Эшикни астагина тақиллатишди. Уйқу ўчиб кетди. У кўзини очди. Кўчадан тушаётган ёруғлик хонадаги сариштасизликни ҳамда ифлосликни янада бўрттириб кўрсатарди. Пол устига картон бўлаклари ёйиб ташланганди, унда шафтоли данаги, қоғоз қийқимлари сочилиб ётар, қоқ ўртада эса бир жуфт ёзги туфли турарди. Тақиллатув унда хосиятсиз туйғу уйғотди ва у девор томонга секин ўгирилди. Кўкимтир гулқоғозда уйқу пайтида ўлдирилган чивинларнинг қонли доғлари кўринарди. Антеннанинг ҳаворанг сими эса радиоприёмник турган столга қараб осилиб турарди. Қўшни хонанинг эшиги очилди ва тирқишдан бошдан-оёқ линолеум сирилган пол кўринди. Тонг ёғдуси полда ёйилиб ётган кир-чир кийимлару эски газета ва журналларни ҳамда кўчиш шошқалоқлигида эсдан чиққан каттакон дазмол тахтани ёритиб турарди.
Эшикни астагина тақиллатув яна қайтарилди. У қўл соатига қаради. Энди етти ярим бўлибди. Каллаи саҳарлаб ким кела қолдийкин? Балки, бу шунчаки каптарлардир? Чердакда каптарлар беҳисоб. Улар кун бўйи томда сайр қилиб юришади, болохонага ўтиб, нарлари модаларини кўнглини олиш пайида кечгача ғув-ғувлашади. Уларнинг ғув-ғуви ётишига халал бергани сабабли у ўзини бир ёнбошдан, иккинчи ёнбошга олишга мажбур этар ва ёлғизликни тағинам ўткир ҳис қилдирарди.
Яна тақиллатишди. Бу гал тақиллаш қаттиқроқ бўлди ва шу боисдан қаттиқроқ эшитилди. Уни бесаранжомлик чулғаб олди, ҳатто:«Ким у?»— деб бақирмоқчи бўлди-ю, лекин ўзини тутди. Келган одамни ими-жимида қадам босишини ҳам илғаб олиш мақсадида диққат билан қулоқ сола бошлади. Қизиқ: ҳатто қадам товуши ҳам эшитилмасди. Балки у ҳалиям уйқусираётгандир, Одатда, у зинапоянинг тош пиллапояларидан битта-яримта чиқаётган ёки тушаётган бўлса, эшикни тарақлатиб ёпишгандами ёки газета тарқатувчи келгандами, бўлмасам, тешиккулча сотувчининг овозини эшитгандами— ишқилиб, кўчадан хонага кирган шовқин— унинг уйғониши учун ҳамиша кифоя эди.
* * *
У ўрнида ётганда хотинининг салгина қимирлашидан ҳам уйғониб кетар, кейин эса ухлашга қанча ҳаракат қилмасин, бари бир ухлолмасди, ўшанда хотини ҳам уйғониб кетарди-да, уйқуси бўлингандан жаҳли чиқиб: «Вой, худойим-ей, мунча ғимирлайвермасанг!»— дея тўнғилларди. У хотинининг жаҳлини чиқазгиси келмасди, шунинг учун сувга тушган тошдек миқ этмай ётаверарди. Кейин у хотини бир меъёрда нафас олаётганини эшитарди. У тинчгина ухлар эди. Фақат азон пайтидаги-на, яъни хўрозларнинг қичқириғи тонгдан дарак бера бошлаганда уни уйқу элита бошларди. Шунда у ҳали унинг учун бошланмаган тонгнинг қиёмида ғафлат уйқусига чўмарди. Каравотнинг ғижирлаши, тунги шиппакнинг шитиллаши, эски тахталарнинг ғичиллаши ва крандан тушаётган сувнинг жилдираши —буларнинг ҳамма-ҳаммаси уйқу аралаш қулоғига, чалинарди. Кейин: «Чой тайёр!»— деган бақириқ эшитиларди. У бу овозни эшитса ҳам, ўзини эшитмаганга солиб ётарди. Бинобарин, қўшни хонадаги радиони бор овози билан бақиртириб қўйишларига дош бериб бўлмасди. У жони ҳиқилдоғига келгандагина ўриндан ирғиб туриб, радиони ўчирарди.
* * *
Ниҳоят, эшик тақилламай қўйди. Балки, аллаким ўзини сездирмай секин юқорига кўтарилгандир? Лекин нима учун? Тўғри, кейинги ойларда уй эгасига ижара ҳақини ўз вақтида тўлай олмаганди. Лекин, икки кун муқаддам конторага кириб ўтган ва ҳозирги ойнинг ҳам ҳақини тўлаган эди-ку, шунақа эмасмикин? Уй эгаси гўё уларнинг кўчмоқчи бўлишганлиги қулоғига чалингани учун ундан пул олишни хоҳламай, бир оз тихирлик қилди. Кўчмасликларига хўжайинни ишонтириш ўлимдан ҳам баттар эди, фақат хотиним билан орамиздан оламушук ўтиб қолгани учун у бирмунча вақт онасиникида туриб турадиган бўлди-да, яқин орада келиб қолади, деди. У яна хотини ҳақида ўй сура бошлади.
* * *
Одатда, бу вақтда унинг хотини уйғонган бўларди. Умуман, у эрта турарди. Тура солиб лаш-лушларини йиғиштирарди-да, худди жўнаётган одам қиёфасига кириб оларди. Худонинг берган куни зрталаб у бор буд-шудини тўплаб, тугунларга тугиб хонанинг ўртасига тоғдай қилиб уюб қўярди. Бир куни у ўзини тутолмай хотинига:
— Сени ҳайдаётган жойим йўқ-ку, ахир. Хоҳласанг, қолавер. Фақат кейин ўпкаламасанг бўлгани. Менинг турган-битганим шу. Мен билан ишинг бўлмасин. Нима қилаётганимни ўзим яхши биламан. Агар мени бирмунча вақт ўз ҳолимга қўйсанг, эҳтимол, ҳаммаси бояги-боягидек бир изга тушиб, иш ажралишгача бориб етмаса керак, деб ўйлайман.
Хотини эса унинг гапларига парво ҳам қилмай, тарелка ҳамда косаларни жойлаштирди, кейин шкафдан кийимларини олиб каттакон чамадонга тахлай бошлади. Эри унинг пиқиллаётганини эшитиб қолиб, яна унга мурожаат қилди:
— Ҳой, бу нима, дам йиғлайсан, дам кетишга отланасан. Йиғлаяпсанми, демак, кетма. Яна қайтараман: зорим бору, зўрим йўқ. Танангга яхшилаб ўйлаб кўр — ўзинг нима қарорга келсанг, шуни қил.
Хотини буфетдан юпқагина стаканларни, кофе ликопчаларини, сувдон, бокалларни, кумуш қошиқларни олиб, буларнинг ҳаммасини тоза латталарга эҳтиётлик билан ўраб корзинкага жойларди. Тўсатдан эшик очилди ва остонада ҳаммол ҳамроҳлигида дарғазаб бўлган қайнана кўринди. Шунда у шовқин кўтармасдан астагина ботинкасини кийди-да, уйдан сирғалиб чиқиб кетди. Пиллапоядан пастга тушиб, шундоққина . эшик тагида турган юк машинаси олдидан ўтиб, чорраҳада одамлар тўдасига қўшилиб кетди. Қаёққа боришга, нима қилишга ақли бовар қилмай, бирмунча вақт кўчаларда мақсадсиз санқиб юрди. Уйларнинг бири олдида юк ортилган автомобилни кўриб қолди. Афтидан, бирорбир оила кўчаётганга ўхшарди. Яқинроқ бориб, қўлида манекен кўтариб чиқаётган ҳаммолга кўзи тушди. Бу лаш-лушларнинг эгаси, ҳойнаҳой, тикувчи бўлса ҳам ажабмас. Афтидан, у эр-хотин қўш хўкиз, деган ақидага амал қилиб, эрига ёрдам бераётган бўлса керак. Ҳар ҳолда, қўни-қўшниларга тикиб турса керак. Шу тикиш-бичиши билан шубҳасиз, рўзғорнинг оғирини енгил қилиб турса керак.
* * *
Бирмунча вақт ўтар-ўтмас, эшик янада қаттиқроқ тақиллай бошлади. Бу, унинг хунобини ошириб юборди. Худди биров унинг уйда якка-ёлғиз қолганини билгану, пировард натижада, эшикни очишга мажбур қилмоқчи-га ўхшарди. Нақадар сурбетлик бу! Наҳот, эшикни дўмбира қилаётган одам, танҳо қолган киши бориб унга очади, деб ўйласа. Бу нима қилиқ, ишқилиб, худо инсоф берсин унга! Аввалига секинроқ зшитилган тақиллаш, борган сари қаттиқ ҳамда қатъийроқ дукурлай бошлади. Пастки қаватда яшовчи ижарадорлар безовталаниб, бу ёққа югуриб чиқишлари мумкин. У яна бир бор хонани кўздан кечирди.
Уйнинг йиғиштирилмаганига, супурги бетини кўрмаганига бир ойдан ошди. Шифтдан ис осилиб турарди. У кечқурун алламаҳалда келар, эрталаб эса ҳатто ўрнини ҳам йиғмасдан жўнаб қоларди. Стол устидаги ювилмаган сут идишлардан таралаётган ачимсиқ ҳиддан бутун хонани қўланса ҳид тутиб кетганди. Балконда ўсадиган гулларнинг анчадан бери сув қуйилмаганидан қуриб қолган барглари шамолда узилиб, очиқ қолган эшикдан хонага ёпирилиб кетганди. Бирдан унда бир сапчиб, эшик орқасида турган безбетнинг боплаб адабини бериб қўйиш истаги туғилди. Бу сурбет унинг сабр-бардошини синамоқчи бўлгандек, жон-жаҳди билан тақиллатишини қўймасди. Тақиллатаётган одам ким бўлишидан қатъий назар, очиши керакми? У меҳмон кутмаётганди. У, умуман, ҳеч кимни кутмаётганди. Ёлғизлик — ўлим билан баробар, дейишади. Ёлғизлик юки кун-бакун қўрғошинмисол оғирлашиб борар ва уни ер билан яксон қилгудек бўларди. Кун сайин ўз ёғингга ўзинг қовурилаверсанг — осонми? Йилма-йил ўз ёлғизлигингни ҳис қилган ҳолда бегона одам билан яшаш, дарҳақиқат, мушкул. Эрталаблари нонуштаси, қишда, у кеч келган вақтлари эса иссиқ ўрни доим тайёр турарди. Уни овқатга чақиришса борар, туриш керак, дейишса, турарди. Гапираётган одамнинг оғзи бор эди-ю, лекин унга тушунарли бўлган тили йўқ эди. Эр-хотинлик йиллари ҳам унинг ёлғизлиги қолмади. Адолагсизлик! Шундай гапиришнинг ўзи адолатсизлик! Ахир, шу беш йил бадалида унинг ёлғизлиги баҳорда тоғдаги қорлар эриганидек, аста-секин юмшай бошлаганини ҳис қилмаганмиди? Лекин, пировард натижада: нима бўлди? Бари бир ёлғизлигича қолаверди.
Ахир, унга ёрдам қўлини чўзишмаганмиди, лекин у ҳар гал уни рад этарди-ку? Мана, шунинг жазосига ёлғиз қолди. Бир ойдан бери кирлари, идиш-товоқлари ювилмаган, қўланса ҳиддан ошхонага бош суқиб бўлмайди, хоналар чанг, ифлос.
* * *
Бирдан у қадам товушларини эшитиб қолди. Эшик ортида икки киши: бири оғир қадам ташлар, иккинчиси эса енгилгинаюрарди. Демак, улар икки киши эканда? У яна қулоқ солди. Қадам товушлари тинди. У адёлни итқитиб, ўрнидан шоша-пиша турди-да, ювинди. У эрталабки чойни одатда ишга кетаётиб йўл-йўлакай қаҳвахонада ичарди. Лекин бу гал одатига хилоф равишда нонуштани уйда тайёрламоқчи бўлди. Газни ёқмоқчи бўлиб, анчагача уринди. Ниҳоят, ёқди. Олов устига чой-накни қўйиб, кийина бошлади. Кейин ўрнини йиғди. Сут шишаларини ошхонага олиб чиқиб қўйди. Уй ўртасида ёйилиб ётган кирларни бурчакка йиғди. Бирдан миясига, ҳали-ҳозиргина келган безбет меҳмон ёки меҳмонлар бир оз ўтгандан кейин яна келишлари ва ҳатто эшикни бузиб киришлари мумкин-ку, деган фикр келди. У ҳолда, иш чаппасига айланиб кетиши мумкин. У бугун қилиши лозим бўлган ишларни эслай бошлади. Тикувчига кириб, узилиб кетган тугмаларини қадатиши керак. Ишхонасида ҳам иши бошидан ошиб ётибди. Бир нечта доривор препаратларнинг проспектини турк тилига таржима қилиши, кейин машинкада кўчириши лозим. Қечқурун ишдан кейин Тақсим майдонига кириб ўтиши керак, у ерда хусусий дарси бор, дарсдан кейин эса Тақсимдан Бешиктошга ўтса ҳам бўлади — онамни кўриб келсам ёмон бўлмасди, деб ўйлади у.
* * *
Онаси бундан уч кун аввал келганди. У туғилиб ўсган, лекин вақт ўтиши билан ёдидан чиқара бошлаган узоқ шаҳарчадан кап-катта боласини кўргани келганди. Кап-катта бола. У она учун болалигича қолган, уни аввалгича севар ва ундан оналик меҳр-оқибатини дариғ тутмасликка интиларди.
— Хотининг билан муносабатинг қалай,— келган заҳоти суриштирди у.— Ҳаммаси жойидами?
— Ҳа, ойижон.
— Ажрашибсизлар, деб эшитдим.
— Йўқ, ойижон.
— Сен мендан ниманидир беркитяпсан, ўғлим. Ахир, мен онангманми, йўқми?
— Мен сиздан ҳеч нимани яширмаяпман, ойижон. Биз ажралишганимиз йўқ.
— Келишимдан олдин холангни кўрган эдим. У айтдики, муросаларинг келишмай ажралишаётганмишсизлар. У бу гапни Селмадан эшитибди, Селмага эса айтишларича, ўзинг айтган экансан.
Унинг жони ҳиқилдоғига келиб, онасига ҳам кескин жавоб берди.
— Ойижон, бундай ғийбатларни бас қилинг! Худога шукур, ҳаммаси жойида. Келганингиз жуда яхши бўлибди, бу ерда хоҳлаганингизча туриб, дам олинг.
—Ахир сен менинг боламсан-ку,— хафаомуз давом этди онаси.
— Нега тушунишни хоҳламайсиз, ойижон, айтяпман-ку, ажрашганимиз йўқ, ҳаммаси жойида, деб тушуняпсизми?
Ўз гумонлари тасдиқланганига таъби хира бўлган она ғамгин деди:
— Демак, хотининг сени ҳечам севмас экан-да?
— Севади, ойижон, — дея қайсарлик билан эътироз
билдирди ўғли.
— Агар севганда, мени кўргани сен билан чопқиллаб келган бўларди.
— Отаси бетоб бўлиб қолган, ўшанга қараб ўтирибди.
— Хотининг бизникига, Тарсусга борганида, нуқул тоғангнинг қариндошлариникидан бери келмаганди. Уйимизга зўрға олиб келгандим. Йўқ, у бизни ҳечам севмайди.
— Ҳозир бу ҳақда гаплашмайлик, ойижон, худо ҳаққи, кераги йўқ!
Она истар-истамас жим бўлди, унинг мўъжазгина думалоқ юзи чўзилиб, кўзида ёш айланди. Катталар гап билан овора бўлишганидан фойдаланган — бувиси ўзи билан бирга олиб келган беш ёшли набираси ойна рафига чиқиб олди. Бувиси унинг қўлидан ушлаб ўзининг ёнига ўтқазиб қўйди, лекин қайсар қизалоқ шу заҳоти ўрнидан сакраб туриб, қўшни хонага югуриб кириб кетди.
Ҳа, у аввалгидек онаси учун катта бола бўлиб қолаверганди.
— Бир неча кун сен билан уйингда яшамоқчиман, — деди онаси, у охирги ,марта онасининг олдига кирганда.
— Лекин Гунар уйда йўқ-да, — дея эътироз билдирди ўғил. — У ҳар куни отасини кўргани касалхонага боради.
— Гунаринг бўлмаса бўлмас, сен бўлсанг бўлгани,— дея ўз гапида туриб олди она.
— Ойи мен воҳлик кетиб, кеч қайтаман. Бизникида кечгача бир ўзингиз нима қиласиз? Яхшиси, шу ерда яшайверинг, дам олинг, мен ҳар куни сизни кўргани келиб тураман.
— Йўқ,— деди қатъий тарзда она.— Мен албатта сеникига бориб, бир неча кун туриб келишим керак.
* * *
У сув қайнаб кетганини эшитди-да, ошхонага югурди. Чойгумнинг тагидаги оловни пасайтирди. Бирмунча вақт плитага тўкилган сув томчиларининг вишиллаётганини кузатиб турди. Токчадан чой қутини олиб, қайнаётган сувга бир сиқим қуруқ чой ташлади. Кейин идиш-товоқларни ювишга киришди. Ошхона тор-танқис ва қоронғи бўлиб, қўланса ҳиддан туриб бўлмади. Хотини бўлса мана шу каталакдай, ифлос, дим ошхоначада эрталабдан-кечгача куйманиб унга овқат, чой тайёрлар, яна иш қилаётиб қўшиқ ҳам хиргойи қиларди. Баъзида ошхонанинг эшигини очиб, унга мурожаат қилганча сўрарди: «Эшитмадингми ёки менга шундай туюлдими, кимдир эшикни тақиллатаётганга ўхшайдими?» У бўлса, ҳатто китобларидан бошини ҳам кўтармай, тўнғилларди: «Йўқ, сенга шундай туюлгандир».
* * *
Бирдан унинг жаҳли чиқиб кетди. Чойнинг дам ейишини кутиб қўлида пиёла ушлаб тураркан, жаҳли борган сари пасайиб, ўрнини қайғу-ҳасрат эгаллаётганини ҳис қилди. Фақат ўзини айблаши керак. У қалбида аллақандай куйдирувчи, лекин енгиллик туғдирадиган ҳиссиёт кўтарилаётганини ҳис қиларди. Виждонини қийнайдиган, негалигини ўзи ҳам билмай бемаъни қилиқ ёмонлик қилишни хоҳламас, лекин буни ўз хоҳишига қарши ўлароқ қилишга мажбур эди. У дилида ҳам айбдорлик, ҳам айбсизлик туйғусини ҳис қиларди. Кўзида ёш айланди. Шундоққина рўпарасида ойна осиқлик эди. Унинг чанг босган сиртида ёшли кўзларининг аксини кўриб қолиб, ўзини қўлга олди. Агар шу ойна бўлмаганда, ўзининг шунчалик оғир-босиқлигига қарамай, ҳиссиётларига эрк берган бўларди. У чойнакни кўтариб ошхонадан чиқди. Кейин пиёла ва қанддонни олиш учун яна қайтди. Ошорна остонасидан ҳатлашга улгурмовдиямки, яна эшик тақиллагани эшитилди. У турган жойида қотиб қолди. Қисқа-қисқа қилиб тақиллатишарди. У эшикдан уч қадам нарида турганча жимгина кутиб турарди. Бирдан хавотирланиб кетди. Юраги қаттиқ уриб, турган жойида у ёқдан-бу ёққа беихтиёр тебранаётганини сезиб қолди. Балки унга шундай туюлгандир. Ким бўлишидан қатъий назар, сираям эшикни очмасликка аҳд қилди. У ҳеч кимни кўришниям, гаплашишниям хоҳламасди. Эшикка тикилганча, эски пол тахталари ғирчиллаб кетмаслиги учун бор кучи билан жойидан қимирламаслик-ка ҳаракат қилиб, эшикка ташланишга бўлган ўзидаги улкан истакни босиб, ярим соат олдин илк бор тақиллатганларидаёқ очиш кераклигини, ўзининг ноҳақлиги-ни борган сари кучлироқ ҳис қилганча кутиб турарди. Бирдан тақиллаш тўхтаб, жимиб қолди, афтидан, тақиллатаётган одамнинг қўли толиб кетди, шекилли. Сукунат чўкди. У ҳамон кутиб турарди. Эшик ортидан ўзига яхши таниш, лекин бегона бўлиб қолган, муҳаббат, дашном, хижолат сезилиб турган овоз нақ қалбининг қаърига сингиб борар ва юрагини янада қаттиқроқ уришга мажбур қиларди. Сокин, умидсиз, кечиришга тайёр ва шу билан бирга қатъий, ҳеч нарсани: на ўтиб кетган ғазабни, на озорни, на муҳаббату ва на азоб-уқубатни унутишга қўймовчи эшик ортидан эшитилаётган ва ичкарига кириб келган, оёқ-қўлини шол қилувчи овоз яна эшитила бошлади. У бирдан ўзининг исмини айтиб чақиришаётганини англаб қолди. Тушунмай ҳам бўларканми? Ўз хоҳишига қарши қалбида эшикни очишга улкан истак туғилди-ю, лекин у буни енгди. Эшик олдида қаққайиб туриш тентаклик эди, шунинг учун у оёқ учида орқасига тисарила бошлади. Шу вақт у шивирлаш овозини эшитди, кейин кимдир эшик тагидаги тирқишдан қарамоқчи бўлаётганини кўрди. Шундоққина эшик олдида унинг ёзги оқ туфлисй турарди. Тирқишда ҳаракат сезилаётганга ўхшаб туюлди. Кейин: «Хўш, нима кўряпсан?»— деб сўраган кексаларга хос овоз эшитилди. Бунга жавобан, ниманидир кўрганлигидан бўлса керак, ўзида йўқ хурсанд болакайнинг овози эшитилди: «Туфли кўряпман, бувижон. Шундоққина эшикнинг олдида».
У ҳаяжонланиб кетди. Тирқишдан унинг оёқларини кўриб қолишларидан қўрқиб, оҳиста бир қадам орқага ташлади. Эски тахталар ғирчиллаб кетди. У тишини тишига босди, юзи эса бужмайиб, қийшайиб кетди. У ҳали қадам қўйишгаям улгурмовди, онасининг овозини эшит-ди: «Уйдалигингни шундоғам кўриб турибман!» У нима қилишни билмасди, шунинг учун ҳам ўзидан жаҳли чиқарди. Онаси бу гал ҳам овозида ошкора гина-кудурат билан гапида давом этди: «Биз қанча жойдан олдингга келдик-а. Оёғимда оёқ қолмади. Шу туришда ўзимдан кетиб қолишим ҳеч гапмас. Қани, тезроқ оча қол! Эшик олдида бизни кутишга мажбур қилма, бу яхши эмас!»
— Очмайман!—деди у ниҳоят жим туришга сабри чидамай.
— Нега энди очмас экансан?
— Очмайман, дедимми, очмайман,— дея кескин равишда қайтарди у.
— Энди нима қилишимиз керак, қайтиб кетамизми? Шунча йўлдан бекордан бекорга келган эканмиз-да?
— Кетаверинглар! Бари бир мен сизларни киргизмайман! Тушуняпсизми, сиз менинг уйимга кирмайсиз!
— Ахир, сен менинг ўғлимсан-ку!
— Очмайман, бекор кутяпсиз!
— Қайсарлик қилма, оч! Онага ҳам шундай муомала қилишадими ҳеч замонда?
— Очмайман, дедимми, очмайман! Кетинглар.
— Хўп, майли, ҳеч бўлмаса, кир-чирларингни бергин, ювиб бераман.
— Кир-чирларим йўқ. Кетинг бу ердан! Умуман, бу ерга ҳечам келманг!
Жимлик чўкди. Кейин узоқлашаётган онасининг
оғир ҳамда болакайнинг енгил қадам товушлари эшитилди. Биттаси қариларга хос, чарчаган, иккинчиси енгил, содди. Шундагина у эшикни очди. Пастки қаватдаги пиллапоя майдончасида қадамлар бир нарсани кутгандек тўхтади. Буви билан невара нима ҳақдадир шивирлашиб маслаҳатлашиб олдилар. Яна қадам товушлари эшитилди. Ўғил улар тингунча кутиб турди. Чой ичиб ўтирмай, тез-тез кийинди-да, уйдан чиқди. Ўғил уларга автобус бекатида етиб олди.
— Нега келувдингиз? — бир оз юмшоқлик билан, лекин ҳалиям зарда билан сўради. — Мен сизни чақирганмидим? Нега энди бекордан-бекорга койинаверасиз?
— Ҳа, йўқ, хавотирланганим йўқ, қаердан олдинг бундай гапни,—деб жавоб берди онаси. Кўз ёшлари эса беихтиёр ёноғидан оқиб тушарди.
— Бўлмағур нарсаларга хафа бўлишнинг ҳожати йўқ, ойи,— дея уни юпатмоқчи бўлди ўғли.
Автобус келди.
— Пулингиз борми?— деб сўради у онасидан ва жавобини кутмаёқ ўн сўмлик қоғозни узатди.
Автобус эшиклари бекилгач, бечора она ранж-алам ҳамда чарчоғини ўғлига бўлган муҳаббат билан босиш мақсадида унга
— Овқатланишга келиб тур, ўғлим!—деб бақирди.
Ҳикоят Маҳмудова таржимаси