Кнут Ҳамсун. Ишқ гадолари (ҳикоя)

I

Буларнинг барини мен ёздим, юрагимдагиларни қоғозга тўкиб, енгил тортиш учун, шу бугун эрталаб ёздим. Қаҳвахонадаги ишимдан айрилдим, ишим билан бирга ҳаётимнинг қувончли дамлари ҳам бой берилди. Қаҳвахонанинг номи “Максимиллиан” эди.
Ҳар оқшом эгнига кулранг кийим кийган ёш, келишган жаноб икки дўсти билан мен хизмат кўрсатадиган столлардан бирига келиб ўтирарди. Тўғри, унга ўхшаган жанобларнинг жуда кўпи қаҳвахонага келиб-кетишар, уларнинг бари мен билан яхши муносабатда бўлар, ҳурмат доирасида муомала қиларди. Фақат у… Унинг бўйи баланд, қадди-қомати келишган, сочлари тим қора, мулойим, кўзлари мовий – баъзан бу кўзлар менга нигоҳ ташлаган кўйи бир оз қотиб қоларди – лаблари узра сабза урган мўйлаблари ҳам ўзига ярашган.
Аввалига бу жаноб мени нимагадир хушламади.
У ҳафта давомида ҳар куни мунтазам келарди. Унга шу қадар ўрганиб қолдим, аммо бир куни у негадир келмай қолди. Ўша куни бир нимамни йўқотгандек ғуссага ботдим. Қаҳвахонанинг ҳамма бурчакларини айланиб, уни қидирдим; ниҳоят муҳташам қаҳвахонанинг нариги бурчагидан топ-дим. Катта устун ёнида жойлашган столда циркда ишлайдиган чавандоз аёл билан бирга ўтирарди. Аёл эгнига сариқ рангли кўйлак, қўлларига эса елкаларигача етадиган қўлқоп кийганди. Хоним ёш эди, кўзлари чиройли, тим қора. Менинг кўзларим эса – мовий рангда.
Улар ўтирган стол яқинидаги панароқ жойда бир дақиқача туриб, гап-ларига қулоқ тутдим: аёл унга норози оҳангда гапирар, жонига тегиб кет-ганини такрорлар, уни тинч қўйишини, безовта қилмаслигини сўрарди. “Эй, Парвардигор, бу аёл уни ўзидан нари қилаётган экан, нега у менинг ёнимга кела қолмайди!” – дея ҳайқирарди юрагим.
Эртасига у яна дўстлари билан кириб келди ва тасарруфимдаги столлар-дан бирига ўтирди. Ёнига ҳар доимгидек дарров югуриб бормадим. Юз-ларим ловуллаб қизарганини ҳис қилдим, бироқ ўзимни уни кўрмагандек тутдим. Мени чақирганида эса, ёнига яқинлашарканман:
– Кеча кўринмадингиз, жаноб? – дедим. У эса дўстларига мурожаат қилгандай:
– Бизнинг кельнер хонимимиз бағоят хушбичим-а! – деди.
– Пиво келтирайми? – сўрадим.
– Ҳа, – жавоб берди у.
Дарҳол улардан узоқлашдим.

II

Орадан бир неча кун ўтди. У қўлимга букланган бир қоғоз тутқазди.
– Буни олиб бориб беринг… – хатни унинг қўлидан олдиму, гапини ту-гатмасидан нари кетдим. Сал нарироқда ўтирган сариқ кўйлакли хонимга элтиб беришга шошилдим. Йўл-йўлакай хатга нари-бери кўз югуртирдим, бироқ мактуб охиридаги “Владимир Т.” деган ёзувни эслаб қолдим холос.
Қайтиб келганимда, у менга савол назари билан қараб турарди.
– Хатни етказдим, – дедим ҳозиржавоблик билан.
– Жавоб қайтаришдими?
– Йўқ.
У менга бир крона узатди ва кулимсираб:
– Буни сўзсиз ҳам тушуниш мумкин – деди.
Владимир (унинг исмини билиб олгандим!) бутун оқшом давомида ўша сариқ либосли хоним ҳамда унинг ҳамроҳларига тикилганча ўтирди. Соат ўн бирлар чамаси эди. Ўрнидан туриб, улар томон яқинлашди. Сариқ либосли хоним уни совуқ қарши олди. Ёнидаги икки ишқибози эса Владимирга қарата кесатиқ гаплар отишар, устидан кулиб, ҳазил-мазах қилишарди. Уларнинг даврасида бир неча дақиқагина ўтиргач , у қайтиб келди. Диққат билан қарадим; пальтосининг чўнтаги ҳўл эди. Анавилар пиво тўкиб юборишганини англадим. Пальтосини ечаркан, ўгирилиб ча-вандоз аёл ўтирган стол тарафга қаради. Пальтосини арта бошладим. У менга қараб жилмайди ва:
– Раҳмат, канизак хоним! – деди.
Устки кийимини кийишга ёрдамлашиб юбордим. Шу аснода унинг елкасига бармоқларим учи билан оҳиста тегиндим.
У ожиз ҳолда курсига чўкди. Дўстларидан бири пиво келтиришни бу-юрди. Унинг ҳам кружкасини олмоқчи бўлгандим, “Йўқ”, деганча идиш дастасига узатилган қўлларим устига қўлларини қўйди. Унинг тафти-ни сезган қўлларим мажолсиз бўшашди. Йигит ҳам буни сезди, тезда қўлларини тортиб олди.
Кечқурун ётоғим ёнида тиз чўккан кўйи унинг учун икки марта ибодат қилдим. Қўллари теккан ўнг қўлимни қайта-қайта ўпдим. Жуда бахтли эдим.

III

Бир сафар у менга гул туҳфа қилди, бир даста гул… Гулларни қаҳвахонага кираверишда савдо қиладиган гулчи хотиндан сотиб олганди. Сават тўла гуллар – янги узилган, лов-лов ёниб тургандек алвон рангда. Саватни ўзи ўтирган стол устига қўйди. Бу гал у ёлғиз келганди , доимий ҳамроҳлари – дўстлари йўқ эди ёнида. Бўш қолдим дегунча устун орқасида туриб уни кузатардим, хаёлимда унинг исми чарх ураверарди: “Унинг исми Владимир Т.”.
Орадан бир соатга яқин вақт ўтди. У соатига тез-тез қараб қўярди. Ундан:
– Кимнидир кутяпсизми? – дея сўрадим.
Паришон ҳолда мен томон нигоҳ ташлади, сўнг кескин жавоб берди:
– Йўқ, ҳеч кимни кутмаяпман. Кимниям кутардим?
– Мен… шунчаки, эҳтимол сиз кимнидир кутаётгандирсиз, деб ўйладим…
– Берироқ келинг, – имлади у, – бу гуллар сизга!
Гуллар тўла саватни менга тутди.
“Ташаккур”, дедим мамнун ҳолда. Аммо ҳаяжондан овозим йўқолди шекилли, “ташаккур” сўзини пичирлаб айтдим. Шу онда миямга қон қуюлгандек қизиб, қизариб кетдим, бахтдан масрур бўлганча одимлаб борарканман, буюртмалар пештахтаси олдида тўхтадим. Буюртма қабул қиладиган аёлга рўйхатни узатар эканман, аёл сўради:
– Сизга нима керак?
– Нима деб ўйлайсиз, менга нима керак экан-а! – саволга савол билан жавоб бердим қувлик қилиб.
– Нима деб ўйлайман!? – аёл жаҳл билан кескин жавоб берди. – Нима, ақлдан оздингизми!
Мен эса ўша кўтаринки кайфият билан сўзлашда давом этардим:
– Қани, топинг-чи, бу гулларни менга ким совға қилди?
Шу пайт обер-кельнер пайдо бўлди. Менга қараб:
– Анави ёғоч оёқли жанобга пиво олиб бормабсиз-ку!– дея сўз қотди.
– Гулларни менга Владимир совға қилди! – ўз топишмоғимга ўзим жавоб бердим-да, қувончдан учаётгандай мижозга хизмат қилишга шошилдим.
Т. ҳали ҳам кетмаганди. Бир оздан кейин у ўрнидан қўзғолиб, кетиш-га чоғланганида, ёнига чопиб бордим-да, яна бир бор унга ташаккур билдирмоқчи бўлдим.
– Раҳмат Сизга!
У ҳайрон бўлди ва жиддий оҳангда:
– Биласизми, тўғриси, гулларни бошқа биров учун олгандим! – деди. Майли, майли, эҳтимол, у гулларни бошқа биров учун сотиб олгандир.
Аммо уларни менга туҳфа қилди! Ўша аёлга эмас, айнан менга! Ва яна гуллар учун ташаккуримни изҳор этишга изн берди! Хайрли тун, Владимир!

IV

Эртаси куни эрталаб ёмғир ёғаётган эди. “Қайси кўйлагимни кийсам экан, қорасиними ёки яшилини? – Бир оз бошим қотди, сўнг бир қарорга келдим. – Албатта яшилини-да, ахир у янгироқ!” Қувончим ичимга сиғмас эди.

Трамвай бекатига яқинлашар эканман, бир хонимнинг жала остида шамсиясиз ивиб турганини кўрдим. Унга шамсиям остига киришни таклиф этдим, аммо у ташаккур билдирганча, таклифимни негадир рад этди. Шунда мен ҳам шамсиямни ёпдиму, ёмғирда ивиган хонимга шерик бўлдим. “Нега энди у ёлғиз ўзи ивиши керак экан!” деган хаёл билан шундай қилдим.
Кечқурун Владимир яна қаҳвахонамизга келди. Уни қарши олар эканман:
– Гуллар учун яна бир бор ташаккур! – дедим жилмайиб.
– Қайси гуллар учун? – сўради у, сўнг: – Бошқа ўша гуллар ҳақида га-пирманг! – деди.
– Мен шунчаки сизга гуллар учун ташаккуримни айтмоқчи эдим.
У елка қисди ва менга қараб:
– Мен сизни севмайман, – деди.
Биламан, у мени севмайди, унинг севгани эмаслигимни яхши била-ман. Ундан ўзимга нисбатан бундай ҳисларни сира кутмаганман. Унинг сўзларидан ҳафсалам пир бўлгани ҳам йўқ. Майли, севмаса, севмасин. Бироқ мен уни ҳар куни кўриш бахтига муяссарман, ҳар оқшом у келади ва менинг тасарруфимдаги столлардан бирига ўтиради, мен унга хизмат кўрсатаман. Яна келинг, Владимир.
Келаси оқшом у одатдагидан анча кечикиб келди.
– Пулингиз борми? –деб сўради.
– Афсус, мен бир ғариб қиз бўлсам…
У нигоҳини кўзларимга қадаб турди-да, жилмайиб қўйди.
– Сиз мени нотўғри тушундингиз, менга озроқ пул керак эди… эртагача…
– Ҳа, озмунча жамғармам бор, уйда, бир юз ўттиз кронам бор!
– Уйдами? Ёнингизда эмасми?
– Ўн беш дақиқа кутиб тура оласизми, ўн беш дақиқадан кейин қаҳвахона ёпилади, ишимиз тугайди, кейин бирга уйимга борамиз, сизга пулларни уйдан олиб бераман…
У ўн беш дақиқа кутиб турди. Биз бирга қаҳвахонадан чиқиб, уйим томон йўл олдик.
– Роппа-роса юз крона керак! – деди у.
У йўл бўйи менинг ёнимда борди. Илгарилаб ҳам кетмади, ортда ҳам қолмади. Зодагон олифта жаноблар оддий одамлар ёнида юришни маъқул кўрмай, одатда шундай қилишарди.
– Уйим оддий бир ҳужра, – дедим хижолат бўлиб уйимга яқинлашганимизда.
– Шу ерда кутиб тураман, – кескин оҳангда жавоб берди у, – сиз билан бормайман.
У пастда кутиб турди. Пулларни унга тутқазганимда, эринмай ҳаммасини санаб чиқди:
– Бу ерда юз кронадан кўпроқ пул бор экан. Ўн кронаси сизга чой ҳақи! Эшитяпсизми, ўн кронаси сизга! Чой ҳақи!
У майда пулларни менга узатди. Хайрли тун тилади-да, кетди. Муюлишга етганида йўл четидаги тиланчи кампирга эҳсон узатаётганига кўзим тушди.

V

Кейинги оқшом қарзни тўлай олмаслигини афсус-надомат билан айтиб, узр сўради. Мен эса қарзни тўлай олмагани учун ҳам унга миннатдорчилик билдирдим. Пулларни ишлатиб юборганини тан олди.
– Нимаям қилардим, шундай бўлиб қолди, ўзингизга маълум: сариқ кўйлакли хоним!
– Нега сен бунақа аҳволга тушиб қолдинг-а, оғайни, – сўз қотди дўстларидан бири. – Ишқ гадосига айланиб бўлибсан-ку!
– Бирон нима буюрасизларми? – уларнинг гапини бўлдим.
Бу орада қаҳвахонага ўша сариқ либосли хоним кириб келди. Влади-мир ўрнидан турди-да, аслзодаларга хос таъзим бажо этди. Икки букилиб таъзим қилганидан чаккаларидаги сочлари юзларини ёпди. Хоним эса бепарво ҳолда унинг ёнидан ўтди-да, бошқа бир столга бориб жойлашди. Владимир ҳам дарҳол ўша стол атрофидаги ўриндиқлардан бирига бориб ўтирди. Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас унинг тик турган ҳолда баланд овоз билан гапираётганини эшитдим.
– Жуда яхши, кетаман. Бошқа қайтмаганим бўлсин!
– Миннатдорман, – хотиржам ҳолда жавоб қайтарди хоним.
Бу суҳбатни эшитдиму, хурсандлигимдан гўёки осмонларда парвоз қилардим. Шу ҳолда буюртма қабул қилинадиган бўлмага бориб, буюртма олувчи аёлга бир нималар дея гапира бошладим. Эҳтимол , унинг сариқ либосли хонимнинг ёнига ҳеч қачон қайтмаслигини сўзлаган бўлсам керак. Хизмат кўрсатиш бўлимининг бошлиғи ёнимиздан ўтиб кетаркан, менга яна қаттиқ огоҳлантириш берди. Аммо энди менга барибир эди!
Соат ўн иккига бонг урди, қаҳвахонамизнинг иш вақти тамом бўлди. Ҳамма бирин-сирин чиқиб кетаркан, у мени кузатиб қўймоқчи эканлигини айтди.
– Кеча сизга бергандим-ку, ўн крона! Шундан беш кронасини бериб тура оласизми менга? – сўради у.
Унга кечаги кроналарнинг ҳаммасини узатгандим, фақат бештасиниги-на олди. Қолганларини эса, ҳар қанча қаршилигимга қарамай, қайтариб берди.
– Биласизми, бугун жуда бахтиёрман, – дедим ийманиб. – Қани энди сизни уйимга таклиф қила олсам… Уйим оддийгина бир ҳужра-да!
– Хижолат бўлманг. Уйингизга кирмоқчи эмасман. Хайрли тун.
У кетди. Муюлишдаги тиланчи кампир олдидан ўтиб кетаркан, кампир-нинг эҳтиром ила қилган таъзимига қарамай, садақа беришни унутди. Шу заҳотиёқ кампирнинг олдига чопиб бордим, унга танга узатдим:
– Олинг, бувижон. Бу ҳозиргина шу ердан ўтиб кетган жанобдан. Ҳозиргина ўтиб кетди-ку, анави кулранг кийимдаги жаноб… Олинг, олаверинг!
– Кулранг кийимдаги? – беҳол сўради кампир.
– Ҳа, сочлари тим қора… Унинг исми Владимир.
– Сиз унинг хотинимисиз, қизим?
– Йўқ, бувижон, – жавоб бердим масрур ҳолда. – Ўша жанобнинг ишқида ўртанаётган бир гадоман.

VI

Бир неча оқшомдан бери у такрор ва такрор пулларимни қайтара олмаётганидан афсусда эканини айтарди. Мен эса бундан асло хижолат бўлмаслигини таъкидлар, агар ҳадеб шунақа деяверса, мени ранжитиши мумкинлигини эслатардим. У шунчалик баралла гапирардики, атрофдагилар ҳам гапларини бемалол эшита олардилар, айримлар эса унинг устидан кулишарди.
– Мен ярамас одамман, фирибгарман, – дерди у. – Сиздан қарзга пул кетди, ўзининг цирки ва циркчилари билан бирга кетди. Албатта, мен уни тамоман унутиб юбордим. Уни бирор марта ҳам ўйлаганим йўқ, рост айтяпман. Унутдим…
– Аммо барибир бугун унга яна хат юборишга жазм қилдинг! – гапини бўлди дўстларидан бири.
– Ҳа, охирги марта… бу охиргиси! – жавоб берди бир оз сархуш ҳолда Владимир.
Эшик олдидаги гулчи аёлдан бир дона атиргул сотиб олдим. Атиргулни унинг чап ёқасидаги илгакка тўғнағич билан қадаб қўйдим. Гулни тақар эканман, унга жуда яқин турардим, унинг нафаси қўлларимга келиб ури-лаётганини ҳис қилиб турар, ҳаяжон ичида гулни тўғнағичга илдиролмай қийналардим.
Ниҳоят, гулни тақиб бўлганимдан кейин, у менга мамнун оҳангда:
– Сиздан миннатдорман, – деди.
Кассага бориб, ўзимга тегишли уч-тўрт кронани олиб келдим ва унга узатдим. Бу жуда оз эди.
– Мана буларни олинг, бор-йўғим шу!
– Раҳмат, миннатдорман.
Ўша оқшом мен жуда бахтли эдим. Орадан бир оз вақт ўтгач, Владимир бирданига:
– Берган пулларингиз менга жуда зарур эди. Бир жойга бориб келишим керак, сафарга… – деб қолди. – Пулларни қайтганимдан кейин, албатта, қайтараман.
Безовталана бошлаганимни сезиб, қўшимча қилди:
– Хавотирланманг, мен фақат сизни севаман, – деди қўлимдан тутиб. Аҳволим ёмон эди. У қаергадир жўнаб кетяпти, қанча сўраб-суриштирмай, қаерга кетаётганини айтишни истамаяпти. Шу онда кўз олдим қоронғилашиб, теварагимдаги ҳамма нарса: қаҳвахона, шифтдаги қандиллар, ўтирган-юрган мижозлар, хизматчилар гир айланарди. Ўзимни тутиб туролмадим. Унинг иккала қўлини маҳкам ушлаб олдим.
– Айтдим-ку, бир ҳафтадан кейин қайтаман, кўришамиз! У шундай деб ўрнидан турди.
– Сиз ишдан бўшатилдингиз!
Қулоқларим остида обер-кельнернинг ёқимсиз товуши жаранглади. “Марҳамат! Бемалол! – хаёлимдан кечарди бу сўзлар. – “Нима қипти? Бўшасам бўшабман-да ! Бир ҳафтадан кейин Владимир ёнимга қайтиб келади. Ҳаммаси яхши бўлади, ҳаммаси! У бор-ку! Унга раҳмат, борлиги учун унга раҳмат айтиб қўйишим керак!” Ана шу фикр билан ортимга ўгирилдим. Аммо у аллақачон кетиб бўлганди.
Орадан бир ҳафта ўтди. Кечқурун уйга кириб келарканман, унинг мак-тубига кўзим тушди. У ўзининг жуда чорасиз аҳволда қолганини ёзарди. Ўша сариқ либосли хонимнинг ортидан борганига иқрор бўлган. Мендан олган пулларни – қарзларни ҳеч қачон қайтара олмаслигини таъкидлаб, узр сўраган. Айни пайтда муҳтожлик балоси уни қаттиқ эзиб ташлаганини айтган. Шу қадар тубанлашиб кетгани учун ўзини ўзи лаънатлаётганини билдирган. Мактуб охирига эса: “Сариқ хонимнинг гадоси”, дея имзо қўйган.
Туну кун изтироб чекардим, аммо қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Бир ҳафта бурун қаҳвахонадаги иш жойимдан айрилган ва бошқа иш ахта- ришга киришган эдим. Кундуз кунлари шаҳардаги турли қаҳвахоналар ва меҳмонхоналарга бош суқиб иш сўрардим, яна шахсий хонадон эгаларига ўз хизматларимни таклиф этардим. Бирок ҳамма уринишларим беҳуда кетарди. Вакт алламаҳал бўлганида, сотилмай қолиб кетган газеталарни ярим баҳосига сотиб олар, уйга келибоқ, уларни диққат билан кўздан кечирардим. “Ўзимни ва Владимирни оғир вазиятдан қутқара оладиган нимадир топарман”, деган умидли хаёлларга берилардим.
Кеча кечқурун газеталарнинг бирида унинг номига кўзим тушди ва мен у ҳақца битилганларни бошдан-охиригача қайта-қайта ўқиб чиқцим. Шу ондаёқ кўчага отилдим, тентираб-тентираб шу кўйи бугун эрталаб уйга қайтдим. Эҳтимол, қаердадир тунагандирман, балки ортиқ юришга мажолим қолмагач, бировларнинг кўча эшиклари зинасида ўтириб тонг оттиргандирман, ҳозир буни эслолмаяпман.
Бугун ўша мақолани яна ўқиб чикдим. Уни биринчи марта кеча уйга қайтганимда ўқигандим. Аввалига ҳайрат ичра кафтимни кафтимга урдим, кейин курсига чўккаладим. Бир оздан сўнг ерга ўтириб, курсига суяниб қолдим. Қўлларим билан ерни урганча, ўйга толдим. Балки ўйга толмаган- дирман, эҳтимол, миямда кандайдир ғала-ғовурлар содир бўлаётгандир. Кейин… мен эҳтимол, ўрнимдан туриб ташқарига чиққандирман. Эсладим, бурчакда муюлишда ўтирадиган тиланчи кампирга бир танга узатдим, сўнг:
— Бу сизга ўша кулранг кийимдаги жанобдан, эслайсизми уни? — дедим.
“Ҳа” дегандай бош ирғади кампир, сўнг:
— Сиз балки унинг қайлиғидирсиз, а? — деб сўради талмовсираб.
— Йўқ, мен унинг бевасиман…
Шундай қилиб, тонгга қадар кўча-кўйда тентираб юрдим. Айни дамда ўша машъум хабарни яна бир карра ўқияпман:
“Унинг исми Владимир эди…”.

Русчадан Нодира Абдуллаева таржимаси