Константин Симонов. Кўришмаймиз энди сиз билан (қисса)
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.
Симонов Константин (Кирилл) Михайлович [1915.15(28).11, Петербург — 1979.28.8, Москва] — рус ёзувчиси ва жамоат арбоби. Меҳнат Қаҳрамони (1974). М. Горький номидаги Адабиёт институтини тугатган (1938). СССР Ёзувчилар уюшмаси бош котиби ўринбосари (1946—54), котиби (1954—59; 1967—79), «Новый мир» («Янги дунё») журнали (1946 — 50; 1954—58) ва «Литературная газета», 1938; 1950-54) нинг бош муҳаррири. 2-жаҳон урушига қадар Н. Островскийга бағишланган «Ғолиб» (1937), «Павел Чёрний», «Муз устидаги жанг» (1938), «Суворов» (1939) достонлари, «Чин инсонлар» (1938), «Йўлда ёзилган шеърлар» (1939) шеърий тўпламлари нашр этилган. 1939 йилдан уруш мавзуси С. ижодининг устувор йўналишига айланган («Бир севги тарихи», 1940; «Шаҳримиздан чиққан йигит», 1941, пьесалар). Уруш мавзуси, айниқса, лирикасида катта маҳорат билан акс эттирилган («Лирик кундалик»; «Сен билан ва сенсиз»; «Фронт шеърлари», 1942, тўпламлари). Симонов лирик шеърлардан ташқари, «Рус кишилари» (1942) ва «Шундай бўлажак» (1944) пьесалари, «Кунлар ва тунлар» (1944) қиссасини ёзган. Урушдан кейинги йилларда халқаро муносабатларнинг кескинлашиши Симоновнинг «Прага каштанлари тагида», «Рус масаласи» (1946) пьесалари ҳамда «Дўстлар ва душманлар» (1948) шеърлар китобида ўз ифодасини топган.Симонов наздида уруш нафакат кишиларнинг инсоний фазилатлари, руҳий кучи ва иродаси учун, балки давлат ва сиёсий тузум учун ҳам даҳшатли бир синов бўлди. Аммо, агар давлат ҳам, сиёсий тузум ҳам туғилиш ва ўлишга маҳкум этилган экан, ер юзидаги бирдан-бир абадий қадрият инсон бўлиб қолади. Симонов ана шу ақидадан келиб чиқиб, умрининг сўнгги нафасига қадар уруш ва инсон мавзусига содиқ қолди ҳамда «Қуролдош дўстлар» (1952), «Тириклар ва ўликлар» (1959), «Солдат бўлиб туғилмайдилар» (1964) ва «Сўнгги ёз» (1971) роман-трилогиясини яратди. Симонов шунингдек, «Бегона соя» (1949), «Тўртинчи» (1961, пъеса], «Ватан узра дуд» (1947), «Лопатиннинг ёзишмаларидан» (1957), «Урушдан кейинги йигирма кун» (1972), «Биз сен билан учрашмаймиз», «Шахсий ҳаёт, дегин» (1978) ва бошқа кўплаб қисса, очерк, публицистик мақолалар тўпламлари муаллифи. Унинг асарлари асосида фильмлар суратга олинган. Симонов уруш қатнашчиларининг хотираларидан иборат 2-жаҳон урушининг кўп серияли кинойилномасини яратган. 1958—61 йилларда Тошкентда яшаган. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ва бошқа ўзбек ёзувчиларининг асарларини рус тилига таржима қилган, Мирзачўл ҳақидаги ҳужжатли фильм сценарийсини ёзган. Симоновнинг кўпгина асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.