Карел Чапек. Мовий хризантема (ҳикоя)

Бу воқеани менга анча йиллар илгари бир князнинг уйида хизмат қилган ашаддий гул шайдоси кекса Фулинус айтиб берганди.
 -Мен сизга ўзимнинг Кларам қандай дунёга келгани ҳақида ҳикоя қилиб берсам. У пайтларда Лубенцда, князь Лихтенберг исмли кимсанинг боғида хизмат қилардим. Кекса князь боғбончиликка жуда қизиқарди. У дунёнинг турли бурчакларига буюртма бериб, энг сара гулларни олиб келтирар ва ўз боғилда ўстирарди. О, унинг боғини бемалол жаннат дейиш мумкин эди.
 Кунларнинг бирида қандайдир иш билан кўчага чиққандим. Тасодифан рўпарамдан телбанамо, кар-соқов, ўзининг жунунваш кулгуси билан ҳамманинг асабини қўзғаб юрадиган қариқиз Кларани учратиб қолдим. Қизиға, нега тентаклар ҳамиша хушвақт бўлиб юришаркин? Мен унинг телбавор ўпичларидан қочиш учун ўзимни панага олмоқчи эдим, қўлидаги ажабтовур гулдастани кўриб таққа тўхтадим. Пала-партиш дасталанган ўт-ўланлар, кўкатлар орасида… биласизми, нимани кўрдим? Тўғри, дунёда кўп гулларни кўрганман, аммо бунақасини умрим бино бўлиб энди кўришим эди. Гулдаста (агар шунақа дейиш мумкин бўлса) ичидан мовийранг бахмал хризантема манаман деб бўй кўрсатиб турарди. Шунақа чиройли, шунақа нафис… таърифлаб беролмайман. Мен хризантемаларнинг жуда кўп турини биламан. Аммо, дунёдаги энг қимматбаҳо хризантемалар орасида ҳам бунақаси учрамаслигига амин эдим..
 Анча йил илгари Лондонда, қария Жеймс Вейчнинг уйида бўлганимда, у тўғридан-тўғри Хитойдан олиб келинган, напармон ҳошияли мовий хризантемаси бўлгани, аммо бир йил илгари қишда нобуд бўлганини афсус билан гапириб берганди.
 Мана, ҳозир манави тентакнинг қўлида худди ўшандай қимматбаҳо, гул ял-ял товланиб турардики, бу гулнинг назокатини асло тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.
 Клара илжайганча менга қўлидаги гулдастани узатди. Мен унга бир крон пул бериб қўлидаги хризантемага имо қилдим.
 -Клара, сен буни қаердан топдинг?
 Клара қувончидан ўзини йўқотиб қўйди ва алланасаларни ғўнғиллаб кулишга тушди. Мен ундан ҳеч анрсани била олмадим. Ундан бирор маълумот олишга тиришаман, у эса, ҳадеб мени қучоқлаб ўпмоқчи бўлади.
 Хризантемани кўтариб, тўғри князнинг ёнига югурдим.
 -Зоти мунавваарлари, бу гул шу яқин атрофда ўсиши керак. Балки бирга излармиз?
 Кекса князь ҳовлиққанидан ўзини йўқотиб қўйди ва фойтунни ҳозирлашни буюрди, ўзимиз билан Кларани ҳам олишимизни айтди. Бу пайтда Клара қаёққадир ғойиб бўлганди. Уни қидирмаган жойимиз қолмади. Князь ғазабдан эндигина сўкина бошлаган кезда Кларнинг ўзи узоқдан биз тарафга югуриб кела бошлади. Югуравериб, бечоранинг тили осилиб қолган, қўлида эса, бир даста ҳозиргина юлинган мовий хризантемани кўтариб келарди. Князь унга юз кронлик пул узатди. Клара эса, аламдан йиғлай бошлади. Чунки у бечора умрида юзталик пулни кўрмаган ва пулнинг бунақа бўлишини тасаввур қилолмасди. Шунда ўзим ёнимдан бир кронлик пул чиқариб беришга мажбур бўлдим. Бечоранинг хурсанд бўлганини кўрсангиз.
 У севинчидан ғиринглаб хиргойи қилганча, рақсга туша бошлади. Биз уни бир амаллаб, фойтунга ўтқаздик ва хризантемани кўрсатиб сўрадик. “Клара, қаерга борамиз?”
 Клара юмшоқ ўриндиққа жойлашиб, ўзида йўқ қийқириб юборди. У билан ёнма-ён ўтирган такаббур кучернинг бирам жони чиқди-ей! Клара жинниларча чинқиради, бундан ҳурккан отлар чунонам шаталоқ отадики, ўлдик ичимиз эзилиб. Ўзиям сайрмисан, сайр бўлди. Бир ярим соат йўл босдик ҳамки мовий хризантемадан ному нишон йўқ. Охири чидаб туролмаждим:
 -Зоти мунавварлари, биз ўн тўрт чақиримдан зиёл йўл босдик.
 -Нима фарқи бор, – қўл силтади князь. – Юз чақирим бўлмайдими?
 -Майли-ю, – дедим унга жавобан. – Лекин Клара бир соатдан кейин яна бир даста гул кўтариб келди. Демак, хризантемалар Лубенцдан нари борса, уч чақиримча узоқликда ўсиши мумкин.
 -Клара, – бақирди князь хризантемаларни кўрсатиб. – булар қаерда ўсади? Қаерда узиб келдинг?
 Клара жавоб ўрнида нималарнидир ғўлдираб, олдинга имо қилди. Чамаси унга фойтунда сайр қилиш жуда ёқиб қолганди. Назаримда князь Кларани дўппослайдигандек эди, зотан у ҳам ғазабланишни биларди. Отлар жиққа терга ботиб кетганди. Клара ҳамон тушуниксиз шанғиллар, князб асабий сўкинар, кучер эса, йиғламоқдан бери бўлиб борар, мен эса, мовий хризантемалар ҳақида бош қотирардим.
 -Зоти мунавварлари, – дея князга юзландим. – бунақада иш битмайди. Келинг, Кларасиз қидириб кўрайлик. Лубенцнинг уч чақрим радиусгача бўлган ерларнинг харитасини олайликда, ҳудудларга бўлиб, уйма-уй излаб кўрайлик.
 -Азизим, – деди князь. –Лубенцдан уч чақиримгача бўлган жойда бирорта ҳам парк ёки хиёбон йўқ.
 -Менам шуни айтяпман, – дарров илиб кетдим. – Бу гулни парк ёки хиёбондан топиб бўлмайди. Қаранг, хризантема бутоғининг қуйи қисмида озроқ қатқалоқ ёпишиб қолган. Бу паркларнинг тупроғига ўхшамаяпти, менимча гўнг ва қум аралашмаси бўлса керак. Манави япроғида эса, каптар тезагидан қолган из кўриниб турибди. Демак, бу гулни айнан каптарлар тўпланадиган жойдан қидириш керак. Менимча, бу хризентема қандайдир четан девор тагида ўсади. Мана, барглари орасида арча пўстлоғи ҳам илиниб қопти.
 Эртаси куни эрталаб Клара яна бир даста мовий хризантема олиб келди. Шундан сўнг менинг тамомила асабим қўзиди. Ўз ҳудудимни тамомила айланиб, ҳар бир қовоқхонадан илиган пиво ичиб, пишлоқ кавшаб, мовий хризантема дарагини сўроқлаб юрдим. Вой, бу пишлоқларни ҳозир ҳам эсласам кўнглим айнийди. Бир томонда иссиқни айтинг, одамнинг энка-тинкасини қуритворади. Яна қандайдир гулни суриштиришиб юришим одаларда шубҳа ҳам уйғотди. Мени ё бирор дайди, ё қандайдир агент деб ўйлашганми? Бировдан яхши гап эшитмадим ҳисоби, лекин ҳаммасига тишимни тишимга босиб, чидадим.
 Кечга яқин шунга амин бўлдимки, мен ишлайдиган ҳудудда ҳеч қандай хризантема ўсмаскан. Яна учта қўшни ҳудудни ҳам текшириб келдик. Клара эса яна бир боғлам мовий хризантема олиб келди.
 Билсангиз, бизнинг княззь бу музофотнинг энг обрўли одамларидан эди. Маҳаллий полицияларни оёққа турғизиб, ҳар бирининг қўлига бир донадан мовий хризантема гулидан берди ва қандай бўлмасин шундай гууллар ўсадиган ҳудудни топишни буюрди.
 Полициячилар жуда саводли одамлар бўлишади. Улар тез-тез газета ўқиб туришади, ўзлари ишлайдиган ҳудудни, бу ернинг одамларини ҳам беш қўлдек билишади. Ўша куниёқ, десангиз, олтита полициячи қишлоқ фаоллари, назоратчию қоровуллари, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳатто бир гуруҳ лўлиларни ҳам эргаштириб уч чақирим радиусдаги майдонни текширишга тушишди. Қанақа чечак топишган бўлса, ҳаммасини князнинг олдида опкелишди. Эҳҳе, князнинг уй гулларга тўлиб кетганини бир кўрсангиз эди.
 Улар орасида фақат мовий хризантема кўринмасди холос. Кларанинг орқасидан куни билан кузатиб юрдик. Кечгача унинг изини йўқотиб қўйдик. Ярим кечаси эса, у менга яна бир қучоқ хризантема кўтариб келди.
 Биз хризантемаларни битта қўймасдан юлиб келмаслиги учун вақтинча Кларани ушлаб туришга қарор қилдик. Бироқ, бу билан иш битмасди. Ўлай агар, қанақадир васвасага тушиб қолгандик. Ахир бу қанқаси, ҳаммаёқ кафтдек текис бўлса…
 Давомини эшитинг. Агар одамзотнинг ишлари умуман юришмай қолса, у қўпол ва дарғазаб бўлишга таомиан ҳақли – буни тушунаман. Лекин, барибир иззат нафс дегани ҳаммадаям бор-да! Княз менга нима деганини биласизми? Мен ҳатто Кларадан ҳам баттар тентак эмишман. Нима дердим. Ҳар қандай қари эшакнинг ҳақоратларини индамай этишиб кетаверадиган анойи эмасман, дедиму, лаш-лушимни кўтариб, тўппа-тўғри вокзалга йўл олдим.
 Энди Лубенцда менинг қорамни ҳам кўришмайди. Вагонга чиқишимни кутиб тургандек, поезд ҳам қўзғалди. Шу пайт худди боладек ўпкам тўлиб йиғлаб юбордим. Нима учун, айтайми? Мовий хризантемани энди бошқа ҳеч қачон кўрмаслигимни, у билан мангу хайрлашаётганимни ўйлаб йиғладим.
 Ойнага қараганча ҳиқиллаб борарканман, беихтиёр кўзим шағал тўкилган кўтарма йўлак ёнида қандайдир мовийранг гулларга кўзим тушди.
 Бунақа пайтда ўзимни бошқара олармидим? Қандай қилиб ўрнимдан қўзғалганиму вагондаги тормоз тутқичига чанг солганимни эслолмайман. Поезд чинқирганча тўхтади, мен эса, қарама-қарши тарафдаги тўсиққа урилиб, манави бармоғимни синдириб ҳам олганман, мана қаранг!
 Бир пайт кондуктор чопиб келди. Мен эса, тўнғиллаб, зарур бир нарсам эсимдан чиқиб қолганини айтдим. Хуллас, каттагина миқдорда жарима тўлашга тўғри келди.
 Кўзимга чалинган мовий чечаклар ортидан, шағал йўлак бўйлаб чопиб борарканман, ўзимни-ўзим сўкардим. «балки бу кузги қўқонгул ё шунга ўхшаш бирор бошқача гул бўлса-чи? Сен бўлса, шунча пулни ҳавога совуриб ўтирибсан!».
 Беш юз метрлар чамаси йўл юрсам-да, мовий гулларга етиб боролмадим. Балки, у умуман йўқдир? Кўзимга шундай кўрингандир?
 Шу чоқ кичик бир тепаликда йўл назоратчисининг кулбасига кўзим тушди. Унинг шундоқ қаршисида мовийранг манзара. Қарасам, икки тупгина хризантема шунақа ажойиб товланиб турибдики, энди қўяверинг.
 Қоровуллариннг боғчасига нималар ўсиши мумкинлигини ёш бола ҳам билади. Қовун-тарвузми. Қовоқми, шолғомми, нари борса, икки туп атиргул ёки настарин ўсар. Йўқ, бу боғчада ўшалар ҳам йўқ, бир тупдан картошка билан ловия, наъматак бутаси ва… икки туп мовий хризантема…
 -Биродар, – қичқирдим четан оша назоратчига қарата. – Манави гулларни қаердан опкелгансиз?
 -Буларми? – сўради қоровул. – Олдинги ўлиб кетган назоратчидан қолган. Бу йўлакдан юриш тақиқланган, тақсир! Ана ёзиб қўйилган «темирйўл устидан юриш қатъий тақиқланади» деб.  Сиз нима қилиб юрибсиз?
 -Амаки, дедим унга. – Сизнинг ёнингизга қандай ўтсам бўлади.
 -Мана шу йўл билан, – деди у. – Аммо бу йўлдан юриш мумкинмас. Менинг ёнимда нима бор? Бор йўлингдан қолма. Фақат шпалларнинг устидан юрма!
-Қаёққа бораман?
-Менга барибир, – бақирди қоровул. – Фақт бу йўлдан юрма. Мумкинмас.
 Мен ерга ўтирволиб, гап қотдим:
 -Менга қаранг, амаки, манави мовий гулларингизни менга сотинг!
-Сотмайман, – ўшқирди чол. Туёғингни шиқиллат, дедим. Бу ерда ўтириш мумкинмас.
 -Нега мумкин эмас экан? – маҳмадоналик қилдим. – Лавҳада бунақа деб ёзилмаган-ку?
Қоровул шошиб қолди. Фақат тўнғиллаб сўкиниш билан чекланди. Чамамда чол ёлғиз ўзи яшарди. Кейин унинг овози ҳам ўчиб қолди.Ярим соатлар чамаси ўтгач, йўлни текшириш учун чиқиб келди ва мени кўриб яна тутақди:
 -Кетасизми бу ердан ё йўқми?
-Кетолмайман, – дедим. – Темирйўлдан юриш мукмин эмас. Юришга бу ердан бошқа йўл бўлмаса…
 Чол бир дақиқа ўйлаб қолди:
 -Биласизми, – деди у ниманидир кашй этгандай ҳовлиқиб. – Мен мана бу сўқмоқчага кириб кетаман. Гўёки, сизни кўрмаган киши бўламан, сиз эса, шу ердан катта йўлга чиқиб кетасиз.
Мен унга миннатдорчилик билдирдим. У сўқмоққа кириб кўздан йўқолгач, четан девордан ошиб ўтдиму, четда турган белкурани олиб, ҳар икки туп гулни қўпориб олдим. Ҳа, жаноб, мен уларни ўғирладим. Ўзи ҳалол одамман, бор-йўғи етти марта ўғирликка қўл урганман ва еттовида ҳам фақат гул ўғирлаганман.
 Бир соатдан сўнг мен поездда ўтирганча, ўғирланган мовий хризантемаларим билан кетиб борардим. Қоровулхона девори ёнидан ўтарканмиз, бояги чолнинг дарғазаб ҳолатда байроқ кўтариб турганини кўрдим. Мен унга қараб, шляпамни силкитдим, у мени кўрмади чамамда.
 Энди гап нимадалигини тушундингизми, тақсир? Ахир у ерда каттакон лавҳа осилиб турарди. “Бу ердан юриш тақиқланади”. Шунинг учун на мен, на полициячилар, на ўқувчию ўқитувчилар, на лўлилар бу ерни қидиришни хаёлларига ҳам келтиришмаган. “Тақиқланади” сўзининг қанчалик қудратга эгалигини кўрдингизми?
 Ким билсин, темирйўл назоратчисининг уйи ёнида энг ноёб чечаклар, меҳригиё, олтин папоротник ёки ҳаёт дарахти ўсар? Аммо, уни ҳеч ким тополмайди, чунки, бу йўлдан “ўтиш қатъий тақиқланган” – вассалом!
Клара ақли норасо, телба бўлгани, ўқишни билмагани учун ҳам бюу йўлдан юриб, мовий хризантемага дуч келган.
 Мен шунинг учун ҳам бу нодир чечагимга Клара деб ном бердим. Ва уни ўн беш йилдан бери авайлаб, парваришлаб келаман. Мен унга керагича меҳр ва эътибор кўрсатдим шекилли. Анави галварс қоровул бўлса, уни ҳатто тузукроқ суғормаган, тагини юмшатмаган ҳам.
Менинг хризантемаларим баҳорда уйғонади, ёзда куртак очади, август ойига бориб, сўлиб қолади. Тасаввур қиласизми, мен бундай ажойиб гулга эга бўлган ягона инсонман. Бу гулларимни бирор кўргазмага юбормайман. Дунёдаги ҳеч бир гул нафосат ва латофатда менинг эркатойларим билан тенглашолмайди. Чунки бу менинг Кларам. У гуллаган чоғда бутун олам беқиёс гўзалликка бурканади.

Рус тилидан Рустам Жабборов таржимаси