Лев Толстой. Уч ўлим (ҳикоя)

I

Куз пайти эди. Катта йўлда иккита енгил арава шиддат билан елиб борарди. Олдиндаги каретада икки аёл ўтирарди. Уларнинг бири ориқ ва рангсиз бека, иккинчиси силлиқ, қип-қизил юзли, семиз оқсоч аёл эди. Оқсоч хотиннинг калта, қуруқ сочлари туссиз шляпаси остидан чиқиб турар, у сочларини дам ўтмай йиртиқ қўлқоп кийган лўппи қўллари билан тўғрилаб қўярди. Шол рўмол остидаги баланд кўкраклари тирсиллаб турар, ўйноқи қора кўзлари гоҳ деразадан лип-лип ўтиб турган далани кузатар, гоҳо бекасига ҳадиксировчи назар ташлар, гоҳида бесаранжомлик билан карета бурчакларига боқарди. Оқсоч аёлнинг рўбарўсида бекасининг сеткага ташлаб қўйилган шляпаси тебраниб турар, тиззасида эса кучук бола ётарди. Оёқ остида қутича тургани сабабли бир оз юқори кўтарилган оёғи рессорнинг силкиниши ҳамда ойнанинг шақирлашига жўр бўлиб, қутичага қулоққа чалинар-чалинмас дукиллаб урилиб борарди.

Бека қўлларини қовуштириб, кўзларини юмганча орқасига қўйилган ёстиқчага суяниб оҳиста тебраниб борар, юзини сал буруштириб, калта-калта йўталарди. У бошига чепчик[1] танғиб олган, нозик, оппоқ бўйнига эса ҳаво ранг дуррача ўраган. Чепчик остига йўналган тўғри фарқ соч мойи суртилганидан ғоятда силлиқлашган малла сочини иккига бўлган, кенг фарқ оралиғидаги терининг оқлигида мурданикига ўхшаш аллақандай қуруқлик бор. Сўлғин, хийла сарғиш тери чеҳрадаги нозиклик ва чиройни салқитиб, юз ва ёноққа қизиллик бахш этган.

Қовжираган лаблари дам-бадам қимтилар, сийрак киприклари тўғри ўсган, сафарда кийиладиган мовут капоти[2] ботиқ кўкраги атрофида қатор-қатор бурмалар ҳосил қилган. Кўзи юмуқ бўлишига қарамай, беканинг юзида ҳорғинлик, асабийлик ва одат тусига кириб қолган изтироб намоён бўлиб турарди.

Хизматкор ўриндиқда тирсагига таяниб, мудраб борар, ямшик аҳён-аҳёнда орқасидаги қичқириб келаётган коляска ямшигига қараб, бақириб-чақириб, терлаб-пишиб кетган тўртта отни ҳайдаб борарди. Оралиғи кенг ёнма-ён ғилдирак оҳаксимон лой йўл бўйлаб бир текисда из қолдириб борарди. Ҳаво булутли ва совуқ, пайкал ва йўлларни нам туман қопламоқда эди. Карета ичи дим, димоққа чанг ва атир ҳиди урилади. Бемор бошини орқага ташлаб, оҳиста кўзини очди. Катта-катта шаҳло кўзлари порлаб турарди.

— Тағин-а, — деб у ижирғаниб лабини бурди, асабий бир тусда нозик, чиройли қўли билан оёғига салгина тегиб турган оқсоч аёл салопасининг[3] этагини суриб қўйди. Матрёша икки қўли билан салопасини йиғиштириб дарров кучли оёқларини босиб азот турди-да, бекасидан ўзини тортиброқ яна ўтирди. Унинг гул-гул очилиб турган чеҳраси қип-қизариб кетди. Бемор аёлнинг шаҳло кўзлари оқсочининг хатти-ҳаракатини суқланиб кузатарди. Бека икки қўлини ўриндиққа тиради-да, кўтарилиб юқорироқ ўтириб олмоқчи бўлди-ю, аммо кучи етмади. Лаби қийшайиб ожизлигидан хўрлиги келиб, башараси аччиқ аламдан бурушиб кетди. — Ёрдам ҳам берай демайди!.. Ҳаҳ! Кераги йўқ! Ўзимнинг ҳам қувватим етади, худо хайрингни берсин, фақат нарсаларингни устимга юкламасанг бўлгани!.. Қўлингдан келмаганидан кейин тинч қўйганинг ҳам маъқул! — Бека кўзини юмди-ю, тезда қайтадан киприклари кўтарилиб, оқсочига назар ташлади. Матрёша унга қараганча пастки келишган лабини тишларди. Бемор кўкрагини тўлдириб хўрсинди, лекин бу хўрсиниш охирламасданоқ йўталга айланди. У афтини буруштириб, тескари ўгирилди-да, икки қўли билан кўкрак қафасини ушлади. Йўтал босилгач, аёл яна кўз юмиб, қимир этмай ўтираверди. Карета билан коляска қишлоққа кириб келди. Матрёша лўппи қўлини рўмоли остидан чиқариб чўқинди.

— Бу нимасийди?

— Бекат, хоним.

— Нега чўқиняпсан, деб сўраяпман? — Черков, хоним.

Бемор дераза томонга ўгирилди-да, катта-катта кўзларини карета четлаб ўтаётган қишлоқ черковига тикиб, оҳиста чўқина бошлади.

Карета билан коляска бекат олдида баравар тўхтади. Бемор аёлнинг эри билан доктор коляскадан тушишиб карета ёнига келишди.

— Қалай, тузукмисиз? — деб сўради доктор беморнинг томирини ушлаб.

— Хўш, азизим, чарчамадингми? — деб сўради эри французчалаб, — тушгинг борми?

Матрёша уларнинг суҳбатига халақит бермаслик учун тугунчасини ушлаб олганча бир бурчакда сиқилиб ўтирарди.

— Бир нав, ўша-ўша, — деб жавоб берди бемор. — Тушмайман.

Эри бир оз тургач, бекатдаги уйга кириб кетди. Матрёша каретадан сакраб тушди-да, оёқ учида лой кечиб, дарвоза томонга юрди.

— Менга қараманглар, бемалол нонушта қилиб олаверинглар, — деди бемор кулимсираб дераза олдида турган докторга.

«Ҳеч қайсисининг мен билан иши йўқ, — деб кўнглидан ўтказди бемор, доктор унинг олдидан секин-аста одимлаб бориб, бекат зинасидан югуриб чиқиб кетгач. — Уларнинг қайғуси йўқ, парвойи фалак. Оҳ! Худойим!»

— Хўш, Эдуард Иванович, — деди аёлнинг эри докторни қарши оларкан, хушчақчақ табассум билан қўлини қўлига ишқалаб, — озиқ-овқат олиб келишларини буюрдим, сиз нима дейсиз?

— Майли, — деб жавоб берди доктор.

— Унинг аҳволи қалай? — деб хўрсиниб сўради беморнинг эри, паст товушда қошини кериб.

— Италия у ёқда турсин, Москвага етиб олса ҳам худонинг ёрлақагани демабмидим. Айниқса шунақанги ҳавода.

— Бўлмаса нима қилдик? Эй худо, худойим-ей! — деб беморнинг эри кўзларини қўли билан яширди. — Бу ёққа олиб кел, — деб қўшиб қўйди у озиқ-овқатли қутичани кўтариб келган кишига.

— Йўлга чиқмаслик керак эди, — деди доктор елкасини қисиб.

— Ўзингиз айтинг-чи, иложим бормиди? — деб эътироз билдирди аёлнинг эри, — уни олиб қолиш учун қўлимдан келганча ҳаракат қилдим, маблағ масаласини ҳам, ташлаб кетишимиз лозим бўлган болаларни ҳам айтиб кўрдим, ҳамма ишларимни ўртага солдим, ҳеч қандай гапни эшитгиси ҳам келмади. Худди соппа-соғ одамдай хорижий мамлакатларда ҳаёт кечириш режасини тузиб юрибди. Аҳволини ўзига тушунтириш, ўлдириш билан тенг-ку!

— Ҳа, унинг куни битган, буни сиз тушунишингиз керак, Василий Дмитрич. Киши ўпкасиз яшай олмайди, ўпка қайтадан ўсиб чиқмайди. Одамнинг юраги эзилади, оғир, лекин начора? Сиз билан бизнинг вазифамиз, қўлдан келганча унинг осойишталик билан жон беришига имкон туғдириш. Энди бу ёғига тавба-тазарру қилдирадиган руҳоний керак.

— Эй худойим-эй! Ҳаётининг сўнгги дақиқаларида яшаётганини эслатиш менга нақадар оғирлигини тушунсангиз-чи. Нима бўлса бўлару, лекин бу гапни унга мен айтолмайман. Унинг қанчалик очиқкўнгил аёл эканини билсангиз эди…

— Қандай бўлмасин, уни қишга қадар қолдиришга ҳаракат қилиб кўринг, — деди доктор маъноли бош чайқаб, — акс ҳолда йўлда бир кори ҳол рўй бериши мумкин.

— Аксюша, ҳей Аксюша! — деб қичқирди назоратчининг қизи бошига кацавейка[4] ташларкан, ҳовлидан уйга кираверишдаги пиллапояда депсиниб, — юр, ширкинлик хонимни томоша қиламиз, ўпка касали билан чет элга олиб кетишаётган эмиш. Сил бўлганларни ҳали ҳеч кўрмаганман.

Аксюша эшикдан отилиб чиқди. Икковлари қўл ушлашиб югурганча дарвозадан чиқиб кетишди. Улар қадамларини секинлаштириб карета ёнидан ўтишар экан, пардаси очиқ деразага назар ташлашди. Бемор уларга қаради-ю, қизларнинг эрмакталаб бўлиб келганларини билгач, қовоғини солиб, тескари ўтирилди.

— Вой ўлмасам! — деди назоратчининг қизи бирдан қайрилиб қараб. — Қандай чиройли эди-я, энди аҳволини қарагин! Одам қўрқади-я. Кўрдингми, кўрдингми, Аксюша?

— Ҳа, озиб кетганини қара! — деб унинг гапини маъқуллади Аксюша, — юр, қудуққа кетаётгандай бўлиб яна қараймиз. Қарагин, ўгирилиб олди, мен яна кўрдим. Кишининг раҳми келади-я, Маша.

— Ерни пилчиллаб кетганини-чи! — Маша шундай деб жавоб берди-ю, икковлари югурганча дарвоза томонга қараб кетдилар.

«Одам кўрса қўрқадиган ҳолатга келибман-да, — деб ўйлади бемор, — фақат, тезроқ, тезроқ хорижга ўтиб кета қолсам эди, у ерда тез соғайиб кетардим».

— Хўш, аҳволинг қалай, азизим? — деди эри каретага яқинлашар экан, ниманидир чайнаб туриб.

«Яна ўша-ўша савол, — деган гапни хаёлдан ўтказди бемор, — ўзи бўлса кавшаниб турибди».

— Бир нав, — деди аёл энсаси қотиб.

— Биласанми, азизим, бундай ҳавода йўл юриб чарчаб қолармикансан деб қўрқаман. Эдуард Иванович ҳам шундай деяпти. Орқага кетсакмикан-а?

Аёл жиғибийрон бўлиб, индамай ўтирарди.

— Ҳаво юришиб кетади, балки йўл ҳам очилар; ўзииг ҳам бир оз соғайиб қолардинг; кейин ҳаммамиз бирга борардик.

— Қуллуқ. Илгарироқ ўз билгимча иш қилганимда, ҳозир Берлинда юрардим, аллақачон соғайиб ҳам кетган бўлардим.

— Нима қил дейсан, фариштам, ҳамма гапдан хабаринг бор, ҳеч иложи бўлмади-да. Борди-ю, мана ҳозир бир ой қолиб турганингда, бинойидек бўлиб қолардинг; мен ҳам ишларимни тугатардим, кейин болаларни ҳам бирга олиб кетардик.

— Болалар соппа-соғ, менинг бўлса тобим йўқ.

— Тушунсанг-чи азизим, борди-ю, йўлда соғлигинг ёмонлашиб қолгудек бўлса, шу ҳавода йўлда нима қилиб бўлади… Лоақал уйда бўлардинг.

— Нима, уйда нима бўларди?.. Уйда ўлайми? — тутақиб жавоб берди бемор. Бироқ кўринишдан ўлим сўзи уни ваҳимага солди шекилли, у ёлвориш ва савол назари билан эрига боқди. Эри индамай бошини қуйи солди. Беморнинг лаби худди болаларникига ўхшаб бурушди-ю, кўзидан маржон-маржон ёш оқди. Эри юзини рўмолча билан яшириб, индамай каретадан узоқлашди.

— Йўқ, мен кетаман, — деди бемор, — у фазога боқиб қўлларини кўксига қўйди-да, пичирлаб бир-бирига боғланмайдиган сўзлар айтди. — Худойим-ей! Гуноҳим нима? — деди у юм-юм йиғлаб. У узоқ вақт бажонидил худога илтижо қилди, лекин осмон, далалар ва йўллар қанчалик нохуш, нам бўлса, юраги ҳам шунчалик ғаш, кўнгли чироқ ёқса ёримасди, худди шунингдек куз қоронғиси ҳам аста-секин йўлдаги балиқчиларга, томларга, каретага, бир-бирлари билан баланд, хушчақчақ овозда гаплашиб, карета мойлаётган ва от қўшаётган ямшиклар пўстини устига бир хилда ўз чодирини ёпмоқда эди…

 

II

Каретага от қўшилган; лекин ямшик имирсилаб юрарди. У ямшиклар кулбасига кирди. Кулба иссиқ, ҳавоси бузуқ, қоронғи, тер, ёпилган нон, карам ва чўчқа гўшти ҳидлари анқиб турарди. Хонада бир неча ямшиклар бўлиб, ошпаз аёл печь олдида ғивирлаб юрар, печь устидаги пўстакда эса бир бемор ётарди.

— Хведор амаки, ҳў, Хведор амаки! — деди беморга уйга кириб келган пўстинли, белига қамчи қистириб олган ямшик.

— Ҳей, чувринди, Федькани нима қиласан? — деди ямшиклардан бири, — ахир сени каретадагилар кутиб туришибди-ку!

— Этигини сўрамоқчи эдим; ўзимники йиртилиб кетди, — деб жавоб берди йигитча бошини орқага таилаб сочини тўғриларкан, белбоғига қистирилган қўлқопини тузатиб. — Ё, ухлаяптими? А, Хведор амаки? — деб такрорлади у печга яқинлашиб.

— Не дейсан? — деган паст овоз эшитилиб, печь устидан сарғиш, озғин юзли бемор пастга қаради. У узун, ориқ, тук босиб қони қочган қўллари билан кир кўйлаги устидаги чопонини қоқсуяк елкасига тортиб қўйди. — Ичгани бирон нарса бер, укажон, не ишинг бор эди?

Йигит унга чўмичда сув узатди.

— Ҳалиги, Федя, — деди у, гоҳ у, гоҳ бу оёғини босиб, — балки энди сенга янги этик даркор эмасдир; ўзингга керак бўлмаса, менга бера қол.

Бемор дармонсиз бошини чўмичга тиқди-да, сийрак мўйловини лойқа сувга ботириб, зўрға, аммо очкўзлик билан сув ичди. Беморнинг пахмоқ соқоли кирлаб кетганди, у киртайган нурсиз кўзлари билан зўр-базўр йигитга боқди. Сувни ичиб бўлгач, қўлини кўтариб ҳўл лабини артмоқчи бўлди-ю, лекин ҳоли келмай чакмонининг енгига артиб қўя қолди. У индамай бурни билан нафас олар, бор кучини тўплаб йигитнинг афтига тик қараб турарди.

— Балким бирон кишига текинга бераман, деб ваъда қилиб қўйгандирсан, — деди йигит. — Гап шундаки, ташқари лой, пилчиллаб ётибди. Мен бўлсам иш билан кетаётган эдим, ўйлаб-ўйлаб: кел, Федьканинг этигини сўраб кўрай-чи, балким ўзига керак эмасдир, дедим. Балким ўзингга керакдир, очиғини айтавер…

Беморнинг кўксига бир нарса қуюлиб келиб, ғулдуради; у энгашган эди, қўққисдан йўтал тутиб, қийнала бошлади.

— Кераги чиқиб қолибди-ку, — деди тўсатдан ошпаз аёл жаҳл билан бутун кулбани бошига кўтариб. — Печдан тушолмай қолганига бир ойдан ошди. Энтикаётганини кўрдингми, кишининг юраги ачийди. Этикнинг унга нима кераги бор? Янги этик кийдириб кўмишнинг ҳожати йўқ. Жони ҳам тошдан экан, ўзинг кечир, э худо. Ана қара, энтикяпти. Бошқа бир кулбагами ёки бирон ергами кўчириш керак эди-да! Шаҳарда шунақанги касалхоналар бор деб эшитаман. Шу ҳам иш бўлдими. — Шунча пайтдан бери бир бурчакни эгаллаб ётибди, етар энди. Жойнинг ўзи етишмайди. Яна тозалик ҳам талаб қилишади.

— Ҳей, Серёга! Қани бор, хўжайинлар кутиб қолишди, — деб қичқирди бекат бошлиғи эшикни очиб.

Серёга беморнинг жавобини ҳам кутмай чиқиб кетмоқчи бўлган эди, лекин у йўталаётиб кўзи билан кетмай тур, гапим бор, дегандек ишора қилди.

— Этикни ола қол, Серёга, — деди бемор йўталини босиб, бир оз нафасини ростлагач, — менга қара, шарт шуки, фақат ўлганимдан кейин қабримга тош қўйгин, — деб қўшиб қўйди у хириллаб.

— Раҳмат, амаки, тошни бўлса, албатта сотиб олиб қўяман.

— Ана йигитлар гувоҳ, — деёлди бемор, шу чоқ у яна энгашди-ю, нафаси сиқа бошлади.

— Бўлди, бўлди, гувоҳмиз, — деди ямшиклардан бири. — Бор, Серёга, аравага чиқ, бошлиқ яна шу томонга чопиб келяпти. Ширкинлик хонимнинг тоби йўқ ахир.

Серёга ўзининг беҳад катта, йиртиқ этигини дарҳол ечиб, скамейка тагига улоқтирди. Фёдорнинг янги этиги унинг оёғига роппа-расо келди-ю, Серёга унга завқ билан боқиб, уйдан чиқиб кетди.

— Уҳў, этик жуда ажойиб-ку! Мойлаб қўяйми, — деди қўлида бўёқ чўтка ушлаб турган ямшик Серёга тизгинни ушлаб карета устига чиқаётган чоқда. —Текинга бердими?

— Ҳа, ҳавасинг келяптими, — деб жавоб берди Серёга каретага чиқиб ўтирар экан, чопонининг этагини қайириб. — Қани, чу! Жониворлар! — деб қичқирди у отларга қамчи ўйнатиб; шундан сўнг карета ҳам, коляска ҳам ўзининг йўловчилари, чамадонлари ва бўлак ашқол-дашқоллари билан кузги кўкимтир туман ичига кириб пилчиллаб ётган йўлдан жадал елиб кетди.

Бемор ямшик дим кулбадаги печь устида қолаверди, йўтала-йўтала аранг у ёнбошидан-бу ёнбошига ўгирилиб олди-да, жим бўлиб қолди.

Кулбада кечгача келди-кетди бўлиб турди, тушки ов-қат ўтса ҳам бемор ҳамон овоз чиқармасди. Тунаш олдидан ошпаз аёл печь устига чиқиб, унинг оёғи оша пўстинини олди.

— Мендан аччиғланма, Настасья, — деди бемор, — яқин орада бурчагинг бўшаб қолади.

— Ҳечқиси йўқ, парво қилма, — деб тўнғиллади Настасья, — ўзи қаеринг оғрияпти, амаки? Айтсанг-чи?

— Ичларим оғрийди. Нима бўлганини ёлғиз худонинг ўзи билади.

— Йўталганингда томоғинг ҳам оғриса керак-а?

— Аъзойи баданим қақшайди. Ўлимим яқинлашган — вассалом. Вой, вой, во-ей, — деб ингради бемор.

— Оёғингни мана бундай қилиб ёпиб ётгин, — деди Настасья печдан тушаётиб, унинг чопонини устига тортиб қўяр экан.

Туни бўйи жинчироқ хира нур сочиб турди. Настасья ва ўнга яқин ямшик ерда ҳамда скамейкаларда роса хуррак отиб ухлашди. Ёлғиз бемор оҳ чекиб йўталиб печь устида тўлғаниб ётди. Тонгга яқин у бутунлай жимиб қолди.

— Бугун жуда ажойиб туш кўрдим-да, — деди ошпаз аёл, эртаси эрта билан ғира-шира пайтда керишиб, — Хведор амаки печдан тушиб, ўтин ёргани чиқиб кетганмиш. Кел, Настасья, сенга кўмаклашай, дермиш: мен бўлсам унга: ўтин ёриш сенга йўл бўлсин деган эдим, у болтани қўлига олиб ўтинни шундай ёриб ташладики, оғзим очилиб қолди. Ие, дермишман мен, касал эдинг-ку, ахир десам, йўқ, мен касал эмасман, деб болта кўтарди-да, бир ҳамла қилиб қолган эди, жон-поним чиқиб кетди. Чинқириб, уйғониб кетдим. Ўлиб қолмаганмикан? Хведор амаки! Ҳў, Хведор амаки!

Фёдор жавоб бермади.

— Ростдан ҳам ўлиб қолмадимикан? Хабар олиб кўриш керак, — деди уйғонган ямшиклардан бири.

Печь устидан осилиб ётган, сарғиш тук билан қопланган ориқ қўл муздек ва рангсиз эди.

— Ўлганга ўхшайди, бориб назоратчини хабардор қилиш керак, — деди ямшик.

Фёдорнинг қариндош-уруғлари йўқ эди — у мусофир эди. Эртаси куни уни чакалакзор орқасидаги янги мозорга элтиб кўмишди. Настасья эса бир неча кунгача ўша куни кўрган туши ва Хведор амакининг ўлганини гапириб юрди.

 

III

Баҳор келди. Пилчиллаб ётган шаҳар кўчаларида қорайиб қолган муз ораларидан шилдираб сув оқа бошлади. Кишиларнинг овозлари қувноқ, кийимларининг туси очиқ эди. Девор билан ўралган боғлардаги дарахтлар куртак чиқарган, новдалари эсаётган майин шабадада аста шитирлаб, тебранарди. Ҳамма ёқда ариқ-ариқ сув оқар, дарахтлардан тиниқ сув томчилари томчилаб турарди… Чумчуқлар ўзларининг жажжигина қанотларини қоқиб, беўхшов чирқиллашарди. Офтобрўя деворлар, уйлар ва дарахтлардаги барча нарсалар ҳаракатда ҳамда ярақлаб турарди. Само ҳам, ер ҳам, киши қалби ҳам қувончга тўлган эди.

Катта кўчада турадиган бариннинг данғиллама уйи олдига янги похол тўшаб қўйилган, шошилиб хорижга кетаётган, ўлар ҳолатга келган бемор аёл шу уйда эди.

Хонанинг ёпиқ эшиги ёнида беморнинг эри билан ўрта ёшлардаги аёл туришарди. Поп қўлида ўроғлиқ ридосини ушлаб, диванда ерга боқиб ўтирарди. Бурчакда суянчиғи баланд, ўриндиғи чуқур креслода бир кампир — беморнинг онаси ҳўнграб йиғлаб ётарди. Унинг ёнида хизматкор, кампирнинг сўрашини кутиб тоза рўмолча ушлаб турарди; иккинчи хизматкор нима биландир кампирнинг чаккасини артар ва чепчиги остидан оқ сочлари орасига пуфларди.

— Хўп, худо ёр бўлсин, азизим, — деди беморнинг эри ўзи билан бирга эшик олдида турган ўрта ёш аёлга гап уқтириб, — у сизга жуда ҳам ихлос қўйган, сиз ҳам унинг кўнглига ёқадиган гаплар топа оласиз, уни кўндиринг, азизим, боринг. — У аёлга эшик очиб бермоқчи бўлиб турган эди, лекин холаваччаси уни тўхтатди-да, рўмолча билан бир неча марта кўз ёшини артиб, ўзини ўнглаб олди. Қейин у:

— Ана энди мени йиғламаган деса ҳам бўлади, — деди-да, эшикни ўзи очиб ичкарига кириб кетди.

Беморнинг эри чуқур ҳаяжонда, худди эс-ҳушини йўқотиб қўйгандек эди. У тўғри кампирнинг ёнига бормоқчи бўлиб бир неча одим ташлади-ю, бурилиб, уйнинг у бошидан-бу бошига юриб попнинг ёнига борди. Поп унга боқди-да, осмонга қараб хўрсинди. Қалин мош-гуруч соқоли ҳам юқори кўтарилиб, пастга тушди.

— Э, худо! Худо! — деди аёлнинг эри.

— Начора! — деди уҳ тортиб поп, у яна осмонга қараб, ерга боқди.

— Онамиз ҳам шу ерда! — деярли умидини узиб деди аёлнинг эри, — у бунга бардош беролмайди: уни шундай яхши кўради, бирам яхши кўрадики, у қандай қилиб… билмадим, энди. Отахон, ҳеч бўлмаса сиз уни тинчлантиришга ва бу ердан кетишга кўндириш учун бир ҳаракат қилиб кўрсангиз-чи.

Поп ўрнидан туриб, кампирнинг ёнига борди.

— Ростини айтганда, она қалбига ҳеч ким тушуниб етолмайди, — деди у. — Лекин худо раҳм қилиб қолар.

Кампирнинг юзи бирдан титраб, уни асабий ҳолатда ҳиқичоқ тута бошлади.

— Худо раҳм қилар, — деб давом этди поп, кампир бир оз ўзини босиб олгач. — Мен сизга айтсам, муридларим орасида Мария Дмитриевнадан ҳам баттар бир бемор бор эди. Уни оддий мешчан оз фурсат ичида гиёҳлар билан даволади. Ўшал мешчан айни чоқда Москвада истиқомат қилиб турибди. Мен Василий Дмитриевичга Мария Дмитриевнани ўша кишига бир кўрсатиб кўринг, деган эдим. Ҳеч бўлмаганда, беморни тинчлантирарди. Худонинг қудрати зўр.

— Йўқ энди, умри тугай деб қолди, — деди кампир, — худойим унинг ўрнига менинг жонимни ола қолса бўлмасмиди. — Асабий ҳиқичоқ ортиқ даражада зўрайиб, кампир ҳушдан кетди.

Беморнинг эри қўллари билан юзини бекитганча югуриб уйдан чиқиб кетди.

Коридорда у синглисини жон-жаҳди билан қувиб кетаётган олти ёшлардаги болани кўрди.

— Нега болаларни онасининг олдига киришга даъват этмаяпсиз? — деб сўради энага.

— Кераги йўқ, уларни кўришни истамаяпти. Болалар кирса хуноби ошади.

Бола бир дақиқа тўхтаб, отасининг юзига тикилиб боқди-да, бирданига ҳакалак отиб, ҳайқириб-чақириб чопиб кетди.

— У-чи, дада, жуда ҳам чопқир! — деб қичқирди синглисини кўрсатиб бола.

Бу вақт нариги хонада холаваччаси беморнинг ёнида ўтирар экан, гапни айлантириб, уни ўлим ҳақида ўйлашга ҳозирламоқда эди. Доктор дераза ёнида дори қориштирарди.

Теварак-атрофи ёстиқ билан ўралган бемор капот кийиб тўшакда холаваччасига тикилганча индамай ўтирарди.

— Оҳ, азизим, — деди у қўққисдан холаваччасининг сўзини бўлиб, — мени ҳозирламай қўя қолинг. Мени ёш бола қилманг. Христианман. Ҳаммасига ақлим етади. Яқин орада ўлишимни ҳам, эрим аввалроқ гапимга қулоқ солганда, Италияда бўлишимни ҳам, балки, соғайиб кетишим мумкинлигини ҳам биламан. Унга ҳамма шундай деган эди. Аммо нима ҳам қилиб бўларди, худонинг хоҳиши шу экан-да. аммамизнинг ҳам гуноҳимиз кўп, буки биламан; лекин худонинг марҳаматига ишонаман, гуноҳимиздан ўтса ажаб эмас, гуноҳимизни кечиради. Бундоқ ўйлаб қарасам, азизим, кўп гуноҳ қилган эканман. Лекин ажрини тортдим. Бошимга тушган азобни чидам билан енгишга ҳаракат қилдим…

— Ҳазратимни чақирайми, азизим? Тавба-тазарру қилсангиз анча енгил тортасиз, — деди холаваччаси.

Бемор бош қимирлатиб ризо эканлигини билдирди.

— Худойим! Гуноҳкор бандангни ўзинг кечир, — деб пичирлади у ўзича.

Холаваччаси чиқиб, попни имлаб чақирди.

— Фаришта-я, фаришта! — деди у аёлнинг эрига кўзи жиққа ёшга тўлиб.

Эри йиғлаб юборди, поп уйга кириб кетди. Кампир ҳамон ҳушсиз ётар, шунинг учун ҳам бериги уй сув қуйгандай жимжит эди. Орадан беш минут ўтгач, поп уйдан чиқди-да, ридосини ечиб, сочини тўғрилади.

— Худога шукур, бир оз тинчландилар, — деди у. — Сизни кўриш истагидалар.

Холаваччаси билан эри киришди. Бемор иконага тикилиб юм-юм йиғларди.

— Табриклайман, азизим, — деди эри.

— Миннатдорман! Жуда енгил тортдим, қандайдир ҳузур ҳис қиляпман, — деди бемор, унинг хушбичим лабида енгил табассум ўйнарди. — Худойим меҳрибон-да! Унинг ўзи меҳрибон ҳам ҳар ишга қодир, шундай эмасми? — У яна ўкинч билан ёшга тўлиб турган кўзларини иконага тикди.

Кейин бирдан ниманидир эслагандай бўлди-да, имо-ишора билан эрини чақирди.

— Ҳеч қачон менинг айтганимни қилгинг келмайди, — деди у оҳиста, норози оҳангда.

Эри бўйнини чўзиб, итоат билан унинг гапига қулоқ соларди.

— Нима дейсан, азизим?

— Бу докторлар ҳеч нарсани билмайди, даволаш қўлидан келадиган оддий табиблар бор, деб неча мартаба айтдим… Ҳазратим айтдиларки… Мешчан… Унга одам юбор.

— Кимга, азизим?

— Э худойим-ей! Ҳеч нарсани тушунгиси келмайди!.. — Бемор юзини буруштириб, кўзини юмди.

Доктор келиб, унинг томирини ушлади. Томир уриши борган сари секинлашиб борарди. Доктор беморнинг эрига кўз қисиб қўйди. Бемор буни сезиб қолиб, жон ҳолатда аланглади. Холаваччаси тескари ўгирилиб, йиғлаб юборди.

— Йиғлама, ўзингни ҳам, мени ҳам қийнама, — деди бемор йиғлаб, — охирги дақиқалардаги оромимни бузма.

— Фариштасан, жоним! — деди холаваччаси унинг қўлини ўпиб…

— Йўқ, қўлимни ўпма, мурдаларнинггина қўлини ўпадилар. Э, худо! Э, тангрим!

Ўша куни кечқуруноқ бемор қазо қилди, унинг жасади катта хонадоннинг зал уйида, тобутда ётарди. Эшиклари берк катта хонада бир дьячок[5] ўтириб олиб, забур оятларини қироат билан пинғиллаб ўқирди. Юқоридаги кумуш шамдон марҳуманинг пешонаси, қотиб қолган сап-сариқ қўллари ва унинг устига ёпилган, тиззаси ҳамда оёқ бармоқларининг учи кўтарилиб турган сарғиш чойшаб устига ёғду сочиб турарди. Дьячок ўз оғзидан чиқаётган сўзларининг маънисига етмай, бир оҳангда ўқир, жимжит хонада сўзлар аллақандай ажойиб жаранглаб, яна тинарди. Аҳён-аҳёнда узоқдаги хоналардан болаларнинг товуши, тапир-тупур оёқ овози эшитилиб қоларди.

«Юзингни беркитсанг — бетинчланади, — дейилганди забурда, — ундан руҳ кетгач, жон чиқиб хокка айланади. Руҳинг бориб нариги дунёда қайтадан жонланади. То абад парвардигорга ҳамду санолар бўлсин».

Марҳуманинг чеҳраси хотиржам ва мағрур эди. Топ-тоза муздек пешонасида ҳам, гилосдек лабларида ҳам ҳеч нарса қимир этмасди. Унинг бутун вужуди диққатга айланган эди. Бироқ у лоақал шу тобда бўлса ҳам ўша буюк сўзларни тушунаётганмикан?

 

IV

Бир ойдан сўнг марҳуманинг қабрига тошдан дахма ўрнатилди. Ямшикнинг қабрига эса, ҳануз тош ўрнатилмай, бир вақтда аллақандай шахс яшаб ўтганидан далолат берувчи дўнглик устида оч яшил кўкатлар ўсиб ётардн.

— Хведорнинг қабри устига тош қўймасанг, — деди кунларнинг бирида бекатдаги ошпаз аёл, — гуноҳга ботасан, Серёга. Қиш ўтсин, қиш ўтсин деб юрдинг, энди нега сўзингнинг устидан чиқмайсан? Ахир менинг олдим-да сўз берган эдинг-ку! Бир марта арвоҳи келиб эсингга солиб кетди, тош сотиб олиб қўймасанг, энди келиб бўғади.

— Нима, мен сўзимдан қайтяпманми, — деб жавоб берди Серёга, — тош қўяман дедимми, қўяман, бир ярим сўлкавойлигидан сотиб олиб қўяман. Ёдимдан чиққани йўқ, уни олиб келиш керак-да. Шаҳарга бордим дегунча олиб келаман.

— Ҳеч бўлмаганда бут қўйиб турсанг ҳам бўларди, — деди бир қари ямшик, — ростданам яхши эмас-да. Этигини кийиб юрибсан-ку.

— Бутни қаердан оламан? Палёндан йўниб бўлмайди-ку?

— Шу ҳам гапми? Палёндан йўниб бўлмаса, эртароқ туриб болтани ол-да, дарахтзорга бор, ана ўша ердан йўниб кела қоласан. Бир шумтолни ағдарсанг, бўлади-қўяди. Бўлмаса, ўрмон қоровулига ароқ пули бериш керак бўлади. Ҳуда-беҳудага ароқ олиб бераверсанг, пул чидайдими. Мана, мен тунов куни кўтармани синдириб қўйган эдим, ўрнига янгисини қирқиб олиб келиб қўйдим, биров ғинг дегани йўқ.

Эрталаб тонг ёришиши билан Серёга болтани олиб, ўрмонга кетди.

Ҳамма ёқни ҳали қуёш нури кўришга улгурмаган жилосиз тунги шудринг қоплаган. Шарқ томон осмон гумбазидаги юпқа булут пардасини ёриб аста равшанлашмоқда. На ердаги биронта гиёҳ, на дарахт учидаги япроқ қимир этади. Гоҳ-гоҳ дарахтнинг қуюқ япроқларига урилган қушларнинг қанот қоқишлари-ю, ердаги шатир-шутур шарпаларгина ўрмон тинчлигини бузади. Қўққисдан аллақандай ғайри табиий товуш таралди-ю, ўрмон этагига бориб сўнди. Бироқ яна шу овоз эшитилиб, бу сафар, тек турган дарахт танасининг тагида бир меъёрда қайтарилиб турди. Дарахт учидаги шохлардан бири ажиб силкиниб, унинг қалин барглари шитирлаб кетди. Шу дарахтнинг бошқа бир шохига қўниб турган тоғчумчуқ у шохдан-бу шохга ўтди-да, думини силкитиб, бошқа дарахтга бориб қўнди.

Болта тобора ичкарилаб, ундан чиқаётган овоз пасайиб борар, оппоқ нам пайраҳалар шудринг босиб кетган майсалар устига учиб тушар ва болтанинг зарб билан урилгани эшитилиб турарди. Дарахт бутун вужуди билан қалтираб энгашди-ю, ўз илдизи устида чайқалиб тезда яна қоматини ростлаб олди. Бир дақиқа ҳамма ёқ-да жимлик ҳукм сурди-да, кейин дарахт энгашиб, унинг танаси яна қарсиллаб, шохларини синдирган, баргларини тўккан ҳолатда гурсиллаб нам ерга қулади. Болта ва қадам товушлари тинди. Тоғчумчуқ чуғиллаб, «пир» этиб юқорироққа қўнди. У тегиб кетган кичкинагина шох япроқлари бир оз силкиниб турди-да, ўзининг барча шохчалари қатори у ҳам тинди. Дарахтлар тек турган япроқларини кўз-кўз қилгандай, янгидан очилган жойда илгариги ҳолатларидан ҳам чиройлироқ бўлиб барқ уриб турарди.

Қуёшнинг дастлабки нурлари булутларни ёриб ўтиб, кўкда чарақлаб ер ва осмонга ёйилди. Паға-паға туман жарликни қоплай бошлади. Шудринг майса устида ялтираб, оқ булутлар тезлик билан кўм-кўк фазо бўйлаб тарқала бошлади. Қушлар бир ерга тўпланиб, маст бўлиб шўх сайрар, нобуд бўлган дарахт тепасида нам япроқлар қувонч ва хотиржамлик билан шитирлар, кўкариб турган дарахтларнинг шохлари эса, оҳиста ва мағрур тебранарди.

Русчадан М.Алиев таржимаси

____________________

[1] Чепчик, чепец — сарандон.

[2] Капот — аёлларнинг уй ичи ёки сафарда киядиган яктак бичим кўйлаги.

[3] Салопа — ўша вақтларда мода бўлган кенг пальто.

[4] Кацавейка — аёлларнинг мўйна тутиб тикилган камзули.

[5] Дьячок — православ черковида унвонга эга бўлмаган руҳоний.