— Кармен яна икки кун судралишгаям ярамайди.
Мейсон муз парчасини туфлаб ташларкан, шўрлик жониворга беписанд қараб қўйди. Кейин итнинг панжалари орасида қотиб қолган муз бўлакларини тиши билан тозалай бошлади.
— Жимжимадор лақабли қанча итларга дуч келганман, одатда улар ҳеч нарсага ярамайдилар, — у ўз ишини тугатиб, итни нарига итарди. — Улар заифлашадилар ва охир оқибат ҳаром қотадилар. Сен оддийгина Касяр, Сиваш, Хаски лақабли итлар билан қандайдир кўнгилсизлик юз берганини сира эшитганмисан? Ҳеч қачон! Шукумга бир қарагин…
Анча узоқлашиб қолган кўппак бирдан ўқдай учиб эгасига сапчиди ва бақувват тишлари билан Мейсоннинг бўғзига чанг солмоқчи бўлди.
— Хаёлингга нима келди, а?
Бошига қамчи дастаси билан туширилган қаттиқ зарба итни қорга қулатди. У безовта қалтирар, сўйлоқ тишлари орасидан сарғимтил сўлак томчилар эди.
— Шунинг учун ҳам Шукумга қара деяпман-да, у хато қилмайди. Гаров бойлашим мумкин, бир ҳафтага қолмай у Карменни ҳолдан тойдиради.
— Мен бўлсам, — сўзланди Мейлмют Кид музлаб қолган нон бўлагини гулхан устида айлантирар экан, — гаров ўйнайманки, манзилга етиб бормасимиздан бурун Шукумни сўйиб еймиз. Сен бунга нима дейсан, Руф?
Ҳинду аёл қаҳвани совутиш учун идишга муз бўлагини ташлар экан, аввал Мейлмют Кидга, сўнг эрига қаради. Сўнгра итларга назар солди, бироқ лом-мим демади. Негаки, вазият шундоқ ҳам маълум эди. Қаршиларида бошқа йўл қолмаганди. Улар яна икки юз мил йўл босишлари керак. Овқатлари кўпи билан олти кунга етади. Итларга эса берадиган егуликнинг ўзи йўқ…
Икки овчи ва аёл гулханга яқин ўтириб ночорларга хос тарзда нонушта қила бошлашди. Итларни чанадан бўшатишмади, бу шунчаки қисқа муддатли танаффус эди, жониворлар одамлар оғзидаги ҳар бир луқмани адоват билан кузатишарди.
— Эртадан бошлаб нонушта ҳам йўқ, — деди Мейлмют Кид. — Кейин итлардан кўз узмаслик керак. Улар бизга бўйсунмай қўйишди. Эътиборсиз бўлсак, пайт пойлаб ташланиб қолишлари ҳеч гап эмас.
— Мен эса бир пайтлар услубчилар ташкилотини бошқариб, якшанба мактабларида дарс берганман.
Нима учундир бу мавзуда сўз очган Мейсон мокасиналарини1 томоша қилганича ўйга чўмганди. Руф унга қаҳва узатиб, хаёллар чангалидан озод этди.
— Худога шукр, ҳозирча бизда чой бор. Мен ҳовлимизда, Теннессида, чойнинг қандай ўсишини кўрганман. Айни пайтда иссиққина жўхори нони учун нималарни бермасдим-а? Қайғурма, Руф, яна озгина қолди, шундан сўнг очликдан қутуласан, мокасина кийиб юришга ҳам ҳожат қолмайди.
Бу сўзлардан кейин аёл ортиқ хўрсинмай қўйди. Кўзларида оқ танли хўжайинига бўлган муҳаббат учқунлари порлай бошлади. Мейсон у дуч келган биринчи оқ танли одам, унга аёл сиймосида қандайдир ёқимсиз ҳайвонни эмас, ўзгача бир хилқатни кўриш ҳам мумкинлигини англатган биринчи эркак эди.
— Ҳа, Руф, — эри икковларигина тушунадиган тилда давом этди, — тез орада биз бу ерлардан қутуламиз, оқ танли кишининг қайиғига ўтириб оламиз-да, Шўр сув бўйлаб сузиб кетамиз. Ҳа, бу ёқимсиз, айқирган сув — мисоли сувдан бунёд бўлган тоғлар гоҳи юқорига, гоҳ пастга силжиётгандек туюлади. Бу сув беҳудуд, унда узоқ сузишга тўғри келади! Ўн уйқулик, йигирма, йўқ, қирқ уйқулик йўл, — аниқ ҳисоблаш учун Мейсон кунларни бармоғида санарди, — ҳамма вақт сувни, ёқимсиз сувни кўрасан. Кейин катта дунёга етиб борамиз, одамлар кўп, ёзги ботқоқ пашшалари сингари ҳамма тенг. Кулбалар шу қадар баландки, — ўн, йўқ, йигирмата қарағайни устма-уст қўйгандек!. Эҳ-ҳе!
У сўз тополмай жимиб қолди. Ва шафқат сўрагандек Мейлмют Кидга боқди. Сўнг ҳафсала билан йигирмата қарағайни қандай қилиб устма-уст жойлаштириш мумкинлигини қўлларида кўрсата бошлади. Мейлмют Кид истеҳзоли кулди, Руфнинг кўзлари ҳайрат ва бахтдан чақнаб турарди. Аёл эрим ҳазиллашяпти деб ўйлаган ва бу илтифот шўрлик аёл қалбини тўлқинлантираётган эди.
— Кейин эса қутига ўтириб оламиз ва… жўнаб кетамиз. — Мейсон сўзларига изоҳ берган каби бўш кружкани ҳавога отди ва чаққонлик билан илиб олиб қичқирди:— Мана, бир зумда етиб келдик! Эй, улуғ шомонлар! Сен Форт — Юконда юрасан, мен Арктик -Ситида бўламан. Орамиз йигирма беш уйқулик йўл. Ўртамизда узун арқон, мен арқоннинг бир учидан ушлаб олиб, сенга гапираман: “Алло, Руф, қалайсан?” Сен жавоб берасан: “Сенмисан, эргинам?” Мен “Ҳа” дейман. Сен яна гапирасан: “Нон пиширолмаяпман, сода қолмабди .” Шунда мен жавоб бераман: “Қазноқни қарагин, ун қопининг орқасида турган эди. Хайр”. Сен қазноққа борасан ва керагича сода оласан. Ва бу пайтда сен Форт Юконда, мен эса Арктик-Ситида бўламиз. Шомонлар шундай қудратли!
Руф бу сеҳрли эртакни тинглаб, шундай самимий жилмайдики, эркаклар кулавериб думалаб қолишди. Бир -бирларини ғажишга уринаётган итларнинг шовқини олисдаги мўъжизакор ўлка ҳақидаги ҳикояни бўлиб қўйган эди. Улар итларни ажратишга уринаётганларида аёл чаналарни бирлаштиришга улгурган, йўлга тушиш учун ҳамма нарса шай эди.
Мейсон қамчини эпчиллик билан сермади, итлар секин ҳаракатга тушиб арқонни торта бошлагач айлантиргич таёқни маҳкамлалади.Шу тарзда музга ёпишиб қолган чаналар жойидан қўзғала бошлади. Руф иккинчи чана билан эрининг ортидан борар, Мейлмют Кид эса унга ёрдамлашган кўйи саф охирида ҳаракатланар эди.
Ҳўкизни ҳам бир зарб билан ўрнидан қўзғатишга қодир бўлган бу бақувват ва шафқатсиз одам итларни қамчиламас, уларни қўлидан келганча авайлашга уринарди, бу эса Шимол саёҳатчиларининг одатларига мос келмасди. Бир сафар Мейлмют Кид бечора жониворларнинг аҳволига қараб, ҳатто йиғлаб юборди.
— Қани, олға, оқсоқлар! — минғирлаб қўйди у оғир чаналарни қўзғатиш учун қилинган беҳуда уринишлардан сўнг.
Ниҳоят унинг бардоши муносиб тақдирланди, оғриқдан бироз итоаткор бўлиб қолган итлар ўз сафдошларини қувиб етиш учун ҳаракатга тушдилар.
Суҳбат тинди. Машаққатли сафар йўли бунга имкон бермас эди. Шимол бўйлаб юриш—оғир, ҳалокатли меҳнат. Бунда фақат орсизларча сукут сақлаб йўл қийинчиликларга дош берган ёки ўзи учун янги сўқмоқни кашф эта олган инсонгина бахтлидир.
Дунёда янги йўл очиш каби одамни ҳолдан тойдирадиган юмуш бўлмаса керак .Кенг, тўқима чанғилар ҳар қадамда емирилади, оёқлар тиззагача қорга ботади. Ана ундан сўнг оёқни эҳтиёткорлик билан суғуриб олиш зарур. Тик йўлдан дюймнинг арзимас бўлагича четга чиқиш ҳам кулфат келтиради. Негаки ҳали чананинг юқори қисми қордан фориғ бўлмаган. Бу ҳолда олдинга бир қадам ташлайсан ва энг камида ярим ярд чуқурликдаги иккинчи оёғингни кўтаришга урина бошлайсан. Биринчи бўлиб йўл очаётган одам эса, ҳатто шунгача чанғиларини бир-бирига уриб олмаган ва хиёнаткор қорга ишониб бор бўйи билан қуламаган бўлса-да,юз ярддан кейиноқ ҳолдан тойиб йиқилади.
Бунда кун бўйи бирор марта итлар оёғи остида қолмаган одамгина тоза виждон ва ғурур билан уйқу қопига киришга лойиқ эди. Буюк Шимол сўқмоғи бўйлаб йигирма беш уйқулик йўл босган кишига эса ҳатто Илоҳлар ҳам ҳавас қилишарди.
Кун шомга туташди. Оқ сукунат залворидан эзилган йўловчилар тушкун ва жим тарзда йўл оча бошладилар. Табиатда инсонга ўзининг фоний эканини англатишнинг турли усуллари мавжуд: сув сатҳининг бетўхтов кўтарилиб-пасайиши, бўрон ваҳшати, қўрқинчли ер силкинишлари, осмон артеллериясининг ваҳмали гулдираклари. Бироқ энг кучлиси, энг қайғулиси — Оқ сукунат ва унинг бепарволигидир. Қимирлаган жон кўринмайди. Ҳаво сайқал берилган мис каби тиниқ, бунда ҳатто ожиз шивирлаган овоз ҳам шаккоклик бўлиб туюлади ва инсон ҳатто ўз товушидан ҳам қўрқади.
Тирикликнинг бу ягона зарраси, ўлик дунёнинг хаёлий саҳроси бўйлаб ҳаракат қиларкан, ўзининг бор- йўғи ожиз бир қурт эканини англайди ва ўз жасоратидан қўрқувга тушади. Бунда ўз-ўзидан тушуниксиз фикрлар туғилади. Тириклик сирлари ўз маъносини излайди. Инсон шуурини Ўлим, Яратгувчи ва Ёруғ Дунё қаршисидаги қўрқув ҳисси, айни пайтда—тирилиш умиди, ҳаёт ва умрибоқийлик қайғуси, занжирбанд онгнинг беҳуда уринишлари ишғол қилади! Демак, инсон қачонлардир ўз Яратувчиси билан юзма-юз қолади .
Кун шомга туташди. Бу ерда дарё ўзани кескин бурилган эди, Мейсон муюлишни кесиб ўтиш учун чанасини тор бурунга томон бошлади. Бироқ итлар қанча уринмасин, тепаликка кўтарила олишмасди. Руф ва Мейлмют Киднинг бор кучлари билан итаришларига қарамай, чаналар нуқул ортга сирпаниб кетарди. Яна бир аламли уриниш…Бадбахт, очликдан силласи қуриган жониворлар сўнгги кучлари билан тортилдилар. Бетўхтов уринишлардан сўнг чаналар қирғоққа чиқиб олди. Лекин кутилмаганда йўлбошчи ит ўнг томонга тортиб кетди, чана эса Мейсоннинг чанғиларига бориб урилди. Натижа жуда қайғули эди. Мейсоннинг оёғи чиқиб кетди, арава қайишига ўралашиб қолган итлардан бири қорга қулади, чаналар эса хомутларни эргаштирганича пастга сирпаниб борар эди.
Қарс! Қурс! Қамчи овози эшитилди, калтакнинг кўпи йиқилиб қолган итнинг чекига тушди.
— Бўлди қил, Мейсон! — орага тушди Мейлмют Кид. — Бечора шусиз ҳам жон берай деб турибди. Тўхтаб тур, ҳозир меникиларни қўшамиз.
Мейсон у гапириб олгунча кутиб турди, — узун қамчи айбдор ит атрофида ўралиб айлана ҳосил қилганди.Бу Кармен эди.У шикоят қилгансимон ангиллади, қорга ётиб олди, сўнг қийинчилик билан ёнбошига ағдарилди.
Бу йўловчилар учун оғир, машаққатли дақиқа эди: ит жон беряпти, икки дўст ўзаро жанжаллашмоқда. Руф уларга навбати билан ялингансимон боқарди. Бироқ кўзларида аччиқ таъна акс этиб турса-да, Мейлмют Кид ўзини вазмин тутар, итнинг олдида чўккалаб олганича қайишларни кесар эди. Йўлорвчилардан ҳеч бири оғиз очмади. Чаналарни бирлаштиришди.Улар тепаликка чиқиб олишган эди. Яна йўлга тушишди.
Кармен сўнгги кучини тўплаган кўйи энг орқада судраларди. Ҳозирча ит юришга лаёқатли бўлса, уни отиб ташлашмайди, унда ҳаёт учун охирги имконият қолади; у ҳам бўлса қўнимгоҳга етиб келиш, бу ерда эса эҳтимол одамлар лос овлашар…
Ўз қилмишидан пушаймон, бироқ қайсарлиги боис буни тан олишни истамаётган Мейсон олдинда борар ва юз беражак хатар ҳақида ўйламасди. Улар қалин бутазорни оралаб пастқамликка етиб келишди. Ён томонда, эллик футча нарида кекса қарағай қад ростлаб турарди. У бир асрдан буён шу ерда турар ва тақдир бир асрдан буён унга, бир пайтнинг ўзида Мейсонга ҳам кутилмаган интиҳо ҳозирлаётган эди.
Мейсон мокасинасининг бўшашиб қолган ипларини боғлаш учун бир муддат тўхтади. Чаналар ҳаракати тинди, итлар жимгина қор устига чўзилдилар. Теваракда мудҳиш жимжитлик ҳукмрон, қор қоплаган ўрмон узра жон асари сезилмасди. Совуқ ва сукунат юракни музлатар ва бир зум табиатнинг титроқ шивирларини бўғиб қўярди.
Бирдан ҳавога хўрсингансимон сас таралди. Улар аввалига буни эшитишмади, лекин тез орада бу сас руҳсиз саҳродаги ҳаракат нишонаси эканини илғаб қолишди. Мана, йилларнинг чексиз жабру ситамлари ва қор залвори остида букилган улкан дарахт ўзининг ҳаёт фожеасидаги сўнгги ролини ўйнади. Мейсон қасир-қусур овозларини эшитди, ён томонга сакрамоқчи бўлди, бироқ қаддини ростлашга ҳам улгурмади — елкасига зарб билан урилган дарахт бутун танасини босиб тушди.
Кутилмаган хатар, оний ажал — Мейлмют Кид уларнинг ҳар иккиси билан ҳам тез-тез тўқнашарди! Дарахтнинг игна барглари ҳали қимирлаб турар, у эса аёлга кўрсатма бериб, дўстига ёрдамга етиб келишга улгурган эди. Ҳинду аёл ҳам ҳушдан кетиб йиқилмади ёхуд ўзининг оқ танли опа-сингиллари сингари бесамар кўз ёшларини тўкмади. Мейлмют Киднинг илк сўзларини эшитгандаёқ, эрининг инграшига қулоқ тутган ҳолда танасининг бутун оғирлигини таянч мослама вазифасини бажарувчи таёқ устига ташлади. Мейлмют Кид эса болта билан дарахтни чопа бошлади. Дарахтнинг музлаган танасига урилган пўлат қувноқ жаранглади, Мейлмют Киднинг зўриққан, оғир нафаси болта зарбаси билан бирга эшитиларди.
Ниҳоят Кид яқиндагина инсон шаклида бўлган аянчли қолдиқларни қор устига қўйди. Бироқ аёлнинг юзидаги унсиз мотамсаролик ва унинг надомату умидворликка тўлган кўзлари дўстининг қийналишларидан кўра даҳшатлироқ эди. Бир неча сўз айтилди холос. Шимол аҳолиси сўзнинг беҳудалиги ва ҳамма вақт ҳаракатда бўлишнинг тенгсиз қийматини бошқалардан олдинроқ англашади.
Нақ олтмиш беш даража совуқда инсоннинг қор устида узоқ ётиши мумкин эмас. Улар чанага боғланган арқонларни кесиб олишди, шўрлик Мейсонни ҳайвон терисига ўраб, шох-шаббалардан ясалган тўшак устига ётқизишди. Гулхан аланга олди. Ёқилғи учун ўша, бахтсизликка сабаб бўлган дарахт ишлатилди. Гулхан тепасига ибтидоий усулда парда ўрнатилди: дағал каноп мато бўлагини иссиқликни яхши ушлаб туриши ва пастга қайтариши учун таранг тортиб боғлашди. Бу физикани табиатнинг ўзидан ўрганган одамларгагина хос бўлган усул эди.
Ўлим тўшагида ётиб кўрмаганлар унинг чорловини тез илғашади. Мейсоннинг бутун танаси шикастланган эди. Бу бир қарашдаёқ маълум эди: ўнг қўли, бели ва умуртқаси синган, оёқлари ишдан чиққанди, ички аъзоларининг эзилгани ҳам эҳтимолдан йироқ эмасди. Ҳар замонда инграб қўйишигина бечоранинг ҳали тирик эканидан дарак берарди.
Ҳеч қандай умид йўқ эди, бирор нарса қила олмасдилар. Бешафқат тун секин яқинлашмоқда эди. Руф уни ўз миллатига хос тарзда сокин бир тушкунлик ила қаршилар, Мейлмют Киднинг буғдойранг юзидаги ажинлар эса кўпайган эди. Моҳиятан олиб қараганда, энг оз жабр кўрган одам Мейсон эди. У аллақачон хаёлан Шарқий Теннессида, Буюк Туманли тоғларда юрар ва ўз болалигини қайтадан яшаётган эди. Қулоқларига аллақачон унутилган жанубий шаҳарнинг таъсирчан оҳанглари эшитиларди.У алаҳлар, кўлда чўмилгани, енот овига боргани, тарвуз ўғирлаш учун елиб-югурганлари ҳақида гапирар эди. Бу овозлар Руфга тушуниксиз алаҳсираш бўлиб туюлар, бироқ Кид ҳаммасини англаб турар, Мейсоннинг ҳар бир сўзи унинг юрагини эзарди — бу туйғуни узоқ йиллар ҳамма нарсадан мосуволикда яшаган, ҳар лаҳзада тсивилизатсиянинг чорловини эшитиб турган инсонгина ҳис қилиши мумкин.
Ўлим бўсағасидаги одам тонг пайти ҳушига келди, Мейлмют Кид эса унинг пичирлашларига яқинроқдан қулоқ солиш учун энгашди:
— Эслайсанми, биз Тананда қандай учрашган эдик. Бу йилги шовуш даврида2 шу воқеага ҳам тўрт йил бўлади… Ўша кезлари мен Руфни унчалик севмасдим, у шунчаки ёқимтойгина эди… Шунинг учун унга мафтун бўлдим. Кейинчалик эса бутунлай боғланиб қолдим. У яхши рафиқа эди, оғир дамларда ҳамиша ёнимда бўларди. Бу эса бизнинг ишимизда жуда муҳим, ўзинг биласан, бу борада унга тенг келадигани йўқ… Эслайсанми, у Буғи шохи қоясига қандай сузиб келган, сув юзасига бетўхтов урилаётган ўқ ёмғири остидан бизни қандай қутқарган эди? Нуклукайтодаги очарчиликни-чи? У муз устида қандай югурарди, бизга хабар етказиш учун қанчалар шошилар эди-я? Ҳа, Руф менга баъзи аёллардан яхшироқ рафиқа бўлди. Сен менинг олдин ҳам уйланганимни билармидинг? Сенга бу ҳақда айтмовмидим? Ҳа, штатларда, ҳали уйда эканимда, оилали инсон бўлишга уриниб кўрганман. Бу ерларга келиб қолишимнинг сабаби ҳам шунда. Ахир мен биринчи рафиқам билан бирга улғайган эдим. Унга ажралиш имконини бериш учун ҳам жўнаб кетдим. У истаганига эришди.
Руф бошқа масала. Мен бу ердаги ишларимни битириб, келгуси йили у билан бирга жўнаб кетмоқчи эдим. Бироқ энди бу ҳақда cўзлашга кеч бўлди. Руфни орқага, ўз қабиласига жўнатиб юборма, Кид. У ерда унга жуда оғир бўлади. Ўйлаб кўр, тўрт йилга яқин вақт ичида биз билан ловия, дудланган гўшт, нон ва қуритилган меваларни еб яшасаю, кейин яна балиқ ва буғу гўштига мослашган ҳаёт тарзига қайтса! Анчайин енгил турмуш тарзи борлиги ҳақида билиш, унга кўникиш, кейин эса эскича ҳаётига қайтиш жуда оғир бўлади. Унга ғамхўрлик қил, Кид… Нима учун сенга айтяпман… эй йўқ… ахир сен ҳамма вақт аёллардан узоқроқ юрасан. Мен ҳалигача бу ерларга нега келиб қолганингни билмайман. Унга раҳминг келсин, уни Штатларга иложи борича тезроқ жўнатиб юбор. Бироқ ватанини соғинса, қайтишига ёрдам бер.
Фарзанд… У бизни янада яқинлаштиради, Кид. Умид қиламан-ки, у ўғил бўлади. Бир ўйлаб кўргин-а, Кид. У менинг пушти камаримдан яраладиган жон. Унинг бу ерларда қолиши мумкин эмас. Агар қиз бола бўлса… йўқ, бундай бўлиши мумкинмас. Менга тегишли териларни сот. Улар учун анчагина пул олишинг мумкин. Ташкилотда ҳам улушим бор. Ишларимизни йўлга қўй. Умид қиламанки, бизнинг талабномамиз ўзини оқлайди. Боламга яхши таълим бер, энг муҳими, Кид, у ҳеч қачон бу ерларга қайтмасин. Бу жойлар оқ танли одам учун эмас.
Менинг қўшиғим тугади, Кид. Бахтли тасодиф ҳолатида ҳам уч ёки тўрт кун қолди холос.Сизлар кетишингиз керак. Сиз олға кетишингиз шарт! Ёдингда тут, улар менинг рафиқам ва ўғлим… Эй Худойим, фақат ўғил бўлсин! Ёнимда қолманглар. Мен жўнаб кетишингизни буюраман. Жон бераётган одамга қулоқ солинглар!
— Менга уч кун муҳлат бер, — ўтинди Мейлмют Кид. — Балки аҳволинг бироз ўнгланар, ахир ҳаммаси қандай тугаши ҳозирча номаълум-ку!
— Йўқ.
— Фақат уч кун.
— Кетинглар.
— Икки кун.
— Улар менинг рафиқам ва ўғлим, Кид.
— Бир кун.
— Йўқ! Буюраман!
— Жиллақурса бир кун муҳлат бер.Биз бир амаллаб овқат топамиз. Балки мен лос овларман.
— Йўқ! Хўп, майли… бир кун, ортиқ бир дақиқа ҳам сўрама. Ҳа, яна Кид, ёлғизликда жон беришимга йўл қўйма. Биргина ўқ, фақат бир мартагина тепкини босиш кифоя. Тушундингми? Буни ёдингда тут. Эслаб қол! Менинг зурриёдим, мен уни кўролмайман… Руфни ёнимга чақир. Мен у билан хайрлашмоқчиман. Унга ўғлимиз ҳақида ўйлаши кераклигини, жон беришимни кутиб ўтирмаслигини айтаман. У сен билан бирга кетишга кўнмайдиганлар тойифасидан эмас. Алвидо, дўстим, алвидо! Кид, тўхта… бояги жойни чуқурроқ қазиш керак, уқдингми? Мен у ерда ҳар сафар қирқ тсентдан тўплаб қўярдим. Яна бир нарса, Кид…
Мейлмют Кид жон бераётган, ғурурини жиловлаган инсоннинг сўнгги иқрорларини илғаб олишга уринди:
— Мени кечир… нима учунлигини биласан-а. Кармен учун!
Кўз ёши тўкаётган аёлни эрининг ёнида қолдирган Мейлмют Кид паркасини3 эгнига илиб, чанғиларини кийди ва милтиғини елкалаган кўйи ўрмон ичкарисига кириб кетди. Бу унинг бешафқат Шимол билан биринчи тўқнашуви эмасди, бироқ ҳеч қачон унинг зиммасига бу қадар машаққатли юмуш юкланмаган эди. Умуман олганда, бу оддий арифметика эди: уч умр биттасига, яъни ўлими муқаррарига қарши. Бироқ Мейлмют Кид иккиланмоқда эди. Уни Мейсон билан беш йиллик дўстлик риштаси боғлаб турарди. Улар қидирувлар ва қароргоҳларда, сўқмоқлар ва дарё бўйлаб қилинган сафарларда, овда, очлик пайтларида, тошқин маҳали елкама-элка туриб қарши олинган ўлим хавфи чоғида ҳам бирга эдилар. Муносабатлари шунчалик мустаҳкам эдики, Руф ораларида пайдо бўлган илк кунданоқ у қалбида аёлга нисбатан ғалати рашк ҳиссини туйган эди. Энди эса бу муносабатни ўз қўллари билан узиши лозим.
У самодан унга битта, биргина лосни жўнатишни ўтина бошлади. Бироқ ҳайвон мамлакатни тарк этганга ўхшарди. Мейлмют Кид кечқурун ҳолдан тойганича қуруқ қўл ва юрагидаги оғир юк билан қайтиб келди. Итларнинг қулоқни батанг қиладиган даражадаги вовуллаши ва Руфнинг чинқирган овози уни тезроқ юришга ундар эди.
Мейлмют Кид қўнимгоҳга етиб келганида, ҳинду аёл атрофида ириллаётган тўданинг ҳужумини болта билан қайтараётганди. Итлар, хўжайинларининг темир қонунини бузиб, овқат заҳирасига ташланган эдилар. Кид милтиқ қўндоғи билан ўқталганича ёрдамга шошилди, шу он табиий танланишнинг қадимий фожеаси ўзининг ибтидоий шафқатсизлиги ила намоён бўлди. Милтиқ ва болта навбати билан кўтарилиб тушар, гоҳ мўлжалга тегиб, гоҳ тегмасди. Итлар тўлғаниб ўзларини ҳар томонга ташлашар, кўзларида ғазаб ўти ёнар, иржайган жағлари орасидан сўлак томчилар эди. Инсон ва ҳайвон ҳукмронлик учун жазава билан курашар эди. Кўп ўтмай, мағлуб бўлган итлар яраларини ялаган кўйи юлдузларга арз этгансимон увлаб гулхан ёнидан узоқлашишди.
Қоқбалиқ заҳираси талон-тарож қилинган эди, олдиндаги икки юз чақиримдан ошиқ йўл учун беш фунтга етар-этмас ун қолганди. Руф эри ёнига қайтди, Мейлмют Кид эса боши болта зарбидан мажақланган итлардан бирини ҳалоллаб, ҳали совиб улгурмаган гўштни бўлаклай бошлади. Кейин гўшт бўлакларини ишончли жойга беркитди, тери ва ичак-чавоқларни эса ўлдирилган итнинг собиқ дўстлари олдига ташлади.
Тонгни янги ташвишлар билан қарши олдилар. Очлик чангалига тушган итлар бир-бирларини ғажишарди. Бу ваҳший тўда кутилмаганда ҳали ҳам ҳаётга интилаётган Кармен устига ташланди. Бу сафар қамчининг аёвсиз зарбалари ҳам наф бермади. Ҳар сафар қамчи кўтарилганида, итлар ангиллаганча ерга қапишиб олишарди. Бироқ тўда тарқалганда Кармендан на бир бўлак тери ва на суяк қолганди.
Мейлмют Кид яна хаёлан Теннессида юрган, узуқ-юлуқ сўзлари билан ҳамроқларини неларгадир ундаётган Мейсоннинг алаҳлашларига қулоқ тутганча ишга киришиб кетди.
Яқингиналарида қарағайлар қад ростлаб турарди, Мейлмют Кид ишини тезда тугаллади. Руф унинг овқат заҳирасини росомах4 ва итлардан сақловчи ибтидоий юкхона ясашини кузатиб ўтирар эди. У иккита дарахтнинг шохини ергача эгилтирди ва буғу терисидан эшилган арқон билан бир-бирига маҳкам боғлади. Сўнгра, итларни қамчи билан бўйсундириб, аравага қўшди. Унга бечора Мейсон ўраб қўйилган теридан бўлак ҳамма нарсани жойлаштирди. Мейлмют Кид дўстининг танасини арқон билан танғиди, арқоннинг бошқа учини эса қарағайнинг тепа шохига боғлаб қўйди. Зарур бўлган пайтда пичоқни бир марта сермашнинг ўзи кифоя эди. Қарағайлар лаҳзада қад ростлаб Мейсоннинг танасини баландга кўтарар эдилар.
Руф итоаткорона тарзда эрининг сўнгги тилагига қулоқ тутар, шўрлик аёлни итоатга ўргатишнинг ҳожати йўқ эди. У ҳали қизалоқлик чоғидаёқ эркак киши олдида, бутун тириклик ҳукмдори қаршисида таъзим қилар эди. Руф эридан сўнгги бор бўса олаётган пайтда Кид уни юпатишни лозим кўрмади. Бу одат унинг халқига бегона эди. Кейин эса аёлни олдиндаги чанага бошлаб келди ва чанғиларини кийиб олишига кўмаклашиб юборди. Руф сўқир одам сингари ихтиёрсиз тарзда йўғон хода устига жойлашди, қамчини сермаб итларни ҳайдаганича йўлга тушди. Шундан сўнг Кид ҳамон беҳуш ётган Мейсон олдига қайтди. Руф аллақачон кўздан ғойиб бўлган, у эса гулхан ёнида дўстининг ўлимини кутар ва ажалнинг тезроқ келишини сўраб илтижо қиларди.
Оқ сукунат ичра аламли ўйлар билан ёлғиз қолмоқ осон эмас. Зулумот сокинлиги мурувватли, у гўё инсонни кўз илғамас ҳиссиётлар ила илитиб ҳимоя қилаётганга ўхшайди. Бироқ пўлат тусли осмон остида бепарво ястаниб ётган Оқ сукунат совуқ ва шафқатсиз эди.
Орадан икки соат вақт ўтди ҳамки, Мейсон ҳамон тирик эди. Кун ярмида, ҳали уфқда қуёш кўринмай туриб осмон ёришди, бироқ тез орада атроф яна қоронғуликка бурканди! Мейлмют Кид оғир мажбурият юки остида Мейсоннинг тепасига келиб чор томонга аланглади. Оқ сукунат уни таҳқирлаётганга, устидан аёвсиз кулаётганга ўхшарди. Унинг юрагини қўрқув ҳисси чулғади…
Лаҳза ўтмай қисқа ўқ овози янгради. Мейсон юксакка, ўзининг самовий қабристонига кўтарилди. Мейлмют Кид эса итларни жон-жаҳди билан қамчилаган кўйи қорли саҳро узра елиб кетди.
Рус тилидан Гулноз Мўминова таржимаси