Ўлгудай чарчадим. Шу охирги йиллар ичида ёмон чарчаб кетдим. Анча вақтдан бери тириклик ҳамда биз ўлим деб атовчи сўнгсиз зулмат тўғрисидаги китобларни ўрганиш билан бандман. Субҳи саҳардан бошлаб ўша китобларим томон ошиқаман, бутун кун бўйи ҳам, қуёш авжи тиғ отган паллаларда ҳам, ҳаттоки юлдузлар милт-милт қилиб турган ярим кечаларда ҳам стол лампам ёғдусида китобларим бағрига сингиб, бошимни ҳеч кўтара олмайман. Мана энди миям оғрийдиган бўлиб қолди, озроқ дам олишим керакка ўхшайди.
Шундай кезларда оғайним Паул билан бирга эшик остонасига чўнқайволиб ўтирганча чақчақлашиб ўтиришни хуш кўраман. Паул ҳаммавақт икки қўлини чўнтагига суқиб олганча бекор юрадиган танбал йигит. Унга насиҳат қилишни бошлашим билан у ҳингир-ҳингир қилиб кулади-да, нима, мен сенинг елкангда юрибманми, дея дарров гапимни қайириб ташлайди. Мана ҳозир ҳам Паул остонага баҳузур чўкканча боғдаги олма дарахтининг қаеригадир кириб олиб тинмай чирқиллаётган зағизғоннинг қўшиғига қулоқ осиб ўтирибди. У менга қушнинг арз-дод қилаётганини айтади. Гўёки зағизғон ўз жуфтини у билан бирга охирги висол мавсумини ўтказиб, унга янги ин қуриб беришини истаб, қаттиқ нола чекаётган бўлади. Паулнинг айтишича, қушга бошқа ёр керак эмас экан. У то суюкли жуфтининг ёқимли овозини ўрмону далалар оша садо бериб етиб келмагунича тинмай куйлайверар эмиш.
Бу Паул хўп ғалати йигит-да. Кун бўйи кўм-кўк осмон бўйлаб эринибгина сузиб бораётган оппоқ, момиқ булутлардан кўз узмай, тикилганча ётаверади, ҳечам зерикмайди.
Баъзан у менга тескари ўгирилиб, боғдаги гулзорларнинг бутун бўйини димоғига тўплаб олиб, атиргул деворининг бор ифорини гўё ичиб юборгудай бўлганини сўзлайди.
Гоҳида ўтирган жойимиздан аста турамиз-да, ташқарига чиқиб кетамиз, биргаликда тепаликларнинг юмшоқ ёнбағирлари узра кўтариламиз, олмазорлар ва атиргул деворлари оралаб ўтамиз, буғдой бошоқлари ўсиб ётган далаларнинг четлари бўйлаб авайлаб қадам ташлаймиз, аёллару эркаклар, болалар билан гавжум кўчалар ичидан ёнма-ён юриб ўтамиз.
У чинданам ғаройиб йигит. У ёнимиздан ўтиб кетган ҳар битта одамнинг юзига бир қараб қўяди. Сўнг менга ўша одамнинг кўзларидан унинг бутун кўнгил дунёсини ўқиб чиққанини айтади. Паул ер юзидаги жами эркаклару аёллар, жамики болалар тўғрисида ҳамма нарсани билади, ҳаттоки уларнинг нега ундай ёки бундай тарзда қарашларигача изоҳлаб бера олади. Паул тағин одамларнинг нима мақсадда у ёқдан-бу ёққа югургилаб юришларию бошларидаги ғам-ташвишларигача бари-барини аниқлай олади. Шу оғайним билан бирга мен гўё бутун коинотни кезиб чиққандай бўламан. Ҳа, Паул бениҳоя доно, у шундай доноки, ҳатто менинг ҳам ақлим сир-сира бовар қилмайдиган Худонинг тилига ҳам бемалол тушуна олади!
Фақат шу. Бошқа иш қилмайди, бизнинг Паул…
Инглизчадан Қандилат Юсупова таржимаси