Кобо Абэ. Худди одамдек (роман)

1

Бу антиқа одам бизникига май ойининг қуёш кулиб боққан кунларидан бирида тикув машиналарини сотадиган агент сифатида кириб келди.
Шу куни ғарбдан шабада эсиб тургани ёдимда. Ғарб шамоли денгиз томондан келарди, осмон мусаффо. Барча уйлардаги доимо ёпиқ деразалар ланг очиб қўйилган. Кайфиятимни эса яхши деб бўлмасди. Хонамда ҳамма нарса бошқача. Бу ер тамаки тутунига тўлган, деразалар ёпиқ ва пардалар билан тўсилган, хонани фақат стол устидаги чироқ ёритиб турарди.
Бундай тунд маконга бош суқишга таваккал қилган савдо агенти нимадан умидвор бўлиши мумкин?.. Бунақа ташриф ухлаб ётган йўлбарснинг думини босиб олиш билан баробар. Мижоз аламини бечора савдо агентидан олиш пайида бўлади, мижоз эса дўлдай ёғилаётган ҳақоратлар остида жуфтакни ростлаб қолади. Чунки бу кимсаларда дунёдаги энг беозор қурол — уч қарич сайроқи тилдан бошқа ҳеч вақо йўқ.
Аммо у савдо агенти эмасди. Билмадим, эҳтимол, ҳақиқатан ҳам унда тилидан бошқа ҳеч қандай қурол бўлмагандир. Лекин ҳамма гап бу қуролдан қандай фойдалана билишда. Чунки мен ҳам табиатимга кўра бир коса сувда чўкадиганлар тоифасиданман. Айниқса, ўша кунги ҳолатимда ўзимни йўлбарс қилиб кўрсатишга ожиз эдим. Агар менда йўлбарсга хос бирор нарса бўлса ҳам бу – ҳаяжондан сарғайиб кетган юзим ва паришонхотирлик сабаб ечишни унутган устимдаги йўл-йўл пижама эди.
Нимасини айтасиз! Кўнглимга чироқ ёқса ёримасди. Ўтириб, ҳаяжон билан кутардим. Букчайиб, бошимни елкам ичига тортиб, ёвуз даракчи пайдо бўлиши ва бахтсиз ҳодиса рўй бериши керак. Ер парчин бўлганман, бундай ҳолатда менга бас келиш учун бир қарич тил ҳам кифоя эди. Ёввойитабиат меҳмон бу ожизлигимдан усталик билан фойдаланиб қолди.
Ҳаммасининг ақл бовар қилмайдиган даражада бир-бирига тўғри келиб қолганига ўласизми? Жўрттагами? Тасодифанми? Йўқ, албатта, бу ўзи шунақа режалаштирилганди. Радиода ракетанинг Марсга юмшоқ қўнганлиги тўғрисида шошилинч хабар учинчи бор эълон қилиниши биланоқ кираверишдаги қўнғироқ жаранглади ва юрагим “шиғ” этди, ўтда кўйган қуш боласидай питирлаб кетди.
Мен нафас олмай тинглардим. Меҳмонхонанинг сурилиб очиладиган эшиги товуши… Хотинимнинг йўлакчадаги одимлари… Кейин минғир-минғирлар… Хотиним эшикни тақиллатмай хонамга бош суқди ва менга тикилганча танбеҳ оҳангида гап қотди:
– Анави ерда сени сўрашяпти, марсликлар тўғрисида бирон гап…
Буёғи нима бўлади? Мана, ҳозир ёзяпман. Лекин нимага умид қилиб бўлади? Биринчидан, ушбу битиклар қандай қилиб сизнинг қўлингизга тегишини тасаввур ҳам қила олмайман. Агар қўлингизга тегса ҳам, сиз уларни телбанинг алжираши, деб ўйлайсиз. Шундай фикрга келишингиз аниқ. Агар бу битиклардан бири диққатингизни тортса-чи? Бунга умид қилиш қийин, балким, бечора масхарабоз устидан куларсиз… Начора, менинг бундан буён ҳам бунақанги беҳуда азобларни тортаверишга тўғри келади. Шу тарзда ҳеч қутула олмаган кўнгилчанглигим жазосини оляпман. Менга душманмисиз ёки хайрихоҳмисиз билмадим, бироқ ноиложман.
… Бу битиклар мен каби ОДАМнинг – ҳар бир қомус назарда тутадиган, ҳар бир инсон тушунадиган ОДАМнинг қўлига тушишини илтижо қиламан!..
Аслини олганда, ниятларим рўёбга чиқиб, бу битикларни ОДАМ ўқиётган бўлса ҳам, фақат шунинг ўзи уни менга хайрихоҳ қилишимга кифоя қилмайди. Мен тушиб қолган аҳвол нафақат ниҳоятда ғайритабиий, балким, ҳатто бемаъни. Майли, бахтимга сиз ОДАМ бўлсангиз ҳам барибир тасаввурингиздаги ОДАМ бўлишимга шубҳаланмоқдаман.
Қийшиқ кўзгу ҳамиша қийшиқ кўрсатади. Қийшиқ кўзгудаги тўғри тасвир мантиққа путур етганидан дарак берган бўларди. Эҳтимол, Евклид кенглигидаги қаерлардадир ўзаро параллел чизиқлар параллел бўлмай қолар, лекин ҳаётимиз воқелик доирасида кечганидан кейин…
Ҳа, етар. Ўзимни ортиқча оқлаш фақат шубҳани кучайтиради ва мени ноқулай аҳволга солади. Хоҳлаганча ўзимнинг соғлом фикрли эканлигим билан мақтанчоқлик қилаверишим мумкин – бунинг заррача фойдаси йўқ. Ҳозирча сизнинг қийшиқ кўзгуни қийшиқ деб тан олишингиз мен учун етарли.
Айтайлик, масалан сиз. Агар сиздан чиндан ҳам ОДАМ эканлигингизнинг ашёвий далилларини кўрсатишларини талаб қилганларида… аччиғингиз чиқиши ёки кулиб юборишингиз аниқ. Бу тўғри бўларди. Одамнинг одам эканлиги аввал бошдан исбот талаб қилмайдиган нарса. Худди параллел чизиқлардек. Теореманинг аксиомадан фарқи шундаки, уни исботлаб бўлмайди. Қоннинг таркиби, рентген ва шу каби нарсалар – фақат даставвал аксиома бўлгандагина маънога эга бўлган хусусиятлар, холос.
Энди эса оғизда бирон тушунтириш мантиқан қабул қилин-майдиган телба судни тасаввур қилиб кўринг. Суд телба, лекин шу қадар мурасасоз эмаски, гуноҳини фақат оғизда инкор этгани учунгина айбсиз деб эътироф қилсин. Масалан, сизни гумондор сифатида судга тортишди, судьяларни эса фақат қўл билан ушлаб кўрса бўладиган далиллар ишонтира олиши мумкин.
… “Тасаввур қилинг”, – дейман мен. Йўқ, бу сиздан менинг адвокатим бўлишни илтимос қилиш мақсадида айтилмаяпти. Бироқ, пешонангизга шу ёзилган бўлса, унда бунинг адолатсизлик эканлигини тўла ҳис этиш учун сизга ҳам шу азобларни тотиб кўриш насиб этсин!..

2

Энди эса, сизнинг иродангизга бўйсунган ҳолда ҳикоямни давом эттираман. Шундай қилиб, хотиним кириб келиб, меҳмонимнинг мақсадини худди танбеҳ бергандай маълум қилди:
– Сени кўришмоқчи, марсликлар тўғрисида бирон гап…
Соғлом ақл доирасидан ташқаридаги фантастик хабар, шундай эмасми? Сиз, афтидан, бусиз ҳам шўр пешоналик оқибатида уқубатда бўлган мендаги қаҳр-ғазаб вулқонини кутган бўлсангиз керак. Агар сиз мени беш қўлдек яхши билсангиз, худди шуни кутган бўлар-дингиз. Лекин бирон вулқон отилмади. Мен фақат индамасдан хотинимга қарадим. Бироз вақт биз бир-биримизга худди судхўр отилиб қарзини талаб кирган қарздорлардек қараб турдик.
Маълум маънода аслида ҳам шундай эди.
Одатда одамлар чеҳрасида касбий манфаатдорлик ўз аксини топади. Худди шундай ҳол мен билан ҳам рўй берганди… Бундан буёғига ўз ишларим ҳақида ҳикоя қилишимга тўғри келади. Ўзгалар учун бундай нарсалар зерикарли туюлади, аммо мазкур ҳолда манфаатдор шахс ўзимман, шунинг учун илож қанча. Ишларим эса ниҳоятда ачинарли эди.
Шуни айтиш керакки, мен радиокомпаниялардан бирида драматург сифатида якшанба кунлари соат ўн бирдан ўн икки яримгача эшиттириладиган “Салом, марслик!” доимий дастурини олиб борардим ва бу барча даромадларнинг ярмидан кўпроғини келтирарди. Саъй-ҳаракатларим натижасида муайян муваффақиятга эришгандим – кунига тингловчилардан камида йигирматагача хат олардим. Шу тарзда деярли икки йил давомида тирикчилигимизни таъминлаётгандим… Бироқ бу ракета Марсга йўл олиши билан ҳамма нарса мутлақо ўзгариб кетди.
Илк бор бу ўзгаришни аввалги ойнинг ўрталарида ҳис этдим. Ўша пайтда ракетанинг орбитадаги ҳаракатига аниқлик киритилганлиги ва кун тартибида ракетани учириш натижалари турганлигини маълум қилишганди. Ана шу кунларнинг бирида таҳририят бўлимининг мудири коридорда йўл-йўлакай шундай деб қолди:
– Эндиликда ҳазилларингизни бевосита марсликларга эшиттираверишингиз мумкин….
Умуман олганда, бу гапда бирор муҳим нарса йўқ эди. Ва агар гап оҳангига қараб мулоҳаза юритилса, унда бирон яширин маъно сезилмасди. Шунга қарамасдан бу гап компаниянинг дастуримга нисбатан ҳақиқий ниятлари қанақа эканлигини англатарди ва нафсониятимга ёмон тегди.
Аслини олганда, бундай намойишлар такрорланмади. Лекин уйғонган хавотирни тинчлантириш осон эмас. Мен дафъатан авваллари чумчуқларнинг эрталабки чирқиллашидек бетўхтов эшитиб турадиган, бир-бирига зид бўлган аралаш-қуралаш танқидий мулоҳазалар, кўрсатмалар, маслаҳатлар қулоғимга чалинмай қолганлигини пайқадим. Режиссёрим кутилмаганда ўта муросасоз бўлиб қолди, мен навбатдаги эшиттиришни тайёрлашда кечикаётганлигимни ва бошқа қусурларимни умуман эслатмай қўйди ва ҳамма нарсада фикрларимга қўшила бошлади. Шубҳасиз, мени шафқатсиз ҳукм кутаётган ва унда қай тарзда бўлмасин, кимнингдир қатъий иродаси акс топаётганди.
…Аммо осонликча таслим бўлмоқчи эмасдим. Бу хусусда менинг ҳам ўз иддаом бор эди. Ҳа, юмшоқ қўнишга мўлжалланган ракета, афтидан, аввалги кузатувчи ракеталардан сифат жиҳатдан фарқ қиладиган янгилик эди. Ҳа, унинг ёрдамида Ернинг забт этилмаган Марс сиртига қўл теккизиши кутилаётганди. Мен буларнинг ҳаммасини бирон иккиланишсиз тан олишга тайёр эдим. Бироқ, Марсда юксак тараққий этган ҳаётнинг мавжуд эмаслиги илгари “Маринер–4” томонидан аниқланган эди-ку! Қизил сайёра, сукунат ва ўлим сайёраси, саҳро ва музлаган карбонат кислотанинг қировлари сайёраси… Бизнинг давримизда ким ҳам марсликлар борлиги ҳақида жиддий гапириши мумкин!
Энди мана бу нарса тўғрисида ўйлаб кўринг. Ер юзида, айтайлик, Свифтнинг “Гулливернинг саргузаштлари”га реал асар сифатида қарайдиган биронта китобхон борми? Агар бор бўлса ҳам у, албатта, тасаввури айниган бирон ақлдан озган кимсадир. “Гулливер”нинг фантастикалиги ҳақида баҳс-мунозара қилиб ўтиришнинг хожати йўқ. Худди шунингдек, менинг марслигим ҳам ўзига хос замонавий фантастик қаҳрамон – Гулливердир (агар сиз бирон марта бизнинг дастуримизни тинглаган бўлсангиз, бунга қўшилишингиз шубҳа-сиздир); у одамларни мутлақо бошқа мезонлар асосида баҳолар экан, биз беихтиёр пайқамайдиган кулгили ва бемаъни нарсаларни англатишга ҳаракат қилади. У фантастик қаҳрамон экан, бу мавжуд эмаслигига қарор қилинган марслик бўлмасдан ким бўлсин ва унинг тўғрисида асоссиз тахминлар қилишга не ҳожат?
Шунинг учун агар менга фақат радиокомпания маъмурияти босим ўтказаётганида бу даражада тушкунликка тушмаган ва ушбу кўнгилсизликларга бир амаллаб чора топган бўлардим. Тўғри, фантастика билан воқелик ўртасидаги фарқни ҳеч ҳам англаб етмаётган амалдор биродарлар фикрини ўзгартиришим мумкинлигига ишонишим кулгули туюлган бўларди. Аммо бу биродарларнинг заиф жойи бор эди: яъни, гўёки ҳамма нарсани яккаю ягона мезон ҳал қилиши ва бу мезон – радио тингловчиларнинг хайрихоҳлигига очиқ кўнгиллилик билан ишонч эди. Ва ҳозирча раҳбариятнинг хавфсираши – Марсга йўналтирилган ракета бевосита менинг марслигимни мўлжалга олганлиги ва унга ҳалокатли жароҳат етказиши мумкинлиги тўғрисидаги худбинларча хавфсираши ўзининг аниқ исботини топмагунича ўз фикримда собит қолиш имконияти сақланиб турарди. Агар гўёки аниқ мавжуд бўлган ракета фантастик марсликни йўқ қилишга қодир деб ҳисобласангиз, мағрурланиб мушоҳада юргизган бўлардим. Масалан, нима учун сиз кино экранидан туриб ўқ узаётган пулёмет томошабинни яралаши ёки ўлдириши мумкинлигидан қўрқмайсиз? Ҳа, мен бепарво ва соддадил эдим. Мантиқ бу узоқ давом этиши мумкин эмаслигини шипшитаётганди. Ва тез орада маъмурият кайфиятига ҳамоҳанг равишда радио тингловчиларнинг ғазабли хатлари ва шарҳчиларнинг кинояли шарҳлари ёмғирдек ёғилиб кетди.
“… Шу йил етмиш олти ёшга тўламан. Шифокорлар дам олиш учун менга кундузи бир соат ухлашим кераклигини айтишган. Бироқ, бундай ғайриилмий эшиттиришни тинглаб, худди қиёмат қойим бошланган деган ўйга келдим. Ғазабимни жиловлай олмай қолдим, ҳаяжондан тинчлигим буткул йўқолди, бу умримни қисқартиряпти ва сиздан ўз асарларингизни энг жиддий танқидий кўз билан қайта кўриб чиқишингизни талаб этаман”.
“… Жаноб муаллифнинг фарзандлари борлигини билишни истардик. Бизнинг фарзандларимиз Марс ракетасининг муваффақиятли қўнишини орзуламоқдалар, бу орзу уларнинг қалбларини жунбушга келтирмоқда. Наҳотки “Салом, марслик!” каби эшиттиришлар орқали қаҳрли таҳқирлашлари билан болаларнинг мусаффо қалбларини яралаётганлиги муаллифнинг виждонини ҳеч ҳам қийнамаётмикин? Ягона фарзанднинг онаси сифатида мен сизларга ана шу аксилпедагогик марсликдан тезроқ “Алвидо!” эшиттиришини тайёрлаш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат қилмоқдаман”.
Ҳа, мен тор-мор қилинаётгандим. Одамлар ўртасида ҳазилни тушунмайдиганлардан ҳам аянчлироқлари ва бечорароқлари топилмайди. Улар учун дастуримни эшиттириш маймунлар учун маймунлар циркини кўрсатиш билан баробар эди. Қайсидир муаллифни агар кулдира олмасанг, фақат ўлиш ёки ўч олиш имкониятинг қолади деган сўзларини ўқиганлигим ёдимда… Чин сўзим: агар радиодан пулемётдан отиб бўлганида, бир хуморимдан чиққан бўлардим!
Лекин мен оила боқишим керак: бу, энди хаёлпарастлик эмас, бўлар-бўлмасга тажанглашишга йўл қўя олмасдим.
Ўз ожизлигим оловида қовурилардим, ҳолбуки ракета сониясига ўттиз километр тезликда Марсга яқинлашаётганди ва ракета мавжудлигининг ўзи қўрқинчли тушдек қалбимни вайрон қиларди. Мен боши берк кўчага кириб қолгандим ва чиқиш жойини топиш учун жонсарак эдим. Ўз марслигимга бой берилган мавқесини қандай қилиб яна қайтариб бериш мумкин? Бунинг учун ҳамма нарсага – энг шармандали келишувга, алдовга тайёр эдим…
Ана шундай кунларнинг бирида қайсидир оқшом газетасининг охирги саҳифасида кичиккина хабарга кўзим тушди…

“Кеча кечқурун давлат темир йўлининг Н.бекатида учар ликопчалар билан содир бўлган ҳодиса оқибатидаги ваҳима, ҳамманинг ҳафсаласини пир қилган ҳолда, амалда гап реклама минорасидаги неон ёғдуларининг қуюқ тумандаги жилваси ҳақида бораётгани тўғрисидаги хабар билан ниҳоясига етди. Бироқ, айрим гувоҳлар ёғду мутлақо бошқа йўналишда кўринганини тасдиқлашмоқда ва бугун бекат платформаларида йўловчилар одатдаги бир неча баробар кўп бўлган анқовларга гавжум эди. Айтгандек, ҳатто Америка сенатининг махсус ҳайъати рўйхатга олинган 20014 аниқланмаган учар иншоотлардан аксарияти метеорлар эканлиги ёки турли об-ҳаво ҳодисалари билан изоҳланишига қарамасдан 1021 та ҳолни таърифлашнинг имконияти йўқлигини тан олди. Мамлакатимиз коинотдаги мусобақада орқада қолди ва биз ўзга сайёралардаги мавжудотлар билан биринчи бўлиб мулоқотга киришиш бахтига муяссар бўлганимизда, буни ўзимиз учун катта шараф сифатида қабул қилган бўлардик. Агар учар ликопчалар ҳудудимизга қўнганида, биз ўз хайрихоҳлигимизни ифода этиш учун саъй-ҳаракатларимизни аямаган ва ўзимизни ўйланмаган хатти-ҳаракатлардан қатъиян тийган бўлардик…”
Ва ҳоказо.

3

Чамаси, радиостудиядан электричкада қайтаётган пайтда бу хабарга нигоҳим тушган эди. Дафъатан бутун вужудимни муздек тер босди, ўзимни ҳозир портлаб кетаётгандек ҳис қилдим ва хабарни бошқатдан ўқишга тушдим. Сатрлар кўз олдимда бикфорд симидек1 ёнарди ва мен хабарни ўқиб бўлишим биланоқ кўзни қамаштирадиган даражадаги портлаш рўй берди. Портлаш тўлқини миямга етиб бориши билан ғоям аниқ ва равшан шаклга кирди.
Биринчи бекатдаёқ электричкадан сакраб тушиб, яқин орадаги телефон будкасига отилдим. Эҳтимол, шошқалоқлик қилмаганим маъқулроқ эди. Балким, режамни қоғозга тушириб олиш учун аввал студияга қайтишим ёки уйга шошилишим лозим эди. Нима бўлганда ҳам аввал тактикани синчиклаб ишлаб чиқиш, кейин қўнғироқ қилиш керак эди. Лекин ракета Марсга томон елиб борар, қўниш уч ҳафталардан ҳам олдинроқ бўлиши мўлжалланаётганди, энди ҳамма нарсадан умид узиб бўлгандим ва ич-ичимни тоқатсизлик ўртарди. Аслида гап бунда ҳам эмасди. Мени ажойиб ғоямнинг роҳатбахш юки букиб қўйганди. Тезроқ амалдор биродарларимизнинг бурнига чертиш, хотинимни тинчлантириш, оиламда тотувлик ва хотиржамликни тиклаш эса мени бундан ҳам кўпроқ шошилтираётганди. Зеро, ишончни йўқотган хотинга нисбатан ишончни йўқотган эр уч карра бахтсизроқдир.
Телефон гўшагида золимим, таҳририят бўлими мудирининг овози эшитилганда ўзимни ҳам ажаблантирган қандайдир шилқим оҳангда сўз қотдим:
– Топдим. Ажойиб хийла ўйладим. Кейинги ҳафтада бошлаймиз. Шакл, услуб – ҳамма-ҳаммаси бошқача бўлади…таъбир жоиз бўлса, бир юз саксон даражага бурилиш…
– Тўхта, – у зерикарли пўнг овозда гапимни бўлди. – Дастур тўлалигича сенга ишониб топширилганини биласан-ку…
– Йўқ, сиз олдин эшитинг. Ҳамма нарсани қуйидагича ўзгартирамиз… Лўндаси, масалан… Кириш қисмида бошловчи бизга маслаҳат сўраб йўлланган мактубни ўқиб беради…
– Атрофингда нима гувиллаяпти? Электричками?
– Гувиллаяпти? Балким, бошқа жойдан қайта қўнғироқ қиларман?
– Қулоқ сол, гап ҳарҳолда жиддий, кел, бошқа вақт, шошил-масдан…
– Битта мен эмас, иккаламиз шошилишимиз керак. Ўзингиз биласиз, ракета бизни кутиб ўтирмайди. Майли, бу ҳеч нарса эмас, энди ҳаммаси изига тушиб кетади. Бизнинг марслик қатъий қарши ҳужум билан тарози палласини биз томон оғдирди. Шундай қилиб, бошловчи хатни ўқиб беради… Майли бу, масалан, ибратли оиладаги онанинг астойдил илтижоси бўла қолсин… Ҳозир уни сизга ўқиб бераман.
– Ўқиб бераман? Нима, бу росмана хатми?
– Йўғ-а. Уни ҳозиргина ўйлаб топдим. – Мен бошловчи оҳангига тақлид қилган ҳолда нафас олмай бидирлаб кетдим: — “… Бизнинг турмуш қурганимизга ўн бир йил бўлди. Тўшакдошим ҳамиша бенуқсон инсон, меҳрибон эр, яхши ота бўлган. Бироқ яқинда у хизматдан келиб, учар ликопчани кўрганини айтди. Шундан буён у ана шу учар ликопчадаги одамлардан сигналлар ола бошлади. Уни ҳар гал ўзларига чақирганларида ҳатто тунда ҳам йўлга тушади, уйдан ташқарида неча соатлаб вақтини ўтказган пайтлар ҳам бўлади. Ундан қаёққа боришини сўраганман, аммо у учар ликопчадаги кишилар ман этганларини рўкач қилиб, ҳеч нарса демайди. Хизматида кўнгилсизликлар бўлиши мумкинлигини айтиб, уни ўз хатти-ҳаракатини ўзгартиришга кўндирмоқчи бўлдим, лекин беҳудага ташвишланмаслигимни ва унга ишонишимни, чунки эртами-кеч учар ликопчадаги кишилар ҳукумат билан музокара бошлашлари ва ўшанда эримни музокара олиб борадиган ҳайъатда муҳим лавозимга тайинлашларини айтди. Шунга қарамасдан жуда ташвишдаман ва кўпинча кечалари уйқум келмайди. Энди эса у менга кўз олайтира бошлади ва унга ишонмас эканман, сен билан ажрашаман деб дўқ қилиш йўлига ўтди. Балким эрим ақлдан озгандир? Яна, илтимос, бу учар ликопчалар ҳақиқатан ҳам мавжудлиги тўғрисида гапириб берсангиз…”
Менга симнинг нариги тарафида турганлар майингина жилмайишганга ўхшаб туюлди. Руҳланган ҳолда кўкрагимни ҳавога тўлдириб давом этдим:
– Бошловчи ўқишни тугатиб, студияга мактуб эгаси, шунингдек биз маслаҳатлашган бир нечта мутахассисларни таклиф этганимизни эълон қилади. Улар бир нечта савол бериш истагини билдирадилар… Майли, улар, масалан, руҳшунос шифокор, фантаст ёзувчи, астроном, учар ликопчаларни ўрганиш бўйича қўмита аъзоси, Ташқи ишлар вазирлиги ходими бўла қолсин… улар қанча кўп бўлса, шунча яхши…
– Уларнинг ҳаммаси, албатта, сохта кимсалар бўлса керак?
– Йўқ, мутахассислар ҳақиқий бўлганлари маъқул. Сизга ҳали ҳамма нарса аввалгиларига қараганда мутлақо бошқача бўлишини айтдим-ку… Қисқа қилиб айтганда, бизнинг бутун умидимиз бундан буёғи ҳамма учун ўта қизиқарли бўлишида. Тассаввур қилинг-а, тиллари бурро бўлгач, бу ёғи ҳам қойилмақом бўлади-да! Аммо дастурнинг ҳақиқий “михи” олдинда. Бизнинг дўстларимиз яъни мутахассислар ўртасидаги баҳс тингловчиларни кулдира бошлаганида суҳбатга яна бошловчи аралашсин. Яъни, кечирасизлар, биз ҳозиргина жуда қизиқ хабар олдик. Бу ҳозир даврамиздаги хоним томонидан ёлланган хусусий изқуварнинг маълумоти… Хоним, агар сиз эътироз билдирмасангиз, ҳозир бу маълумотни ўқиб эшиттирсак. Мактуб эгаси бир сониялик довдирашдан кейин ийманибгина розилик билдиради. Шунда бошловчи ҳамманинг эътиборини тортганча изқувар маълумотини ўқиб эшиттиради… Нима деб ўйлайсиз, бу нима ҳақидаги маълумот?
– Мен қаердан билай…
– Маълум бўлишича… – мен сермаъно тин олдим. – Маълум бўлишича, бу воқеага аёл аралашган!
– Аёл?
– У безбетлик билан хотинини алдаб келган. Учар ликопчадаги кишилар бир баҳона бўлган… аслида у бошқа хотинга илакишиб юрган.
Мен гапимни тугатдим ва нафасимни ростладим. Мен ана-мана қулоғимга маъқулловчи кулги эшитилишини кутардим. Бироқ кулгидан дарак йўқ, фақат нимадир шитирларди. Ташвишланиб, суҳбатдошим жойида эканига ишонч ҳосил қилиш учун оғзимни очмоқчи бўлгандим, шу заҳотиёқ у:
– Ижозат берсанг, бош қаҳрамонинг қаерда қолди? Марслигинг қани? — деб қолса бўладими.
Бу аҳмоқона оҳанг хоҳлаган кимсани гангитиб қўйиши мумкин эди, лекин альпинизмнинг сири ҳеч қачон пастга қарамасликда. Мен ҳеч нарсага эътибор бермасдан, ҳужумни танлаган тактикага мувофиқ давом эттиришга қарор қилдим.
– Ҳамма гап шунда-да. Аслини олганда, сизга шунинг учун ҳам қўнғироқ қилмоқдаман. Ҳа, марслик ғойиб бўлди… аниқроқ айтсам, фотография негативидек астарини ағдарди… Шунинг учун, ўзингиз тушунасиз, дастуримизнинг номланиши энди алдамоқда. Табиийки, номни ўзгартиришга тўғри келади. Мен бу ҳақда ўйлаб кўрдим ва “Алвидо, марслик!” номини таклиф қиламан. Сиз қандай фикрдасиз?
– “Алвидо, марслик!”?
– Ҳа. Менимча, бир қадар муваффақиятли, шундай эмасми?
– Эҳтимол… Билмадим, балким, муваффақиятлидир…
У гапимга кирганга ўхшади. Танглик юмшади ва мен аввалги босимимни пасайтириб давом этдим:
– Биз тажрибамиздан одамлар ҳазилни ёқтирмаслигини биламиз. Марслик чиппакка чиққан ҳазил бўлди. Мен ўзимга: чиппакка чиққан бу ҳазилни бошқатдан саҳнага олиб чиқишга уриниб кўришга ким халақит беради, дедим.
– Ҳа, бу ҳақиқатан ҳам гўзал! – мудир ниҳоят ҳамма нарсанинг тагига етганидек бирдан жонланиб кетди. – Қара, бу ҳақиқатан ҳам чакки эмас! “Салом, марслик!” дастурининг сўнгги эшиттиришини бу қадар безаш – ноёб ғоя! Биз ботаётган юлдузга лой чапламаяпмиз, биз уни муносиб кузатяпмиз, ишонаманки, бизнинг бу ҳиссиётларимиз муносиб баҳоланади.
– Сиз мени тушунмабсиз! – ўзимни йўқотиб қўйган ҳолда қичқирдим мен. – Сўнгги эшиттириш деганингиз нимаси? Ахир бу фақат бошланиши-ку! Биз фақат дастурни “Алвидо, марслик!” деб атаймиз ва уни янги номга мувофиқ давом эттирамиз… Мен ёвузликни эзгуликка айлантирмоқчиман, тушуняпсизми? Шунинг учун…
– Аҳмоқгарчилик, – гапимни бўлди у худди мени четга суриб қўяётгандек. – Сен жуда кўп нарсани истайсан. Ишларнинг умумий аҳволи тўғрисида гапирмай қўя қолай, аммо шундоққина номланиш-ни ўзгартириш – бизнинг бутун ёруғ дунё олдида ўзимизга ишонмас-лигимизни тан олишни англатади. Наҳотки сен буни тушунмасанг? Биласанми, эфир ҳар ҳолда умумий мулк ҳисобланади. Бундай лоқайдликка йўл қўйиб бўлмайди. Қолаверса, наҳотки сенда ўз қадр-қимматинг ҳисси бўлмаса?
– Ўйлашимча, шунга ўхшаш нарса бор. Шундай бўлса ҳам номни ва услубни ўзгартириш, албатта, дастурнинг асосий руҳини ўзгартиришни билдирмайди… Аввал-бошдан мени ердаги одам муаммолари қизиқтирган, ҳар қандай марслик эса воситадан бўлак нарса эмасди…
– Жуда унчалик бўлмаса керак. Ҳатто одамсиз қутб ҳам тасаввурга таъсир кўрсатадиган қандайдир жозибаларга эга. Марсга келганда эса, майли, у нақадар ҳувиллаган, кеккайган, манфур бўлмасин, шунчалик жумбоқли ва сирлики, буни фақат сенга ўхшаган олифталар инкор эта олади.
– Сиз гапимни яхши тушунмаяпсиз…
– Қисқаси, гап бундай. Мен бўлим раҳбари сифатида дастур номини ўзгартиришга рози бўлолмайман.
Навбатини кутаётган ёшгина аёл жаҳли чиқиб, телефон будкаси ойнасини чертарди. Унинг елкаси оша менга сочи ўсиқ киши норози қиёфада ўқрайиб турарди.
–Кечирасиз, бир дақиқа кутиб туринг… Мен автоматдан қўнғироқ қилаётгандим, бу ерда навбат кутиб қолишди, шунинг учун ҳозир бошқа жойдан қайта қўнғироқ қиламан…
– Йўғ-е, нима кераги бор, келинг, шу билан гапга нуқта қўяйлик, – бепарвогина эътироз билдирди у. – Айтгандек, Марс – Ой эмас, шунинг учун техник сабабларга кўра муваффақиятсизлик эҳтимоли кўпроқ, тўғрими? Шундай экан, Марс ракетасининг қўниши муваффақиясизликка учрайди деб шубҳа билдириб қола-верамиз…

4

Мен уйқудаги йўлбарсни безовта қилгандим. Мен қаттиқ камситилгандим, энди қарши ҳужумни давом эттиришдан маъно йўқ эди ва фақат бу ярамас ракетанинг муваффақиятли қўнгани ҳақидаги хабарни интизорлик билан кутишдан бошқа илож қолмаганди.
Аммо бу хабар том маънода мени ларзага солди. Вужудимни эгаллаган ўкинч ва камситилиш ҳисси деярли йўқолиб, ўрнини бутунлай парокандаликка бўшатиб берди. Шошилинч хабарларда “Барча аппаратуралар меъёрида ишламоқда!” деб такрорланар ва ҳар гал кўз олдимда хаёлан бу ракета – оддий механизм эмас, балки инсон тафаккури маҳсули эканлиги гавдаланарди. Бир неча ой давомида у ўзининг қоп-қора сояси билан сайёранинг улкан кенгликларида яшайди ва Ерга маълумотлар жўнатиб туради. Ҳа, бу ашёвий далил олдида менинг марслигим бўм-бўш ва сохта кўланка эди. Хаёлий қўрғоним худди арвоҳ сингари эрталабки қуёш шуъласи билан ғойиб бўлди ва бунда анқовларнинг эмас, бевосита менинг тасаввуримнинг ночорлиги асосий роль ўйнади. Сўнгги дақиқагача мен енгилганимни тан олишга журъат эта олмадим ва мана, қақшатқич мағлубиятга учрадим. Марслигим эмас, ўзим ўлдирилган эдим.
Энди эса радиокомпания эртами-кеч юбориши керак бўлган ҳукмни кутардим. Шунинг учун ҳузуримга кимдир келиб, марсликлар ҳақида гаплашиб олмоқчи эканлигини айтишганида, табиийки, мен бу студиядан юборилган вакил деган хаёлга бордим. Менга ҳамма нарса равшан эди. Ҳамма нарса менинг энг заиф жойимга кутилмаган зарба берилишидан далолат берарди.
Хотиним қатъийлик билан такрорлади:
– Уни сени олдингга олиб кирайми?
– Балким, бу режиссёрдир?
– Йўғ-е, унга ўхшамайди.
– Бўлим мудири ҳам эмасми?
– Мен уни ҳеч қачон кўрмаганман…
Мана шу жойда мен сергак тортишим керак. Студияда аввал телефондан огоҳлантирмасдан олдимга қандайдир кўримсиз, менга нотаниш бўлган хизматчини юборишдек сурбетликка боришмагандир… Лекин иродам синдирилганди, хунук хабарлар кутаётгандим ва бутунлай мадорим қуриганди. Ҳадик ортгандан ортиб борарди.
– Майли, унинг олдига ўзим чиқаман.
Хотинимнинг нигоҳига тўқнаш келмаслик учун ўрнимдан турдим. Ҳозир бошимни кундага қўйгани олиб борилаётган мақтул ҳолатида эдим. Ракетага лаънатлар ўқидим…
– Ўзингни қўлга ол, – деди хотиним.
У буни мутлақо хотиржам ҳолда айтди, бироқ мен буни уқувсизлигим учун айблашаяпти деб тажанглашдим.
– Нимани қўлга олишим керак? – дедим. – Марсликни қайсидир АВ–4 сайёрасида яшовчи билан алмаштириб қўяман, холос.
– Мен фақат, ўзингни қўлга ол дедим, чамаси… Бу хонадаги деразаларни очсак яхши бўлармиди.
– Кераги йўқ.
– Тамаки тутунидан кўз ачишиб кетяпти. Нима, сен марслигинг жанозасини қиляпсанми?
– Марслигимни эмас. Ўзимникини.
– Ажаб бўлсин. Лекин меҳмоннинг ҳам кайфиятини бузишнинг сира ҳожати йўқ.
– Менга энди ҳеч нарса ёрдам бера олмайди.
Чекиб тугатилмаган сигаретани тўла кулдон четига босиб ўчириб, ўз-ўзимга: “Марсликларнинг афти қурсин!” дедим-да, хонадан чиқдим. Шу он телефон жиринглаб қолди. Студиядан бўлса керак, деб ўйладим. Демак, ҳаммаси тахмин қилганимдек. Фақат огоҳлантирувчи қўнғироқ кечиккан ёки вакил эртароқ келган.
– Ҳозир чиқаман, – дедим мен телефон гўшагига қўл узатар эканман. – Илтимос, меҳмонга айт, бироз сабр қилсин.
Эшик ёпилиши билан гўшакдан қулоғимга ёш аёлнинг шошқалоқ овози урилди:
– Алло, сэнсэй2 , сиз билан марсликлар тўғрисида гаплашмоқчи бўлган одам олдингиздами? Эркак киши… У, билсангиз, эрим.
Антиқа-ку. Мен бутунлай бошқа нарсани кутаётган эдим.
– Кечирасиз, сиз студиядан қўнғироқ қиляпсизми?
– Студиянгиз нимаси? Мен у – эрим деяпман. Гап шундаки, у гумонсираш хасталигига чалинган.
– Гумонсираш… Яъни, у ақлдан озганми?
– У, сэнсэй, сизнинг “Салом, марслик!” дастурингизнинг ашаддий ихлосманди. Бу яккаю ягона сабаб деб ўйламайман, албатта, лекин ҳақиқатдан ҳам кўз юмиб бўлмайди, у ўзининг марслик эканлигини калласига жойлаб олган… Ҳарҳолда у биронта эшиттиришингизни ўтказиб юбормайди, фақат сизнинг дастурингизни тинглайди ва бошқа нарсани истамайди. Устига-устак ракета тўғрисидаги бугун эрталабки хабар… Бундан у жуда ҳаяжонланиб кетди ва эрталабдан бери сиз билан албатта гаплашиб олиши кераклигини уқтиргани-уқтирган…
– Қаранг-а, телба… – содали сувни тўйиб ичгандаги аччиқ нарса томоғимга тиқилди.
– Ҳа, унинг касалхонадан чиққанига атиги уч кун бўлди.
– Тўғри, ақлдан озган бўлсанг ҳам каллангга ўзингнинг марслик эканинг келиши яхши эмас, – вужудимни силкитиб, қаҳ-қаҳ уриб кулмоқчи эдим-у, лекин менга бунинг ўз ҳолимга кулганимми ёки қаттиқ жаҳлим чиққаними билолмаётгандим. – Огоҳлантириб қўйганлигингиз учун, раҳмат. Ҳақиқатан ҳам қандайдир нусха олдимга келибди. Бироқ сиз ташвишланманг, дарров унинг кавушини тўғрилаб қўяман…
– Нима деяпсиз, бунга йўл қўйиб бўлмайди! – қичқирди у гўшакка ва гўшак мембранаси худди газета варағини қоқ иккига бўлиб йиртгандек шариллаб кетди. – Бу жуда хавфли! Ахир эрим ниҳоятда тўполончи…
Унинг товуши шу қадар самимий, шу қадар муҳаббат ва хавотирга йўғрилган эдики, мен каловланиб қолдим.
– Ундай бўлса… қандай қилиб уни касалхонадан қўйиб юборишди?
– Рағбат жуда кучли бўлган. Бу – ўша ракета. У ўзини жуда юввош, хотиржам қилиб кўрсатган… Аммо сиз ҳаяжонланманг, агар унинг жаҳлини чиқаришмаса, ҳеч қачон тўполон кўтармайди. Сиз фақат унинг гапларига қулоқ солинг ва ҳаммаси жойида бўлади. Ўзи ҳам ниҳоятда беозор ва қобил одам. Сўзларига эътибор беришмаётгандек туюлсагина, иш пачава бўлади. Шунинг учун ташвишланманг. Мен ярим соатдан кейин олдингизда бўламан. Касалхонага ёки полицияга қўнғироқ қила кўрманг, акс ҳолда шундай тўполон кўтарадики, кейин уни тўхтата олмайсиз. Мендан бошқа ҳеч ким унга бас кела олмайди. Аввалги гал арзимаган нарсага ғазаби қўзғаганида уни тинчлантириш учун уч нафар жуда бақувват эркак керак бўлди. Шунда ҳам санитар машинаси қайтиб кетаётганида бир эркакнинг бармоғи синди, иккинчисининг пешонаси уч жойидан лат еди, учинчиси учта тишидан ажради. Сиз унинг кўринишига қараб янглишманг, у ниҳоятда кучли. Хуллас, унга гўлдек қулоқ солинг ва у мамнун бўлади… Ўтиниб сўрайман, атиги ўттиз дақиқа!
У менинг жавобимни кутиб ўтирмасдан гўшакни қўйиб қўйди. Ана томошаю мана томоша! Меҳмон студиядан эмаслигини билганимда енгил тортгандим. Лекин ақлдан озган ихлосманд – каминалари учун малҳам бўлса ҳам ўлгудай кучлиси экан. Вужудимда умидсизлик, ғазаб, довдирашлик аралаш-қуралаш бўлиб, мени аёвсиз қийнарди. Мен узоқ вақт телефон гўшагига сеҳрлангандек қараб қолдим, ундан яна қандай садо чиқаркин, билмадим.

5

– Эшигимиз олдидаги нусха студиядан эмас экан.
– Унда ким экан?
– Анавилардан. – Мен пешонам олдида кўрсаткич бармоғимни айлантирдим. – Менинг ихлосмандим.
– Қувонадиган жойи йўқ.
– Ҳа, яхши эмас. Айтганча, уни менинг ўрнимга сен қабул қилсанг-чи?
– Шу тентакни-я?
– Ахир мен фикрларимни жамлаб олишим ва тайёрланишим керак…Студиянинг вакили эртами-кеч – барибир келади.
– Тақдирга тан бермаяпсанми?
– Мен қўлимдан келган ҳаммасини қилишим керак… Бизникига келган нусха эса бунинг устига тўполончилардан экан.
– Фақат шу етмай турувди! – Бирданига унинг жаҳли чиқди. – Нима сен менга ақлдан озган тўполончи билан бир-икки соат ўтириб тургин демоқчимисан?
– Гапимни тушунмадинг. Агар жим қулоқ тутиб, гапини бўлмасанг, ўзини мўмин-қобил тутади. Бундан ташқари, менга ўттиз дақиқадан сўнг уни олиб кетгани келишга қатъий ваъда беришди…
– Шундай экан, ўзинг ўтирабер. Менсиз.
– Бунга кўпроқ сен тўғри келасан. Сен ўзингнинг аёллик нафосатинг билан уни юмшатасан.
– Ёлғон ҳам эви билан-да. Қолаверса, у менинг эмас, сенинг ихлосмандинг.
– Гапимни эшит, ҳозир ихлосмандлар билан пачакилашиб ўтирадиган вақт эмас. Бунинг устига у ўзини марслик деб ҳисоблаётган экан.
– Ҳали марслик ҳам дегин?! – У беҳаёларча қаҳ-қаҳ уриб юборди. – Айтдим-а, пешонасининг ўртасида учинчи кўз ниш отаётгандай деб…
– Бу куладиган нарса эмас. Ахир бироз ҳамдардлик ҳам кўрсатиш керак-ку. Агар унга дўстона муносабатда бўлинса, қизиқиш, руҳий яқинлик кўрсатилса…
– Бир умр шунга орзуманд эдим! Сен менга умид қилишга журъат этдингми… Йўқ, азизим, нима эккан бўлсанг, шуни ўрасан.
Хотиним шундай дея дарҳол чиқиб кетди. Эҳтимол, сиз ғазаб оташидадирсиз: хотинлар қамал қилинган қалъада ўзларини шундай тутишлари керакми? Бироқ ҳаммасига ўзим айбдорман-ку. Мен аввал- бошдан таслим бўлишга рози бўлдим, аввал-бошдан хотиним олдида ишончни йўқотдим. Сиз бунга шубҳа қиляпсизми? Аммо мен фожиамни бир чақага арзимайдиган ҳазилга айлантирган телбага хотинимни қалқон қилмоқчи бўлдим. Бунинг учун эрлар кечирил-майдилар. Ҳа, чиндан ҳам елкамга оғир заҳмат ортмоқланди. Бемаъни фикрларга берилиб, вақтни чўзар эканман, эшик томондан илдам одимлар эшитилди. Мен телефондаги мулоқотни эсладим ва титраб кетдим. Агар меҳмонимни қутуриш даражасига келтирсам, ҳеч бир камситишлар менга унингдек зиён келтира олмайди. “Экканингни ўрасан” мақолини хотиним ўйлаб топгани йўқ, бироқ ҳозир ҳеч қандай эътирознинг мавриди эмас… Демак, жилпангламаймиз ва марсли-гимизнинг арвоҳига “салом” деймиз!
Келган киши даҳлиздаги чироққа орқа қилиб, хиёл букчайиб, икки қўли билан қора чарм портфелни кўкрагига босиб турарди.
Юзи чироққа тескари бўлганидан уни тузукроқ кўра олмадим, лекин чеҳрасида фақат уй жиҳозлари билан савдо қилувчи агентларга хос майин табассум жилва қилиб турарди. Аммо фланель костюмининг бичими ва ранги савдо агенти учун бир қадар нафис ва ялтироқ эди.
У паст бўйли ва кенг яғринли одам эди. Эҳтимол, у эси оққан тўполончидир, лекин унинг қиёфасида бирон-бир қўрқинчли нарсани пайқамадим. Унинг рафиқаси билан телефонда сўзлашганимдан кейин кўз олдимга келтирган у даҳшатли қиёфа ҳам йўқ. Енгил нафас олганимни кўриб у паст, ҳаяжонли товушда деди:
– Сизни кўришдан нақадар бахтиёрман, сэнсэй!
Сўнг у қийшайиб, мен томон бурилди ва қиқирлаб кулди. Бу кулги менга ёмон таъсир қилди ва бир қадам ортга чекиндим, у эса бидирлаб кетди:
– Мен дастурингизнинг мухлисиман, сэнсэй. Бу яхши, аъло даражадаги ибратли эшиттиришлар. Бугун мен сизга мислсиз ашёни тавсия этишга қарор қилдим, сэнсэй… Чин сўзим, бу ҳақиқатан шов-шув бўладиган ашё, айни сизнинг дастурингизга мўлжал-ланган!
У буни тин олмасдан тариллатиб гапирди, айни вақтда жилпанглаб қиқирлашнинг ҳам уддасидан чиқди. Қаранг-а, наҳотки у бутун ўттиз дақиқа давомида ўзини шундай тутса? Ҳозирнинг ўзида бундан нафасим бўғзимга келганди.
– Шундақами? – ўзимни гўлликка солдим.
– Йўқ, менга миннатдорчилик билдирманг. Мен мухлисингизман ва сизга нафим тегадиган бўлса, шунинг ўзи менга кифоя. Чин сўзим!
– Ростдан-а?..
– Чин сўзим, таъмагарликдан асар йўқ, асло бундай эмас! Сиз фақат менга ишонинг, рост, бошқа менга ҳеч нарса керак эмас…
– Мен сизга ишонаман, албатта. Сизга миннатдорчилик ҳам билдираман. Чин қалбдан.
– Отангизга раҳмат? – У бошини ёнига эгиб, кулиб юборди. – Мен эса сиз жуда таажжубланасиз деб ўйловдим.
– Ҳечқиси йўқ, ташвишланманг. Ҳар ҳолда тажрибам катта, эндиликда мени бирон нарса билан ҳайрон қолдириб бўлмайди.
– Ростданми? У ҳолда мен сизга тўғрисини айтаман… – У тилининг учи билан лабларини ялади ва бесўнақайлик билан портфелини қўлтиғига суқди. – Гап шундаки, мен қандайдир оддий одам эмасман. Мен марсликман.
Ўйлаб ўтирмасдан:
– Э-ҳа, шунақами?…– дедим мен ўша алфозда.
Гўё чироқ ўчирилгандек бирдан унинг юзи мурдадек оқариб кетди.
– Эҳ, жин урсин! – хатойимни англадим мен, аммо ғишт қолипдан кўчганди.
– Таажубланарли… – деди у ғамгин, синиқ овозда. – Сиз ҳечам ажабланмадингиз.
Саросима ичида хатомни тўғриламоқчи бўлдим, бироқ аҳмоқона бир жумла билан ишнинг буткул пачавасини чиқардим.
– Бўлмаса-чи… Ҳайрон қолдим, албатта… Мана, сиз марсликман деяпсиз ва мен қотиб қолдим…
– Ҳа, тушунарли… – У ўша ўликтус юзи билан нигоҳини қути қопқоғини силаётган бармоқларига қадади. – Фақат, билсангиз, тик турган ҳолда гаплашиш мен учун ўнғайсиз. Ҳар ҳолда Ерингизда тортиш кучи Марсдагига қараганда анча катта. Бу ерда биз дарров чарчаб қоламиз. Балким сиз менга хонага киришга ижозат берарсиз?
 Шундай деяр экан, у гавдаси оғирлигини бир оёғига ўтказди ва енгил нафас олди. Жуда нозик психологик усталик. Унинг ўз башарасини чаққон бошқариши менда қандайдир ҳушёр туришга, ҳар дақиқада ташланиб қоладиган йиртқич ҳайвонни эслатди ва мен жуда қўрқиб кетдим. Эҳтимол бунинг сабаби ўша телефондаги суҳбат бўлса керак.
– Албатта, албатта… Марҳамат… – минғилладим мен.
Кутилмаганда у аввалги оҳангига қайтди.
– Майлими? Бу – ажойиб!
У эгилиб, пойафзали ипларини еча бошлади. Вужудим таранг-лашиб, йўлакда у ёқдан-бу ёққа юра бошладим. Мен телба билан суҳбатлашиш ақлли одамлар иши эмас, ҳамсуҳбатингнинг гапларига қачонгача “лаббай” дерканман дея кўнглимдан ўтказдим. Ва мен ўзимга хос тарзда эътироз билдиришга жазм этдим.
– Хотин! – бақирдим мен. – Меҳмонга чой олиб кел!
Мен эътироз дедимми?.. Бу қанақасига эътироз бўлсин? Нари борса қаҳрли вайсаш, холос. Вайсаш… Ҳа, бу хотинимнинг ақлдан озган марсликни айбимни юмшатишим учун менга рўпара қилган нодонлигига жавобан вайсаш. Яна марсликка илакишиб, ҳамманинг кўз ўнгида қалби ва танасини нобуд қилган одамнинг ўз-ўзига ҳалокатли вайсаши… Қаранг-а, тағин бу марслик – ўзим яратган хом- хаёллик маҳсули!
Майин кулгу ва майда одимчаларнинг овози келди.
– Эшитдим! Ҳозир…

6

– Марҳамат, бу ёққа, мана бу диванга…
– Йўғ-е, қўйсангиз-чи! – Меҳмоним ўта шошқалоқлик билан орқага тисарилди, сал бўлмаса токчадаги гулли тувакни тўнтариб юбораёзди. – Менга йўлакча ҳам қулай, чин сўзим. Илтимос, овора бўлманг.
У мени кескин четга суриб, эшик ёнидаги стулга интилди.
– Бу стул сизга тўғри келмайди-ку! Нега тортинаяпсиз, тушун-маяпман?!
– Воажаб… – деди у юзимга пастдан туриб боқар экан. – Сэнсэй, сиз нима, мендан қўрқаяпсизми? Худди хоҳлаган пайтда хонадан қочиб қолиш қулай бўлиши учун мени бурчакка тиқиб қўймоқ-чимисиз?
– Бўлмаган гап! – ғазаб билан хитоб қилдим мен, лекин бу қаҳр ҳақиқийликка қарагандан жўшқинроқ эди. Мен бу ниятда эмасдим ва обрўйимни туширмаслик учун сўзимни амалда тасдиқлашдан бошқа иложим қолмаганди.
Шу тариқа хоҳласам-хоҳламасам мен дивандан жой олдим, ақлдан озган марслик эса эшик олдидаги стулни эгаллади.
Деразаларга парда тортилган, чироқ ёғдуси ипак пардалардан меҳмоннинг орқа томонига тушиб турган қуёш шуълаларидан кучлироқ эди. Шунда илк бор унинг юзини кўра олдим. Кутганимдан фарқли равишда унинг юзи иродасиз ва қандайдир беҳол туюларди. Қушникидек узун бўйин, пуфакчалар билан қопланган суякдор ияк, аянчли осилиб турган оғиз четлари, киртайган, тупроқтус лунж, беморларникига ўхшаш уйилган қовоқлар… Аммо у бошини елкаси томон тортиб кула бошлаганида ийманиши бир онда шу қадар сурбетлик билан алмашар эдики, мен беихтиёр кўзимни олиб қочардим.
Вақтни чўзиш учун чека бошладим. Шунда у гўё мўрт мум таёқчани олгандек, эҳтиёткорона ҳаракатлари билан сигаретани эзғилади ва кейин уни тишлари орасига тиқди, сўнг бўшашиб, стулда чўзилиб ўрнашди. У гавдаси оғирлигидан ҳузур қилиб дам олар экан, чуқур нафас чиқарди ва бурниларини шишириб деди:
– Хонангиз ажойиб экан, сэнсэй, бу ер менга жуда ёқаяпти…
Ажойиб хона дегани нимаси! Эски китоб ва журналлар тартибсиз сочилиб ётган бўлса… Қоралама битиклар парчалари ва очилган қалам қириндилари… Кулдон вазифасини ўтайдиган гул туваги ва соч қасмоқлари тўкилган стол… Ҳар кимнинг диди турлича, бироқ бундай такаллуфларга жавоб қайтариш асло шарт эмасди ва мен сукут сақлаб, сигаретамни тутатишда давом этавердим.
– Ажойиб хона, ажойиб хона, ажойиб хона… – у куйлаётгандек буни бир неча бор такрорлади ва бирдан гавдасини тиклаб деди: – Биласизми, сэнсэй, хонангиз нимаси билан менга ёқаяпти? Ҳозир-гидек кайфияти билан, бугунгидек серқуёш кунда пардалар ёпиқлиги билан… Ерликлар учун бу, эҳтимол, ифлос тешикдир, аммо марсликлар учун — айни муддао. Сизнинг Ерингиздаги қуёш биз учун жуда нурли. Лекин сизнинг даҳшатли тортиш кучингиз шунчалик ёмон… Сиз буни худди ҳаво каби пайқамайсиз, албатта, бироқ биз каби бошқа дунёдан келганларнинг танаси учун бу тезлигини кескин ошириб бораётган тезюрар лифтда тургандек гап. Биз тунлари бу лифт шифтни тешиб ўтиб, Коинот бурчагига олиб кетаётгандек тушлар кўрамиз. Даҳшатли ёлғизлик ҳисси пайдо бўлади. Сиз Ерда яшайдиган марсликларда асаб касалликлари ривожланиши муқаррарлигини биласиз. Уларга оёқлари остидаги қаттиқ ер йўқ бўлиб қолгандек туюлади. Охир-оқибат улар очиқ жойдан қўрқадиган бўлиб қоладилар. Мана шунинг учун ҳам ҳозирги муҳитда, бу хонада мен ўзимни яхши ҳис этяпман… Ҳа, сэнсэй, сиз марсликларни аъло даражада тушунасиз…
Қаранг-а, қанақа жиннилар учрамайди, ўйлардим мен, айни пайтда эса унинг ернинг тортиш кучи ҳақидаги ва бошқа фикрларидан ҳайратга тушмасдан илож йўқ. Унинг мулоҳаза юргизиши нозик дид ва нафосатдан холи эмасди. У ўзи, тажрибага суянмасдан шу даражада ёрқин таассуротларни шакллантира олган экан, афтидан марсликлар дунёқараши билан жуда апоқ-чапоқ бўлиб кетган кўринади. Масалан, мен ўз тасаввуримдаги марсликлар орасида узоқ вақт бўлганимга қарамасдан бундай нарсаларга дуч келмаганман. (Агар у менга буларни илгарироқ гапириб берганида, эҳтимол, дастурим учун уч-тўртта қўшимча эшиттириш тайёрлаган бўлардим). Хуллас, у ақлдан озган бўлса ҳам, қойилмақом жинни… Менинг диққат-эътиборим сусайди, холбуки огоҳ бўлишим керак.
У нарсаларни баҳоловчининг хотиржам нигоҳи билан хона бурчакларини кўздан кечирар экан, бирдан менга қараб хуфёна оҳангда деди:
– Нега биз гапни айлантириб ётибмиз ўзи?.. Илтимос, сэнсэй, айтинг-чи, сиз кутилмаган меҳмонларни ёқтирасизми?
– Йўқ, у қадар эмас…
– Шундай деб ўйлагандим. Ҳатто бу хонангиз ҳам сизнинг дилкаш эмаслигингиздан далолат бериб турибди. Сиз аслида босиқ, шубҳапараст, дунёга татийдиган ғамгинлигингизга қарамасдан худбин шахссиз. Мен каби мухлисларни остонангизга яқинлаштиришингиз керакмас, сиз эса кутилмаганда мени ўз хонангизга таклиф қил-дингиз, ҳатто дўстона суҳбатлашишдек илтифот кўрсатаяпсиз. Гапимга қўшилаверинг, бу ғайритабиий эмасми?
– Асло. Касб нуқтаи назаридан мухлис азиз меҳмон ҳисобланади… Бундан ташқари, билишимча, сиз қандайдир шов-шувли ашё олиб келгансиз…
– Шов-шув шундаки, мен одам эмас, марсликман…
– Ҳа-да… Бу, албатта, ақл бовар қилмайдиган шов-шув….
– Мана, сиз яна бемаъни гапларни гапираяпсиз. Ёлғонни тўқиб ташлайверишдан уялмайсизми?
– Сиз нимани назарда тутяпсиз?
– Қандай? Яна қандай? Сиз, мутахассиснинг олдига одам келиб, ўзини марслик деб атаяпти, сиз эса бунга тирноқча шубҳа бил-дирмаяпсиз. Ўзингиз айтинг, бу бемаънилик эмасми? Хўш, гап нимада? Ёки мени майна қилишяптими?
– Сиз жуда ошириб юбордингиз. Қанақасига мутахассис бўлай? Шунчаки радиога ёзиб тураман, у-бу нарсаларга қизиқаман, албатта…
– Аммо ақлдан озмагансиз-ку, жиннимассиз-ку?
– Энди, биласизми… – ғазабим қўзғаганди, лекин шу заҳоти миямга ҳамсуҳбатим тентак эканлиги, агар унинг иғвосига учадиган бўлсам, меҳмоним эмас, мен таъзир ейишим мумкинлиги урилди. Соатимга қараб, атиги беш дақиқа ўтганини кўрдим. Яна йигирма беш дақиқа… Ишқилиб Худо сабр берсин-да, бу тезроқ тугасин. – Бу ҳақда ҳатто газеталарда ёзишади.
– Ҳозир Уэллс даври эмас ва Марсда юксак тараққий этган мавжудотлар йўқлиги сизга маълум бўлиши керак. Оддий тахминлардан анча ишонарлироқ маълумотлар ҳаво босими ниҳоятда кучсиз бўлган ва деярли ноль намликда Ердагига бирон тарзда ўхшаш ҳаёт бўлиши мумкин эмаслигидан гувоҳлик беради. Ёки… – У овозини пасайтириб, ё сурбетларча, ё мазах қилаётгандек, кулиб давом этди: – Айтинг-чи, сэнсэй, эҳтимол, мен сизга юксак тараққий этган мавжудот бўлиб кўринмаяпманми, нима дейсиз? Тортинманг, гапираверинг! Қиёфамни қандай тасаввур қиляпсиз? Тортинманг, гапираверинг! Қиёфамни қандай тасаввур қиляпсиз?
Қаранг-а, нақадар чарчатадиган ва қатъиятли тентак! Ақлдан озганлар шу қадар силлани қуритадиган бўлади деб ўйламагандим. Унинг гапларига қанчалик учсанг, шу қадар руҳланаверади ва фақат калавани чигаллаштираверади. Лекин, бошқа томондан, суҳбатни давом эттиришдан бош тортиш янада хавфли бўларди. Нима дейишимни билмасдан чайналдим:
– Энди… биласизми, бу масала жуда нозик, мураккаб… Қиёфангиз қандай дейсизми? Биласизми, инсон кўзи фотоаппарат эмас, бу нарсага албатта субъективлик унсурлари қўшилади. Ҳар каллада ҳар хаёл, деб бекорга айтишмайди-ку, шундай эмасми? Қолаверса, концепциявий меъёрлар услубидан келиб чиқиладиган бўлса, хоҳлаган нарсани айтиш мумкин…
– Вой ҳазилкаш-ей… – У гавдасини букиб, атайин, олд-орқасига чайқалиб, қаҳ-қаҳ отиб юборди. – Демак, агар сиз кўзингизни менга шундай қадамасангиз, концепциявий меъёрлар иш бермайдими? Наҳотки мен шу қадар одамга ўхшамайман?
– Ҳечам. Аксинча, жуда ўхшашсиз. Агар очиқчасига айтадиган…
– Худди одамдек, шундайми?
– Худди шундай.
– Деярли фарқ қилмайди…
– Ҳа, қатъиян худди одамдек.
Кутилмаганда у стул ўриндиғига гавдасини ташлаб ва чапак чалиб, жағини шу даражада катта очдики, томоғининг ичигача кўринди. Мен унда тутқаноқ хуружи бошланди деб хурсанд бўлгандим, бироқ бу, афсуски, шунчаки қувонч хуружи экан. У эгилиб-букилиб, шамоллаган итдек ҳурар, кўз ёшларини фланель курткасининг енги билан артар ва узуқ-юлуқ товушда дерди:
– Воҳ, сэнсэй, ўлдирдингиз… “Худди одамдек” дейди… Вой, ўлиб қоламан!.. Ахир мен ўша ҳақиқий одамман-ку, сэнсэй! “Худди одамдек” дейди-я… Йўқ, сиз мени бепичоқ сўйдингиз!..
– Нима сиз мени лақиллатяпсизми?
– Нима, сиз ҳали ҳам шубҳа қиляпсизми?
– Сизга айтсам, жуда антиқа экансиз…
У янада қаттиқроқ кулишга тушди. Нима ҳам дердим, мени роса боплади. Юрагимни намакобга бўктирган даражада аччиқ изтиробни ҳис этдим, лекин кутилмаганда танглик бўшашди ва ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қолдим, меҳмонимнинг қаҳқаҳаси аста-секин менга ҳам юқа бошлади. Биз жуфт бўлиб уч дақиқа давомида қаҳқаҳа отдик. У чўзилган резинадек диркиллаб, мен – бўшашиб кулардим.

7

Эшик туйқус очилди ва хотиним хонага ташвишли юзини суқди:
– Қанақа чой хоҳлайсизлар?
У бепарво оҳангда гапиришга уринарди, лекин ҳамма нарса хотиним эшик орқасида қулоқ тутиб турганлигидан, ўзи эса ташвишдалигидан далолат берарди. Биз қаҳқаҳа отишга тушганимизда унинг сабри тугаб, пайдо бўлган биринчи имкониятдан фойдаланиб, изқуварликка киришганди. Қизлар аҳмоқона кулиб турганимизда эшикни очди, бундан хиёл ранжидим, айни пайтда хотинимнинг мендан ташвишланаётгани хуш ёқмоқда эди. Мен жанг майдонида иттифоқчига эга бўлганимни англадим ва ташвишланишга асос йўқлигини билдириш учун зўр бериб унга имо қила бошладим, бироқ хотиним буни тушунмаётганди ва юзини баттар ташвиш аломатлари эгалларди. Меҳмоннинг асаб тизими менинг имоларимни уққан кўринади. Унинг нигоҳи теннис ҳакамлариники каби бир неча бор рафиқамдан менга ва мендан рафиқамга йўналди, сўнг гўё қоида бузилганини сезгандек, хотинимга тикилиб деди:
– Чой – ажойиб нарса… Тилингиздан илинтирдим, менга европача чой бўлса… Европача чой – энг алдамчи ва ичимликларнинг беозори. Унга кўпроқ лимон ва шакар солинса, кўк чой ёки, айтайлик, қаҳвага нисбатан қимматбаҳо навлими ё арзон навлими, ҳеч англаб бўлмайди…
Эндигина мен бу одам билан мулоқотда бўлиш сирини тушуна бошладим. Бу масалага рафиқамни аралаштириб, мен нафақат фоизларни, балки сармоямни ҳам йўқотаман. Имоларим иш бермади ва мен гўё хотинимни кифтларим билан итараётгандек қилиб кўрсатиш учун тебрана бошладим ва бошимни зўр бериб чайқашга тушдим.
Хотиним қўрқиб кетиб, қандай кирган бўлса, шундай тўсатдан ғойиб бўлди. Меҳмон яна нигоҳини менга тикди, худди лойни эзғилаётгандек қўлини қаҳр билан ишқалади ва паст-баланд оҳангда кулишга тушди. Билмадим, у менинг устимдан кулаётганмиди ёки мени ҳам шерикликка чақириб, хотиним устидан кулаётганмиди, ҳар ҳолда унинг бу кулгисидан бирон ёқимли нарса сезилмасди. Бусиз ҳам бошим ташвишлардан ғовлаб кетганди ва ўзгалар иши билан машғул бўлишга тоқатим йўқ эди.
Аммо телефонда қўнғироқ қилган аёл келгунга қадар ўзимнинг ички, портлашга тайёр “мен”имни тизгинлаб туришим керак эди. Ҳолбуки, бу “мен” чиқараётган заҳар вужудимга тарқалиб борар ва ўтдай ёндирарди. Чидаб бўлмас қичимадан беихтиёр тилимни чақиллатдим ва товушни ниқоблаш учун янада чўзиброқ хиринг-ладим.
– Ҳа, мен – одамман, – деди меҳмон бошини хиёл эгган ва атайин тортинчоқликни намойиш қилган ҳолда. – Чиндан ҳам кўчаларда қандай кўп юрмайин, ҳеч ким мени бошқа нарсага ўхшатмади…
–Биров шубҳа қилаётгани ҳам йўқ. Буларнинг ҳаммаси аҳмоқ-гарчилик!
Бирдан унинг лаблари шалвиради ва меҳмон тантанавор оҳангда деди:
– Ҳа, мана, тан ҳам олдингиз. Демак аввал-бошдан одам эканимга ишончингиз комил эди-да? Демак, сиз буларни бўлмағур нарса деб ҳисоблаган бўлсангиз, аввал-бошдан менга нима тўғри келса, шуни сафсата қилиб сотгансиз. Нима учун сиз дарҳол менга тўғридан-тўғри марслик худди одамдек бўлолмайди деб айта қолмадингиз?
Ўзимни қандай тутишни билмасдан ниманидир деб минғирладим, у эса таҳдидли оҳангда давом этди:
– Тушунтиринг, бекитманг! Бу жуда қизиқ-ку. Ёки сиз ҳарҳолда марслик худди одамдек бўлиши мумкин деб ҳисоблайсизми? Ишонмайман. Сиз бундай ҳисоблашингиз мумкин эмас. Истаганча ёлғонни тўқий беринг, барибир ёлғонингизни фош қиламан. Яхшиси дарҳол келишиб олайлик: сиз менга ишонмайсиз. Тўғрими?
– Биласизми…
– Нимага “Биласизми”?.. Ўзингизни бегуноҳ қилиб кўрсатмай қўя қолинг. Қаттиқ ёлғон қўполликдан бошқа нарса эмас. Яхши, ана шу қўполлигингизга жавоб беришга қарор қилдим. Жавобим икки карра иккидек жўн ва равшан. Қисқаси, сэнсэй, сиз мени ақлдан озган деб ҳисоблагансиз. Кўзимга тик қараб мени ақлдан озган дейишни истамадингиз. Сиз ҳамма нарсани рисоладагидек қилиб кўрсатиб, мана шу гул туваги билан бошимга тушириш учун анқайишимни кута бошладингиз…
– Бўлмағур гап…
– Яна ёлғон гапиряпсиз! Аслида, одамдай мулоҳаза юритганда, мени ақлдан озган деб ҳисоблаш жуда табиий, шундаймасми? Нега кўринишингиз бунақа? Ҳа, мана гап нимада… Энди тушундим… Сиз мендан қўрқаяпсиз. Сиз хавфсираяпсиз – ахир ақлдан озган билан гаплашяпсиз-да… Бунинг устига яна тўполончи билан, тўғрими? Бирор мурувватпеша сизни огоҳлантириб қўйгани шубҳасиз. Ҳа, айтганча, сизга яқинда кимдир телефон қилганга ўхшайди… Тағин менинг хотиним эмасмикан?.. Қаранг-а, кераги йўқ, нимага ўзингизни йўқотиб қўйдингиз? Энди ёлғонингиз ўтмайди. Шундай қилиб, рафиқам сизга нималарни тўқиди?
– Ҳеч нарсани тўқимади. Бу қисқагина мулоқот эди, холос… У сиз келдингизми ёки йўқми билмоқчи бўлган экан…
– Ёмон, ёмон… Биласизми, сэнсэй, нақадар ажабланарли бўлмасин, сиз ниҳоятда самимий инсон экансиз. Сизнинг башарангиздан ҳозир гапирганингизнинг тескариси уфуриб турибди. Ахир у сизга, гўёки мен тўполончи эканимни, касалхонадан чиққанимга атиги уч кун бўлганини айтди-ку, шундаймасми? Мана энди ҳаммаси тушунарли. Хотиним бўлмағур нарсаларни бемалол тўқиб ташлайверади. Сиз, сэнсэй, – у тўсатдан олдинга энгашди, – унга ишонманг. Сизга оиламиздаги шармандачилик тўғрисида гапиришни истамасдим, лекин… Кўринишидан у жуда оддийгина аёл, менга ортиқча ташвиш туғдиряпти деб айтмаган бўлардим, аммо унда қандайдир ирсият билан боғлиқ… Сиз унинг овозига эътибор бермадингизми? Бу товуш қандайдир ғайриоддий…
– Ҳм…тўғри. Қандайдир… чинқириқли…
 У стол четини бармоқлари билан черта бошлади.
– Яна ёлғон гапиряпсиз! Сиздан илтимос, сэнсэй, бундан буён мени асабийлаштирманг. Акс ҳолда менда худди каравотим тагида ола-була чивинлар ин қургандек ҳис пайдо бўлади. Сиз, албатта, менга эмас, рафиқамга ишонасиз ва бу жуда табиий, шундайми? Буни мен, гумонпараст тасдиқлаётган эканман, демак ҳақиқатан ҳам шундай ва бу масалада чалғитишингизга ҳожат йўқ. Ва сиздан илтимос қиламан, келинг энди жиддий гаплашайлик.
– Хўп, майли, келинг жиддий гаплашайлик.
– Шундай қилиб, биринчидан… – У қўлини кўтарди ва бармоғини букди. – Сиз менинг рафиқамга ишондингиз ва мени касалхонадан чиққан руҳий бемор деб ҳисоблайсиз. Шундайми?
 – Ҳа, шундай…
– Давом этамиз, иккинчи масала. – У иккинчи бармоғини букди. – Агар мен бу бўҳтонга қарамасдан марслик эканимни тасдиқлашда давом этар эканман… Йўқ, ҳеч қандай “агар”… Мен ҳақиқатан ҳам буни тўла қатъият билан тасдиқлайман! Майли, мени жинни деб ҳисоблай беришсин, мен ҳақиқатдан воз кечмайман! Далиллар – қайсар нарса, шундаймасми? Мен марслик эканим каби, менинг ақлдан озмаганим ҳам рад этиб бўлмайдиган далиллардир. Сиз эса, сэнсэй, буни тан олгингиз келмаяпти. Сиз шубҳалари билан эрининг жонига теккан ва у тўғрисида бегона одамларга фисқу-фасодларни тарқатадиган сотқин хотинимга кўпроқ ишонишингизни ҳаммага эшиттириб овоза қилишга уялмадингиз. Йўқ, сиз хотиним билан жинояткорона алоқадасиз деб гумон қиляпман демоқчимасман, менга рашкнинг ахлоқсиз хаёлпарастликлари умуман ёт… Шундай бўлса ҳам ажабланарли… Бу ҳақда қанча кўп ўйласам, шунча кам тушунаяпман. Сиз ҳеч қачон кўрмаган аёл овозини умрингизда биринчи марта эшитдингиз ва бу овоз сизга рўпарама-рўпара ўтирган одам сўзларига қараганда кўпроқ нарсани англатади…
У қўлларини кўтарганда бармоқлар муштум бўлиб шу қадар қаттиқ қисилдики, суякчалари оқариб кетди, муштим ичида тер қайнаб кетган бўлса, ажаб эмас. Ўт бикфорд сими орқали динамитга яқинлашиб келарди ва мен ваҳимада сочилаётган учқунлардан қутулиш учун жуфтакни ростладим.
– Тўхтанг, ахир ҳаётда романлардагига қараганда ҳам шубҳали далиллар бўлади, – гапира кетдим мен. – Ҳақиқий воқеликда чинакамига ларзага солувчи нарсалар бисёр. Масалан, ўша учар ликопчалар…
– Учар ликопчалар?
– Ҳа-да, улар ҳақида, эҳтимол, келаси ҳафта охирларида хабар берсалар керак, сиз буни эшитасиз… Ёки мутлақо бошқа соҳадан мисол: Ҳимолай қор одами…
– Бу билан нима демоқчисиз?
– Сиздан сўрамоқчиман: Кашф этилганга қадар Америка бор эдими? Сиз нима деб ўйлайсиз? Ҳамма томонидан қабул қилинган тасаввурларга кўра, Колумб Американи у кашф этилганга қадар борлигига ишончи қатъий бўлгани учунгина шунга жазм қилган. Йўқ, афтидан, бу жуда жўн… Мен аслида нимани тасдиқламоқчиман? Фалсафа ёки кашф этиш билан мавжудлик ўртасидаги ўзаро боғлиқликни тушунтирадиган услубиёт… ўйлашимча, бу жуда мураккаб, чигал масала…
– Сэнсэй, биз жиддий гаплашишга келишиб олган эдик-ку.
– Албатта, жиддий-да! Айтайлик, сиз тўла масъулият билан қор одам бор деб тасдиқлай олмайсиз, шундайми? Турган гапки, бунинг эҳтимоли катта, масалан бу, айтайлик, сизни ёки мени келгуси йили дунёнинг энг гўзал аёли деб танлашларидан анчайин катта… Фақат бу нарса кашф этилгунга қадар унинг мавжудлигини эътироф этишга йўл қўйиб бўладими?..
– Нима, мен сиз учун қор одамманми? – бўғилди меҳмоним. У ниманидир қидираётгандек чўнтакларини қўли билан пайпаслади ва давом этди:
– Мени мазах қилишни бас қилинг. Менга шаллақидек қараша-диган бўлса, тоқатим тоқ бўлади… Ҳа, қаерда эди у, наҳотки уни ёддан чиқариб қолдирган бўлсам? Жин урсин, бошим айланяпти, ҳозир бурнимдан қон кетади…
У нимани қидиряпти? Бурнидаги қонни артиш учун даст-рўмолчаними? Шундай бўлса майли-я, аммо қўлларининг ҳарака-тига қараганда у муайян шаклдаги нарсани излаяпти. Ажабланарли, ғалати… Мен қизишиб дедим:
– Шаллақи деганингиз нимаси? Шошилманг. Ўйлашимча, мени тушунмадингиз. Мана мен – банд одамман, шунга қарамай, сизга шунча вақт ажратяпман…
– Чунки менга тескари бўлишдан қўрқасиз.
– Биласизми, суҳбатимиз худди соат капгиридек бир нарса устидагина чайқалмоқда…
– Бунга сиз айбдорсиз. Сиз сабабли мен бир қадам ҳам олға босолмаяпман, чунки сиз мени ақлдан озган деб ҳисоблаяпсиз.
– Тўхтанг, бир дақиқа! Сиз ўзи мендан аниқ нимани хоҳлайсиз? Сиз мамнун бўлишингиз учун нима қилишим керак?
– Буни мен сизга айтдим. Сиз менинг марслик эканимга… ҳеч бўлмаганда ана шу далилга қизиқиб қарасангиз дейман.
– Бу ўз-ўзидан аён. Билсангиз, мен, мана, салкам икки йилдан бери марсликлар билан ёнма-ён яшаяпман.
– Ўйлаб топилган марсликлар билан…
– Албатта, ўйлаб топилганлари билан. Лекин мен учун улар ташқи дунёдан кам бўлмаган ҳолдаги воқелик. Сиздан гўёки марслик эканингизни эшитиш мен учун қизиқарли бўлмади деб ўйламанг. Марсликлар мен учун энг яхши дўстлар ва ҳамсуҳбатлар.
– Демак, сизни фақат кўриниши менга ўхшаш бўлган марсликлар қизиқтирмайди. Чунки худди одамдек марслик сиз, сэнсэй, шу қадар яхши кўрадиган марсликларга бирон ўхшаш жойи йўқ.
– Бу ўринда ҳам сиз мени тушунмадингиз. Сиз билганингиздек, менинг марсликларим Ерда фарқлари кўзга ташланмайдиган қиёфада юрадилар. Агар ақлли мавжудотлар бошқа сайёраларда бўладиган бўлсалар, уларнинг бунга тафаккурлари етиши керак, шундай эмасми? Шу нуқтаи назардан сизнинг бу даражада эврилишингизни мантиқий мукаммаллик намунаси деб аташ мумкин. Сиз мен ихтиро этган марсликлар орасида етакчи мавқега эга бўлардингиз деб ўйлайман.
– Буни жиддий айтяпсизми?
– Албатта, жиддий. Эҳ, сигарета ўчиб қопти, мен эса сезмабман…
– Агар бунга ишона олганимда, жуда мамнун бўлардим.
– Қўйсангиз-чи, сиз буни жуда қойилмақом қилиб уддаладингиз! Марсликларимни шу даражада ўзгартиришга, масалан, менинг ақлим бовар қилмабди. Қанчалик синчиклаб қараманг, сизни сира марслик деб айтиб бўлмайди. Қаерда бўлманг, ҳеч ким сизнинг ҳақиқий башарангиз қандайлигини била олмайди.
– Шундай бўлса ҳам, сэнсэй, умидларингизни оқламаганим учун узримни қабул этгайсиз… Гап шундаки, мен ўзимни мутлақо ўзгартирмаганман.
– Яъни, бу сизнинг ҳақиқий кўринишингизми?
– Ҳа. Таассуфлар бўлсинким, агар баданимга тиғ уришса, қоним оқади. Қизил қон, худди одамларникидек…
– Хўп, яхши, яхши. Буни кўнглингизга яқин олманг. Дейишади-ку, нотабиийликка йўл табиийлик орқали ўтади, деб
– Шунга қарамасдан умид қиламанки… – У кўзини ғилай қилди, лабларини қисди ва тўсатдан, худди ниқоб алмашгандек, чеҳраси аввалги, дастлабки фаросатли ва нуфузли кўринишини олди. Унинг шу онгача бўлган – ваҳимали, тунд, шафқатсизлик акс этиб турган қиёфасини тасаввур қилиш ҳам мушкул эди. – Жуда ажойиб-да, – деди у. – Кўзим алдамайди-да… Бошқаларни билмадим-у, лекин сиз, сэнсэй, албатта мени тушунишингизга ишонардим.
Мен енгил нафас олдим. Эндиликда кучларимиз тенг эди. Ақлдан озган, агар у софизм1 ўйинига қодир бўлса ҳам, барибир ақлдан озгандан бошқа кимса эмас. Сўз кўзбўямачилигида пихини ёрган мендек одам билан баҳслашиш осон эмас. Елкамдаги зил-замбил юкни улоқтириб ташлаб, серташвиш меҳмоним чўнтагидаги нарса билан боғлиқ масалани дарҳол ҳал этишга қарор қилдим.
– Сиз ҳадеб нимани қидиряпсиз ўзи? – сўрадим мен.
– Пичоқни. Менимча, уни ёддан чиқарганга ўхшайман.
– Пичоқ?
– Ҳа. Пичоқни доим ёнимда олиб юраман…

8

Қандайдир нохуш сезгирлик мени иш столимга қарашга мажбур қилди. Бу менинг хатойим эди.
Қоралама битикларим дасталари тагидан альпинистлар пичоғининг кенг дами совуқ ялтиллаб кўриниб турарди. Бу пичоқ залворли эди – мен ундан пресс сифатида фойдаланардим ва жуда ўткир эди – мен уни қайчи ўрнида ишлатардим. Зарурат туғилса, у ажойиб қурол вазифасини ўташи мумкин эди. Нигоҳимни дарҳол пичоқдан олдим, бироқ кеч бўлганди. Меҳмоним ниҳоятда эпчил чиқиб қолди. Деярли бир ҳаракат билан у стулдан сирғаниб тушди, столни айланиб, хонани кесиб ўтди ва пичоқ унинг қўлига тушди. Шунинг ўзиёқ мени беҳол қилиб қўйди.
Аммо мен тарафга ўгирилганда унинг башарасида ҳаяжондан ном-нишон сезилмасди. Шунисига ҳам шукр. У пичоқ дамини текшириб кўрди. Айни пайтда у ўзининг аввалги уятчан табассуми билан кулиб турарди. Афтидан, аҳвол мен хавфсирагандек расво эмасди. Ахир тирноғини тиши билан ғажийдиган болалар, тирноғини пичоқ билан олишга одатланган тентаклар бор-ку, бунинг нимасидан хавфсирайсан?
– Ажойиб пичоқ, – деди у. – Сопи ҳақиқий буғу шохиданми?
– Ҳақиқий.
– Уни бироз вақтга менга бериб туролмайсизми?
– У сизга нимага керак?
– Ўйлашимча, сэнсэй, биз жуда иноқлашиб қолдик. Чин сўзим, сизга миннатдорчилигимни қандай билдиришни билмай турибман. Ўзингиз биласиз, хоҳиш-истакларимизнинг чегараси йўқ… Агар ўз сўзларингизни амалий иш билан исботлашни зиммангизга олганингизда сизга бошқа ҳеч қандай эътирозим қолмаган бўларди… Сиздан ўтиниб сўрайман, сэнсэй, менга шу марҳаматингизни кўрсатинг, хўпми? Сиз билан руҳан яқинлигимизни исботланг… – Шундай деб у пичоқ дамидан ушлаб тортинчоқлик билан сопини менга узатди. – Жуда жўн иш. Бор-йўғи синаб кўриш учун тиқиб кўринг…
– Қаерга тиқай?!
– Менга-да, албатта.
– Аҳмоқона ҳазилингизни йиғиштиринг!
– Ахир мен марсликман-ку.
– Лекин ўзингиз айтдингиз-ку, агар сизни кесишса, қон оқади, деб.
– Бироқ бу одамнинг эмас, марсликнинг қони бўлади.
– Майнавозчиликни йиғиштиринг!
– Жуда қизиқ-да… Ўз сценарийларингизда, сэнсэй, сиз дуч келган марсликни ўлдирасиз. Фақат менинг хотирамда бундай қотилликларнинг камида икки юзтаси сақланиб қолган. Оммавий қирғинлар тўғрисида-ку, гапирмай қўя қолай…
– Ахир бу фақат оғизда-ку…
– Ўйлашимча, бу ерда бошқа бир нарса бор. Марсликларни ўлдиришга мойиллик қонингизда бор, сэнсэй. Шунинг учун ҳам тасаввурингиз қандайдир юзоёқликлар, аждаҳолар, сўгалли шарлар … жонли тутун, сакрайдиган қум зарралари, шифтга сапчийдиган шилимшиқ махлуқлар каби даҳшатли нарсаларни яратади… Чунки уларни виждонни ҳеч қийнамай ўлдиравериш мумкин.
– Ёлғон! Сизга кўзга ташланмайдиган, одам пайқамайдиган шаклларни танлашга ҳаракат қиламан деб айтдим-ку!
– Нима учун?
– Мен қора қаҳва билан алдамчи воқелик, алдамчи хотиржамлик аллалайдиганларни сийлашга ҳаракат қиламан.
– Уришқоқликка ундайдиган, қотилликка даъват қиладиган қаҳвами?
– Сизга мажоз нима эканлиги маълумми? Тушунтиравериш жонимга тегди. Яхшилаб ўйлаб, чуқурроқ мулоҳаза юритиб кўришга ҳаракат қилсангиз, англаб етасиз: мен ҳужум қилаётган деярли барча марсликлар аслида вужудимиздаги инсоний ёвузликларнинг рамзларидир. Зеро душман – фақат ва албатта ташқаридан ҳужум қиладиган босқинчи эмас…
– Қулоққа хуш ёқади. Амалда-чи? Агар худди одамдек бўлмаганимда, балки сўгаллар билан қопланган баҳайбат шилимшиқ махлуқ бўлганимда бирон илтимосимсиз ҳам, сэнсэй, менга пичоқ билан ташланган бўлардингиз, шундайми?
– Шундайми, шундай эмасми, фақат сиздан илтимос: пичоқни жойига қўйинг…
– Қаранг-а, нақадар ҳийлакорсиз, сэнсэй! Яхшиси, сизга арзимас илтимос билан мурожаат қилганимни эсланг. Марсликларни ўлдиришни ман этадиган қонун бизда ҳеч қаерда йўқ… Ташқи кўринишимдан хижолат тортманг, бунинг учун сизга ҳеч нарса дейишмайди, шундай экан, виждонни қийнамай ишга кириша-веринг… – Шундай деб у беписандлик билан пичоқ учини биқинига қадади ва худди таклиф қилаётганидек иккинчи қўли билан сопига урди. – Мана шу жойга яхшилаб туширинг, тамом-вассалом.
– Мени тинч қўйинг!
– Тушунмаяпман… Сиз, нима, мени лаққа туширдингизми, мен эса эл бурутдан хурсанд бўлиб юрибман.
– Шошманг, – дедим мен беихтиёр столнинг қарши томонига силжир эканман. – Марслик сифатида сизга ҳақиқатан ҳам қизиқишим табиий. Лекин қизиқиш – бошқа, сизга ишонч эса – мутлақо бошқа. Қизиқишнинг ишончга айланиш имконияти анчайин узоқ мулоқот натижасида пайдо бўлиши мумкин. Шошилиш бизга фақат зиён келтиради. Ана шунақа. Ўзингизни менинг ўрнимга қўйиб кўринг…
– Сизнинг ўрнингизда мен дарҳол туширардим! – У қўлининг қўрқинчли ҳаракати билан пичоқни айлантирди ва сопини қисди. – Сизнинг сэнсэй, ерлик эканингизга заррача шубҳа қилмайман. Шу нарсани биламанки, агар ерликни ўлдирсам, марсликларнинг қонуни бузилмайди.
– Бу мутлақо бошқа нарса. Қўшилувчиларнинг ўрни ўзгар-тирилганида йиғинди ҳамиша ҳам ўзгармай қолмайди. Сиз доим бир қутбдан иккинчи қутбга отиласиз. Бундай қилиб бўлмайди. Дунёда фақат оқ билан қора мавжуд эмас, қандайдир ўртаси ҳам бўлади. Ҳар қандай келишув ҳам бевосита шу ўртадан бошланади. Англашимча, сиз келишувга интиляпсиз… Сиздан илтимос қиламан, пичоқни бундай ушламанг! Қаранг, қора терга ботиб кетдим. Эҳтимол, оқариб ҳам кетган бўлсам керак. Менда кесувчи нарсаларга идиосинкразия бор…
– Ҳа, дарҳақиқат… Сизни қўрқитиб юбордим, шекилли… – У пичоқни оҳиста пастга туширди. – Демак, сэнсэй, ўйлаганимдан фарқли ўлароқ сиз – инсонпарварсиз? Мен томонимдан сизга марсликларни ўлдириш ёқади деб хаёл қилиш аҳмоқлик бўлган…
– Ҳа-да! Мухлисим мен тўғримда шунчалик хато қилиши ажабланарли….Пашшага ҳам озор бермайман десам лоф бўлар, бироқ ҳаётга руҳий ҳурмат билан қарашда ҳеч кимдан қолишмайман.
– Лекин қурт-қумурсқаларни ўлдирсангиз керак?
– Фақат зарарлиларини.
– Бу ерда нималар демадик, шундай бўлса ҳам ташқи қиёфам мени ўлдиришингизга халақит бермоқда. Агар мен, майли, қурт-қумурсқа, шилимшиқ махлуқ бўлмай, аммо терим, масалан, яшил ёки сиёҳранг тусда ёхуд қулоқларим уч қарич узунликда бўлса, мени қурт-қумурсқадек янчиб ташлардингиз, тўғрими?
– Сиз мени ҳақорат қиляпсиз, билсангиз. Нима, бошқа гапингиз йўқми? Мен ҳамиша куч ишлатишга қатъий тарзда қарши бўлганман; агар ишонмасангиз, хотинимдан сўрашингиз мумкин. Ўн тўрт йил биргаликдаги турмушимиз мобайнида уни бор-йўғи уч марта дўппос-лаганман, бу бир марта калтаклаш тўрт бутун ўндан етти йилни ташкил қилишини кўрсатади. Эътибор беринг, бу индекс Япония бўйича ўртача икки йилда бир бутун ўндан тўртга тенг. Шу жиҳатдан мен чинакамига намунавий инсонман. Қолаверса, қурт-қумурсқалар масаласига келсак, мен фақат чивин ва пашшаларни ўлдираман, чумоли, суваракларни эса тўлалигича хотиним ихтиёрига қолдираман…
Шу жойда у кўзини юмиб, бўғиқ, ваҳимали кула бошлади. Агар у оддий одам бўлганида, ақлдан озган деб ўйлардим. Бироқ у шундай ҳам жинни эди ва мен гангиб қолгандим.
– Мана буниси қойил! – кулги орасида хириллади у. – Демак, мени сўйиш учун хотинингизни юборса бўларкан-да?
– Бўлмағур нарсаларни гапирманг! Айтгандай, қурт-қумурсқаларга доир мисолим ҳақиқатан ҳам у қадар муваффақиятли чиқмаганини тан олишим керак. Тилимнинг учида турган эди. Ахир бу жуда жиддий масала. Биз одам ким эканини аниқлаганимиздан кейингина ишга киришишимиз мумкин…
– Кераги йўқ, ташвишланманг. Ҳазиллашдим. Нега бундай дейсиз? – У кулишдан тўхтаб, нафасини ростлади. – Чин сўзим, сиз ўз машғулотларингизни йиғиштириб, мен билан шунча валақлашишга рози бўлдингиз… Чинакамига роса маза қилдим… Жиддий суҳбат руҳ учун ажойиб машқ ҳисобланади… Айтгандек, мен учун бу ҳаётий тажрибани оддий машққа тенглаштириш кечириб бўлмас хато бўлур эди. Бу тажрибани янада бойитиш учун тегишли хотима талаб қилинади.
У ростакамига хайрлашмоқчига ўхшарди ва менга ҳатто хонадаги ҳаво тўсатдан ёришгандек туюлди, ўзимни эса таъриф қилиб бўлмайдиган даражада енгил ҳис қилдим. Ҳар хил бўлмағур гапларни вайсашни хоҳлаб қолдим, лекин ўзимни қаттиқ тийишга мажбур эдим ва чарчаганимни атайин кўз-кўз қилиб, қизиқсиниб сўрадим:
– Яна қанақа хотима?
– Сиз марслик эканимни аниқ ва ҳеч иккиланмасдан тасдиқ-лайсизми?
– Нима, яна ҳаммасини бошидан бошлаймизми?
– Асло. Сиз буни эътироф этишингиз билан тугаллаймиз.
– Сиз ниҳоят тушуниб етишингиз учун неча бор такрорлаш керак, ахир? Далилларсиз эътироф этиш ақида билан баробар. Майли, сиз марслик бўла қолинг, аммо сиз маъбуд эмассиз-ку, мени ишонти-ришингиздан сизга қандай наф? Агар ҳақиқатан марслик бўлсангиз, буни тасдиқловчи қандайдир далилларга эга бўлишингиз керак. Шундай экан, мени ҳар нарсада айблайверишдан олдин, эҳтимол, далилларингизни тақдим этарсиз.
– Аммо бунинг имконияти йўқ. Аксиома исботни талаб этмайди, бу ҳатто оддий геометрия дарслигида ҳам қайд этилган. Далиллар ўртасидаги муносабатларнигина исботлаш мумкин, далилларнинг ўзини исботлаш эса кучукни кучук дейиш билан баробар. Менга, илтимос, “неча бор такрорлаш керак”, деманг. Ўзингизни инсонпарвар деб атайсиз-у, ожиз одам билан қандай муомала қилаётганингизни кўринг.
– Яхши, мен нима қилишим керак?
– Сиз менга ишонишингизни хоҳлардим. Чинакамига ишонишин-гизни. Жўнгина “ишонаман” деб ҳамма ҳам айтиши мумкин. Бу писанда, холос, бунақаси менга тўғри ўтмайди. Бу ерда ким агар Колумб Америка борлигига ишонмаганида уни кашф қила олмаган бўларди деяётганди? Сизми, сэнсэй!
– Мен бундай демадим. Бунинг жуда нозик томонлари бор… Шундай бўлса-да, майли. Тушунарли. Мен энди ишонишга қарор қилдим. – Агар ишонмайман десам, бу ади-бадиларнинг охири кўринадиган эмасди. – Ҳа, мен ишондим. Сиз – марсликсиз.
– Сизга раҳмат, – деди у бемаза спектаклдаги артист каби кибр билан. – Узоқ давом этган музокаралар самарасини берди. Мен ниҳоят Ер аҳолиси билан тенг ҳуқуқли музокараларда муваффақиятга эриша олдим. Сизга барча марсликлар номидан чуқур миннатдорчилик билдираман.
– Барча марсликлар номидан? Нима, ҳали бошқалар ҳам борми?
– Нима деб ўйлаётгандингиз? Қайси ирқ фақат биргина шахсдан иборат бўлиши мумкин? Аммо, кечирасиз… Сиз ишонган экансиз, мен ҳамкорлигингизга умид қилишга ҳақлиман… Илтимос, пировардида кичик тестдан ўтишга рози бўлсангиз.
– Тестдан?
– Биласизми, сиз ҳақиқатан ҳам ишонганингизга далил истайман. Яъни, аввал бошдаги, ақлдан озган ҳамсуҳбатдан қутулиш учун баҳона эмас, аниқ далил керак. Ташвишланманг, бу менга пичоқ уриш каби ёвуз таклиф бўлмайди. Бошласак бўладими?.. Йўқ, йўқ, сэнсэй, қаерда турган бўлсангиз, ўша ерда қолаверинг…
Шундай дер экан, у столнинг нариги томонида дераза билан эшик орасидаги жойни эгаллади, қаддини тиклади, секин чап оёғини олдинга қўйди, ўнг елкасини тез орқага тортди, сўнг пичоқни тепага отиб, эпчиллик билан дамидан илиб олди. Пичоқни елкаси устида ушлаб, ҳақиқий найза улоқтирувчилар ҳолатини эгаллади.
– Бу нима? – лол қолдим мен. – Яна пичоқми?
– Ҳа, пичоқни ишлатиш менга қулайроқ. Қоидани тушунтираман. Мен овоз чиқариб, ўнгача санайман ва “ўн” деганимда уни отаман. Қаёққа отишимни айта олмайман. Эҳтимол сизгадир, сэнсэй, эҳтимол, яна нимагадир. Буни ўзингиз топинг. Кейин. Санаётганимда пичоқни отмайман, сиз эса, сэнсэй, нимани хоҳласангиз, шуни қилишингиз мумкин. Сиз нима қилманг, мен эътироз ҳам билдирмайман, қаршилик ҳам кўрсатмайман. Сизга ҳаммаси тушунарлими? Менимча, қоидалар жуда аниқ ва оддий.
– Тушунмаяпман, бу ўзи сизга нима учун керак?
– Сиз бир қарорга келишингиз керак, сэнсэй. Мен – кимман? Марсликманми ёки ўзини марслик деб тасаввур қилаётган онгсизми? Пичоқни қаерга отишим шунга боғлиқ… Агар марслик бўлсам, ташқи кўринишимнинг одамга ўхшаши сиз билан бизнинг руҳий бир хиллигимизни ҳам тақозо этиши шарт эмас… Бу ҳолда менга инсонпарварлик каби тушунчалар ёт ва мен мутлақо ўзга мафкура тарафдориман. Аммо мафкурам ерликларникига қараганда инсон-парварлироқ эканлигига умид юз имкониятдан элликта… Агар мен жинни бўлсам, марсликлар мафкурасини қандай тасаввур қилишимга қараб ёки зўравонлик қилиш тарафдори, ёки бунга қарши бўлишим мумкин…
– Бироқ мен бу ушбу масала бўйича сира хулоса чиқара олмаслигимни англатади.
– Ҳа, масала шундай, жўн тарзда қўйиладиган бўлса, афтидан, бирор хулосага кела олмайсан.
– Кичиккина изоҳ берсангиз. Ўзингиз марсликлар ҳақида қандай фикрдасиз?
– Ҳеч қандай, ахир мен марсликман-ку.
– Бу бемаънилик-ку! – Бундан буёқ ҳаяжонимни яширмасликка қарор қилдим, чунки бефарқ бўлиб қолгандим. – Ниҳоятда мураккаб масала, мушоҳада юритиб кўриш учун ҳеч бўлмаганда уч кун муҳлат берсангиз…
– Агар ўзингизга ишонч бўлмаса, мен санашни тугаллаганимча жуфтакни ростлашингиз, менга ташланишингиз, ўзингизни ҳимоя қилиш чорасини кўришингиз мумкин.
– Унда нима бўлади? Мана, сиз қаршилик кўрсатмайман дедингиз, лекин бунга қандай ишона оламан?.. Менга яна қандайдир имо беринг!
– Сиз ўз фикрларингиз кучини намойиш қилишингиз керак. Агар мен билан ҳалол муносабатда бўлган бўлсангиз, қўрқадиган жойингиз йўқ. Шундай қилиб, бошлайман. Тайёрланинг. Бир… икки… уч…
Келиши керак бўлган аёл қаёқда қолди? Ўттиз дақиқа ўтиб бўлгандир. Бу менинг сўнгги умидим эди ва соатга қарадим. Соат йигирма беш дақиқа ўтганини кўрсатарди. Фақат сония миллари қутургандек жадал силжирди ва фикрларимни чигаллаштирарди.
–Уч…тўрт… беш…
Меҳмоннинг бармоқлари пичоқнинг совуқ дамини тобора маҳкамроқ қисарди. Уларни мен худди ўзимнинг бармоқларимдек ҳис этмоқда эдим. Ўйлашдан фойда йўқ, фақат ички ҳиссиётга таяниш қолганди.
– Беш… олти… етти…

9

Ички ҳиссиёт… Бу ўй эмас, алдов, унда бирор жиддий нарса йўқ. Янчилган чаённинг талвасаси ҳам қандайдир ҳиссиёт. Ҳеч нарса қилмаслик кераклигини шипшитадиган ҳиссиётнинг борлиги ҳам шубҳасиздир. Худди сеҳрлаб қўйилгандайман, турган жойимда қимир этмайман, янаги ҳаракатни кутганча кўзимни пичоқни қисиб турган бармоқлардан узмайман.
– Етти… саккиз… тўққиз…
 У анчайин секин, икки ярим ёки уч сония оралиғида санарди. Орамиздаги масофа ҳам яқин, нари борса уч метр эди. У саноғини тугатмагунча пичоқни отмасликка ҳам келишиб олинганди. Шунинг учун азм қилсам, қарши ҳужумга ўтиш имкониятим бор эди. Бундан ташқари, пичоқни отиш уни ишлатишнинг ягона усули эмасди. Балким, мени тўхтатиб қолиш учун бунга ишора қилгандир.
Йўқ, бу мантиқий мушоҳадалар бирон наф бермайди… Шизофренияга1 чалинган одамнинг расо фикрлаш қобилиятини эътироф этиб, мен фақат мағлубиятимни тан оламан. Менда барча кучимни тўплаб, тасодифга бўйсунишдан бошқа чора қолмаганди.
Шундан кейин…
– Ўн…
Шу ондаёқ стол тагига шўнғидим. Яна кўзимнинг қирраси билан “ўн” деганда меҳмонимнинг қўли пастга силтангани ва пичоқнинг оқиш дами ҳавони кесиб ўтганини пайқадим. Кейин зарб товуши эшитилди – пичоқнинг учи қандайдир қайишқоқ нарсага бориб санчилганди.
Миямда “тегди” ўйи ялт этди ва мен қаттиқ оғриқни кутганча ғужанак бўлиб олдим. Лекин бу нима? Йиқилганда полга урилган пешонам қақшаб оғрирди, тиззаларим зирқирарди… Бошқа ҳеч қаеримда оғриқ йўқ эди ва очиғини айтганда, ўзимни ўлган деб ҳис қилмаётгандим…
Ҳа. У мени мўлжалга олмаган кўринади. Мана, у жаҳлимни чиқариб қаҳ-қаҳ уриб кулмоқда. Жуда ноўрин кулгу. Мен ҳадиксираб бошимни кўтардим ва рўпарамда – бошим узра турган стулни кўрдим. Ўша, эшик олдидаги стул. Унинг суянчиғида сопигача санчилган пичоқ турарди.
Ўзимни ноқулай ҳис қилган ҳолда ўрнимдан турдим ва тиззаларим-даги чангни қоққан бўлдим. Ҳатто ўзимда овозим борича бўкирмасликка куч топа олганимдан бироз ғурурланардим… (Ўша онда бундай қилмаганим учун энди афсусланишга ҳожат йўқ. Ўз қадр-қимматинг, обрўйингни ўйлашнинг нима кераги бор? Қўрқоқ кучукдек увиллайди дейишади. Аммо айни шу қўрқоқлиги билан кучук ўзига қилинган ҳужумдан ҳимояланади. Борди-ю, сиз ҳам шундай ҳолга тушиб қолсангиз ғурурингизга эрк берманг, менинг аҳмоқлигимни такрорламанг. Бизнинг бебурд асримизда худди шу қўрқоқлик, эҳтимол, энг олий истеъдод, энг олий фазилат бўлса керак…)
Меҳмоним тантанавор нигоҳини стул суянчиғидаги пичоқдан менга ва мендан яна пичоққа қадади. Кейин лабини чўччайтириб, кўзини қисиб деди:
– Жуда чаққон экансиз, лол қолдим.
– Бўлмасам-чи, – дедим мен қотиб қолган тилимни аранг айлантириб. – Хўш, нимага эришдик? Тестдан ўтдимми, ўтмадимми?
– Бунга тупуринг. Бундай тестлар, умуман олганда, ҳеч қандай маънога эга эмас.
– Ҳеч қандай маънога эга эмас?
– Албатта. Чунки тест аввал-бошдан бемаъниликни аниқлашга мўлжалланганди. Табиийки, бемаъниликни аниқлашга қаратилган тестлар ҳам маъносиз бўлади.
– Бу нима деганингиз?
– Эҳ, сэнсэй, сиз ҳақиқатан ҳам ажойиб инсонсиз…
– Э, сиз… агар сиз буни фақат ҳазил тариқасида қилган бўлсангиз…
– Тортинманг, марҳамат… эшитаман…
– Йўқ, аввал ўзларидан бўлсин!
– Ҳай, майли. Фақат аниқлик киритиш учун яна бир бор сиздан, сэнсэй, сўрамоқчиман: сиз менинг марслик эканимга чиндан ҳам ишонасизми?
– Жонимга тегдингиз. Ахир мен шу сабабли ҳам тестингиздан ўтишга рози бўлмадимми? Энди эса бунинг маъноси йўқ эди деб турибсиз… Ахир масъулиятсизлик ҳам эви билан бўлади-да!
– Буни шунчалик жиддий қабул қилганингиздан жуда таассуфдаман… – У бошини елкаси томон тортди. – Сиз фақат мендан аччиқланманг, сэнсэй. Мен буни бирон ёмон ниятда қилмадим. Шунчаки спектакль жуда жозибали чиқди…
–Спектакль?
– Билсангиз, ҳозирги вақтда мол сотиш жуда мушкул иш. Радио ва телевидение орқали берилаётган рекламаларнинг нафи кам. Нима ҳам дердик, мақсад унга эришишга хизмат қиладиган воситани оқлайди. Мижозда қандай қилиб таассурот қолдириш мумкин? Майли, яхши таассурот, ёмон таассурот – фақат кучли бўлсин. Аммо дори шундай таъсир қилади деб ўйламагандим. Афтидан, бироз ҳаддидан ошириб юборибман… Лекин сиз, сэнсэй, шуни билингки, мен ҳамма вақт сизга тирноқча зиён етказмаслигимга ишончим комил эди…
У стулга яқинлашиб, пичоқни суғуриб олди ва авайлаб стол четига қўйди. Шундан сўнг икки бармоғи билан ички чўнтагидан ташрифномасини олиб, менга узатди.
– Ниҳоят ўзимни таништиришга ижозат берсангиз. Каминангиз…
Ташрифномага қарадим. Унда қуйидагилар битилганди.

“МАРС” УЮШМАСИ ЕР МАЙДОНЛАРИНИ СОТИШГА КЎМАКЛАШИШ БЎЛИМИ ТАНАКА ИТИРО

Ташрифноманинг одатда манзил кўрсатиладиган чап бурчаги қандайдир ўткир нарса билан текис қилиб қирқиб олинган эди.

10

– Нима, сиз оддий савдо агентимисиз?
– Тўппа-тўғри, – деди у майин табассум ила дастрўмоли билан тер босган бурнини артар экан. – Бўлим асосан реклама билан шуғулланади, бироқ қулай имконият туғилса, савдо битимларини ҳам амалга оширади.
– Аммо бу қуюшқондан чиқиш бўлади-ку! – Кутилмаганда вужудим қаҳрга тўлаётганини ҳис этдим. Бақирмоқчи ҳам бўлувдим, овозим чиқмади. Заҳар ниҳоятда тез тарқалаётган эди, у бутун онгим каби томоғимни фалаж қилганди. – Сизнинг уюшмангиз нималарни сотишини билмайман, аммо бундай ҳолларга асло йўл қўйиб бўлмайди! Ахир бу фирибгарлик-ку! Шахсга қарши жиноят! Ҳозироқ қорангизни ўчиринг! Мен бандман! Ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бўлади!
– Ўтиниб сўрайман, сэнсэй, – ийманиб деди у. – Агар бундай ҳаяжонланадиган бўлсангиз, бу менга ҳам юқади. Мен жуда қизиққонман, буни сизга айтгандим…
– Бекорларни айтибсиз! Энди бунақаси ўтмайди! Қаранг-а, гоҳ у марслик эмиш, гоҳ онгсиз тўполончи… Билиб қўйинг, мен ҳеч ҳам сиз ўйлагандек бўшангмасман!
– Бу англашилмовчилик, сэнсэй… ўкинчли англашилмовчилик… Жуда ҳаддимдан ошганимни тан олдим-ку… Лекин бу ерда сизга айтганларимнинг ҳаммаси ҳам ёлғон эмас…
– Ҳа-да, Танако Итиро исмли марслик – бу ҳазил эмас, бу жуда жиддий! Агар сиз марсликман деб алдамаган бўлсангиз, сизнинг ташрифномангиз сохта. Наҳотки, ўзингизни оқлаш учун қилаётган уринишларингиз жуда хунук кўринаётганини сезмаётган бўлсангиз?
– Шундай бўлса-да, ёлғон гапираётганим йўқ. Ҳақиқатан ҳам исмимга қараб мушоҳада қилинадиган бўлса, мен – оддий ерликман. Айни пайтда мен барибир марсликман. Гап шундаки, мен – бўлажак марсликман, “Марс” уюшмаси мени Марснинг бўлажак фуқароси сифатида расман рўйхатга олган. Ахир сиз бир вақтлар Америкага кўчиб ўтган оқ танлилар ҳозир америкаликлар деб аталаётганидан ажабланмайсиз-ку. Ўйлашимча, Танака Итиро исмли марсликда ҳам ҳайратланарли нарса йўқ…
– Сиз муттаҳамсиз!
– Илтимос қиламан, сэнсэй… Сизни огоҳлантирганман-ку…
У бу сўзларни бетимга тик қараб, бошини елкаси ичига тортиб, ва худди оғриққа чидай олмаётгандек лабларини тишлаганча хириллаб айтди. Бармоқларининг учи пичоқ сопига етди, кейин секин стол четидан ўнг ва чапга сирпанди. Бу унинг энг яхши кўрган найранги бўлса, ажаб эмас… Бироқ гўё нафас олиши тўхтаб қолгандек елкалари кўтарилган… қонсиз лаблари оқариб кетганди… Қиёфасидаги бундай ўзгариш қандайдир мудҳиш ҳодисадан дарак берар ва мен яна иккилана бошлагандим.
Аҳмоқона томошанинг юқори чўққисида – пичоқ отиш – ва дарҳол шундан кейин савдо агентининг пасткаш ташрифномаси… Бундай кутилмаган ўзгариш кўзимни кўр қилгани аниқ. Хотинининг телефондаги огоҳлантиришини ҳам ёддан чиқариб бўлмайди. Агар марслик билан боғлиқ найрангни ҳийлакорлик деб ҳисоблаганда ҳам бу найранг чинакам ақлсизликнинг меваси эмаслигининг далили қани? Йўқ, биринчи навбатда – эҳтиёткорлик ва мен яна ўз қобиғимга кириб олдим.
– Эҳтимол, – дедим мен, – агар шу нуқтаи назарда туриб мушоҳада юргизиладиган бўлса, сиз ҳақиқатан ҳам мени фақат ёлғон билангина сийламадингиз. Марс аҳолиси рўйхатга олинаётган, хоҳлаган одам марслик бўлиши мумкин экан, ҳаммаси мантиқий бўлиб чиқмоқда.
Шу сониядаёқ унинг чеҳраси хира тортган кўзгу артилганидек очилиб кетди ва у яна енгил тортиб, тез гапга тушди:
– Сиз ҳамма нарсани тушунганингиздан ниҳоятда хурсандман… Чин сўзим, фақат ёлғонни тўқиш хаёлимда ҳам бўлмаган… Иш манфаати юзасидан баъзида айрим муболағаларга йўл қўйишга тўғри келган бўлса ҳам ноҳалолликка қатъиян қаршиман… Мен худди шу тафовутни таъкидлаш ниятида эдим…
Бундай беҳаёликдан яна аччиғим чиқди.
– Айтгандай, – дедим мен, – нима учун ташрифномангиздаги манзил ёзуви қирқиб ташланган?
– Ҳа, буми?.. Ўзи шундай… Суҳбатимиз давомида беҳудага хавотирланишингизни хоҳламагандим…
– Хавотирланиш? Нимадан?
– Ташвишланманг, кейин биласиз.
Яна алдов. Аммо эътироз билдиришга уриниш – унинг тегирмонига сув қуйиш бўлади. Унга одамдай муомала қилсанг, афтингга чангал соламан дейди. Бу худди маймун билан дарахтда туриб олишган билан тенг – ғолиб чиқишга умид йўқ. Дарҳол чекиниш ва жанг майдонини рақибга қолдириш – энг оқилона қарор. Дам олмоқчидек, ўриндиқ суянчиғига ястандим, янги сигаретани тутатдим ва ҳамсуҳбатимни боши берк кўчадан олиб чиқишга уриниб кўрдим.
– Майли, айтганингиздек бўла қолсин. Ҳа, сиз менга қандайдир қизиқарли янгиликни айтмоқчийдингиз, шекилли? Суҳбатимиз бошида шунга ўхшаш бирон нарса дегандек бўлувдингиз, чамаси… ёки бу ҳам бироз муболағамиди?
– Нимага бундай дейсиз, сэнсэй! Ҳар ҳолда сизнинг ашаддий ихлосмандингизман-ку. Олдингизга қуруқ келишга журъат этган бўлармидим?
– Унда бу қандай янгилик экан? – қизиқдим тутун ҳалқачаларини шифтга буруқситар эканман. – Сиз Марсда ер майдонлари билан савдо қилишни бошлаганингизми?
– Ҳа, бошладик. Агар сиз хоҳиш билдирсангиз, марҳамат, хурсанд бўламиз… Лекин ташрифим сабабининг бу савдо ишларига бирон алоқаси йўқ. Мен чин қалбдан ҳам сизга бир хизмат кўрсатиш учун келдим.
– Ниҳоятда мамнунман… Агар тоқатимни тоқ қилмасдан, совға солинган халтангизни кўрсатсангиз, чакки бўлмасди.
– Таажжуб… Мен уни дарҳол кўрсатган эдим, шекилли?.. Тушуняпсизми, ўзим – совғаман! Ўзим!
– Сиз?
– Нима, бу сизни қониқтирмайдими?.. Ҳа, айтгандай, мен муттаҳам бўлсам… Мендан бирон наф тегишига кўз тикиб бўлмайди, албатта…
 Унинг юзида акс этган ноумидлик шу қадар табиий эдики, мен вазиятни юмшатишга киришдим:
– Нималар деяпсиз, ўзи! Буни ҳатто хаёлимга ҳам келтирмаганман. Сиз, масалан, жуда кучли таассурот қолдирасиз. Уюшмангизга сиз ҳақингизда энг яхши фикрлар билдирилган тавсифни бажонидил йўллашга тайёрман.
– Сиз, сэнсэй, ҳали ҳам тушунмаяпсиз… Ташрифим сиз учун нақадар катта аҳамиятга эга эканини тушунмаяпсиз… Йўқ, тушунмаяпсиз. Мен деворга гапираётгандекман. Ахир баҳонгизни беш қўлдай биламан-ку, сэнсэй. Фақат баҳонгизни билган одамгина сиз учун мен ким эканимни англаб етишга қодир. Тушунсангиз-чи, мен сизнинг садоқатли ихлосмандингизман. Қолаверса, мен оддий мухлисгина эмасман. Мана, қаранг, соат механизмига эга радиом бор… – У портфелини очиб, қўл радиосини кўрсатди. – Бу радио дастурингиз эшиттириши бошланган ондаёқ қўйилади. Электричкада кетаётган бўлмай ёки яёв юрмай, ҳеч қачон дастурингизни ўтказиб юбормайман. Сиз менга кўп нарсалар ўргатдингиз. Сиз хизмат фаолиятим учун руҳланишнинг қудратли манбаи бўлдингиз. Энди кутилмаганда хавотирга тушиб қолдим. Афтидан, сизга жўшқин муносабатим мени жуда таъсирчан қилиб юборган кўринади. Мен эшиттиришларингизнинг мазмуни секин-аста муайян йўналишда муттасил ўзгариб бораётганини пайқаб қолдим. Ва бу, сэнсэй, нохуш таассурот қолдирмоқда… Сезгим алдамайди. Охирги эшиттиришларда бу, айниқса, қулоққа чалинди. Аҳволингиз хавф остида… Агар чораси кўрилмаса, ҳозирги Марс ракетаси тақдирингизни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Сизга шундай туюлмаяптими, сэнсэй? Ё мен муболаға қиляпманми?
Мен ҳанг-манг бўлиб қолгандим. Олдимда ақлдан озган киши ўтирибди деб ўйлаётгандим, у эса бирдан жароҳатларим ёриғига қўлини суқаётганди. Гапларини инкор қилишга журъатим етмади.
– Ҳм… ҳа… Буларнинг ҳаммаси студиямизда руҳи қашшоқлар ўтиргани учун содир бўлмоқда.
– Тўппа-тўғри! – У жунжиккандек бўлди ва томоқ қириб кулди. – Кўнглимга келгани тўғри чиқибди… вақтида келибман… Шундай экан, сэнсэй, бугунги эшиттиришингиз охиргиси бўла қолсин. Етар. Шундай истеъдодингиз билан студиядаги ўша нодонлар йўриғига йўрғалашга мажбур бўлаётганингиз қонимни қайнатади. Бу – истеъдодни ҳақорат қилиш. Агар мен шундай ҳолатга тушганимда, дарҳол ишдан бўшаб олардим.
У нақадар устамон руҳшунос эканлигига ўзимча ҳайратга тушдим, лекин кайфиятим баттар тушиб кетди.
– Менга кўрсатмоқчи бўлган хизматингиз шумиди? – сўрадим мен.
– Бу нарсага жуда юзаки қараманг.
– Бунга умуман ҳеч қанақа нуқтаи назар билан қарамаяпман. Аммо студиядан кетиш ҳам сиз тасаввур қилаётганингиздек осон нарса эмас.
–Ўзингизни яхши билмаганингиз учун шундай деб ўйлайсиз, сэнсэй. Оддий! Жуда ҳам оддий! Масалан… Айтайлик, сизга энг яқин нарсани олайлик. Романнавис бўлмоқчимисиз? Менимча, бу сизга жуда тўғри келади, сэнсэй. Радиодагидек тирноқ остидан кир қидиришлар ҳам бўлмайди. Нима дейсиз?
– Бекорларни айтибсиз… – Беихтиёр кулиб юбордим. – Умримда ҳеч қачон роман ёзмаганман.
– Худди шунинг учун ҳам, – тантанавор эълон қилди у, – олдингизга келдим. Менга бир қаранг! Энди баҳомни билиб оласиз…
– Албатта, ахир айтяпман-ку, ёрқин шахссиз деб…
– Бу мавҳум нарсаларни қўя туринг, сэнсэй. Романингиз учун зарур сиймо. Қаранг, ҳаммаси рисоладагидек бўляпти… Биринчи романингиз қаҳрамонининг прототипи, образ, мазмун, мавзу, ғоя сиймоси – марслик рўпарангизда турипти. Бирон нарсани мураккаблаштириш шарт эмас, мени қаҳрамон сифатида олинг-да, бугун иккаламиз ўртамизда бўлиб ўтган нарсаларни қоғозга туширинг, қарабсизки – ҳаммаси жойида бўлади. Ажойиб, бугунги кун руҳидаги пурмаъно роман чиқади. Хотимаси ўткир истеҳзоли маънога эга бўлишини тахмин қилиш мумкин…
– Сиз шу қадар мурувватлисизки, ўзимни ноқулай ҳис этяпман. Бироқ романни ёзиш ҳолва, уни сота билиш ҳам зарур. Ўйлашимча, улгуржи харидорларни топиш мушкул бўлади.
– Бу ҳақда ташвишланманг. Марс сайёраси, албатта, ҳозирча фантастика, лекин “Марс” уюшмаси – ҳақиқий воқелик. Унинг туриш-турмуши – ишчанлик. Умуман олганда… – У яна портфелига қўл суқди ва бу гал бир даста қоғозни олди. Уни қимматбаҳо нарсадек икки қўли билан эҳтиёткорона ушлаб турар экан, давом этди: – Кечирасиз, бироз кутилмаганга ўхшаяпти, аммо мен ҳеч гап очишга журъат этолмай тургандим… Ҳозиргача гапимиз бир жойдан чиқиб турган эди, буниси ҳам охири бахайр бўлишига умид қиламан… Сэнсэй, бу – романингизнинг қўлёзмаси. Агар тажриба жараёнини қайд этиш керак бўлса, буни ким ёзишининг фарқи йўқ. Устига устак, бугунги суҳбатимиз ва қўлёзма мазмуни деярли сўзма-сўз бир хил. Аслини олсак, сиз, сэнсэй, ўз даврингиз учун хоссиз. Агар буни сиз ёзганингизда ҳам ўртадаги фарқ арзимас бўларди. Қисқаси, кўнглингиз хотиржам бўлиб, буни ўз ижодингиз деб ҳисоблай-веришингиз мумкин. Хўш, нима дейсиз? Ўзимни ихлосмандларингиз орасида энг буюки деб аташ жуда фахрли.
– Лекин харидор топилмаса, сизнинг хайрли ниятларингиз совун кўпигидек учиб кетади.
– Мени шунчалик оми деб ўйлайсизми? Харидорингиз тўғрисидаги масала ҳал бўлган. Бу – “S.F. M” журнали. Муҳаррир қўлёзмани ўқиб чиқди ва қойил қолди. У сиздан бошқа нарсани кутмаганлигини, радиода ҳам ноёб иш олиб борганигизни эътироф қилди. Шу туфайли қўлёзмангиз ҳар бир бети икки ярим минг иенага1 баҳоланди, яъни сизга етакчи ёзувчилардек қалам ҳақи тўлашади. Бу ерда тўқсон уч бет, шундай қилиб, жами… э-э … икки юз ўттиз минг яна икки ярим минг… Чакки эмас-а? Агар ойига шунақасидан уч-тўрттаси сотилса, ишдан воз кечишга арзийди… Ҳа, яна айтгандек. Романнинг номи. У “Худди одамдек” деб атала қолсин. Ажойиб ном, тўғрими?
Бу кутилмаган ҳужум эди. Аъло даражадаги кутилмаган ҳужум. Тўғри, бу гапларнинг ярмигагина ишонардим, аммо шунинг ўзи ҳам мени ҳаяжонлантириб юбориш учун кифоя қилганди. Бироқ мен бу хўракка дарҳол ташланмадим. Қандай қарорга келишни билмасдан дедим:
– Айтайлик, биринчи роман – ўз йўлига. Кейин-чи? Кейингиларига ҳам харидор топилганда зўр бўларди.
– Ҳамма нарсада мени орқа қилаверинг. “Марс” уюшмасининг қўли узун. Умидларингиз алданмайди деган фикрдаман. Бизда ҳеч ким сизга бирон кўнгилсиз ташвиш келтириш ниятида эмас. Бироқ агар шу қадар ҳадиксираётган бўлсангиз, келинг, зиммангизга кичик бир мажбурият юклаймиз. Сиз бизга айрим хизматлар кўрсатасиз, масалан, вақти-вақти билан асарларингизда “Марс” уюшмаси, унинг манзилини қайд этасиз, деган шарт қўямиз… Нима деб ўйлайсиз? Сиз хотиржам бўласиз, биз ҳисоб-китобларимизда буни уюшмамиз рекламаси учун харажатлар сифатида кўрсатишимиз мумкин. Бу ҳолда орамиздаги муносабатлар қарздор билан қарз берувчиники каби эмас, балки замонавий шартнома асосига қурилади ва бу ҳақда бошқа гап бўлиши ортиқча, нима дейсиз?
– Бу шу қадар нотабиийки, ҳақиқатан бошқа гап-сўзнинг мавриди эмас.
– Яна бир гап, сиз учун тахаллус топиб қўйганмиз, сэнсэй… Кода Саруеси. Ёқдими?
– Кода Саруеси? Менимча, ундан майнавозчиликнинг иси келиб турибди.
– Эҳтимол. Биринчи марта эшитганингда, ички қаршиликни ҳис этасан. Шундай бўлса ҳам чакки эмас деган фикрдаман. Аслида бу тахаллус билан норозилик ҳиссини уйғотиш кўзланганди. Агар бу номни бир марта эслаб қолсангиз, кейин унутмайсиз. Нима деса-дейишаверсин, бироқ биринчи таассурот ҳамма нарсани ҳал қилади. Бунинг устига бизга бу тахаллусни электрон машина топиб берди. Қўяверинг, сэнсэй, ўйлаб ўтирманг, хўп деяверинг! “Худди одамдек”… Кимдан уяласиз, бу сизнинг – даҳо асарингиз!..
Бунинг сабаби тасаввуримми ёки бошқа нарсами, лекин бирдан гўё лойқа сув тиниб, ҳамма нарса ойдинлашгандек ва калаванинг учи ўз-ўзидан топилгандек барча ғам-ташвишлар йўқолди. Мен ҳатто озодликка чиқиш ҳиссини туйдим.
– Ҳай, майли… Унда ҳеч бўлмаса ўша қўлёзмани кўрсатинг…

11

Тоқатсизлик ва қатъиятсизликдан қалтираётган қўлимни қўлёзмага узатдим, аммо кутилмаганда…
– Ҳей, шошилманг, бунақаси кетмайди! – деди у бирдан ўзгариб қолиб сурбетларча оҳангда ва қўлёзмани олиб, қўлтиғига суқди. – Типирчилайдиган гадойга кам садақа берадилар… ҳе-ҳе… Бу ерда сиз, сэнсэй, қовун туширдингиз.
Йўқ, шу заҳотиёқ унинг калласига гул туваги билан солиб қолмадим. Пашшага ҳам озор бермайдиган инсонпарвар бўлганим учун эмас. Пичоқ ҳали ҳам унинг қўли олдида тургани учун ҳам эмас. Шунчаки, эшик тақиллатилиб, хонага хотиним буюртма берилган европача чой олиб киргани учун. Ўз-ўзидан тушунарлики, хотиним олдида жангга киришишга қурбим етмасди. Ҳаётимда ҳали бирон марта муштлашишда ғолиб чиқмаганман.
Афтидан, хотиним хонани тўлдирган тангликни ҳис этганди. Ҳатто идишларни узатаётган қўлларининг ҳаракати ҳам унинг хавф-сираётгани ва бу ерда нималар содир бўлаётганини англашга уринаётганини сездириб турарди. Бироқ меҳмон ҳеч нарса бўлмаган-дек, унга оҳиста ўгирилиб, майин табассум билан деди:
– Раҳмат, жуда илтифотли одамкансиз… Қаранг-а, нақадар ёқимли ҳид… – У кимёвий тажрибалар ўтказилаётганда қилишадигандек, кафти билан елпиб, идишдан кўтарилаётган буғни бурни томон ҳайдай бошлади. – Сэнсэй эса худди ҳозир хаёл суряпти, ўйлашимча, тўғриси бу мутлақо бош қотирадиган масала эмас. Эҳтимол, сиз, рафиқа сифатида ўзингизнинг ҳал қилувчи фикрингизни айтарсиз? Биласизми, мен эрингизни Марсда ер майдони сотиб олишга кўндирмоқчиман…
Лекин бу ерда мен чекинишни хоҳламадим.
– Бунга сенинг алоқанг йўқ, – дедим хотинимга меҳмонни писанда қилмасдан. – Кетаверишинг мумкин.
– Кечирасиз, гапимни тушунтира олмадим. – У ҳам менга ён босгиси келмаётганди. – Биласизми, мен ер майдонларини сотиш бўйича агентман. “Марс” уюшмаси. Исмим – Танака Итиро. Сэнсэй Марснинг жуда билимдони бўлганлиги учун биз ташаббусни ўз қўлимизга олиб, унга марсликларга қўшилишни таклиф этишга жазм қилдик… Масалан, Тайтан канали атрофидан ола қолинг. Энг паст ҳарорат – саксон даража совуқ, ажойиб жой… Ҳозир эса ер майдони сотиб олишнинг айни пайти… Бу ерга ёз мавсумида йўл оласиз… Бу болажонлар учун қандай қувонч келтиришини тасаввур қилинг…
Мен қутуриб кетдим. Мени камситганликлари етар. Бунга хотинимни нега аралаштиришади? Бироқ хотиним ҳам бўлган-бўлмаганга ерга уришларига қараб турадиган анойилардан эмасди. Бепарво, гўл оҳангда қизиқди:
– Нима учун сизни олиб кетишга келишмаяпти? Ахир ўттиз дақиқа ўтиб кетди-ку…
Ҳа, уйғоқ онг мана қандай жавоб қайтариши керак. Хотинимнинг сўзлари мени гўёки ғирт мастликдан уйғотгандек бўлди. Суҳбат-лашаётган одамимни жиддий қабул қилмаслик керак, холос. У бор-йўғи хаёллар ва фаразлар билан пуфлаб шиширилган ҳаво шаридир, қилиш керак бўлган ягона нарса – ундаги заҳарли ислардан имкон қадар нафас олмаслик учун шарнинг учини маҳкам ушлаб туриш.
– Нима, бирон ёққа отланяпсизми?
У ўзини хотинимнинг саволи гўёки ўзига қаратилмагандек кўрсатмоқчи бўлди, аммо бу уятсизлиги энди аҳмоқона туюларди. Хотинимни тинчлантириш учун унга имо қилдим, у ҳам имо билан жавоб қилиб, эшик томон йўналди. Шу ондаёқ меҳмон иккаламизни ҳам кўз ўнгидан қочирмаслик учун қулай бўлган жойга ўтди ва шиддатли сўз оқимини ёғдириб ташлади.
– Тушунишимча, сиз ҳам, сэнсэй, сиз ҳам, хоним, ҳали аҳволни етарлича ҳис этмаяпсизлар. – У жуда тез гапирарди, лаблари бутун юза узра илон изидек ўрмаларди. – “Марс” уюшмасининг қудратини ҳеч вақога олмаслик мумкин эмас. Уюшма ҳозирнинг ўзида Тинч океанининг жанубида Н. оролини сотиб олди ва у ерда улкан ракета базасини қуришни бошлаган. Инсониятнинг энг буюк ақли расолари бу ишда бизга бевосита ёки билвосита ёрдам қўлларини чўзмоқдалар ва биз билан ҳамкорлик қилмоқдалар, шунинг учун ҳар бир мамлакатда коинот соҳасида ўтказилаётган тажрибалар айни пайтда бизнинг ҳам тажрибалар ҳисобланади. Муваффақиятга эришишга оз қолди. Афтидан, яқин йиллар ичида оралиқ база – йўлдош қурилиши ниҳоясига етади, шундан уч йиллар чамаси кейин Марсга одам бошқарадиган ракета қўнади, сўнг Марсга кетма-кет ракеталар учира бошланади ва кўпи билан ўн йилдан кейин йўловчиларнинг доимий парвози йўлга қўйилади. Йўқ, биз сизларнинг кўчмас мулк билан савдо қилувчи муттаҳамлардан эмасмиз.
Балким, у гапини тугатишига изн берилса яхшироқ бўларди, лекин хотиним сўзини бўлди.
– Бироқ биз… – деб бошлади у. – Сиз бизга Венерада ер майдони таклиф қила олмайсизми?
Унинг афти томир тортишгандек таранглашди. У жавоб қилди:
– Кечирасиз, хоним, сизга “ерга мулк эгалиги ҳуқуқи” тушунчаси маълумми? Бизга тегишли бўлмаган нарсани қандай сотамиз? Ахир бу муттаҳамлик бўларди-ю.
Бу жойда хоҳласам-хоҳламасам хотинимга ёрдамга келишга мажбур бўлдим.
– Бу жуда адолатли, – дедим мен. – Аммо жаҳон давлатлари уюшмангизнинг Марс ҳудудига ҳуқуқи борлигини тан олганини негадир эшитмаганман. Қандай бўлганида ҳам бу болаларнинг харидор-сотувчи ўйинларига ўхшаб кетади.
– Болалар ўйини? Заҳарханда қилмоқчига ўхшайдилар.
– Ҳечам. Шунчаки, Марс худди Ой ва Антарктида каби халқаро назорат ва бошқаруви остида бўлиши керак.
Лекин меҳмоним ўзини йўқотиб қўймади. Айёрона кўзлари билан менга тез қараб, чойдан ҳўплади, дастрўмоли бурчагини лабларига босди ва бу сафар сўзамол ваъзхон оҳангида зерикарли маслаҳатомуз оҳангда чўзиб кетди:
– Биласизми, сэнсэй… Ҳамма гап шундаки, ҳар қандай давлат – унинг шиорлари қанчалик баландпарвоз бўлмасин – энг очкўз ва зиқна хусусий тадбиркордан юз карра амалиётчироқдир. Сизнинг радиодастурингизга кўра, сэнсэй, Марс жуда яқин ва унга бориш осон, бироқ давлат учун у аввалгидек атиги узоқдаги эртакча. Жўнгина қилиб айтганда, Марсни ўзлаштириш учун давлат бюджетидан беқиёс харажатлар талаб қилинади, бундан ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий наф эса зиғирча ҳам эмас. Чиндан ҳам ҳозир нимага умид қилса бўлади? Нари борса – юмшоқ қўнишни амалга оширишни. Ҳар қандай ҳукуматнинг иши бошидан ошиб ётибди. Уларнинг Марс хусусида халқаро битим каби арзимас ишларга вақти топилмайди. Билмадим, сизга маълумми, сэнсэй… Очиқ денгиз тўғрисидаги қонунчиликда қўриқланадиган акватория тушунчаси мавжуд… Уни қирқ бешинчи йилда балиқ ресурсларини сақлаш мақсадида киритган эдилар. Ердаги денгизларингизга тааллуқли, аниқ фойда ва зарарларга бевосита алоқадор бўлмаган ягона халқаро битим сифатида ҳанузгача кўҳна “Кема қатнови эркинлиги тўғрисидаги декларация” сақланиб турибди. Ахир ҳозир ҳеч ким Тинч океанидан баллистик ракеталарнинг синов майдони сифатида фойдаланилаётганлиги ҳақида бирон нарса демайди-ку.
– Бироқ ҳар ҳолда Тинч океанини сотувга қўйиш мумкин эмас, тўғрими?
– Албатта, мумкин! Хоҳлаганингизча пуллайверинг, фақат харидор топилса бўлгани. Табиийки, сотув билан давлат шуғулланганида, бу халқаро ҳуқуқни бузишни англатган бўларди. Лекин давлатдан ташқарида бўлган, бирон давлат билан боғлиқ бўлмаган мутлақо мустақил ташкилот Тинч океанини остин-устин қилиб юбориши мумкин – буни тақиқловчи қонун мавжуд эмас. Уни нима учун жавобгарликка тортасиз? Денгиз босқинчилиги учунми? Имконияти йўқ… “Марс” уюшмасиз фаолиятининг соҳаси эса умуман коинотда, бу ердан юзлаб миллион километр узоқликда. У жаҳоннинг барча мамлакатларидаги энг йирик сиёсий ва молиявий корчалонлар, шунингдек сиёсат ва молия соҳасидаги энг етакчи мутахассислар томонидан бошқарилаётган халқаро компания эканлигини гапирмай ҳам қўя қолай. Бу компания чинакамига универсал… Қолаверса, ашаддий очкўзлик, қўйилган сармояга мувофиқ ёғлиқроқ нимтани юлиб олишга интилиш, афтидан, унинг учун рағбат бўлмоқда. Унинг куч-қудрати ҳам шунда, чунки компания бирон давлат уддасидан чиқа олмаган ишга қўл урган. Бироқ у камчиликлардан ҳам холи эмас. Баъзан сармоя етишмаслиги сезилади. Турли таассублар, тарафкашликлар халақит беради. Вазият шундай бўлиб қолдики, уюшма чакана савдо билан шуғулланишига тўғри келяпти. “Ёвузлик яратиш асносида эзгулик яратаман” – буни ким айтгани ёдимда йўқ. Мефистофель эмасмиди? Қисқаси, Марсда етакчи роль уюшмага тегишли, у ерда компания ўзига хос муваққат ҳукумат ҳисобланади, шунинг учун сиз, сэнсэй ва сиз, хоним, худди океанда сузадиган кемага чиққанингиздек, унга бемалол ишонаверинг. Сизлар маданиятли кишиларсиз-ку, шундай экан барча бемаъни қайсарлигингизни, болалар ўйинига доир гапларин-гизни йиғиштиринг…
У мийиғида кулиб қўйди, кафти билан иягидаги терни артди. Бежирим тахланган лаблари балиқ лабларидек дўрдайди. У нима дейишимизни кутарди.
Биринчи бўлиб хотиним тилга кирди.
– Эҳ, анави ерда ҳамма нарсам куйиб кетадиган бўлди! – шошиб қолди у ва хонадан югуриб чиқиб кетди.
“Ҳамма нарсанинг куйиб кетиши” “Марс” уюшмаси кўламларига қарши қўйилган эди. Бу яққол қарама-қаршилик нақадар ажойиб эди, тўғри эмасми? Заҳарли буғлар билан тўлдирилган ҳаво шари учини, мана, ким маҳкам ушлаб туриши керак эди! Хотинимнинг кутилмаган бу истеъдоди мени лол қолдирди, мен ниҳоятда завқланиб кетдим.
Хотиним жуда усталик билан қутулган меҳмонимнинг башара-сидаги қатъиятсизликни сақлаб туришга муваффақ бўлди. Мен унинг ўзини йўқотиб қўйганига яхшиси эътибор бермаслик керак ва хотиним кетидан чиқиб кетсам бўларди, деган ўйга келдим. Ҳар эҳтимолга қарши ўзимни худди хотиним чақираётгандек қилиб кўрсатдим.
Ҳақиқатан ҳам хотиним йўлак охирида дераза олдида кутиб турганди.
– Хўш, ҳаммаси яхшилик билан тугадими?
– Биласанми, у мени ўлдираёзди. У жинни бўлса ҳам барча масалада ўта устамон экан. Куракда турмайдиган, очиқдан-очиқ сафсатани бошлайди, кейин қарабсанки, бу сафсатадан чиройли суратдагидек аниқ ва равшан тасвир гавдалана бошлайди. Масалан, ўша “Марс” уюшмасини олиб кўрайлик – агар сергак бўлмасанг, унга ростдан ишониб қолиш мумкин, шундай эмасми? Нақадар ажабланарли бўлмасин, менда у зиёлилардан деган тасаввур пайдо бўлди.
– Жинни – жинни-да.
– Ҳар ҳолда, ўйлашимча, у мулк ҳуқуқи, қўриқланадиган аквато-риялар каби ўз мушоҳадаларини тўқиб чиқаряпти дейиш адолатдан бўлмасди. “Марс” билан боғлиқ ҳамма нарсаларнинг мантиқийлигини қара.
– Бўпти, бўпти, нима, сен уни ҳимоя қилишга тушяпсанми? Ундан сенга ҳам юқмадими, ишқилиб?
– Ҳм… Биласанми, унинг маълум даражадаги ишонтириш кучига тан бермасдан иложим йўқ.
– Яхшиси, айт-чи, ваъда беришган экан, нимага уни олиб кетгани келишмаяпти?
– Ҳамма гап шунда-да! Энг асосийси, у шу қадар қизиққонки – қўяверасан. Бунинг устига пичоқни ишлатишга чапдастлигини кўрсайдинг!.. Сенга гапириб беришга улгурмадим, лекин бир неча бор жоним қил устида турганди. Аммо ростини айтсам, мен ҳам анойилардан эмасман…
– Тўхта! – ҳаяжон билан деди хотиним бир нарса кўнглига келгандек. – Мен уни танидим!
– Нима деяпсан?
– Чой олиб кирган пайтимдаги унинг туриши… айниқса кулиши.. Янглишмаётганга ўхшайман… Унга бир неча марта зинапояда дуч келганман…
– Қайси зинапояда?
– Ўзимизникида-да, албатта. Зинапоядаги майдончани супура-ётганимда у тепадан тушаётганди. Эҳтимол, у учинчи ёки тўртинчи қаватда яшаса керак.
– Негадир ишонгим келмаяпти. Анави аёл бошқа жойдан қўнғироқ қилгани аниқ. Агар улар шу уйда турсалар, қўнғироқ қилишнинг нима кераги бор эди? Тўппа-тўғри шу ерга келарди-қўярди. Яна ўттиз дақиқа кутиш… Қанчалик ивирсима, бу уч дақиқадан ортиқча вақтни олмасди.
– Қандай ўйласанг ўйлайвер-ку, унинг бир балоси бор.
– Сен уни бошқа бировга ўхшатмадингми?
– У жуда ўзига хос гапиради. У билан сўзлашаётганингда юзи тинмай қимирлар эди.
– Нима сен ҳатто у билан гаплашганмисан?
– Фақат бир маротаба… У мен билан сўрашди, суғурта ҳақида гап очди, кейин хайрлашди… Ўзи суғурта ҳақидаги гапи ҳам қандайдир ғалати бўлганди. Шу қадар ғалатики, эсимда сақланиб қолган… Эмишки, унинг компанияси телбалик ҳолларини суғурталашга қарор қилганмиш, шунинг учун у аҳоли ўртасида бундай суғурталашни нима деб аташ ҳақида сўров ўтказаётганмиш. Бунинг учун иккита ном таклиф қилинаётганмиш: телбаликни суғурталаш ва соғлом ақлни суғурталаш. У бу иккисидан қайсиси сизга маъқул деган савол берди.
– Ҳақиқатан, ғалати-я… Агар ўша одам у бўлмаганида ҳам улар ўртасида қандайдир ўхшашлик бор, бу – шубҳасиз.
– Хотини телефонда сўзлашганида овози қанақа эди? Сенда яқин орадан қўнғироқ қилишаётганга ўхшаб туюлмадими? Овоз яхши эшитилдими?
– Биласанми, булар ёдимда йўқ. Ҳа, айтгандек, аҳвол шунақа бўлса… Унинг ташрифномасидаги манзил кўрсатилган жой қирқиб ташланган… Агар айтишингча, у биздан бир ёки икки қават юқорида яшаса, ҳамма нарса тушунарли!
– Тўғри айтяпсан, худди шундай! – қизиқиб гапимни илиб кетди хотиним.– У биз рафиқаси қаерда яшашини билиб қолишимизни хоҳламаган, шунинг учун бу кичик ҳийлани ишлатган.
– Агар шундай бўладиган бўлса, хотинининг бошиданоқ бу ишларда қўли бор. Улар олдиндан бу кимса хонамда камида ўттиз дақиқа қоққан қозиқдек туришини келишиб олишган, бошқача бўлиши мумкин эмас.
– Шунинг учун яна кутиш беҳуда. Энди ҳамма нарса ойдинлашган экан, дарҳол полицияни хабардор қилиш зарур.
– Йўқ, шошилма. Икки киши тил бириктириши учун улар ё телбалар, ё ақли расолар бўлишлари керак. Эр билан хотин яккаю ягона телба ғоя таъсирида девона бўлишганини тасаввур этиб бўлмайди, шу сабабли уларни ҳамма сингари одамлар деб ҳисоблашимизга тўғри келади. Бирор важсиз оддий одамларни полиция қўлига топшириш…
– Сабаби бор. Ва жуда жиддий сабаб. У уйимизга таклифсиз, куч ишлатиб кирди. Бу ўзганинг турар жойига ноқонуний бостириб кириш ҳисобланади.
– Нима деяпсан! Тўғри, уни таклиф қилмагандик, аммо келишига монелик ҳам қилмаганмиз…
– Чунки у гўё тўполончи деб бизга ёлғон гапирганлари учун!
– Бизнинг гувоҳларимиз ҳам йўқ… У ҳамма нарсани рад этаверади, бор-йўғи шу.
– Нима, бундан буёғига ҳам унга тоқат қилаверамизми?
– Биз уни ақли соғлом деб ишонган эканмиз, бу ердан қанчалик эртароқ туёғини шиқиллатса, шунчалик яхши бўлишига аниқ-равшан шаъма қилса бўлади…
– Ақли соғлом эмиш! Наҳотки чиндан ақли соғлом бўлса! У шунчаки айёр, муттаҳам, бошқа ҳеч ким эмас… Марсда ер майдонлари, телбаларни суғурталаш… Бу безбет савдогар уни бу ердан кетига тепиб қувиб чиқариб бўлмаслигини жуда яхши билади, ўзига қолса бамайлихотир ўтираверса катта холасининг уйидагидай.
– Ҳай, ҳай, бунчалик қизишма. Типирчилаган девоналарга садақани кам беришади… – Меҳмонимнинг бу сўзлари беихтиёр оғзимдан чиқиб кетди ва ўша заҳотиёқ камситилишнинг аччиқ ҳиссини туйдим. Сени жуда яхши тушуниб турибман ва кайфиятингни ҳам биламан… Йўқ, бу ҳақиқатга ўхшайди ва шундай бўлиши ҳам мумкин. Бироқ бизда фақат билвосита далиллар бор ва биронта ҳал қилувчи, ўта ишонарли далил йўқ…
– У буни ҳис этиши керак эмиш… – Хотиним ҳовурдан тушди-да, деярли ўтинч оҳангида деди: – Агар сен унга гапирадиган бўлсанг, бундан бирон наф чиқмайди. Гапингнинг оҳанги у ёки бу тарзда журъатсизлигингни сездириб қўяди. У жойидан қўзғалмайди ва барибир хоҳласанг-хоҳламасанг полицияга мурожаат қилишга тўғри келади.
– Сен ҳеч нарсани билмайсан. Сен у билан яккама-якка гаплаш-магансан, шунинг учун қандайдир илинжга умид қиласан. У нақадар сўзамоллигини ва пичоқни ишлатишда чапдастлигини бир кўр-ганингда эди!
Шу дақиқадаёқ, худди сўзларимга жавоб тариқасида, иш хонамдан қандайдир оғир нарсанинг “тарақ” этиб полга қулагани эшитилди. Айтгандек, “қулаган” сўзи менга умид бахш этгандек бўлди: одам ҳушидан кетиб йиқилса, товуш бўғиқроқ бўлади. Аниқроғи, одам бўйи баландлигидан қалин жилдлар тахлами қулаб тушган бўлса керак, деган ўйга бордим. Гарчи меҳмоним тўнтарилиб тушмаган бўлса-да, барибир бирон кор-ҳол рўй бермадимикан дея шошиб қолдим. Хотинимнинг юзи эси тошдек қотиб қолганди.
– Ҳал қилувчи далил топилади, – деди у. –Ҳозир юқори қаватларни айланиб чиқаман ва ҳамма нарсани билиб оламан.
– Бунга ҳожат йўқ. Бу ўша одам эканлиги аниқланса, менимча, чакки бўлмасди. Унинг номи маълум – Танака Итиро, фақат пастдаги почта қутиларига кўз югуртириб чиқилса бўлди.
– Бунинг фойдаси йўқ. Учинчи ва тўртинчи қаватларда яшовчилар нима учундир қутиларга ўз лавҳаларини илиб қўйишмаган. Ташвишланма, у ерда бор-йўғи иккита хонадон бор, шекилли, мен ҳозир…
– Тушунсанг-чи, у аёл қанақа – ким билади. Агар хотини унинг шериги бўлса, афтидан, жуда шармсиз чиқиб қолиши мумкин…
Иш хонамдан яна ғалати – бу гал худди полда менинг картотекали қутимни ёки девор соатини судрашаётгандек узун, лекин узуқ-юлуқ товуш эшитилди. Бу ниманинг овози эканини тушуниш қийин бўлгани учун у, айниқса, ваҳимали ва таҳдидли эди.
– Ҳа, буни бас қилиш керак. Ўзимизни хавф остига қўйишнинг ҳеч кераги йўқ.
– Ўзимизни хавф остига қўйиш?
– Бунга азм қилиш учун сурбетлиги кифоя бўлган экан… У ўзини қандай тузоқ кутаётганини тасаввур ҳам қилмаган… ва ўшанда, масалан… – ўзим ҳам нима деяётганимни билмасдан, онгимда пайдо бўлаётган янги фикрга қулоқ тутган ҳолда бўлмағур нарсаларни валақлардим. – Албатта, бундай нарса… ўйлашимча бўлиши мумкин эмас, бироқ…
– Нима бўлиши мумкин эмас?
– Айтмоқчиманки… Масалан, бу нусха қандайдир ўзини оқловчи далилни аниқлаш учун бу ерга келган деб фараз қилсак… Телефонда хотинининг ўзи эмас, тасмага ёзилган товуши эшитилган бўлса… Магнитофон соат механизми орқали қўйилса… Англаяпсанми? У хотинини ўлдирган ва ўзини оқлайдиган далилни топиш учун…
– Бу ҳолда қанақа далил бўлади?
– Жуда осон. Агар у бизнинг эшигимиз остонасида турганида хотини тирик ва телефон қилган бўлса-чи.
– Йўқ, мен у ҳақда гапираётганим йўқ. Соат механизми бўлган магнитофон қандай қилиб телефон рақамларини тера олади?
– Буям тўғри, — дедим мен бироз ҳафсалам пир бўлиб. – Ҳақиқатан ҳам телефондан қўнғироқ қилиш учун кимдир рақамларни териши керак…
– Сенинг бир қусуринг бор – ўлгудай ваҳимачисан. Ҳолбуки, қўрқадиган ва бош қотирадиган нарсанинг ўзи йўқ, ҳаммаси жуда оддий. Масалан, ўша аёл энди биз томон отланмоқчи бўлиб турганида қорни оғриб қолган ёки уни кир ювиш машинасидан ток урган, ё эшигининг остонасида цемент полда сирғаниб кетиб, йиқилиб тушган…
Эҳтимол, ваҳимачидирман. Балким, менда хотинимнинг тасаввури етишмаётгандир. Ҳар ҳолда у билан жуда баҳслашгим бор эди, аммо оилавий тортишувлар вақти эмасди. Худди шу дақиқада иш хонамдан эшитилаётган шовқинни бир ниманинг қулаган товуши босиб кетди. Ҳамма белгиларга кўра офат қудратининг энг қизғин палласи эди.
– У хонада ҳамма нарса остин-устин қилинаётган кўринади.
– Тошойна тагида гайка бурайдиган асбоб ётибди. Чўнтагингга солиб ол.
– Сен ҳам эҳтиёт бўл. Бўлар-бўлмасга ўчакишма.
Хотиним менга бош ирғади, ёқасини тўғрилаб, коридордан писиб кетди. Эшик ёпилишини кутиб, меҳмонхонага гайка бурайдиган асбобни олгани бормоқчи бўлгандим, бирдан тарақ-туруқ овозлар тўхтади ва ҳаммаёқ сув сепгандек жим-жит бўлиб қолди. Мен дарҳол иш хонамга югурдим. Мени агар ҳозироқ бу кўп қиёфаликни жойида қўлга олмасам, юзидаги ниқобини юлиб олиш имкониятидан умрбод маҳрум бўламан деган ўй қийнарди.

13

Эшикни шартта очиб, остонага қадам қўйдим ва таҳдидкор нигоҳ билан хонага кўз югуртирдим. Бироқ менинг жанговар руҳим шу заҳотиёқ ном-нишонсиз ғойиб бўлди.
Мен ўйлаган вайронгарчиликдан асар ҳам кўринмасди.
Меҳмоннинг ўзи ўша жойдаги стулда, тиззаларини кенг ёйиб ўтирарди ва у яқиндагина қандайдир шиддаткор ҳаракатлар қилганини мутлақо тасаввур қилиб бўлмасди.
– Оила кенгаши қандай қарорга келди? – қизиқди у. – Менда сизнинг, сэнсэй, рафиқангизга ишонса бўлади деган таассурот туғилди.
– Муғамбирликни йиғиштиринг, – дедим мен ниҳоят ўзимни хиёл қўлга олиб. – Ҳозир бу ерда қанақа қилиқ қилаётгандингиз?
– Ҳа, анавими?..
У бепарво бош ирғади, кейин икки қўли билан суянчиқни ушлаб, ўрнидан турмасдан, стул билан бирга аҳмоқона ўмбалоқ оша бошлади, бунда у ўз ўқи атрофида ҳам айланарди.
Шундай қилиб, йиқилган товуш – товонининг полга тақиллаб тегиши экан.
Шундай қилиб, гўё ниманингдир судралиши – бу стулнинг айланаётганида оёқчалари билан полга тегиши экан.
– Бу менинг ихтиром – стул билан гимнастика… айни пайтда бу – Марс гимнастикаси. Марсда, биласиз, тортиш кучи анча кам ва мен ҳар куни шундай машқларни бажараман.
У стулида ўмбалоқ ошиб, ваҳимали тарақ-туруқ билан хонани кесиб ўтди ва дераза олдигача етиб борди. Мен шошилиб, у ҳозиргина эгаллаб турган жойга ўтиб олдим. Бу, биринчидан, эшик ёнида, иккинчидан, пичоққа анча яқин жой эди.
– Марсингиз ҳам, гимнастикангиз ҳам жонимга тегди, – қичқир-дим мен. – Сиз, яхшиси… Келинг, гапнинг пўскалласига ўтайлик. Сиз биздан бир ёки икки қават юқорида яшайсиз, шундайми? Яширманг, энди ҳаммаси маълум. Ҳа-я, мана ташрифномангиз ҳам… Энди менга нима учун манзил кўрсатилган жойни қирқиб ташла-ганингиз мутлақо равшан!
Унинг жавоб беришига умид қилмаётгандим, фақат унга руҳий зарба бермоқчи, бир йўла ўзимни ҳам тинчлантирмоқчи эдим.
Меҳмон олдига, столга ташлаган ўз ташриф қоғозига ҳайратланиб боқди. Кейин елкалари беҳол осилиб қолди ва у стулида бир ёнига қийшайиб деди:
– Демак, сизга ҳаммаси маълум бўлибди-да?
Энди мен оғзимни очиб қолдим – у кутилмаганда шунчалик тез иқрор бўлди. У шу онда ўзимни йўқотиб қўйганимдан фойдаланиб қолди, зарбасини берди.
– Буни сизга рафиқангиз айтдими? Ўзи хотинлар бошга битган бало бўлишади.
– Бунинг сизга дахли йўқ.
Мен ҳужумни қайтармоқчи бўлдим, аммо унинг зарбаси мўлжалга теккан эди. Меҳмоннинг гап оҳангидан у ўзим ва хотиним ўртасида қандайдир менга номаълум бўлган муносабатлар борлигига очиқ шама қилаётганди. Оёғимдан бошлаб бутун танам бўйлаб бирдан баландликдан қўрқишга ўхшаш ҳис тарала бошлади ва мен бутун кучим билан ўзимга ёпишиб олдим.
Фақат эътибор берма, хаёлан ўзимга-ўзим уқтирардим, муво-занатни йўқотмаслик учун елкангни тут… Бу бор-йўғи сафларимизни пароканда қилиш мақсадини кўзлаган бўҳтон, ўртамиёна тактик усул… Бу хўракка алдансанг бас ва биз дарҳол қармоққа илинамиз… Майли, фақат хотиним келсин, мен худди шу ерда, жойида уни фош этаман, жирканч ниқобини юлиб ташлайман…
– Ўйлашимча, сэнсэй, бу ерда бир тушунмовчилик бўлган. Рафиқангиз жуда ҳам шошилган. Чин сўзим, менда бирон ёмон ният йўқ.
– Бошимни қотирманг кўп … Хотиним тўғрисида ҳеч вақо дея олмайсиз. Аммо ўзингизнинг рафиқангизга келсак-чи? Ёнма-ён яшаймиз, қўшнилармиз, ҳатто неча бор учрашган бўлишимиз мумкин, у эса аззи-баззи мени алдади! Шунчалик ҳам уятсизлик бўладими…
– Алдади? Менинг хотиним-а? – унинг қошлари пешонасига ўрмалади ва бутун башарасини чинакам, чуқур ҳайрат эгаллади. – Бўлиши мумкин эмас. Ақл бовар қилмайди… Майли, буни қўя турайлик… Хотиним тўғрисида, сэнсэй, бошқа оғиз очманг, илтимос… Акс ҳолда сиз мени қаттиқ хафа қиласиз…
– Ия, мен сизни хафа қиламан? Сиз у ёқда фитна уюштирасиз, одамларни лақиллатасиз, мен эса сиз тўғрингизда оғиз очмайми? Жуда-жуда уятсизлик, ўзи тамға босадиган жой ҳам қолмаган!
– Нега сиз шундай… Ахир сизга айтмовмидим? Ахир у телба-ку… Сизга айтгандим, сэнсэй, яхшироқ эсланг… Қанчалик аянчли бўлмасин, у жуда ақлдан озган.
– У эса сизни ақлдан озгансиз дейди!
– Ҳа… – деди у хўрсиниб. – Таассуфлар бўлсинким, унинг бунга ишончи комил. Шундай экан, сэнсэй, ўзингиз ўйлаб кўринг, биз – бир-биримизни ўзаро телбаликда шубҳа қиладиган бахтиқаро эр-хотин, биз, сиз марҳамат қилиб таърифлаганингиздек, фитналар уюштириш ва бошқа нарсалар қилишга қодирмизми? – У бирдан жонланиб кетди. – Бунга ақл бовар қилмайди… Чин сўзим, бу тушга ўхшайди…
Софизм майнавозчилиги… Сўз ўйинининг ўзгариб бориши. Музлатилган балиқдек совуқ ва қотган тилимни аранг айлантириб дедим:
– Рафиқангиз нима учун ёлғон гапирди?
– Бас қилинг! Сизга айтдим-ку, буни эшитишни ҳам истамайман, деб. Соддадил, Будда каби пок аёлни шундай шубҳалар билан таъқиб этиш… Мен бунга чидай олмайман…
– Майли, ёлғон гапирмаган дейлик, лекин…
– Сизнингча, у нимани ёлғон деди?
– У сизни олиб кетиш учун ўттиз дақиқадан кейин келаман деди, аммо келмади. Ишонаверинг, бу шубҳа уйғотмайдими?
– Ваъда берди? У ростдан ҳам ваъда бердими?
– Ҳамма гап шунда-да. Сиз унга содиқсиз, сиз унинг барча буйруқларига итоат этасиз. У сизга ўттиз дақиқа қандайдир тарзда кўнглингизни ёзишни таклиф қилганида…
– Бу гапи рост. – У елкасини кўтарди ва биров қитиқлаётгандек хиринглади. – У нима демасин, мен ҳеч қачон гапини икки қилмайман. Унга жуда раҳмим келади. Ҳар бир одам ҳамдардликка ва уни тушунишлари ҳуқуқига эга. Бунинг устига у менга қўлимдан келган нарсаларнигина қилишни буюради.
– Мен вақт ҳақида гапираётгандим…
– У ҳозир қанчага кеч қолди?
– Кеч қолди? Майли, кеч қолган бўла қолсин… Ўн беш дақиқа бўляпти.
– Бор-йўғи ўн беш дақиқа…
– Бор-йўғи? Сиз учун бу кўз очиб-юмгандек ўтгани яққол билиниб турипти. Мен эса ўттиз дақиқадан кейин келаман деб яна ўн беш дақиқага кечикадиган бўлишса, баъзи шубҳаларга бораман.
– Мен эса ишонаман.
– Нима, сиз барибир берилган ваъданинг устидан чиқилади демоқчимисиз? У, эҳтимол, ҳали сизни олиб кетгани келиши мумкинми?
– Албатта. Бўлмасам-чи? Кечикиш учун, афтидан, жиддий сабаб бўлган. Шубҳа қилган гап нимада эканини билган заҳоти уятдан куйиб кул бўлади…
– Ҳар ким ўзига ёққан нарсага ишонади.
– Хўп, майли. Унда келинг, бизникига бориб келайлик. Қолаверса, сизга ҳамма нарса аён, сиздан беркитадиган нарсам йўқ. Рафиқамни кўрган заҳоти барча шубҳаларингиз шу ондаёқ тарқаб кетади. Кетдик. Кийинишнинг ҳожати йўқ, чунки бу шу ерда, шу уйда.
– Сабр қилинг. Ҳали сизга айтганим йўқ… Биласизми, ҳозиргина хотинимни яшаётган жойингизни кўриб келгани юбордим, у тез орада келади. Мен аввал у нима дейишини эшитмоқчи эдим. Шундан кейин биз ишонсак ёки иккилансак ҳам фикрларимиз узил-кесил бир жойдан чиқиши лозим.

14

Бир пас меҳмон олисдаги манзарани томоша қилаётгандек менга тикилиб қараб турди. Дилида аччиқланаётган бўлса ҳам буни сездирмаётганди. Бармоқларини қирсиллатиб қисганча, бўғиқ, ифодасиз товушда деди:
– Ҳаммаси тушунарли… Фақат бу сиз ўйлаганчалик оқилона иш бўлдимикин, сэнсэй?
– Қайси маънода? Сиз хотинимнинг гапларига ишонмаслигим керак эди демоқчимисиз?
– Бу ерда мен унинг фазилатларини муҳокама қилишга журъат эта олмайман, бироқ…
– Инсофли одамлар бундай қилмайдилар… Сиз рафиқангизнинг ҳамма ишларини оқлайсиз…
– Ахир мен асло рафиқангиз ёмон одам демоқчи эмасман. Аксинча, у жуда сезгир ва ниҳоятда ақлли аёл. Бунинг устига жуда лобар. Фақат…
– Нима “фақат”?
– Шундоқ, мияга турли нарсалар келади… Ҳозирги пайтда одамга ишониб бўлмайди дейишади. Мен бунга қатъиян қаршиман. Одамга ишониш осон. Бошқа одамни сенга ишонишга мажбур қилиш эса анчайин қийин. Мана ҳозир сизни, сэнсэй, менга ишонишингиз учун жон-жаҳдим билан кураш олиб бормоқдаман… Биз ҳам-суҳбатимизни ўз қаричимиз билан ўлчашга одатланиб қолганмиз ва бундан асло тортинмаймиз. Табиий эҳтиёткорлик – яқин кишимизни ўлчаш учун ўз қаричини сақлаб қўйиш – қайсидир саҳҳоф дўконининг бурчагидаги эски китоблардек моғор босиб ётибди… Шунинг учун ҳатто рафиқангиз сизнинг, сэнсэй, ақлингиз расо-лигига шубҳа қилган ҳолларда ҳам… Бўлгани бўлди, сизга ҳаммасини гапириб бераман… Фақат кўнглингизга олмайсиз. Ўпкалашга ҳожат йўқ ва айблашга шошилманг…
– Бориб турганингиз майнавозчилик. Шубҳаланмаётган одамдан шубҳаланмасликни сўраш – ундан шубҳаланишни сўраш билан баравар.
– Ёқимли гапларни эшитиш мароқли. Зеро, шубҳа бевосита ҳақиқат ҳузурига кириладиган дарвоза ҳисобланади. Бунинг устига рафиқангизда фақат сиз тўғрингиздагина нотўғри тасаввур пайдо бўлмаган, сэнсэй. Ҳатто мендек мутлақо тасодифий одам ҳам унда ўзим тўғрисида нотўғри тасаввур уйғотиш балосига дучор бўлдим. Рафиқангиз қайсидир сабабга кўра… – шу жойда у олдинга энгашди ва овозини пасайтирди, – гўё мен суғурта агентиман деган қарорга келибди.
– Ўзи шундай эмасми?
– Бўлмаган гап. Бу ишга мутлақо алоқам йўқ. Шунчаки, хотиним калласига буни жойлаб олган, унинг гапини эса иккита қилиб бўлмайди, у билан муомала қилганингда сароб дунёчасига зиён етказмаслик учун нима деса “лаббай” деб туришинг, уни эҳтиёт қилишинг керак… Аммо рафиқангиздек одам каттагина миқдорда пул бериб, телбалик суғуртасига буюртма бераётганда кўз-қулоқ бўлиб туриш зарур…
– Телбалик суғуртаси?
– Ҳа, телбалик суғуртаси. Бу ҳақда эшитганмисиз?
– Бу – ғирт шаллақилик!.. Агар сиз бу бемаъниликни хотинимнинг қулоғига қуймаганингизда, бундай аҳмоқгарчилик унинг хаёлига ҳам келмаган бўларди!
– Мен.. – у айбига тўла иқрор бўлгандек ғулдиради, – мен рафиқангизга буни гап орасида, ҳазил тариқасида айтгандим. У буни ростакам қабул қилишини тасаввур ҳам қилмагандим. Рафиқангиз, афтидан, руҳий-асаб хасталигига чалинган. Кутилмаган саволим учун афв қилинг, сэнсэй, лекин рафиқангиз сизнинг ўта жанжал-кашлигингиз гувоҳи бўлмаганми? Бу унинг ҳадиксирашлари сабабига ойдинлик киритган бўларди. Ёки, эҳтимол, унинг томирларида шундай қон оқаётгандир…
– Оғзингизга келганини валақлайверинг. Хотиним келган замон бу сариқ чақага арзимайдиган ёлғон-яшиқларингиз куз япроғидек салгина шамолдан чирт этиб узилади-кетади.
– Ҳа, хотинингиз бўҳроннинг ўзгинаси, – деди у ёдига бир нарса тушгандек, кулгидан чайқалиб. – Аслини олганда, ёлғизлик ва қондирилмаган ҳиссиётлар каби нарсалар бўҳрон сингари одам қалбини шип-шийдон қилади. Рафиқангиз менга мурожаат қилганида, дарҳол бу бўлмағур иш деган ўйга бориб, фикридан қайтармоқчи бўлдим… Мен, дейди у, эримни телбалик суғуртасидан ўтказмоқ-чиман. Наҳотки, эрингиз руҳий ҳолатидан шунчалар хавотирда бўлсангиз, сўрадим ундан? Бўлмасам-чи, дейди у. Мен, дейди у, буни сўз билан тушунтириб бера олмайман, бироқ унинг туриш-турмишида аталадаги суякдек қандайдир ишкаллик борлигини ҳис қиламан… Шу ондаёқ хотинингизнинг оғзига урдим: жуда нобоп иш бўлди, дедим. Маълумингиз бўлсинким, ҳаётни суғурталашнинг шарти – жисмоний саломатликдир. Худди шундай телбалик суғуртаси учун руҳий саломатлик, яъни ақли расолик талаб қилинади. Сиз эса, дедим унга, ҳозир менга бу масалада шубҳангиз борлигини айтдингиз. Буни ўз оғзингиздан эшитганим учун, начора, бунга кўз юмиш компаниямга нисбатан садоқатсизлик бўларди. Айтайлик, кейин суд бўлса, қаёққа қочасан? Суғурта қилганинг учун мукофот олиш у ёқда турсин, ғирромлик учун қамоққа тиқилишинг ҳеч гап эмас. Кувабара-кувабара. Йўқ, тўхтанг, дедим, аввал эрингизнинг ақли расолигига ишонч ҳосил қилайлик.
– Нотавон кўнгилга қўтир жомашов!
– Ростгўй – хотинингиз. Аммо бу суҳбатдан кейин у, афтидан, ҳар куни сизнинг руҳий ҳолатингизни кузатиб юрганга ўхшайди. Кутубхонада китоб титкилайди, касалхоналарга қатнайди, руҳшунос врачлар гап-сўзларига қулоқ тутади… Яқиндан буён эса руҳий хасталикка дучор бўлганларнинг таниш-билишлари билан яқинлаша бошлади. Лекин кулфатга қанча яқин бўлсанг, уни нигоҳинг билан қамраб олишинг шунчалик мушкул. Мен, дейди хотинингиз, эримни кузатаётганимда, шамол қуваётган булутни кўраётгандек бошим айланади. Ҳа, ақли расо билан телба ўртасидаги чегарани аниқлаш, афтидан, у қадар осон эмас… Айтгандек, ўзимдан, дуоларингиз бўлсин, хавотирдамасман, мен – шубҳадан истисноман ва энди енгил нафас олишим мумкин.
– Агар айтаётганларингиз рост бўлса, мендан ҳам кўра хотинимни текшириб кўриш керак бўлади.
– Ўзингиз биласиз, бироқ… Ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда тақдирга тан беришни маъқул кўрган бўлардим…
– Мен эса тан бермайман! – бақирдим мен столга мушт уриб. Зарбдан пичоқ полга сакраб тушди, ўзим титраб-қақшаб сўрашда давом этдим: – Йўқ, тан бермайман, гапларингиз ғирт ёлғон. Сиз одамларни бахти қаро қилишда устаси фарангсиз. Менга қаранг, ташрифномангизни олинг-да, шу билан ҳаммасига нуқта қўяйлик. Сиз шунчалик ишонадиган хотинингиз бу ерга барибир келмайди. Сиз менга қанчалик тихирлик қилсангиз, ўзингизнинг шунчалик обрўйингиз кетади.
Кутганимдек, у хижолат тортиб столдан ташрифномасини олди ва тўсатдан деди:
– Хотинимни қўя туринг. Бироқ сизнинг хотинингиз-чи, сэнсэй?
Бирдан ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Афтидан, ўн дақиқа чамаси ўтганди. Айтганча, меҳмонимнинг жонингни суғуриб оладиган гаплари мени шу қадар жунбушга келтирган эдики, вақтни буткул ҳис этмай қўйгандим. Энди эса ҳе йўқ-бе йўқ “тугади” бир онда “ҳали”га айланиб турибди. Дарҳол турли-туман хавотирлар ва тусмоллар бактериялар каби шиддат билан кўпая бошлади. Меҳмоним томонидан тайёрланган шамалар муҳитида мени ақл бовар қилмайдиган хаёллар чулғаб олди ва буни ҳақиқий воқелик сифатида тасаввур қила бошладим.
Руҳим қамишзорда чивинлар галаси билан курашаётгандек, қўл-оёғини уриб ночор чирилларди, ўзимга-ўзим қатъият билан яккаш дердим: “Мен ишонаман… мен ишонаман…ишонаман… Бошқа бирон нарса бўлиши мумкин эмас…”
Меҳмон чақмоқтошини чирт этиб ёқди ва унга ниманидир яқин олиб келди. Бармоқларида қизил шуълали олов ўт олди. Бу “Марс” уюшмаси номи битилган ташрифнома эди. Ёниб бўлгач, меҳмон қоғозни кулдонга ташлади. Олов бир лопиллади-да, ўчди, ташрифномадан фақат бир чимдим кул қолганди.
– Ашёвий далилларни йўқотяпсизми?
– Маънисиз ўйинчоқ, – овоз берди у. Бирон нарса унинг юзини тундлаштирмаган, қайтанга чеҳраси ёришгандек эди. – Наҳотки, буларни жиддий нарса деб ўйласангиз, сэнсэй?
– Нималар деяпсиз? Мени ишонтиришга ўзингиз жон-жаҳдингиз билан уриндингиз-ку.
У жавоб бермади. Худди ролини ижро этиб бўлган артистдек табассум билан менга таъзим қилди, кейин орқа томонидан портфелини олиб, қўлтиғига суқди.
– Эҳтимол, бизникига борармиз? – таклиф қилди у. – Эҳтимол, сиз хотинингиздан хавотирдасиз?
– Демак, биз ўз камчиликларимизни тилга олмаймиз. Шу қадар катта кетиш.
– Боримиз шу.
– Хотиним деб сиз билан баҳслашмоқчи эмасман.
– Бекор гап.
У жиддий қиёфада имо қилди, ўрнидан туради деб ўйлагандим, аксинча, жойлашиброқ ўтириб олди. Кейин портфелидан яна бир даста қоғозни чиқарди, бирдан башараси ўзгарди ва менга қаҳрли тикилди.
Бу ўша қўлёзма эди. Мени азбаройи тамом қилган ва портлаш даражасига олиб борган “Худди одамдек” романи эди. Оғзимга ғўр мандариннинг нордон таъми тўлди, Нимадир дейиш керак эди ва мен дедим:
– Бу нарса билан ташрифномангиз каби иш қилиб бўлмайди. Бу ерда ўчоқ йўқ ва у қадар ўнғай бўлмайди. Биз тутундан бўғилиб қоламиз.
– Бемаънилик! – бардам сўз бошлади у ва қўлёзмани силкитди. – У сафар бетакаллуфлик қилдим, айбдорман… Аммо сиз, сэнсэй, қўлёзма мазмуни билан танишиб чиққан заҳоти лол қоласиз. “Худди одамдек”… Бу, албатта, ҳеч қанақа роман эмас ва сизнинг номингиздан битилмаган. Аталиши ҳам ўзгача: “Инсон фожиасининг топологик тадқиқоти”… Шундай қилиб, сэнсэй, “Марс” уюшмаси кулга айланган экан, муқаддима ниҳоясига етди деб ҳисоблаймиз ва асосий масалага ўтамиз.
– Нима, нима? Ҳали асосий масала ҳам борми?
– Ҳа, майли, агар «асосий масала» – жуда жиддий ном бўлиб туюлса, «масала ҳал бўладиган боб” бўла қолсин. Бобнинг ҳажми биз хотинларимиз келгунича қўлёзманинг танишишга улгурадиган қисми билан ўлчанади. – У бармоғига туфлаб, биринчи саҳифани варақлади. – Айтганча, ишонадиган одам учун вақт – ҳамиша лаҳза. У бир неча йил бўладими ёки ўнлаб йилларми – муҳим эмас…

15
 
Қўпол ҳазилларга ажойиб мойиллик. Аммо мен мақбул жавоб топишга улгурмадим. Меҳмоним ўқишга киришганди.
У қўлёзмани кўз олдида ушлаган, товушига ифода бериш учун бошини орқасига ташлаганча баландпарвозлик билан қироат қиларди:

Хуфиёна топшириқ олган,
Ўттиз икки вакил,
Сўз айтолмай турар лол,
Уларни майна қилишар,
Телбаларнинг совуқ гўрига,
Уриб-туртиб тиқишар.

У бу шеърни икки бор оҳиста такрорлади, сўнг театр саҳнасида тургандек узоқ тин олиб, сўз қотди:
– Бу – “Вакил саноси” деб номланади… Муаллифи номаълум… Шунга қарамасдан сермулоҳаза одамга шеърнинг мазмуни нимадан иборат эканлиги тушунарли, сэнсэй. Жумбоқ калитлари сатрлар узра бетартиб сочиб юборилган…Сирли ёзувда даҳшатли ҳақиқат яширинган… Хоҳласангиз, айтиб бераман, сэнсэй. Фақат сизга, аста-секин… Биласизми, бу вакиллар – ажабланманг – марсликлар. Улар олисдан, коинотнинг яйдоқ саҳросидан Ерга алоҳида топшириқ билан юборилган…
– Агар бу Марс ҳақида бўлса етар! – бақирдим мен худди алдаб оғзимга елимдан ясалган пишириқни тиқишгандек азбаройи бўғилиб. – Ҳозиргина сиз “Марс” уюшмаси кулга айланди деб ваъзхонлик қилаётган эмасмидингиз…
– Ҳа, “Марс” уюшмаси кулга айланди… Аммо бунинг унга мутлақо алоқаси йўқ! – У безори ўқувчилар кафтини чўғ билан куйдириб бўшанг ўқитувчи олдида шумлик қиладигандек ҳовлиқиб, бар-моқларини юзи олдида силкита кетди. – Ҳозир мен гапираётганим, сэнсэй, ҳақиқий марсликлар ҳақида! Бу ерда яқинда радио орқали юмшоқ қўниш ҳақида хабар беришганди…Мен ҳақиқатан ҳам худди ана шу сайёрада яшайдиган марсликлар ҳақида гапиряпман!
– Афтидан, сиз яна гўё марслик эканлигингиз ҳақида бекорларни тўқимоқчисиз, шекилли. Қўйсангиз-чи… Марсликлар – эски матоҳга айланди. Эскирди, чириди, куйиб кул бўлди. Бундай нарсалар ҳақида сиз билан ҳатто болакайлар ҳам суҳбатлашмайдилар.
– Хўш, нима қилиш керак? Далил – далил-да.
– Далил? Қўйсангиз-чи, кулгимни қистатманг. Ахир сизнинг турган-битганингиз – оддий японсиз.
– Бунинг аҳамияти йўқ. Мен японга ўхшайман ва бу – табиий. Сиз мени шундай деб биласиз ва бунга ҳеч ким эътироз билдира олмайди. Буни биз ўз аччиқ тажрибамиздан биламиз. Типологик ўхшашлик – бу марсликлар тушиб қолган иблисона тузоқ. Биз бу тузоқдан чиқиб кетмоқчи бўлдик, аммо бунинг уддасидан чиқа олмадик. Сиздан ўтиниб сўрайман, мен қанчалик қатъияли бўлмай, марслик эканлигимга ишонманг.
– Илтимос қилмасангиз ҳам бўлади, шундоқ ҳам ишонмайман.
– Чин сўзингизми, ишонмайсизми?
– Албатта, ишонмайман.
– Мен эса гапимда қатъийман. Мен – марсликман. Марс иттифоқи ҳукумати томонидан Ерга вакил қилиб юборилганларнинг бириман… Хўш, бунга нима дейсиз, сэнсэй.
– Ундайми-бундайми, ишонмайман. Хулоса ҳам яккаю-ягона бўлиши мумкин. Бевосита сиз, бошқаларни таҳқирлайдиган ва ҳақорат қиладиган сиз – ҳақиқий ва сўзсиз бориб турган телбасиз. Қўпол гапирганим учун узр сўрайман.
– Қаранг-а… Телба… Майли. Рафиқангиз қисматига шерик бўлишни танлабсиз-да, шундай эмасми?
– Бас қилинг! Бу боши берк кўча тинкамни қуритди. Иккимизга ҳам баҳсимиз чексиз давом этиши, аммо бундан бирон натижа чиқмаслиги аниқ-ку.
– Гапимни эшитинг, сэнсэй, сўнгги умидимни узманг. Натижа чиқмаслиги, масалан, мен учун жуда катта ютуқ. Ишонишга мажбур қилиш қийин, бунинг уддасидан чиқмаслик машаққат, аммо топологик муҳаббат… Биз шубҳага етиб келдик, ҳолбуки бевосита шубҳа – ҳақиқат сари очилган эшик. Наҳотки, бизнинг бу эшикдан кириб, олға босишимизга қурбимиз етмаса? Ҳеч қандай боши берк кўча йўқ, бунинг исботи мана, сэнсэй, ҳозиргина сиз мени телба деб атадингиз, бу илгари бўлмаган, келажакда ҳам бўлмайди.
– Агар ҳамма гап шунда бўлса, бунинг бирон янгилиги йўқ… Шунчаки рафиқангиз мени телефонда қўрқитиб юборди.
– Қўйинг, сэнсэй, бунақа тобелик сизга ярашмайди. Қўрқитиб юборди… Мана, сизга боши берк кўча – уни ўзингиз яратасиз. Аммо вақтимиз зиқ, беҳуда гап сотишни йиғиштирайлик. Илтимос, сэнсэй, биринчи бўлиб сиз бошласангиз…
– Нимани бошлай?
– Нимани? Сиз мени телба деб эълон қилдингиз. Мен эса ўз тарафимдан марслик эканлигимда қатъий турибман. Шу тариқа биз бир-бирига зид чизиқлар кесишадиган нуқтага эгамиз. Шундай экан, менинг шахсимга аниқлик кирита оладиган бирон нарса бўлиши керак. Сизга, сэнсэй, топологик таҳлилда ўз санъатингизни намойиш этиш имконияти бериляпти.
Ҳеч вақони тушунмайман. Суҳбат оҳанги, ҳе йўқ-бе йўқ, ўзгарди. Вақтни чўзиш учун сигаретани жўрттага уқувсизлик билан чекишга киришдим, кейин уни эзғиладим. Мени боплаб чув туширишганини ҳис этардим, аммо бу қандай рўй берганини тасаввур қила олмасдим. Ўзимни тамоман йўқотиб қўйгандим. Жирканчли, юраксиз, иродамга қарши илтижоли товушга қизиқдим:
– Кечирасиз, бу нима дегани? Сиз тез-тез “топология”, “топологик” сўзларини тилга оласиз… Бу соҳада бирон нарсадан хабардор эмасга ўхшайман.
– Бу даврий ҳандасанинг худди ўзи.
– Афсуски, ўқиганим атиги шартли геометрия билан чегараланган, холос.
– Ундай бўлса, кечирасиз… Тамойили жуда оддий… Лўндагина қилиб, буни “худди” математикаси деб атаб қўя қолайлик… “Худди одамдек”даги “худди”. Эски математика, масалан, крикет йўсини ва крикет коптоги каби буюмлар ўртасида тенглик белгисини қўйишни хаёлига ҳам келтира олмаган. Топологияда эса улар Беттининг бир ўлчамли рақами орқали гомеоморфли сатҳ сифатида аниқланади ва улар ўртасида тенглик белгиси қўйилади. Эҳтимол, бу сизга ажабланарли туюлар, аммо одамларнинг ҳиссий формулалари орасида бунга ўхшашлари кўп учрайди. Бошқа мисолни олайлик. Патир ва буханка нон. Топология учун улар Беттининг бир ўлчамли сонлари бўйича иккига тенг бўлган сатҳлардир. Оддий одам учун патир – у доира ёки бошқачароқ шаклда бўладими – патирлигича қолаверади. Электрон машинада доира шаклидаги патирнинг формуласини таҳлил қилиш осонроқ. Итга эса, масалан, унга патир ёки буханка нон беришадими, у бутунми ёки бўлакланганми – барибир, асосийси бир хил ундан ёпилган бўлса бас. Топологик ёндашув худди инсоний ёндошувни ёдга солади, шундай эмасми?.. Бошқа томондан, топология туфайли авваллари иккиланишларга олиб борадиган, қандайдир умумий ғоя бўлган “худди” ривожланди ва нозик мантиқий таркибга эга бўлди. Топологиягача бўлган математикада бундай тушунчада таркибнинг ўзи бўлиши мумкин эмасди. Эндиликда “худди” билан ҳазиллашиб бўлмайди. Масалан, мен, у туфайли ҳозир ростакам кулфатга тушиб қолдим…
– Сиз, яхшиси, аёлларимиз…
– Гапимни охиригача эшитинг… Шундай қилиб, бу икки чизиқ – телба ва марсликни нима бирлаштиради? Қуйидагича топологик тасаввур фикрга келяпти. Миясига ўзининг марслик эканлигини қуйиб олган Ердаги телба…
– Бор-йўғи шуми?
–… ёки миясига худди у Ердаги телба экани, ўзи эса миясига марслик эканини қуйиб олган марслик…
– Буларнинг ҳаммаси аҳмоқгарчилик! Шундай экан, топология-нгизга бало борми?
– Мен сизга нима дегандим? Бу шу қадар ҳиссий тасаввурни ёдга соладики, лол қолмай иложинг йўқ.
– Буларнинг ҳаммасини фақат ҳиссиёт доирасига сиғдириб бўладими? Уни чексиз давом эттирадиган бўлсак… Миясига ўзининг марслик эканини қуйиб олган Ердаги телба ёки миясига худди у Ердаги телба экани қуйилган, ўзи эса миясига марслик эканини қуйиб олган марслик, Миясига ўзининг марслик эканини қуйиб олган Ердаги телба ёки миясига худди у Ердаги телба экани қуйилган, ўзи эса миясига марслик эканини қуйиб олган марслик…
– Етар. Агар сизнинг топологиянгиз ёрдамида бу калима қайтари-лаверса, иш муваффақият билан тугашига умид қилиб бўладими?
– Топологиянинг моҳияти ҳам шунда-да. Агар биз, масалан, дастлабки муайян моделни тайёрлаб олсак, ихтиёрий равишда мураккаб усул билан даврий ҳолатини унга тенг бўлган ҳар қандай топологик шаклга сола оламиз. Биз кўриб чиқаётган ҳолатда олдимизда “миясига ўзини марслик деб қуйиб олган ерлик” таркибий модели турибди. Келинг, бир уриниб кўрайлик ва бундан нима чиқишини билайлик. Ақлдан озган бу ерлик – яъни сизнинг, сэнсэй, тасаввурингиздаги мен – аввал-бошда бечора омадсиз кимса бўлган. Афтидан, шунинг учун унда воқеликдан қочишга мойиллик пайдо бўлган. Аммо қочадиган жойнинг ўзи йўқ, кармонида бир мири ҳам йўқ ва у эврилиш хаёлига борган. Кимга айлангани маъқул? Итгами? Қушгами? Ёки тошга айланиб қолсинми? Аммо жисмоний эврилиш фикри ўзига ёқмаган. Узоқ ва уқубатли ўй суришлар натижасида у пировардида тубдан ўзгармасдан эврилиши кераклиги ҳақидаги хулосага келган. Бошқача қилиб айтганда, худди одамдек бўлсин-у, айни пайтда одам бўлмасин… Масалан (шу жойда меҳмонимнинг овози шивирлаш даражасида пасайди), марслик бўлиб қолсин… Ҳа, худди одамдек марсликка айлансин… Бизнинг ерлик телбамизнинг топологик эврилиши шу тариқа ниҳоясини топди.
– Нима ҳам дердим, бунга эътироз билдириб бўлмайдиганга ўхшайди…
– Ҳозирча бу моделни “марслик касаллиги” деб атайлик. Қарши эмасмисиз?
– Умуман олганда, менга барибир…
– Ажойиб… Бу ёғига ҳам қўрқмай менга ишонаверинг…
Унинг бу сўзлари мени яна ҳадиксиратиб қуйди ва яна мубҳам хавотирни ҳис этдим. У мени яна сездирмасдан кўз илғамас тўрлари билан чирмаганга ўхшарди. У кўзбўямачи ва артист эканлигини биламан, уни четлаб ўтишга уринаман, бироқ, марҳамат, мана – яна саҳна олдида қоққан қозиқдай бўлиб турибман. Бир вақтлар қайсидир қишлоқ бекатида атторлик молларини харид қилишга даъват қилаётган жарчини кўрганман. У харидорларни мол харид қилишга гўёки майда тошларни осмонга отиб, уларни иродаси кучи билан ҳавода муаллақ ушлаб тура олиши ҳақидаги бақир-чақирлари билан жалб этаётганди. Меҳмонимнинг қилиқлари шу ғирт алдамчини эсга соларди. Ахир ҳавода муаллақ туриши мумкин бўлган тошга қайси аҳмоқ ишонади? Ишонмайди ва шунинг учун четлаб ўтиб кетмайди. Ишонмайман, ишона олмайман ва ишонишни хоҳламайман. Эътироз ҳисси ортиб боради, сен бепарволик ҳолатидан чиқасан ва ўз кўзинг билан ижрочининг юзи шувут қилинишига гувоҳ бўлишни қўмсайсан, унга эса худди шу керак – саҳнага отилиб чиқади-да, олдингда рақс тушиб кетади. Ҳа, хавотир кучли бўлганлигидан, афтидан, янглишдим, ўзимни ўзим чалғитдим. Ҳақиқатан ҳам шартларни ва эҳтиёткорликни вазият билан чоғиштириш керак.
– Марҳамат, шундай деса ҳам бўлади. Жуда одатий ҳол, ҳар қадамда учратиш мумкин…
– Энди, сэнсэй, сизга ўқиб берган “Вакил сано”сига мурожаат қиламиз… – деди у йиқилган рақибга сўнгги зарба беришга тайёргарлик кўраётгандек ваҳимали-сокин оҳангда. Меҳмон қўлёзмани столдан олиб, тиззасига қўйди ва уни тирноқларининг учи билан оҳиста чертди. – Телба ерликнинг таркибий моделини тан олиб, сиз ўз-ўзидан “Вакил саноси” мазмунини ҳам қабул қилдингиз.
– Сиз нимага бир боғдан… бир тоғдан келяпсиз…
– Ундай эмас. Патирнинг ичига қараладиган бўлса ҳам патир патирлигича қолаверади. “Вакил саноси” ва марслик касаллигига дучор бўлганнинг таркиби топология нуқтаи назаридан бир хил.
– Сиз бу шеър ҳақида гапиряпсиз, у нима тўғридалиги эса мутлақо ёдимдан кўтарилди.
– Ҳозир худди шуни тушунтирмоқчи бўлиб турувдим. У ўзига хос криптограмма1 бўлиб, тегишли тушунтириш берилмас экан, у ҳақда гапиришнинг маъноси йўқ.
– Тушунтирсангиз чакки бўлмасди. Шеърингиздан оғзим очилиб қолгани йўқ, сизга эса, ҳали айтганимдек, ишонишни хоҳламайман.
– Ҳечқиси йўқ, ишонмасангиз-ишонманг. Агар менга ишон-ганингизда бундай сўқмоқларда туртиниб юришга ҳожат йўқ эди. Энди сиз билан масхарабозлик ўйинини бошлаймиз. Кайфият шўх, марслик касалига чалинганнинг кўзбўямачилигидан кўнгил очамиз. Бу нарсада юзим шувут бўлиб қолмайди, буни ваъда қилишим мумкин… Кечирасиз, синчковлик – фақат одамларга хос бўлган хислат дейишади. Анави ердаги нарса нима? – У бирдан бармоғи билан радио олдидаги шиша идишни кўрсатди. – Унда ширинлик сақлайсизми? Ёки ерёнғоқми?
– Йўқ, унга эски чипталарни солиб қўяман. Нимайди?
– Бунинг аҳамияти йўқ, мен шунчаки… Аммо рафиқангизга нима бўлди? Тўппа-тўғри Марсга йўл олмадимикан? Майли, сабр қиламиз. Мен ҳатто аёлларимиз кечикаётганларини маъқуллайман. Чунки, билсангиз, сэнсэй, мен ҳали суҳбатимиз мавзусини охирига етказ-ганимча йўқ…

16

– Ҳа, мен “Вакил саноси”ни битта у қадар одатий бўлмаган жойдаги у қадар одатий бўлмаган бино деворларини юваётганимда топиб олганман.
Меҳмоним ҳикоясини тин олмасдан давом эттирар, унинг юзида руҳланиб кетадиганларга хос, мен учун янги ифода пайдо бўлганди… Тиззасидаги қўлёзмани сиқаётган қўллари, стулга суянган ҳимоясиз гардани, – гўёки табассум улашарди. Мен ўзимни ниҳоясиз тўр билан чирмашга муваффақ бўлганларини ҳис этардим… Даштга бундай девор қуриш фақат мени тўрга тушириш учунмикан? Ахир мен… Энди “лаббай” деб туриш ҳам, ҳақоратлаш ҳам менга вазиятнинг соҳиби бўлишга ёрдам бера олмайди. У нима деяётганини иложи борича аниқ ёзиб олишдан бошқа чорам йўқ.
– Бу одатий жой эмасди, – давом этарди меҳмоним, – айтишим мумкинки, бир руҳий беморлар касалхонасидаги палата эди… Нима учун у ерга бориб қолганлигим, нима учун деворни ювганлигим – бу саволларга жавоб беришни сизнинг тусмолларингизга ҳавола этаман… Аввалига бу ёзувлар эътиборимни тортмади. Бу митти жимжима белгилар телбалардан бирининг ажи-бужиларига ўхшайди деган хаёлга бордим.
Аммо “Ўттиз икки вакил” жумласи… Бу сатрга кўзим тушиши билан фавқулодда изтиробга тушдим. Мен ҳаяжонланиб шеърни қайта ўқиб чиқдим. Ҳа, шубҳага ўрин йўқ эди. Бу “ерлик касали”нинг белгиси бўлмай – нима эди?

Хуфёна топшириқ олган,
Ўттиз икки вакил,
Сўз айтолмай турар лол,
Уларни майна қилишар,
Телбаларнинг совуқ гўрига,
Уриб-туртиб тиқишар.

Хато бўлиши мумкин эмасди. Ниҳоят қўлимга далиллар тушганди. Ниҳоят бизга бу қадар шафқатсизлик билан юқаётган “ерлик касали”нинг ҳақиқий сабабини аниқлагандим. Зеро, “Вакил саноси” “марслик хасталиги” билан руҳий беморлар касалхонасига тушиб қолган вакиллардан бирининг номаси эди. Бу даҳшатли эди! “Марслик хасталиги”нинг туб ўзгинаси бўлган “ерлик хасталиги”… Уни “топология неврози” деб атайман, эътирозингиз йўқми? Ва қуйи-дагини маълум қилишга ижозат берсангиз. “Вакил саноси”нинг муаллифи охир-оқибат ҳақиқий “ерлик хасталиги”га чалинди… Яъни Ердаги врачларнинг нуқтаи назаридан “марслик хасталиги”дан соғайиб кетди. Касалхонадан чиқиб, номаълум томонга йўл олди.
Шундай қилиб, жумбоқнинг калити сеҳрли “ўттиз икки” рақамида… Нима учун бу рақам менга шунчалик таъсир қилди? Ҳамма гап шундаки, мен ўттиз учинчи вакил қилиб тайинлангандим ва Ерга “Сано” муаллифидан кейин келдим. Бу ўттиз иккинчи талабалик йилларимдаёқ дўстим ва қувноқ улфатим бўлган, у ҳозир қаерда экан-лиги ва бошидан нима кечаётганлиги ҳақида ўйласам юрагим увишади. У беҳудага жафо чекди деб бўлмайди, албатта. Чунки у қолдирган нома туфайли мен ҳозир ўзимга юклатилган вазифалардан бирини муваффақиятли бажариш имкониятига эга бўлмоқдаман.
Ҳа, бу шубҳасиз. Нома бор, номи мен томонимдан ўйлаб топилган бўлса ҳам “топологик невроз” ихтирочисининг номаси бор… У ана шу ном билан асрлар хотирасида мангу қолади. Шунинг учун ҳам энг муҳим маърузанинг биринчи саҳифасини ана шу шеърга ажратдим. Шараф ва шонни баб-баравар тақсимлаш керак.
Ҳа, бизнинг бу “Худди одамдек” романимиз амалда маърузам ҳисобланади. Бу – мен Марс ҳукумати эътиборига ҳавола қилишни ният қилган маъруза. Унинг биринчи қисми – далилларни баён қилиш ва таҳлил этиш. Иккинчи қисми – зарур тадбирлар режасининг лойиҳаси ва муаллиф фикрининг баёни… Мисол тариқасида қуйидагиларни эшитиб кўришни истамайсизми?
“Марс тақвими бўйича фалон йил, 2/3 мавсуми, давр 6, учинчи кун.
Анжумандан қайтиб келиб, хотиним бошига сабу-кинэни (Изоҳ: ширин хаёллар намойишчиси) қўндириб олгани ва завқ-шавқда эканлигидан хабар топдим. “Гапимни эшит, – дедим унга. – Ўта муҳим янгиликлар бор. Ҳозир ширин хаёлларга ғарқ бўлиш вақти эмас”.
У жавоб бермади. Шунда мен ортиқча гап-сўз қилмасдан сабу-кинэни ўчириб қўйдим ва бошидаги қалпоқни юлиб олдим. “Нима қиляпсан! – бақирди у бўғилиб. – Мени тинч қўй!”
Шундан кейин мени кўздан кечириб, ажабланиб сўради: “Айтганча, нега куппа-кундуз ерлик кийимида сайр қилиб юрибсан? Ёки анжуман ўрнига томоша кўргани бордингми?”
“Янглишяпсан, – эътироз билдирдим мен. – Ҳамма гап шундаки, бугунги анжуманда мени топшириқ билан Ерга юборишга қарор қилишди”. “Наҳотки?” – ҳайрон қолди хотиним. “Бу ҳали ҳаммаси эмас, – давом этдим мен. – Шунингдек, мен билан сенинг ҳам кетишингга қарор қилишди”. “Тўхта, тўхта… – бақрайганча валдиради у. – Бироқ Ерни тадқиқ этиш жуда хавфли дейишади-ку!”
“Бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Фақат шу нарса маълумки, кейинги ўн йил ичида у ерга ўттиз икки вакил юборилган, аммо улардан биронтаси қайтиб келмаган. Лекин бунга ерликлар айбдор деб ўйламай-ман. Улар худди бизга ўхшайдилар, шунинг учун уларнинг махлуқ ва ёввойи бўлиб чиқиши мумкин эмас”.
“У ҳолда бирон даҳшатли касаллик бўлса-чи?”
“Бунақа назария ҳам бор. Раҳбарият, умуман олганда, буни истисно қилмаяпти. Лекин бу касалликнинг табиати ҳақида бирон тахмин йўқ. Уни фақат “ерликлар хасталиги” деб аташга келишиб олинди. Бизнинг топшириққа келганда, у қуйидагилардан иборат. Биринчидан, олдимизга Ерда савдо бекатимизни ташкил этиш тўғрисида музокара бошлаш вазифаси қўйилган. Менга бу жуда муҳим ва ўта шошилинч эканлигини айтишди, чунки у ерда яқин орада узоққа отиладиган ракеталар ишга солинган ҳолда ноқонуний безорилик ур-тўполони бошланиши мумкин. Иккинчидан, биз бедарак йўқолган ўттиз икки вакилимиз қаёққа ғойиб бўлганлигини аниқлашимиз, шунингдек одамларни Ерга занжирбанд қилган “ерликлар хасталиги”нинг ҳақиқий табиатини аниқлашимиз зарур…”
“Бу менга ёқмаяпти, ҳаммаси жуда тажжубли”.
“Бироқ бошқа бир назария ҳам бор – “ерликлар хасталиги”нинг сабаби ерлик аёллар эмиш. Ерлик аёллар худди марсликлардек, фақат, эҳтимол, сал-пал фарқ қилармишлар. Ҳамма гап ана шу “сал-пал”да эмасмикан? Шу вақтгача биз юборган вакилларнинг ҳаммаси эркак бўлганликларини ёддан чиқармаслик керак”.
“Қандай жирканчлик!”
“Мана шунинг учун анжуман ҳамма ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда бу сафар жуфтликни – эркак ва аёлни юборишга қарор қилди. Менинг рақамим ўттиз уч, сеники, тегишли равишда, ўттиз тўрт бўлади. Мана ерлик аёл либоси. Кийиб кўр, сенга лойиқмикан”.
“Мавсум 2/3, давр 8, биринчи кун.
Салкам бутун бир давр ўтди. Карахт қилиш усули билан япон тилини ўрганиб олдик. Учиш куни келди. Биз хотиним билан тирик мавжудотларни мажбурий етказиш транспозитори (Изоҳ. Тирик мавжудотларни қабул қилиб олиш бекатлари бўлмаган жойларга етказишга мўлжалланган махсус мослама) кабинасидаги жойларни эгалладик.
Назоратчи аппаратурани созлаш бошланганини эълон қилди, бу вақтда экранда борадиган манзилимиз тасвири пайдо бўлди.
“Ер… – деди назоратчи. – Токио, Япониянинг пойтахти… Кеч тун… Бошланғич мактаб ҳовлиси, атрофда бирон тирик жон йўқ… Халақит берадиган деярли ҳеч бир нарсаси йўқ, хавфсиз жой танланган. Дайди ит каби бирон нарса билан тўқнашиш эҳтимолини истисно этиш учун қўниш жойи тупроқ сатҳидан саксон сантиметрга кўтарилган… Буни ёдда тутинг, эҳтиёт бўлинг, йиқилиб тушманг… Уч дақиқа қолди. Умид қиламанки, ҳеч нарсани ёддан чиқармагансиз…”
Унутадиган нарсанинг ўзи йўқ. Марс манзаралари туширилган бир даста сурат ва баъзи бир шахсий буюмлар. Ва яна япон иеналари. Айтишадики, Ерда пул ёрдамида ҳар қандай муаммони ҳал қилса бўларкан.
Қизил чироқ ёниб, гравитацияга қарши қурилма (Изоҳ: гравита-цияга қарши қурилма ихтиро этилгунга қадар гравитация кучи таъсирида соф минерал жисмларни фақат транспозиция қилиш мумкин эди. Тирик мавжудотлар эса кучли босим остида қолиб, бу уларнинг ички организмида қон қуйилиши ва ёриқлар пайдо бўлишига олиб келарди. Нолдан меъёргача ва тескарисига бир лаҳзалик гравитация сакрашлари космик ракеталар учирилаётган пайтдаги каби оқибатларга олиб келарди. Гравитацияга қарши ёстиқ ихтиро этилгандан сўнг эса ҳатто Плутонга янги тухумларни ўз ҳолидек етказиш имконияти пайдо бўлди) ишга тушганлигини кўрсатди.
Гравитация деярли нолга тушиб қолди ва дақиқалар санашга ўтилди. Хотиним “Ўзимни ёмон ҳис этяпман…” деб ингради. Унга беш миллиграммли бензоциазепин аралашмаси суюқлиги киритилди.
Ўн сония қолди… Ниҳоят вақт бўйича силжиш бошланди (Изоҳ. Транспозиция вақтнинг дискретлиги2 тамойилига асосланган. Вақт узлуксиз эмас. Бу ижобий йўналишдан салбий йўналишга ва тескарисига уйғун ҳаракатда бўлган оддий, ўзига хос қувват тўлқинидир. Одатдаги шароитларда йўналишларнинг ҳар бирига ўз воқеликлари мувофиқ бўлади, бунда ижобий йўналишга бизнинг воқелигимиз, салбий йўналишга эса муайян воқеликнинг акси мос тушади. Шунинг учун ҳам бизнинг воқелигимизга мансуб кузатувчи учун вақт узлуксиз бўлиб туюлади. Вақт тўлқинлари модда тўлқинларига нисбатан беқарорроқ. Модда тўлқинлари ёруғлик тезлигига етгунга қадар барқарорлигини сақлаб қолади, кўп ўлчовли вақт тўлқинлари эса нисбатан осонлик билан беқарорлашади; бунда улар даврийлигини ўзгартирадилар ва даврийликда модда тўлқинларига нисбатан орқада қолиш ҳолатлари бўлади. Ана шундай ҳолларда оддий зарраларнинг пайдо бўлиши ва парчаланиши рўй беради. Транспозитор даврийликда силжишни сунъий равишда яратишга мўлжалланган қурилмадир. Бу силжиш билан янгитдан бир-бирига мос тушиш оралиғида вақтнинг ўзига хос туйнуги пайдо бўлади. Буни ҳисоблаб чиқиш қийин эмас. Силжишлар орасидаги бу туйнукка жойлаштирилган моддий жисм маконда, бир онда хоҳлаган жойга етказилиши мумкин. Айтганча, “бир онда” дейилиши бироз мавҳумроқ. Вақт тўлқинларининг ўзида вақт ўтмайди ва транспозицияга ёруғлик тезлигидан ҳам юқори тезликдаги ҳаракатланиш сифатида қараш табиийроқдир).
Силжиш тезлиги тобора ортмоқда. Хотиним “Ўзимни ёмон ҳис этяпман…” деб инграшда давом этяпти. Иккаламизнинг ҳам саёҳат қилишга тоқатимиз йўқ, агар одатдаги бир бекатдан иккинчисига ўтишни ҳисобга олмаганда, мажбурий транспозицияга хос бўлган вақт бўйича силжиш тажрибасига эга эмасмиз, транспозиция бизда гўё юрагингни кир ювиш тахтасида эзғилаётгандек ҳис пайдо қилади. Ортиқча чидай олмаймиз. Менга таналаримиз худди бузуқ телевизор экранидаги тасвирга ўхшаб тасмаларга бўлаклангандек туюлмоқда.
Қизил, кўк, яшил чироқларнинг липиллаши, сонияларни сана-ётган назоратчининг овози – ҳаммаси лаҳза эшиги ортидаги зулматда ғойиб бўлди, сингиб кетди. Ва биз бир-биримизнинг қўлимизни ушлаган ҳолда бошланғич мактаб ҳовлисига шалоп этиб тушдик. Танамизга тушаётган оғирлик тасаввур доирасидан ташқарида. Кайфиятимиз тепага шиддат билан кўтарилаётган тезюрар лифтда-гидек. Биз дарҳол мушакларга куч берадиган эритмани ичамиз.
Қанчалик таажжубланарли бўлмасин, қилт этган шабада йўқ. Айрим олимларимизнинг гўё Ер – бўҳронлар сайёраси деганлари хато эканлиги ошкор бўлди (Изоҳ: Ернинг суратларида деярли ҳамиша улкан сув тўлқинлари кўриниб туради, шу сабабли ушбу сайёрада доимо шиддатли шамол эсади деган ҳовлиқма хулоса чиқарилган). Ердаги тун осуда эди.
“Сассиқни қара-я!” – ҳайқирди хотиним бурнини қисар экан. Эҳтимол, бу биз кўп бор эшитган, аммо, очиғини айтганда, қўламсалиги сезилиб турган “хушбўй Ернинг ифори” бўлса керак. Бу тупроқда чувалчанглар, қумурсқалар ва бошқа жонзотлар, шунингдек беҳисоб тупроқ бактериялари чиқиндилари мўллигидан далолат бериб турарди. Ерда сайр қилиб келгач, дарҳол қўлни ювиш ва томоқни чайиш зарур…”

17

– Бир дақиқа тин олинг, – муқаррар ғалаба нашидасини суриш иштиёқида жўрттага эзғиланиб дедим мен. Ичи қораликдан тилим эшиларди. Меҳмонимнинг қарталари кафтимда очиқ тургандек эди. – Мен томондан ҳикоянгизни, яна айни қизиқ жойида бўлиш одобдан эмас, албатта, лекин… Тушунинг, бу кундалигингизга, афсуски, ишониш жуда қийин… Афтидан, ўзингиз ҳам ишонишимга умид қилмаган бўлсангиз керак… Билсангиз, зиддиялар. Ҳа, буни зиддиятлар деб атай қолайлик. Бу кундалигингизда туб, ҳеч нима билан оқланмайдиган зиддият бор. Сезишимча, кундалик япон тилида битилган. Аммо нима учун? Агар сиз уни Марс ҳукуматига мўлжаллаб ёзган бўлсангиз, бирданига уни марсча битиш табиийроқ эмасмиди? Ёки , эҳтимол, марсликларнинг умуман ўз тиллари йўқдир?
Меҳмоним лабини дўрттайтириб, қўлёзмасини яширмоқчи бўлгандек яшин тезлигида ҳаракат қилди, аммо дарҳол ўзини қўлига олди. Юзи олдида ўрта бармоғини кўрсатиб, шодон бидирлаб кетди:
– Атитобити кути ратта кутибири бири абиратти битикути биридаккунорэти кути…
Бу ғулдирашни аниқ ифода этганлигимга кафолат бера олмайман, бироқ у шундай – ёқимли тилёғламалик билан шивирларди. Мен бақрайиб қолгандим, у эса кўзини қисиб, япон тилида давом этди:
– Бу – марсча “Билишимча, бу сизни жуда ташвишга соляпти” деган жумла. Матнни маҳаллий тилда битишимга келсак, маърузам – махфий. У японча ёзилгани учун ҳамма буни “марс хасталиги”га дучор бўлган телбанинг алаҳлаши деб қабул қилади ва унга аҳамият бермайди. Аҳмоқлик қилиб, марсча ёзганимда, қўлёзма дарҳол кўзга ташланган бўларди. Тиллар айнанлаштиришга мойил, бу қўлёзмани электрон машинада ўгириш – оддий иш. Майли, дум кўзга ташлана қолсин, асосийси – бошнинг пинҳонлиги.
– Хўп, сиз айтгандай бўла қолсин, – дедим яна мўлжални хато олганимдан жаҳлим чиқиб. – Лекин сиз худди шундан манфаатдорсиз-ку. Сиз бу ерга биз, ерликларни Марсда аҳоли яшашини тан олишга мажбур қилиш учун махсус келгансиз-ку.
Унинг юзи яна ниқоб кийиб олгандек бўлди. Менга унинг бет териси суякка ёпишиб қолганга ўхшаб кетди.
– Биз – урушқоқ ирқ эмасмиз, – тундлашиб деди у. – Биз бошқа халқларга, биринчи навбатда, худди ўзимиздек бўлган ерликларга бирон зиён етказмасликка астойдил интиламиз…
– Сиз нимани назарда тутяпсиз?
– Бу нарса махфий бўлганлиги учун у ҳақда оғиз оча олмайман, лекин…. Сиз, масалан, қуйидаги ҳолатни тасаввур қилиб кўринг. Токиога ҳушсизлантириш санъатини эгаллаган хуфиёна жангари ташкилот аъзолари тўпланган ва бир вақтда ишга киришиш учун буйруқни кутишяпти, аммо уларни фош этишнинг мутлақо имконияти йўқ. Бу нимага олиб келади?
– Марсликларда бундай режалар бўлиши эҳтимолдан холидир?
– Албатта. Ва яна жангариларнинг бу гуруҳи олган топшириқ, айтайлик, бутун аҳолини бир вақтнинг ўзида аксиртириш ёки хомуш торттириш эканлигини тасаввур қилиб кўринг.
– Мана буниси – ғирт бўлмағур нарса!
– Ошиқманг, ахир гап улар нима қилмоқчи бўлганларида эмас. Гап шундаки, одамлар улар орасида, ўзлари билан ёнма-ён, қўлга тушмайдиган ва ўзларидан фарқ қилмайдиган жангарилар бор-лигидан хабар топишлари билан бир-бирларига ишонмай қўядилар, бир-бирларини фош қилишни бошлайдилар, бир-бирларига туҳмат қилишга киришадилар ва охир-оқибат бутун мамлакат яширин полициянинг ҳақиқий уясига айланади. Пировард-натижада бутун мамлакат кимдир аксириши билан қурт кемирган дарахтдек қулайди. Биз марсликлар худди одамлар эканлигини тан олсак, ерликларнинг муқаррар ўз-ўзини заҳарлашларига дахлдор бўлишимиз мумкин.
– Бу ҳолда нима учун мени сафсатангизни тинглашга мажбур қиляпсиз? Сиз биз учун хавфли эканлигингизни билар экансиз, бундай гап сотмасдан бу ердан тезроқ, туёғингизни шиқиллатмайсизми?
– Йўқ, бунинг иложи йўқ. Мен топшириқ олганлигимни унутманг. Мен савдо шартномаси тузиш учун мавжуд барча имкониятларни ишга солиб бўлмагунимча қайтиб кета олмайман.
– Тушунмаяпман. Ҳозиргина сиз билан алоқа ўрнатиш бизга зарар келтиришини уқтирмаётганмидингиз.
– Бўлмасам-чи. Бунинг икки йўли бор. Биринчиси: Японияни Марс иттифоқига қўшиб олиш, Шу тариқа японлар худди марсликларга ўхшаб қолмасдан, ҳақиқий марсликларга айланадилар.
– Бемаънилик. Бу босқинчилик-ку!
– Сиз шундай дейишингизни билардим ва гапингизга қўшиламан. – У кеккайиб, кўзини қисди, сўнг йўталиб, давом этди: – Бу муаммони ҳал этишнинг бошқа йўли ҳам бор… У шундан иборатки, биз умуман саҳнага чиқмаймиз ва ўзимизнинг ерлик вакилимиз орқали иш юритамиз. Биз марсликлар худди одамдек тушунчасининг тескарисига амал қиламиз. Бу — бемаънилик, бунга қўшиламан, бироқ ҳаммаси умумий манзаранинг дилбар ва хайрли хаёлийлиги билан ўзини оқлайди. Ғарб – бу Ғарб, Шарқ – бу Шарқ, ҳамма тинч ухлайвериши мумкин. Ҳеч кимда ҳеч қандай эътироз йўқ, тўғрими? Ва шу жойда биз асосий масалага етиб келдик. Сиздан, сэнсэй, Марс ҳукуматининг вакили лавозимига рози бўлишингизни илтимос қилсам бўладими?
– Беҳуда гап. Бу асло менга тўғри келмайди. Сиз одам танлашда адашибсиз.
– Марс билан савдо-сотиқнинг истиқболлари чексиз, ишга киришишингиз билан буни ўзингиз тушуниб етасиз. Мукофот масаласига келсак, сэнсэй, уни радио эшиттиришлари, қўлёзмалар ва шу кабилар учун тўланадиган сариқ чақалар билан мутлақо солиштириб бўлмайди.
– Шунга қарамасдан, танлашда адашгансиз. Бундай вазифалар учун ажойиб мутахассисларни ташқи ишлар вазирлиги ёки ташқи савдо алоқалари вазирлиги каби жойлардан топа оласиз.
– У ерларда бўлганман. Ҳеч нарсадан хабарим йўқ, қалбим бизнинг “худди” дўстлик ва ўзаро англашув гарови эканлиги ҳақидаги анойилик билан тўлиб-тошган пайтларда бўлганман. Ва ҳамма жойда эшик оғаларининг муштларига дуч келганман. Эшик оғасининг хорижий ҳукумат вакилини дўппослагани дипломатик муносабатларни узиш учун кифоя қилади…
– Менга ортиқча баҳо берганингиздан афсусдаман. Мен ҳам сал бўлмаса сизни дўппосламоқчи бўлгандим, бундан ташқари сизга ишонмайман ва ҳеч қачон ишона олмайман.
– Тўхтанг, нима деяпсиз…
– Фақат муносабатларимизни аниқламайлик. Сиз ҳамма вақт ожизлигимдан фойдаланяпсиз. Сиз билан умумий тил топишиш учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қилганлигимни билсангиз эди…
– Бўлмасам-чи, бўлмасам-чи… Сиз жон-жаҳдингиз билан менга ишонмасликка уриндингиз. Буни сезмаслигимнинг асло иложи йўқ эди. Тушунсангиз-чи, агар менга шунчаки ҳисобчи – эксперт ёки устаси фаранг ҳисобчи керак бўлганида, бу муаммони аллақачон пул ёрдамида ҳал этган бўлардим. Лекин мен қандай қилиб бўлса ҳам бутун бошли сайёранинг вакилини топишим зарур! Вазиятни топологик баҳолашга қодир бўлган одамни! У, табиийки, ўзини худди марсликдек ҳис этиши керак. Ҳамма гап ана шундай англаш сифатида. Яна бир ўйлаб кўринг. Умид қилишимча, ҳар ҳолда тўғонингизда нина учидек бўлса ҳам тешик пайдо қила олдим. Кундалик ўқишни давом эттирамизми?
– Бироз тўхтаб туринг, Сизга яна икки оғиз сўзим бор.
Ўзимга имкони борича ҳужумкор тус бердим. Лекин қалбим тубида бу масала ҳақида гапириш истаги унчалик йўқ эди. Вақт тўлқинлари, модда тўлқинлари – чакки тўқилмаганди ва касбий рашк ҳиссидан ўзимни тизгинлай олмадим. Бу – ғирт ёлғон эканлигига шубҳам йўқ эди, албатта. Меҳмоним бу атамаларни жуда табиий ҳолда қалаштириб ташлагани ишончимга зиғирча ҳам путур етказмаганди. Рўпарамда ё ҳийлакор телба, ё телба ҳийлакор турарди. Аммо бу билан унинг алдамчиликда чинакамига тенги йўқ уста эканлигини сукут сақлаб тан олаётгандим. Ёлғонни йўл-йўлакай бу қадар батартиб ва силлиқ тўқиш ҳамманинг ҳам қўлидан кела бермайди. Агар марслик хасталигига учраган бу беморни фош қилсам, менга ҳужум қилади, бунинг устига бу нафсониятимга оғир ботади… Шунинг учун шу шартмикан?
– Қулоғим сизда, сэнсэй. Бир нима демоқчимидингиз?
– Кундалигингиздаги изоҳлар хусусида. Тушунишимча, Марсдаги ҳукуматингиз учун бу транзисторлар ва бошқа нарсалар икки карра икки дегандек нарсалар экан. Агар маъруза ерлик учун ёзилган бўлса, уларга изоҳ бериш Буддага ваъз ўқиш билан баробар. Сиз марслик хасталигидан қанчалик азоб тортманг, ерликнинг думи қаердадир кўриниб қолади. Ҳамдардлигимни қабул этгайсиз. Биласизми, аҳмоқ қилиш санъати ҳар ҳолда баъзи кўникмаларни талаб этади.
Аммо меҳмоним тап тортмасди. У ҳеч нарса бўлмагандек деди:
– Изоҳлар сизга, мўлжалланганди, албатта. Чунки сиз – ерликсиз, бироқ Марс вакили бўлсангиз, ярим марсликка айланасиз. Сизни ҳукумат хизматига тайинлашгандан кейин эса, бошлиғимиз бўласиз ва шунинг учун…
Ҳар гал шундай бўлади. У “Чап беришни хоҳловчилар учун – ҳамма нарса”га ихтисослашган дўкон очганида савдоси жуда бароридан келган бўларди. Мен саҳрода сароблардан тинкаси қуриган йўловчидек ниҳоятда чарчоқ ҳис этдим, ҳаммасига тупуриб, узала тушиб ётиб олиш истаги туғилди ва дедим:
– Ҳа майли, тушунарли… Айтинг-чи… Мана бу гапингиз: “Дискретли вақт тамойили”… У қаердан пайдо бўлди?.. Сиз уни қаердан қазиб олдингиз?
– Бизнинг Марс институтлари учун қайсидир ўқув қўллан-масидан…
Асаб тизимимнинг қаеридадир қисқа туташиш рўй берди. Куйган нарсанинг ҳиди сезилди. Ҳиссиётларим вольтметри стрелкаси сакраб кетди.
– Қўлёзмангиз жуда антиқа-да. Ҳеч тушуна олмаяпман: уни бола ёзганмикан ёки ҳазилкаш. Биринчидан, унда қиёфа тасвирланишига оид бирон нарса йўқ. Адабиёт муаллиф қиёфасини акс эттиради дейишади, асарингиз эса сизни ишониб бўлмайдиган кимсадек тўла-тўкис фош этади.
– Шундай денг? – У кўзини қисди, лабини ялади ва мамнун оҳангда давом этди: – Аслини олганда бу… Рости, менга ноқулайроқ… билсангиз, мен бир машҳур романчининг услубига тақлид қилишга интилгандим…
Энди асабларимдаги барча ҳимоя қопламалари тутаб кетди. Теридаги аланга шуъласи жуғрофия харитаси каби нақш ҳосил қилиб, кенгайиб борарди. Бу яраларимни қанчалик жаҳл билан қашласам, рақибим учун шунча заиф жойларимни очишимни билардим, лекин қашламасликнинг иложи йўқ эди.
– Яхши, бир масалада ён боса қолайлик, айтайлик, сизнинг таъкидлашингизча ҳақиқатан ҳам ночор аҳволга тушиб қолгансиз. Аммо сиз доимо ўзингизнинг заиф томонларингизни пеш қили-шингиз, масалан, сиз – худди одамдек эканлигингизни қайта-қайта такрорлашингиз тажжубланарли эмасми? Нима учун сиз ҳамиша зорланасиз? Нима учун ишончлироқ далиллар келтирмайсиз? Наҳотки, сиз тақдим қила олишингиз мумкин бўлган ягона нарса – танангиз бўлса? Биз, масалан, чет элга саёҳатга чиқадиган бўлсак, ҳамма вақт қандай совғаларни олиб кетиш ҳақида бош қотирамиз. Кундалик зарурат буюмлари қанчалар оддий бўлмасин, уларда буларни яратганлар маданияти белгиси қолади, Бу белгилар ҳар бир мамлакатда ўзига хос. Табиийки, сиз ҳам йўлга отланишдан аввал бунинг ғамини еб қўйган бўлсангиз керак.
– Бу худди шундай бўлганди, албатта… – У мўмин-қобил боладек нигоҳини четга олди ва бурнини ишқалар экан, давом этди: – Шахсимизни тасдиқлашнинг энг осон йўли – сизларга транспорт воситамизни кўрсатиш бўларди. Лекин, афсуски, бизнинг транспорт воситамиз – қабул қилувчи бекат билан жиҳозланмаган мажбурий транспозитордир. Мен сизларга уни кўрсатган бўлардим, бироқ транспозитор қиёфага ҳам, шаклга ҳам эга эмас. Мен бу масалани қўмита билан муҳокама қилганман, биз ўзимиз билан айрим буюмларни олгандик, лекин бу беҳуда экан. Нима десангиз деяверинг, аммо ерликлар – жуда уддабурон, улар ҳатто қалбаки пул ясашни ҳам боплашади. Очиғини айтганда бундан ҳайратга тушдим. Биздаги ҳамма нарса – тугмачали сув қувури жўмраклари, электр уқалаш асбоблари, янги урфга кирган стуллар, аёлларнинг юқори қисми очиқ чўмилиш кийимлари – буларнинг барчаси сизларда ҳам бор…
– Тилга олган бу нарсаларингизнинг ҳаммаси Марсда ҳам худди шундайми?
– Аввалига мен ҳам бу тасодифий ўхшашлик деб ўйлагандим. Бироқ ўхшашлик фақат шаклда экан, фойдаланиш усули эса сизда мутлақо бошқача. Масалан, тугмачали сув қувури жўмраклари Марсда почта маркаларини тангаларга майдалаш автомати вазифасини ўтайди. Биринчи бор қайсидир универмаг ҳожатхонасига кириб, тугмачали жўмраклар қаторлашиб турганини кўрганимда ҳайратга тушганим эсимда. Электр уқалаш асбоби бизда энг оммабоп мусиқа асбоби, юқориси очиқ чўмилиш кийимлари – ҳаво ўтказмайдиган костюм остида кийиладиган ич кўйлакдир. Стуллар Марсда ҳам стул вазифасини ўтайди, лекин сизнинг энг янги “кяся” урфли буюмингиз тусмоллаб кўришимга қараганда, тортиш кучи кам бўлганда Марс талабларига тўла жавоб беради. Бу масалани ўрганиб чиқиб, ана шу нусха буюмлар сизда кейинги ўн йил давомида пайдо бўлганидан оғзим очилиб қолди. Бунда шуни ёдда тутиш керакки, худди ўн йил аввал Ерга менинг буюк ўтмишдошим, биринчи рақамли вакилимиз келганди.
– Ўшандан буён Марс вакиллари ҳар йили Ерга учтадан келиб, бизга Марс буюмлари намуналарини келтиришганми?
– Сизнинг, сэнсэй, бу сурбетларча ҳамлангизга жавоб қайтар-майман. Айтганча, менинг ёнимда ҳам камтарона намуна бор… Кўрасизми? Уни ўзим билан олганимда ишончим комил эди… Ҳа, мана у… Хўш, таассуротлар қандай?
У портфелидан гугурт қутисидек келадиган оддий ўйинчоқ автомобилни портфелидан олиб, столга қўйди.
– Билишимча, бу оддий пластмассса ўйинчоқ, – дедим мен.
– Мутлақо… Бу – “Той арт” ўйинчоқлар мактаби усталари томонидан яратилган ҳақиқий санъат асари. Бу мактаб объекти – ҳақиқий ҳаётдан ўрин олиши мумкин бўлмаган нарсалардир. Масалан, бу нодир асарга “Турмуш даҳшати” номи берилган. Агар ўйинчоқ мактаби усталари бу шунчаки пластмасса ўйинчоқ эканлигини эшитганларида даҳшатдан касал бўлиб қолардилар.
– Яхшиси, ҳақиқий марсча пластмасса ўйинчоқларини олиб келсангиз бўларкан…
– Афсус, ўйинчоқлар хаёлимга келмабди. Энди бу нарсага қаранг. Тушунаман, бундан бир наф чиқмаса керак, ҳар ҳолда…
У иккиланмасдан бурчаклари ишқаланган, катталиги ташриф-номадек оқ-қора суратни узатди. Ҳа, сурат шу қадар оддий эдики, дарҳол у нималигини англаб етмадим.
– Ижозатингиз билан… Бу оддий телефон будкасию…
– Ҳақиқатан ҳам, афсуски, жуда ўхшаш, бироқ бу мутлақо бошқа нарса. Кўриб турганингиз – Марс цивилизациясининг асоси деб аталишга тўла ҳуқуқи бўлган транспозиция бекати. Бундай кўринишни ҳам сизлар кўчириб олгансизлар.
– Лекин унинг ичкарисида чинакам телефон аппаратини кўриб турибман-ку.
– Ваҳимали, тўғрими?.. Бунинг устига ундан худди сизлардагидек фойдаланишади… Гўшакни кўтаришади, рақамларни теришади, керакли бекатни чақиришади ва у бўш эканлигига ишонч ҳосил қилгач, ўнгдаги тирқишга танга суқишади. Гравитацияга қарши мослама ишга тушади, қўнғироқ чалинади… ва шу заҳотиёқ буюртма берган бекатингизда пайдо бўласиз.
Менга узатган иккинчи сурати қайсидир илмий-фантастик фильм кадрларини ёдга соларди. Бу фильмни кўргандайман. Ижоди ўғирланган режиссёр хусусида жавраш, афтидан, аҳмоқлик бўларди ва мен биринчи бўлиб зарба беришга қарор қилдим.
– Ерликларнинг қалбакиликка мойиллиги ҳақида бошқа гапирмай қўя қолайлик. Лекин нусха олинишини тасаввур қилиб бўлмайдиган нарсалар ҳам бор-ку.
– Масалан?
– Масалан, марслик итлар, марслик қушлар, марслик чўчқалар… ва бошқа тирик мавжудотлар… Улар ҳам худди бизникидек дея олмайсиз-ку.
– Сиз менга хушомадгўйлик қиляпсиз.
– Майли, сиз ўзингиз билан чўчқани олиб келмассиз. Лекин қумурсқалар намуналари-чи? Ёки улар ҳам сиз учун жуда оғир юк бўлдими?
– Ростини айтганда улар бизда йўқ.
– Йўқ?
– Ахир биз туб марсликлар эмасмиз. Сизга яхши маълум, Марсда сув жуда кам ва у ердаги шароитлар ҳайвонот дунёсининг ривожланиши учун у қадар мақбул эмас. Биз Марсга етти авлод илгари қайсидир юлдуздан кўчиб ўтганмиз. Ўша вақтда биз ўзимиз билан бирон тирик мавжудот олмаганмиз, фақат одамлар кўчиб ўтган. Ўша пайтдаёқ биз нефтдан сунъий равишда оқсил олиш усулини ўйлаб топгандик, шунинг учун уй ҳайвонларини боқишга ҳожат йўқ эди. Афтидан, гулларни ўзимиз билан олишимиз керакми ёки йўқлиги ҳақида баҳс бўлганди…
– Мана шу жойда ниҳоят қўлга тушдингиз. Оқсилни сунъий йўл билан олиш – бунисига чидаса бўлади дейлик, бироқ хомашёни қаердан олгансиз, сизда нефть қаёқдан пайдо бўлди?
– Тўппа-тўғри, – ғудурлади меҳмоним. У кифтларини тиззалари орасига суқиб олди ва ортига чайқала бошлади. – Лекин сиз томонингиздан ўта илтифотсизлик, сэнсэй… бу қадар қаҳр… Бу энг заиф жойга зарба!
– Сизга аҳмоқ қилиш муайян санъатни талаб этади, деб айтгандим-ку.

18

Зарба боплаб берилди. Афтидан, уни бирибир яксон қилдим. Меҳмонимга лотерея чиптасига ютуқ чиқмаган одамдек қараб турибман-у, томоғимга ғазаб ачиниш билан айқаш-уйқаш бўлган беҳузур кулгу тиқилади. Шафқатсиз хўрлашлар ҳисобига эришилган ғалаба оғизда нохуш таъм қолдирган. Бор-йўғи уриб ўлдирилган пашшани супуриб чиқариш билан якун топадиган бесамара ёқалашиш бўлди. Бироқ ғолиб танти бўлиши керак: супуришдан аввал мағлуб бўлганни сигарета билан сийлаш даркор.
Аммо у сигаретадан воз кечди. Кифтларини тиззалари орасига суққан ҳолда чайқалишни давом эттирар экан, ўзини оқламоқчи бўлгандек қулоққа аранг эшитиладиган тарзда шипшитди:
– Аҳмоқ қилиш нимаси… Ҳеч ҳамда… Шунчаки, бетга айтадиган нарсалар бор, айтилмайдиганлари ҳам бор…
– Сиздан тортиниб нима қиламан? – эътироз билдирдим шифтга тутун бурқситарканман. Ўзи пиширган ошни ўзи қандай ичишини томоша қилиш завқида хаёлан қўлларимни бир-бирига ишқалардим. Тўсатдан у кулиб юборди ва шошилганча гапга тушди:
– Чиндан ҳам нимадан тортинамиз? Агар сиз, сэнсэй, мен билан бир умр дўст бўлиб қоладиган бўлсангиз, кўнглингизга келганини гапираверишингиз мумкин. Шундай қилиб… Бу мажбурий транспозитор… Биласизми, у қайтишга ҳам хизмат қилади. Ойда бир марта муайян жойда белгиланган соатда вақт туйнуги очилиб, бизни кутади. Агар шундай бўлмаганда, бекат қурилгунга қадар бу ерда биз ўзимизни сургундагидек ҳис этардик. Шундай қилиб… мажбурий транспозиторнинг қайтиш имкониятидан фойдаланиб… Хуллас, сиз, сэнсэй, тушундингиз, тўғрими?
– Ўғирлик билан шуғулланасизми?
– Бунга қандай қарашга боғлиқ. Ахир биз фойдали қазилмаларни қуруқликда, ҳеч кимга қарашли бўлмаган акваториялардан оламиз, улар ҳеч кимнинг мулки эмас. Бундан ташқари биз муайян ҳароратдаги ҳаво, денгиз суви ва Антарктидадан бироз муз оламиз. Буни ўғирлик деб атаб бўладими, нима дейсиз? Агар хоҳласангиз, ҳозирнинг ўзида биз жуда қонуний асосда иш кўраётганимизни исботлаб беришим мумкин… Айтганча, агар ҳукуматимиз сизларнинг барча мамлакатларингиз билан расмий савдо битимлари тузишга муваффақ бўлса, у бу ерда олинган сув ва ҳаво қийматини тўла қоплашга тайёр. Буни ўзимни мўмин-қобил боладек қилиб кўрсатиш учун айтаётганим йўқ. Бизнинг моддий манфаатларимиз – бу ўз-ўзидан тушунарли… Аммо сиз бир дақиқа тасаввур қилиб кўринг: ерликлар ҳозирги вазиятда Марсга қўндилар. Энди “топологик асаб касаллиги”га чалиниш – уларнинг навбати, энди уларни майна қилиб, телбалар учун мўлжалланган мозорга ҳайдайдилар. Шундай экан, бу – инсонпарварлик муаммоси. Биз уни ҳисобга олмаслигимиз мумкин эмас. Ҳозирги вазиятда биз ё Марсни тарк этиб, ватандошларингиз кўз ўнгида ғойиб бўлишимиз, ё барча воситалар билан ракеталарингиз қўнишига халақит беришимиз керак бўлади. Ерликлар билан марсликлар ўртасида бетартиб алоқаларнинг зиёни очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ҳозирги вақтда сайёраларимиз ўртасида шартнома имзолаш моддий ва маънавий нуқтаи назардан ҳаётий заруратга айланган. Лўнда қилиб айтганда, масала қуйидагича: сайёраларимиздаги вакилларнинг роли қанчалар катта бўлади? Агар сиз, сэнсэй, Марс вакили бўлсангиз, бунинг хавфсирайдиган жойи йўқ, бу билан ўзингизни камситмайсиз. Аксинча, ҳар икки сайёрада сизни буюк инсон сифатида ҳурмат қилишади. Шунинг учун, сэнсэй, рози бўлишингизга умид қиламан.
Шу тариқа, кўз очиб-юммасдан нимадан бошлаган бўлсак, ўша ерга қайтиб келдик. Фақат бу сафар унинг суҳбатни яроқсиз пластинканинг бир жойда айланавериши каби ҳолатга олиб келган хиралиги менда заҳарланган қумурсқа сингари ҳис уйғотди. Бу қумурсқа аллақачон нобуд бўлиши керак эди, у эса тинимсиз сакрайверади, визиллайди, рақибига ташланади. Бир зум розилик бериб, бу билан янги аҳмоқона найрангларга изн бераман ва оддий телбадан рақсга тушаётган жиннига айланаман деган ўйга келдим… Қани энди шишган бурнини тишларинг билан ғажисанг – доим олазарак кўзлари пешонасига чиқиб кетарди!.. Ёки бу ҳадеб баланд-пастга асабий силтанадиган ўйдим-чуқур ияги… Қани қўлимдан келса! Ич-ичимдан эзилганимни ҳам яшириб ўтирмасдан дедим:
– Радиони ёқсакмикан. Балким, ракета ҳақида бирон янгиликни хабар қилишар…
– Янгилик? – ҳақоратлангандек қичқириб юборди у. – Қандай янгилик бўлиши мумкин? Бу режанинг охири вой. Агар ракета қўнадиган жойда диққатга сазовор бирон нарса бўлса у ерга ё атом бомбаси ташлашган, ё ҳаммани шошилинч кўчириб кетишган. Ҳар қандай ҳолда ҳам ракета фақат яп-яйдоқ, қизил темир тус саҳро манзараси тасвирини узатади.
Шундан сўнг бир нарса ёдига тушгандек, соатига қаради.
– Нима, ҳозир янгилик эшиттиришлари керакми?
Мен ҳам беихтиёр соатимга қарадим ва бирдан ҳақиқий вақт ҳисси гўё тўғонни ўпириб, тоғ шаршарасидек устимга қуйилди. Хотинимдан ҳадик оҳиста бошини кўтарди ва томоғимдан тутди.
– Нима гап? Қирқ дақиқа ўтдими?
– Тўппа-тўғри. Агар биз қўлёзманинг қанча жойини ўқиб бўлганимизни эътиборга оладиган бўлсак – жуда кўп.
“Ҳаммаси сен сабабли”, – ғазаб билан хаёлимдан ўтказдим. Аммо бу барча нарсага барҳам бериш учун яхши сабаб эди ва сал бўлмаса стулни тўнтараёзиб, ўрнимдан сакраб турдим.
– Ҳа, йўлга тушиш керакка ўхшайди.
– Буни аввал бошдан таклиф қилаётгандим, сэнсэй…
У шошилмай портфелини жойлай бошлади, мен эса унга маҳлиё бўлганимча тикилиб турардим. Гап фақат менинг айниган тасаввурим-да эмасди. Унинг қисилган лабларидан ўзини зўрға кулгидан тийиб турганлиги сезилаётганди. Менга унинг ўз тантанасини яширишга ҳаракат қилаётгани ёқмаётганди. У худди йўлга тушишни мен таклиф қилишимни кутиб турганди деган хаёлга бориш мумкин эди. Шу пайтгача у томондан менга қўяётган тузоқларининг ҳаммаси фақат оғизда эди. Энди эса вазият бирмунча ўзгарганди. Бу нусха нимани режалаяпти? Тамаки тутуни кўзни ачиштирарди, эзилган ва хавфсирар эдим, йўлга тушишни ва айни пайтда жойимдан жилмасликни истардим.
Меҳмоним қўлёзмани портфели устига қўйиб, уларни қўлтиғига суқди, мени қистамасдан шошилмай эшикка йўл олди. Лекин эшикнинг олдида тўсатдан тўхтади ва кескин орқага ўгирилди. Сал бўлмаса, унга урилиб кетаёздим. Биз бир-биримизга шу қадар яқин турардикки, унинг юзи нимани ифода қилаётганлигини пайқай олмадим.
– Сэнсэй, – гап бошлади у нохуш ҳаяжонли оҳангда. – Сиз бизникига қадам ранжида қилишдек илтифот кўрсатяпсиз, чин сўзим, бу мен учун катта шараф. Ҳеч муболаға қилмасдан, чин қалбдан айтяпман… Кўзимга бир қаранг ва буни жуда жиддий гапираётганимга ишонч ҳосил қиласиз…. Шунинг учун ҳам кейинчалик сизда хунук таассурот қолишини хоҳламасдим…
– Нима деяётганингизни тушунмаяпман… – Мен беихтиёр бир қадам орқага тисарилдим. – Нима, сизни келажак қўрқинчи босяптими?
– Ҳаммаси рисоладагидек бўлишини истардим. Лекин вазият қандай бўлишини ҳеч қачон олдиндан билиб бўлмайди. У менга нима дейишини билмайман. Фақат нима демаса, ҳаммасини адо этишимни биламан. Масалан… Масалан дейлик… Айтайлик, у сизни, сэнсэй, шундоқ уст-бошингиз билан ваннага тиқишга буйруқ берса, қанчалик ачинарли бўлмасин, буни бажаришга мажбурман.
– Сиз рафиқангиз ҳақида гапиряпсизми… Хавотирланманг. Сиз билан эшигингиз олдигача бораман-да, ўша ерда хайрлашамиз.
– Иложи йўқ. Хотиним бунга асло кўнмайди.
– Мен фақат хотинимдан хабар топсам бўлгани, бошқа ҳеч нарса…
– Бунинг фарқи йўқ. Агар у сиз киришингизни истаса, хоҳишин-гизга қарши бўлса ҳам сизни олиб киришга мажбурман. Қисқача айтганда, сэнсэй, келинг, ҳозир жанжаллашмайлик… Фақат сизни олдиндан огоҳлантириб қўймоқчи эдим, холос. Марҳамат кўрсатсан-гиз, бирон нарсада хотинимнинг гапини иккита қилмасангиз…
– Аммо агар рафиқангиз… ўша маърузангизга ишониладиган бўлса… У ҳам марслик аёл бўлиши мумкин эмасдир… У ҳам сиз каби жуда антиқами…
– У юқори қаватда, бу ердан бориш учун атиги бир дақиқа кифоя қиладиган жойда туради, шунга қарамасдан сизни ўттиз дақиқа билан алдади, бунинг устига рафиқангизни олдида ушлаб қолди…
– Тан оламан, бизни жуда лақиллатишди, албатта, аммо бунинг қандайдир сабаби бордир… Бўлмағур бемаънилик эмас, ҳақиқий сабаб…
– Бемаънилик, маънилик – буларнинг ҳаммаси нисбий тушунчалар.
– Сиз ўтакетган даражада изчил эмассиз. Рафиқангиз – телба деб ишонтираётган экансиз, бу билан ўзингизнинг ҳам каллангиз жойида эмаслигини тан оляпсиз!
– Изчил эмас… Изчил эмас… – изтироб билан деди у менга тикилганича. Кейин портфелини қўполлик билан полга улоқтирди ва шошилиб терлаган бармоқлари билан қўлёзмасини варақлашга тушди.
– Етар, – тушуниб қолдим мен. – Ҳаммасини тушундим! Қолганини хонадонингизга борганда гаплашамиз.
Аммо у керакли бетни топиб бўлганди ва худди қасамёд матнини ўқиётгандек тиниқ овоз билан, тантанали оҳангда ўқишга тушганди.
“Мавсум 3/3, давр 2, қирқинчи кун.
Навбатдаги муваффақиятсизликдан кейиб чарчаб ва жуда эзилиб келганимда хотиним ич кийимларни дазмол қиларди. У ўгирилмасдан “Ишлар қалай?” деб сўради. Сувни шимириб, жавоб бердим: “Жуда ёмон. Мактуб келмадими?”
У келмаганлигини айтди ва мен жаврашда давом этдим: “Бирон ёруғлик кун йўғ-а. Бугун ўзимча нақ менбоп деб ўйлаган бир файласуф ва расадхонада ишлайдиган олимни илинтирдим. Уларнинг юрагига қўл солиб кўрдим. Одатий саволлар: фикрингизча, марсликлар мавжудми…”
Хотиним майна қилиб, гапимни бўлди: “Улар сенга қайси кўз билан қарашганликларини тасаввур қиляпман!”
Мен аста кулиб қўйдим. “Ҳечқиси йўқ, ташвишланма. Ҳозир бу ерда сувдаги балиқдекман. Ими-жимида иш тутяпман, мендан шубҳаланишмайди”. Хотиним менга тикилиб қаради. “Сен бирон нарса қилдингми”, – сўради у мендан. “Бизнинг ишимизда ўта эҳтиёткорлик зарур. Ҳатто сен ҳам хавф остидасан ва сени ҳам тузоқлар кутяпти. Бизга жуда мураккаб топшириқ берилган”.
Хотиним лабини тишлади ва ташвишланиб қовоқ уйди. “Сен нима деяётганлигингни яхши тушунмаяпман”.
Таажжуб, ўйладим мен. Хавотирланишга тушдим. “Нимани тушунмайсан? Сенга мамлакатдаги барча касалхоналарни текшириб чиқиш ва асаб хасталигига учраб, ўзларини марсликлар деб ҳисоблаган беморлар ҳақида маълумот тўплаш топшириғи берилган. Айтганча, бир неча кундан бери шунчалик бетоқат кутаётган мактуб нима тўғрисида?”
Хотинимнинг юзи ваҳимадан ўзгариб кетди “Сенга нима бўлди? – деди у. – Биз суғурта агентларимиз-ку…”
“Суғурта агентлари?!” – қичқириб юбордим мен. Ва тилимни тишладим. Гапиришга сўз йўқ эди. Шундай қилиб, ерликлар хасталигининг заҳарли тили охир-оқибат бизгача етди. Эҳ, бечора хотингинам! Сен бизнинг ерликлар хасталигига чалинганларни қидириб, топа олмадинг ва мана, ўзинг бетоб бўлиб қолдинг!
“Атебити курибити куритабари кути!”
Бироқ мен деворга гапирардим, даъватим фақат хотинимнинг лабларини музлатганди. Оҳ, хотингинам, наҳотки олган топшири-ғингни унутган бўлсанг? Ўз қадрдон сайёранг, қизил қумликлар сайёрасини унутган бўлсанг? Наҳотки сени касалхонадан олиб келгандан кейин тун бўйи суҳбатлашганимиз – “Вакил саноси” хотирангдан кўтарилган бўлса? Мени кечир, шунчалик ёлғиз эканлигингни мутлақо билмас эканман!
Онт ичаман, азоб-уқубатларинг бесамар кетмайди. Ерликлар хасталиги зарбасига кўксингни қалқон қилиб, топшириғингни аъло даражада бажардинг. Ерликлар касаллигига чалинган тирик намуна сифатида сен ўзингни Марс маданияти равнақи йўлида қурбон қилдинг. О, Марс! Асрлар узра қадрдон рафиқамнинг изтиробли руҳини шон-шарафларга бурка!
Ҳа, сен қанчалик ёлғиз эканлигингни билмасдим. Сени телбалар уйининг зимистон хонасида асаб касаллиги оёқдан йиқитгани йўқ, йўқ, ерликлар хасталиги билан шундай ёлғизликдан ҳам бедаво бўлиб қолиш мумкин! Хотингинам, қасамёд қиламан, бугун сенинг ёлғизлигинг тугади. Мен сенинг қулинг бўламан, бундан буён сен ёлғиз бўлмаслигинг учун қулинг бўламан. Ерликлар хасталиги сенга яқинлашганда қоқилиши учун роботга айланаман. Агар қайсидир муттаҳамнинг калласини иккита қилиш керак бўлса, менга буюр! Агар қайсидир муттаҳамни нимта-нимта қилиш керак бўлса, менга буюр. Оҳ, хотингинам. Бироз сабр қил. Сен ўз топшириғингни аъло даражада бажардинг, мен ҳам ўз топшириғимни бажариш учун кучимни аямайман. Ўшанда иккаламиз Марсга қайтамиз. Вақт туйнуги бизни бир онда қадрдон Марсимизга элтиб қўяди. Биз бу “худди дўзахдек”ни ортда қолдирамиз ва алвидо – “топологик асаб касаллиги!”
Унинг бурни учидан бир томчи тер қўлёзмага тушди. У шошиб енги билан бу жойни артди ва менга зимдан тикилиб деди:
– Энди тушунгандирсиз? Мен ҳеч кимнинг хотинимни ҳақорат қилишига йўл қўймайман.
– Қўйсангиз-чи, қанақа ҳақорат!
– Ҳеч ким унинг гапини иккита қила олмайди… Сэнсэй, сиз ҳам, бошқалар ҳам… Зеро, у жаҳаннам азобини сўнгги томчисигача шимирди.
– Бу кундалигингиз бўйича тасаввур қилишимча, рафиқангиз жуда мантиқий телба. Агар “худди одамдек” қоидаси олиб ташланса, афтидан, хасталикнинг бирон алоҳида аломатлари йўқ.
Меҳмоним бош ирғади ва ўйчан деди:
– Бошқача айтганда… Яъни, сиз хотиним, эҳтимол, соппа-соғ демоқчимисиз?
– Худди шундай. Билсангиз, агар шундай бўлса, хулосага келиш…
– Аниқроқ қилиб айтинг. Агар хотиним телба деб тахмин қилинса, унда мен ақли расо бўлиб чиқаман. Шундай экан, Марс вакили лавозимидан воз кечишингизга жиддий асос бўлиши мумкин эмас. Мана буниси ажойиб… Ўта хурсандман, албатта… Шу билан барча ишларим тугайди ва мен хотиним билан топшириқни уддалаганимиз тўла ҳисси билан вақт туйнугига кирамиз. Битим матнини тайёрлаб қўйганман, имзо чексангиз бўлди…
– Йўқ-йўқ, афсуски, менга рафиқангиз соппа-соғ эканлиги тусмоли маъқулроқ.
– Бу ҳолда, сэнсэй, нимадан хавфсираяпсиз? Агар у оддий ерлик аёл бўлса, нимадан қўрқасиз? Ёки бошингиздан бирон ўта азоб-уқубатли нарсани ўтказганмисиз?..
– Ҳеч нарсадан қўрқмайман.
– Унда кетдикми?
– Бўпти. Кетдик.

19

Хуллас, иш охирлаб қолгандек эди. Айни пайтда мен ўз иш хонам остонасидан ғалати одам билан ҳатлаб ўтдим ва шу дақиқадан бошлаб тақдирим тўппа-тўғри телбалик судига олиб келган қияликдан пастга шиддат билан думалаб кетди.
Сиз, афтидан, уларнинг тузоғи қандай эканини тушуниб етган бўлсангиз керак… Қопқонни ишга туширадиган асосий мурват бу сирли расмнинг қайси жойида яширинган ва нима учун тузоқдан қочиб қутула олмадим экан…
Дейишадики, катта ёлғонни яширишнинг энг яхши йўли – уни митти алдовлар булути билан қоплашдир. Афтидан, мен худди шу қармоққа тушиб қолдим… Йўл икки соат вақтни ҳам олмади, лекин у тўкилган ёлғон япроқлари билан тўшалганди. Мен эса сўнгги дақиқагача ўзимни четда турган кузатувчининг хавфсиз жойини эгаллаб тургандек ҳисоблаётгандим… Саҳнадаги ёлғонни кўриб турардим, бу томоша учун нархи қанча бўлса шунча тўлайман деб ўйлардим… Ўзимни эса ўз қўлларим билан қопқоннинг бош мурвати бўлган саҳна тўғрисидаги ўриндиққа чирмаб ташлагандим…
Кириш йўлакчасидан ҳатлашим билан менга кундузги мўл ёруғлик, ҳақиқий воқелик, кундалик хаёллар, кундалик хуноблик ёпирилди. Бўғма хасталигига чалинган беморнинг ва тутқуннинг макони бўлган иш хонамдан кейин зах, бадбўй йўлак, зинапоя ҳам худди аччиқ қаҳвадек мени тетиклаштириб юборди. Деярли ўзимга келган ва кинони томоша қилгандан сўнг сайр қилаётгандек бепарво кайфиятда эдим. Ҳозир мен кўтарилаётган зинапоялар бошқа дунёга олиб бораётганлигини ва улардан орқага қайтиб тушмаслигимни тасаввур ҳам қилмасдим.
Ҳозир ҳам бу аниқ-равшан ёдимда. Зинапоя майдончасидаги тўртбурчак деразадан тушаётган, сариқ ойнасимон қоятошга ўхшаш ёғду, унда акс этаётган мураккаб шаклли соялар ёдимда. Меҳмоним олдимда зинадан зинага қатъиятсизлик билан кўтарилар экан, шимидаги ғижимлар тахланиб ва чўзилиб бораётганлиги ёдимда… Ҳақиқий дунёнинг мен учун сўнгги номсиз белгилари…
Шундан кейин учинчи қаватдаги “В” ҳарфи ёзилган оқ, шунчаки оқ эмас, балки оқ бўёқдагига ўхшаш яшил тус қўшилган оқ эшик. Бу эшик энди номсиз белги эмасди. Қўнғироққа жавобан занжир жаранг-лади, тутқич ғирчиллаб буралди… Ва аёл чеҳраси… Кўзни қамаш-тирадиган даражадаги, болаларникидек мусаффо аёл кўзлари… Мушукдек уятни билмайдиган, балоғатга етмаган, бироқ одатдаги катта ёшдаги одамдан уч карра катта ёшдаги аёл… У меҳмоним менга гапириб берган ва қўлёзмада таърифланган аёлдан шу қадар кескин фарқ қилар эдики, аввалига у билан қандай муомалада бўлишни билмадим.
Айни пайтда нигоҳим кириш йўлакчасида хотинимнинг пойабзали-ни изларди. Менга пойабзалнинг ўзи кифоя қиларди. Бу хотинимнинг шу ерда эканлиги белгиси бўларди. Аммо пойабзал кўринмасди…
– Бунчалар ҳаяллаб кетдинг… У сизга халақит берганга ўхшайди… – гап бошлади у бир йўла иккимизга мурожаат қилар экан.
Унинг овозининг жарангдор оҳанги хотиним тўғрисидаги хавотирга сира мос тушмаётганди ва мен, ростини айтганда, воқеалар ўз оқими бўйича оқаверишига изн бериб, ҳамма нарсага қўл силтадим. Бу аёл осмондан оёқларини осилтириб тушганлар тоифасидан эди. У кислотага қарши ишқор, ишқорга қарши кислота бўладиган даф этувчи аёл бўлиб, инсондаги ҳар қандай ҳисни инерт газига айлантирарди. Афтидан, меҳмонимнинг бирон масалада хотинининг гапини иккита қилмаслик ҳақидаги бўлмағур эслатишлари ёдимдан кўтарилишидан хавфсирамасам бўларди.
Айтганча, мени меҳмонхонага олиб киришлари билан… Агар мендан нимага орқамга ўгирилиб, чиқиб кетмаганимни сўрашса, чиқиб кетишга сабаб йўқ эди деган жавобни берган бўлардим. Фақт бир ғалати нарса зийраклантирди.
Аёл менга дзабутонни таклиф қилиб, вентиляторни мен томонга йўналтирди ва ёқди, кейин эрига деди:
– Ҳаммаси жойида, душга тушаверишинг мумкин.
Шу вақтда меҳмоним бармоғини лабига қўйиб, менга ўз шеригидек яширинча кўз қисди. Мен яна оғзимда елим ширинликнинг қўланса таъмини сездим. Аммо аёл эрини нигоҳи билан кузатиб, майингина жилмайди.
– У, афтидан, бактерияни юқтиришдан хавфсираш хасталигига чинакамига чалинганга ўхшайди, – деди у. – Уйга келгач, қўлини ювмагунча ўзини қўйгани жой топа олмайди.
Мезбон ва меҳмон ўринларини алмаштиришган эди. Шабада ва ёруғлик билан лиммо-лим бу меҳмонхонада хавф ва тасодиф абжирларига ўрин йўқ эди, бу ерда қоғоздан ясалган қўғирчоқлар салтанати ҳукм сурарди. Афтидан, аёл қўғирчоқлар билан овунарди. Хонанинг ҳамма жойида осилиб, сочилиб ётган, рақсга тушаётган анойи, беўхшов бўялган бу ўйинчоқлар фақат унинг учун қадрли эди. Менга, мана, энди меҳмонимнинг бутун абжирлиги тутун каби тарқаб кетиб, у паришон ва худди қоғоздан ясалган одамдек ҳеч вақога арзимайдиган бўлиб қолган, бечора аёл эса олтин балиқчалар ўрнига бу зерикарли қоғоздан ясалган одамчаларни ушлаб тургандек туюла бошлаганди.
– Яхна ичимлик олиб келайми?.. – деди аёл ўрнидан тураётиб, лекин мен унинг гапини бўлдим:
– Эрингиз бизникида узоқ вақт ушланиб қолганлиги ҳеч нарса эмас. Бунинг аҳамияти йўқ. Бироқ менинг хотиним сизни безор қилмадими? Ҳар ҳолда қирқ ёки эллик дақиқа…
– Хотинингиз шундай дилбарки… – Аёл кулиб-яшнаб кетди ва чапак чалди. – Сиз ҳам жуда меҳрлисиз, сэнсэй, бир-бирингизга шунчалик моссизларки.
– Демак у ҳузурингизда бўлибди-да?
– Сиз мендан хафамисиз, сэнсэй? Сиз менинг тўғримда яхши фикрда эмассиз, албатта… Ўттиз дақиқадан кейин келаман дегандим…
– Алдадингиз. Ҳеч қачон сиз бундай аҳмоқгарчилик билан шуғулланасиз деб ўйламаган бўлардим. Умуман бу бўлмағурликларни нима мақсадда қилиб юрибсиз?
– Рафиқангиз эса буни жуда яхши тушунди. Нима ҳам дердим, барча хотинларнинг ташвишлари бир хил. Биласизми, эримга мутлақо ишониб бўлмайди, аммо у ит эмас-ку, ташлаб кета олмайман-ку. Бунинг устига бирга яшаётган эканмиз, ҳар ҳолда аёлман, уни яхши кўраман…
– Илтимос, аниқ қилиб айтинг. Нима мақсадда мени алдадингиз?
– Чунки унга ачинаман.
– Ачинаман?
– Унга ошна керак. Ким бўлса ҳам. Унга ҳамсуҳбат керак.
– Майли, ошна бўла қолсин.
– Бироқ сиз, сэнсэй, у билан гаплашмаганингизда, суҳбатдоши бўла олмасдингиз…
Қия эшикдан душдан оқаётган сувнинг шариллаши эшитилди. Бу аёлдаги либос ғалати романтик бичимда эди, бу асабни худди бормашина милкларга теккандек тимдаларди.
– Нимага бу билан бевосита мен шуғулланишим керак?
– Бу ҳақда кўпам ўйламаганман. Шунчаки у бугун эрталаб ракета ҳақидаги хабарни эшитиб, ниҳоятда ҳаяжонланиб кетди. Менимча, барча орзулари чил-парчин бўлишидан қўрқиб кетган. Ахир у одам-ку, ким биландир гаплашгиси келган. Унга ким бўлишидан қатъи назар ошна керак бўлган. Масалан, бола ўйнайдиган ҳеч ким бўлмаса, йиғлашга тушади.
– Хотиним бу гапларингизнинг ҳаммасига қўшилдими?
– Ҳа, сал бўлмаса иккимиз йиғлашга тушаёзгандик.
– Сафсата! Сиз қуюшқондан чиқиб кетяпсиз.
– Биргаликда йиғлаш ҳақида бироз ошириб юборган бўлишим мумкин.
– У қаёққа кетди?
– Буни менга айтгани йўқ… У фақат эрим сизникида экан, бечора бироз кўнглини бўшатиб олгунига қадар сайр қилмоқчилигини айтди, холос.
– Бўлмаган гап! Нима бўлганда ҳам хотинимнинг феълини яхши биламан. У оч инсонга қараганда, оч кучукка жони ачийдиган даражада иккиюзламачи эмас.
– Кучукчамасдир… Лекин аёл қалби билан ҳамиша аёллигича қолади.
 – Сиз ҳеч нарсани тушунмайсиз, хоним, – дедим мен. Кучайиб бораётган ғазаб оғзимда худди йўтал дорисидек тиқиларди. – Ҳа, ҳеч нарсани тушунмайсиз… Эрингиз сиз айтаётгандек бечорами, билмайман, аммо у ғалати одам. Агар билмоқчи бўлсангиз, у олий даражада ўзига бино қўйган ва ўжар. У – ажойиб софист ва бу, ҳа деяверинг, томи кетганлик билан қовушмайди.
– Лекин у шунчалар ёлғизки.
– Хоним, сиз топология нималигини биласизми?
– Сув қўнғизларидан тайёрланадиган қандайдир дори бўлгув-чийди…
– Мутлақо. Топология – даврий геометрия, эрингиз ҳатто бу соҳадан ҳам хабардор. Бундай одамга ачиниш кулгили. Сизнинг, хоним, шундай қудратли мияга ачинишингиз бемаънилик.
– Ахир у гўё марслик эканига жиддий ишонади.
– Жуда ажойиб! Агар сизда бундай эмаслигини иккиланмасдан тасдиқлашингиз учун асосларингиз бўлса, албатта… Фақат қуруқ гап бўлмасин… Ростини айтганда, эрингиз марслик хасталигига дучор бўлган ерликми ёки сиз ерликлар хасталигига чалинган марслик аёлмисиз – ҳал қилиш осон эмас…
– Касалхонада берилган диагнозда кўрга ҳасса қилиб эрим беморлиги ёзиб қўйилган.
– Нима қипти? Касалхонада эрингизни ерлик деб билишган, шунинг учун у телба деган қарорга келишган. Ўзига хос хато фикр.
– Ахир у одам-ку…
– Қўшиламан, “худди одамдек”… Аммо у марслик эмаслигининг далили ҳам йўқ-ку!
– Бу – аҳмоқгарчилик…
Унинг балиқларникидек юмалоқ, тор қорачиқли кўзлари нажот тилаб илтижо қилаётгандек кенгайиб кетди ва бошқа ҳамма нарса жайдари орсизлиги билан бирга бир лаҳзада сўлиб қолди ва қалтирашга тушди. Душдан тушаётган сув бир маромда шовулларди. Даҳшатли зўриқишдан гувиллаётган бошим билан ваҳшиёна шавқ оқимига отилдим.
– Дунёдаги ҳамма нарса тўғрисида ташқи кўринишига қараб баҳо бериб бўлмайди-ку. Агар ибтидоий одамга кит – балиқ эмас дейилса, у сизга телбага қарагандек қараган бўларди.
– Бу нима деганингиз, сэнсэй… Сизнингча, мен ҳам, эҳтимол марслик аёлдирман…
– Жуда ҳам бўлиши мумкин. Ёки сизда, хоним, шундай эмаслиги тўғрисида тош босадиган далилларингиз борми? Билмадим. Шунинг учун далиллар бўлмаса, ҳамиша имконият сақланиб қолади.
– Нақадар ажабланарли. Бу ҳолда сиз ҳам ерликлар хасталигига чалинган марслик эмаслигингизни тасдиқлай олмайсиз.
– Бу – табиий. Амалда менда марслик эмаслигим тўғрисида бирон далилим йўқ.
– Етар… Сизни тинглашнинг ўзи даҳшат.
– Сиз жуда бетоқатсиз, хоним. Тағин марсликнинг рафиқаси!
Тўсатдан у қаддини тик қилди, қўлларини кўкраги олдида сиқиб, мушукдек увиллашга тушди. Буни кутмаганимдан уни жазавага тушди деб ўйлагандим, бироқ шу заҳоти чинқириқ қаҳқаҳага айланди ва ниҳоят миямга: ўзгалар эмас, бевосита мен ўзим томонимдан айтилган – ташқи кўришга қараб баҳо бериб бўлмаслиги ҳақидаги сўзларимни яхшилаб ҳазм қилишим кераклиги фикри урилди.
– Қандай ажойиб… бундай… бундай англай олиш, сэнсэй… – деди у кулгу билан узилиб турган чинқириқли товушда. Кейин орқамга, қаергадир қараб деди: – Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек ўтди. Демак, нималаргадир умид қилсак бўлади.
– Бўлмасам-чи. Мўлжалим хато кетиши мумкин эмасди.
Таажжубланиб ўгирилдим. Ваннахонада бўлиши ва душда чўмилиши керак бўлган меҳмоним эски брезент чамадонга ўхшаш нарса устида орқаси билан деворга суянган ва қўлларини тиззасига қўйган ҳолда ўтирарди. Аммо сувнинг товуши ҳали ҳам эшитилиб турарди. Мен уларнинг икковини ҳам нигоҳимдан қочирмай эшик томон ўз-ўзимдан сурилдим, ўрнимдан турдим ва дедим:
– Нима гап? Нега ҳаддингиздан ошяпсиз?
Эркак киши фақат кўзини қисиб кулди, лекин жавоб қайтармади. Аёл унга сархуш овоз билан мурожаат қилди:
– Суҳбатни тасмага ёзиб олдингми?
– Буни бой бериб бўладими.
– Ҳозирча таассурот бешга бешми?
– Энди еттига уч бўлиб қолар.
– Тўла муваффақият! Вақтида улгурдик.
– Ҳа, улгурганимиз аниқ.
Икки мияси айниган ўртасида қолган ҳозирги вақтда ўйимда бир нарса — бу ердан тезроқ жуфтакни ростлаш фикри бор эди, холос.
– Хўш, – дедим мен, – ижозатингиз билан хайрлашсак. Қиладиган ишларим кўп, ўта бандман… Ҳали-замон уйга вакил келиши керак… Умуман квартирани эгасиз қолдириш ярамайди.
– Энди буларнинг ҳаммасининг аҳамияти йўқ, сэнсэй. Сиз марсликсиз, сэнсэй! – худди теннисчиларни руҳлантираётгандек қувноқлик билан хитоб қилди аёл.
– Энди у сэнсэй эмас, – секин қўшиб қўйди эркак. – У бизнинг бечора ошнамиз.
– Сиз тушлар оламида дафн этилган, “ерликлар хасталиги”га чалинган марсликсиз…
– Сиз ўзингизни радио эшиттирувларининг аянчли муаллифи деб ҳисоблайсиз, амалда эса бу ниқоб остида Марс вакили яширинган…
– Сизга шунча ҳикоя қилиб беришди, наҳотки ҳалигача ҳеч нарсани эслай олмаяпсиз?
– Афтидан, ўзини эҳтиёт қилмоқчи. Ҳа, майли. Уни шу ҳолида олиб боришга тўғри келади.
Бутун кучим билан полга тиралиб, сакраб турдим. Шу лаҳзадаёқ эркак қўлидан пичоқ отилди, аёл эса эпчиллик билан уни илиб олди. Мен орқага тисарилдим, эркак остидаги эски чамадонга ўхшаш нарсани олиб менга ташланди. Чап бериш учун бир сония ҳам вақтим бўлмади, тўқнашишимизни кутиб букчайдим, шу ондаёқ эркак қўлидаги нарсасини бошимга кийгизди. Энди қўлимни ҳам, оёғимни ҳам қимирлата олмасдим. Бу тутқаноғи тутган телбаларга кийгизила-диган кўйлак эди.
– Бемазагарчилик! – бақирдим мен. Ҳаяжонланганимдан норозилигимни ифода этиш учун сўз тополмасдан, қаҳр билан фақат бир сийқаси чиққан гапнинг устига бошқаларини қалаштирардим. – Бу – бемазагарчилик! Бемазагарчилик! Ахир бу бемазагарчилик эмасми!.. Ахир мен бусиз ҳам, эҳтимол, битимни имзолардим… Бундай зўравонлик билан фақат ўзингизга жабр қиляпсиз…
– Бу жуда беҳузурлик, – бардам товушда деди аёл. – Агар у ер-бу ерингиз қичишадиган бўлса, дарров айтинг. Уялманг. Мен қашлаб қўяман.
– Биз вақт туйнугига киргунга қадар бироз сабр қилиб туришга тўғри келади… – ташвишланиброқ деди эркак. – Ахир сизни топгунча биз ҳам роса қийналдик. Айтганча, сиз – тўққизинчисиз. Сизгача биз яна саккизтасининг изига тушгандик. Уларнинг учтаси келиш вақтида аварияга учради. Улар портлаб кетди. Биз ёнғинни ўчириш бошқармасидан сўраб-суриштиргандик, бу ҳодиса уларда номаълум сабабларга кўра портлаш сифатида рўйхатга олинган экан. Қолган бешовлоннинг ҳаммаси жиннихонага равона бўлишди. Афтидан, улар марслик эканликларини эълон қилишга жуда шошилган кўринадилар… Ҳукумат билан бевосита музокараларга киришишга уриндилар, парламент аъзоларининг олдига киришга тиқилинч қилдилар, ҳатто кўчаларда нутқ ҳам сўзладилар шекилли… Телбалар касалхонасида эса уларнинг ҳаммаси ақлдан озишди… Ўшанда уларни соғайди ҳисоблаб, касалхонадан чиқариб юборишди. Улар эса ғойиб бўлди, саҳрода сочиб юборилган қум зарраларидек йўқолиб кетди. Биз куну тун ҳақиқий овчи итларидек ҳамма ёқларни искаб юрдик.
– Одамни кўряпсанми – марслик деб ўйла…
– Кейин, икки йилу саккиз ойда ниҳоят сизнинг изингизга тушдик…
– Биз атайин сизнинг устингизда жойлашдик….
– Биз сизга соянгиздек эргашиб юрдик, сўраб-суриштирдик…
– Энди, ниҳоят, заҳматларимиз мукофотини олдик.
Тутқаноғи тутганлар кўйлагида қоққан қозиқдек туриб, томоғим қуриб кетганидан бўғилиб дедим:
– Яхши, тушундим. Вакилингиз бўлишга розиман. Мен имзо чекаман ва товон пулини тўлайман. Агар керак бўлса, буни ҳозироқ қилишга тайёрман.
– Нима деяпсиз. Тағин марслик эмиш…
– Мен инсонман!
– Ҳа, “худди одамдек”.
– Вақт тиғиз, – деди эркак соатга қараб ва аёлни шошилтира бошлади. Улар кўйлагимнинг икки томонида осилиб турган тутқичларни тутишди. – Кетдик.
– Мени қаёққа олиб кетяпсизлар?
Агар буни билганимда ҳам қаршилик кўрсатиш бефойда эди. Тутқичлар тортилди, мен қийшайганча беҳол осилиб қолдим ва улар мени судраб кетишди. Меҳмонхонадан чиқишди, йўлакдан ўтишди, ошхонадаги стол ёнидан қисилишиб юришди… ортида сув шовул-лаётган оқ эшик… Ваннахона.
– Чўмилиш вақти келди, – ҳазиломуз оҳангда деди аёл.
Қаршилик кўрсатиш мақсадида оёқларимни тираб олдим.
– Хотинимга нима бўлди?
– Уни эсдан чиқарганингиз маъқул.
– У билан биз шуғулланаётганимиз йўқ, шунинг учун аниғини билмаймиз.
– У сизга катта ёрдам кўрсатди, шунинг учун у билан бирон кўнгилсизлик бўлмаса керак.
Аёл асов отни тинчлантирмоқчи бўлгандек, бир қўли билан кўкрагимга оҳиста қоқиб қўйди, иккинчиси билан эшикни ланг очди. Шу вақтнинг ўзида эркак орқамдан тиззаси билан туртди ва мен кутилмаганда ваннахонага кириб қолдим.
Чапда – ванна, ўнгда – қўл ювадиган жой, олдимдаги деворда душ тутқичи… оддийгина, худди хонадонимдагидек. Йўқ, қачонлардир менинг квартирамда бўлганидек… Бу жой бошқа ваннахоналардан фарқ қилмасди. Фақат бир нарса билан… Ҳар ҳолда фарқ қилиши керак… Душдан совуқ сув ҳам эмас, иссиқ сув ҳам эмас, балки тутун ёки оқиш-яшил тусдаги нейлон ипларига ўхшаш нарса тушарди. Ва ўткир озон иси тарқаларди.
Бу яшилтус тутунни кўриб, озонга тўйинган лаҳзада хотирам, гўё унга ўткир пичоқ тортгандек, чирт узилди.
Кўзимни очганимда шу ерда қийшиқ кўзгулар хонасида эдим.
 Оддий тилда айтганда, руҳий беморлар касалхонасида. Мен фақат бу ерда оддий тилда гаплашишадими-йўқми билмайман.
Ҳар ҳолда кунига, муайян вақтда мени кўргани врач келади. Унинг юзининг ранги менга сув пуфагини ёдга солади. Унга тиббий ҳамшира ҳамроҳлик қилади. Ҳамширанинг лунжи етилиб пишган шафтолига ўхшайди. Врач менга ҳар куни бир хил саволларни бергани киради. Ҳамшира ҳароратим ва юрагим уришини ўлчар экан, врач семиз қўлларини сиқиб ва бўшатиб, сўроқни бошлайди.
– Бу ерга қандай келиб қолдинг?
Фақат биринчи сафар унга бошимдан нима кечганини бутун тафсилотлари билан гапириб беришга ҳаракат қилдим. Ҳамма нарсани – тушунганимни ҳам, тушунмаганимни ҳам яширмасдан баён қилишга уриндим. Аммо врач йигирма дақиқага ҳам сабри чидамасдан, бирор ифодасиз бош ирғади ва дарҳол навбатдаги саволга ўтди.
– Нима деб ўйлайсан, ҳозир қаердасан? Ердами? Ёки Марсдами?
Ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Лекин ҳали “ҳақиқат” сўзининг қадрига шубҳам йўқ эди ва ростини айтдим.
– Ақлимга ишонадиган бўлсам, мен – Ердаман.
Бу гал ҳам врач бетидаги бирон мушак қимир этмади. Фақат ҳамшира касбий табассуми билан намойишкорона кулди.
Сўнг учинчи савол.
– Сен кимсан? Одаммисан? Марсликмисан?
Бу ёғига жавоб бера олмасдим. Шубҳа қурти бирдан тухумдан чиқиб, қалбимни сўришга тушди… Агар бу врачнинг ўзи “топологик” асаб касаллигига чалинган бўлса-чи? Бу ҳолда унга асло бу жой Марс эмаслигини айтиб бўлмайди. Чунки Марс Ерда ҳам ажойиб ҳолда бўлиши мумкин… Худди шу сабабга кўра Ер томонидан босиб олинган Марс…
Ва ниҳоят, сўнгги савол.
– Сенингча, мен кимман? Марсликманми? Ёки ерликманми?
Менга фақат сукут сақлаш қолади. Ҳамшира вақт ўлчагичи билан сукут сақлашим давомийлигини ўлчайди. Улар нигоҳида сукут сақлашнинг ўзи муайян белги ва жавоб ҳисобланади. Мен буни тушунаман, бироқ сукут сақлашдан бошқа жавоб ўйлаб топа олмайман.
Ҳар куни муайян вақтда олдимга шифокор ва тиббий ҳамшира киради. Шифокор бир хил саволларини такрорлайди. Мен сукут сақлайман ва ҳамшира сукутим давомийлигини асбоби билан ўлчайди.
Сиз менинг ўрнимда бўлганингизда жавоб бера олармидингиз? Шифокор мамнун бўлиши учун қандай жавоб бериш талаб қилиниши, балким, сизларга маълумдир? Агар маълум бўлса, менга ўргатинглар. Чунки сукут сақлаш менга ёқиши учун индамаётганим йўқ…
 Мен нима қилиб бўлса ҳам шуни билмоқчиман. Менинг воқе-лигим – ўзи қанақа нарса? Ҳақиқийликнинг хаёлийлик устидан ғолиб чиқишими? Ёки хаёлийликнинг ҳаққонийлик устидан ғолиб чиқишими? Мен сиздан сўраяпман: сиз қаердасиз? Ҳақиқий дунёдами ёки хаёлий дунёдами?

Рус тилидан Эркин Эрназаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 6-сон.