С. одатдагидан барвақт уйғониб, ҳали биринчи шафақ нурлари чиқмасданоқ ўрнидан турди. Сўнг сафарбоп кийимини кийиб, ўрнини тузатиб, хонасига кўз юритди. Кеча кечқурун тайёрлаб қўйган учта жомадонига энгашиб, бирини орқасига осди, қолган иккисини икки қўлига олди. Уйнинг эшиги-ю, дераза-ларига назар солиб, чироқларни ўчирди. Уй эшигини маҳкам беркитди. Ўзи турадиган баланд бинонинг зиналаридан пастга тушди.
Деярли бўш шаҳар кўчаларидан юриб кетди, одамлар бу соатда ҳали уйқуда эдилар. Аҳён-аҳёнда ҳар кўчада тунги қоровулларни учратар эди. Баъзи қоровуллар уни кўрганида бошларини қимирлатиб:
— Мусофир, шубҳа йўқки, мусофир, — дер эдилар.
С. уларга ҳеч қандай эътибор бермай, йўлида давом этди. Шаҳарнинг шарқий дарвозасига етиб келди. Дам олиш учун бир оз тўхтади. Жомадонларини ерга қўйиб катта тошга ўтирди ва уфқни кузата бошлади. Уфқ ёриша бошлаган эди. Кўрдики, бу тонг бошқаларидан ҳеч қандай фарқ қилмайди. С. Бир оздан сўнг қўзғолиб ўзига ўзи деди:
— Вақтни ўтказмаслигим керак, йўл узоқ.
Йўлида давом этди. Кичкина шаҳар кўзидан ғойиб бўлишидан илгари унга охирги маротаба қаради. Текисликда ястаниб ётган шаҳар негадир озгина бўлса-да, суюкли туюлмади. Шаҳарни ўраб турган далалар оралаб яна юриб кетди. Шаҳар кўзига кўринмай кетгунча узоқ юрди.
Аслида учта жомадонни ҳам у ўзи билан олмоқчи бўлган нарсаларни сиғдирадиган даражада катта эмас эди. Кўпгина нарсаларини уйда қолдираёт-ганидан истиробга ҳам тушди. Шу боис, нарсаларни танлаш, уларни йиғиш ва жомадонларга тахлаш кўп вақти талаб қилди. Жомадонларнинг бирига баъзи тоза кийимларини, пальтосини ва янги кастюмини солди. Иккинчи жомадонга соқол олиш ва пардоз-андоз учун керакли асбобларни, анча-мунча нон ва егулик солди. У бу икки жомадонни қўлида кўтариб олган эди. Орқасига осиб олган учинчи жомадонга эса, ўзи яхши кўриб қайта-қайта ўқийдиган энг азиз китобларини, шунингдек, диплом ва бошқа ҳужжатларини, эсдалик дафтарини, яна битта янги дафтар солди — эсига тушган нарсаларни қайд қилиб бораман деган нияти йўқ эмасди. Булардан ташқари тутилган альбом ҳам шу жомадондан жой олган. У болалигидан бошлаб тушган суратлари, шунингдек дўстлари ва қариндошларининг суратлари билан тўлган эди. С. бу альбомни жуда эҳтиёт қиларди — ахир унда энг гўзал эсдаликлар муҳрланган, қалбига энг яқин, энг севган кишиларнинг суратлари жой олган.
Кун пешинга яқинлашганда С. очиққанини сезди. Юришдан тўхтаб, кенг дала ўртасидаги катта дарахт соясига ўтирди. Сўнг жомадонини очиб, ундан у-бу олиб тамадди қилди. Сўнгра дарахт орқасидаги чархпалакдан сув ичди. Чарчоқ босиб, бир оз ухлагиси келди. Қолаверса, кеча кечқурун тўйиб ухлол-маган. Аммо ўзини қўлга олиб, йўлда давом этишга қарор қилди. Қуёш ботгач, ухлаб олар, ҳозир эса анча йўл босиб қўяди. Ахир унинг тунда юриш нияти йўқ. Хаёлига икки жомадондан бирини ташлаб кетсаммикан деган ўй келди. Бироз тараддудланди. Охири қўлини толдирган мана шу катта жомадон жуда зарур эмас деган фикрга келди. Ундаги кийимлардан нима фойда? У ҳали пальтони ёки янги костюмни киядими, йўқми? Бир муддат жомадонни қолдирсамми йўқми деган ўй ўртасида иккиланиб турди, сўнг хоҳишига бўйсунди. Бир жомадонда овқат, наригисида илму-фикр….. ўзича деди:
— Менга бир кийим етади, тирик зот бундай киймларга мухтож эмас.
Охир-оқибат жомадонни ўзи ўтирган дарахт соясига ташлаб кетди. Юришда давом этди. Тезда, оғир, бефойда юкдан қутулганини ҳис қилди. Енгил бўлиб қолди. Далаларни тезроқ кесиб ўта бошлади. Иккинчи жомадонни бир қўлидан иккинчисига олар, юк оғирлигини ҳис қилмас эди.
Қуёш ботганида ҳам С. юришда давом этди. Ниҳоят, ўзи мўлжал қилганидек тўхташга қарор қилди. Лекин бир бўлак нон тановул қилиб олгач, юришда давом этишни афзалроқ деб топди. Қандайдир бир қамчи уни савалаётгандек эди. Қаттиқ толиқса-да, бир оз дам олиб, яна юришда давом этди. Иккинчи жомадонни ҳам ташлаб кетиш истаги пайдо бўлди, лекин унда овқат ва пардоз-андоз, соқол олиш асбоблари борлигини ўйлаб, ичида кулиб қўйди.
Агар у кўзлаган манзилига эртага етиб олса, буларга ҳожат қолмайди, демак, овқат ва ичимликни кўтариб юришдан нима фойда? Ҳа, лекин пардоз-андоз асбоблари-чи? Мириқиб кулди. Қандай қилиб буни илгари тушунмади, бу бекорчи нарсаларни кўтариб юриш машаққатига нима учун бардош бериб юрибди, соқоли ўсса ўсар, бундан нима зарар? Аксинча, бу унга салабот ва виқор бахш этади.
Иккинчи жомадонни йўл ўртасига ташлаб кетди. Ўзича деди: “Одамлар уни топиб, бу ўлжадан хурсанд бўладилар, ахир улар ўлжаларни яхши кўрадилар-ку. Уларнинг барча ўлжалари мана шу қабилидадир. Мен эса уларга муҳтож бўлмайман”.
Кичкина тўлин ой йўлни, дараларни ёритар, унинг нури рақс тушаётган дарахт баргларида акс этар эди. У бу гўзал манзарадан ҳайратда қолди, аммо ундан лаззатланиш учун тўхташни истамади. Бир муддат олдин уни чорлаган ва у жавоб берган саҳрога етишга шошилар эди. Тўғри, саҳро кўпдан бери, ўзини таниганидан буён уни чақиради. Лекин у бу чақириқни рад этолмай қолгунича унга жавобни кечиктириб келди.
Энди юриши енгиллашди, ахир икки қўли ҳам бўш эди. Ғайрат билан юриб кетди, қадамини тезлаштирди. Шунга қарамай, орқасига осиб олган жомадон бир оз азоб берар эди. Аммо у бу жомадонни қаттиқ ардоқларди, уни йўқотишдан қўрқарди. Унда ўзи тўплаган тажрибалари йиғилган, кўп йиллар давомида қўлга киритган шаҳодатномалари бор. Аммо у тонг отар пайтида жомадон орқасини босиб, азоб бераётганини ҳис қилди. Бир муддат мана шу илмлардан нима фойда бор, деб фикр юритди. Саҳрода уни кутиб турган тотли, гўзал кунлар олдида бу илмлар нима бўлибди? Ундан кейин, бу илмлар унинг қалбига ўрнашмаганми? Хотираларига-чи? Бу билимлар руҳининг энг чуқур жойларига кўмилган. Руҳи асраган қоғозларни кўтариш шарт эмас. Орқасига боғлаб олган жомадон тугунларини ечар экан, юрагида азобли ғам-ғусса ҳис қилди. Сўнг уни ерга қўяр экан, ўзини овутди: ичидаги қимматбаҳо китоблар, ғамгин эсдаликлар, муҳим ишонч қоғозлари билан ушбу жомадонни топган одам унинг эгасини албатта муносиб тақдирлайди. Лекин у бошини қимирлатиб, бу фикрни рад этди. У ўзига ҳам ёқмади, у билар эдики, одамлар барибир буларнинг қадрига етмайди, эгаси кетгач, ўзи бундан маҳрум бўлгач, одамларнинг тақдирлашларидан нима фойда? У ҳаётда бахтли бўлмади, хурсандчилик кўрмади. Ва келган хулосаси ягона бўлди, у ҳам бўлса, барча нарса ботилдир. Ким билсин, балки ўзи излаган нарсаси саҳрода серобдир, отса отиб юбора қолсин, дарҳақиқат фойдасидан кўра оғирлиги кўпроқ бўлган бу юк унинг озодликдан маҳрум қиляпти-ку? С. барча ортиқча юкдан қутулган ҳолда юриб кетди.
Энди биргина ҳис қилаётган нарсаси ташналик эди. Чанқоқ унга тобора азоб берар эди. Қанийди, чанқоғини қондирадиган булоқ топилса. Узоқдан кўзига бир неча булоқ кўринди, уларга қараб жадал юриб кетди. Ундан қониб-қониб сув ичди. У беихтиёр қуйилиб келаётган терларини артди, бир неча марта юзини, пешанасини, бошини, қўлларини, оёқларини ювди, куч-ғайрат ҳис қилди. Шу пайтнинг ўзида ғалати бир фикр миясига келди: бу сеҳрли булоқ ўзи ҳақиқатда бор эдими? Бунга сабаб шу эдики, ҳеч нарсани эслай олмади, мутлақо ҳеч нарсани эслашга қодир бўлмай қолди, дунё кўзига қоронғи бўлиб кетди, фикри зеҳнини фақат бир нарса эгаллаганди — у ҳам бўлса, саҳро. Аммо қаердан келди, кеча ва ўтган куни нима қилди, қаерда бўлган, кунларини ўтказган, оиласи ва яқинлари қаерда, улар ўзи ким? Буларнинг барчаси унинг хотирасидан йироқлашди, олдида фақатгина саҳро кўринар эди: саҳро уни анчадан бери кутар эди.
С. орқа-олдига қарамай юриб кетди, саҳронинг чақириғи энди ниҳоятда кучайган эди. Энди у тўхтай олмас, дам олишга жуда муҳтож бўлса-да, олдинда шубҳасиз роҳат келиши унга тасалли берарди. Мана саҳро узоқдан кўзга ташланди. Ҳали унга етишига анча борлигини билса-да, унга жуда-жуда яқин кўриниб кетди, худди саҳро уни ўраб олаётгандек бўлди. Шунга қарамай, у ҳали кўп юриши керак эди. Фақат бир нарса уни безовта қилар, бундан қандай қутулиш йўлини билмас эди. Кийимларининг вазни енгил бўлишига қарамай, С. агар тасмалари ва оёқ-кийимларини ечса, юришга, ҳаракат қилишга янада қулайроқ бўлади, деб ҳисоблади. Дарҳақиқат, камарини ечди, оёқ кийимларини, пайпоғини ерга ташлади. Бир неча қадам босгач, кийимлари сиқаётганини ҳис қилди. Костюми, кўйлаги, шимини ечиб, ачинмасдан отиб юборди, ҳақиқатда ҳам улар уни сиқаётган эди.
С. саҳронинг ўртасини мўлжаллаб югуриб кетди. Барча кераксиз юклардан халос бўлгач, капалак ёки шабада каби енгил бўлди. У ўзи кўра олмаган, аммо уни ерга қаттиқ боғлаган мустаҳкам арқонлар узилгач, ўзини ҳатто учишга ҳам қодир бўлаётгандек ҳис қилди. Чексиз ястаниб ётган биёбонда югура бошлади. Орқасига қараб, ҳеч нарса кўрмади. У ҳозиргина олдидан ўтган барча нарсалар кўздан ғойиб бўлган эди. Икки яланг оёқлари қум ичига бот-бот ботиб кетар эди. Ичида хитоб қилди:
— Саҳрога етиб келдим, шубҳа йўқки, етиб келдим!
Қумдаги қадам изларини мушоҳада қила бошлади, уларнинг кўриниши уни ажаблантирди. Аммо шамол кутилмаган саҳро сатҳини текислаб қўяр ва қадам изларни йўқ қилиб юборар эди. Шамолнинг иши унга азоб берди. Изларининг йўқолиши уни дилини ўртаб юборди. Изларини кўришга интилиб олға юрди, сўнг ғамгин ҳолда уларнинг йўқолишини кузатиб турди. Узоқда уфқда чўзилган оқ нур кўринди. Ўзи зор-муштоқ бўлган сувни кўрди, у тарафга қадамини тезлатди. Лекин унга ета олмади, тинимсиз ҳаракат қилди унга етишиш учун. Аммо қанчалик интилмасин, сув ундан узоқлашаётгандек бўлар эди. Ўзидан сўради: Бу нима? Ва тахмин қилдики, агар унга етишиш учун шундай юрадиган бўлса, минг йиллар ўтса ўтадики, унга ета олмайди. Ичидан бир даҳшатли ҳайқириқ отилиб чиқди:
— Эй, Худойим!
Уни қўрқув ва даҳшат ўраб олди. Жойида қотиб, йўқ нарсага бақрайиб қолди. Қумдан иборат кичик-кичик тепаликлар — барханлар атрофини ўраб олган, олдида нигоҳи етадиган жойнинг барчасида қават-қават тепаликлар ётар эди. Танасидан тер қуйила бошлади, улар ташна қумлар бағри тушар эди. Унинг тери қон каби қип-қизил эди. Номаълум қўл унинг елкасига қоқиб, аста шивирлади:
— Қўрқма.
Ҳеч кимни кўрмаса ҳам беҳол сўради:
— Етиб келдимми?
Унга ҳеч ким жавоб бермади. Шунда у икки қўлини оғзига қўйиб, кучи борича саволни қайтарди:
— Етиб келдимми?
Бир оздан сўнг акс садо жавоб янглиғ қайтиб келди:
— Етиб келдим…
Кичкина қўл иккинчи марта елкасига қоқаётганини ҳис қилди. Сўнг у қулоғига ёқимли, мусиқий оҳангда пичирлади:
Сен кийимларингни ечишинг керак.
— Лекин мен уларни ечиб бўлдим-ку?
— Қолганини ҳам еч.
С. хижолат бўлиб ён-верига қаради, лекин атрофда ҳеч кимни кўрмади.
— Хижолат бўлма, кийимингни ечиб, отиб юбор.
С. тезда буйруққа бўйсунди, сўнг даҳшат ичида сўради:
— Хозир мен қандайман?
Бу сафар ич-ичидан чиққан яширин овоз унга жавоб берди:
— Онанг туққанидексан.
Қўл яна унинг елкаларига оҳиста қоқди:
— Соатингни еч, уни нега тақиб юрибсан?
— Мен ундан вақтни биламан.
— Уни еч, у ерда вақт бўлмайди.
С. соатни ечиб, узоққа отиб юборди.
— Энди қум заррасига айланишинг керак.
Даҳшатдан оғзи қийшайиб кетди:
— Қум заррасига? Қандай қилиб?
Бу саволга ҳеч ким жавоб бермади, фақат буйруқ оҳангида хитоб эшитилди:
— Ерга ёнбошла, кўпгина қум заррачалари бўлган ака-укаларинг олдига ёт!
Бақириб юборди:
— Қум заррачалари ака-укаларимми?
— Ҳа, ҳа, сен ҳам улар каби қум заррасига айланасан.
Ҳайрон бўлиб деди:
— Лекин мен жуда катта бўлсам, қандай қилиб кўринар-кўринмас кичкина қум заррасига айланаман?
Саволига жавоб эшитмади, афсусланишга ўхшаш оҳангда деди:
— Ундай бўлса, шу охирги синовми?
Унга ҳеч ким жавоб бермагач, буйруққа бўйсунди ва ерга ётди. Хаёлига охирги савол келди:
— Бу қанча давом этади?
Қулоғига ниҳоятда босиқ, ингичка овоз пичирлади:
— Бу Худонинг хоҳишига кўра бир неча кунгина давом этади.
С. кўзини юмди…
Арабчадан Дилафруз Муҳиддинова таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 4-сон