳаракат қилиш бироз ноқулай экан…

Чхо Хон эрталаб қартайган устозининг соғлиғидан хабар олиш учун уни безовта қилишга жазм эта олмади ва ҳозир ўзини ноқулай ҳис этарди. У шундоқ ҳам дудуқланарди, ҳозир эса хижолатдан жуда тушунарсиз гапирарди. Ко Жук хушмуомала бўлиш учун, юмшоққина қилиб деди:

– Ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Лекин барибир бугун дўконларни айланиб келамиз. Ҳа, айтгандек, кутубхона нима бўлди?

– Гапларига қараганда, ҳеч нарса қилиб бўлмайди, ҳаммаси каталогга киритилибди.

– Қанча пул тўланса ҳамми?

– Жаноб директор, асло иложи йўқ, деди.

– Ўзбилармонлик қилишяпти. Директор билан шахсан ўзим гаплашишимга тўғри келади, шекилли.

– Бугун шарт эмасди…

– Бекор гап. Яхшиси, машинани келтир.

Чхо Хон индамай чиқиб кетди. Унинг юзидан ажабланиш ифодаси сезилиб турарди, аммо бугун ҳам устози нега қатъият билан ҳамма жойдан ўз ишларини сотиб олаётганлигини сўрай олмади.

Кун илиқ, ёқимли эди. Ко Жук шогирдининг қўлига суяниб, бадиий буюмлар сотиладиган дўконлар жойлашган мавзеда машинадан тушди. У бу ерга бир неча ойдан бери келарди.

– Э, муҳтарам Ко Жук келибдилар. Сизни койитишга мажбурмиз, ҳозирча бирор янги нарса йўқ. Мазангиз қочибди, деган овоза тарқалди, шунинг учун ҳамма асарларингизни ушлаб турибди, ҳеч ким ҳеч нарсангизни келтирмаяпти.

Ко Жук йўлида давом этди.

Ко Жукни яхши танийдиган дўкон эгалари уни ҳурмат билан қарши олардилар. Бироқ излашлари ҳозирча бесамар эди. Фақат бешинчи ёки олтинчи дўкончада унинг нигоҳи тўсатдан таниш ўрамга тушди. Ярим тез ёзув. Ко Жукнинг имзосида “ко” бўғини одатдагидек “қадимий” иероглифи билан эмас, балки худди шундай эшитиладиган “ёлғизлик” иероглифи билан ифодаланганига қараганда ўрам Ко Жук иккинчи бор Сок Тамни тарк этган вақтга тааллуқли эди.

– Бунинг учун сенга Ун Гок мўйқаламига мансуб орхидеяни бераман. Розимисан?

Дўконча хўжайини бундай таклифдан хурсанд бўлди. Исмнинг биринчи иероглифи “ёлғизлик” бўлган ўрамлар умуман у қадар юқори баҳоланмаслиги, мазкур ҳолатда биринчи қарашданоқ асар унчалик муҳим аҳамиятга эга эмаслиги сезилиб турарди. Ко Жук назарда тутган Ун Гокнинг орхидеяси қандайлигини дўконча хўжайини билмасди, лекин бошқа дўкондорлар анчадан бери Ко Жук билан бундай айрибошлашлардан зарар кўрмасликларини гапириб юрардилар.

– Муҳтарам Ко Жукка хизмат кўрсатишдан мамнунмиз, – деди дўконча хўжайини суҳбатдошидан очиқ миннатдорчилик кутиб.

– Раҳмат. Суратни кейинроқ мана шу йигит орқали юбораман, – Ко Жук Чхо Сонга имо қилди.

– Ташвишланмай қўя қолинг. Ўзим олдингизга бораман. Кечқурун борсам, сизга маъқулми?

– Ҳа.

Дўконча хўжайини ўрамни олиб, уни қутига жойламоқчи бўлди.

– Ҳожати йўқ. Қандай бўлса, шундайлигича беравер.

– Бироз дам олиб, яна йўлга тушамиз, – деди у, аслида ҳеч кимга мурожаат қилмасдан.

Аммо кўп ўтмасдан Ко Жук ҳаётини остин-устун қилиб юборган воқеа содир бўлди.

Ўша пайтда у ўғли Сеулдаги япон генерал губернаторлигида юқори лавозимни эгаллаб турган японпараст катта ер эгаси жаноб Хоникида меҳмонда эди. Хо санъатни қадрлар, рангтасвир ва хаттотликни яхши тушунар ва вақти-вақти билан уйида “мўйқалам соҳиблари”ни тўплаш билан ўзини овунтирарди. Бу даврда Ко Жукнинг ҳатто ёрма бўтқаси, соя кунжараси ҳам йўқ эди, шунинг учун сахий меҳмондорчилик ва “йўл харажатларини қоплаш” деб аталадиган чойчақа меҳмонни дастурхони очиқ хўжайинга самимий миннатдорчилигини билдиришга мажбур қиларди. Бунинг устига у япон маъмурлари билан алоқаларига қарамай японларни чорламаган эди-ку!

Лекин бир неча кундан сўнг Ко Жук олдига устози Ун Гок келди. Ко Жук хурсанд бўлди: ўзини ҳаммадан ҳам яхши тушунадиган Ун Гок Сок Тамнинг энг яқин дўсти бўлишдан ташқари, Ко Жукнинг ҳам устози бўлиб, у ўзи бир неча йил Ун Гок қўлида таҳсил олганди. Бевосита Ун Гок Ко Жукни уйлантирди. Бевосита Ун Гок Ко Жук Сок Тамни тарк этганида бошқалардан яхшироқ тушунди. Бироқ Ко Жукнинг қувончи ҳавода осилиб қолди.

– Қойил! Ота-онасиз, устозсиз, оиласиз ёлғиз ғаров Ко Жук ҳақир қарияни танишни лозим топди.

Ун Гок Ко Жук исмининг иероглифлари маъноси ва у қачонлардир ёшлигида ишлатган тахаллуси – Учта Йўқли Одамни эслатиб, унга оғир зарба берди. Ун Гок қадрли меҳмонни олиб қолишга уринган жаноб Хонинг илтимосларига эътибор бермасдан ҳатто дастурхонга ҳам ўтирмади.

– Сок Там ўладиган вақт келганга ўхшайди. У сенинг қайтиб боришингга умид қилади, ҳар ҳолда шогирдисан. Сен эса бу ерда!..

Одатда юмшоқкўнгил, хайрихоҳ Ун Гокдан бундай таъналарни эшитган Ко Жук ўзини таёқ билан тарсиллатиб солишгандек ларзага тушди.

Аслида дайди ҳаёт Ко Жукнинг жонига текканди. Бошпанасизлик ва бўшлиқ ношудларнинг тасаннолари билан ҳам, нозик дидли бойваччаларнинг садақалари билан ҳам таскин топмаётганди. Аёллар ҳам, май ҳам бу бўшлиқни тўлдирмасди. Йиллар сездирмасдан ўтиб кетаётганди: мана, қирқ ёшни ҳам уриб қўйди.

Эҳтимол, Одэ тоғига саёҳат унинг қайноқ ҳиссиётига гўё ўчиб бораётган гулхандаги бир лаҳза ялт этган чўғдек туртки бергандир.

Эртасига эрталаб Ко Жук жаноб Хонинг меҳмоннавоз уйини тарк этди ва Одэ тоғига, яқинда қалин дўсти бошлиқ бўлган эркаклар дарвешхонасига йўл олди. Ко Жук устози Сок Тамнинг олдига қайтиши кераклигини биларди. Буни орқага қолдирмаслик зарурлигини ҳам фаҳмлар, ҳаётидаги энг муҳим қарорлардан бири бўсағасида турганлигини яхши тушунарди. У қайтиб боришни истарди ва қайтиб боришдан қўрқарди. Шунча нарсани бошидан ўтказган уйга яна киришдан аввал қалбини поклаши зарурлигини ҳис этарди.

Ко Жук дарвешхонага омон-эсон етиб бориб, деярли ярим йил дарвешнинг хаёлотга берилувчан турмуш тарзида яшади. Бироқ Ко Жукнинг саёқ юрган йилларида қалбини қоплаган дунёвий кирнинг қалин қатлами, эски дилсиёҳликлар… буларнинг баридан халос бўлиш осон эмасди. Баҳор эшик қоқди, лекин Ко Жук ҳеч руҳан ором ололмаётганди.

Ана шундай кунларнинг бирида Ко Жук эрталабдан бери оқсочга қарағай пўстлоғини шилишда ёрдам бериб, ҳордиқ чиқариш учун ибодатхона орқасида тиз чўкди. Шунда девордаги ранги ўчган безакка кўзи тушди. Даставвал у буни ўн икки ҳомий арвоҳлардан бирининг тасвирига ўхшатди. Диққат билан разм солди: калласи худди лочинникидек, танаси – одамникидек, қанотлари тилла тусда…

– Бу нима? – сўради у дарвешхона бошлиғидан.

– Олтин қанотли қуш. Унинг бошида – “Истаклар ижроси дури”. У олов пуркайди ва аждаҳоларни ейди. У ҳамма томонидан денгизлар билан қуршалган Сумеру тоғида яшайди. Бу қуш Будда қонунини қўриқлайдиган саккизта илоҳнинг бешинчисидир. Уни яна Олтин қуш ёки Ажойиб қанотли қуш ҳам деб аташади.

Буни эшитиши билан “Олтин қанотли қуш денгизни тешиб ўтмоқда” байти ёдига тушди. Шу пайтгача унинг учун Олтин қанотли қуш фақат мажоз, устозининг қатъиятли, ораси катта-катта очиб ёзиладиган дастхати билан боғлиқ қандайдир куч рамзи эди. Энди мана шу ранги ўчган безакни кўрганидан кейин Олтин қанотли қуш ўзи учун тирилди. Бир лаҳза унга ҳатто улуғвор қуш олтин қанотларини силкитиб, юксак осмонга парвоз қилганини ва тўсатдан пастга тошдек отилиб, денгиз тўлқинларини тешиб ўтиб, типирчилаётган аждаҳони чангаллаб олганини кўргандек ҳам туюлди. Ва шу онда устозининг: “Агар сен ҳеч бўлмаса бир марта мўйқаламинг остидан чиқаётган битикда ҳаётни кўра олсанг, мақсадингга эришган бўласан”, деган сўзларини ниҳоят тушунди.

Эртасига Ко Жук лаш-лушини йиғиштирди ва тоғдаги дарвешхонани тарк этди. Урушнинг сўнгги йили кетаётган эди.

Ко Жук кечикди. Шунинг учун у ўзининг қайтиб келган кунини хотирлар экан, ҳамиша аччиқ ўкиниш ҳиссини туяди. Одатда кимсасиз бўладиган ҳовлида ҳозир марҳумнинг шогирдлари ва дўстлари тўпланганди. Ҳеч ким Ко Жукнинг қайтиб келганига хурсанд бўлмади, ҳеч ким унга бир оғиз гапирмади. Фақат Ун Гоккина совуққонлик билан ғижиниб ғўлдиради:

– Мёнчжондаги, мотам матосидаги ёзувни сен ёзасан. Сок Тамнинг сўнгги иродаси шундай. Марҳумнинг лавозими ва илмий даражасини ёзиш керак эмас. Оддийгина қилиб: “Кимлар уруғидан бўлган олийжаноб Сок Там, конфуцийчи олимнинг тобути”, деб ёзасан… – Устоз энди кўз ёшини тўхтата олмай, қўшиб қўйди: – Сен ҳеч бўлмаса энди тушун­япсанми? Агар Сок Там Мёнчжондаги ёзувни бевосита сен битишингни хоҳлаган экан, у сенинг қўлинг билан ёзилган иероглифларни ўзи билан олиб кетмоқчи бўлган. У иқтидорингни шунчалик қадрларди! Эҳ, аҳмоқсан, аҳмоқ…

Ва шунда Ко Жукнинг азоб тортиб келган қалби ағдар-тўнтар бўлди. Гўё эски озорлар унутилганди! Эҳтимол, ҳаётида биринчи марта устозининг кўзига тик қарагиси келди… Аммо ҳатто тобутнинг қопқоғи ҳам михланиб бўлинганди.

– У ёғига бормаймизми, устоз? – эҳтиёткорлик билан сўради Чхо Хон ёйилган ўрам устида қайғули ўйларга чўмган Ко Жукдан.

У воқеликка қайтди ва оҳиста ўрнидан турди.

– Йўқ, борамиз.

Улар яна бир нечта дўконларни айланиб чиқишди. Бирдан Ко Жукнинг кўз ўнги қоронғилашди, оёқлари ҳолсизланди.

– Сизга нима бўлди, устоз? – Чхо Хон шалпайган Ко Жукни аранг ушлаб қолди, устози шогирдининг қўлига ўзини ташлаб юборганди.

– Ҳеч нарса. Ҳозир йўлга тушамиз.

Қандайдир ғалати нарса худди электр токи ургандек бўлди, пешонасини совуқ тер босди. Чхо Хон Ко Жукнинг ўтиришига ёрдамлашди.

– Уйга қайтсак яхши эмасми, устоз? Бугун ҳеч нарса тополмасак керак.

Лекин Ко Жук қатьият билан деди:

– Бошқа дўконларни қараб чиқ. Мен шу ерда бўламан. Бирор нарса топсанг, айтасан.

Чхо Хон устозининг аҳволини билишга ҳаракат қилиб, бир неча сония унинг юзига синчиклаб тикилиб турди, кейин индамасдан чиқиб кетди.

– Ҳозир ҳаммаёқдан сотиб олаётган ишларингизни нима қил­моқ­чисиз? – тулкилик билан сўради дўкон хўжайини Ко Жук нафасини ростлаб олганидан кейин. Бу савол бир неча ойлардан бери дўкондорларни қизиқтираётган эди. Бироқ Ко Жук ҳеч кимга ўз ниятини ошкор қилмасди. Бугун ҳам ҳеч нарса демоқчи эмасди.

– Нима қилишни биламан.

– Демак, тўғри экан-да? Сиз ўз музейингизни очмоқчимисиз?

“Музей? – заҳархандалик билан тиржайди Ко Жук ва унинг юраги ифодалаб бўлмайдиган маъюслик билан зирқиради. – Билишганида эди…”

– Омон бўлсак кўрамиз, – мавҳум жавоб қайтарди Ко Жук ва гапни бошқа томонга бурди. – Бу аслиятими?

Бу аслият бўлиши мумкин эмаслигини жуда яхши билгани ҳолда у бармоғи билан ўрамга – Чху Са услубига яққол тақлид: “Рассомнинг санъати Буюк дарё сувлари кабидир. Хаттотнинг маҳорати ёлғиз қарағай кабидир” битигига ишора қилди.

– Йўғ-э, қўйсангиз-чи, муҳтарам жаноб. Бу бир таниш йигитнинг кўчирган нусхаси, уни Ун Бон деб аташади. Ўйлашимча, битикда дунё ғала-ғовуридан паришонлик ҳисси бордай, шунинг учун олдим.

– Ҳа, шундайми…

Ко Жук хаёли қочган ҳолда ўрамга боқар экан, буюк Чху Са ҳақида ўйларди. Қачонлардир у қалбини забт этганди!

Дафндан кейин Ко Жук яна ўн йилча устозининг етим уйида тарки дунё қилиб яшади. У устозининг қариб қолган беваси, асраб олган ўғлига ғамхўрлик қилар ва яна сабот билан ишларди. У ўзига аввалроқ “ёшини яшаб бўлган” сифатида кўринган услублар ва дастхатларни ўрганарди.

У яна Хитойнинг қадимий эпиграфикасини ўзлаштиришга киришди. Бронза уч оёқлари ва тош барабанлардаги ёзувлардан, Цин ва Хан, Уч салтанатлик ва Ғарбий Жин матнларидан нусха кўчирарди. У яна Жанубий мактабнинг Чжун Яо, Вэй Вань, Ван Си-жи ва унинг ўғли Ван сян-жи, Жи Юн ва унинг шогирдлари, Шимолий мактабнинг Со Цзин, Цуй Юэ ва Яо Юан-бяодан Оуян Сюн ва Чу Суй-лянгача бўлган хаттотликларини ўрганарди. Шундай қилиб, Ко Жук етук ижодкор даражасига етганида асарларига Сок Там кўп марта тилга олган китобийлик руҳини сингдирарди. Қаерлардадир инқилобий буҳронлар гулдурарди, фуқаролик уруши аланга олаётганди, бироқ ҳеч қандай ғала-ғовурлар Ко Жукни устозининг уйини ташлаб кетишга мажбурлай олмасди.

Бевосита ана шу пайтда Ко Жук хаттотлик сирларини эгаллаб, йўлнинг туб бурилишларида неча бор бўлганидек, ўзида ҳамиша ҳақиқий завқ-шавқ ҳиссини уйғотадиган Чху Санинг ижодига яна мурожаат қилди. У марҳум устози, ўзи бу тўғрисида очиқ гапирмаган бўлса ҳам, амалда буюк ижодкорнинг ҳақиқий, эҳтимол, ягона меросхўри эканлигини тушуна бошлади.

Лекин ҳатто Чху Са ҳам Ко Жук қалбини тўла забт эта олмасди. Устози вафотидан кейин Сок Там уни шогирдликка олишга иккилангани, бутун умр ундан эҳтиёт бўлиб юргани, ўзининг иродасини букканлиги тўғрисидаги аччиқ хотиралари бироз юмшаган бўлса ҳам Ко Жукка вақти-вақти билан барибир азоб берарди. Бундан ташқари Ко Жук Чху Санинг қарашларини сўзсиз қабул қила олмади. Ко Жук санъатни нафосат деб тушунар ва унинг фикрича Чху Са ижодида фалсафа жуда кўп эди. Ёзувларнинг муаттар ҳиди ва китобийлик руҳи гўзалликни яратишнинг қўшимча воситалари, ҳатто гўзаллик турларидан бири бўлиши мумкин, аммо улар моҳият жиҳатидан гўзалликнинг унсури бўлишга қодир эмаслар. Айни чоғда Чху Санинг рангтасвирдаги ютуқлари бевосита ижодкор сифатидаги шахсий даҳолигининг оқибатидан бошқа ҳеч нарса эмас. Бундан ташқари Чху Са қарашларининг асосига қурилган Цин янги конфуцийчилиги йиллар ўтиши билан энди ниш ураётган “манбаларга қайтиш” ҳаракати учун росмана фалокат бўлди ва тақлидгўйлар орасида бевосита Цин натура фалсафасининг таъсири ўша пайтдаги Корея санъатининг иккинчи навли Хитой намуналари маъносини тузукроқ англамасдан, улардан нусха кўчирилишига олиб келди. Шунинг учун Чху Са устози Сок Там каби ҳурматга ва таъзим қилишга муносиб инсон бўлса ҳам, Ко Жук санъатда унинг йўлидан бора олмасди.

Бирор соатлардан сўнг Чхо Хон қўли қуп-қуруқ қайтиб келди. У қолган барча дўконларни айланиб чиққан бўлса ҳам Ко Жукнинг ишларини топа олмаганлигини айтди.

Ко Жук Чхо Хоннинг қўлига суяниб, шаҳар кутубхонаси томон йўл олди. Унинг ўша ердаги бир нечта ўрамни қайтариб олиш умиди сўнмаган эди. Аммо бу аянчли тугади. Ко Жук бўш келмайдиган директор билан гаплашаётганда овозини кўтарди ва ҳушидан кетди.

Ко Жук куннинг иккинчи ярмидагина ўзига келди. У ўз хонасида ётар, атрофида одамлар тўпланганди. Ко Жук секин уларнинг юзларига бирма-бир кўз югуртирди. Мана Чхо Хон, унинг бети ўликсира бўлиб қолганди. Ёнида иккита собиқ шогирди, йиғи-сиғи қилаётган Чху Су…

– Отажон, тузукмисиз? – сўради қизи.

Ко Жук жавоб ўрнига бошини қимирлатди.

Чху Су ёнида яна бир таниш башара. Бу Нан Жўн, Ко Жук ўзи адабий тахаллус қўйган биринчи шогирди. Сурбет, шилқим… Ко Жук унга совуқ, еб қўйгудай қаради.

Нан Жўн унинг қўлида ўн йил – Ко Жук Сок Там уйининг тўрт девори ичида қамалиб олган пайтидан ўзининг шахсий хаттотлик мактабини очгунича ўқиган. Уларнинг ёшлари ўртасидаги фарқ нари борса ўн-ўн икки йилни ташкил этарди. Нан Жўн қирқ ёшга тўлай деганда хаттотликка жиддий ўқишга киришди, у барибир муносиб шогирд эди, Ко Жук унга ҳатто тахаллус ҳам топиб берди. Бироқ бироз вақт ўтиб Нан Жўннинг олға юриши тўхтаб қолди, бир неча йилдан кейин эса у ўзининг хаттотлик мактабини очди. Шогирди у билан тузукроқ хайрлашмасдан ҳам кетиб қолганидан Ко Жукнинг кўнгли ранжиганди, бироқ энг хунуги олдинда экан. Нан Жўн у ҳам гўёки устоз Сок Тамнинг шогирди ва Ко Жук унинг учун атиги каттароқ ёшдаги ҳамкасби эканлиги, гўёки улар ўн йил хаттотлик ва рангтасвирни Сок Тамдан ўрганликлари тўғрисидаги миш-мишларни тарқата бошлади. Бундан хабар топиб ғазабланган Ко Жук шу заҳотиёқ Нан Жўннинг мактабига борди.

– Кираверинг, кираверинг ҳурматли ҳамкасб, – дарров майин кулимсирай бошлади Нан Жўн. Унинг мунофиқлиги, биринчи навбатда, атрофга тўпланган шогирдлари учун мўлжалланган эди. Ва у бунга муваффақ ҳам бўлди. Аввалига Нан Жўн Ко Жукка биргаликда ўқиган йилларини хотирлашни таклиф этди, бироқ бу гувоҳлар олдида унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилганлик учун судга бериш таҳдиди билан тугади. Бу гапларга ўн йил бўлди.

– Отажон, бу жаноб сизнинг ғаров тасвири туширилган иккита рангтасвирингизни олиб келди, – шошилиб тушунтиришга тушди Чху Су Ко Жукнинг Нан Жўнга нафрат билан тикилганлигини пайқагач.

– Сиз, устоз, чизган суратларингизни тўплаётганингиздан хабар топдим… Нима бўлса, ҳаммасини олиб келдим…

Афтидан, у самимий гапираётган эди. Ўзи олтмиш ёшга яқинлашиб қолган ва улар кўришмаганларидан бери ўтган ўн йил ичида Нан Жўннинг юзидаги ажинлари кўпайганди. Ко Жук қовоқларини уйди. Қалб жароҳатлари дарров бита қолмайди.

– Яхши. Борақол, – деди бир неча дақиқадан сўнг Ко Жук зардаси қайнаганини аранг босиб.

– Ҳозир суратни қўяман-да кетаман, – Нан Жўннинг афти қорайиб кетди, бироқ у итоаткорлик билан хонани тарк этди.

Ўртага оғир сукунат чўмди. Уни биринчи бўлиб Чху Су бузди.

– Чэ Сик қўнғироқ қилди.

– Қачон келаркан?

– Эҳтимол, кечқурун. Юн Сикка қўнғироқ қилайми?

– Қилақол, – оҳиста жавоб худди хўрсинишдек эшитилди.

Чэ Сик қонуний хотинидан бўлган катта ўғли эди. Хотини ўғил ва қиз кўрганди, лекин қизи уруш пайтида вафот этганди. Юн Сик Ко Жукнинг сўнгги жазманидан бўлган ўғли эди. Че Сик қирқ ёшдан ошган, Пусанда ўз бизнеси бор эди. Кичик ўғли Юн Сик энди йигирма ёшга кирган, пойтахт университетларидан бирида ўқирди.

Ко Жук меҳрибон ота эмасди, аммо ҳар гал ўғиллари ҳақида ўйлаганида кенжаси хусусида ташвишланарди. Юн Сик ўн уч ёшга тўлмасидан онасидан ажралган, уни Чху Су тарбияларди. Бугун эса бевосита Чэ Сик тўғрисидаги фикр юрагини зирқиратди. Кўзининг олдида ҳамиша шошиладиган, тинкаси қуриб ишлайдиган ўрта яшар эркак эмас, йўқ, балки биринчи марта дайди, деярли қашшоқ отаси билан юз кўришган ўн олти ёшли ўспириннинг чеҳраси гавдаланди. Ва хотинининг бир неча ўн йил эсдан чиқарган юзи тушда эмас, ўнгдагидек намоён бўлди.

Ко Жук устози Ун Гокнинг ҳомийлигида йигирма икки ёшида уйланди. Рафиқаси кёнжулик Чхве уруғидан, Ун Гокнинг жияни эди. У гўзал эмасди, лекин юмшоқ кўнгил бўлиб, Ко Жукнинг хотирасида ундан бирор марта аччиқланмаган, сира баҳслашмаган аёл сифатида қолганди. Бироқ уларнинг никоҳи Ко Жукнинг ёшлигини ютиб юборган рангтасвир ва хаттотликка ашаддий эҳтироси туфайли бахтсиз бўлганди. Қисқагина асал ойларидан кейин Ко Жук яна ўз машғулотларига калласи билан шўнғиб кетди ва тонг саҳардан ярим тунгача устозиникида ишлар, уйида ухларди, холос. Ҳатто рўзғорни тебратиш ҳам хотинининг гарданида эди. Ко Жукнинг даромади аҳён-аҳёнда сотиладиган суратлари ва ўрамларидан тушадиган арзимас пул ҳамда Сок Там баъзан шогирдига берадиган гуручдан иборат эди.

Тўғри, Ко Жук Сок Тамнинг шогирди бўлган пайтида ҳаммаси жойи­да эди. Яхши-ёмон кунларда бир том остида яшардилар, фарзанд кўраётгандилар…

Ко Жук Сок Тамни тарк этганидан кейин эса бу ҳам барҳам топди. Оиласига индамасдан, ҳатто хайрлашмасдан жўнаб қолган Ко Жук ўн йил давомида хотинини бутунлай ёддан чиқарди. Аммо у ўзини ҳечам айбдор ҳис этмасди. Ко Жук учун хотини ва фарзандлари нобоп пойабзалдек эди, оёғини сиқса ҳам чидаши ва кийиб юриши керак эди.

Рафиқаси одамлардан суриштириб, бир неча бор Ко Жукни излаб топганди. Лекин у кейинчалик ўзи ҳам англай олмаган совуққонлик билан аёлини олис масофада ушлаб турди. У ёлғизликда, машаққат билан болаларини катта қилаётган хотинига ачиниш эмас, ўзига хос уят, гўё аёли ҳали ҳам унинг турмуш тарзига дахлдор эмасдек ғалати ғазаб ҳиссини туярди. Фақат бир мартагина – хотини уни меҳмонхонада излаб топганида бир неча чақа ва кийиб тўзитилган оёқ кийим берганди. Унинг бу муомаласи кўпроқ юпун ва очларга одатий ачинишга ўхшаб кетарди. Онасини опичиб олган қизининг иситмаси баланд, юзи шишган, хотинининг яланғоч оёғи эскириб кетган пойабзалидан ҳадеб чиқиб кетаётганди. Бу уларнинг сўнгги учрашишлари эди.

Ко Жук оилани тарк этганидан кейин беш йилча ўтгач, хотини барига қўл силтаб ота-онасининг уйига қайтиб келди. Худди шу йилда Ко Жук Мэ Хян билан қўшилишган эди. Сўнг хотини акаси яшайдиган Осакага жўнаб кетди ва Кореяга қайтиб қадам босмади. Гап-сўзларга қараганда акаси уни яна унаштирган экан. Бу миш-мишлар тўғрига ўхшайди: ҳар ҳолда, у ота-онасининг уйида қолган фарзандларининг олдига бошқа келмади. Ко Жук Сок Тамникига қайтиб келганидан бир неча йил ўтгач, болаларни ўзи билан олиб кетди. Ўшанда Чэ Сик ўн олти, қизи эса ўн бир ёшда эди.

Ко Жукни виждон азоби қийнамасди. Бироқ у эри ва болаларини ташлаб кетган хотинини ҳам айбламасди. У ҳаёт тўқнаш келтирган бошқа барча аёлларга ҳам ана шундай лоқайд муносабатда бўларди. Унинг кексая бошлаганини сездирмаётган Мэ Хян каби бир нечта кисэнлар тўғрисида гапирмаса ҳам бўларди, ҳатто санъат тўқнаш келтираётган аёллар ҳам ўзида доимий эҳтирос уйғотмаётганди.

“Ҳаётимда чинакамига севган бирор нарсам бўлганми?” – Ко Жук шундай ўй сурар экан, ҳозир фақат Чхо Хоннинг бир ўзи бут каби тошқотиб ўтирган хонага шалвираб назар ташлади ва яна чексиз ғам-андуҳли хотираларига шўнғиди. Ҳа, санъат бор эди, албатта. Аввалбошдан у оиласи, турмуши ҳақида ўйлашни билмасди. “Мол-мулк”, “жамғарма” каби сўзлар унинг учун бекорчи гап эди, ўзи мансаб ёки шон-шуҳрат кетидан қувмасди. Бир қараганда унинг ҳаёти сермазмун ва турфа кўриниши мумкин эди, амалда эса ниҳоятда жўн ва қатъий эди. Ўзини чулғаб олаётган жуда кўп қизиқишлар орасида у умум қабул қилган меъёрлар ва тор фикр­ли танқидларга парво қилмасдан биттасига, энг кучлисига содиқ бўлди – бу ҳаётий йўлини узил-кесил ва батамом белгилаб берди.

“Пировард натижада бу менга нима берди? – заҳархандалик билан ўзини-ўзи сўроққа тутарди Ко Жук. – Нима бериши мумкин эди?”

Ко Жук қандайдир ғалати югур-югурдан уйғониб, яна кўзини очганида қош қорайганди.

– Ҳозир бироз оғритаман, – деди кимдир адёлни сурар экан.

Бу доктор Чон эди. Игна худди аёз шамоли эсгандек танани увуштириб, терига санчилди. Хонадаги одамлар кўпайди. Ко Жук бу нимани анг­латишини дарҳол тушунди.

– Дада, бу мен Чэ Сикман.

Ўғли кўзи жиққа ёш ҳолда Ко Жукнинг қўлини ушлади.

Ко Жук Чэ Сикни уйига олиб келганида ўн олти ёшда эди, бироқ улар бир-бирларига бегоналардек бўлиб қолишаверди. Ко Жук йигитча биринчи бор уйидан қандай кетиб қолганлигини ёдга олди. Бу Ко Жук ўғли ҳеч бўлмаса ёзишни ўрганиб олишини хоҳлаб, унга мўйқалам ва қора сиёҳдон сотиб олган куннинг эртасига рўй берганди. Чил-чил қилиб синдирилган сиёҳдон, тилка-пора қилинган мўйқалам… Палид ўғил эса ном-нишонсиз ғойиб бўлганди. Йигитчани армияга олишмагунча Ко Жук ҳаловатини йўқотди. Ўғли баъзан уйдан отасининг сурати ёки имзо қўйилмаган ва муҳр босилмаган ўрамини, айрим пайтда пулини ҳам ўмариб кетарди. Бироқ ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, қуйилиб қолди, ўз бизнесини йўлга қўйгач эса қорасини кўрсатмай қўйди. Фақат икки йилча муқаддам отасини йўқлай бошлади.

– Юн Сик ҳам келди, – Чху Су хўрсинаётган Юн Сикнинг қўлини олиб, Ко Жукнинг бошқа кифтига қўйди. Чху Сунинг кўзлари йиғидан шишиб кетган эди.

“Ҳа, оталарингиз бир чақага қиммат, – ўйларди Ко Жук, – ахир, ҳаммангиз турли оналардан туғилгансиз. Ҳа, майли, сизларга ҳарқалай баъзи лаш-лушлар қолади, бу бироз бўлса ҳам сизни отангизнинг камчиликлари билан муросага келтирар”.

Ко Жук меросини тақсимлаб бўлганди. Мевазор Чэ Сикка, мактаб биноси Юн Сикка, уй Чху Сига тегади. Ва у яна, яхшиямки, адабий мукофот таъсис этиш режасидан воз кечганлиги ҳақида ўйлади. Умрининг охирида бегоналарга бундай хушомад қилишга не ҳожат?

– Тинчлансангиз-чи, ахир. Одамни сўнгги йўлга бундай кузатишмайди, – қандайдир хотин Ко Жукнинг фарзандлари йиғи-сиғисини тўхтатишга уринарди. У ўғиллардан Ко Жукнинг қўлларини тортиб олиб, уларни қаттиқ қисди ва сўради:

– Мени танидингизми?

Афтидан, дори таъсир қилишга улгурганди. Ко Жук аранг қовоғини кўтариб, унга боқди. У Ок Кё – хаттот аёл эди. Ўз вақтида бу аёлнинг Кон Жук билан дон олишишлари тўғрисида гап-сўз юрарди. Ҳозир унинг яқин атрофда ўз хаттотлик мактаби бор эди. Таниди, албатта, таниди. Аммо Ко Жук тилга кирмасидан уни ҳорғин уйқунинг қора тўлқини қоплади.

Олтин қанотли қуш учаётганди. У улкан қанотларини бир меъёрда силкитиб, мовий денгиз узра учарди. Лекин унда ғазабга миниш ҳам, хусумат ҳам йўқ эди. Бу шунчаки заминдагидан ёрқинроқ ва гўзалроқ дунёга талпинаётган улуғвор парвоз эди. Унинг қойилмақом пешонасида “Истаклар ижроси дури” кўзни қамаштирадиган даражада ярқирарди, у оловга ўхшаш гулнинг қип-қизил япроқлари исини ҳидлар ва бу япроқлар денгиз устида ажойиб булутлардек ёйилганди. Қушнинг кенг орқасида эса Ко Жук ўтирарди. У сирғалиб тушиб кетмаслик учун бутун кучи билан қуш патларига ёпишарди. Қуш юқорига отилди; Ко Жукни тўнтармоқчи бўлгандек, шамол ёпирилди ва у олтин патни ушлаганича осилиб қолди. Қўллари бўшашаётганди. У бақирмоқчи бўлди ва уйғонди.

Девордаги соат тонгги тўртга бонг урди. У анчайин узоқ ухлаганди. Дорининг таъсири тугаганга ўхшайди: даҳшатли оғриқ танасини зир­қиратаётганди. Аммо, қанчалик ажабланарли бўлмасин, онги тиниқ эди.

Хонада фақат деворга суянган ўғиллари ва китоб сандиғининг устида ўтирган Чхо Хон қолганди. Ко Жук оҳистагина тўшагига ўтириб олмоқчи бўлди. Осонгина уддасидан чиққани ўзини ҳам ҳайрон қолдирди. Белдаги оғриқ сусайди. Ва шу онда ёдига тушди.

– Сан Чхол! – Ко Жук шогирдини ҳақиқий оти билан чақирди. Чхо Хон сергак ухлаётганди.

– Устоз, нима керак? – дарров жавоб берди у.

– Барча суратлар ва ўрамларни олиб кел.

– Нима учун?

– Айтганимни қил. Ҳаммасини олиб келиб, бу ёққа қўй.

Чхо Хон тез қайтди. Асарлар икки юзтадан кўпроқ экан, улар хонанинг бутун бурчагини тўлдирди.

– Ота, нима қилмоқчисиз? – қизиқди Чэ Сик уйқусираб кўзларини уқалар экан.

Ко Жук жавоб бермади, фақат Чхо Хонга ишора қилди:

– Хонани ёруғроқ қилиш керак.

– Ҳозир торшерни олиб келаман.

Чхо Хон устозининг хоҳишини муҳокама қилмасдан бажаришга одатланганди. Бироз вақтдан сўнг у торшерни кўтариб келди. Хона жуда ёришиб кетди.

– Энди ўрамларни бирма-бир оч ва менга кўрсат.

Чхо Хон аввалдагидек сукут сақлаган ҳолда ишга киришди. Биринчи ўрам Ко Жук томонидан эллигинчи йилларда Юй Ши-нань услубида битилганди.

– Юй услубида битдим, аммо ундан беш ҳикмат ибратини олишга муваффақ бўлмадим. Чап томонга олиб қўй.

Кейин орхидеяли ўрам турганди.

– Ўша пайтда Жен Си-сяо йўлидан четга чиқиб бўлгандим, бироқ аксинча, Тэвогуннинг таъсиридан қутула олмадим. Натижа униси ҳам эмас, буниси ҳам. Чапга олиб қўй.

Ко Жук ўрам кетидан ўрамларга шу кўйи ҳукм чиқарарди. Ҳукмлар, гўё ашаддий душманига нисбатан чиқарилаётгандек, шафқатсиз ва илтифотсиз эди.

Ко Жук ўзганинг дастхати намуна бўлган белгилардан нусха кўчиришдаги ва уйғунликдаги ноаниқликларни қайд этарди. Ўзи ижод қилганларида эса шахсан бемаънилиги ва нўноқлигини айбларди. Шунинг учун ўрамлар чап томондан жой олаётганди. Суратлар билан ҳам худди шундай бўлди. Қадимий қоидаларнинг бераҳмлигига ўзининг совуқ муносабати қўшилди – Ко Жукка ҳеч нарса ёқмаётганди.

Ко Жук ўз ишларини салкам тушгача кўздан ўтказди. Бунга қандай қувват топди?! Эрталаб ташриф буюрувчилар турнақатор бўлишди, бироқ ҳеч ким устознинг дарғазаб шиддатини тўхтатишга журъат эта олмади. Ко Жук эса ҳеч нарсани пайқамаётганди.

Ҳаммаси охирига етганида ўнг тарафда фақат биттагина ўрам ётарди.

– Яна борми? – сўради Ко Жук титроқ овоз билан.

– Йўқ, ҳаммаси шу, – хотиржамлик билан жавоб берди Чхо Хон.

Ко Жукнинг бети қорайиб кетди, боши ҳолсиз кўксига тиралди, танаси шалвираб, секин ёнбошга букила бошлади. Ён-атрофда тўпланиб турганлар бирор даҳшатли нарса содир бўлди деган ўйга боришганди. Аммо шундай дақиқаларда ҳам Ко Жук тиниқ онг ила ўзи билан ўзи гаплашаётганди:

“Сира кўра олмадим. Ҳаётимда ҳеч бўлмаса бир марта кўришни орзу қилгандим, ҳолбуки, ич-ичимдан умидимга, эҳтимол, ета олмаслигимни билардим. Балки шунинг учун сўнгги дақиқагача буни орқага сурдим…”

Ко Жук нимани қидираётганди? Ҳа, тонготарда тушига кирган ўша Олтин қанотли қушни.

Устози Сок Там учун Олтин қанотли қуш қудратли нафосат ва равшан онгнинг анъанавий рамзи ҳисобланарди. Лекин Ко Жук Кху Са фалсафий анъаналарининг сўнгги давомчиси бўлган Сок Тамни тарк этганидан кейин унинг онгида Олтин қанотли қушнинг маъноси ўзгарди. У Ко Жук учун бадиий мукаммаллик рамзига айланди.

Шунинг учун ҳам Ко Жукнинг Олтин қанотли қуши эстетика денгизида парвоз қилар ва кўкка, мукаммал гўзалликка талпинарди. Ко Жук ўлими ҳақида ўйлай бошлаганидан буён ана шу қушни кўришга интизор эди. Зеро, бу изланишларига маъно бахш этар ва ҳамма-ҳаммаси учун мукофот бўларди.

Бироқ у Олтин қанотли қушни кўра олмади.

Ҳозир бўлганлар Ко Жук энди ўзига келмаса керак, деган ўйда эдилар, бироқ беш дақиқа ҳам ўтмасдан чол кўзини очди ва яна Чхо Хонни чақирди.

– Ҳаммасини ол ва ҳовлига олиб чиқ. Айвон ёнидаги гулзорга.

Чхо Хон бу буйруқни қайта сўроқлаб ўтирмаса ҳам, афтидан, бироз таажжубланди.

– Бутун умрим давомида ўзимни ҳам, бошқаларни ҳам алдаб келдим. Ўзим ҳам бирор қимматли нарса қиляпман деб янглишарканман. Олқишу ҳурмат-эҳтиромга лойиқман деб ўйларканман.

– Устоз, нима деяпсиз?

– Кимдир, эҳтимол, буларга арзир. Аммо мен эмас. Атиги бир неча дақиқа олдин осмонга парвоз қилаётган Олтин қанотли қушни чин қалбдан, зориқиб кўришни хоҳлаган эдим. Бу умримга маъно беради деб ўйловдим. Лекин ҳозир, ҳатто, бу қушни кўрсам ҳам – нима ўзгарарди?

Чон Хон гангиган кўйи сукут сақларди.

– Энди эса айтганларимни бажар. Бу нарсаларни сақлаб қолсам, фалокат юз бериб, яна авлодларни ҳам алдаган бўламан.

Ва Чхо Хон ўрамларни қучоқлаб, ҳовлига чиқди. Ҳеч ким уни тўхтатиб қолишга уринмади.

– Ёпма! – Ко Жук кимдир Чхо Хон орқасидан эшикни бекитмоқчи бўлганини кўриб, уни тўхтатди. Ва шу заҳотиёқ жон таслим қилаётганнинг овозига сира ўхшамайдиган баланд ва тиниқ товуш билан шогирди кетидан бақирди: – Анави жойга тахла. Ҳаммасини ўша ерга!

Гулзор хонадан кўриниб турарди. Чхо Хон ўрамларни сўлий бошлаган гуллар ўртасига қўйиши биланоқ, Ко Жук баланд овоз билан буюрди:

– Ўт қўй!

Ҳамма типирчилаб қолди. Кимдир Ко Жукни аврашга тушди, бошқа бировлар Чхо Хонни тўхтатиш учун чопиб кетди. Аммо бари беҳуда эди. Ко Жук ҳеч кимга эътибор бермасдан момақалдироқ овози билан бақирди:

– Кимга айтяпман, ўт қўй!

Бирдан Чхо Хоннинг афти ғазабдан буришиб кетди: бир неча лаҳза у Ко Жукка синчиклаб қараб турди, ўзига халақит бермоқчи бўлганларни қўполлик билан итариб ташлади ва ўт қўйди. Кейинчалик баъзан у Ко Жукни “сохта устоз” деб аташида қалбининг тубида, балки Сок Там ўқитган анъанага ҳурмат ва ўзни муросасиз инкор этиш сабаб бўлгандир. Кўз очиб-юмгунча олов ўрамларни ўз қаърига олди. Кимдир қичқириб юборди, кимдир йиғлашга тушди.

Айримлар учун Ко Жукнинг барча ажойиб санъати, бутун ҳаётининг мевалари ёниб кетди. Бошқалар учун ёрқин аланга даҳшатли ҳақиқатни ёритди. Яна баъзи бировлар учун Ко Жук умрининг ўзи кул бўлди. Яна бир тоифа одамларга, тўғри, улар кам сонли эди, бир қоп пул ёнаётганди. Деярли ярим аср ҳақли равишда шон-шуҳратга бурканган, асарларини бошқалар қатори икки президент харид қилган, ҳамма томонидан эътироф этилган моҳир рассом ва устоз, бир сафар Умумкорея кўргазмаси ҳайъатига бошчилик қилишдек фахрли таклифни назарига илмаган Ко Жук ёнарди, саноқли дақиқаларда кулга айланаётганди… ва у томонидан яратилган, аслини олганда каравотда ётган қартайган бемор танасидан анча муҳим ҳамма нарса чиқиндидек тўпланиб, ўт қўйилган ва уларни олов ямлаётганди.

Ва шу онда Ко Жук кўрди. Аланганинг қоқ ўртасида бир лаҳзагина у кўкка отилган улкан қушни пайқади, тилла тусда ярқираётган қанотларни ва қудратли парвозни кўра олди.

Ко Жук ўша кун кеч соат саккизга яқин, етмиш икки ёшида вафот этди.

Рус тилидан Эркин Эрназаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 7-сон

–––––––––––––

[1] Сонби – конфуцийчи олим.

[2] Гап мамлакат японлар томонидан босиб олинган пайтда Шанхайда ташкил этилган Кореянинг Муваққат ҳукумати тўғрисида кетмоқда.

[3] Тхвеге – ўз даврининг таниқли олими ва сиёсий арбоби, машҳур конфуцийчилар мактабининг асосчиларидан бири Ли Хваннинг (1501–1570) тахаллуси.

[4] Конфуций (мил. ав. 551–479) – қадимги хитой мутафаккири ва файласуфи, конфуцийчилик фалсафа тизимининг асосчиси.

[5] Мамлакатнинг Япония томонидан босиб олиниши оқибатида беш юз йиллик ҳукмронлигига барҳам берилган Кореянинг Чосон қироллар сулоласи назарда тутилмоқда.

[6] Чху Са – машҳур рассом-хаттот Ким Чон Хининг (1786–1856) тахаллуси.

[7] “Болалар учун дастлабки қўлланма” (“Тонмон сонсип”) ва “Кичик таълимот” (“Сохак”) – болаларни хитойча савод ва конфуцийча ахлоқ асосларига ўргатадиган дарсликлар.

[8] Буддизм – милоддан аввалги VI асрда қадимий Ҳиндистонда пайдо бўлган диний-фалсафий таълимот. Унинг асосчиси кейинчалик Будда Шакьямуни номини олган Сиддхартха Гаутама ҳисобланади.

[9] Содан – адабий мунозаралар, мусобақалар ўтказиб туриладиган конфуцийчилар мактаби.

[10] Ли – корейсча узунлик ўлчови, 1 ли тахминан эллик метрга тенг.

[11] Орхидея – бир паллали, қизил гулли манзарали ўсимлик.

[12] Цитра – XVIII асрда Австрия ва Германияда кенг тарқалган, торли мусиқа асбоби.

[13] Ян Жэн-цин (709–785) – машҳур Хитой давлат арбоби ва Тан даври хаттоти.

[14] Ван Си-жи (321–379) – “Мутлақ донишманд хаттот” номига сазовор бўлган Шарқий Жин давридаги машҳур хаттот.

[15] Рикша – Жанубий ва Шарқий Осиё мамлакатларида икки ғилдиракли аравада одам ва юк ташийдиган ҳаммол.

[16] Кисэн (кинё) – Кореяда юқори табақага мансуб эркакларга зиёфатларда хизмат кўрсатадиган, мусиқа, рақс, ижро ва шеъриятни билувчи енгилтак аёл.

[17] Нон Гэ – Чинжу шаҳридан бўлган машҳур кисэн. Япония билан уруш пайтида душман қўшинлари шаҳарни қўлга киритганида Намган дарёси тепасидаги Чхоксонну минорасида зиёфат уюштирилган. Ана шу зиёфат вақтида Нон Гэ япон ҳарбий қўмондонини ўзига жалб этиб ва уни маҳкам қучоқлаб, баланд жардан у билан бирга ўзини дарёга отган. Кейинчалик ушбу жойда ибодатхона қурилган.

[18] Тэвонгун – фахрий унвон.

[19] Хин Сон (1820–1898) – сўнгги Чосон сулоласи давридаги машҳур сиёсий арбоб. У рангтасвир ва хаттотликдаги истеъдоди билан ҳам ном қозонган.

[20] Дао – милодий II асрда шаклланган, диний ва фалсафий қарашларни қамраб олган, борлиқ, коинот, дунё яхлитлигининг ўзига хос қонунларини мужассамлаштирган анъанавий хитойча таълимот.

[21] Тиёншон – Хитойдаги бешта муқаддас тоғдан биттаси.