Ли Ми Е. Ўғринча дарс (ҳикоя)

Болалик чоғларимда қўшни ховлида бир қўли йўқ бола яшарди. У ўн икки ёшлар чамаси бўлиб, биз мактабга борадиган махалда ўз уйининг томига чиқар ва ховлимизни томоша қилиб ўтирар эди. Кимдир ўзига нигоҳ ташлаётганлигини сезса, шу заҳотиёқ ўзини панага олар, негадир одамларнинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилар эди. Баъзан дадамга:
-Дадажон,анови боланинг қўли йўқ экан. Шунинг учун мактабга олишмаган экан, – дердим мен. Дадам эса афсус билан бошини сарак-сарак қилиб қўярди.
Бир куни кечқурун дадам ертўлада ётган синиқ стол-стулни олиб чиқди ва болға-мих олиб таъмирлашга тушди. Стол “оёқчали” бўлгач, ховлининг қоқ ўртасига ўрнатди.
-Қани, қизим, бери кел! – дея чақирди дадам. – Бугундан бошлаб мен ўзим мана шу жойда сенга дарс бераман.
Шундай қилиб кечалари дадмнинг қ ўли остида дарс қиладиган бўлдим. Қор ёки ёмғирли кунлардан ташқари ҳар куни дадам менга шахсий муаллимлик қилар эди. У қўлимга китоб тутқазаркан:
-Қани бугун мактабда ўрганганларингни баланд овозда ўқиб бер-чи, – дерди.
Мен эса вақт алламахалга қадар кучаниб-кучаниб китоб мутолаа қилардим.
Бир куни дадам ишдан келиб, гап топиб келди:
-Қизим,қўшни бола бу ердан кўчиб кетарканми?
Кундузи қўшни ховли олдида юк машинасини кўргандим.
-Ҳа, шунақа бўлса керак,дедим мен.
-Тушунарли, – деди дадам афсус билан. – Ишқилиб қаерга борса ҳам ўқишни ташлаб қўймасинда болакай.

Мен дадамнинг сўнгги сўзларини унчалик тушунмадим. Лекин буни орадан бир неча йил йиллар ўтгачгина англадим.
Кунларнинг бирида уйимизга почта орқали бир қутича олиб келишди. Юборувчининг номи ҳам, манзили ҳам номаълум.Дадам ҳайронлигини яширолмай қутичани аста очди. Қутичадан янги бир китоб ва хат чиқди.
“Йигирма йил аввал сизга қўшни ховлида яшаган бир ногирон болани эслай оласиз,деб умид қиламан”, деб бошланади хат. “Ўшанда ховлингизда қизингиз билан олиб борган дарсларингизни яширинча кузатиб, жуда қизиққанлигимдан томда ўтириб таълим олган эдим. Кеч бўласа-да миннатдорчилигмни қабул қилинг”.
Ўша нимжонгина ногирон болакай дадамнинг ховлидаги дарсларини эшитиб, ўрганиб, бу ердан кўчиб кетгандан сўнг ҳатто университетга ўқишга кирибди. Қутичадаги китобни ўша ногирон бола ёзганлигига ишонгим келмасди. Ўша куни дадамнинг хонасидаги чироқ тонггача ўчмади.

Корейс тилидан Отабек Йўлдошев таржимаси